A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръони каримда носих ва мансух оятлар
PDF Босма E-mail

Араб тилида “Насх” сўзи бир неча маънони англатади:

1.    Ўчириш, кетказиш. Бунда маъноси бутунлай йўқ бўлиб, ўрнига ҳеч нарса қолдирилмайди. Масалан: “الظل  نسخت الشمس” ٍяъни, “Қуёш сояни кетказди.”. Қуйидаги ояти кариманинг маъноси ҳам шунга ўхшаш:فينسخ الله ما يلقي الشيطان  “Бас, Аллоҳ шайтон ташлайдиган нарсани бекор қилур”. Ҳаж-52

2.    Кўчириш, нусха олиш. Масалан: “نسخت الكتاب” “Китобдан нусха кўчирдим”. Қуйидаги ояти каримада шундай маъно исталган: “إنا كنا نستنسخ ما كنتم تعملون” “Албатта, биз сизлар қилаётган нарсадан кўчирма олувчи эдик”. Жосия-29
3.    Буриш, айлантириш. Масалан: “تناسخ المواريث من واحد إلى واحد آخر”. Яъни, “Бир одамнинг меросини бошқасига буриш” Бу ерда мерос ўзгаргани йўқ, балки унинг эгаси ўзгарди.
4.    Ўзгартириш. Масалан: “نسخ القاضي الحكم”.  Яъни, “Қози ҳукмини ўзгартирди.” Қуръони каримдаги насх шу маънони билдиради.
Демак, шариъатда бир шаръий ҳукмни бекор қилиб, унинг ўрнига бошқа ҳукмни жорий қилишга “насх” дейилади.
Насх ҳақидаги ояти кариманинг нозил бўлишига қуйидаги воқеа сабаб бўлган. Яҳудийлар Пайғамбаримиз с.а.в.нинг устиларидан кулишиб: “Муҳаммаднинг қилган ишини кўринглар, ахир умматларига бугун бир ишни буюриб, эртага ундан қайтариб, ўрнига бошқа ишни буюриши, бугун бир гапни айтиб эртага ундан қайтиши ажабланарли эмасми?! Бу Қуръон Муҳаммаднинг ўз ичидан тўқиб чиқариб, ёзаётган нарсадан бошқа эмас. Шунинг учун бир оятнинг маъноси иккинчисига мос келмайди”, -дейишарди. Аллоҳ таоло уларнинг гапларига рад жавоб сифатида қуйидаги насх оятини нозил қилди.
ما ننسخ من آية أو ننسها  نأت بخير منها أومثلها ألم تعلم أن الله علي كل شيء قدير
“(Эй, Муҳаммад) бирор оятни бекор қилсак ёки ёдингиздан чиқартирсак, ундан яхшироғини (умматингизга муносиброғини) ёки ўшанинг (айнан) ўзига тенг (бошқа оятни) келтираверамиз”.  (Бақара-106)
Яҳудийлар шариатда насх бўлишини бутунлай инкор қиладилар. Ҳолбуки, насх барча самовий китоблар ва шариатларда бўлган. Тавротда ёзилишича, Одам алайҳиссаломнинг шариатларида ака сингилнинг никоҳига ижозат берилган эди. Кейинги пайғамбарлардан бирининг шариатига мувофиқ, бундай никоҳ ҳаром қилинган. Қуръони каримда хабар берилишича, Исо алайҳиссаломга пайғамбарлик мақоми берилгандан сўнг, ўз умматлари бўлган яҳудийларга: “Мен ўзимдан олдинги (нозил этилган) Тавротни тасдиқлаш ва сизлар учун ҳаром қилинган айрим нарсаларни ҳалол қилиб бериш учун келдим”, -деб ўзларини таништирганлар.
Ислом уламоларидан Абу Муслим ал- Исфаҳоний Қуръони каримдаги насхни инкор қилади ва сўзининг исботи сифатида далиллар келтиради.

1.    Аллоҳ таоло Қуръони карим ҳақида шундай деган:
إنه لكتاب عزيز لا يأتيه الباطل من بين يديه ولا من خلفه
“Шубҳасиз, у азиз китобдир. Унга олдидан ҳам, ортидан ҳам (ҳеч қандай) ботил (ноҳақлик) келмас”. Фуссилат 41-42. Агар насх жоиз бўлса, унга ботил келганлиги маълум бўлади.
2.    Насх ҳақидаги ояти карима аввалги китоблар: Таврот ва Инжил шариатларининг насх қилинганлигига далолат қилади. Ёки “Лавҳул маҳфуз”дан  нусха кўчириш маъносини беради.
3.    Ояти кариманинг маъноси насх содир бўлганлиги ҳақидаги хабар эмас, балки агар насх содир бўлса, аввалгсидан яхшироғига бўларди, деган фаразни ифода қилади.
Абу Муслимнинг фикрига қарши Жассос ўзининг “Аҳком ал-Қуръон” номли тафсирида шундай ёзади: “Фиқҳ илмидан бехабар бўлган баъзи мутааххир уламолар  Пайғамбаримиз (сав)нинг шариатларида насх йўқ, Қуръони каримда насх ҳақида келган оятларнинг ҳаммаси аввалги пайғамбарлар шариатларининг насх этилиши ҳақида эди, деб даъво қиладилар. Бундай гаплари билан улар ўзларининг тавфиқдан йироқ кишилар эканлигини изҳор қиладилар. Чунки Ислом шариатида насх бўлганлигини мутақаддим олимлар ҳам, мутааххир олимлар ҳам очиқ ойдин эътироф этадилар. Исломда бунга мисоллар керагидан ҳам кўпроқдир. Қуръонда насх йўқ, деган кимса, носих ва мансух оятлариниг тафсирида Ислом умматига қарши туриб, ўзининг тахминий фикрларини айтади ва шу сабабдан катта гуноҳни содир қилади.
Мусулмонларнинг жумҳур уламолари Қуръони каримда насх содир бўлганига ва Пайғамбаримиз (сав)нинг нубувватлари ҳам насх орқали ўз тасдиғини топганлигига иттифоқ қиладилар. Зеро, Пайғамбар ўзидан олдинги пайғамбарнинг шариатини бутунлай ёки қисман ўзгартириши учун пайғамбар этиб юборилади.
Жумҳур уламолар Қуръони каримда насх борлигига ҳужжат ва Абу Муслим ал-Исфаҳонийнинг далилларига раддия сифатида бир неча далилларни келтирадилар. Маслан:
Аллоҳ таолонинг ояти каримасида ш
ундай дейилган:
ما ننسخ من آية أو ننسها  نأت بخير منها أومثلها ألم تعلم أن الله علي كل شيء قدير
“(Эй, Муҳаммад) Бирор оятни бекор қилсак ёки ёдингиздан чиқартирсак, ундан яхшироғини (умматингизга муносиброғини) ёки ўшанинг  (айнан) ўзига тенг (бошқа оятни) келтирамиз”. Ушбу оятнинг маъноси насхнинг содир бўлганига очиқ-ойдин далилдир. Қуръони каримда эса қибла, идда, жиҳод ва бошқа ҳукмларда насх мавжуд.
Қуръонда насхнинг мавжудлигига уламолар иттифоқ қилган ҳолда, уни уч қисмга бўладилар:
1.    Тиловати ҳам ҳукми ҳам насх қилинган оятлар.
2.    Тиловати насх қилинган, ҳукми қолдирилган оятлар.
3.    Тиловати қолдирилган, ҳукми насх қилинган оятлар.
4.   
Биринчи қисмга кирувчи оятлар Қуръонда деярли кўп эмас. Оиша онамиз (р.а.)дан ривоят қилинади: “Қуръонда нозил қилинган нарсалардан ўн маълум эмизиш ҳаром қилиши эди, сўнгра улар беш маълум билан насх қилинди. Росулуллоҳ с.а.в. вафот этганларида улар Қуръонда ўқилаётган нарсалар ичида эди”. Ал-Фахр ар-Розий айтадилар: “Мазкур ҳадиснинг биринчи ярми “тиловати ҳам, ҳукми ҳам насх қилинган”, иккинчи ярми, яъни “беш марта...”эса имом Шофеъий р.а. наздиларида “тиловати насх қилинган, ҳукми қолдирилган”.

Иккинчи қисм (тиловати насх қилинган, ҳукми қолдирилган)га кирувчи оятлар ҳам саноқлидир. Аз-Заркаший “ал-Бурҳон”да ёзишларича, “Нур” сурасида шундай оят бўлган:
الشيخ والشيخة إذا زنيا فارجموهما البتة نكالا من الله والله عزيز حكيم
“Чол ва кампир агар зино қилишса, икковини ҳам тошбўрон қилинглар, бу Аллоҳнинг қатъий жазосидир. Аллоҳ азиз ва ҳакимдир”.
Умар ибн Хаттоб р.а.: “Агар одамлар Умар Аллоҳнинг китобига қўшимча қилди”, -дейишмаганда эди, мен ушбу оятни ўз қўлларим билан ёзиб қўярдим”, -деганлар.

Учинчи қисмга кирувчи (тиловати қолдирилган, ҳукми насх қилинган) оятларнинг қанчалиги ҳақида уламолар турли фикрларни айтганлар. Баъзилар йигирмата, баъзилар бешта деганлар. Аз-Заркашийнинг ёзишларича, Қуръони каримнинг олтмиш учта сурасида “Ҳукми насх қилинган, аммо тиловати қолдирилган” оятлар мавжуд. Булар жумласига “Васият” ояти, “идда” ояти, Пайғамбаримиз (сав)дан савол сўровчи одамнинг аввал “садақа бериши” ҳақидаги оят, “Мушриклар билан жанг қилмаслик” ояти ва бошқа оятлар киради. Бундай ихтилофларнинг келиб чиқиши уларнинг носих ва мансухга берган таърифлари эътиборидан ва баъзи қайдларни ҳам насхга қўшиб юборганликларидандир.
Шайх Ҳибатуллоҳ ибн Салома “носих ва мансух” рисолаларида насх оятлари тартибини шундай белгилаганлар: “Билингки, шариатимизда биринчи насх намозда, иккинчиси қиблада, кейин рўза, мушриклардан юз ўгириш, жиҳод, аҳли китоблардан жизя олиш, мерос, жоҳилият аломатларини бузиш ишларида бўлган”.
Қуръон оятларини Қуръон билан насх қилиш, суннатни Қуръон билан, суннатни суннат билан насх қилиш борасида уламоларда ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Аммо Қуръон оятларини суннат билан насх қилиниши борасида жумҳур уламолар билан имом Шофеъий р.а. ўрталарида ихтилоф мавжуд.
Имом Шофеъий р.а.нинг фикрларига қараганда, Қуръон оятлари оят билан насх қилинади, бироқ уни суннат билан насх қилиш мумкин эмас. Имом Шофеъий ўз фикрларини исботи сифатида бир неча далилларни келтирганлар:
1.    Аллоҳ таоло насх борасида келтирган ояти каримада: “Бирор оятни бекор қилсак...” –деб, насхнинг нисбатини ўзига берган. Ўзининг каломи эса оятдир, суннат эмас.
2.    Аллоҳ ояти каримада: “Ундан яхшироғини... келтирамиз”, -деган. Суннат оятдан яхшироқ бўлмайди.
3.    Аллоҳ таоло насх оятининг давомида “Аллоҳни ҳар нарсага қодир эканини билмадингизми?!” –деб хитоб қилади. Демак, насх қилиш, бир оятни иккинчиси билан алмаштириш фақат Аллоҳнинг қўлидан келади. 
4.    Аллоҳ таоло яна бир оятда “Агар бир оят ўрнига бошқа бир оятни алмаштирсак”, -деган. Демак, оятларни алмаштириш фақат Аллоҳнинг қудратидандир.
Жумҳур уламолар: “Қуръони каримни суннат билан ҳам насх қилинади” –деган фикрларининг исботи учун имом Шофеъийнинг қаршиларига қуйидаги далилларни келтиради:
1.    Аллоҳ таолонинг ушбу:
كتب عليكم إذا حضر أحدكم الموت إن ترك خير الوصية للوالدين و الأقربين بالمعروف
“Қайси бирингизга ўлим ҳозир бўлса ва ўзидан бирор яхшилик (бойлик) қолдираётган бўлса, ота-она қариндошларига маълум миқдорда васият қилиш битилди (фарз қилинди)”, -деган ояти каримасидан чиқадиган “Васиятнинг фарзлиги” ҳукми Пайғамбаримиз (сав)нинг: “Огоҳ бўлинглар меросхўрга васият қилинмайди”, -деган ҳадислари билан насх қилинган.
2.    “Нур” сурасининг ушбу:
الزانية و الزانى فاجلدوا كل واحد منهما مئة جلدة
“Зинокор аёл ва эркакнинг ҳар бирини юз даррадан уринглар!”-деган оятидаги юз дарра уруш ҳукми Пайғамбаримиз (сав)нинг “Турмуш қурган эркак ёки аёлни тошбўрон қилиш” тўғрисидаги ҳадислари билан насх қилинган.
3.    Қуръонда келган ҳукмлар ҳам, суннатда келган ҳукмлар ҳам, гарчи номи бошқа-бошқа бўлсада, Аллоҳнинг ҳукмларидир. Зеро, Пайғамбаримиз (сав) Аллоҳнинг изнисиз ҳеч бир сўзни гапирмаганлар. Аллоҳ айтади:
"و ما ينطق عن الهوى إن هو إلا وحى يوحي"
“(Муаммад Қуръонни) ўз хоҳиши билан сўзламас, у (Қуръон) фақат Аллоҳ томонидан ваҳий қилинаётган бир ваҳийдир”.
4.    Имом Шофеъийнинг далиллари заиф ва мужмалдир. Чунки Аллоҳ айтган “Хайрият” сифатини оятларга мансуб, деб бўлмайди. Оятларнинг бирортаси иккинчисидан яхшироқ эмас, балки барчаси бирдир. Бироқ носих ҳукм мансух ҳукмдан афзалроқ ва яхшироқ бўлиши мумкин. Бандаларнинг ислоҳи учун Аллоҳ таоло оят ёки суннат билан ҳукмлар ўрнини яхшироғига алмаштириши мумкин.
Демак, жумҳур уламоларинг далилларидан маълум бўладики, Қуръони карим оятлардаги  ҳукмлар  оятлар ва ҳадислар билан насх этилиши мумкин.
Уламолар: “Насх учун келган ҳукм мансухдан енгил ва осон бўладими ёки оғирроқ бўлиши  мумкинми?”- деган саволга берган жавоблари турличадир.
Имом ал-Фахр ар-Розий шундай ёзадилар: “Баъзи олимлар: “Носихнинг мансухдан оғирроқ бўлиши мумкин эмас, чунки Аллоҳ таоло Қуръонда: “Ундан яхшироғини...”келтирамиз”, – деган. Яхшироқ ҳукм оғирроқ бўлиши мумкин эмас”,- дейдилар. Уларга жавоб шуки:  “Оятдаги “ундан яхшироғи” жумласи “охиратда ажру савоби улуғроғи” деган маънони ҳам билдиради-ку?!” Ҳолбуки, Қуръондаги носих ҳукмлар мансух ҳукмларга нисбатан уч хил даражада келган:
1.    Зинокор аёлни то ўлгунча уйга қамаб қўйиш жазоси мансух қилиниб, унинг ўрнига дарра уриш ёки тошбўрон қилиш ҳукми жорий бўлди. Ашуро ойида ўн кун рўза тутиш ўрнига бир ой Рамазон рўзаси фарз бўлди. Намоз икки ракатдан фарз қилинган эди. Кейин насх қилиниб, сафарда бўлмаган кишилар учун тўрт ракатдан ўқиш фарз қилинди. Бу мисолларда носих мансухга нисбатан қийинроқ ва машаққатлироқдир.
2.    Эри вафот этган аёлнинг идда муддати аввал уйидан чиқмасдан бир йил ўтириш эди. Кейин у насх қилиниб, тўрт ой-ю ўн кунга қисқартирилди. Кечаси туриб намоз ўқиш фарз эди, кейин у насх қилиниб, ихтиёрийга айлантирилди. Бу мисолларда носих мансухга нисбатан енгилдир.
3.    Қибланинг Байт ал-Мақдисдан Байт ал-Ҳаромга айлантирилиши эса носих ва мансухнинг тенлигига мисолдир.

Насхнинг ҳикмати
1.    Бандалар фойдасининг риояси.
2.    Инсоларнинг ҳоли ва даъватнинг ривожланишига қараб шариатнинг тараққий этиши.
3.    Мукаллафларни Аллоҳнинг амрига бўйсуниш ёки бўйсунмаслигини имтиҳон қилиш.
4.    Умматга яхшилик ва енгилликни ирода қилиш. Чунки насх агар машаққатлироқ нарсага бўлса, савобнинг зиёдаси бордир. Агар енгилроқ нарсага бўлса енгиллик ва осонлик бордир.

Баъзи оятларнинг ҳукми насх қилиниб тиловати боқий қолиши ҳикмати
1.    Қуръони каримнинг ҳукмини ўрганиб, унга амал қилиш учун тиловат қилингани каби  Аллоҳнинг каломи бўлиб, унинг тиловатига савоб берилгани учун ҳам ўқилади.
2.    Кўпинча насх енгилликка бўлади.  Бунда неъматни яъни, машаққат кўтарилиб ўрнига енгиллик берилганини эслатиш учун  бўлади.

Қудратуллоҳ Сидиқметов тайёрлади