A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
3. Қуръонни оҳанг билан ўқиш
PDF Босма E-mail

Юқорида зикр қилинганидек, тиловатнинг одобларидан бири Қуръонни чиройли овозда, тажвид ва тартил билан ўқиш эди. Бу ерда ушбу масалага янада ойдинлик киритамиз. Қироат қилаётган одам ҳаммага маълум бўлган арабча оҳангларда бўлса ҳам, Қуръонни овози билан зийнатлаши мустаҳабдир. Лекин бунда Қуръон одобларига ва тажвид қоидаларига риоя қилиш ҳамда Қуръон аҳкомларининг ҳеч бирига путур етказмаслик шартдир. Бу фикрни Набий (соллаллоҳу алайҳи васалла)мнинг Абу Мусо Ашъарийга айтган сўзлари қўллаб- қувватлайди: «Эй Абу Мусо, сенга Оли Довуднинг мизморларидан* бири берилган-да!» дедилар» (Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).

Дарҳақиқат, Абу Мусо (розияллоҳу анҳу)га гўзал овоз ато этилган эди.

* Аллоҳ таоло Довуд (алайҳиссалом)га ажойиб, таъсирли овоз берган эди. У зот Тавротни ўқиганларида ҳамма тўхтаб қолар эди... У зот Тавротни ўқиганларида ўзлари ҳам йиғлар, ўзгаларни ҳам йиғлатар эдилар. Араблар мизмор деб найни айтадилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Абу Мусонинг гўзал товушларини ҳазрати Довуд (алайҳиссалом)нинг қироатларига ўхшатиб, уни инсонга най ноласидек ёқимли деб сифатламоқдалар («Ҳадис ва Ҳаёт» туркумидан).

 

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) Қуръонни баланд овоз билан, гўзал тиловат қилар эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ким Қуръонни у ҳозиргина нозил бўлган пайтидагидек ҳолда ўқишни хоҳласа, Умму Абднинг ўғлининг қироатида ўқисин», деганлар»

(Аҳмад ривоят қилган).

Бу ерда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)ни Ибн Умму Абд деб атаяптилар.

Баро ибн Озиб (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинади:

«Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг хуфтонда «Ват-тийни ваз-зайтун»ни ўқиётганларини эшитдим. У Зотдан кўра овози [ёки қироати] гўзалроқ кишини эшитмадим»

(Бухорий ва Муслим ривоят қилган).

Абу Довуд «Сунан»да, Бухорий таълиқ тарзда ривоят қилишган ҳадисда Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай деганлар:

«Қуръонни овозларингиз билан зийнатланглар. Қуръонни оҳанг билан ўқимаган* биздан эмас».

* Изоҳ: Ҳадисдаги «оҳанг билан ўқиш» деб ўгирилган сўз луғавий жиҳатдан икки хил маънони билдиради:

1. Қуръонни оҳангдор қилиб, тараннум билан ўқиш;

2. Бой, беҳожат бўлиш. Ҳадисдаги гапнинг оқимидан бу ерда биринчи маъно назарда тутилгани равшан бўлади, кўпчилик шу маънони устувор санаган. Аммо айрим уламолар уни иккинчи маънода ҳам изоҳлашган. Биринчи маъно тарафдорлари «Бу изоҳ ҳадисдаги гапнинг оқимига тушмайди, чунки унда тинглаш ҳақида сўз боради», дейдилар. Айрим муҳаққиқ уламолар, жумладан, Ибн Ҳажар Асқалоний (раҳматуллоҳи алайҳ) иккинчи мазмунда берилган изоҳни биринчи асл маъно билан бирлаштириш мукинлигини айтганлар. Унга кўра, «ўзини беҳожат тутиш» деган изоҳ сўзнинг бевосита маъноси эмас, балки маъносининг изоҳи маъносида тушунилади ва «Қуръонни оҳангга солиб, шу билан ўзини беҳожат тутган» деган маъно ҳосил бўлади. «Беҳожат тутиш» ибораси ҳам моддий, ҳам маънавий маъноларни ўз ичига олади, яъни «Қуръонни оҳанг билан ўқиб, ўзини молдунёдан ҳамда олдинги самовий китобларни тиловат қилишдан, куйқўшиқлардан беҳожат тутган», дегани бўлади («Олтин силсила» туркумидан).

(Оҳангдор қилиб ўқийман деб) Қуръоннинг тажвидида муболаға қилиб, чегарадан чиқиб кетиш, ортиқча такаллуф қилиш ҳаромдир. Чунки бунда бирор ҳарфни қўшиб қўйиш ёки уни талаффуз қилмай, ўтиб кетиш мумкин. Мовардий «Ҳовий» деган китобида ушбу ҳукмни очиқлаб, шундай деган: «Агар оҳанг билан қироат қилиш Қуръоннинг лафзига қўшимча ҳаракат киргазиб юбориш, ундаги бор ҳаракатни чиқариб ташлаш ёки чўзадиган жойни чўзмасликка, чўзилмайдиган жойни чўзиб ўқишга ёки чўзаман деб, бирор сўзни чайнаб, унинг маъносини бузиб қўйишга олиб келса, ҳаром амалга айланиб қолади. Тиловатни оҳангдор қиламан деб, уни бузиб қўйган одам фосиқ бўлади, уни эшитганлар ҳам гуноҳкор бўлади. Аммо оҳанг билан ўқиш тартил билан, сўзларнинг моҳиятини ўзгартирмаган ҳолда бўлса, мубоҳ бўлади, чунки қироат қилувчи оҳанги билан Қуръоннинг чиройига чирой қўшади».

Уламолар мунгли нағмага солиб, мусиқа оҳангида ўқиш каби одамлар Қуръон қироатига киритган янгиликлардан, бидъатлардан огоҳлантиришган. Рофеъий «Эъжозул Қуръан» китобида бу ҳақда сўз юритиб, шундай деган: «Қироатда ҳамда адода киритилган бидъат ишлардан бири оҳангга солишдир. Бу оҳанг бугунги кунимизгача қалблари фитналанган, қилган ишидан ғурурланадиганлар бир‑биридан нақл қилиб келаётган, қўшиққа ўхшаб ўқийдиган оҳангдир. Бундай ўқишларнинг қуйидагича турлари бор:

«Таръийд» – титроқ овозда, гўё совуқдан ёки оғриқдан титраётгандай қилиб ўқиш.

«Тарқийс» – сактани сукунга улаб, овозни пастлатиб, кейин ҳаракатли ҳарфга улаб ўқиш (хусусан, мад ва ғунналарда овозни бир кўтариб, бир тушириб, нағма қилиб ўқиш).

«Татрийб» – мад (чўзиш) йўқ ўринларда чўзиб, мад қилинадиган ўринларда ҳаддан зиёд чўзиб, нағма билан ўқиш.

«Таҳзийн» – ўзини йиғлаганга солиб, хушуъ, хузуъ билан, мунгли оҳангда қироат қилиш.

«Тардид» – қори бир қироатни якунлаётганда тинглаб ўтирган жамоатнинг юқорида айтиб ўтилган оҳанглардан бири билан унга жўр бўлиш.

Уламоларимиз бундай кўринишдаги қироатлардан қайтарганлар.

Уламолар рухсат берган қироатлар эса қуйидагилардан иборат:

«Таҳқиқ» – шошмасдан, тартил билан, уламолар белгилаб берган асосларга кўра, ҳар бир ҳарфнинг ҳаққини бериб ўқиш.

«Ҳадр» – тўғри ўқиш шартларига риоя қилган ҳолда тез ўқиш.

«Тадвийр» – таҳқиқ билан ҳадрнинг ўртасидаги маромда ўқиш.

 

Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф тайёрлади