A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Бу синовлар қачон битар экан?
PDF Босма E-mail

Бардам бўлинг... Баённоманинг учта жойига нақшинокор имзо қўйиб, инспекторга ҳайдовчилик гувоҳномамни топширдим. Асабим бузилган ҳолда машинамга ўтирдим. Тўғри, айб ўзимда. Салгина хушёрликни қочириб, қоидани буздим, аммо инспектор ҳам бир сафар огоҳлантириб қўйса-ку, бўларди! Майли, нима бўлгандан ҳам, мана энди, бир неча энг кам иш ҳақидан воз кечишга тўғри келади. Молиявий аҳволим-ку шу кунларда унчалик ҳам яхши эмас. Тижоратим юришмай турибди. Шу ҳисоб-китоблар ҳақида ўйлаб хушёрликни қочирган эдим, аслида.

Мана энди, муаммо устига яна муаммо! Бу муаммолар қачон битар экан?!

Шундай хаёллар ҳақида ўйлаб, турмушимдан ўзимга ўзим нолиб, машинамда кўзлаган манзилимга ҳам етиб келибман. Бувамларнинг уйи. Саксон олтига кирган бувамизнинг шу кунларда тоблари яхши эмас. Шу сабабдан ҳам  уй дарвозасидан қариндошларимизнинг бири кириб, бири чиқиб турибди. Ҳар куни бир неча киши суннатга риоя қилиб, касалнинг зиёратига келишади, у кишини ғанимат билиб, суҳбатига интизор ўтиришади. Мен ҳам одоб билан ўшалар қаторидан жой олдим.

Бувамиз ҳаётидаги турли воқеаларни ибрат учун бирин-кетин айтиб ўтирар эди. Мен эса  ўзимнинг муаммоларим билан овора. Қачон бу муаммолардан қутуламан-у, ҳаммага ўхшаб сокин ҳаёт кечираман деб  ўтирардим. Шунда бобомнинг бир насиҳатлари қулоғимга чалинди-ю, барча ҳаёлларим пучга чиқарди:

«… одам шунча ёшга кирсам ҳам, Аллоҳнинг синовлари тугамас экан…»

Ана холос, муаммоларим ҳали-бери тугамайдиганга ўхшайди.

* * *

Анбиё сурасида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
«Куллу нафсин зааиқотул-мавти ва наблукум бишшарри вал-хойри фитнатан ва илайнаа туржаъуун».

Маъноси: «Ҳар бир жон ўлимни татиб кўргувчидир. Биз сизларни ёмонлик ва яхшилик ила имтиҳон учун синаймиз  ҳамда бизгагина қайтарилурсиз». (Анбиё сураси 35-оят)

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло «наблукум» сўзини қўллади. Бу сўз «балаа» – «синамоқ» сўзининг ҳозирги-келаси замондаги кўринишидир. Грамматик қоидаларга асосланиб, уламоларимиз бу сўз орқали Аллоҳ таоло инсонларни ҳаёти давомида кетма-кет имтиҳон билан синаши ҳақида огоҳлантирмоқда дейишган.

Бу синовлар инсон бошига нафақат олдин ва кетин, балким  яхшилик ва ёмонлик кўринишида ҳам келиши мумкинлиги айтилган. Ҳаётимизда учрайдиган нафақат касаллик, ишсизик ва ҳоказо каби салбий ҳодисалар, балки  яхшиликлар ҳам биз учун имтиҳон экан. Бизнинг қанчалар шукрли эканимизни синаш учун юборилган синовлардир улар.

Юқоридаги оятдан ҳар бир инсон то ўлиб, Аллоҳ таолога қайтадиган кунигача турли синовлар билан кетма-кет синалиб туришини ўрганиб олдик. Аммо   шу инсонларнинг орасида энг кўп синовга учрайдиганлари кимлар?

Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда, у зот Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан инсонлар орасида энг оғир синовга дучор бўладиганлар кимлар деб сўраганида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) аввал пайғамбарлар, кейин одамларнинг энг яхшилари, сўнгра кейинги табақа яхшилар. Ҳар бир инсон ўзининг иймони даражасига кўра синалади, деганлари айтилган.

Қуръони Каримнинг Бақара сурасида Аллоҳ таоло Иброҳим (алайҳиссалом) ҳақида эслатиб, шундай дейди:

«Ва из ибтилаа Ибрааҳийма Роббуҳу бикалимаатин фа атамма ҳунна».

Маъноси: «Иброҳимни Роббиси калималар ила синаб кўрганда, у уларни батамом адо этганини эсла!» (Бақара сураси 124-оят)

Ушбу ояти каримада, Аллоҳ таоло Иброҳим (алайҳиссалом)ни «ибтилаа» қилганини айтади. «Ибтилаа» сўзи «балаа» – синамоқ сўзининг энг қийин, юқори даражадаги кўринишидир. Яъни Аллоҳ таоло уни оддий синовлар билан эмас, энг қийин синовлар билан синаган. Аллоҳ таоло оятнинг давомида «фа атамма ҳунна» дейди. Бунинг маъноси Иброҳим (алайҳиссалом) ўзига юборилган барча энг қийин ва энг оғир синовлардан муваффақиятли ўтди, уларни батамом адо этди, «беш олди» дегани. У барча синовларга керагича ёндашиб, ўзидан сўралган амалларни тўғри бажарди.

Деярли барча ота-оналар ўзлари учун ҳаётдаги энг оғир синов ҳақида сўралганида фарзанддан айрилиш эканлигини айтишади. Иброҳим (алайҳиссалом) кексайган вақтида фарзандли бўлди. Шунга қарамай, Аллоҳ таоло унга фарзанди ва хотинини кимсасиз саҳрода ҳатто бир сўз демай ёлғиз ташлаб кетиши кераклигини буюради. Овқатсиз, сувсиз, керакли жиҳозларсиз, ҳеч нарсасиз. Саҳронинг ўртасида бундай қолиб кетишлик деярли ўлим дегани эди.

Иброҳим (алайҳиссалом), уларни саҳрода қолдириб, ортга қайтиб кетаётганида нима деганини эсланг:

«Алҳамду лиллаҳиллазий ваҳаба лии аълаа ли-кибари Исмааъийла ва Исҳаақо инна Роббии ласамиъу ддуъаа.

Маъноси: «Кексалик пайтимда менга Исмоил ва Исҳоқни ато қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Албатта, Роббим дуони эшитгувчидир». (Иброҳим сураси 39-оят)

Иброҳим (алайҳиссалом)нинг барча синовлардан муваффақиятли ўтишининг асосий сири, муваффақият калити ушбу дуода ўрин олган. Бу шукрдир. У ўз фаразандидан айрилаётганига қарамай, Аллоҳга ҳамд айтди, ўзига аввал берилган неъматлар учун шукр қилди.

Ушбу воқеани яхшилаб ўрганиб, ундан ўзимиз учун фойдали сабоқ олишимиз мумкин:  қачонки Аллоҳ таоло бизни қийинчилик билан синаса, биз, авваламбор, Аллоҳ таолонинг бизга берган неъматлар учун Унга шукр қилмоғимиз кекак. Шундагина ушбу қийин синовлардан Иброҳим (алайҳиссалом)дек муваффақиятли ўтиб оламиз, иншааллоҳ.

Яна бир нарсани унутмангиз: сиз қанча кўп шукр қилсангиз, сизга яна шунча кўп неъмат берилади:

«Ва из тааззана Роббукум лаин шакартум лазийданнакум ва лаин кафартум инна ъазаабий лашадийд».

Маъноси: «Ва Роббингиз сизга: «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир», деб билдирганини эсланг». (Иброҳим сураси 7-оят)

* * *

Вақт ўтиб, муаммоларим ўз-ўзидан ечилиб кетди. Аллоҳ таоло ишларимга барака бериб, жаримани тўлаб, гувоҳномани ҳам олдим. Бошқа ишларим ҳам юришиб кетди. Ана энди, синовлар битди, тугади. Энди бу ёғи фаровон ҳаёт, худо хоҳласа, деб ўйлаб юрувдим, Аллоҳ таолонинг  «ва наблукум бишшарри вал-хойри фитнатан», яъни Биз сизларни ёмонлик ва яхшилик ила имтиҳон учун синаймиз, деган ояти каримаси эсимга тушди. Демак, аввалги қийинчиликларим синов эмас, бу фаровон ҳаётим ҳам Аллоҳ таоло томонидан беридган яхшилик кўринишидаги синов экан. Ҳа, синовлар ҳали-бери тугамас экан.

Аллоҳ таолодан ҳаётимиздаги ёмонлик кўринишидаги синовлардан сабр билан, яхшилик кўринишидаги синовларга шукр қилиб, Иброҳим (алайҳиссалом)дек ўша синовларни батамом адо этишликни, ушбу дарсдан кераклича сабоқ олиб ва ҳаётимизга тадбиқ қилишимиз учун тавфиқ беришини сўраймиз, Омийн!