A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръони карим тиловатида тадаббур
PDF Босма E-mail

Бандаларини Ўзининг муқаддас Каломини ўқишни ўрганиш бахтига мушарраф этган Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар бўлсин. Ўз умматларига «Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни бошқаларга ўргатганингиздир», дея уларни ушбу Каломи Раббонийнинг таълимига тарғиб қилган ва бунда ўзи энг гўзал намуна бўлган Набийимиз Муҳаммад Мустафога Аллоҳнинг салоту саломлари бўлсин. Аллоҳ таоло Ўз каломида тадаббур қилиш ҳақида шундай марҳамат қилган: «Албатта, у (Қуръон) сенга ҳам шарафдир, қавмингга ҳам. Ва, албатта, сўралурсизлар» (Зухруф сураси, 44-оят).

«Биз сенга нозил қилган Китоб муборакдир. Ақл эгалари унинг оятларини тадаббур қилишлари ва эслашлари учундир» (Сод сураси, 29-оят).

Дунё ва охиратнинг барча баракаси ушбу китобдир. Ким икки дунёнинг баракасини олишни хоҳласа, ушбу муборак китобга амал қилсин. Ким икки дунёнинг бахт-саодатига эришишни истаса, ушбу Қуръонни ўзига дастур қилиб олсин.

«Қуръон (оятларининг маънолари) ҳақида (чуқурроқ) фикр юритмайдиларми?! Агар (у) Аллоҳдан ўзганинг ҳузуридан (келган) бўлса эди, унда кўпгина қарама-қарши гапларни топган бўлур эдилар» (Нисо сураси, 82-оят).

Мана, ўн тўрт аср ўтаётган бўлса-да, илоҳий мўъжиза – Қуръони Карим оятларида келтирилган маълумотларда бирорта хато жумла топилгани йўқ, топилмайди ҳам. Фалакиёт, коинот, ҳайвонот, наботот, илоҳиёт ва тиббиётга доир оятларнинг нақадар тўғри ифода этилгани кун сайин ўз тасдиғини топиб келмоқда.

Қуръонни тадаббур қилиш, яъни уни чуқурроқ англашга интилиш жуда зарур ишдир. Исломни билмоқчи бўлган одам, ҳақиқатни англамоқчи бўлган киши бевосита Қуръони Каримга мурожаат қилмоғи керак. Қуръонга боқиб, уни ўқиб ва тадаббур қилиб кўрган одам ҳақиқатни англаб етади. У илоҳий китобдир, унинг илоҳийлигини тадаббур қилган одам буни дарҳол англайди. Чунки Қуръонни жиддий ўрганишга киришган инсон унда ҳеч қандай зиддият йўқлигини англаб етади.

«Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганда ундан кўп ихтилофлар топар эдилар».

Албатта, инсон ақли етганича ўрганади. Ҳеч ким: «Мен Қуръонни охиригача фаҳм этдим, бундан бошқа тушунча бўлиши мумкин эмас», дея олмайди.

«Ахир, улар Қуръон (оятлари) ҳақида фикр юритмайдиларми?! Балки, дилларда «қулфлари» бордир?!» (Муҳаммад сураси, 24-оят).

Бу ердаги баъзи мунофиқларнинг дилларида, эҳтимол, келажакда иймон келтириш ниятининг ўзи йўқдир. Балки уларнинг дилларига Аллоҳ «Иймон келтирмайди», деб муҳр босиб қўйгандир, дейилмоқда. Қуръон оятлари ҳақида фикр юритишга ҳам ўша муҳрланган қалбларда салоҳият бўлмаслиги мантиқ юзасидан барчага маълум.

«Қуръон тиловат қилганда уни тингланглар ва жим туринглар, шояд, раҳматга эришсангиз» (Аъроф сураси, 204-оят).

Ушбу оятдан уламоларимиз Қуръони Карим тиловат қилинганда унга жим туриб қулоқ осиш вожиблиги ҳақидаги ҳукмни чиқарганлар.

Ҳанафий мазҳаби уламолари эса намозда имом қироат қилганида иқтидо қилувчилар жим қулоқ тутиши лозим, деб ҳукм қилганлар.

Умуман, Қуръон Аллоҳнинг каломи, уни ўқиш, тинглаш, ўрганиш ва унга амал қилиш зарурий ишдир. Ҳар бирининг ўзига яраша зарурати ва ҳаловати бор. Ҳар бир мўмин-мусулмон Қуръони Карим тиловатини эшитиши билан Аллоҳ таолонинг ушбу оятдаги амрини эсга олиб, дарҳол уни тинглаши ва жим туриши вожиб.

Тошкент Ислом институти талабаси

Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли