A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/743690ramazon_1438.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/810343muborak_kecha.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/155397ramazonda_sizni.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръон илоҳий китобдир!
PDF Босма E-mail

Кейинги пайтларда интернет ижтимоий тармоқларида айрим «билимдон» динсизлар томонидан динимизнинг асоси бўлган Қуръони Каримни обрўсизлантиришга қаратилган турли сафсаталар тарқаб қолди. Бу туҳматчилар ичида ўзбек миллатига мансуб ва ота-боболари мусулмон бўлган шахслар ҳам борлиги кишини яна ҳам ранжитади. Ўзларини жуда билимдон фаҳмлаётган бу ўзбек худосизларнинг айтаётган дийдиёлари аслида янгилик бўлмай, асосан Ғарб мустамлакачиларининг малайлари бўлган ғарблик шарқшуносларининг чириган фитналаридан иборатдир. Аслини олганда, Қуръонга нисбатан отилган бу таъналарга Ислом уламолари аллақачон керакли жавобни бериб, душманларнинг даъволари пуч эканини илмий далиллар билан исботлаб қўйишган. Бироқ, бундан бехабар зумрашалар ўзларича янгилик кашф қилгандек оғиз тўлдириб, чайналиб ётишибди. Бу ҳам бўлса, ўша ўзбек йигитларининг мусулмон фарзанди бўла туриб ўз динини етарли ва ўз манбасидан ўрганмаганининг оқибатидир. Шу боис, ҳозир биз Қуръони Карим ҳақидаги шубҳаларга қарши раддия бўлувчи илмий далиллардан айримлари ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз.

Биринчидан: Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг муқаддас китобларда айтилган сифатлари.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча пайғамбарлар наздида буюк мартабада эдилар. Зеро, у зотнинг пайғамбар этиб юборилишлари ва васфлари Мусо алайҳимассалом индирилган Тавротда ҳам, Ийсо алайҳиссаломга нозил қилинган Инжилда ҳам башорат қилинган. Ўша китобларда Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлик белгилари тўғрисида очиқ-ойдин хабарлар келган.
Жумладан, Юҳанно ўз Инжилида шундай ёзади: «Мунҳаманно келганида эди, уни Аллоҳ таоло Ўз ҳузуридан сизларга юборур ва у Руҳулқудус Парвардигор хузуридан бир гўзал намунадир. У менга гувоҳлик берувчидир ва сизлар ҳам (гувоҳлик берувчисизлар). Чунки сизлар аввал бошдан мен билан бу ишдасизлар. Сизларга бу хабарни шакка тушмаслигингиз учун айтдим».
«Мунҳаманно» сурёний тилида Муҳаммад (доимо мақталувчи) демакдир. Эски рум тилида эса бу исм «Бирқлитус» шаклида ифодаланган.
Католик оиласида туғилиб, тарбия топган ва шу дин асосида илоҳиётчи роҳиб бўлган, сўнгра Қуръонни ўқиб, Исломга кирган инжилшунос профессор Абдулаҳад Довуднинг баён қилишича, Юнон тилида ёзилган «Юҳанно» Инжилида зикр этилганидек, Ийсо алайҳиссалом башорат қилган пайғамбар «Бараклитус» шаклида қўлланган. Бу исм маъно ва мазмунда «Аҳмад» исмига тўла тўғри келади.
Профессор Инжилдан яна бир бошқа матнни қуйидагича нақл қилади: «Барча умматлар ларзага келади. Барча халқларга «Ҳимада» келади. Бу уй буюкликка лиммо-лим тўлади. Аскарлар Роббиси худди шундай деган. Кумушга эгалик қилади ва олтинга эгалик қилади (яъни унинг пайғамбарлиги бутун дунёни қамрайди). Бу уйнинг охирги зафари аввалги зафаридан буюк бўлади. Аскарлар Роббиси худди шундай демоқда. Бу жойда салом берилади. Аскарлар Роббиси худди шундай демоқда».
Абдулаҳад Довуд юқоридаги башоратни шарҳлаб шундай дейди: «Юқорида зикр этилган қисмни ўзимда мавжуд бўлган ва амакимнинг қизи, инжилшунос олима Ошурия хонимдан олиб турган инжилнинг бир нусхасидан таржима қилган эдим. Ушбу нусха ўз замонасининг кенг муомалада бўлган тилида битилган. Аммо Муқаддас Китобнинг инглизча таржимасига мурожаат қилганимизда, асл иврит тилидаги «Ҳимада» ва «шолум» каби сўзлар тинчлик ва таслим бўлиш каби сўзларга таржима қилинган.
Профессор Абдулаҳад ўзининг «Муҳаммад Муқаддас Китобда» номли китобида «Юҳанно Маъмадон Муҳаммад билан огоҳлантирган» деган фасл очиб, «Барнаба» инжилидан Ийсо ибн Марям Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) руҳи ҳақида гапирганини нақл қилади ва «Барқлийт» исми «Аҳмад» ёки «Муҳаммад» маъноларини англатишини исботлаб, шундай деган эди: «Қуръон оятлари Ийсо ибн Марям ҳақида гапирар экан, уни Бану Исроил қавмига пайғамбар эканини эълон қилиб, қуйидагича айтган:
وَإِذْ قَالَ عِيسَى ابْنُ مَرْيَمَ يَا بَنِي إِسْرَائِيلَ إِنِّي رَسُولُ اللَّهِ إِلَيْكُمْ مُصَدِّقًا لِمَا بَيْنَ يَدَيَّ مِنَ التَّوْرَاةِ وَمُبَشِّرًا بِرَسُولٍ يَأْتِي مِنْ بَعْدِي اسْمُهُ أَحْمَدُ فَلَمَّا جَاءَهُمْ بِالْبَيِّنَاتِ قَالُوا هَذَا سِحْرٌ مُبِينٌ
«Эсланг, Ийсо ибн Марям: «Эй, Исроил авлоди! Мен Аллоҳнинг сизларга пайғамбаридирман. Мен ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқловчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир пайғамбар ҳақида хушхабар берувчиман», деган эди. Бас, қачонки, (Ийсо) уларга (пайғамбар эканига) оят мўъжизаларни келтиргач, улар: «Бу аниқ сеҳр», дедилар».
Бу оят Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақиқатда пайғамбар эканига ва Қуръон илоҳий китоблигига энг кучли далилдир. Зеро, «Барқлийт» сўзининг Аҳмад маъносини билдириши ҳақида хабар бериш Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламнинг қудратидаги иш бўлмаган. Бу фақатгина ваҳий ва илоҳий индириш орқали бўлиши мумкин. Қуръон ҳужжати қатъийдир, чунки юнонча исмнинг сўзма-сўз далолати аниқ-равшан, ҳеч шак-шубҳасиз Аҳмад ва Муҳаммад исмларининг маъносига мос келмоқда.
Шайх Абдулфаттоҳ Нажжор италян шарқшуноси Карлонлино билан «Барклийт» исми ҳақида қилган суҳбатини эслаб, (улар ўртасида дўстлик бўлган), қуйидагича ёзган эди: «Мен Карлонлинодан «Барклийт»нинг маъноси ҳақида сўрадим. У менга: «Роҳиблар бу сўзнинг маъносини «таскин берилувчи» (таъзия изҳор қилинувчи) деб айтадилар», деди. Шунда: «Мен қадимий юнон тили ва адабиёти бўйича докторлик даражасини олган Доктор Карлонлинодан сўраяпман, роҳибдан эмас», дедим. У: «Бу сўзнинг маъноси «кўп мақтовлар бўлсин»дир, деб жавоб берди. «Демак, бу араб тилидаги حمد феълининг орттирма даражаси (яъни, احمد Аҳмад) сўзига мувофиқ келар эканда а?» дедим. У: «Ҳа», деди. Мен: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларидан бири Аҳмаддир», дедим. Шунда Доктор: «Дўстим, сен кўп нарсани биласан да», деди. Кейин биз бир-биримиз билан хайрлашдик. Масиҳ алайҳиссаломдан Аллоҳ ҳикоя қилган «Саф» сураси 6-оятининг (яъни юқоридаги оят) маъноси иймонимнинг янада кучлироқ бўлишига сабаб бўлди».
Қуръони Карим оятларидан ташқари Мутъим ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисни далил сифатида келтириш мумкин: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Менинг бешта исмим бор: Мен Муҳаммадман, Мен Аҳмадман, Мен Моҳийман: Аллоҳ мен сабабли куфрни ўчиради, Мен Ҳоширманки, (қиёмат куни) менинг олдимда инсонлар ҳашр қилинади ва мен уларнинг ортида бўламан».
У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа исмлари ҳам бор. Ҳофиз ибн Ҳажар айтади: «Бу ҳадиси шарифдаги мазкур исмларни бештага чегаралашнинг ҳикмати шуки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдинги китобларда ва ўтган умматлар орасида мавжуд бўлган энг машҳур исмлари шулардир».
Шунингдек, Имом Бухорий ўзининг «Саҳиҳ»ида «Пайғамбарлик аломатлари» мавзусига бир бобни киритган ва унда Соиб ибн Язиддан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки елкалари ўртасида пайғамбралик муҳрини кўрганини ривоят қилган.
Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний пайғамбарлик белгисининг сифати ҳақида шундай деган: «Бу белги Пайғамбариз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки елкалари орасида бўлиб, аҳли китоблар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни у орқали танир эди».

Иккинчидан: Қуръоннинг мўъжиз – ожиз қолдирувчилиги.
Қуръон карим Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ижоди бўлганда араблар у билан баҳслашишдан ожиз қолмаган бўларди. Ҳолбуки, уларнинг ичида машҳур сўз усталари, шоирлар, фасиҳатли ва балоғатли сўзловчи нотиқлар бўлган. Ўша пайтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонга ёки  бирор сурага ўхшаш нарсани айтишни талаб қилиб баҳсга чақирар эди. Мушриклар Қуръонга қарши чиқиш ва уни ёлғон деб даъво қилиш пайидан бўлишларига қарамасдан, унинг қаршисида ожиз қолар эдилар.
Қолаверса, Қуръони Карим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзи бўлиши учун у зот пайғамбарликдан олдин ўқишни ва ёзишни ўрганган бўлишлари керак эди. У зот уммий бўлишларига қарамай, олдинги умматларнинг қиссаларидан дин душманлари танқид қила олмайдиган даражада ўта аниқлик билан маълумот берганлар ва бу фақатгина ваҳий орқали бўлиши мумкинлиги ҳар қандай ақли расо одамга аёндир.
Қуръони Карим агар башар сўзи бўлганида, бугунги кунимизгача мусҳафларда ва инсонларнинг қалбларида сақланиб қолмаган, аллақачон ўзгариб кетган бўлар эди. Бироқ, илоҳий ваъдагина бунга тўсқинлик қилди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бу ҳақда шундай деган:
إِنَّا نَحْنُ نَزَّلْنَا الذِّكْرَ وَإِنَّا لَهُ لَحَافِظُونَ
«Албатта, бу зикрни (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва уни Ўзимиз асрагувчидирмиз».

Учинчидан: Келажакка оид ғайбий хабар ва кашфиётлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айрим содир бўлган ва бўладиган ғайбий ишлар ҳақида сўзлайдиган оятларни келтирганлар.
وَعِنْدَهُ مَفَاتِحُ الْغَيْبِ لَا يَعْلَمُهَا إِلَّا هُوَ
«Ғайбнинг калитлари Унинг ҳузурида бўлиб, Уларни унинг Ўзидан бошқа ҳеч ким билмас».
Юқоридаги, ояти каримадаги «калитлари» деган сўзни Доктор Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайҳ «дастурлари», «қонунлари» деб шарҳлаб, Қуръондаги ғайбий илмлар Аллоҳ таолонинг қудрати, вақтлар ўтиши билан бандалар томонидан тажрибалар орқали топилиши мумкинлигини, лекин Қуръон ғайбий илмларни ҳеч қандай тажрибасиз олдиндан, келажакда бўлишини баён этишини таъкидлаган.
لَتُبْلَوُنَّ فِي أَمْوَالِكُمْ وَأَنْفُسِكُمْ وَلَتَسْمَعُنَّ مِنَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ مِنْ قَبْلِكُمْ وَمِنَ الَّذِينَ أَشْرَكُوا أَذًى كَثِيرًا وَإِنْ تَصْبِرُوا وَتَتَّقُوا فَإِنَّ ذَلِكَ مِنْ عَزْمِ الْأُمُورِ
«Мол-мулкларингиз ва жонларингиз (офати ва мусибати) ила синалурсизлар. Шунингдек, сизлардан олдин Китоб берилганлар ва мушриклардан кўп азиятли гапларни эшитасизлар. Агар сабр қилсаларингиз ва тақволи бўлсаларингиз, албатта, бу салмоқли ишлардандир».
Оятдаги дин душманлари томонидан айтиладиган гап сўзлар мусулмонларга етказиладиган азоб-уқубатлар бўлиб, агар рисолат Аллоҳ таоло томонидан бўлмаса, ҳеч қачон рўёбга чиқмаслиги хабар берилмоқда. Чунки, бу иш фақатгина Аллоҳ таолонинг Ўзигина биладиган ғайбий илмдир.
Шу ўринда француз шифокори Морис Букайнинг Ислом ҳақидаги эътирофини ҳам эслаб ўтиш жоиз: «Қуръонда ҳар бир даврдаги илм эгалари учун барча фойдали маълумотлар очиқ-равшандир. Замонавий илмий уйғониш сабабли ҳозирги даврдагина маъноларини тушуниш мумкин бўлган табиий фанлар ҳақидаги маълумотларни ҳам Қуръони Карим ўз ичига олади. Бу ҳақда кўплаб мисолларни «Қуръони карим, Таврот, Инжил ва илм-фан» номли китобимда ёзган эдим. Масалан, инсоннинг насли ва психологияси ҳақидаги кузатувларни айтиб ўтиш мумкин. Ушбу маълумотларни Париждаги тиббиёт академиясига тақдим қилганимда, муассаса бу илмлар замонавий кашфиётларга мутлақо мувофиқ эканини очиқ-ойдин таъкидлаган. Бундай маълумотлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ноаниқ бўлгани ҳаммага маълум. Демак, бу маълумотлар мелодий еттинчи асрнинг ёзма манбаларида мавжудлиги инсон ақли билан изоҳлаш мумкин бўлмаган ишдир. Зеро, тарихий фактлар буни тасдиқлаган».

Тўртинчидан: Итоб оятлари ва ифк воқеъаси.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан койиш маъносида нозил бўлган оятлар ҳам Қуръоннинг Аллоҳ таолодан эканига далил бўлади. Бу борада бир неча оятларни эслаб ўтиш мумкин:
عَبَسَ وَتَوَلَّى (1) أَنْ جَاءَهُ الْأَعْمَى (2) وَمَا يُدْرِيكَ لَعَلَّهُ يَزَّكَّى (3)
«(Муҳаммад) юзини буриштирди ва юз ўгирди. Зеро, унинг ҳузурига кўзи ожиз одам келган эди. (Эй, Муҳаммад!) Сиз қаердан ҳам билурсиз, эҳтимол, у (Сиздан фойдаланиб, ўз гуноҳларидан) покланар».
يَا أَيُّهَا النَّبِيُّ لِمَ تُحَرِّمُ مَا أَحَلَّ اللَّهُ لَكَ تَبْتَغِي مَرْضَاتَ أَزْوَاجِكَ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ
«Эй, Пайғамбар! Нега хотинларингизнинг розилигини истаб, Аллоҳ Сиз учун ҳалол қилган нарсани (асални) ҳаром қилиб олурсиз! Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир».
عَفَا اللَّهُ عَنْكَ لِمَ أَذِنْتَ لَهُمْ حَتَّى يَتَبَيَّنَ لَكَ الَّذِينَ صَدَقُوا وَتَعْلَمَ الْكَاذِبِينَ
«Аллоҳ сени авф қилди. Нима учун уларга то сенга ростгўй бўлганлар равшан бўлмай туриб ва ёлғончиларни билмасингдан туриб, изн бердинг?»
مَا كَانَ لِنَبِيٍّ أَنْ يَكُونَ لَهُ أَسْرَى حَتَّى يُثْخِنَ فِي الْأَرْضِ تُرِيدُونَ عَرَضَ الدُّنْيَا وَاللَّهُ يُرِيدُ الْآَخِرَةَ وَاللَّهُ عَزِيزٌ حَكِيمٌ
«Набий учун ер юзида забардаст бўлмагунча асирлари бўлиши яхши эмас эди. Сизлар дунёнинг ўткинчи матоҳини истайсизлар. Аллоҳ эса, охиратни истайдир. Ва Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли Зотдир».
Қуръон агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ижодлари бўлганида, у зот ўзлари ҳақларида мазкур танбеҳларни айтмаган бўлардилар.
Яна бир мисол ифк воқеасидир. Агар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонни ўзлари тўқиган бўлганларида, шаънларига, оилалари шаънига ҳужум қилинган пайтда ҳеч иккиланмай ҳар қандай сурани келтиришлари мумкин эди, бир ой маломат остида, диққатчиликда юришга ҳожат бўлмасди. Аммо илоҳий ирода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бир ой мунтазир қилди. Ниҳоят, вақти соати келганда мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳонинг поклиги ҳақида қатор оятлар нозил бўлган. Агар Қуръон Муҳаммад алайҳиссаломнинг ихтиёрларида бўлганида, у зот ўз аҳли байтини ҳимоя қилиш учун бир ой сабр қилмаган бўлардилар.

Бешинчидан: Шубҳаларга ғарб олимларининг раддиялари.
Италия олимаси Весия Ваглери айтайди: «Ислом душманлари намояндалари Аллоҳнинг Пайғамбарига турли туҳматлар ёғдиришга ҳаракат қилдилар. Улар Муҳаммад алайҳиссаломни рисолат келишидан олдин омонатдорлиги ва поклиги сабабли ўз ватанида буюк бир мартабада бўлганини унитиб қўйишган. Ажабланарлиси, шубҳа қўзғовчилар ўзларига қуйидагича саволни беришмайди: Муҳаммад алайҳиссалом ёлғончиларни ва риёкорларни баъзи бир оятларда абадий дўзах билан қўрқитиб, уларга таҳдид қилишга қандай кучи етган? Агар Қуръон унинг ижоди бўлганда, ўзи ёлғончи бўлмасмиди? Бир ички туртки бўлмаса, юртдошларининг ҳақоратларига қарамасдан уларга пайғамбарлик ҳақида хабар беришга қандай журъати етди? Ҳолбуки, у соғлом табиатли киши бўлган. Ноумид бўлаётган пайтда ҳам қайтадан кураш бошлашга ўзида қайдай куч топди? Ўз пайғамбарлигига кучли ишончи бўлмаганида, қандай қилиб ўша курашини Маккада жуда оз зафар ва сон-саноқсиз маҳзунлик билан ўн йилдан ортиқ муддатда давом эттиришга муваффақ бўлган? Ақлли ва билимли мусулмонлардан бундай катта ададдаги кишилар у кишининг гапларида тўғрилик ҳароратини ҳис этган бўлмасалар, қандай қилиб у зотга иймон келтирган, унга ёрдам берган ва янги динга киришган?
Бундан ортиқ гапга ҳожат ҳам йўқ. Ҳозирги кунда Ғарб мутафаккирлари орасида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарилиги қатъий ҳақиқат эканини бир овоздан қабул қилинишига оз қоляпти».
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Қуръонга нисбатан шубҳалар зўрама-зўраки, илмий далилларга зид фикрлар ва қарашларга асосланган. Қуръонни инсоф билан ўрганган ҳар қандай киши унинг илоҳий муқаддас китоб эканини тан олади ва иймон келтиради. Қуръонни обрўсизлантиришга қаратилган ҳаракатлар бевосита у нозил бўлган пайтдан бошлаб, то ҳозирги кунимизгача давом этиб келмоқда. Ҳар бир замонда Қуръон ўз вақтининг туҳматларига жавоб бериб келган бош манбадир. Қолаверса, Ислом уламолари томонидан ҳам шубҳаларига жавоблар бериб келинган ва уларнинг асоссизлиги фош қилинган. Зотан, Аллоҳ таолонинг ваъдасига мувофиқ Қуръони карим қиёмат кунигача барча бўҳтону туҳматлардан пок бўлиб қолаверади.

Қўшимча:
Ғарб мутафаккир олимларидан Мичел Ҳарт Қуръони Каримни ўрганиб, қуйидагича эътироф қилаган эди:
«Michael Hart – there is no book in history that is complete with entire letters without any modifications but Quran».
«Инсоният тарихида ҳатто ҳарфларигача ўзгармаган Қуръондек мукаммал китоб йўқ».
Буюк немис шоири Гёте қуйидагича фикр билдирган:
«Geothe - a famous German poet whenever I read the Quran – I feel something is shaken my spirit». 
«Қачон Қуръон ўқисам, руҳиятимда қандайдир туйғу жўш урганини сезаман».

Миржалол Қосимов
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид таҳрири остида