A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Ваҳий борасидаги ақлий шубҳалар
PDF Босма E-mail

Normal 0 false false false MicrosoftInternetExplorer4

 

ВАҲИЙ БОРАСИДАГИ АҚЛИЙ ШУБҲАЛАР

Ваҳий ва унинг ҳақиқати Қуръони Карим оятлари ва набавий суннат билан собит бўлгандир. Китоб аввалида «Ваҳий  Аллоҳ таоло раҳнамолигининг бир шакли бўлиб, уни соғлом ақл билан идрок қилиб бўлмайди», деб ёздик. Чунки ваҳийни пайғамбарлардан (алайҳимуссалом)ўзга бирор киши идрок қила олмайди. Шунинг учун ваҳийнинг тўғри кайфиятининг билиш пайғамбарлардан бошқалар учун мумкин эмас. Ҳозирги кунда ғарб мафкурасидан таъсирланганларга «ваҳий» сўзи бегона туйилиб, унга шак-шубҳа билан қарамоқдалар. Бундай кишилардан баъзилари  ваҳийни очиқдан-очиқ инкор қилиб, у орқали нозил бўлган нарсаларни қисса ва ҳикояларга йўймоқда. Баъзилари эса ваҳийни очиқдан-очиқ инкор қилмасалар-да, лекин илм-фанга асосланган ҳозирги тарққиёт даврида, уни эслаш шармандаликдир, деб таъкидламоқдалар. Шунинг учун бу ўринда қисқа қилиб, ақлий эътибордан ваҳий қандай ўринга эга?  деб савол бериш лозим.

«Ваҳий» тушунчаси борасида баҳс юритишдан олдин «Борлиқ ўз-ўзидан пайдо бўлганми ёки бирор холиқ томонидан яратилганми?»  деган савол борасида аниқ бир тўхтамга келиб олиш лозим. Моддапарастлар Аллоҳ таоло борлигини инкор қилар экан, уларга  ваҳий  тўғрисида гапириш бефойдадир. Чунки  Аллоҳ таолонинг мавжудлигини буткул инкор қилиб турган киши   ваҳийнинг ҳақиқатини тушуниб, унга таслим бўлиши мумкин эмас. Шу боис бундай кишиларга  ваҳий  ҳақида гапиришдан олдин, дастлаб уларга Аллоҳ таолони мавжудлиги борасида сўз юритиш лозим. Аллоҳ таолони борлигига иймон келтирган кишилар учун «ваҳий» деган тушунча бир ақлий зарурат эканлигини ва имкони бор нарса эканлигини тушуниш мушкул эмас.

Ушбу коинотнинг барча нарсага қодир бўлган Зот томонидан яратилгани ва у ерда Унинг мустаҳкам низомлари жорий бўлиши ҳамда инсониятни у ерга бирор мақсад туфайли юборганига иймон келтирган бўлсангиз, инсониятни яратган Зот уларни зулмат ичида шундай ташлаб қўйишини қандай тасаввур қила оласиз? Аллоҳ таоло тарафидан инсониятга нима учун дунёга келганликлари айтилмаслиги мумкинми? Ерда инсонлар зиммасига нималар фарз қилинганини билдирмаслиги мумкинми? Инсонларнинг асосий мақсадлари нима бўлишини айтмаган бўлиши мумкинми? Яшашдан мақсади нима эканлигини билдирмаган бўлиши мумкинми? Бирор ақлли, соғлом киши ўзининг ходимини бир мақсад билан сафарга юбориб, ходими сафарга жўнашидан олдин ёки манзилга етиб боргандан кейин ўзининг асосий мақсадини унга на оғзаки ва на хат ва на бирор алоқа воситаси орқали етказмаслигини тасаввур қила оласизми? Бундай ҳолатда ходим ўз вазифасини қандай бажара олади? Демак, инсоният арзимаган ишларда бундай қилмас экан, Аллоҳ таоло ҳақида буни қандай тасаввур қилиш мумкин? Ахир бутун коинот Унинг низоми остида жорий бўлади. Ой, қуёш, осмон, ер, юлдузлар ва сайёралар учун ақлни лол қолдирадиган низомни жорий қилган Зот Ўз бандаларига хабар юбориш низомини жорий қила олмайдими? Аллоҳ таолонинг ҳикмати болиғаларига иймон келтирган киши Аллоҳ таоло зулмат қаърига Ўзининг бандаларини ҳаргиз ташлаб қўймаслигига ҳам иймон келтиради. Аллоҳ таоло инсониятга йўл бошчи бўлиш учун бирор низомни, албатта, жорий қилган. Ўша раҳнамо томонидан жорий қилинган низомининг номи «ваҳий»дир.

Бундан  ваҳий  фақат диний зарурат эмас, балки ақлий зарурат ҳам эканлиги равшан бўлади. Уни инкор қилишлик Аллоҳ таолонинг ҳикмати болиғасини инкор қилишдир. Ваҳийнинг юқорида зикр қилинган йўлларини тасаввуримизга сиғдира олмаслигимиз мумкин. Лекин  тасаввурга сиғдира олмаслик ваҳийнинг ҳақиқатига таслим бўлмасликка далил бўлмайди. Ақлий зарурат ва инкор қилиб бўлмайдиган далиллар асосида собит бўлган нарсани тасаввурга сиғдира олмаслик ёки тасаввур қила олмаслик билан рад қилиб бўлмайди. Бундан, тахминан, юз йиллар олдин: «Яқинда инсоният минглаб километрни бир неча соатда самолётда босиб ўтади», дейилса, албатта, барча: «Бу − афсона» дейишган бўлар эди. Лекин  уларнинг тасаввур қила олмаслиги самолётнинг ҳақиқатини йўққа чиқардими? Ҳозирги кунда ҳам минглаб қалоқ шахслар инсониятни ойга қадам қўйганини тасаввур қилишга қодир эмас. Лекин  уларнинг инкори билан воқеликда бўлиб ўтган воқеа хато бўладими? Қишлоқ жойларга бориб, у ерда истиқомат қилувчиларга компъютерларнинг ишлаш системалари ҳақида  сўзласангиз, албатта, улар: «Қандай қилиб бир машина инсоннинг мияси каби ишлай олади?» дейишади ва сизнинг гапингизга шак-шубҳа билдирадилар. Мана шу билдирилган шубҳалар билан компьютер йўққа чиқиб қоладими? Албатта, йўққа чиқмайди. Демак, ақлий зарурат қабул қилган ва инкор қилиб бўлмайдиган далил орқали собит бўлган ваҳийни бир юз йигирма тўрт минг набий (алайҳимуссалом)лар тасаввур қилганлар. Энди  уни шак-шубҳанинг ўзи билан қандай қилиб ёлғонга чиқариш мумкин?

Ваҳийни юқорида зикр қилинган турларини ақл сиғдира олмайди, деб бўлмайди. Чунки  Аллоҳ таоло ваҳийнинг юқоридаги барча турларига қодирдир. Дунё билимдонлари ақлнинг кучи билан телефон, телеграмма, телетайп, радио ва телевизор каби хабар юбориш воситаларини ихтиро қила олган эканлар, Аллоҳ таоло ўз бандаларига хабар юбориш учун турли алоқа йўлларини ярата олмайдими? У томонидан яратилган хабар юбориш воситалари мустаҳкам ва ишончли бўла олмайдими?

Ваҳийнинг ҳақиқати Аллоҳ таоло бирор восита орқали ёки воситасиз қайсидир пайғамбарига хабар юборишидир. Ваҳийнинг ҳақиқатини қабул қилишга монелик қилаётган нарса нима? Инсониятни бирор ихтироси ёки амалини мисол қилиб, ваҳий  исбот қилинса, ҳаммамизга тушунарли бўлади. Ваҳийни тушуниш учун шу ўринда инсонни бир амалини мисол тариқасида келтирамиз. Инсонни ушбу амалида бир инсон бошқа инсонни қалби ва димоғини бўйсундириб ўзи хоҳлаган ишни унга қилдира олади.

Ушбу амални сўфийлар истилоҳида «тасарруфи хаёлий» дейилади. Сўфийларнинг ҳаётидан ушбу амалга сон-саноқсиз мисоллар бизгача етиб келган. Бунинг воситасида бир киши ўзининг қувваи хаёли кучи билан бошқа кишини дили ва димоғини қуршаб олиб, ундан нимани хоҳласа, ўшани гапиртира олади ва нимани хоҳласа, ўшани қилдира олади. Моддапарастлар бир муддатгача буни инкор қилиб келдилар. Уларга тақлид қилиб, кўплаб мусулмонлар ҳам «тасарруфи хаёлий» орқали содир бўладиган жараённи тўқима ҳикоя деб айтишди. XVIII аср ўрталарига келиб табиатшунос олим Фридрих Антон Месмер (Fredrich Anton Mesmer) инсон миясини ўрганиб, 1775/2344 йил ўзининг бир мақоласи орқали гипноз амалиёти воситасида инсон ақлини бўйсундириш мумкин деб кашфиёт қилди. У ушбу амалиётни «Animal magnetism» (магнет кучи ёрдамида бошқаларни бошқариш ва уларга ўз фикрини сингдириш) ёки(Фридрих Антон Месмер номи билан боғлаб) «mesmetism» деб номлади. У Францияда истиқомат қилиб, у ерда амалий тажрибаларни муваффақиятли ўтказди. Лекин  ўз замонасининг одамларини тўлиқ ишонтира олмади.

1842/2409 йилга келиб Жемс Брайд (James Braid) янгитдан гипнозни исботлашга ҳаракат қилиб, уни гипноз (Hypnotizm)деб номлади. Жемс Брайд гипнозни бир неча босқичлардан иборат эканлигини таъкидлаб, гипнознинг охирги босқичида инсоннинг бутун аъзоси у (Hypnotised)натижасида беҳис бўлиб, музлаб қолади ва натижада зоҳирий, ботиний ҳислар ишдан чиқади, деб таъкидлаган. Лекин  гипнознинг ўрта босқичида жисм ҳиссиз ва ҳаракатсиз бўлмайди, деган. «The World family Encyclopeedia» номли энсиклопедияда гипнознинг ўрта босқичи ҳақида шундай дейилган:

«Агар бироз гипноз қилинса, турли нарсаларни тасаввур қила олади. Масалан, гипнозчининг бошқаруви остида ўзини бошқа киши деб билиши ёки бирор воқеани кўз олдига олиб келиши ёки ғойри оддий ҳисларни билиши мумкин. Чунки, бу вақтда гипнозчининг таъсири доирасида бўлади».

Жемс Брайд тадқиқоти ва ўтказган тажрибалари натижасида дастлаб гипнозни чўпчак деб таъкидлаётган моддапарастлар ҳам гипнозни тан ола бошладилар. Ҳозирга келиб бу нарса ғарбликларнинг севимли мавзусига айланган. Минглаб ишчилар у орқали пул топишга ҳаракат қиладилар. Шунингдек, касалларни даволашда ҳам ундан фойдаланиш бошланди. «Тасарруфи хаёли» сўфийлар орасида кўп йиллардан буён келаётган тушунча бўлиб, уни аксарият одамлар ғирт хаёлпарастлик деб, бекорчига чиқариб келар эдилар. Лекин  ўша нарса гипноз номи остида ҳақиқатга айланиб, ақли паст инсонлар ҳам уни тасдиқ қилмоқдалар. Мусулмонлар орасида арзимаган ҳисобланган «тасарруфи хаёли» мағрибликлар томонидан илмий ҳақиқатга айлантирилди.

Хуллас, мисмаризм бўладими ёки гипноз бўладими ёки ҳақиқати яна бошқа нарса бўладими, гипнозда бир киши бошқа кишини гипноз қилиб, ўзини хаёлоти ва сўзларини уни миясига ташлайди. Инсониятга тасарруфи хаёли, яъни гипноз орқали бировни мусаххар қилиш қувватини берган Зот, ҳидоятга йўллаш мақсадида Пайғамбарлардан (алайҳимуссалом) бирини қалбини мусаххар қилиб, Ўзининг каломини уни дилига солишга қодир эмасми? Аллоҳ таоло бунга қодир эмас, дейишлик Аллоҳ таолога нисбатан бўҳтондир. Аллоҳ таоло барча айбу нуқсондан холи Зотдир.

ҚУРЪОНИ КАРИМ МАЪНАВИЙ ВАҲИЙМИ?

Юқорида баён этилганидек ваҳий икки қисмга бўлинади:

1. Тиловат қилинадиган ваҳий, яъни Қуръони Карим;

2. Тиловат қилинмайдиган ваҳий.

Ваҳийнинг иккинчи турида мазмун Аллоҳ таоло томонидан бўлади. Лафз эса  Жаброил (алайҳиссалом) ёки Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) томонларидан танлаб таъбир қилинади. Лекин  Қуръони Каримнинг лафзи ҳам, маъноси ҳам илоҳий, яъни тўлалигича Аллоҳ таолонинг каломидир. Қуръони Каримнинг мазмуни Аллоҳ таоло томонидан бўлгани каби лафзи ҳам «мин» ва «ъан», яъни қандай бўлса, шундайлигича Аллоҳ таоло томонидан нозил қилингандир. Қуръони Карим лафзларини танлаб олишда Жаброил (алайҳиссалом)ни ҳам, Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳам ҳеч қандай алоқалари йўқ.

Моддапарастлардан таъсирланганлар: «Қуръони Каримнинг мафҳуми ваҳий орқали нозил қилинган. (Наузан биллаҳ) Унинг лафзлари, таркиби ва бошқа жиҳатлари Жаброил (алайҳиссалом) ёки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га тегишли» дейдилар. Бу хаёл тамоман хато ва Қуръон ҳамда суннат кўрсатмаларига хилофдир.

Қуръони Каримда Унинг лафзи ҳам, маъноси ҳам илоҳий эканлиги борасида бир неча оятлар нозил қилинган бўлиб, улар қуйидагилар:

1. Қуръони Карим баъзи ўринларда Ўзининг сифатларидан бирини « عربي (арабий)» деб баён қилади, яъни Қуръони Карим араб тилида нозил қилинган, деганидир[1].

2. Қуръони Каримда Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг учта вазифалари қуйидаги тартибда баён қилинган:

رَبَّنَا وَابْعَثْ فِيهِمْ رَسُولًا مِنْهُمْ يَتْلُو عَلَيْهِمْ آيَاتِكَ وَيُعَلِّمُهُمُ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَيُزَكِّيهِمْ إِنَّكَ أَنْتَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ.

«Роббимиз, ўзларининг ичидан уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, китобни ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган Пайғамбар юбор. Албатта, Сенинг Ўзинг азиз ва ҳикматли Зотсан» (Бақара 129 оят).

Ушбу ояти каримадан Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг вазифалари алоҳида-алоҳида бўлгани маълум бўлади. Улардан бири тиловат, таълим, яъни тиловат лафзларда, маъноларда бўлмайди. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биринчи вазифалари Қуръони Карим лафзларига тегишли бўлган, маъноларига эмас;

3. Қуръони Каримнинг баъзи оятларида Қуръонга нисбатан «الكتاب (ал-Китоб)» сўзи ишлатилагн. «Китоб» сўзи фақат мазмунларга ишлатилмайди. Балки  мазмунлар лафзларга солинса, ўшанда унга китоб дейилади. Бундан эса  Қуръони Каримни лафзи ҳам маъноси ҳам илоҳий эканлиги келиб чиқади;

4. «Қиёмат» сурасида Жаброил (алайҳиссалом) ваҳий олиб келганларида Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уни ёдлаб олиш учун лафзларни тез-тез такрорлайдилар. Шунда Аллоҳ таоло шундай ҳукм қилади:

لَا تُحَرِّكْ بِهِ لِسَانَكَ لِتَعْجَلَ بِهِ إِنَّ عَلَيْنَا جَمْعَهُ وَقُرْآنَهُ فَإِذَا قَرَأْنَاهُ فَاتَّبِعْ قُرْآنَهُ ثُمَّ إِنَّ عَلَيْنَا بَيَانَهُ.

«Сен шошилиб, у(Қуръон)билан, тилингни қимирлатма. Албатта, уни жамлаш ва ўқиб бериш Бизнинг зиммамиздадир. Бас, Биз уни ўқисак, қироатига зеҳн солиб тур. Сўнгра уни баён қилиб бериш ҳам Бизнинг зиммамиздадир» (Қиёмат 16-19 оятлар).

Ушбу ояти карима Жаброил (алайҳиссалом) Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га олиб келган лафзлар Аллоҳ таолонинг каломи эканлигига очиқ-ойдин далолат қилади. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони Карим лафзларини ёдлаш, Уни тиловат қилиш йўлини ўргатиш ва маъноларини шарҳлаш каби уч вазифани Ўз зиммасига олмоқда. Бу билан Қуръони Каримнинг лафзлари ваҳий тарзида нозил қилинмаган, деган гумон ботил бўлади. Ушбу масалага тегишли баҳсда Абдулазим Зарқоний (раҳматуллоҳи алайҳ) қуйидагиларни ёзганлар:

«Шу ўринда баҳснинг мағзи Қуръони Каримнинг лафзи ҳам, маъноси ҳам билиттифоқ ваҳий орқали нозил бўлишидир. Қудсий ҳадислар борасидаги машҳур қавл қудсий ҳадисларнинг лафзлари ҳам Аллоҳ таоло томонидандир. Лекин  набавий ҳадисларнинг маъноси ваҳий бўлиб, лафзлари Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га тегишлидир. Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўз ижтиҳодлари билан айтган иршодларининг лафзи ҳам, маъноси ҳам Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га тегишлидир»[2].

Қуръони Карим лафзларини ваҳий эканлигини инкор қилиш ваҳий орқали лафзларни нозил қилинишини тушунмасликдан келиб чиққан. Лекин  ваҳийнинг ҳақиқати, унинг ақлий зарурат эканлиги ва бу борадаги ақлий шубҳалаларга жавоблар юқорида ёзилди. Ўша жавобларга қаралса, ушбу шубҳалар ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади. Ваҳий воқеий бир зарурий иш бўлса ва Аллоҳ таоло ваҳийни набийларга (алайҳимуссалом) нозил қилишга қодир бўлса, ваҳий орқали маънолар нозил қилинади, лафзларни ваҳий тарзида нозил қилишга (наузан биллаҳ) Аллоҳ таоло қодир эмас, дейиш ақлли  кишининг гапими?

Бадриддин Заркаший ва Суютий  (раҳматуллоҳи алайҳлар): «Баъзилар мазмунлар Аллоҳ таоло томонидан нақл қилинади. Лафзлар эса  Жаброил (алайҳиссалом)га ёки Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га тегишли бўлади», деб нақл қилиб келтирганлар. Лекин  Қуръони Карим, ҳадиси шариф ва уммат ижмосига биноан ушбу қавл буткул ботилдир. Юқоридаги олимлар ушбу сўзларни айтувчиларни аниқ ҳолатда келтирмаганлар. Балки «Баъзилар шундай деган» деб, юқоридаги ибораларни нақл қилиб келтирганлар. Суютий (раҳматуллоҳи алайҳ) ушбу сўзни буткул рад қилганлар. Шунинг учун у каби сўзларни ботил мазҳаблар ўзларига асос қилиб ололмайдилар.



[1] Наҳл 103, Шуаро 195, Юсуф 2, Тоҳа 113, Раъд 39, Зумар 28, Ҳамим сажда 3, Шўро 7, Зухруф 3 ва бошқалар.

[2]Манааҳилул ирфон фи улумил Қуръон. Ж. I. Б. 44.