A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Денгиз жумбоқлари
PDF Босма E-mail

Денгизларнинг муқаддас Қуръонда таърифланган қўшилиш ва ажралиш жойлари

Бундан 1400 йил бурун Аллоҳ тарафидан нозил қилинган муқаддас Қуръонда бугунги тараққий этган замонавий техника воситалари эвазигагина маълум бўлган денгизлар ҳақидаги маълумотлар мавжуд.
Аллоҳ таоло Қуръонда дейди:

«У икки денгиз-дарёни буниси чучук-ширин, униси шўр-аччиқ қилиб оқизиб қўйган ва уларнинг ўртасида тўсиқ-тўғон ва кўринмас парда қилиб қўйган Зотдир». (25:53)

Қуръонда сувлар қай тарзда қўшилиши васф қилинади. Бундан ташқари, шўр сув билан чучук сувнинг қай ҳолатда аралашиши, у иккисининг ўртасида тўсиқ мавжудлиги ҳам келтирилади. Сувларнинг аралашиш жойи сувларнинг кириши ва чиқишини бошқарадиган қатор табиат чекловчилари борлиги билан ифодаланади. Қуръонда зикр этилган ушбу хусусиятларни замонавий фан ҳам тасдиқлади.
Денгизнинг шўр суви билан дарёнинг чучук суви ўртасида тўсиқ мавжудлигини эслатишдан ташқари, муқаддас Қуръонда денгизларнинг ўзида ҳам шундай тўсиқлар мавжудлиги ҳақида гапирилади:

«У Зот икки денгиз-дарёни бир-бирлари билан учрашадиган ҳолларида (ёнма-ён) оқизиб қўйди. У иккисининг ўрталарида бир тўсиқ бўлиб, улар (ўшандан) ошиб ўтмади». (55:19-20)

Адан қўлтиғи ва Қизил денгиз, Атлантика океани ва Ўртаер денгизи сувлари ўртасидан ўтувчи сувли чегараларга ўхшаш мазкур тўсиқлар дунёнинг бошқа қисмларида ҳам кузатилади.
Денгизлар ҳақидаги фан-замонавий бир фан бўлиб, денгизлар дунёсининг турли қирраларини ўрганади. Ибтидоий одам ўзининг ҳаёти денгиз ва дарёлар билан чамбарчас боғлиқ бўлишига қарамасдан, уларни илмий нуқтаи назардан туриб англашга ҳаракат қилмаган, чунки одамнинг диққат-эътибори ўзи яшаётган Ер хусусиятларини тушунишга қаратилган. Уни яна ўраб турган атроф-муҳит ҳам қизиқтирган, лекин уларни англаш маълум бир чегарада бўлган. Эрамизгача яшаган файласуфлар қатор табиат ҳодисаларига нисбатан маълум қарашларга эга бўлган, лекин улар денгизлар ҳақида умуман ўйлашмаган. Мумкинки, қадимги қараш ва тушунчалар кўплаб замонавий фанларга асос бўлгандир. Бироқ денгиз сирларига бошлаб борувчи бирорта уринишлар ҳақида эслатмаларни ҳам учратмайсиз унда. Эр. ав. 4-асрда машҳур денгиз сайёҳи Питеас Ой ва денгиз сувларининг кўтарилиш ҳамда пасайиши ўртасида алоқадорлик борлигини аниқлаган.
Айни шу вақтда машҳур Аристотел турли файласуфларнинг назарияларини ривожлантириб, денгиз ҳаётини ўрганган. Эр. ав. 2-асрда яшаган қадимги юнон жўғрофи Страбон ўзига маълум қадимги услубларни қўллаб сувларнинг кўтарилиши ва пасайиши ҳақида маълумотлар тўплаб, антик дунёнинг жўғрофияга оид илмларига якун ясаган.

Муҳаммад Иброҳим ас-Самра ўзининг тадқиқотида қуйидагиларни битади:
«Тарих бизга Ислом келгач, араблар ва форслар денгиз илмини ривожлантиришга ҳаракат қилишганлигидан хабар беради. Мисол учун, жўғрофия олими Ибн Хардазоба 844 йилда ёзган ўзининг «Давлат ва риоя йўллари» асарида Арабистон денгизида юрадиган араб ва форс денгиз сайёҳлари ушбу денгиз оқими йўналиши йилда икки марта ўзгаришини билганлари ҳақида хабар беради».

Орадан 100 йил ўтиб Арабистон денгизи жанубида океан ҳаракатини таърифлаб, Ал-Масъудий ўзининг қомусида ёзадики: «Ҳабаш денгизи экватор чизиғи бўйлаб ғарбдан шарққа томон кенгайиб бормоқда. Оқим ўз йўналишини фаслли шамоллар алмашиши билан бирга денгизнинг барча жойларида ўзгартирмоқда».

Машҳур араб денгиз сайёҳларидан бири, компас ихтирочиси қубтон (капитан) Аҳмад ибн Мажид ибн Муҳаммад ас-Саадий Арабистон денгизи борасидаги ўзининг билимларини қирқ жилд китоб ҳолига келтирган. Бу китобларда лоцманлар учун кемаларни бошқариш (уларга йўл кўрсатиш) ҳақида кўрсатмалар мавжуд. Ибн Хадиж жанубий ва шимолий экватордан эсувчи шамоллар циклидан жуда яхши хабардор эди. У шамол ўзгариши цикли чизиб кўрсатилган дискка компас милларини ўрнатди. Бундан ташқари, у Ҳинд океанидаги денгизда сузиш фасллари ҳақида ҳам маълумотлар берган.

XV-XVIII асрларда дунё бўйлаб кўпгина саёҳатлар амалга оширилган. Бироқ йўлга тушган денгиз сайёҳлари денгиз ҳақидаги илмларини кенгайтиришга ҳаракат қилмаганлар. 18-асрда Европада чиққан денгиз ҳақидаги биринчи илмий асар бу соҳада оддий бошланғич маълумотларни қамраган эди. Замонлар келиб океанография замонавий фанлар орасида ўз ўрнини топди. Энг асосий туртки бўлган омил сифатида 1872-1876 йилларда дунё бўйлаб сайёҳатини амалга оширган Англиянинг «Челенжер» кемаси бўлди. Шу вақтдан бошлаб  океан ва денгизларни ўрганиш мақсадида илмий-тадқиқий экспедициялар амалга оширила бошланди.
XX аср сўнггига келиб океан ва денгизлар сирини очишга қаратилган инсоният ҳаракати сезиларли даражада ошди. Бу − сунъий йўлдошлардан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ўрганишнинг янгича услубларининг пайдо бўлиши ҳамда олис масофадани туриб тасмага тушириш имконияти юзага келиши билан боғлиқ эди. Океаногорафия тарихи гувоҳлик берадики, 1400 йил аввал денгизлар ҳақида аниқ маълумотлар умуман бўлмаган. Қуръони Карим эса Пайғамбар Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бу даврдан анча олдин нозил бўлган. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) эса худди атрофидагилар сингари саводсиз бир киши эди.
Қуръонда борлиқ ҳақида маълумотлар жуда кўп бўлиб, улардан маълум қисми бугунги кунимизда аниқланди. Аллоҳ таоло дейдики:

«У икки денгиз-дарёни буниси чучук-ширин, униси шўр-аччиқ қилиб оқизиб қўйган ва уларнинг ўртасида тўсиқ-туғон ва кўринмас парда қилиб қўйган Зотдир». (25:53)

Оятни шарҳлаб, муфассирлар «мараж» сўзининг икки маъносини илгари сурадилар. Биринчи маъноси – бу аралашиш, қўшилиш.    
Аллоҳ таоло дейдики:

 

«Йўқ, уларга Ҳақ (Қуръон) келган вақтда уни ҳам ёлғон дедилар. Бас, улар бир ноаниқ ишга − ҳолга тушиб қолгандир» (50:5).

Изоҳли «Лисанул араб» луғатида «мараж» сўзига аралашган, қоришилган деб таъриф берилади.
Машҳур араб филологи ал-Исфаҳоний ўзининг «ал-Муфрадот» асарида «мараж» бу «халт», яъни аралашиш;
Аз-Зубайдий ёзганки, чучук сувли дарёлар ва шўр сувли денгизларга нисбатан «мараж» сўзи бу у иккисининг учрашиш жойида «халт», яъни аралашишни билдиради.
Аз-Зужаж ўзининг машҳур «Тожул-арус» луғатида «мараж» бу шўр ва чучук сувнинг аралашишига далолат қилади, деб ёзган.
Ибн Жарир ат-Табарий ўзининг «Жомиъул-байан» асарида «мараж» − бу «халт» деб ёзади.

Ҳазрати ибн Аббос ёзадики, денгиз ва дарёларга нисбатан «мараж» сўзи бирининг иккинчиси билан аралашиб кетиши дейди. Худди шундай фикрлар ал-Даҳҳак, ал-Қуртабий (ал-Жомиъ ли-аҳками Қуръон), Абу Ҳайан (ал-Баҳр ал-Муҳит), ал-Хазин (Мажмаъат ат-Тафсир), ар-Розий (ат-Тафсир ал-Кабир), аш-Шавқоний (Фатҳ ал-Қодир) ва бошқаларнинг асарларида учрайди. Мужоҳид эса бир денгизнинг бошқасига қуйилиши деган.

«Мараж» сўзининг иккинчи маъноси – бу келиш (мажи’), кетиш (заҳаб) ва беҳаловатлик, безовталик (изтироб, қолақ).
Ибн Форис ўз луғатида ёзадики, «мим», «ро», «жим» ҳарфлари сўзнинг ўзагини ташкил этиб, келиш, кетиш, беҳаловатлик маъноларини билдиради. У ёзгандики, бармоқдаги узукни суғуриб олиш (мараж) − бу хавотирлик, беҳаловатлик (қалақ) аломати. Бу маъно «мараж» сўзининг барча грамматик шаклларида сақланиб қолади.

«У икки денгиз-дарёни буниси чучук-ширин, униси шўр-аччиқ қилиб оқизиб қўйган...» 

Чучук сув − бу дарё. Худди шундай ёзган эди ибн Жарир ат-Табарий. Чучук сувга у дарё ва ёмғир сувларини киритган. Унинг қуйидагича фикрлари мавжуд: «Мен ҳеч қачон чучук денгизни учратмадим, фақат чучук дарёларни кўрдим».

Қуръони каримда «чучук» маъносини ифодалаш учун иккита ибора «азб» ва «фурат» қўлланилган. Ичиладиган ширин сувни ифодалашда «азб» сўзидан ясалган «азуба» (ширин, маза; чучуклик) ишлатилади. Ичиладиган оқар сувда эса «азуба» мавжуд, бироқ уни «фурат» ибораси билан ифодалаб бўлмайди, дейишади.
Агар сув аччиқ ва шўр бўлса, бу − денгиз суви. Бу хил сувни ифодалашда Қуръонда «милҳ» (туз, шўр) ва «ужаж» (аччиқ, шўр) сўзлари ишлатилган. Кўплаб тилшунослар ва муфассир  олимларнинг таъкидлашларича, «милҳ ужаж» жуда шўр ёки аччиқ-шўр маъносини беради. «Ужаж» − бу аччиққача бўлган шўр. Бу ибора ҳам «милҳ» (шўр) сингари оқар сувларни ижодалашда қўлланилмайди, чунки уларнинг таркибида ширин ва шўрлик аралашмаси мавжуд.

Демак, юқорида саналган тўрт ибора уч хил сувга таъриф беради:
• «Бу чучук-ширин...» дарё сувлари
• «Униси шўр-аччиқ...» денгиз сувлари
• «...уларнинг ўртасида тўсиқ-тўғон ва кўринмас парда...» бу сувли йўл бўлиб, денгиз ва дарёнинг қўшилиш жойида юзага келади.

«Кўринмас парда» нима дегани?

«Лисан ул-араб» ва «ал-Муфрадот» луғатларида ал-Исфахоний «ҳижр» сўзида тақиқланган, тақиқ, тўсиқ маънолари борлигини айтади. Турли йўллар, тўсиқ ҳамда бошқа тутиб қолувчи асбобларни «ҳижр» сўзи билан ифодалаш мумкин.
Бу қилиш лозим бўлмаган нарсани қилишга халақит бериш. «Мўъжам мақоис ал-лўғат» луғатида дейиладики, «ҳа», «жим» ва «ро» ҳарфлари сўз ўзаги бўлиб, бу сўз таъқиқ ёки бирор нарсанинг чекланиши, чегараланишини билдиради.

Айтиладики, ҳакам исрофгарга «ҳижр» қўйди, яъни унга ортиқча пулларини сарфлашни тақиқлаб қўйди.

Шундай қилиб, биз «ҳижр» сўзини дарёнинг денгизга қуйилиш, у билан қўшилиш жойини тушунамиз. Бу жой тирик организмлар жойлашган жуда тор бўлган бир макондир. Бундан ташқари, бу жой бошқа организмлар учун ёпиқдир. Улар бу ерга суқилиб кира олмайди. Демак, «...денгиз ва дарё ўртасида сувли тўсиқ-тўғон ўрнатди» иборасининг моҳияти шундаки, дарё денгизга қуйиларкан, денгиз ва дарёларда яшовчи организмлар учун ёпиқ бўлган ҳамда маълум тирик организмлар тўпланадиган сувли жой ҳосил қилади.
Муфассир-олимлар учун юқоридаги оятни чуқур маънода тушуниш осон бўлмаган эди. Аллоҳ таоло сўзларининг сири кўплаб тафсирларда ўз ифодасини топган. Уларнинг айримларида дейиладики, бу оятнинг маъносида Аллоҳ таоло сувларни учрашганда аралаштиради, дейишади. Уларнинг фикрлари «мараж» (аралашиш) сўзининг айнан ўз маъносига асосланади. Муфассир-олимларнинг бошқа гуруҳи бу ерда гап Аллоҳ таоло сувларни ўз ўзанлари бўйлаб юбориши ва улар аралашиб кетмасликлари ҳақида гап кетмоқда дейдилар.

Ибн ал-Жавзий ёзадики, кўплаб муфассирлар ушбу оятни қуйидагича тушунтиришган: «Аллоҳ таоло денгиз ва дарёларни ўз ўзанлари бўйлаб юборган ва улар аралашиб кетмайди. Шўр ва чучук сув аралашиб кетмайди». 

Абу ас-Сууднинг фикрига кўра, Аллоҳ таоло ушбу икки хил сувни бир-бирига яқин қилиб оқизиб қўйган, бироқ улар аралашиб кетмайди. «Маража» қўйиб юбормоқ маъносини билдиради. Ушбу сўз «ҳайвонни ўтлоққа қўйиб юбориш»да ишлатилади. Худди шу фикрларни ал-Байдовий, аш-Шаққитий ва Тантовий Жавхарилар ҳам илгари суришган.

Худди шу ҳолат «барзах» сўзи шарҳида ҳам юзага келади. Ибн Касир ва кўплаб муфассирлар «барзах» бу ердан (тупроқ) бўлган дамба (кўтарма) ёки тепаликдир деб ҳисоблайдилар. Бу ҳақида ўзларининг изоҳли луғатларида Абу Хайан, ар-Рози, ал-Алуси ва бошқалар ҳам ёзишган. Бунга қарши ўлароқ фикр билдирган киши ибн Жарир Табари эди. Ўзининг «Жамиъ» асарида ёзадики: «Аллоҳ таоло оятнинг биринчи ярмида икки денгизга йўл очиб қўйганлиги хабарини беради». 

«Мараж» сўзи илм аҳлига маълумки, араб тилида аралашиш маъносини ифодалайди. Бу ҳолатда агар чучук ва шўр сувлар  ўртасида мавжуд «тўсиқ» (барзах) ерли (тупроқли) дамба ёки қуруқ бир жой бўлганда эди, денгизларнинг аралашиб кетиши мумкин эмас эди. Аллоҳ уларни ажратиб қўйганлигини хабар беради. «...уларнинг ўртасида тўсиқ-тўғон қилиб...» иборасидаги «барзах» сўзини шарҳлаб ат-Табарий ёзадики, бу кўзга кўринмас тўсиқдир.

«Барзах» сўзини шарҳлаб Ибн ал-Жавзий ўзининг «Зад ал-Масир» луғатида ёзадики, барча нарсага қодир Аллоҳ бу тўсиқни ҳеч кимга кўринмас қилиб яратган. Ўзининг «ал-Кашшоф» асарида аз-Замахшарий ёзган эдики: «Ушбу тўсиқ-тўғон Аллоҳнинг мўъжизаларидан биридир. Бу ҳолат Аллоҳнинг осмонлар ҳақидаги ушбу ояти сингаридир». «У Аллоҳ осмонларни кўришингиз учун устунсиз кўтариб қўйган...».(13:2)

Шу ерда бир ўйлаб кўринг. Инсоният маърифати Қуръон маъноларининг нозикликларини тушунишда қанчалик яроқли ҳолда. Кимдир «барзах» бу ер, тупроқдан ҳосил бўлган тўсиқ деса, бошқалари аниқ маъно бера олмаган. Баъзилар уни кўзга кўринмас бир тўсиқдир деган.
Буларнинг барчаси бизга Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) келган билим ҳам нубувват даврида, ҳам ундан кейинги йилларда инсоният маърифатидан устунлигини эслатиб туради.

Борлиқ сирларини очиш ҳамда фан тараққий этган сайин инсон денгиз ва дарё қўшилиши жараёнини тадқиқ қилди, аниқ асбоблар воситасида шундай жойлардаги сувлардан намуна олиб унинг чучуклик даражасини ўрганди. Сув ҳарорати, унинг зичлиги ўлчанди. Бундан ташқари, тадқиқот объекти сифатида ўз навбатида яшаш жойига қараб таснифланадиган организмлар яшайдиган сувлардан ҳам намуналар олинди. Ушбу организмларнинг турли, жумладан, дарё ва денгизли жойларда яшаш имконияти ўрганилди. Дарё ва денгизнинг қўшиладиган кўплаб жойларини синчковлик билан ўрганилгандан сўнг, олимларга қатор номаълум нарсалар ойдинлашди.

Тадқиқотчилар уч хил сув мавжудлигини аниқлашди:

• Юқори чучукликка эга бўлган дарё сувлари
• Кўп тузлари мавжуд бўлган дангизлар суви
• Чучук ва шўр сув аралашишида ҳосил бўладиган дарёнинг денгизга қуйилиш жойларидаги сувлар.

Дарёнинг денгизга қуйиладиган жойи − бу дарё ва денгизни ажратиб турадиган жой бўлиб, у ерда сув доимо ҳаракатда бўлади. Бу сувларда туз миқдори денгизга яқинлашган сайин ортиб боради. Ёки аксинча, дарёга яқинлашган сари чучук сув шундай бўлади. Дарёларнинг қуйилиш жойи ҳатто баландликдан дарёнинг денгизга тушадиган жойида остоналар ва шаршаралар мавжуд бўлса-да, ушбу жойнинг фарқли хусусиятларини ўзида мужассам қилган сувли тўсиқни ифодалайди.

Юқорида саналган уч хил сув (дарё, денгиз ва қуйилиш жойлардаги сув) чучукликнинг шўрлик миқдорига қараб фарқланади. Мазкур сувларда яшовчи тирик организмлар таснифи билан шуғулланган тадқиқотчилар қуйидагиларни таъкидлаб ўтган:

1. Денгиз, дарё ва қуйилиш жойларида яшовчи организмларнинг кўплари фақат ягона ўзининг муҳитида яшай олади. Лосось (гўшти қизил балиқ) ёки илонбалиқ сингари камсонли турлар ҳар уч муҳитда ҳам яшай олади. Уларда ҳар уч муҳитда ҳам мослашиб кетиш қобилияти бор. Қуйилиш жойларида яшовчи кўплаб балиқлар, қисқичбақалар ва кўпоёқлилар маълум мувофиқ шароитларда денгиз муҳитида яшашлари мумкин. Кўп сонли чувалчанг ҳамда тангачали турларга келадиган бўлсак, улар қуйилиш жойлари яшовчиси ҳисобланиб, денгизда истиқомат қила олмайди. Юқоридаги уч турли сувнинг биридагина яшаши лозим бўлган кўплаб организмлар агар ўз маконларини тарк этишиб бошқа тур сувга ўтишса, ўлиб қоладилар,

2. Сувда яшовчи тирик организмлар таснифидан келиб чиқиб, организмларнинг катта қисми учун қуйилиш жойларидаги сувларни ёпиқ зона деб ҳисоблаш мумкин. Мазкур организмлар белгиланган туз концентрацияси мавжуд бўлган ушбу сувли муҳитда яшашлари мумкин. Бу сув денгиз сувлари сингари шўр ҳам, дарё суви мисоли чучук ҳам эмас. Қуйилиш жойида яшовчи организмлар бошқа муҳитда ўлиб қолади. Шу билан бирга, қуйилиш жойи − бу денгиз ва дарёда яшовчи тирик организмларнинг аксарияти учун «ёпиқ зона»дир. Улар ҳам ўзига бегона бўлган муҳитда ўлиб қолади. Сабаби, бу ерда сувдаги туз концентрацияси муҳим роль ўйнайди. Юқоридаги ҳар уч тур сув унсурлари ўзларигагина хос бўлган хусусиятларини сақлаб қолишлари учун Аллоҳ ана шундай ҳайратланарли системани яратган.

Агар илгарилари дарёнинг қуйилиш жойларидаги сувли тўсиқни инсон оддий кўз билан кўра олмаган бўлса, бугунга келиб мураккаб воситалар билан таъминланган сунъий йўлдошлар бизга ушбу уч хил сув муҳити ҳудудларини кўриш имконини берди. Сувларнинг ҳарорат тафовути қанча катта бўлса, ушбу ҳудудларнинг кимёвий таркиби шунча фарқ қилади.
Албатта, чучук сув денгиз суви билан қўшилиб кетади, аммо  уларнинг ўртасида бир сувнинг иккинчиси билан аралишиб кетишига ёки сув белгиланган ўз ҳудудидан чиқиб кетишига тўсқинлик қилувчи чегараларга эга. Бу ҳодисанинг турлича таърифлари бор, лекин шуниси муҳимки, замонавий фан чучук ва шўр сувларнинг кесишиш жойларида ҳудудлар мавжудлигини аниқлади.
Қуръон нозил бўлган вақтдан кейин йиллар давомида ҳам олимлар ҳаёт мураккабликлари ва унинг кўплаб сир-асрорларини очишда қийналишган.

Аллоҳ дейдики:

«Айтинг: «Ҳамду сано Аллоҳ учундир. Яқинда У сизларга Ўз оят-мўъжизаларини кўргазур. Бас, сизлар уни тан олурсизлар...». (27:93)

«Ҳар бир хабарнинг ўз ўрни бор. Яқинда билажаксиз». (6:67) 

Шу ерда қатор ҳақли саволлар туғилади:

Ҳар хил сув асрорлари ва нозикликларидан бехабар бўлган, чучук ва шўр сув ҳамда уларнинг ўртасида «кўринмас парда» борлигини билиш бир ёқда турсин, на ўзанлари, на дарёлари бор бўлган қуруқ саҳрода истиқомат қилган илмсиз одамлар орасида яшаган саводсиз киши бўлган Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ким бу маълумотлардан хабар берган? Ёки «ҳижр» − бу турли сувларда яшовчи тирик организмлар учун бир тўсиқ эканлигини қаердан билибди у киши? Бундан 1400 йил олдин саводи йўқ бўлган Пайғамбар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) томонидан айтилган сўзларнинг ҳақиқатини англаш, очиш учун инсониятга қанчадан-қанча замонавий асбоб-ускуналар ва аниқ ўлчовлар керак бўлди? Агар у Зот Аллоҳ томонидан юборилмаган бўлса, унга бу маълумотлар қаердан келди?

Денгиз ва дарё ҳамда денгизлар ўртасидаги тўсиқ

Дарёлар ва денгизлар, уларнинг сувлари борасида олиб борилган тадқиқотларни беришда давом этамиз.
Аллоҳ дейдики:

«У Зот икки денгиз-дарёни бир-бирлари билан учрашадиган ҳолларида (ёнма-ён) оқизиб қўйди. (Аммо) у иккисининг ўрталарида бир тўсиқ бўлиб, улар (ўша тўсиқдан) ошиб ўтмаслар». (55:19-20)

«...ҳамда икки денгиз-дарё ўртасида тўсиқ-тўғон иншо қилган Зотми?» (27:61)

Юқоридаги фикрларнинг ҳаммаси олимлар томонидан синчковлик билан ўрганиб чиқилди. Уларни оят  мазмуни ҳамда ҳар бир сўзнинг айнан маъноси қизиқтирган эди. Икки денгиз ёки иккита катта дарёлар. Араб тилида денгиз «баҳр», иккита денгиз «баҳрайн» бўлади.
Ал-Халилдан далил келтириб, ибн Фарис ёзган эдики: «ба», «ҳа» ва «ро» ҳарфлари сўзнинг ўзагини ташкил этиб, денгиз маъносини беради. Айтиладики, денгиз суви − бу парланиб кетса, ўрнида туз пайдо бўладиган сувдир.
Ал-Исфахоний шундай деган эди: «Кўпларнинг фикрларига кўра, денгиз, яъни «баҳр» − бу шўр сув, чучук эмас». Ибн Манзур ҳам шундай фикрга эга бўлган.

Қуръонда чучук сувни ифодалаш учун «наҳр» − дарё, «анҳар» − дарёлар сўзи, шўр сувни ифодалаш учун «баҳр» сўзлари ишлатилган. Аллоҳ дейдики:

«...У ўз амри билан денгизда сузиб юриши учун кемаларни сизларга бўйсундирди. Яна дарёларни ҳам сизларга бўйсундирди». (14:32)

Ҳадисларда ҳам «баҳр» сўзи «шўр денгиз» маъносини ифодалашда қўлланилган. «Барзах» сўзи эса «тўсиқ» маъносини беради. Муфассирларнинг аксарияти «барзах» − бу «кўринмас парда» эканлигига иттифоқ қилишган. «Ал-бағйу» сўзи ибн Манзур, ал-Жавхарий ва ал-Исфахарийларнинг фикрларига кўра, чегаранинг ўтиш жойидир. «Маржан» сўзи ибн ал-Жавзийга кўра, новда шаклини олган марварид, дурнинг турли кўриниши. Аз-Зужаж ёзган эдики, «маржан» жуда оппоқдир. Бу сўзнинг замонавий маъноси кораллдир. Ибн Масъуднинг фикрига кўра, «маржан» мунчоқлар учун ишлатиладиган қизил тошлар. Абу Хайан «маржан» − бу қизил тошдир деган, аз-Зужаж бу жуда оқ тош деган. Ал-Қуртабийнинг ёзишича, «маржан», аксинча, кичикроқ марвариддир. Ал-Асулий эса марвариднинг ҳажми кичик бўлади, «маржан» эса катта бўлади ва ҳ.к.

Юқорида айтилган фикрларга хулоса ясар эканмиз, «маржан» − бу безак, коралл тимсоли. У ҳар хил рангда: қизил ҳам, оқ ҳам бўлади, шунингдек, ҳар хил ҳажмли ҳам бўлади. Бу тош новда шаклига эга бўлади. Коралл дур ёки мунчоқ сингари кичик бўлиши мумкин. Лекин  бу марварид эмас. Боб аввалида мисол тариқасида келтирилган оятда денгизлардан «марварид ва коралл(маржон)» чиқиши хабар берилади. Бу ердаги «ва» боғловчиси бизга иккита ҳар хил тушунча мавжудлигига далолат қилади. «Маржан», яъни коралл фақат шўр сувларда учрайди. Келинг, бизнинг кунимизда очилган денгиз сувларидаги маънога далолат қилган Қуръон оятини чуқурроқ англаш учун шу оятни яна келтирамиз. Аллоҳ дейдики:

«У Зот икки денгиз-дарёни бир-бирлари билан учрашадиган ҳолларида (ёнма-ён) оқизиб қўйди. (Аммо) у иккисининг ўрталарида бир тўсиқ бўлиб, улар (ўша тўсиқдан) ошиб ўтмаслар. Бас, Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?! У иккисидан (бири бўлмиш денгиздан) марварид ва маржонлар чиқур». (55:19-22)

Оятда шўр денгизларнинг «учрашиши» васф қилинган. Бунга қуйидагилар ишора қилади:
• биринчи оятда «ал-бахрайн” ибораси ишлатилмоқда, яъни икки денгиз бўлиб, гап шўр денгизлар ҳақида кетаётганлигига далолат қилади.
• сўнгги оят бизга денгизлардан марварид ва коралл(маржон) чиқиши ҳақида хабар бермоқда.
• Фурқон сурасида айтиладики, Аллоҳ денгиз ва дарё ўртасида, биринчидан, тўсиқ («барзах”), иккинчидан, кўринмас парда  («ҳижр”) пайдо қилган.  

Аллоҳ дейдики: «У икки денгиз-дарёни буниси чучук-ширин, униси шўр-аччиқ қилиб оқизиб қўйган ва уларнинг ўртасида тўсиқ-тўғон ва кўринмас парда қилиб қўйган Зотдир”. (25:53)

Ар-Роҳман  сурасида денгизни «барзах” ажратиб туриши хабар қилиниб, бу ерда гап шўр ва чучук сув эмас, балки иккита шўр сув, яъни икки денгизнинг учрашишига ишора қилинмоқда, ахир икки ҳолатда сувларнинг учрашиш натижаси ҳар хил-ку?! Шўр денгизлар шўрлик, ҳаво ранг ҳамда тўлқинлар каби умумий кўринарли хусусиятлар мавжудлигига қарамасдан, улар бир-бирларидан фарқ қилишини ким кўрган? Улар ўзаро қўшилганда ҳам фарқланиб туради. Маълумки, бир идишда аралашиб кетган сувлар бир хил турли суюқликка айланади. Энди оқимлар, тайфунлар, кўтарилиш ҳамда пасайиш ва ҳ.к. каби кўпсонли омилларга қарамасдан, денгизлар қандай қилиб ўзаро аралашиб кетмайди?

Қуръонда иккита ўзаро фарқ қилувчи шўр денгизлар «учрашиши” баён қилинади. Чунки ўртасида фарқ мавжуд бўлмаганида, битта денгиз бўлиб қоларди. Шундай бўлса-да, уларнинг ҳар иккиси шўр бўлсада, бу денгизларнинг икки хиллиги таъкидланади. 

Буларнинг барчасини инсоният фан ва техника ривожи эвазигагина эришди. Яна шу нарса маълум бўлдики, сувларни ажратиб турувчи учинчи хил сув ўз хусусияти жиҳатдан қолган иккисидан фарқ қилади. Бу учинчи сув ажратиб тураркан, ўртада бўлиб уларга ўз хусусиятларини сақлаб қолишларига имкон яратади. Бу ерда гап сувдаги чучуклик, ҳарорат, сув зичлиги ҳамда ўзида кислород мужассам қилган денгизда яшовчи организмлар ҳақида кетмоқда.
Таъкидланган эдики, денгизни ажратиб турувчи сувлар доимо ҳаракатда бўлади. Бу ҳаракат-келиш, кетиш ва тебранишдир. Денгизлар ўртасида мавжуд бўлган “тўсиқ” (барзах) уларнинг секинлик билан қўшилишларига йўл бермайди, бироқ улар бир-бирларига оқиб кираверадилар. Гап шундаки, “барзах”-бу бир денгиздан бошқасига оқиб ўтиш жараёнидаги тебранишлар ҳосил бўладиган сувли жойдир. Бундай пайтда ҳаракат қилаётган сув асли ёки аввал эга бўлган ўзига хос хусусиятларни йўқотиб, иккинчи денгиз суви хусусиятларини ўзлаштиради. Яъни, бир денгиз иккинчисига ўтаркан, сувлар ўзининг бошланғич хусусиятларидан маҳрум бўлади, хусусиятлар тўқнашуви, улар ўртасида босим кузатилмайди.
Шўр сув ҳамда чучук сув ўртасини ажратувчи деб зикр қилинган  Қуръондаги “кўринмас парда” кучли бир ажратувчидир. Денгиз ва дарёларни ажратиб турувчи деб эътироф этилган дарёларнинг қўшилиш жараёнларини ўрганган олимлар бу хулосага иттифоқ қилишган. Бу каби жойлар ҳам денгизда яшовчи, ҳам дарёда яшовчи тирик организмлар учун бир тўсиқдир. Шу билан айни дамда, шу яшаш муҳити ўзига хос маълум тирик организмлар учун ҳамдир. “Ар-Роҳман” сурасида дейиладики, денгизлардан марварид ва коралллар чиқади. Коралл шўр денгизлардагина бўлади, шу туфайли тирик организмлар учун “кўринмас парда” мавжуд эмас. Турли денгизларда туз концентрациясидаги фарқ катта эмас. Бу ҳолат тирик организмлар учун денгиз бўйлаб саёҳат қилишларига имкон беради.

Ибн ал-Жавзий ва яна қатор муфассирлар ўша “кўринмас тўсиқ” Аллоҳнинг саньаткорона яратиш мўъжизаларидандир дейишган. Ҳатто жуда улкан олимлар ҳам Қуръоннинг ушбу оятидаги тафсилотларни тушуна олмай, англолмай келдилар.

Аллоҳ бу борада дейдики:  “Улар (одамлар) У зотнинг илмидан фақат Ўзи истаган нарсаларнигина биладилар”. (2:255)  

Замонавий океанография олимлари денгизлар ўртасидаги тўсиқни кашф этгач, қуйидаги хулосани беришган:
“Денгизлар ўртасида уларни ажратиб турувчи доимо ҳаракатда бўлган “ажратувчи” бўлиб, олимлар уни ажратувчи чизиққа қиёслаган ҳолда “фронт чизиғи” деб номлашган”.

“Челенжер” кемасида олиб борган Англия денгиз илмий экспедицияси олимларга шўр денгизлар ҳар хил таркибга эга эканлигини аниқлашга ёрдам берди. Бу 1873 йилда бўлган эди. Денгиз сувлари ўзларининг кимёвий таркиби, ҳарорати, зичлиги ҳамда бунда яшовчи тирик организмларига қараб фарқ қилиши аниқланган эди. Бу ютуққа уч йил давом этган илмий экспедиция ҳамда сайёрамизнинг барча денгизларини тадқиқ этгачгина эришилган эди.
Денгиз хусусиятларини ўрганиш учун юзлаб денгиз тадқиқот станциялари барпо этилди. Олимлар шунга иқрор бўлдиларки, ана шу хусусиятларда мавжуд фарқлар денгизларни бир-биридан ажратиб туради. Фақат қизиғи шундаки, ҳар кунги кўтарилиш ва пасайишлар, кучли ҳаракатга келтирувчи тебранишларга қарамасдан нима учун денгизлар аралашиб ёки бутунлай бир хил хусусиятга эга бўлган сувларга айланиб кетмайди?

Ушбу саволга биринчи жавобни 1942 йилда чоп этилган илмий ишлар берган эди. Кенг миқёсда олиб борилган тадқиқотлар денгиз суви таркибида ажратиб турувчи шундай хусусиятларни кашф этди. Ҳар бир денгиз ўз зичлиги ва сув ҳарорати, туз миқдори, денгиз фаунаси  ҳамда сувдаги ҳаво миқдори каби ўзига хос хусусиятларни сақлаб қолади.

Сунъий йўлдош нурли фототасма ёрдамида инсон денгизлар ўртасида ҳаракатланувчи ушбу илонизли сув “тўсиқ”ларини кўришга муваффақ бўлди. “Қуръон ва суннатда ақл бовар қилмайдиган фан” мавзуси остида ўтган биринчи халқаро конференцияда шайх Абдулмажид аз-Зиндани ҳамда доктор Барсуад Рау ўзларининг маърузаларида бундай дейди: “Денгизга бир қарашда улар бир хил (таркибли) кўринади, лекин бунга қарамасдан, дунёнинг турли жойларидаги сув тўпламлари ўртасида катта фарқ мавжуд”.

Замонавий тадқиқотлар шуни кўрсатдики, маржон ва марваридлар камдан-кам ёки умуман ёмғир бўлмайдиган субтропик ва тропик  минтақаларда мавжуд бўлади. Чучук сувларда марварид ва кораллар учрамайди. Ҳайратланарлиси эса, сувларни анализ қилиш учун замонавий асбоб-ускуналар томон югурмай ҳам икки тур сув ажратувчи ўртасидаги фарқни кўришимиз мумкин бу ерда.

Қатар университети табиий фанлар куллиёти профессори, океанограф-олим Муҳаммад Иброҳим ас-Самра Адан ва Форс кўрфазида тадқиқот олиб борди. 1984-1986 йилларда Қатар университетига тегишли “Денгиз лабораторияси” кемасида ушбу кўрфазлар бўйлаб ўз экспедициясини амалга ошириб, сувларнинг кимёвий таркиби борасида қатор таҳлилларни ўтказди. Экспедициянинг илмий дастури харита, цифрли жадваллар ҳамда диограммалар тақдим этган икки кўрфаз сувларининг қиёсий таҳлилини ўз ичига олган эди. Бундан ташқари, кўрфаз сувининг таркиби ҳамда ҳар бирининг ўсимлик дунёси ҳам таққосланган эди.

Бу тадқиқот ҳам икки кўрфаз ўртасида “қўшилган сувлар жойи”-Mixed Water Area номи билан аталган сувли тўсиқ борлигини аниқлади. Ушбу тадқиқот натижасида мазкур сувли устунлар жойи икки қатламдан иборатлиги аниқланди. Юза қатлами Уммон қўлтиғи сувларидан, қуйи қатлам сувлари эса Форс кўрфази сувларидан иборатлиги маълум бўлди. Кўрфаз сувлари аралашиш жараёнида таъсир сезмайдиган жой-сувли устун бир турли бир қатламдан таркиб топади.

Тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатдики, сувларнинг аралашиб кетиш жараёни (кўрфаздаги қуйилиш жойларида) ҳамда сувли устунларининг икки хил қатлами мавжудлигига қарамасдан, жуда мустаҳкам “тўсиқ” бўлиб, уни мазкур икки қатлам ўзларига нисбатан гравитацион мувозанат ҳолатига келтиради.  Айнан мана шу нарса сувларнинг аралашиб, бир турли (таркибли) бўлиб қолишига йўл қўймайди.

Тадқиқот натижаларидан бири шу эдики, тўсиқ вертикал бўйлаб пастга (10м.дан 50м.гача бўлган чуқурликда) ёки горизонтал бўйлаб юқори томонда жойлашган бўлади. Олимлар денгиз ва дарёнинг қўшилиш жойини ўрганар экан, бу жойларда денгиз ва дарёнинг сувлари доимий ҳаракатда, тебранишда бўлиб, аралашиб кетиб туришини аниқлашган. Иккисини ажратиб турувчи тўсиқ ҳар икки тарафда яшовчи тирик организмларнинг бир-бирига ўтиб кетишига йўл бермайди. Шунинг учун ҳар икки тарафнинг фаунаси ўзаро фарқ қилади.

Ана шуларнинг барчаси 1400 йил олдин Қуръонда нозил қилинган эди. Шу оятлар ҳеч қандай дарёси, ўзани йўқ бўлган саҳрода яшаган инсон-Пайғамбарнинг (с.а.в.) муборак оғизларидан чиққан эди. У зот ўз даврида бугунги кунда олимлар жуда замонавий, тараққий этган технологиялар эвазига эришаётган илмий ютуқларга эришиши, дунё бўйлаб экспедициялар ёки илмий тадқиқотлар ўтказа олиши мумкин эдими?!

Аллоҳ дейдики:  “Айтинг: “Уни осмонлар ва ердаги барча сир-асрорни биладиган зот нозил қилгандир...” (25:6)

Фан тарихи, хусусан, океанография тарихи маълумотларига кўра, бундан 14 аср олдин Пайғамбарга (с.а.в.) Қуръон нозил бўлиш вақтида инсон ушбу соҳада ҳеч қандай илмий тушунчага эга эмасди. Бунинг устига денгизларни ўрганувчи фан ХХ асрнинг иккинчи ярмидагина ўзининг ривожланиш даврига эришди. Бунгача денгизлар сирли бир дунё эди. Фақат денгизда узоқ сайёҳат қилиш ва унинг хавфсизлик чоралари тўғрисида орамизда эртаклар кезиб юрарди холос. ХХ асрнинг 40 йилларидагина инсоният шўр сувли денгизлар бир турли эмаслигидан, улар ўзаро фарқ қилишидан хабар топди.

Мавзуимизда кўтарилган “тўсиқ”ни (барзах) аниқлаш учун олимлар жуда кўп тер тўкдилар. Ушбу тўсиқлар илонизи шаклида эканлигини ҳамда фасллар алмашинувига қараб ўзининг жўғрофий ўрнини алмаштириб доимий ҳаракатда бўлишини аниқлашди.
Инсоният сувли тўсиқ билан ажратилган денгиз сувлари айни вақтда ўзлари аралашиб кетаверишидан ҳам кўп вақт бехабар бўлди. Фақат бу ҳам денгиз сувларини кўплаб таҳлил қилиш, улардан намуналар олиб текшириб кўриш каби тадқиқотлардан сўнггина маълум бўлди.

Айтингчи, Расулуллоҳнинг (с.а.в.) денгизни ўрганувчи станциялари, сувларни текшириб кўриш имконини берувчи асбоб-ускуналари ёки сув тўпламлари ҳаракатини кузатиш имкониятлари бормиди? Айтингчи, у зотнинг даврларида топографик суратлар олиш билан шуғулланса бўлармиди? Айтингчи, у зот бирор замон денгизда сузганмилар ёки инсонларнинг денгиз ҳақидаги тасаввурлари афсона ва ривоятлар билан тўла бир замонда яшамадиларми?