A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Муташобиҳ оятлар ҳақида эътиқод
PDF Босма E-mail

Normal 0 false false false MicrosoftInternetExplorer4

 

Қуръони Каримда муҳкам ва муташобиҳ оятлар борлиги, муҳкам оятлар китобнинг асли экани баён қилинган:

هُوَ الَّذِي أَنْزَلَ عَلَيْكَ الْكِتَابَ مِنْهُ آيَاتٌ مُحْكَمَاتٌ هُنَّ أُمُّ الْكِتَابِ وَأُخَرُ مُتَشَابِهَاتٌ

У сенга китобни туширган Зотдир. Унда муҳкам – ойдин оятлар ҳам бор ва улар китобнинг аслидир ва муташобиҳ оятлар ҳам бор[1].

Ушбу оятга кўра эътиқодий ва амалий ҳукмлардаги асосий таянч, китобнинг асли бўлган муҳкам оятлар ҳисобланади.

Муҳкам луғатда, очиқ-ойдин, аниқ-равшан маноларини англатади.

Муҳкамнинг истилоҳий маъноси тўғрисида кўплаб таърифлар берилган бўлиб, уларнинг энг машҳурларидан бири Ломиший (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг қуйидаги таърифидир: «Ирода қилинган маъноси қатъий равишда очиқ-ойдин бўлиб, фақат битта маънонинг эҳтимоли бўлган оятлар – муҳкам дейилади»[2].

Муташобиҳ луғатда, ўхшаш, ноаниқ каби маъноларни англатади.

Муташобиҳнинг истилоҳий маъноси тўғрисида ҳам кўплаб таърифлар берилган. Ломиший (раҳматуллоҳи алайҳ) муташобиҳни шундай таърифлаган: «Бир-бирига зид икки хил маънонинг эҳтимоли бўлгани учун сўзловчининг ирода қилган нарсаси эшитувчига ноаниқ бўлиб қолган сўзлар   муташобиҳ дейилади».

Демак муташобиҳ оятлар деганда лафзидан кўзланган маъноси аниқ равшан бўлмаган оятлар тушунилади.

Муташобиҳ оятлар уч қисмга тақсимланади[3]:

1. Лафзи муташобиҳ оятлар. Лафзи муташобиҳ оятларнинг ўзи икки навга бўлинади:

1. Фақат битта лафзи муташобиҳ оятлар. Масалан:

وَفَاكِهَةً وَأَبًّا

Ва мевалару ўт-ўланларни ўстириб қўйдик.[4]

Ушбу оятдаги أَبًّا лафзи муташобиҳдир, яъни ушбу лафздан ирода қилинган маъно فَاكِهَةً лафзидан ирода қилинган маъно каби аниқ эмас.

2. Умумий жумласи муташобиҳ оятлар. Масалан:

لَيْسَ كَمِثْلِهِ شَيْءٌ

У Зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир.[5]

Ушбу оятнинг жумласи муташобиҳдир. Яъни «мисл» лафзидан олдин «коф» ҳарфи келгани сабабли оятнинг умумий жумласи муташобиҳ бўлиб қолган.

2. Маъноси муташобиҳ оятлар. Аллоҳ таолонинг сифатларини баён қилган оятлар. Масалан:

فَسُبْحَانَ الَّذِي بِيَدِهِ مَلَكُوتُ كُلِّ شَيْءٍ وَإِلَيْهِ تُرْجَعُونَ

Бас, барча нарсанинг том эгалиги Унинг қўлида бўлган Зот покдир. Унгагина қайтарилурсизлар.[6]

Мазкур оятда Аллоҳ таолонинг ўзбек тилида «қўл» маъносини англатувчи «яд» сифати зикр қилинган. Ушбу «яд»дан нима ирода қилингани муташобиҳдир.

3. Лафзи ҳам, маъноси ҳам муташобиҳ оятлар. Лафзи ҳам, маъноси ҳам муташобиҳ оятларни умум қилиб беш навга ажратиш мумкин:

1. Миқдори жиҳатидан муташобиҳ оят. Масалан:

فَاقْتُلُوا الْمُشْرِكِينَ حَيْثُ وَجَدْتُمُوهُمْ

Мушрикларни қаерда топсангиз, ўлдиринглар.[7]

Ушбу оят умум ва хосликда муташобиҳдир. Яъни  ушбу оятнинг маъноси уруш қилган ё қилмаганидан қатъи  назар, катта-кичик, эркак-аёлбарча мушрикларга умумийми ёки мусулмонларга қарши урушаётган араб мушрикларига хосми  ҳамда «қаерда топсангиз» маъносига ҳарам ҳудуди ҳам кирадими ё кирмайдими? Ушбу оят ана шу умум ва хосликда муташобиҳдир.

2. Кўриниши жиҳатидан муташобиҳ оят. Масалан:

فَانْكِحُوا

Никоҳларингга олинглар.[8]

Ушбу оятдаги буйруқ никоҳга олишнинг вожиб ё мандуб эканига далолат қилишида муташобиҳдир.

3. Замони жиҳатидан муташобиҳ оят. Масалан:

وَإِنْ يَكُنْ مِنْكُمْ مِائَةٌ يَغْلِبُوا أَلْفًا مِنَ الَّذِينَ كَفَرُوا

Агар сиздан юзта бўлса, куфр келтирганлардан мингтасини енгади.[9]

Ушбу оят қуйидаги оят билан қайси бири носих, қайси бири мансух эканида муташобиҳдир:

فَإِنْ يَكُنْ مِنْكُمْ مِائَةٌ صَابِرَةٌ يَغْلِبُوا مِائَتَيْنِ

Бас, агар сиздан юзта сабрли бўлса, икки юзтани енгади.[10]

Яъни  ушбу оятларнинг қайси бири кейин нозил қилингани оятларнинг ўзидан аниқ равшан билинмайди.

4. Макони ва нозил бўлган ишлари жиҳатидан муташобиҳ оят. Масалан:

وَلَيْسَ الْبِرُّ بِأَنْ تَأْتُوا الْبُيُوتَ مِنْ ظُهُورِهَا

Яхшилик уйларнинг орқасидан киришингизда эмас.[11]

Жоҳилият даврида инсонлар агар ҳаж ё умра учун эҳромга кирсалар, то эҳромдан чиққунларига қадар уйларининг эшикларидан кириш яхши эмас, деб эътиқод қилар эдилар. Ушбу эътиқодларига кўра, мазкур кишилар уйларига кирмоқчи бўлсалар, уйларининг орқасидан дарча очиб кирар эдилар. Уларнинг бу одатларини билмаган киши ушбу оятни тушуна олмайди. Шунинг учун ушбу оят замони ва нозил бўлган ишлари эътиборидан муташобиҳ ҳисобланади.

5. Шартлари жиҳатидан муташобиҳ оят. Масалан:

فَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآتُوا الزَّكَاةَ

Бас, намоз ўқингиз ва закот берингиз.[12]

Яъни  ушбу оятда намоз ўқиш ва закот беришга амр қилинган, лекин  намоз ва закот ибодатининг шартлари баён қилинмагани жиҳатидан муташобиҳ ҳисобланади.

Ушбу мисоллардан кўриниб турибдики, ирода қилинган маъноси очиқ-ойдин бўлмаган барча оятларга муташобиҳ исми ишлатилган. Натижада муташобиҳ оятлардан ирода қилинган маъноларни бандалар билишлари мумкин ё мумкин эмаслиги тўғрисида табиий равишда ихтилофлар юзага келган. Бу ҳақида аҳли сунна уламоларининг икки хил машҳур қарашлари бор:

1. Жумҳур мутакаллимлар ва фақиҳларнинг қарашлари: Муташобиҳ оятларнинг таъвилини фақат Аллоҳ билади, бошқа ҳеч ким билмайди.

2. Ибн Аббос, Мужоҳид ва Абул Ҳасан Ашъарийларнинг қарашлари: Муташобиҳ оятларнинг маъноларини илмда собит бўлганлар билишлари мумкин.

Иккала тараф ҳам ўз қарашларига Оли Имрон сурасининг еттинчи оятини далил қилишган. Муташобиҳ оятларнинг таъвилини фақат Аллоҳ билади, дейдиганлар бу оятга шундай маъно берганлар:

وَمَا يَعْلَمُ تَأْوِيلَهُ إِلَّا اللَّهُ وَالرَّاسِخُونَ فِي الْعِلْمِ يَقُولُونَ آمَنَّا بِهِ كُلٌّ مِنْ عِنْدِ رَبِّنَا

Унинг таъвийлини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас. Илмда собит бўлганлар эса: унга иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридандир, дерлар[13].

Муташобиҳ оятларнинг маъноларини билиш мумкин, дейдиганлар бу оятга қуйидагича маъно берганлар:

وَمَا يَعْلَمُ تَأْوِيلَهُ إِلَّا اللَّهُ وَالرَّاسِخُونَ فِي الْعِلْمِ يَقُولُونَ آمَنَّا بِهِ كُلٌّ مِنْ عِنْدِ رَبِّنَا

Унинг таъвийлини фақат Аллоҳ ва илмда собит бўлганлар билурлар. (Улар): унга иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридандир, дерлар.

Иккала тараф ҳам берган маъноларини қувватловчи кўплаб далиллар келтирганлар.

Муташобиҳ оятларнинг таъвилини фақат Аллоҳ билади, деганларнинг далиллари:

1. Оиша (розияллоҳу анҳо)нинг қуйидаги сўзларида муташобиҳ оятларнинг таъвилини фақат Аллоҳ билишига ёрқин далил бор: Ибн Абу Ҳотим Ибн Абу Мулайкдан Оиша (розияллоҳу анҳо)нинг шундай деганларини ривоят қилган: Уларнинг илмда собит бўлишлари, муҳкамига ҳам муташобиҳига ҳам иймон келтиришларидир. Улар уни билмайдилар.

2. Умар ибн Абдулазиз шундай деганлар: илмда собит бўлганларнинг Қуръон таъвилини билишдаги илмлари : «Унга иймон келтирдик, барчаси роббимиз ҳузуридандир»[14]да интиҳосига етган.

Муташобиҳ оятларнинг таъвилини фақат Аллоҳ билади, дейдиганлар булардан бошқа ҳам ўндан ортиқ далилар келтирганлар.

Муташобиҳ оятларнинг маъноларини билиш мумкин дейдиганларнинг далиллари:

1. Агар муташобиҳ оятларнинг маъноларини илмда собит бўлганлар билмасалар, улар билан жоҳиллар орасида фарқ бўлмай қолади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта ҳалол очиқ-ойдиндир, ҳаром ҳам очиқ-ойдиндир, улар орасида муташобиҳлар бордир. Уларни кўп инсонлар билмаслар»[15], деганлар. Бу сўзлари уларни оз инсонлар билишларига далолат қилади, ўша оз инсонлар эса илмда собит бўлганлардир.

2. Ибн Абу Ҳотим Заҳҳокнинг шундай деганини ривоят қилган: «Илмда собит бўлганлар унинг таъвилини биладилар. Агар таъвилини билмаганларида, носихини мансухидан, ҳалолини ҳаромидан, муҳкамини муташобиҳидан ажрата олмасдилар».

Муташобиҳ оятларнинг таъвилини билиш мумкин, дейдиганлар ушбулар каби ўнга яқин далиларни келтирганлар[16].

Иккала тарафнинг ҳам қарашларини ва келтирган далилларини таҳқиқ қилиб ўрганиб чиққан уламолар қуйидаги мулоҳазаларни айтадилар: Биринчи тараф барча муташобиҳ оятларнинг таъвилини фақат Аллоҳ билади, бирортасининг ҳам таъвилини бандаларнинг билишлари мутлақо мумкин эмас, демаганлар. Иккинчи тараф ҳам  барча муташобиҳ оятларнинг таъвилини бандалар билишлари мумкин, демаганлар. Чунки ҳақиқий маъносини бандалар мутлақо била олмайдиган муташобиҳ оятлар ҳам, илм-маърифатлари юқори баъзи бандалар билишлари мумкин бўлган муташобиҳ оятлар ҳам бор экани, бирор тараф ҳам инкор эта олмайдиган ҳақиқатдир.

Ана шу эътибордан муҳаққиқ уламолар муташобиҳ оятларнинг маъноларини билиш мумкин ё мумкин эмаслиги жиҳатидан учга тақсимлаганлар:

1. Бандаларнинг билишлари мутлақо мумкин бўлмаган оятлар. Масалан:

أَخْرَجْنَا لَهُمْ دَابَّةً مِنَ الْأَرْضِ

Биз улар учун ердан бир жонивор чиқарамиз[17].

Ушбу оятда Аллоҳ таоло ердан бир жонивор чиқаришини айтган. Уни қачон чиқаришини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким мутлақо билмайди.

Бандаларнинг билишлари мутлақо мумкин бўлган оятлар. Баъзи оятларда нотаниш лафзлар келган. Масалан

فَأَقْبَلُوا إِلَيْهِ يَزِفُّونَ

У томон шошиб, бир-бирларини туртиб келишди[18].

Ушбу оятда келган يَزِفُّونَ калимасининг يَسْرَعُونَ (шошиладилар) маъносида эканини билиш, мутлақо мумкин ҳисобланади.

3. Фақат баъзи олимларгина билишлари мумкин бўлган оятлар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)нинг ҳаққига қилган дуоларида бунга ишора бор: «Эй Аллоҳим, уни динда фақиҳ қилгин ва унга таъвилни билдиргин». Яъни ушбу дуонинг баракотидан Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу оятларнинг бошқа кўпгина олимлар билмайдиган таъвилларини биладиганлардан бўлганлар. Бунга Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан қилинган қуйидаги ривоят ҳам далолат қилади: Умар (розияллоҳу анҳу) (бир гуруҳ саҳобалардан): «Аллоҳ таолонинг «Изаа жааъа насруллоҳи вал фатҳу» деган сўзига нима дейсизлар?»  деб сўради. Улардан баъзилари: «Қачон бизга нусрат ёки фатҳ берилса, Аллоҳга ҳамд ва истиғфор айтишга амр қилиндик, деймиз», дедилар. Баъзилари эса  сукут сақлаб бирор нарса демадилар. Шунда у менга: «Сен ҳам шундоқ дейсанми, эй  Ибн Аббос?!» деди. «Йўқ», дедим. «Нима дейсан?» деди. «Бу Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ажалларидир. Аллоҳ буни у Зотга билдирди. «Агар Аллоҳнинг нусрати ва фатҳ келса» ўша ажалнинг аломатидир. «Бас, Роббингни поклаб ёд эт ва Унга истиғфор айт. Албатта, У тавбаларни кўплаб қилувчидир», дедим. Шунда Умар: «Аллоҳга қасамки, мен ҳам бу борада фақат сен айтган нарсанигина биламан, холос», дедилар.

Ушбу ривоят фақат баъзи олимларгина билишлари мумкин бўлган оятлар ҳам борлигига далил ҳисобланади.

Аллоҳ таолонинг сифатлари баён қилинган муташобиҳ оятлар

Муташобиҳ оятларнинг навларидан бири Аллоҳ таолонинг сифатлари баён қилинган оятлардир. Ушбу оятлардан нима ирода қилингани ҳақида жуда кўп баҳс қилинганидан муташобиҳ оятлар деганда зеҳнга дастлаб ушбу оятлар келадиган бўлиб қолган. Аллоҳ таолонинг сифатлари баён қилинган муташобиҳ оятларни учга тақсимлаш мумкин[19]:

1. Зоҳири Аллоҳ таолога тараф нисбатини беришни ваҳмга келтирувчи муташобиҳ оятлар. Масалан:

يَخَافُونَ رَبَّهُمْ مِنْ فَوْقِهِمْ

Улар устиларидаги Роббиларидан қўрқурлар[20].

Ушбу оятнинг зоҳирий маъноси Аллоҳ таолога уст тараф нисбатини беришни ваҳмга келтиради.

2. Зоҳири Аллоҳ таолога жисм нисбатини беришни ваҳмга келтирувчи муташобиҳ оятлар. Масалан:

وَجَاءَ رَبُّكَ

Ва Роббинг келса[21].

Ушбу оятнинг зоҳирий маъноси Аллоҳ таолога жисмлар каби бир жойдан иккинчи жойга кўчиш нисбатини беришни ваҳмга келтиради.

3. Зоҳири Аллоҳ таолога аъзо нисбатини беришни ваҳмга келтирувчи муташобиҳ оятлар. Масалан:

يَدُ اللَّهِ فَوْقَ أَيْدِيهِمْ

Аллоҳнинг қўли уларнинг қўллари устидадир[22].

Ушбу оятнинг зоҳирий маъноси Аллоҳ таолога тана аъзосини нисбат беришни ваҳмга келтиради.

Ушбу оятларнинг зоҳирий маънолари Аллоҳ таолонинг сифатларини баён қилган муҳкам оятларнинг маъноларига зид бўлиб қолган. Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари ҳақидаги эътиқод эса Қуръоннинг асли бўлган муҳкам оятлар билан собит бўлган. Шунинг учун ушбу муташобиҳ оятларни қандай тушуниш лозимлигида жуда кўплаб баҳс-мунозаралар қилинган.

Муташобиҳ оятлар ҳақида баҳс юритувчиларни беш қисмга ажратиш мумкин:

1. Муътазилийлар. Бу фирқа Аллоҳ таолони бандаларнинг сифатларидан поклаб ёд этиш даъвоси билан муташобиҳ оятларни ақлларига мослаб таъвил қилганлар. Муътазилийлар муташобиҳ оятлар тўғрисида аҳли суннага хилоф қилган дастлабки фирқа ҳисобланади.

2. Зиндиқлар ва қаромита фирқалари. Бу фирқалар Қуръон тўғрисида бирор шубҳа пайдо қилишга ва авом халқни адаштиришга уриниш маъносида муташобиҳлар ҳақида баҳс юритганлар. Бундай ишга журъат қилганлар, шак-шубҳасиз, кофир бўладилар.

3. Мужассима фирқаси. Бу фирқа муташобиҳ оятлар ҳақида Аллоҳ таоло баён қилганидек эътиқод қилиш даъвоси билан Аллоҳ таолога жисм нисбатини берганлар. Муташобиҳ оятларнинг зоҳирий маъноларига кўра, Аллоҳ таолонинг юзи, кўзи, икки қўли ва оёғи бор, деб тасвирлашган. Уламолар бундай эътиқод қилишни бут-санамларга ибодат қилиш билан тенг бўлади, деганлар. Яъни  бутпарастлар олдиларидаги бутларга ибодат қилаётган бўлсалар, жисм нисбатини берувчилар тасаввурларидаги бутларга сиғинаётган бўлиб қоладилар. Шунинг учун бу фирқанинг ҳукми муртадларнинг ҳукми каби бўлади, деганлар. Бу ҳақда Розий (раҳматуллоҳи алайҳ) шундай деганлар: «Аллоҳга жисм нисбатини берувчи Аллоҳга асло ибодат қилган эмас. Чунки у тасаввуридаги гумоний суратга ибодат қилади. Аллоҳ таоло эса буларнинг барчасидан покдир».[23]

Муътазилийлар ва мужассималар орасидаги фарқлар:

Муътазилийлар: муташобиҳ оятларни ақлга мослаб таъвийл қилганлар. Натижада Қуръон ва суннатда келган Аллоҳ таолонинг сифатларига далолат қилувчи зоҳирий маъноларни ақлга тўғри келмагани учун қатъиян инкор қилганлар.

Мужассималар: муташобиҳ оятларнинг зоҳирий маъноларидан нимани тушунсалар, уларни худди ўшандай деб эътиқод қилганлар. Натижада жисмларга хос бўлган маъноларни Аллоҳ таолога тааллуқли қилиб қўйганлар.

4. Илмсиз равишда муташобиҳлар ҳақида баҳс юритиб саволларни кўпайтирувчи мусулмонлар. Уламолар Қуръон ва суннатдаги амал қилишга тааллуқли бўлмаган хабарларнинг таъвили билан машғул бўлиш лозим эмаслигини, балки улардан ирода қилинган нарсанинг ҳақ эканига эътиқод қилиш вожиблигини таъкидлаганлар. Аммо ҳар бир даврда ҳам ўзларига лозим бўлмаган нарсалар ҳақида баҳс юритиб кўпчиликнинг бошини оғритадиган кимсалар топилган. Бундай кимсаларга қаттиқ таъзир берилади. Қуйидаги маънодаги ривоят бунга далил бўлади. Умар (розияллоҳу анҳу)га Субайғ ибн Асал исмли кишининг муташобиҳлар ҳақида гапириб юриши хабар берилган. Умар (розияллоҳу анҳу) у билан учрашган пайтларида ҳатто у зотдан ҳам «ваззарияти зарва» ояти ҳақида сўраган. Умар (розияллоҳу анҳ) ундан «Исминг нима?» деб сўраганлар. У: «Абдуллоҳ Субайғ», деб жавоб берган. Шунда у зот: «Мен Абдуллоҳ Умар бўламан», деб уни қаттиқ калтаклаганлар.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) муташобиҳлар ҳақида хиралик қилиб сўрайдиганларга: «Умарнинг Субайғга қилганидек иш сенга ҳам қилинишига сени нима мажбур қиляпти?» дер эканлар.

5. Аҳли сунна вал жамоа уламолари. Бу муҳтарам зотлар муташобиҳ оятлар ҳақида қандай эътиқод қилиш лозимлигини шаръий далиллар асосида исботлаб берганлар. Мазкур уламолар ушбу масала тўғрисида умумий икки гуруҳга бўлинадилар:

  1. Тафвийз қилувчилар  (ирода қилинган маънони Аллоҳга топширувчилар).
  2. Таъвийл қилувчилар (муҳкам оятларга мувофиқ қилиб маъно берувчилар).

Тафвийз қилувчилар деганда аҳли сунна вал жамоа уламоларининг жумҳури тушунилади. Таъвийл қилувчилар деганда эса зарурат тақозосига кўра таъвил қилишга рухсат берган озчилик уламолар тушунилади.

Тарихга назар солинадиган бўлса, муташобиҳ оятлар нозил бўлаётган пайтларда ҳамда унга энг яқин вақтларда яшаган саҳобалар ва тобеинларнинг даврларида тафвийз қилингани маълум бўлади. Бу зотларнинг даврларида Қуръон ва суннатда келган муташобиҳ лафзлар истеъмол қилинганидан ортиқ баҳс қилинмаган, баҳс қилишга уринмоқчи бўлганлар ҳам  бу ишдан қаттиқ қайтариб ташланган. Бунга асосан қуйидаги машҳур ривоят мисол қилиб келтирилади. Абдуллоҳ ибн Ваҳбдан ривоят қилинади: «Биз Молик ибн Анаснинг ҳузурларида эдик, бир киши кириб келиб, «Ар-Роҳман аршга истиво қилди» маъносидаги оятни ўқиди ва: «Эй Абу Абдуллоҳ, истиво қандай бўлган?» деб сўради. Молик ерга қарадилар, шу туришларида у зот терга ботиб кетдилар сўнг бошларини кўтариб: «Ар-Роҳман Ўзини васф қилганидек аршга истиво қилган, у «қандай бўлган?» дейилмайди, «қандай бўлиш» ундан олиб ташлангандир, сен бидъатчи ёмон кишисан, чиқариб юборинглар буни», дедилар. У чиқариб юборилди»[24].

Ҳа, сўралган масала бандадан ниҳоятда эҳтиёткор бўлиб сўзлашни тақозо қиладиган ўта нозик масала эди. Бу масала мўмин банданинг муташобиҳ оятларда баён қилинган Роббисининг сифатлари тўғрисида қандай эътиқод қилиши ҳақида эди. Шунинг учун ҳам имом Молик (раҳматуллоҳи алайҳ) бу масалага рўбарў бўлганларида терга ботиб кетганлар ва энг эҳтиёткор йўл бўлган саҳобалар ва тобеинларнинг йўлларини, яъни тафвийзни ўзларига лозим тутганлар.

Салафи солиҳлар муташобиҳ оятлар тўғрисида мана шу асл эътиқодни маҳкам тутиб келганлар. Аммо кейинчалик мусулмонлар орасида фитналар келтириб чиқараётган турли сабаблар туфайли таъвийл қилишга эҳтиёж туғилган.

Таъвийл қилишга ўтиш сабаблари ҳақида устоз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари «Сунний ақийдалар» номли асарларида шундай ёзганлар: «Вақт ўтиши билан Ислом давлати ҳудудлари кенгайиб, турли халқ, дин, фалсафа ва мафкурага эга одамлар ҳам Исломни қабул қилишди  ёки мусулмонлар билан аралашиб яшай бошлашди. Табиийки, улар ўзларининг эски фикр ва тасаввурларидан бирдан ва тўла узилиб чиқа олмас эдилар. Шу билан бир вақтда, Ислом душманлари ҳам доимий равишда турли иғволар қилиб туришар эди. улар мусулмонларнинг ақийдаларига футур етказиш мақсадида турли шубҳали масалаларни ғоят усталик ила ўртага ташлар эдилар. Ана шундоқ масалаларнинг энг катталаридан бири, Аллоҳ таолонинг сифатларига оид оят ва ҳадисларнинг зоҳирий маъноларини мисол қилиб мусулмонлар ақийдасига зарар етказишга уриниш бўлди. Аллоҳнинг қўли, кўзи ёки У пок зотга нисбат берилган бошқа сифатлари таърифида фитна қўзғаб кишиларни кўплаб залолатга кетказиш бошланди»[25].

Демак, ана шу каби фитналар жиддий тус олиб, уларнинг таъсирлари авом халқда кўрина бошлагандан сўнг аҳли сунна уламолари турли фирқаларга қарши курашга, соф эътиқодни ҳимоя қилишга бел боғлаганлар. Мазкур фирқаларнинг бузуқ даъволарини нақлий ва ақлий далиллар билан рад этувчи асарлар ёзганлар. Бу асарларда нотўғри қарашларга раддия бериш билан бир қаторда омма халқ учун тўғри эътиқодни ҳам баён қилиб борганлар. Тўғри эътиқодни баён қилишда баъзи уламолар авом халқнинг савияларини эътиборга олиб муташобиҳ оятларни муҳкам оятларга мувофиқ бўладиган энг яқин маъносига ўтказганлар, яъни  тафвийздан таъвийлга ўтганлар. Таъвийл қилганлар муташобиҳ оятларда баён қилинган «истава»га «қийинчиликсиз бўйсундирди», «важҳ»га «зот», «яд»га «қудрат», «жааъа»га «буйруғи келди»  маъноларини берганлар.

Муташобиҳ оятларни ушбу маъноларга таъвил қилиш ҳақида Камолиддин ибн Ҳумом (раҳматуллоҳи алайҳ) «Мусаярот» номли асарларида шундай ёзганлар: «Агар авом халқнинг «истиво»ни фақат бирлашиш каби жисмларнинг хусусиятлари билан тушунишларидан хавф қилинса, уларнинг фаҳмларини «истийла»га буришнинг зарари йўқдир. Чунки бу маъно ҳам ирода қилинган бўлиши мумкин. Китоб ва суннатдаги зоҳири жисмга далолат қиладиган «исбаъ» (бармоқ), «қодам» (оёқ) ва «яд» (қўл) кабилар ҳам шунингдекдир. Лекин айнан шу маъно ирода қилинганига жазм қилинмайди»[26].

Тафвийз қилувчилар таъвийл қилишга қуйидагича эътироз билдирганлар: «Таъвийл қилиш қатъий бўлмаган далилни бошқа бир қатъий бўлмаган далилдан устун қўйиш бўлади. Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари ҳақида эса қатъий бўлмаган далил билан сўзлаш мумкин эмас. Шунинг учун уларнинг маъносига келганда тўхташ ва таъвийлига киришмасдан нима ирода қилинганини Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола қилиш лозим бўлади»[27].

Ўртадаги баҳсга эътибор берадиган бўлсак, тафвийз қилувчилар таъвийлни тафвийздан афзал кўришни ва муташобиҳ оятдан айнан шу маъно ирода қилинган, деб жазм қилишни инкор қилганлар. Таъвийл қилишни жоиз санаган аҳли сунна уламолари эса тафвийздан таъвийлни афзал кўрганларидан бу ишни қилмаганлар ва муташобиҳ оятдан айнан шу маъно ирода қилинган, деб жазм ҳам қилмаганлар.

Шунинг учун таъвийл қилиш ҳақидаги кескин ихтилоф аҳли сунна ва муътазилий каби фирқалар орасида бўлган, аҳли сунна уламолари ўртасидаги хилоф эса фақат лафзий бўлган холос. Яъни  жумҳур уламолар муташобиҳ оятлар ҳақидаги асосий эътиқодни айтган бўлсалар, баъзи уламолар асосий эътиқодни тушунтириш учун зарурат пайтида таъвийл қилиш жоизлигини айтганлар.

Тафвийз қилувчилар ва таъвийл қилувчилар ўртасидаги ихтилофларнинг хулосаси ушбу баҳслар ҳисобланади. Мазкур баҳсларнинг сабабларига эътибор бериладиган бўлса, иккала тарафнинг ҳам мақсадлари бир экани, яъни  Аллоҳ таолога нолойиқ сифатларни нисбат бериб қўйишдан сақланиш экани маълум бўлади. Бу ҳақида Иброҳим Лаққоний (раҳматуллоҳи алайҳ) «Жавҳаротут тавҳид» номли машҳур назмий асарларида шундай ёзганлар:

وَ كُلُّ نَصٍّ أَوْهَمَ التَّشْبِيهَا أَوِّلْهُ أَوْ فَوِّضْ وَ رُمْ تَنْزِيهَا

Ташбеҳ ваҳмини келтирган барча матнларни таъвийл қилгин, ё тафвийз қилгин ва (ҳар иккаласида ҳам Аллоҳ таолони айбу нуқсонлардан) поклашни ирода қилгин[28].

Мулла Али Қорий (раҳматуллоҳи алайҳ) тафвийз ва таъвийлларнинг бир-бирларидан фарқларини шарҳлаб хулосасида шундай деганлар: «Салафи солиҳларнинг тутган йўллари (тафвийз) билувчироқ ва саломатроқдир, халафларнинг тутган йўллари (таъвийл) эса тийувчироқдир»[29]. Яъни  тафвийз қилиш муташобиҳни билувчироқ ва унга ирода қилинмаган маънони бериб қўйиш хавфидан саломатроқ бўлса, таъвийл қилиш авомларнинг ақлларидан ташбеҳ шубҳасини тийувчироқдир.

Асрлар давомида мазкур баҳсларда тафвийз қилиш саҳобалар, тобеинлар, тўрттала мазҳаббошилар ҳамда улардан кейин шаклланган мотуридия ва ашъария мазҳабидаги жумҳур уламоларнинг қарашлари сифатида, таъвийл қилиш эса ашъария мазҳабидаги баъзи олимларнинг қарашлари сифатида эътиқод қилиб келинган.

Кейинчалик ҳижрий ўн иккинчи ва ўн учинчи асрларда Қуръон ва суннатга ҳақиқий эргашиш даъвоси билан олдингилардан фарқли янги фикрлар пайдо бўлган. Бу янги фикр соҳиблари мотуридийларни ҳам, ашъарийларни ҳам танқид қилишиб, тафвийзни ҳам таъвийлни ҳам инкор қилганлар. Ушбу янги фикр соҳиблари бир қанча даъволарни айтганлар. Уларнинг асосийлари қуйидагилардир:

1. Янги фикр соҳибларининг даъволари: Қуръондаги Аллоҳ таолонинг сифатларига далолат қилувчи маъноларни тафвийз қилиш, аслида Аллоҳ таоло баён қилган сифатнинг лафзини маълум маъносидан холий қилиб исботлашдан бошқа нарса эмас. Бу эса очиқ-ойдин хатодир.

Мотуридийларнинг жавоблари: Тафвийз қилиш Аллоҳ таоло баён қилган сифатнинг лафзини маълум маъносидан ажратиш эмас, балки зоҳирий маъноси муҳкам оятга зид бўлиб қолгани учун ундан нима ирода қилинганини Аллоҳ таолога топширишдир. Бу эса муташобиҳ оятга ирода қилинмаган маънони бериб қўйиш хавфидан саломат бўлган энг тўғри йўлдир. Зеро банданинг зиммасида муташобиҳ оятдан ирода қилинган маънони излаб топиш эмас, унга иймон келтириш мажбурияти бордир.

2. Янги фикр соҳибларининг даъволари: тафвийз қиладиганлар аслида, таъвийл қиладиганларнинг хатоларидан, яъни  сифатларнинг маъноларини ўзгартириб қўйишдан сақланмоқчи бўладилар, лекин бу ишлари билан аслида маънони ўзгартиришдан, маъносизликка ўтадилар, холос.

Мотуридийларнинг жавоблари: муташобиҳ оятларнинг зоҳирлари далолат қилиб турган маъноларни тафвийз қилиш, маъносизликка ўтказиш эмас, балки уларга нозил қилинганидек иймон келтиришдир. Яъни муташобиҳ оятларнинг луғавий маънолари маълум, аммо ўша луғатларнинг зоҳирий маънолари муҳкам оятларга хилоф бўлиб қолган. Муҳкам оятлар эса Қуръоннинг асли эканини Аллоҳ таолонинг Ўзи хабар берган. Шунинг учун муташобиҳ оятларда келган Аллоҳ таолонинг сифатларига иймон келтирамиз, улардан нима ирода қилинганини У Зотнинг ўзига ҳавола қиламиз.

Ўртадаги баҳсларга эътибор бериладиган бўлса, янги фикр соҳиблари жумҳур уламолар наздида муташобиҳ ҳисобланган оятларни муташобиҳ ҳисобламаганлари келиб чиқади. Бунинг натижасида эса муташобиҳ оятларнинг зоҳирий маъноларига «махлуқларникига ўхшамайдиган» деган қайд билан эътиқод қилишлари юзага келган.

Шу ўринда мазкур масаладаги фарқларни мисоллар билан кўриб чиқсак, ўртадаги фарқлар яққол намоён бўлади. Аллоҳ таолонинг сифатлари баён қилинган муташобиҳ оятлар кўп бўлиб, энг кўп ихтилоф қилинганлари асосан қуйидагилардир:

«Истиво» ҳақидаги баҳслар

Қуръони Каримда Аллоҳ таолонинг «истиво» қилгани баён қилинган. Ушбу «истиво» ҳақида қандай эътиқод қилиш тўғрисида аҳли суннадагилар ва бошқа тоифалар орасида қуйидагича баҳслар қилинган:

الرَّحْمَنُ عَلَى الْعَرْشِ اسْتَوَى

Ар-Роҳман аршга «истиво»  қилди[30].

Мотуридийларнинг қарашлари:

Аллоҳ таолонинг мутлақ эҳтиёжсиз Зот экани муҳкам оятлар билан собит бўлган. Шунга кўра, муташобиҳ оятларда келган «истиво» лафзининг «тенглашиш», «жойлашиш» каби эҳтиёжмандликка далолат қиладиган зоҳирий маъноларидан Аллоҳ таоло покдир, деб эътиқод қиламиз. «Истиво»дан нима ирода қилинганини эса Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола қиламиз ва Қуръонда баён қилинганидек аршга «истиво» қилганига иймон келтирамиз.

Баъзи ашъарий уламоларнинг қарашлари: Авом халқнинг савиясини эътиборга олиб «истава»га унинг кўплаб маъноларидан бири бўлган «иставла» (эгаллади) маъносини бериш жоиз. Чунки бу маъно ҳам ирода қилинган бўлиши мумкин. Лекин айнан шу маъно ирода қилинганига жазм қилинмайди.

Янги фикр соҳибларининг даъволари: Қуръонда баён қилинганидек, Аллоҳ таоло аршга истиво қилган. Истиво Аллоҳ таолода собит сифат бўлиб, махлуқларнинг сифатига ўхшамайди.

Муътазилийларнинг даъволари: Истивонинг «ўрнашиш» маъносини Аллоҳга нисбатан қўллаш ақлга тўғри келмайди. Шунинг учун ундан «иставла» (эгаллаш) маъноси ирода қилинган, деб эътиқод қилиш лозим.

Мужассималарнинг даъволари: Қуръоннинг зоҳири далолат қилганидек Аллоҳ таоло аршга ўрнашиб, унга тўлиқ жойлашган[31].

«Яд» сифати ҳақидаги баҳслар

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда «қўл» маъносини англатувчи «яд» сифатини баён қилган. Ушбу сифатни қандай тушуниш ҳақидаги кўплаб баҳс-мунозараларнинг хулосалари қуйидагилардир:

مَا مَنَعَكَ أَنْ تَسْجُدَ لِمَا خَلَقْتُ بِيَدَيَّ

Ўз «қўлим» билан яратган нарсага сажда қилишингдан сени нима ман қилди?! [32]

Мотуридийларнинг қарашлари: Аллоҳ таолонинг «қўл» маъносини англатувчи «яд» сифати бор. Бу сифат аъзо эмас, бандалар тасаввурига сиғадиган бирор кўринишда ҳам эмас, балки  Аллоҳ таолонинг бошқа сифатлари сингари азалий сифатдир. Шунинг учун «қўл» деганда тасаввуримизга келадиган сифатдан Аллоҳ таолони пок деб биламиз. Қуръонда баён қилинганидек Аллоҳ таолонинг «яд» деган сифати бор, деб эътиқод қиламиз ва «яд»дан нима ирода қилинганини У Зотнинг Ўзига ҳавола қиламиз.

Баъзи ашъарий уламоларнинг қарашлари: «қўл» маъносини англатувчи «яд» калимасининг ҳақиқий ва мажозий маъноси бўлиб, аъзога нисбатан қўлланганда ҳақиқий маъносида ишлатилади. Аммо аъзодан бошқа нарсаларга қўлланганда турлий мажозий маъноларда ишлатилиши мумкин:

  1. «Қудрат» маъносида ишлатилади. Масалан: «Султоннинг қўли фуқароларнинг қўлидан юқори», дейилади. Бундан «Султоннинг қудрати ғолибдир», деган маъно тушунилади.
  2. «Неъмат» маъносида ишлатилади. Неъматни ато қилиш асбоби қўл бўлгани сабабли сахий одамга «қўли очиқ» дейилади. Бундан унинг саховатидан кўпчилик баҳраманд бўлиши тушунилади.
  3. Сўзни таъкидлаш учун ишлатилади. Масалан: «Бу бинони унинг қўллари тиклаган». Бундан ушбу бинони айнан у қурган деган сўзни таъкидлаш маъноси тушунилади.

Шунга кўра, оятдаги «қўлим» маъносини англатувчи зоҳирий маъносини «қудратим» маъносига таъвийл қилинса, авом халқни нотўғри эътиқодга кетиб қолишларидан сақловчироқ бўлади.

Янги фикр соҳибларининг қарашлари: оятда келган «яд»нинг ҳақиқий маъноси «қўл» ни англатади. Қўл Аллоҳ таолонинг ҳақиқий зотий сифатидир. Унинг зоти махлуқларнинг зотига ўхшамагани сингари Унинг қўли ҳам махлуқларнинг қўлига ўхшамайди.

Муътазилийларнинг қарашлари: Оятда зикр қилинган «яд»дан «қудрат», «қувват» ва «неъмат» маънолари ирода қилинган. Зеро, Аллоҳ таолонинг зотига бирор сифатни исбот қилиш, банданинг тавҳидига футур етказади. «Албатта, қадим яратувчи бирдир. Унинг шериги йўқдир. Шунга кўра «У Зот илм билан олимдир, қудрат билан қодирдир», десак, ушбу сифатлар Унинг  отидан бошқа бўлган бўлади. Азалда Унинг зотидан бошқа нарсалар бўлган дейиш эса тавҳидни инкор қилиш бўлиб қолади[33].

Муътазилий фирқасининг асосчиларидан бири бўлган Восил ибн Атонинг қарашига кўра, «Аллоҳ таолога сифатларни исбот қилиш ширк келтиришга олиб боради. Кимки бирор маънони ё сифатни қадимлигини эътироф этса, иккита илоҳни исбот этган бўлиб қолади»[34].

Мужассималарнинг қарашлари: Оятларнинг зоҳирлари далолат қилганидек Аллоҳ таолонинг қўли ва бандаларники сингари гўшти ва қони бор.

«Жааъа» (келиш) сифати ҳақидаги баҳслар

Аллоҳ таоло Қуръони каримда «келиш» маъносини англатувчи «жааъа» сифатини баён қилган. Ушбу сифатни қандай тушуниш ҳақидаги кўплаб баҳс мунозараларнинг хулосалари қуйидагилардир:

وَجَاءَ رَبُّكَ وَالْمَلَكُ صَفًّا صَفًّا

Ва Роббинг ва фаришталар саф-саф бўлиб келсалар[35].

Мотуридийларнинг қарашлари: оятда келган «жааъа»нинг «бир жойдан иккинчи жойга кўчиш» маъносидан Аллоҳ таолони пок деб биламиз. Қуръонда келган хабарга иймон келтирамиз ва ундан нима ирода қилинганини Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола қиламиз[36]

Баъзи ашъарий уламоларнинг қарашлари: Авом халқнинг савиясини эътиборга олиб «жааъа Роббука» (Роббинг келса)га «жааъа амру Роббика» (Роббингнинг амри келса) маъносини бериш жоиз. Чунки бу маъно ҳам ирода қилинган бўлиши мумкин. Лекин айнан шу маъно ирода қилинганига жазм қилинмайди.

Янги фикр соҳибларининг даъволари: «келиш» Қуръонда баён қилинганидек Аллоҳ таолонинг сифатидир. Аллоҳ таолонинг «келиш» сифати махлуқларнинг сифатига ўхшамайди.

Муътазилийларнинг даъволари: «жааъа»нинг «келиш» маъносини Аллоҳ таолога нисбатан қўллаш ақлга тўғри келмайди. Шунинг учун ундан «Унинг амри келди» маъноси ирода қилинган, деб эътиқод қилиш лозим.

Мужассималарнинг даъволари: Аллоҳ таоло жисмдир. Шунинг учун Қуръоннинг зоҳири далолат қилганидек Аллоҳ таолонинг жисмлар сингари бир ўриндан иккинчи ўринга келганига эътиқод қилинади.

Ўртадаги баҳсларнинг натижалари:

Мужассималар муташобиҳ оятларнинг зоҳирига кўра эътиқод қилиш даъвоси билан махлуқларнинг сифатларини Аллоҳ таолога нисбат беришни жоиз санаганлар.

Муътазилийлар муташобиҳ оятларнинг зоҳири ақлга тўғри келмагани учун таъвийл қилишни вожиб деганлар.

Янги фикр соҳиблари Аллоҳ таолони махлуқларга ўхшашдан пок деб, муташобиҳ оятларнинг зоҳирий маъносига эътиқод қилиш лозим деганлар.

Баъзи ашъарий уламолар авомларнинг нотўғри тушунишларидан хавф қилинган пайтда муташобиҳ оятларнинг зоҳирий маъносини таъвийл қилиш жоиз деганлар.

Мотуридийлар эса муташобиҳ оятларда баён қилинган хабарга иймон келтириш ва ундан нима ирода қилинганини Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола қилиш лозим деганлар.

Хулоса:

Мазкур баҳсларда мужассима фирқасининг даъволари куфр саналади. Муътазилийлар ва янги фикр соҳибларининг даъволари бидъат ҳисобланади. Мотуридийларнинг қарашлари эса саҳобалар даврларидан то ҳозирги кунимизгача аҳли сунна вал жамоа эътиқод қилиб келаётган энг тўғри йўл ҳисобланади.

Ушбу баҳслардан кўриниб турибдики, тарихда бўлиб ўтган эътиқодий ихтилофлар асосан муташобиҳ оятларни қандай тушуниш ҳақида бўлган. Шунинг учун муташобиҳ оятлардан нима ирода қилингани ҳақида тортишишдан сақланиш ва Аллоҳ таолонинг ҳикмати тақозосига кўра уларнинг шундай нозил қилинганига иймон келтириш лозим. Зеро, оятларнинг муташобиҳ нозил қилинишида ҳам кўплаб ҳикматлар бор:

  1. Бандалар фасоҳату балоғатда ҳар қанча етук бўлсалар ҳам, Қуръон олдида ожиз эканларини исботлаш;
  2. Оятларнинг муҳкам нозил қилинишидаги Аллоҳ таолонинг раҳматини билдириб қўйиш;
  3. Мўмин бандаларни имтиҳон қилиш.

Аллоҳ таоло барчамизни «Унга иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридандир», дейдиган собитқадамлардан қилсин.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавот ва саломлар бўлсин!

Абдулқодир Абдур Раҳим



[1] Оли Имрон сураси 7-оят.

[2] Аҳмад ибн Аби Саъийд Мулла Жийван «Нурул анвор». Ҳофиз Санауллоҳ Зоҳидий таҳқиқ ва таълиқи. 2-жилд, 263-бет.

[3] Аллома Абул Фазл Абдурраҳмон ҳофиз Жалолиддин Суютий, «ал-Итқон фи улумил Қуръан» 1-жуз, 244-бет.

[4] Абаса сураси 31-оят.

[5] Шуро сураси 11-оят.

[6] Ясин сураси 83-оят.

[7] Тавба сураси 5-оят.

[8] Нисо сураси 3-оят.

[9] Анфол сураси 65-оят.

[10] Анфол сураси 66-оят.

[11] Бақара сураси 189-оят.

[12] Мужодала сураси 13-оят.

[13] Оли Имрон сураси 7-оят.

[14] Оли Имрон сураси 7-оятининг маъноси.

[15] Муслим ривояти.

[16] Устоз доктор Абу Сарийъ Муҳаммад Абу Сарийъ «Жамиъул баян фи муташабиҳил Қуръан» 1-жуз, 30-бет.

[17] Намл сураси 82-оят.

[18] Соффат сураси 94-оят.

[19] Аҳмад ибн Муҳаммад Моликий Совий «Китаб шарҳу Совий ала жавҳаротит Тавҳид» 217-бет.

[20] Наҳл сураси 50-оят.

[21] Фажр сураси 22-оят.

[22] Фатҳ сураси 10-оят.

[23] Мулла Али Қорий «Шарҳу китаб ал-Фиқҳул акбар», 65-бет.

[24] Шайх Жамолиддин Аҳмад ибн Муҳаммад Ғазнавий Ҳанафий «Китаб усулид дин» доктор Умар Вафийқ Даъуқ таҳқиқ ва таълийқи 75-бет.

[25] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф «Сунний ақийдалар» 111-бет.

[26] Камолиддин ибн Ҳумом «Мусаярот», Зайниддин Қосим ҳанафий ҳошияси, 33-бет.

[27] Абу Ҳафс Сирожиддин Ғазнавий «Шарҳу ақийдати имом Таҳовий», 84-бет.

[28] Иброҳим Лаққоний «Жавҳаротут тавҳид» 40-байт.

[29] Мулла Али Қорий «Зовъул маъалий» 33-бет.

[30] Тоҳа сураси 5-оят.

[31] Шайх имом Маймун ибн Муҳаммад Абул Муъийн Насафий, «Баҳрул калом» доктор Валиюддин Муҳаммад Солиҳ Фарфур таҳқиқи, 115-бет.

[32] Сод сураси 75-оят.

[33] Аҳмад ибн Маҳмуд Абу Бакр Собуний Бухорий «Ал-кифая фил ҳидая», устоз доктор Муҳаммад Арутший таҳқиқи. 88-бет.

[34] Аҳмад ибн Маҳмуд Абу Бакр Собуний Бухорий «Ал-кифая фил ҳидая», устоз доктор Муҳаммад Арутший таҳқиқи. 86-бет.

[35] Фажр сураси 22-оят.

[36] Имом Абу Мансур Мотуридий «Таъвийлоту аҳли сунна»10-жуз, 523-бет.