A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Икки хил ҳаёт
PDF Босма E-mail
Аллоҳ таоло бизларга Қуръони Карим оятлари орқали саодат ва нажот йўлларини кўрсатиб, бизларни фақат Ўзигагина ибодат қилишга чақиради. Айни пайтда бадбахт ва осий кимсалар йўлиқадиган ёмон оқибатдан хабардор қилиб, огоҳлантиради ва гуноҳ-маъсиятга ботишдан қайтаради.
Аллоҳ таоло айтади: «Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, бас, Биз унга покиза ҳаёт ато этамиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган чиройли амаллари сабабли бериладиган ажр-савоблар билан мукофотлаймиз» (Наҳл, 97).
Ушбу оятда Одам боласи қайси жинсдан бўлишидан қатъий назар, эркакми, аёлми − агар у чин мўмин бўлиб, қалби Аллоҳ ва Расули билан боғланган ҳолда Аллоҳ таолонинг Китоби ва Расули (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг суннатига мувофиқ яшаса, Аллоҳ ўша бандага бу дунёда покиза, чиройли ва мазмунли ҳаёт ато этади. Охиратда эса уни қилган солиҳ амаллари туфайли кўп мукофот ва савоблар билан тақдирлайди.
Ибн Аббос бу ердаги «покиза ҳаёт»ни ҳалол ва покиза ризқ, деб тафсир қилган.
Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) эса «покиза ҳаёт»ни қаноат, деб тушунтирган.
Заҳҳок: «Покиза ҳаёт ҳалол ризқ ва дунёда ибодат қилиш», деган.
Юқоридаги қавллардан сўнг Ибн Касир айтади: «Тўғриси шуки, покиза ҳаёт тушунчаси юқорида келтирилганларнинг барчасини ўзида жамлайди. Бу ҳақда Аҳмад ва Муслим Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: «Мусулмон бўлган, кифоя қиладиган даражада ризқлантирилган ва Аллоҳ берган нарсага қаноат қилган банда нажот топибди!»
Ҳа, Аллоҳ таолога ҳақиқий, яқийн иймон келтириш, У Зот буюрган солиҳ амалларни қилиш, шариат белгилаб берган ҳукмлар асосида ҳаёт кечириш кишини нажот сари етаклайди. Бандани дўзах азобидан узоқлаштириб, уни саодатга олиб борадиган бошқа йўл ҳам йўқ аслида. Ягона йўл – иймон ва солиҳ амал. Шу ҳақиқатни билганимиздан сўнг, энди Аллоҳга чин қалбдан иймон келтириб, солиҳ ва эзгу ишларни қилишга шошилишимиз керак. Зеро, вақт ғанимат, фурсат, имконият кишига фақат бир марта берилади. Ана ўша имкониятлардан ўз вақтида унумли фойдалиш ҳар биримизнинг ихтиёримизга боғлиқ.
Энди иккинчи бир ҳаёт ҳақида бошқа ояти каримада хабар қилинади. Аллоҳ таоло айтади: «Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта, унинг учун танг-бахтсиз ҳаёт бўлади ва Биз уни қиёмат куни кўр ҳолда тирилтирамиз. У: «Парвардигорим, нега мени кўр қилиб тирилтирдинг, ахир мен кўрар эдим-ку?!» деганида, (Аллоҳ) айтади: «Шундай. Сенга Бизнинг оят-мўъжизаларимиз келганида уларни («кўрмадинг») унутдинг. Бугун сен ҳам ана шундай унутиласан». Ҳаддан ошган ва Парвардигорининг оятларига иймон келтирмаган кимсаларни мана шундай жазолаймиз. Охират азоби, шак-шубҳасиз, қаттиқроқ ва давомлироқдир» (Тоҳа, 124-127).
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қилинган ҳадисда «танг ҳаёт» қабр азобидир, дейилган (Баззор жаййид санад билан ривоят қилган).
Заҳҳок: «Танг ҳаёт банданинг ёмон амал қилиши ва нопок, ҳаром ризқ топишидир», деган.
Абу Саид: «Бундай банда қабрида қаттиқ сиқилади, ҳатто қовурғалари бир-бирига кириб кетади», деган.
Оятниг маъноси шуки, Аллоҳ таолонинг амрига, нозил қилган ҳукмларига хилоф, тескари иш тутиб, Аллоҳдан ўзгаларнинг амрига қулоқ соладиган кимсалар учун дунёда танг ҳаёт бўлади, улар хотиржамликдан бебаҳра, қалблари тор, сиқиқдир. Гарчи кўзга бой-бадавлат ва бахтли кўринсалар-да, аслида қалблари ўта фақир ва ўзлари бахтсиздирлар. Улар кўнгиллари тусаган ишларни қилиб кетаверадиган, хоҳлаган таомларини ейдилар ва ичадилар, пул билан ҳар қандоқ ишни битирса бўлади, деган бузуқ эътиқоддаги кишилардир. Улар Аллоҳга иймон келтирмайдилар, иймон келтирсалар ҳам, минг бир шубҳа ва гумон билан иймон келтирадилар. Аммо ўзлари хавотирда, бойлик ва мол-дунёдан ажраб қолишдан жуда қўрқадилар. Мана шу ҳақиқий танг ҳаётдир. Уларнинг танг ва сиқиқликлари фақат шу ҳаётнинг ўзидагина эмас, балки ҳали охиратда бундан-да қаттиқ ва аламли азоб уларни кутиб турибди. Улар аввал қабрларида азоб тортадилар. Қилган ҳар бир зулм-ситамлари, ноҳақликлари, содир этган ҳаром ишлари, гуноҳлари сабаб қабрда қаттиқ азобга йўлиқадилар. Қиёмат кунида Аллоҳ таолога юзма-юз келганда ҳам машаққатли ҳисоб-китоб ва оқибатда абадий азобга мустаҳиқ бўладилар. Аллоҳ таоло барчаларимизни бундай кўргуликлардан асрасин!
Лекин биз яхшилаб ўйлаб кўриб, шақоват аҳлининг сифатлари менда борми ёки йўқми, саодат аҳлининг сифатлари билан муттасиф бўла оляпманми, Аллоҳга бўлган иймоним ҳақиқийми ёки шубҳа, гумон аралашганми, қандай солиҳ амаллар қилдим ва қиляпман, қилаётган амалларимни ихлос билан бажараяпманми ёки риё ва сумъа аралашганми, деб ўзимизни мудом тергашимиз, ҳисоб қилишимиз керак. Шунингдек, қилаётган солиҳ амалларимизни янада кўпайтиришимиз, уни аввалгидан кўра ихлосли ҳолда амалга оширишга ҳаракат қилишимиз, агар ожизлик қилиб гуноҳга қўл урган бўлсак, ундан зудлик билан буткул қайтишимиз ҳамда солиҳ амаллар билан ўша гуноҳларни ювишимиз керак. Биз фақат мана шундай қилсаккина, дунёю охиратда нажот топамиз ва Аллоҳнинг розилигига ноил бўламиз!
Одилхон қори Юнусхон ўғли