A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/743690ramazon_1438.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/810343muborak_kecha.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/155397ramazonda_sizni.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
5 - Қуръоннинг фазилати, мусулмонлар ҳаётидаги аҳамияти, унга амал қилишнинг зарурлиги ва дунёдаги таъсири
PDF Босма E-mail

 

1. Қуръони каримнинг фазилати

Қуръон Аллоҳнинг боқий китоби бўлиб, одамларнинг барчаси учун улкан ҳужжатдир. Аллоҳ уни самовий китобларнинг хотимаси қилди, оламларга ҳидоят ва раҳмат ўлароқ нозил қилди. Бу китоб мусулмонлар ҳаёти учун мукаммал йўлни, том шариатни ўзида жамлади. Аллоҳ таоло: «Бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва солиҳ амалларни қилувчи мўминларга хушхабар берурки, ўшаларга улуғ ажр бордир», деган (Исро сураси, 9-оят).

Қуръон ер юзида ҳаёт ёки тирик жон тургунча турадиган боқий мўъжизадир. Аллоҳ таоло Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни у билан қўллаган, инсу жинни ундаги суралардан бирига ўхшаш нарса келтиришига чақирган. Қадимда ҳам, ҳозирда ҳам балоғат ва фасоҳат эгаларининг унга ўхшаш бирор нарса келтир олмасликлари, ожиз қолишлари ушбу китобнинг самовий эканига, оламлар Роббининг каломи эканига катта далилдир. Аллоҳ таоло: «Агар инсу жинлар ушбу Қуръонга ўхшаш нарса келтириш учун тўпланишса, бунда бир-бирларига ёрдамчи бўлишса ҳам, унга ўхшаш нарсани келтира олмаслар», деб айт», деган (Исро сураси, 88-оят).

Ушбу қисқача муқаддимадан сўнг Аллоҳ таолонинг Қуръонга берган васфи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган васфлари ҳамда Ислом душманларидан бирининг Қуръоннинг фазилати ҳақидаги эътирофини келтириш билан кифояланамиз.


а) Аллоҳ азза ва жалланинг Қуръони каримга берган васфи:

Аллоҳ таоло Қуръонни бир нечта васфлар билан таърифлади. У Қуръоннинг номларидан бўлиб, фазлининг улуғлиги, манзиласининг олийлигига далолат қилади:

1- Руҳ:

Руҳда ҳаёт бор. Аллоҳ таоло: «Шундай қилиб, сенга Ўз амримиздан бир руҳни ваҳий қилдик. Сен эса Китоб нима, иймон нима, билмас эдинг», деган (Шууро сураси, 52-оят).

2- Нур:

Нур кўришга ёрдам беради. Аллоҳ таоло: «Батаҳқиқ, сизларга Аллоҳдан нур ва очиқ-ойдин Китоб келди. Аллоҳ Ўзининг розилигини истаганларни у билан салом йўлларига бошлар ва уларни Ўз изни ила зулматлардан нурга чиқарур ҳамда сироти мустақимга ҳидоят қилур», деган (Моида сураси, 15-16-оят).

3- Энг афзал йўлга ҳидоят қилувчи:

Аллоҳ таоло: «Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур», деган (Исро сураси, 9-оят).

4- Шифо ва рушду ҳидоят:

Аллоҳ таоло: «У (Қуръон) иймон келтирганлар учун ҳидоят ва шифодир...», деб айт», деган (Фуссилат сураси, 44-оят).

5- Мутлақо ботили бўлмаган ҳақ китобдир:

Аллоҳ таоло: «Уни ҳақ ила нозил қилдик, у ҳақ ила нозил бўлди», деган (Исро сураси, 105-оят).

Яна У Зот субҳанаҳу ва таоло: «Албатта, у азиз Китобдир. Унинг олдидан ҳам, ортидан ҳам ботил келмас. У ҳаким, ҳамид Зот томонидан нозил қилинган», деган (Фуссилат сураси, 41-41-оятлар).

б) Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръонга берган васфлари:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримни гўзал васфлаганлар. У зотнинг васфлари Қуръоннинг барча хусусиятларини ўзида мужассам қилган, барча фазилатларини ўзида жамлаган васф бўлди.

Термизий Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Огоҳ бўлингизким, албатта, фитна бўлади!» деганларини эшитдим. Шунда: «Ундан чиқиш йўли нимада, эй Аллоҳнинг Расули?» дедим. У зот шундай дедилар:

«Аллоҳнинг Китоби билан. Унда сиздан олдин бўлган нарсаларнинг хабарлари, сиздан кейинги нарсаларнинг хабари ва сизнинг орангиздаги нарсаларнинг ҳукми бор.

У ҳал қилувчидир, ҳазил эмасдир.

Ким бир жаббордан қўрқиб, уни тарк қилса, Аллоҳ уни ер билан яксон қилади.

Ким ундан бошқадан ҳидоят изласа, Аллоҳ уни залолатга кетказади.

У Аллоҳнинг метин арқонидир.

У ҳикматли зикрдир.

У сиротул мустақиймдир.

У – унинг ила ҳавои нафслар тоймайдиган, унинг ила тиллар тутилмайдиган, уламолар тўймайдиган, кўп такрорлаш билан эскирмайдиган ва ажойиботлари тугамайдиган нарсадир.

У – жинлар уни эшитишлари билан дарҳол «Биз ажойиб Қуръонни эшитдик. У тўғри йўлга ҳидоят қилади. Биз унга иймон келтирдик», деган нарсадир (Жин сураси, 1-2-оятлар).

Ким уни сўзласа, тўғри сўзлабди.

Ким унга амал қилса, ажр олибди.

Ким унинг ила ҳукм қилса, адолат қилибди.

Ким унинг ила даъват қилса, сиротул мустақиймга ҳидоят қилинибди».

в) Валид ибн Муғийранинг Қуръонга берган васфи:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ошкора адоват кўрсатган, куфр ботқоғига ғарқ бўлган Валид ибн Муғийра Қуръони каримнинг тўғри, мукаммал эканини, Аллоҳнинг каломи эканини, унинг азаматини, махлуқотларнинг каломидан буткул ажралиб туришини эътироф этиб, қуйидагича васфлаган.

Ҳоким «Мустадрак»ида, Байҳақий «Далоилун-нубувва»да Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади:

«Қурайшнинг катталаридан бўлмиш Валид ибн Муғийра Махзумий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. У зот унга Қуръондан (бир қанча оятлар) ўқиб бердилар. Валиднинг у зотга раҳми келгандек бўлиб, шундай деди: «Ажабо! Ибн Абу Кабша (яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтган гаплар, Аллоҳга қасамки, шеър ҳам эмас, сеҳр ҳам эмас, жинниликнинг бир кўриниши ҳам эмас. У муҳаққақ Аллоҳнинг каломидир».

Қурайшлик бир гуруҳ одамлар буни эшитиб, (унга қарши) тил бириктиришиб: «Қасамки, Валид (ота-бобосининг) динидан қайтса, Қурайш ҳам қайтиб кетади», дейишди. Абу Жаҳл ибн Ҳишом буни эшитиб, «Уни менга қўйиб беринглар» деб, бориб, унинг уйига кирди ва шундай деди: «Амаки, қавмингиз мол тўплаб, сизга беришмоқчи. Чунки сиз мол олиш учун Муҳаммаднинг олдига борибсиз».

«Қурайшнинг ичида моли энг кўпи мен эканимни ҳамма яхши билади-ку», деди Валид.

«Ундай бўлса, у ҳақида, унинг сўзларини рад қилганингиз ҳақида бирон нарса денг, Қурайшнинг қулоғига етиб борсин», деди.

«Нима ҳам дердим? Қасамки, ичингизда мендан ҳам кўра шеърни, унинг вазнларини, қасидаларни, жинларнинг шеърини яхши биладиган одам йўқ. Қасамки, у айтаётган нарса буларнинг бирортасига ўхшамайди. Қасамки, у айтаётган гап тотли, гўзал, юқориси сермева, таги серҳосилдир. У айтаётган гап ўзидан пастдаги гапларни парчалаб ташлайди. У олийдир, ундан олийси йўқ», деди.

Шунда Абу Жаҳл: «Қасамки, унинг шаънига тегадиган бирор гап айтмагунингча қавминг сендан рози бўлмайди», деди.

«Мени ўз ҳолимга қўй, бир ўйлаб кўрай», деди Валид. Сўнг ўйлаб кўриб, «Бу (аввалги сеҳргарлардан) нақл қилинб келган сеҳр бўлса керак. Уни бошқалардан кўчириб олган», деди ва шу ботил гапни кўтариб, қавмининг олдига чиқди. Шунда Аллоҳ таоло у (Валид) ҳақда қуйидаги оятни нозил қилди:

«У тафаккур қилди, чамалаб кўрди. Лаънат бўлсин унга! Қандай ҳам чамалади-я! Сўнгра яна лаънат бўлсин унга! Қандай ҳам чамалади-я! Сўнгра назар солди. Сўнгра афтини буриштирди, қовоғини солди. Сўнгра юз ўгирди ва такаббурлик қилди. Сўнг деди: «Бу – асар бўлиб, (аввалги сеҳиргарлардан) келаётган сеҳр, холос» (Муддассир сураси, 18-24-оятлар).

Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф тайёрлади