A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръон карим қамраган илмлар ва буларни баён қилишликда Қуръони каримнинг услуби
PDF Босма E-mail

Бу илмларни баён қилишдан олдин баъзи нарсаларга тўхталиб ўтишимиз лозим бўлади. Қуръони Карим кўп илмларни қамраган. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтадилар: «Кимки илмни хоҳлайдиган бўлса, Қуръони Каримга чуқур фикр қилсин, чунки Қуръони Каримда аввалгиларнинг ва кейингиларнинг илми бордир».
Бир шоир ёзган экан:
جميع العلوم فى القرآن لكن      تقاصرت عنه أفهام الرجال
Барча илмлар Қуръонда мавжуддир, лекин кишиларнинг зеҳнлари уни идрок қилишликдан қосирдир.
Қуръони Каримда чексиз илмлар мавжудлигига ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Лекин ундаги очиқ, сароҳатан баён қилинган илмлар нечталиги борасида уламолар ихтилоф қилганлар.
Абу Бакр Ибн Арабий учта деган:
1.    Тавҳид 2. Тазкир 3. Аҳком
Ибн Жарир Тобарий (розияллоҳу анҳу)нинг наздларида ҳам учтадир:
1. Тавҳид 2. Ахбор 3. Диёнат
Баъзилар тўртта дейишган:
1.Амр 2. Наҳий 3. Хабар 4. Истихбор
Баъзилар ушбу тўрттага яна иккита қўшиб олтита деганлар:
1. Ваъда 2. Ваъийд
Мазкур зикр қилинган қавллардан кўра устунроқ бўлган қавл ҳазрат Шоҳ Валийюллоҳ Деҳлавий (раҳматуллоҳи алай)нинг қавллари бўлиб у зот Қуръони Карим очиқ баён қилган илмлар бешта деганлар:
1.    Аҳком илми
2.    Жадал илми
3.    Илму ал-тазкири би-алаиллоҳ (Аллоҳнинг неъматлари зикри илми)
4.    Илму ал-тазкири би-айямиллоҳ (Аллоҳнинг кунлари зикри илми)
5.    Илму ал-тазкир би-ал-мавт ва ма баъдаҳу (Ўлим ва ундан кейинги нарсаларнинг зикри илми)
Аслида Қуръони Каримнинг нозил бўлиши ҳам шу мақсадга кўрадир.
1. Аҳком илмига фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб, мубоҳ, макруҳ ва ҳаромлар киради. Булар хоҳ ибодатда бўлсин, хоҳ муомалатда бўлсин  ёки оила масалаларими, сиёсатми баробардир. Бу илмнинг тафсилоти фақиҳнинг зиммасидадир.
2. Жадал илми тўртта адашган фирқалар, яъни  яҳудий, насроний, мушриклар ва мунофиқлар билан ҳужжатлашиш ҳақида бўлиб, бунинг баёни мутакаллим, яъни калом (яъни  ақида) илми олимининг зиммасидадир.
3. Аллоҳнинг неъматлари зикри илмида Аллоҳ таолонинг еру осмонни яратганлиги, инсонларга улар муҳтож бўладиган нарсаларнинг илмини илҳом қилиб берганлиги, Ўзининг камол сифатлари баёни ва бошқа неъматлар зикр қилинади.
4. Аллоҳнинг кунлари зикри илмида Аллоҳ таолонинг итоаткор бандаларига берган неъматлари ва жинояткор қавмга берган азоблари воқеалари баён қилинади.
5. Ўлим ва ундан кейинги нарсаларнинг зикри илмида эса ҳашр, нашр, ҳисоб, жаннат ва дўзахлар баён қилинади. Кейинги уч илмнинг баёни воиз ва музаккирларнинг зиммасидадир.
Бу беш илмни тақдим қилишда Қуръони Карим қандай услубни ихтиёр қилди?
Аллоҳ таоло бу беш илмни ўз каломида тақдим қилиш жараёнида аввалги араблар услубини риоя қилди. Мутааххир уламоларнинг услубини риоя қилмади. Яъни  аҳком оятларида мутааххирлардан аҳли мутун (матнлар) уламолар ихтиёр қилган қисқаликни ихтиёр қилгани йўқ.
Заруратсиз бўлган қайдлар, қоидаларни келтириб бу қайддан бу нарса чиқиб кетади, бунисидан бу чиқиб кетади, буниси бу қайднинг ичига шомил бўлади деб усул уламоларининг услубида ҳам зикр қилмади.
Аллоҳ таоло мухосама оятларида хасмини, яъни  рақибини ҳар бир инсон наздида қабул қилинган нарсалар билан мулзам қилишликни ихтиёр қилди.
Бир мавзудан бошқа мавзуга кўчишда мутааххир адибларнинг одати бўлган, яъни  бир мавзуни тугаллаб кейин бошқа мавзуга ўтишни риоя қилмади. Балки бандаларига нозил қилишлиги лозим бўлган нарсани бири муқаддам бўлсин, бири муаххар бўлсин, буни риоя қилмасдан нозил қилаверди.
Қуръони Каримнинг нозил бўлишидан асл мақсад башариятни поклашлик, ботил ақийдаларни янчиб йўқ қилишлик ва фосиқ амаллардан қайтаришликдир.
Баъзи муфассирлар ҳар бир оятни бир қисса ёки бир сабаби нузулга қайд қиладилар. Аслида ҳар бир оят учун сабаби нузул зарурий эмас.
Биз юқорида Қуръони Каримда аҳком, Аллоҳнинг неъматлари баёни, Аллоҳнинг кунлари (воқеалар) баёни, жадал – тортишувлар баёни, ўлим ва ундан кейиннинг баёни  оятлари бор дедик.
Тўғри, умумий эътибордан ҳар бир оятнинг нозил бўлишига бир сабаб  бўлиши мумкин. Масалан: инсонларнинг зеҳнларидаги ботил ақийдаларнинг борлиги жадал оятларни нозил бўлишига сабабдир.
Фосид амалларнинг мавжудлиги ва инсонлар орасида зулмнинг тарқалиши аҳком оятларинг нозил бўлишига сабабдир.
Ёки бандаларнинг ғафлатда қолиши, Аллоҳнинг неъматлари, ўтган умматларнинг воқеаларини эсламасликлари, ўлимдан ва охиратдан огоҳ бўлмасликлари тазкир оятларининг нозил бўлишига сабабдир.
Демак, савол бўладики, бирон оятни тушунишликда муфассирлар баён қилган сабаби нузулнинг дахли борми ёки йўқ?
Баъзи сабаби нузулларни оятни баён қилишда эътибори йўқ, лекин қачонки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) замонида бир воқеа устида бир оят нозил бўлган бўлса-ю, ўқувчи оятдаги ишорани шу воқеасиз тушуна олмайдиган бўлса, ана шу пайтда сабаби нузул қиссалари баён қилинади. Шундан маълум бўляптики, ҳар бир оятга сабаби нузул ахтариш, сабаби нузул баён қилишлик зарурий эмас экан.
Қуръони Каримда жадал илми.
Бу илмда тўрт тоифа билан мухосама қилинади:
1.    Мушриклар.
2.    Яҳудийлар.
3.    Насронийлар.
4.    Мунофиқлар.
Булар билан бўлган жадал икки хил услубда бўлади.
1.    Уларнинг ботил ақийдасини зикр қилиб шу ақийдани ўта қабиҳ, хунук эканлигига ҳужжат келтиради, уларга раддия билдирилади.
2.    Аллоҳ уларнинг шубҳаларини баён қилиб, уларни таслим қилган  ҳолда шубҳаларини ечиб беради.

Қудратуллоҳ Сидиқметов тайёрлади