A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръон ўрганишга қачон киришамиз?
PDF Босма E-mail

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
«Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради. Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида жам бўлиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилсалар, уни ўргансалар, албатта, уларнинг устига сакийна тушади, уларни раҳмат ўраб олади, фаришталар қуршаб олади ва Аллоҳ Ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади», дедилар».
(Имом Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган).

Шарҳ: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзларининг бу ҳадисларида бошқа яхши амаллар қатори, илм талаб қилишнинг ва Қуръони Каримни тиловат қилишнинг, уни ўрганишнинг фазлини ҳам баён қилганлари учун муаллиф уни илм китобида келтирганлар.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бу ҳадиси шарифда ҳар бир мўмин-мусулмон қилиши лозим бўлган яхши амаллардан бир нечтасини ва уни бажарган мўмин-мусулмон бандага бериладиган мукофотларни зикр қилмоқдалар.
Шу орқали умматларини ўша яхши амалларни қилишга тарғиб этмоқдалар. Келинг, ўша амаллар ва уларнинг натижаларини бирма-бир кўриб чиқайлик:
«Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради».
Илмга қизиқтириш учун бундан ортиқ тарғиб бўлмаса керак. Ҳар бир инсоннинг олий мақсади жаннат. Жаннатга эришиш учун у ҳар нарса, ҳар қандай қийинчиликларга тайёр. Илм талаб қилиш эса  жаннатнинг йўлига тушишдир. Илм йўли билан борган одам охири жаннатнинг эшиги олдидан чиқади.
Кези келганда муҳим бир масалани эслаб қўйиш зарур. Ояти карима ва ҳадисларда зикри келган илм ҳақида кишилар ичида тушунмовчиликлар мавжуд. Баъзилар оят ва ҳадисларда зикр этилган илмдан мурод диний илмлар, дейишади. Бу − нотўғри фикр! Оят ва ҳадисларда зикри келган илм ҳамма фойдали илмларни ўз ичига олади.
Диний илмлар, албатта, биринчи ўринда туради. Аммо бошқа илмлар кўзда тутилмаган дейиш мутлақо нотўғридир.
Агар фақат диний илмлар кўзда тутилса, бу нарса алоҳида қайд қилинади. Мисол учун, Аллоҳ кимга яхшиликни раво кўрса, динда фақиҳ қилиб қўяди, дейилган ҳадис бор. Шунга ўхшаш бошқа исломий илмлар ҳақида гап кетганда уларнинг номи ва сифати ҳам зикр қилинади.
Яна бир тоифа кишилар илм ва унинг савоби ҳақида сўз кетганда, ким бўлса ҳам илмли бўлса, ушбу гап ва савоблар унга ҳам тегишли, дейдилар. Кофир, мунофиқ, фосиқ, ибодатсиз кишилар томонидан илмга уриниш бўлса, уларни ҳам мазкур ваъдаларда ҳаққи бор, дейдилар.
Бундоқ кишилар Исломда ҳар бир амални қабул бўлиши, савоби етиши учун иймон, ният, ихлос шартлигини унутиб қўйган одамлардир.
Шунинг учун ояти карима ва ҳадиси шарифларда зикри келган илмдан мурод, барча фойдали илмлар бўлиб, уларга қилинган ваъдаларга иймон ва ихлос билан уринган мўмин-мусулмонлар эришади, дейишимиз тўғри бўлади.
Бу қоидани ушбу ҳадиси шарифга ишлатадиган бўлсак, мўмин-мусулмон киши ўзи учун, жамияти учун, инсонлар учун фойдали илмга «Бу амр менга Аллоҳнинг амри, Исломнинг талаби» дея уринса, у жаннатнинг йўлига тушган бўлади. Аллоҳ таоло унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради.
«Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида жам бўлиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилса, уни ўрганса, албатта, унинг устига сакийна тушади, уларни раҳмат ўраб олади, фаришталар қуршаб олади ва Аллоҳ ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади».
Ҳадисларда «Аллоҳнинг уйлари» дейилганда масжидлар кўзда тутилган бўлади. Демак, масжидлардан бирида ўтириб, Аллоҳнинг китоби – Қуръони Каримни тиловат қилган, уни ўрганган одамлар ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган даражага эришадилар.
Бу ҳадиси шарифда уларга тўртта буюк даража ваъда қилинмоқда: «Албатта, унинг устига сакийна тушади». «Сакийна» – сокинликдан олинган бўлиб, қалб хотиржамлиги, ҳамма тарафдан сокинлик, хотиржамликни англатади.
Демак, масжидда жам бўлиб Қуръони Каримни етарли даражада тиловат қилган, уни ўрганган одамларга қалб хотиржамлиги, ҳар бир нарсада сокинлик, хотиржамлик тушади. Қуръони Каримнинг хайру баракаси уларнинг ҳаётларини безайди.
«Уларни раҳмат ўраб олади». Яъни  ўша масжидда ўтириб Қуръон тиловат қилиб, унинг маъно ва ҳукмларини ўрганаётган кишиларни Аллоҳнинг раҳмати ўраб олади. Мўмин-мусулмон қавм учун уни Аллоҳнинг раҳмати ўраб олишидан ҳам кўра яхшироқ ҳолат бўлмаса керак!
«Фаришталар қуршаб олади». Яъни  ўша масжидда ўтириб Қуръон тиловат қилаётган, уни ўрганаётган кишиларни Қуръоннинг ҳурматидан фаришталар қуршаб оладилар. Дунёда фаришталар ҳурмат билан қуршаб турган бир қавм бўлса, ана ўша қавм бўлади. Ҳеч бир мусулмон қавм учун бундан ортиқ муборак мақом бўлмаса керак!
«Аллоҳ Ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади». «Аллоҳнинг ҳузуридагилар» – «Малауъил Аъло» номли олиймақом зотлардир. Бу энг олий мақомдир. Тўпланиб Қуръон тиловат қилган, уни ўрганиб турган қавмларни Аллоҳ таоло ўша олиймақом зотлар билан бирга зикр қилар экан. Бу дунёда бирор мансабдор бир одамнинг номини тилга олиб қўйса, ўша одам умрбод «Фалончи акам мени фалон жойда, фалон вақтда зикр қилган», деб ғурурланиб юради.
Энди Аллоҳ таоло ўз ҳузуридаги энг олиймақом зотлар қаторида зикр қилиши қанчалик бахт эканини тасаввур қилиб кўринг. Бу олий мақомга эришиш эса жуда ҳам осон. Аллоҳ таолонинг китоби – Қуръони Каримни тиловат қилиш, уни ўрганиш керак, холос.
Ушбу улуғ ҳадиси шарифдан олинадиган фойдаларни яна бир бор қисқача зикр қилиб ўтамиз:
1. Мўмин киши илм талаб қилиш йўлига юриши лозимлиги.
2. Ким илм талаб қилиш йўлига кирса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон этиши.
3. Масжидларда Қуръон тиловати ташкил қилишга тарғиб.
4. Қуръон тиловатида иштирок этадиганларга сакийна тушиши, уларни раҳмат ва фаришталар ўраб олиши ва Аллоҳ ўз ҳузуридаги аъло даражали зотлар билан бир қаторда зикр қилиши.
Аллоҳга шукрлар бўлсин, ушбу ҳадисдан кўплаб фойдаларни ўрганиб олдик. Энди инсоф билан ушбу ҳадиси шариф ҳикматларини ҳаётимизга солиштириб кўрайлик. Сўнгра ўзимизни ким эканлигимизга баҳо берайлик.
Илм талаб қилиш масаласини кўрайлик.
Илм талаби йўли – жаннат йўли эканини ҳаммамиз тушуниб етганмизми?
Илмга динимиз талаб қилгандек уринамизми?
Нима учун динимиз илм талабини ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга фарз қилган бўлишига қарамай, кўплаб мусулмон юртларида ялпи саводсизлик ҳукм сурмоқда?
Дунёдаги бошқа миллатлар илмнинг юқори чўққисига чиққан бир пайтда кўпгина мусулмон давлатлар аҳолисининг ярмидан кўпи ўқиш-ёзишни билмайди. Кўпларида таълим ишлари йўлга қўйилмаган. Мусулмонлар ҳаётнинг энг зарур соҳаларида ўз олимлари йўқлигидан ғайридинларнинг ёрдамига муҳтожлар.
Бошқалар болаларини илм олишга ундасалар, мусулмонлар болаларини пул топишга, мол боқишга мажбур қиладилар.
Бошқаларда илм ва олимлар юксак қадрланса, мусулмонларда илм ва олимлар ерга урилади. Исломнинг илм дини эканининг аломати шуми?!
Қуръони Каримда илмга тарғиб қилувчи оятларга амал қилиш шуми?! Илм ҳақидаги ҳадиси шарифларга амал қилиш шуми?!
Бу ҳолатга барҳам бериш пайти келган. Ҳар бир мусулмон илмга нисбатан муносабатини Ислом таълимотига мувофиқ қилиб олиши керак. Ҳар ким ўзига керак нарсанинг илмини талаб қилиши лозим. Ҳар бир соҳада ўз эҳтиёжимизни қондирадиган олимлар тайёрлашимиз фарзи кифоя. Бўлмаса ҳаммамиз баробар гуноҳкор бўламиз.
Энди Қуръон тиловати ва уни ўрганиш масаласига ўтайлик.
Қуръон – илоҳий дастур, икки дунё саодатининг калити. Қуръон – тиловат қилиш, ўрганиш ва амал қилиш учун Аллоҳ томонидан юборилган. Уни тиловат қилиш ва ўрганиш юксак даражаларга етказади. Қуръонга амал қилиш улуғ мартабаларга етказади.
Бас, шундай экан, Қуръон тиловат қилмайдиган мусулмон бўлиши мумкинми?
Энди инсоф билан айтайлик, ичимиздан неча фоизимиз Қуръон ҳарфларини таниймиз?
Неча фоизимиз Қуръон тиловатини биламиз?
Неча киши Қуръонни аввалидан охиригача тўғри тиловат қила олади?
Неча киши Қуръоннинг маъноларини, ҳукмларини дарс қилиб ўқиган ёки ўқимоқда?
Ушбу саволларга жавобимизга қараб ўзимизнинг қандай мусулмон эканимизни билиб олишимиз мумкин:
Нима учун Қуръон ўқимаймиз, уни ўрганмаймиз?
Нима учун устимизга сакийна – хотиржамлик тушишини хоҳламаймиз?
Нима учун ўзимизни Аллоҳнинг раҳмати ўраб олишини истамаймиз?
Нима учун бизни фаришталар қуршаб олишини хоҳламаймиз?
Нима учун Аллоҳ бизни ўзига муқарраб (яқин) зотлар билан бир қаторда зикр қилишини истамаймиз?
Бу аҳволимиз ўта ачинарли ҳолдир. Мусулмонман, деган ҳар бир кишига Қуръон тиловат қилиш, уни ўрганиш фарз эканини тўлиқ тушуниб етишимиз керак. Ҳар бир мусулмон ўзининг илоҳий дастурини ўқиб-ўрганиши лозим. Бу ишда масжидлардан кенг фойдаланиш керак. Зотан масжиднинг бош вазифаларидан бири ҳам шу! Ҳадиси шарифда масжидда тўпланиб Қуръон тиловат қилиб, уни ўрганётган қавм ҳақида сўз кетмоқда. Авваллари алоҳида дарсхоналар, мадрасалар бўлмаган. Ҳамма нарса масжидда амалга оширилган.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳам саҳобаларга Қуръони Каримни масжидда ўтириб ўргатганлар. Кейинги авлодлар ҳам шундай қилишган. Ҳозирда ҳам мусулмон ўлкаларда Қуръон таълими асосан масжидларда бўлади. Агар шундай қилсак, Аллоҳ хоҳласа, аста-секин диний саводсизликка барҳам беришимиз мумкин бўлади.

 

«Ҳадис ва Ҳаёт», 30-жилд