A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/743690ramazon_1438.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/810343muborak_kecha.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/155397ramazonda_sizni.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Саййидимиз Одам алайҳиссолату вассалом
PDF Босма E-mail

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи ила

Аллоҳ борлиқни яратди

...Эй кичик укаларим ва сингилларим! Сизлар биласизларки, ҳақиқатда Аллоҳ барча ишга қодир Зотдир... У Зот таоло биз устида яшаб, нозу неъматларидан истеъмол қилаётган ерни яратишни хоҳлаган эди уни яратди ва биз юқорига қараганимизда кўрадиган осмонни ҳам яратди. Сўнгра Аллоҳга ҳамд айтадиган ва унга ихлос билан ибодат қиладиган фаришталарни яратди, аммо эй қаҳрамон болалар ва қизлар, биласизларми, Аллоҳ бизни қандай яратди?! Бу қачон содир бўлди? Аллоҳ аъзза ва жалла яратган инсонларнинг аввали, яъни отаси ким бўлган?

Аллоҳнинг хоҳиши
Аллоҳ таоло фаришталарни яратгандан кейни, ҳамд-санога лойиқ Зот Одамни ва Одам алайҳиссалом зурриётларини ерда яшамоқликлари, унда кўпайишлари, бу буюк борлиқни эгаллашлари, ўсимликларидан ейишлари, ернинг остидан бойликларни чиқариб олишлари ҳамда унинг устида бир-бирларининг изларидан бормоқлари учун яратишни хоҳлади...
Эй жажжи суюклиларим! Аллоҳ Одам алайҳиссаломни нимадан яратганини биласизларми? Роббимиз аъзза ва жалла уни яратганида нима бўлганини биласизларми? Келинглар, жавобни бошидан ўрганамиз ва Холиқ-Яратувчи бўлган Аллоҳнинг улуғворлигини идрок қиламиз.

Одам алайҳиссаломнинг яратилиши

Аллоҳ фаришталарга ерда яшайдиган ва уни эгаллайдиган зотни яратишини маълум қилди, шунда (фаришталар): “Унда фасод қиладиган, қон тўкадиган кимсани қилмоқчимисан?”, деб ҳайратландилар. Аллоҳ таоло уларга: “Мен сиз билмаганни биламан”, деб жавоб берди. Уларга ўзи хоҳлаганни яратишини, улар бу янги хилқатни кўришларини маълум қилди. Сўнгра Аллоҳ Одамни лойдан яратди, ундан кейин ичига Ўз руҳи ила пуфлади, шунда Одам Аллоҳнинг иродаси билан ҳаракатланадиган, ҳис қиладиган ва идрок этадиган бўлди... Унда ҳаёт шабадаси пайдо бўлди, у Аллоҳ яратган инсонларнинг аввалидир ва Аллоҳ у ҳақда фаришталарга маълум қилган зотдир... Аммо бу янги хилқатни Аллоҳ яратганидан кейин унга нима бўлди?

Номларнинг ўргатилиши

Саййидимиз Одам алайҳиссаломнинг яратилишлари тугагач, Аллоҳ унга руҳ пуфлагандан кейин Одам ўз ҳиссиётларини сезадиган ва Аллоҳ таоло Ўз қудрати ила шакллантирган ақли ила идрок этадиган бўлди. Бу яратишдан кейин Аллоҳ Одамга бутун борлиқдаги барча махлуқотларнинг номларини ўргатди сўнгра фаришталардан Одамниг олдида бу махлуқотларнинг номларини зикр қилишларини талаб қилди, улар билмай бундан ожиз бўлиб, Одам буларнинг барчасини билишлигини кўриб ҳайратда қолдилар. Шунда Аллоҳ хоҳласа улардан кўра билувчироқ кимсани ярата олишига ишондилар, улар ожизликни эътироф қилувчи овоз ила: “Эй пок Парвардигор! Бизда Сен билдиргандан бошқа илм йўқ. Албатта, Сенинг Ўзинг билувчисан ва ҳикматли зотсан”, дедилар.

Одамга сажда қилишлик учун буйруқ

Аллоҳ фаришталарига: “Мен сизларга осмонлару ернинг ғайбини биламан ва сизлар беркитмагану беркитган нарсаларни ҳам биламан демабмидим”, деб жавоб берди... Сўнгра уларни Одамни улуғлаган ҳолда унга сажда қилишга буюрди, улар итоат қилган ҳолда сажда қилдилар. Бу билан Аллоҳ Одамни улардан афзал қилди... Бу саждада улар Аллоҳнинг буюк ҳикматини, яъни Ҳакийм Зот эканини ҳам эътироф қилдилар, лекин ... у ерда Иблис исмли бошқа махлуқ бор эди. Аллоҳ унга фаришталар билан бирга Одамга сажда қилишни буюрди, у сажда қилишдан бош тортди ва Аллоҳ таолонинг буйруғини бажаришни рад этди... Бу ишга қарши чиқди ва кибрланди, тавба қилмади, шунинг билан кофирлардан бўлди. Иблис рад этишининг сабабини баён қилувчи сўзларни айтди, қизиқ у нима экан?

Иблис нега рад этди?

Аллоҳ таоло Иблисга деди: “Эй Иблис, сажда қилишингдан сени нима ман қилди?!”. Иблис ўзини Одамдан яхши деб ўйлади... Одам лойдан яралгандир ва Иблис оловдан... Бу устун бўла оладиган фарқ деб ўйлади! Қандай қилиб Одамга сажда қилади? Шундай деб жавоб берди: “Мен ундан яхшиман, мени ўтдан яратдинг ва уни лойдан яратдинг”... У ўз исёнини эълон қилди. У Одамга сажда қилишдан бош тортди ва Аллоҳнинг буйруғини рад этди... У барча фаришталар бажарган ишда кибрланди... Бу билан Аллоҳ таолога осийлардан, унинг буйруқларига хилоф қилувчилардан ва унга кибр қилувчилардан бўлди, шунинг учун куфрига муносиб азоб-уқубатга ҳақли бўлди.

Иблиснинг тақдири

Аллоҳ унинг исёни учун жазолади, қарши чиққанлиги учун Жаннатдан қувиб, уни лаънатлаб, Қиёмат кунида жаҳаннам хабари билан азоблади. Иблис роббисидан умрини Қиёмат кунига қадар чўзишини талаб қилди. Аллоҳ таоло унинг умрини Қиёматга қадар чўзди. Иблис эса, хоҳиши бажарилгач, ёмонликларни абадий намоён қилишни, Одам ва унинг зурриётлари, жинларни йўлдан адаштиришга уринишни хоҳлади. Аллоҳ унга адашгани ва кибр қилаётганини, бу билан солиҳ мўъминлар ва Аллоҳнинг холис бандаларига эриша олмаслигини ва уларни тўғри йўлдан адаштира олмаслигини билдирди.

Одам Жаннатда

Аллоҳ Иблисни ўз раҳматидан қувиб юборганидан кейин Одам учун бир жуфт яратди. Сўнгра Одам ва жуфтини Жаннатга жойлади, уларни Иблис ва унинг ҳийласидан огоҳлантирди. Уларга унинг бирор сўзига қулоқ солмасликларини буюрди. У очиқ-ойдин душмандир. Биласизларми нима учун? Чунки агар улар иблис-шайтонга итоат қилсалар, уни исён қилгани учун Аллоҳ чиқариб юборганидек, улар ҳам Жаннатдан чиқариладилар. Жаннатда Аллоҳ уларга ҳамма жойдаги барча неъматлардан хоҳлаганларича, истаганларича ейишликни ҳалол қилди, лекин...
Жаннатдаги дарахтларнинг орасида бир дарахтга яқинлашишдан қайтарди, уларга агар Аллоҳнинг сўзига қулоқ солсалар ва шу дарахтдан емасалар, на очлик ва на чанқоқликсиз у ерда абадий қолишларини ваъда қилди.

Шайтоннинг васвасаси

Одам алайҳиссалом ва завжалари Жаннатда бахтиёр ҳолда яшардилар. Иблис Одам ва унинг завжаси у ердаликларида Жаннатдан қувилгани учун маҳзун бўлди. Инсониятни йўлдан адаштириш ваъдасини бажаришга қарор қилди. Уларни Аллоҳ ҳаром қилган дарахтдан ейишлари учун васваса қилишни бошлади... Ўзининг ёлғон ҳийлалари билан уларга самимий муносабат билдира бошлади, улардан бу ишни қилишларини кўп марта талаб қилди. Уларга хайрихоҳликни намоён қилди, гўёки уларга ёмонликни раво кўрмаётгандек, балки ҳаммалари бахтли бўлишларини хоҳлагандек  улардан буни қаттиқ талаб қилди. Буларнинг барчаси Одам алайҳиссаломга сажда қилмагани учун ўзи қувилганидек, Одам ва завжасининг Жаннатдан қувилишлари учун эди, бу эса, уни қийнаётган ҳасаддан эди.

Дарахтдан ейиш

Дарахтдан ейиш ишидаги иблисдан бўлган иғво ва йўлдан уриш ҳаракатидан кейин Одам ва завжаси дарахтга яқин келиб, ундан едилар, бу билан Аллоҳнинг буйруғига осий бўлдилар. Уларга Аллоҳ ваъда қилганидек Жаннатдан қувилиш вожиб бўлди...
Шунда Аллоҳ уларга деди: “Сизларни ана ўша дарахтдан қайтарган эмасмидим ва, албатта, шайтон икковингизга очиқ-ойдин душмандир, демаганмидим?!”.
Шундай қилиб... Одам ўзига-ўзи зулм қилди, унинг завжаси ўзига-ўзи зулм қилди. Улар шайтоннинг сўзига қулоқ солдилар... Аллоҳ уларга Жаннатни ҳаром қилди, уларни мана шу маъсият учун азоблади... Одам ва унинг завжаси ўзларига-ўзлари қандай зулм қилганлари ҳақиқатини барча билиб олди.

Надомат ва тавба

Уларнинг икковлари ҳам бу хато учун надомат қидилар, Аллоҳнинг ёрдами ила шундай дедилар: “Эй Роббимиз, биз ўзимизга зулм қилдик. Агар Сен бизни мағфират қилмасанг ва бизга раҳм қилмасанг, албатта, зиён кўрганлардан бўламиз”. Аллоҳ таолонинг хато қилганларни ва надомат чекканларни тавбаларини қабул қилувчи карами ила “Албатта, У тавбани қабул қилувчи ва раҳмли зотдир”... Одам ва унинг завжаси хурсанд бўлдилар, Аллоҳдан уларни Жаннатда боқий қилишини умид қилдилар, лекин Аллоҳ таоло уларга деди: “Ундан ҳаммангиз тушинг”, уларга ким тавба қилган ҳолда қолса, Қиёмат кунида унга Жаннатни ҳамда ким осий бўлса дўзахни хабарини берди...
Уларга иблисни абадий душман бўлиб қолишини, агар иймон келтириб, доимо солиҳлардан бўлсалар, у таъсир ўтказа олмаслиги, яъни йўлдан адаштира олмаслигини насиҳат қилди. Одам ва у билан бирга Ҳавво Жаннатдан ерга тушадилар... Аллоҳнинг фаришталарга айтган гапи ҳақиқат бўлади: “Албатта Мен сиз билмаганни биламан”.

Ушбу қисса Қуръонда

Аллоҳнинг номи ила қувилган шайтондан паноҳ тилайман.
“Эсла, вақтики Роббинг фаришталарга: «Мен ер юзида халифа қилмоқчиман», деди. Улар: «Унда фасод қиладиган, қон тўкадиган кимсани қилмоқчимисан? Ва ҳолбуки, биз Сенга тасбиҳ, ҳамд айтиб ва Сени улуғлаб турибмиз», дедилар. У: «Мен сиз билмаганни биламан», деди.
(Ушбу оятдан маълум бўляптики, Аллоҳ таоло Одамни Ўзининг ер юзидаги ўринбосари–халифаси бўлишини ирода этган экан. Демак, инсонга улкан ишонч билдирилган, улуғ Аллоҳнинг ўринбосари бўлишдек олий мақомга лойиқ кўрилган. Бундай марҳаматнинг ўзига яраша буюк масъулияти ҳам бор. Инсон шуни англаган ҳолда, уни ўринбосар қилиб қўйган Зотнинг топшириқларини бажариши ва Яратган Зот муносиб кўрган олий мақомга доғ туширмасликка ҳаракат қилиши керак.
31. Ва У зот одамга исмларнинг барчасини ўргатди, сўнгра уларни фаришталарга рўбарў қилди. Кейин: «Агар ростгўйлардан бўлсангиз, анавиларнинг исмларини Менга айтиб беринг», деди.
32. Улар: «Эй пок Парвардигор! Бизда Сен билдиргандан бошқа илм йўқ. Албатта, Сенинг Ўзинг билувчисан ва ҳикматли зотсан», дедилар.
33. У зот: «Эй Одам, буларга у нарсаларнинг исмларини айтиб бер», деди. Уларга ўша нарсаларнинг исмларини айтиб берган чоғида, «Мен сизларга осмонлару ернинг ғайбини биламан ва сизлар беркитмагану беркитган нарсаларни ҳам биламан демабмидим», деди.
(Шу билан Одамнинг фаришталардан устунлик тарафи намоён бўлди. У ҳам бўлса, илм-маърифат. Инсон ер юзида фасод қилиши, қон тўкиши ҳам мумкин, неъмати илоҳий бўлмиш илмни ўз ўрнида ишлатиб, фаришталардан устун бўлиши ҳам мумкин.)
34. Эсла, фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар!» деганимизни. Бас, сажда қилдилар, магар Иблис бош тортди, мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди.
(Фаришталарга саждани буюриб, Аллоҳ Одамга улкан мартаба ато этди. Аммо бу сажда ибодат учун эмас, балки Одамни–Аллоҳнинг улуғ ижодини табриклаш маъносида эди.
Фаришталар дарҳол сажда қилдилар, чунки улар фитратида Аллоҳнинг амрига исён қилиш хусусияти йўқ. Фақат Иблис сажда қилмади.)
35. Ва: «Эй Одам, сен ўз жуфтинг ила жаннатда маскан топ. Унда нимани хоҳласаларингиз, енглар, ош бўлсин ва мана бу дарахтга яқин келманглар, бас, у ҳолда золимлардан бўласизлар», дедик.
36. Шайтон уларни ундан оздирди ва бўлган нарсаларидан чиқарди. Ва Биз: «Баъзингиз баъзингизга душман бўлиб тушинглар, сизларга ер юзида қароргоҳ ва бир муддат ҳузур қилиш бордир», дедик.
37. Бас, Одам ўз Роббисидан сўзларни қабул қилиб олди, кейин У зот унинг тавбасини қабул қилди. Албатта, У тавбани қабул қилувчи ва раҳмли зотдир.
38. Биз: «Ундан ҳаммангиз тушинг, бас, Мендан сизга ҳидоят келажак. Ким Менинг ҳидоятимга эргашса, уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар», дедик.
39. Ва куфр келтирган ҳамда оятларимизни ёлғонга чиқарганлар эса, улар дўзах эгаларидир, улар унда абадий қолурлар”.
Мана бу Қуръони Каримдаги Аллоҳ бизга биз ундан сабоқ ва ибрат олишимиз учун кўплаб яхши қиссалар билан бирга келтирган ҳикоядир, Аллоҳим! Бизларни сўзингга қулоқ солувчи ва яхшиликларга эргашувчи бандаларингдан қилгин. Мана энди... Ушбу қиссани мен сизларга ҳикоя қилганимдек яна бир марта ва яна Қуръони Каримда нозил бўлганидек ўқидик...
Қуйидаги кичик саволларимга сизнинг муносабатингиз қандай? Биз ўз ҳаётимизда кимнинг йўлидан юрамиз? Иблис бизни йўлдан адаштириб, дўзахда у билан бирга бўлишга рози бўламизми? Ёки Одам алайҳисалом каби Аллоҳга иймон келтириб, ундан мағфират, Ўзининг розилиги ва бизни тавбамизни қабул айлашини сўраймизми?
Эй кичик қаҳрамонларимиз! Албатта сизлар менга қатъият билан шундай дейсизлар: «Албатта биз солиҳ отамиз Одам билан биргамиз, ерни тақво билан обод қиламиз ва ҳеч бузғунчилардан бўлмаймиз». Аллоҳим! Қиёмат куни Жаннатда мени севиклилар билан бирга қилгин... вассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу.