A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
BASMALA HAQIDA
PDF Босма E-mail

 

Басмала ҳақида

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

«Басмала» деганда «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» ибораси тушунилади. Уни «тасмия» деб ҳам юритилади.
Басмаланиг қуръонийлиги
Фуқаҳолар басмаланинг Қуръони Карим оятларидан экани – Намл сураси ўттизинчи оятининг бир бўлаги эканида ижмоъ қилганлар. Шунингдек, барча уламолар эътиборли ишларни басмала билан бошлаш суннат эканида ҳам иттифоқ қилганлар.
Аммо  басмала Фотиҳанинг ёки бошқа сураларнинг ҳам таркибидаги оятми ёки йўқми деган масалада ихтилоф қилганлар. Яъни басмаланинг умуман Қуръондан эканида эмас, балки  сураларнинг бошида келган басмала сураларни ажратувчи фосилами ёки ўша ўринда ҳам Қуръон ояти бўлиб нозил бўлганми, шу ҳақда турли фикрларга борганлар.
I.
Басмала Фотиҳанинг ҳам, бошқа бирор суранинг ҳам ояти эмас. У Қуръоннинг умумий таркибидандир, яъни Намл сурасидаги бир оятнинг бўлагидир. У сураларнинг орасини ажратиш учун нозил қилинган ва Фотиҳанинг бошида зикр қилингандир.
Бу фикр ҳанафийларнинг наздидаги машҳур, ҳанбалийларнинг наздида саҳиҳроғи, кўпчилик фуқаҳолар танлаган қавлдир.
Улар ўз сўзларига қуйидаги далилларни келтирадилар:
1) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар:
Аллоҳ таоло айтади:
«Намозни Ўзим билан бандам орасида тақсимладим. Қачон банда «Алҳамду лиллаҳи роббил ъаламин» деса, Аллоҳ таоло: «Бандам менга ҳамд айтди», – дейди. Қачонки у «Арроҳманир роҳийм» деса, Аллоҳ таоло: «Бандам мени улуғлади», – дейди. Қачонки у «Малики явмиддин» деса, Аллоҳ таоло: «Бандам менга сано айтди», – дейди. Қачонки у «Ийяка наъбуду ва ийяка настаъин» деса, Аллоҳ таоло: «Бу Мен билан бандам орасида икки бўлакдир. Бандамга сўраганидир», – дейди.
Имом Муслим ривоят қилган.
Ушбу ҳадисдаги Фотиҳанинг «алҳамду» билан бошланиши басмала ундан эмаслигига далолат қилади;
2) салафи солиҳларнинг ҳаммалари Кавсар сурасининг уч оят эканига иттифоқ қилганлар. У эса басмаласиз уч оят;
3) Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу)  ривоят қилинади:
У киши Усмон ибн Аффонга (розияллоҳу анҳу): «Нима учун басмала Тавба билан Анфол орасида ёзилмаган?» – дедилар. Усмон розияллоҳу анҳу: «Чунки Тавба охири нозил бўлган суралардандир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) унинг ҳолатини бизга баён қилмай туриб вафот этдилар. Мен унинг аввали Анфолнинг охирига ўхшаганини кўриб, уни ўшанинг кетига қўйдим», – дедилар.
Бу ривоятдан басмала сураларнинг ораларини ажратиш учун қўйилгани чиқади.
II.
Моликийларнинг мазҳабидаги машҳур қавлга кўра, басмала Қуръон ояти эмас, фақатгина Намл сурасидаги оятнинг бир қисми холос. Яъни  юқоридаги қавлнинг ўзи.
Моликий уламолар басмаланинг Фотиҳанинг ҳам, бошқа суранинг ҳам ояти эмас, балки фақатгина Намл сурасининг бир жузи эканига юқоридагидан ташқари ҳам далиллар келтирганлар. Жумладан:
1) Анас ибн Моликдан (розияллоҳу анҳу) шундай деганлари ривоят қилинади:
«Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам), Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) ва Умар (розияллоҳу анҳу)ларнинг орқаларида намоз ўқидим. Улар намозни «Алҳамду лиллаҳи роббил ъаламин» билан бошлар, «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм»ни зикр қилмас эдилар».
Муслим, Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган;
2) Абдуллоҳ ибн Муғаффал (розияллоҳу анҳу) айтади:
«Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан, Абу Бакр, Умар ва Усмон (розияллоҳу анҳу)лар билан намоз ўқидим. Бирортасининг «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим» деганларини эшитмадим. Бас, сен ҳам намоз  ўқиганингда «Алҳумду лиллаҳи роббил ъаламин» дегин.
Термизий ва Насаий ривоят қилган;
3) Мадина аҳлининг амали. Масжиди набавийда ваҳий давридан тортиб Имом Молик вақтларигача Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам), рошид халифалар ва қанча амирлар намоз ўқиганлар. Улардан бирортасининг жаҳрий намозда «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм»ни жаҳрий ўқиганлари эшитилмаган. Суранинг бир қисми махфий, бир қисми жаҳрий ўқилади, деб бирорта олим айта оладими? Демак, Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ва халифаларнинг басмалани жаҳрий ўқимаганлари тавотур даражасида собит бўлгандир. Бу эса басмаланинг Фотиҳадан эмаслигига далолат қилади. Агар улар уни жаҳрий ўқиганларида, одамлар ихтилоф қилмаган бўлардилар;
4) Басмаланинг ҳар бир суранинг биринчи ояти бўлиши араб тили завқига мувофиқ келмайди. Яъни ҳар бир қисм бошининг бир хил сўзлар билан бошланиши араб тили балоғатининг талабига тўғри келмайди. Араб балоғатининг арбоблари ўз хутбалари ва назмларида ҳар бир мавзунинг боши айрича-айрича бўлишига интилганлар. Энди, балоғат бобининг энг юқори намунаси бўлган Қуръони Каримда завқни бузгувчи ана ундай ҳолнинг бўлиши мумкинми?
III.
Басмала Фотиҳанинг оятидир. Бу қавл Имом Аҳмаддан нақл қилинган. Бу қавлнинг далиллари қуйидагича:
1) Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар:
«Қачон «Алҳамду лиллаҳи роббил ъаламин»ни ўқисаларингиз, «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» ҳам ўқинг. Чунки у Уммул-Қуръондир, Сабъул-масонийдир ва «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» унинг бир оятидир».
Дорақутний ривоят қилган;
2) саҳобаи киромлар басмалани мусҳафларда битганлар. Ҳолбуки, улар Қуръондан бўлмаган нарсани мусҳафга киритмаганлар;
3) Нуайм ал-Мужмирдан ривоят қилинади:
«Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)нинг орқаларида намоз ўқидим. «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм»ни ўқидилар, сўнг Уммул-Қуръонни ўқидилар;
4) Ибнул Мунзир ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) намозда басмалани сўнг Умул-Қуръонни ўқидилар ва «бисмиллаҳи»ни биринчи оят, «Алҳамду лиллаҳи»ни иккинчи оят ҳисобладилар»;
5) Ибн Муборак айтадилар: «Кимки «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм»ни тарк қилса, бир юз ўн учта оятни тарк қилибди».
Шунингдек, Имом Аҳмад ибн Ҳанбалдан «Басмала алоҳида оят бўлиб, сураларнинг орасини ажратиш учун иккита суранинг орасида нозил бўлар эди» деган қавл ҳам ривоят қилинган. У кишидан қилинган бошқа бир ривоятда: «Басмала фақат Намл сурасидаги оятнинг бўлаги бўлиб, ўша сурадагина нозил бўлгандир», дейилган бўлса, яна бир ривоятда: «У фақат Фотиҳанинг оятидир», деб ҳам айтилган.
IV.
Басмала Фотиҳанинг ҳамда ҳар бир суранинг биринчи оятидир. Бу қавл Шофеий мазҳабининг сўзидир. Уларнинг далиллари қуйидагича:
1) Умму Салама (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади:
«Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) намозда «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм»ни ўқидилар ва уни Фотиҳадан бир оят деб ҳисобладилар;
2) Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар:
«Алҳамду лиллаҳи» етти оятдир. Улардан бири «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм»дир».
Табароний ривоят қилган;
3) Алий (розияллоҳу анҳу) қачон намозда сурани бошласалар, «Бисиллаҳир роҳманир роҳийм»ни ўқир эдилар;
4) саҳобаи киромлар Қуръонни жамлаганларида басмалани ҳар бир суранинг бошида ёзганлар. У Қуръон хати билан битилган. Қуръондан бўлмаган нарса Қуръон хати билан ёзилмаган. Мусулмонлар мусаҳафнинг икки муқоваси орасидаги барча сўзлар Аллоҳнинг Каломи эканига иттифоқ қилганлар. Басмала эса икки муқова орасида мавжуд. Бинобарин, уни Қуръондан деб билиш вожибдир.
Қиқсқа қилиб айтадиган бўлсак, ҳанафий ва моликий мазҳабларига кўра, басмала Қуръон оятларидан, яъни Намл сурасининг бир жузи бўлиб, Фотиҳа ва бошқа сураларнинг бошида табаррукан ёзилгандир. Ҳанбалийларнинг наздида, басмала Фотиҳанинг биринчи ояти ҳамдир. Шофеийларнинг мазҳабига кўра, басмала Намл оятининг бир бўлаги бўлиш билан бирга, ҳар бир суранинг биринчи оятидир.
Басмалани Фотиҳанинг биринчи ояти ёки ҳар бир суранинг биринчи ояти дейдиганларнинг далилларига унга аксинча қавлнинг соҳиблари қуйидагича жавоб берадилар:
«Басмалани Фотиҳанинг ояти деган ҳадислар саҳиҳлик даражасида эмас. Бинобарин, саҳиҳ ҳадисларнинг зиддига ҳужжат бўлишга уларнинг қуввати етмайди. Саҳобаи киромларнинг мусҳафга Қуръондан бўлмаган нарсани битмасликка иттифоқ қилганлари ҳолда басмалани Бароатдан бошқа ҳар бир суранинг бошига ёзишлари унинг ҳар бир суранинг биринчи ояти бўлишини тақозо қилмайди. Чунки унинг Қуръондан эканида ихтилоф йўқ. У Намл оятининг бир бўлагидир. Шу боис, суннатга биноан, уни ҳар бир суранинг бошида табаррукан, сураларнинг орасини ажратиш учун ёзилишида ҳеч қандай монеълик йўқ. Қолаверса, уммат Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти мутавотир эканига ижмоъ қилган. Басмаланинг Фотиҳанинг ёки бошқа сураларнинг биринчи ояти экани ёки эмаслигида ихтилоф бўлиши унинг мутавотир эмаслигидандир. Шунинг ўзи ҳам унинг ўша ўринларда оят эмаслигига кифоя қилади. Зеро, мутавотир даражасига етмаган хабар билан Қуръон собит бўлмайди».
Басмала намозда
Басмаланинг имом, маъмум ва мунфаридга нисбатан намоздаги ҳукми ҳақида фуқаҳолар ихтилоф қилганлар. Бу ихтилофга уни Фотиҳанинг ёки бошқа сураларнинг ояти деб қараш ёки қарамаслик асос бўлган.
1) ҳанафий мазҳабининг хулосаси:
Имомга ҳам, мунфаридга ҳам ҳар бир ракъатнинг аввалида, Фотиҳадан олдин махфий тарзда ўқиш − суннат. Замм сурадан олдин ўқиш суннат эмас. Абу Ражо Имом Муҳаммаддан қуйидаги қавлни ривоят қилган: «Махфий намозда замм сурадан олдин ҳам ўқиш суннатдир. Жаҳрий намозда эса ўқилмайди, чунки у ҳолда басмалани махфий ўқишга тўғри келади ва бу  қироатнинг орасида узилиш пайдо қилади. Бундай қилиш эса салафлардан ворид бўлмаган».
Шу билан бирга, ҳанафий мазҳабида «намоз қироатини басмала билан бошлаш вожиб, чунки у Фотиҳанинг оятидир» деган қавл ҳам бор.
Муқтадийнинг ҳукмига келсак, имоми қироат  қилгани учун у басмала ўқимайди. Аммо  Фотиҳа билан бошқа суранинг ўртасида басмала айтиш макруҳ эмас. Қироат махфий ёки жаҳрий бўлсин, фарқи йўқ.
2) моликий мазҳабининг хулосаси:
Басмала Фотиҳадан эмас. Қироат махфий ёки жаҳрий бўлишидан қатъи назар, фарз намозида у ўқилмайди. Намозхон имом, муқтадий ёки мунфарид бўлсин, барибир.
Моликийлар, фарз намозида басмала макруҳ, дейдилар. Мазҳабдаги машҳур қавл − шу. Аммо жоиз деганлар ҳам, вожиб деганлар ҳам бор. Нафл намозларида эса Фотиҳадан олдин ҳам, замм сурадан олдин ҳам басмала суннатдир. Қироат махфий ёки жаҳрий бўлсин, барибир.
3) шофеий мазҳабининг хулосаси:
Имомга ҳам, маъмумга ҳам, мунфаридга ҳам ҳар бир қиёмда Фотиҳадан олдин басмалани ўқиш вожиб. Намоз фарз бўлсин, нафл бўлсин, жаҳрий бўлсин, махфий бўлсин, барибир. Замм сурадан олдин ҳам басмала ўқилади. Қироат жаҳрий бўлса, басмала ҳам жаҳрий бўлади, махфий бўлса, махфий бўлади. Бу, «Басмала ҳар бир суранинг бошидаги оятдир» деган қавлга асосланади.
4) ҳанбалий мазҳабининг хулосаси:
Фотиҳадан олдин ҳам, замм сурадан олдин ҳам басмала ўқиш вожиб эмас. чунки у Фотиҳанинг ҳам, бошқа суранинг ҳам бошидаги оят эмас.
Мазҳабдаги энг саҳиҳ қавлга кўра, Фотиҳадан олдин басмала ўқиш суннатдир. Замм сурадан олдин ҳам ўқилади. Лекин басмала доимо махфий ўқилади.
Имом Аҳмаддан басмаланинг қуръонийлиги ҳақида қилинган ривоятда имомга ҳам, маъмумга ҳам, мунфаридга ҳам Фотиҳанинг бошида басмалани ўқиш вожиб деган қавл ҳам нақл қилинган.
Басмала қироат имомлари наздида.
Биз ўрганиб чиққан мазкур қавллар фуқаҳоларга тегишли сўзлардир. Аммо  бу борада қироат имомларининг ораларида ҳам турлилик мавжуд.
Қироат илмида муҳаққиқларнинг султони бўлмиш имом Шамсуддин Жазарий (раҳимаҳуллоҳ) ўзининг оламга машҳур «Ан нашр фил қироатил  ашр» номли китобида қуйидагиларни айтади:
«Бу масалада беш хил қавл айтилган:
1) басмала фақат Фотиҳанинг биринчи оятидир. Бу Макка ва Кўфа аҳли ҳамда уларга мувофиқ бўлганларнинг қавлидир. Имом Шофеийдан бу қавл ҳам ривоят қилинган;
2) у Фотиҳанинг ва ҳар бир суранинг бошидаги оятдир. Имом Шофеий мазҳабидаги энг саҳиҳ қавл − шу. Бу қавл имом Аҳмаддан ҳам ривоят қилинган ва имом Абу Ҳанифага нисбат берилган ҳам;
3) у  − Фотиҳада биринчи оят, бошқа суралардан оятнинг бир қисми. Бу имом Шофеийнинг иккинчи қавлидир;
4) у ҳар бир суранинг бошида жойлашган мустақил оят, сурадан эмас. Имом Аҳмаддан ривоят қилинган машҳур қавл − шу. Бу  Довуд Зоҳирий ва унинг асҳобларининг сўзидир. Абу Бакр Розий бу қавлни Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг буюк асҳобларидан Абул Ҳасан Кархийдан ҳам ҳикоя қилган;
5) у Фотиҳанинг ҳам, бошқа бирор суранинг ҳам бошидаги бутун ёки бир қисм оят эмас. Фақатгина табаррук учун ёзилгандир. Бу қавл имом Молик ва имом Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)ларнинг мазҳабидир.
Аммо  мазкур имомларнинг барчалари ҳам басмаланинг Намл сураси оятининг бир бўлаги эканида иттифоқ қилганлар.
Мен айтаман: «Бу қавлларнинг барчаси инкор ёки исботга бориб тақалади. Бизнинг эътиқодимизга кўра, ҳар иккиси ҳам саҳиҳдир, ҳар иккови ҳам ҳақдир. Бундаги ихтилоф қироатларнинг орасидаги ихтилоф кабидир».
Ўн қироат имомларининг ҳаммалари сура аввалидан янги тиловат бошлаган чоғда басмала айтишга иттифоқ қилганлар. Бароат сурасининг аввалидагина басмала айтилмаслигига ҳам ижмоъ қилганлар.
Бароатнинг аввалида басмала айтишнинг ҳукми ҳақида уламолар ихтилоф қилишган. Ибн Ҳажар ва Хатиб (раҳимаҳуллоҳ)лар: «Бароатнинг аввалида басмала айтиш ҳаром, ўртасида макруҳ», дейишган. Рамлий (раҳимаҳуллоҳ) ва у кишига эргашганлар: «Суранинг бошида макруҳ, ўртасида суннат», дейишган.
Суранинг ўртаси деганда суранинг биринчи калимасидан кейинги сўзлар тушунилади.
Барча қироат имомларининг наздида суранинг ўртасидан қироат қилган киши басмала айтиши жоиз. Бунда Бароат сураси билан бошқа суранинг орасида фарқ йўқ.
Иккита суранинг орасида басмала айтиш ҳукмига келсак, қироат имомлари бу борада турлича йўл тутганлар. Қолун, Ибн Касир, Осим, Кисоий ва Абу Жаъфар (раҳимаҳуллоҳ)лар икки суранинг орасини басмала билан ажратганлар. Ҳамза ва Халаф (раҳимаҳуллоҳ)лар суранинг охирини кейинги суранинг бошига басмаласиз қўшиб ўқиганлар. Варш, Абу Амр, Ибн Омир ва Яъқуб (раҳимаҳуллоҳ)лардан учта важҳ ривоят қилинган: басмала, сакта ва васл.
Аммо  бир сурадан кейин ундан юқоридаги сурани ўқимоқчи бўлса ёки бир суранинг охирини ўзининг бошига уламоқчи бўлса, барча қориларнинг наздида басмала шарт бўлади. Шунингдек, Нас сурасини Фотиҳага улагандан ҳам басмала шарт.
Басмаланинг ҳукмида баъзи қорилар ўз диёрларининг фуқаҳоларига эргашган бўлсалар, баъзилари ўзлари санад олган қироат устозларига эргашганлар.
Таҳоратсиз киши басмала айтса бўладими?
Басмаланинг Қуръондан эканига уламолар иттифоқ қилганларини айтдик. Шунга биноан, уни қироат сифатида ўқиш жанобатдаги, ҳайз ва нифосдаги шахслар учун жоиз эмас. Аммо  зикр маъносида, иш бошлашда табаррукан талаффуз қилсалар, кароҳияти йўқ.
Тасмия айтиш суннат бўлган ўринлар.
Ҳар бир хайрли иш олдидан тасмия айтиш, Аллоҳ таолони зикр қилиш машруъ амал эканида Ислом уммати ижмоъ қилиб келган. Ўша иш ибодат бўлса ҳам, бўлмаса ҳам, барибир. Намоз, тиловат, зикр, масжидга кириш, ундан чиқиш, уйга кириш, уйдан чиқиш, жинсий муносабат, ғусл, чироқни ўчириш ёки ёқиш, идишларнинг устини ёпиш, эшикни беркитиш, ўлган одамнинг кўзини юмиб қўйиш, маййитни лаҳадга қўйиш, ейиш, ичиш ва бошқа аҳамиятли ишларни Аллоҳнинг исми билан бажариш мандуб амалдир. Тасмия «Бисмиллаҳ» ёки «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» шаклида бўлиши мумкин. Шу билан бирга, фуқаҳолар айрим ишларнинг устида тасмия айтиш хусусида алоҳида тўхталиб ўтганлар. Улар қуйидагилар:
1) таҳорат олдидан тасмия айтиш:
ҳанафий мазҳабида, моликийларнинг машҳур қавлида ҳамда шофеийларда таҳорат олдидан тасмия айтиш суннатдир. Усиз ҳам таҳорат таҳорат бўлаверади. Тасмия айтмаган киши тарки суннат қилган бўлади. Уларнинг далиллари қуйидагича:
а) чунки сув покловчи қилиб яратилган, унинг бу хусусияти банданинг ишига боғлиқ бўлмайди;
б) Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар:
«Ким таҳорат қилса ва унда Аллоҳнинг исмини зикр қилса, бу (таҳорат) унинг бутун баданини покловчи бўлади. Ким таҳорат қилса-ю, Аллоҳнинг исмини зикр қилмаса, баданидан (сув) етган жойини покловчи бўлади».
Агар таҳорат асносида тасмия эсига тушиб қолса, эсига тушган заҳоти айтиб қўяди, токи таҳорат Аллоҳнинг зикридан холи ҳолда бўлмасин.
Ҳанбалий мазҳабига кўра, таҳорат олдида тасмия айтиш вожиб. Уларнинг далиллари қуйидаги ҳадисдир:
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар:
«Таҳорати йўқ бўлганга намоз йўқ, Аллоҳнинг исмини зикр қилмаганга таҳорат йўқ».
Термизий ва Ибн Можа ривоят қилган.
Мазҳабда тасмия фақатгина «Бисмиллаҳ» дейиш билан бўлади. Бошқа лафз унинг ўрнига ўтмайди. Унутган кишидан соқит бўлади. Агар таҳорат асносида ёдига келса, эсига тушган заҳоти тасмияни айтади ва таҳоратни давом эттиради. Тасмияни қасдан тарк этган кишининг таҳорати ўтмайди.
Соқов ва тилдан қолган киши ишора билан ифода қилади;
2) забҳ – сўйишда тасмия айтиш:
ҳанафийлар, моликийларнинг наздида ҳамда ҳанбалийларнинг машҳур қавлларига кўра, жонлиқ сўйишда тасмия вожибдир.
Тасмия унутганга, соқовга, айтмасликка мажбурланган шахсга вожиб эмас. Соқовнинг осмонга ишора қилиши кифоя қилади. Чунки унинг ишораси гапирадиган одамдаги нутқ ўрнига ўтади.
Шофеийларнинг наздида эса  забиҳа устида тасмия айтиш суннатдир. Бу қавл имом Аҳмаддан ҳам ривоят қилинган. Шофеий мазҳабида тасмияни қасдан тарк қилиш макруҳ. Аммо сўйилган нарса ҳалол бўлади;
3) овда тасмия айтиш:
ҳанафийлар ва моликийлар гўшти ейиладиган жониворни ов қилишда тасмия вожиб дейдилар. Бу ўринда Аллоҳ таолонинг исмини зикр қилиш кифоя, айнан «Бисмиллаҳ» дейиш шарт эмас. Аммо  «Бисмиллаҳи валлоҳу акбар» дейиш афзал. «Арроҳманир роҳим» ёки салавотлар қўшилмайди. Тасмияни, агар эсида бўлса ва қодир бўлса, ўқ отиш ёки овчи ҳайвонни қўйиб юбориш пайтида айтиш шарт қилинади. Агар тасмияни ожизлик ёки унутиш сабабли тарк қилган бўлса, ов ҳалол бўлаверади, бироқ  қасдан тарк этган бўлса, ҳалол бўлмайди.
Шофеий мазҳабига кўра, овда тасмия айтиш − суннат. Тасмия «Бисмиллаҳ» дейиш билан бўлади. Мукаммал шакли «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм»дир. Тасмияни қасдан тарк қилиш, забиҳада бўлганидек, макруҳ, аммо  ов ҳалол бўлаверади.
Ҳанбалийлар наздида ов ҳалол бўлиши учун овга ўргатилган ҳайвонни қўйиб юбориш вақтида «Бисмиллаҳ» дейиш шарт. Агар «Бисмиллаҳи валлоҳу акбар» деса ҳам, жоиз. Агар тасмияни унутиб ёки қасдан тарк қилса, ов ҳалол бўлмайди. Шу билан бирга, Аҳмад ибн Ҳанбалдан ов ҳам забиҳа каби тасмияни унутиш сабабли ҳаром бўлмайди, деган қавл ривоят қилинган. Бошқа бир ривоятда, ўқ отишда унутса, ҳалол бўлади, ўргатилган ҳайвонни юборишда унутса, ҳалол бўлмайди, дейилган;
4) еб-ичишда тасмия айтиш:
Фуқаҳолар ейиш ва ичиш олдидан тасмия айтишнинг суннат эканида иттифоқ қилганлар. Тасмия «Бисмиллаҳ» ёки «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» бўлиши мумкин. Агар олдин айтиш эсдан чиқиб қолса, эсига тушган заҳоти «Бисмиллаҳи фи аввалиҳи ва ахириҳи» (Аввалида ҳам, охирида ҳам Аллоҳнинг номи билан) деб айтади;
5) таяммумдан олдидан тасмия айтиш:
Таяммум олдидан тасмия айтиш ҳанафий мазҳабида суннат, моликий мазҳабида мандуб, шофеий мазҳабида мустаҳабдир. Агар тасмияни таяммумнинг бошида айтишни унутиб қўйса, таяммумнинг ўртасида бўлса ҳам, айтади. Мабодо қасдан тарк қилса ҳам, таяммум жоиз бўлади. Агар айтса, савоб олади.
Ҳанбалий мазҳабига кўра, таяммум олдидан тасмия айтиш − вожиб. Тасмия «Бисмиллаҳ» бўлиши шарт. Бошқа лафз унинг ўрнини босмайди. Саҳв ҳолати ўтим қилинади. Агар таяммум асносида тасмияни эслаб қолса, дарҳол айтади ва таяммумни давом эттираверади. Мабодо қасдан тарк қилса-ю, таяммум асносида тасмияни айтса, қайтадан бошлаш керак бўлади. Агар қайта бошламаса, поклик ҳосил бўлмайди.
Валлоҳу аълам.

Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид

Чоршанба 6 Июль 2011 / 4 Шабон 1432й