A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръони каримнинг Қозон босмаси
PDF Босма E-mail

Баъзи манбааларда Волга (Идил) булғорлари Исломни милодий 922 йили қабул қилишган, дейилади. Аслида, динимиз бу ерларга аввалроқ кириб келган, бунгача ҳам қатор масжидлар ишлаб турган.
Ислом дини ёйилиши баробарида Булғор мамлакатида Қуръони Карим ва унинг тафсирлари ҳам пайдо бўла бошлайди. Ўша пайтда Қуръонни бошқа тилларга таржима қилиш анъанаси бўлмагани учун татарларда уни оғзаки тафсир ва таъвил қилиш авж олди. Туркий халқлар орасида маълум Табарий, Абу Бакр, Абдуссалом Қазвинийлар тафсири жуда катта — ўттиздан уч юз жилдгача бўлгани учун ундаги мазмун ва қиссаларни бадиий асар қилиш ҳам шакллана бошлади. Рабғузийнинг «Қисас ул-анбиё», Маҳмуд Булғорийнинг «Жаннат эшиги», Сайфи Саройининг «Туркий Гулистон» каби асарлари шулар жумласидандир.
Ўн тўққизинчи асрга келиб, татарлар орасидан Қуръони Карим маъноларини таржима ва тафсир қилган олимлар етишиб чиқди. Бу соҳадаги илк уринишни таниқли аллома Абдунносир Курсавий (1776-1812) амалга оширди. Ҳозир Қозон кутубхоналарида унинг қаламига мансуб «Ҳафтияк тафсири»нинг тошбосма нусхалари сақланмоқда. Татар тарихчиси ва адиби Тожиддин Ёлчигул (1768-1838) ҳам «Ҳафтияк»ка тафсир ёзган. Қуръони Каримнинг тўлароқ тафсирини татар тарихчиси ва илоҳиётчиси Ҳусайн Амирхонов (1814-1893) амалга оширди. Кейинчалик, 1910-1911 йиллари татар олими ва шоири Муҳаммад Содиқ Имомқулининг икки жилдли «Тасҳил ул-баён фит тафсир ул-Қуръон» китоби чоп этилди ва айнан шу тафсир яқинда Қатарда «Собиқ Совет Иттифоқи мусулмон туркларига совға» сифатида қайта нашр қилинди. Йигирманчи асрда татарлардан Шайхулислом Ҳамидийнинг «Ал-итқон фит таржимат ул-Қуръон» тафсири ҳам машҳур эди.
1907 йили Қозонда чоп этилган «Ал-итқон» нусхаси кейинчалик Япония, Туркия, Қатарда қайта нашр қилинди. Абдунносир Курсавийнинг шогирди Мулла Нўъмоннинг тафсири ҳам туркий халқлар ўртасида кенг тарқалган. Шунингдек, ўтган асрда Бурхон Шароф, Сунъатуллоҳ Бекпўлат, Мурод Рамзий, Мусо Бегиев ва бошқаларнинг тафсир ҳамда маъно таржималари пайдо бўлди.
Ўн тўққизинчи асрда Қозонда босмахоналар пайдо бўла бошлади. Аммо чор ҳукумати татарларга босмахона тутишга ижозат бермаган, татарча ва арабча китобларни нашр этиш рус матбаачилари қўлида эди. 1856 йили Кукубин босмахонасида Қуръони Карим чоп этилди. Афсуски, бу нашрда 356 та имловий хатога йўл қўйилган эди. Бироқ татарларнинг ўз вақтли матбуоти бўлмагани учун бу ҳолат кенг жамоатчилик эътиборидан четда қолди.
Ўша даврда Иван Николаевич Харитонов босмахонаси ном чиқарган эди. Татар ноширларининг ҳар қандай буюртмасини уддалашга қодир бўлган бу босмахонада ҳам Қуръони Карим чоп этилди. Аммо иш кўнгилдагидек бажарилмади: айрим оятлар икки-уч мартадан қайтарилган, баъзи оятлар эса тушиб қолган эди.
Матбуотда Харитоновни «фош этиш»га биринчи бўлиб ёзувчи Фотиҳ Амирхон журъат қилди. Матбаачи Харитонов бунга жавобан Қуръоннинг «хато босилган» нусхаларини янгисига алмаштириб бериш, «келгусида бундай хатога йўл қўймаслик» ҳақида баёнот билан чиқди. У бундай камчиликлар ҳар қандай матбаа корхонасида содир бўлиши мумкин, деб ҳисоблаб, ҳодисага унча жиддий қарамади. Бироқ бу унинг катта хатоси эди. Татар матбуоти якдиллик билан Харитоновга қарши шиддатли «ҳужум» бошлади. Кун тартибига Харитонов босмахонаси Қуръонни қасддан хато босганми ёки бу тасодифий ишкаллик эдими, деган масала қўйилди. Иван Харитонов босмахонада ҳарф терувчиларни Ризвон Шарипов ва Зиннат Ҳисматуллинларнинг бепарволиги туфайли хато кетиб қолган, дея тушунтирди. Лекин китобда матн диний кенгаш вакили Сафиуллоҳ Абдуллин томонидан текшириб чиқилган ва тасдиқланган, деб кўрсатилган эди. Бу Харитоновнинг яна бир хатоси эди, чунки Абдуллин китоб хомакисини мутлақо кўрмаган. Тўғри, унинг номи Қуръоннинг аввалги нашрларида ҳам бор эди, босмахонада бу нашрга ҳам унинг номини шундоққина кўчириб қўяқолди. Харитонов нега унга хомаки нусхани кўрсатмай, китобнинг ҳамма нусхасини бериб юборгани сирлигича қолди. Ўша пайтда Қуръонга талаб ниҳоятда катта бўлган (Русияда йилига икки юз минг нусха тарқаларди) шароитда «қўшимча» тираж босилгани ҳақида гумон пайдо бўлади. Ваҳоланки, чор Русиясида матбаачилик иши ҳукуматнинг қаттиқ назоратида бўлган.
Афтидан, Харитонов қуйма матнни яна бир бор мусулмон муҳаррирга кўрсатиб олишга эринган кўринади. Табиийки, қаттиқ ғазабланган Сафиуллоҳ Абдуллин диний кенгашга мурожаат қилиб, бу ишга алоқаси йўқлигини билдирган. Харитоновни судга бериш таклифи билан чиққанлар ҳам бўлди. «Харитонов иши» аста-секин сусайса ҳам, бу воқеа унинг корхонаси учун ҳалокатли бўлди — 1916 йили у босмахонасини сотиб, китоб ноширлигини бутунлай тарк этди.
Қуръони Каримнинг босма нусхасини Харитоновдан аввал Қозондаги «Сабоҳ» ва «Умид» босмахоналари эгаси Ҳабибраҳмон Забиров ҳам кўп нусхада чоп этган ва бу нусхалар Татаристондан ташқари Русия ҳамда Ўрта Осиёдаги бошқа мусулмон ўлкаларда ҳам кенг тарқалган эди. Октябрь инқилобидан кейин эса бу босмахоналар беркитиб ташланди. Орадан ўн беш йил ўтиб, 1932 йили Қозонда ғалати жиноий иш фош этилди: «Қозон шаҳридаги буржуа миллатчи унсурларни бирлаштирган Татаристондаги Султон Галиев ташкилоти филиали бир гуруҳ кадрларининг аксилинқилобий фаолияти ҳақидаги иш»ни тергов қилиш чоғида «чидаб бўлмас» жиноят очилди: Қозоннинг Комил Ёқуб номли босмахонасида Қуръони Каримнинг қуйма қолиплари топилди. Бу ҳамма масжидлар ёпилган, диний китоблар йўқ қилинган, муллалар ҳайдалган ёки таъқиб этилган ўлкада Совет ҳокимиятининг ўн беш йиллигига ғаройиб совға эди. Маълум бўлишича, Ҳабибраҳмон Забиров «Сабоҳ» ва «Умид» ёпилганидан кейин ҳукумат бир кун келиб яна Қуръонни чоп этишга ижозат беради, деган умидда Қуръони Каримнинг қуйма қолипларини яшириб қўйган экан. Бу ҳам камлик қилгандай, Маориф Халқ Комиссарлиги ҳайъатига Қуръонни ўз босмахоналарида чоп этган ўша қолиплар асосида қайта нашр этиш таклифини ҳам киритган экан. Забировнинг лойиҳасига кўра, Қуръоннинг бор нусхасини Татаристон ва Бошқирдистонни истисно қилган ҳолда, асосан, хорижга ва Совет Иттифоқининг миллий ўлкаларига тарқатиш мўлжалланган эди. Аслида, татар ноширининг бу таклифида жон бор эди. Чунки Қуръони Каримнинг Қозон босмаси ҳарфларининг очиқ-ойдинлиги ва аниқлиги билан бутун мусулмон оламида шуҳрат топган ҳамда Советларга катта даромад келтириши мумкин эди. Ўрни келганда шуни ҳам айтиш зарур, татар устаси Муҳаммад Идрисий ишлаб чиққан ёзув машинкасининг арабча ҳарф қолиплари кейинроқ Совет давлати томонидан араб мамалакатларига сотилган ва Шарқда машҳур бўлиб кетган.
Аммо ҳамма ёқда «халқ душманлари» тўлиб-тошган ўттизинчи йилларда тижорат-фойда ҳақида гапириш ўринсиз эди. Суд Ҳабибраҳмон Забировнинг интилишларини «муносиб» баҳолади: у ўзининг «фойдали таклифи» учун чекка шимолда ўташ шарти билан беш йил қамоқ жазосини олди.
Қуръони Каримнинг Қозон босмаси тарихи бу билан тугамайди. Ҳозир у дунёнинг кўпгина мусулмон ўлкаларида қайта-қайта чоп этилмоқда ва минглаб-миллионлаб мусулмонларнинг Аллоҳ каломи билан ошно бўлишларига имкон яратмоқда. Русия диёридаги илк босма китоблардан бўлган Қозон босма Қуръоннинг турк-татарларни Ислом асослари билан таништиришдаги аҳамиятини, бу соҳада татар матбаачилари ва ноширларининг хизматларини муносиб баҳолашга эса сўз бойлигимиз камлик қилади.

Озод ОХУНОВ,
Татаристон республикаси Фанлар академияси
Татар қомуси филиали катта илмий ходими.