A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръонни етти ҳарфда нозил бўлиши
PDF Босма E-mail

Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши ҳақидаги мавзуъ энг нозик мавзуълардан бири ҳисобланади. Бу мавзуънинг нозиклиги бир неча омилга боғлиқдир.
Аввало, Қуръони Каримни етти ҳарфда нозил бўлгани саҳиҳ ва мутовотир ҳадиси шарифлар ила собит бўлган. Бу − ҳеч шубҳаси йўқ ҳақиқат.
Қолаверса, Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши нима эканлигини ўша ҳадиси шарифлардан очиқ-ойдин тушуниб олишимиз қийин.
Бунинг устига «етти ҳарф»дан айнан нима кўзда тутилганини ҳам мазкур ҳадиси шарифлардан билиб олишимиз қийин.
Албатта, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва у Зотнинг даврларида яшаган саҳобаи киромлар бу нарсаларни яхши билганлар. Улар ўша ўзлари яхши билишларига эътимод қилиб ўзаро муомала қилганлар.
Шу ерда ўзлари тушунган бўлсалар яхши, аммо келажак авлодлар учун бу масалани баён қилиб қўйсалар бўлмасмиди? деган савол пайдо бўлиши турган гап. Улар учун оддий бўлган масалани келажакда бошқалар тушунмай қолишини ким ўйлабди дейсиз?  Бундан ҳам муҳими улар бунга ўхшаш оддий нарсларга вақт ҳам топмаганлар. У азизлар бутун дунёни Ислом ҳидоятига бошлашдек улкан иштиёқ билан яшаганлар. Улар ўзлари эришган улкан бахтга ўзгалар ҳам тезроқ эришиши ҳақида бош қотирар эдилар. Бунақанги оғзаки тортишувларга вақтлари ҳам, истаклари ҳам йўқ эди.
Шунинг учун Қуръони Каримни етти ҳарфда нозил бўлиши масаласи кейинги пайтнинг турли уламолари томонидан турлича ўрганилган ва турлича талқин ҳам қилинган.
Ҳофиз Абу Ҳотим Ибн Ҳиббон ал-Бустий:
«Одамлар бу масалада ўттиз беш қавлга ихтилоф қилганлар», дейди.
Имом Жалолиддин Суютий (раҳматуллоҳи алайҳи) бу масалада кирқ хил фикр борлигини ўзларининг «Итқон фии улумул Қуръон» номли китобларида келтирганлар.
Шу ерда Қуръони Каримни етти ҳарфда нозил бўлишининг нима эканлигини тушуниш учун ҳаракат қилиб айтилган фикрлардан баъзиларини келтириб ўтсак, фойдадан холи бўлмаса керак. Чунки худди шу гапларни баъзи бир кишилар бизда ҳам гапиришга ва ёзишга ўтмоқдалар.
1. Қуръони Каримни етти ҳарфда нозил бўлиши араб тилининг етти лаҳжасида нозил бўлишидир.
Бу гап мутлақо тўғри келмаслигини уламолар таъкидлаганлар. Аввало қайси лаҳжалар кўзда тутилгани маълум эмас. Қолаверса, Қуръони Каримни етти ҳарфда нозил бўлиши ҳақидаги ҳадиси шарифларнинг бирида Умар ибн Хаттоб Ҳишом ибн Ҳаким (розияллоҳу анҳу) билан ихтилоф қилиб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳузурларига борадилар ва у Зот Қуръони Каримни етти ҳарфда нозил бўганини айтадилар. Умар ибн Хаттоб Ҳишом ибн Ҳаким розияллоҳу анҳу икковлари ҳам араб тилининг қурайш лаҳжасида сўзлашадиган одамлар эдилар. Агар гап лаҳжада бўлганидан улар ихтилоф қилишмас эди.
2. Қуръони Каримни етти ҳарфда нозил бўлиши етти қироатда нозил бўлишидир. Шунинг учун ҳам Ислом оламида етти қироат тарқалган.
Бу гап умуман кулгили бўлади. Чунки етти қироат деган гап анча кейин чиққан гап. Бунинг устига қироатлар аввалда кўп бўлган. Фақат улардан энг машҳурларини танлаб олишга ҳаракат қилинганда уламолар етти қироатни ихтиёр қилишган, холос.
3. Қуръони Каримни етти ҳарфда нозил бўлиши муайян ададни тақозо қилмайди. Арабларда етти сўзи гоҳида чекланмаган ададга ишлатилади.
Бу гап ҳам тўғри эмас. Чунки Қуръони Каримни етти ҳарфда нозил бўлиши ҳақидаги ҳадиси шарифларда гап айнан олти билан саккизнинг орасидаги етти адади ҳақида кетади.
Биз ўзимиз шарҳ қилаётган «ат-Тожул Жомеъ» китобида Қуръони Каримни етти ҳарфда нозил бўлиши ҳақидаги ҳадиси шарифларни ўрганиб олиб кейин хулоса чиқаришга ҳаракат қилсак, яхши бўлса керак.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
«Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
«Жаброил менга бир ҳарфда қироат қилдирди. Мен унга мурожаат қилиб, зиёда этишини сўраб-сўраб охири етти ҳарфда интиҳосига етди», дедилар».
Икки шайх ривоят қилган.
Шарҳ: Аввало «ҳарф» сўзининг маъносини тушуниб олайлик. Араб тилида «ҳарф» сўзи бир нарсанинг олд-юз тарафи, бир нарсанинг бурилиш-бузулиши ва бир нарсанинг ўлчови маъноларини билдиради.
Биз сўз юритаётган мавзуда эса биринчи маъно ишлатилади. Қуръони Каримни етти ҳарфда нозил бўлиши етти юз, тараф, яъни  тариқа десак бўлади.
Бу ҳадиси шарифда аввал бошда Жаброил (алайҳиссалом) Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га Қуръони Каримни бир ҳарфда етказганлар, аммо Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бир ҳарф камлик қилишини англаб уни зиёда қилишни сўраганлари ҳақида сўз кетмоқда. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг қайта-қайта илтимос қилишлари туфайли бир ҳарф етти ҳарфга етган.
Умар ибн Хаттобдан ривоят қилинади:
«Ҳишом ибн Ҳакимнинг Фурқон сурасини мени уни қироат қиладигандан бошқача қироат қилаётганини эшитиб қолдим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) менга уни қироат қилишни ўргатган эдилар. Шошилиб уни бир нарса қилиб қўйишимга сал қолди. Кейин у қайтгунча тегмай турдим.
Сўнгра уни ридосига ўраб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳузурларига олиб бордим ва:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мен мановининг Фурқон сурасини сиз менга уни қироат қилдирганингиздан бошқача қироат қилаётганини эшитиб қолдим», дедим.
«Уни қўйиб юбор. Эй Ҳишом, ўқи», дедилар.
У мен эшитгандақа қироат қилди.
Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
«Мана шундоқ нозил қилинган», дедилар ва менга:
«Ўқи», дедилар.
Бас, мен ўқидим. У Зот (алайҳиссалом):
«Мана шундоқ нозил қилинган. Албатта, бу Қуръон етти ҳарфда нозил қилингандир. Ундан муяссар бўлганида қироат қилинглар», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан қуйидаги мулоҳазаларни қилишимиз мумкин:
1. Дастлаб Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаларга Қуръони Каримни етти ҳарфда нозил бўлганини умумий эълон қилмаганлар. Бўлмаса  Умар ибн Хаттоб ва Ҳишом ибн Ҳаким (розияллоҳу анҳу)ни ўзларига нотаниш қироат қилганлари учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳузурларига сурдаб олиб бормас эдилар.
2. Умар ибн Хаттобнинг мулоҳазалари маълум сура − Фурқон сурасида бўлгани. Бундан етти ҳарф бошдан оёқ бошқача ўқишда эмас, баъзи жойларда бошқача бўлишини билдиради.
3. Қуръони Каримни етти ҳарфда нозил бўлганлигини Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаи киромларнинг ўзаро тортишувларидан кейин эълон қилганлари.
4. Қуръони Каримни етти ҳарфда нозил бўлиши уни муяссар бўлганича осонлик ила қироат қилиш мақсадида жорий қилингани. Агар бир ҳарфдагина қироат қилиш мажбурий бўлса, одамлар Қуръони Каримни қироат қилишда қийналиб қолишлари мумкинлиги.
Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
«Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Бани Ғифорнинг сувхонаси олдида эдилар. У Зотнинг ҳузурларига ЖАброил (алайҳиссалом) келиб:
«Албатта, Аллоҳ умматинг Қуръонни бир ҳарфда ўқишини сенга амр қилмоқда», деди.
«Аллоҳдан Унинг мукофоти ва мағфиратини сўрайман. Албатта, менинг умматим унга тоқат қила олмайди», дедилар у Зот.
Сўнгра иккинчи марта келиб:
«Албатта, Аллоҳ умматинг Қуръонни икки ҳарфда ўқишини сенга амр қилмоқда», деди.
«Аллоҳдан Унинг мукофоти ва мағфиратини сўрайман. Албатта, менинг умматим унга тоқат қила олмайди», дедилар у Зот.
Кейин учинчи марта келиб:
«Албатта, Аллоҳ умматинг Қуръонни уч ҳарфда ўқишини сенга амр қилмоқда», деди.
«Аллоҳдан Унинг мукофоти ва мағфиратини сўрайман. Албатта, менинг умматим унга тоқат қила олмайди», дедилар у Зот.
Кейин тўртинчи марта келиб:
«Албатта, Аллоҳ умматинг Қуръонни етти ҳарфда ўқишини сенга амр қилмоқда. Ўшадан қайси ҳарфда қироат қилсалар ҳам, тўғри қилган бўладилар», деди».
Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Термизийнинг лафзида:
«Эй Жаброил! Мен бир уммий умматга юборилганман. Уларнинг ичида кекса аёллар, қари шайхлар, ёш болалар, кичик қизчалар ва ҳеч қачон ёзув ўқимаган одамлар бор», дедилар.
«Эй Муҳаммад! Албатта, Қуръон етти ҳарфда нозил қилингандир», деди», дейилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Қуръони Каримни етти ҳарфда нозил бўлишидан кўзланган мақсад очиқ-ойдин келмоқда.
Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Жиброил (алайҳиссалом)га қата-қайта:
«Аллоҳдан Унинг мукофоти ва мағфиратини сўрайман. Албатта, менинг умматим унга тоқат қила олмайди», демоқдалар.
Бу иш уч марта такрорлаганларидан кейин бир ҳарф етти ҳарфга етказилди.
Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўз умматларининг тоқат қила олмасилигини ўзларига Қуръон оятларини олиб келадиган ва бир ҳарфда ўқишга амр бўлганини етказаётган фариштага:
«Эй Жаброил! Мен бир уммий умматга юборилганман. Уларнинг ичида кекса аёллар, қари шайхлар, ёш болалар, кичик қизчалар ва ҳеч қачон ёзув ўқимаган одамлар бор», деган хитобларида баён қилмоқдалар.
Бундан Қуръони Каримни етти ҳарфда нозил бўлиши аҳолининг турли табақаларига Каломуллоҳни ўқишни осон қилиш мақсадида бўлганлиги келиб чиқади.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Масжидда эдим. Бир одам кириб намоз ўқий бошлади. У бир қироат қилди. Унинг қироатини инкор қилдим. Кейин бошқаси кириб ҳалигининг қироатидан ҳам бошқача қироат қилди.
Икковлари намозларини тугатиб бўлганларидан кейин ҳаммамиз Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳузурларига кирдик ва мен:
«Манаву бир қироат қилди. Мен унинг қироатини инкор қилдим. Кейин буниси кириб унисининг қироатидан ҳам бошқача қироат қилди», дедим.
Бас, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) амр қилдилар. Иккилари қироат қилди. Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) иккисини ҳам маъқулладилар. Менинг кўнглимга жоҳилиятдагидан ҳам ёмонроқ ёлғонга чиқариш тушди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) мени ўраб олган нарсани билиб кўксимга урдилар. Тер бўлиб оқиб кетдим. Қўрққанимдан худди Аллоҳ азза ва жаллага назар солиб тургандай бўлдим.
Шунда у Зот менга:
«Эй Убай! Менга Қуръонни бир ҳарфда қироат қил, деб (хабар) юборилди. Мен У Зотга, умматимга осон қил, деб қайтардим.
Менга иккинчи марта, уни икки ҳарфда қироат қил, деб айтилди. Мен У Зотга, умматимга осон қил, деб қайтардим.
Менга учинчи марта, уни етти ҳарфда қироат қил. Сенга ҳар бир қайтарганинг учун бир нарсани сўраб олишингга имкон бор, деб айтилди.
Шунда мен:
«Эй Аллоҳим! Умматимни мағфират қилгин! Умматимни мағфират қилгин!» дедим.
Учинчисини халойиқнинг барчаси, ҳаттоки Иброҳим (алайҳиссалом) ҳам менга рағбат қиладиган кунга қолдирдим», дедилар».
Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Қуръони Каримни бир ҳарфда ва икки ҳарфда ўқиш ҳақидаги амр келганидан кейин осон қилишни сўраб илтимосни қайтарганлар. Аллоҳ таоло аста-секин осонлаштириш билан бирга, у Зотга мукофот ҳам тақдим қилган.
«Сенга ҳар бир қайтарганинг учун бир нарсани сўраб олишингга имкон бор», деб айтган.
Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўз умматларига икки марта мағфират сўраб дуо қилганлар ва учинчи имкониятдан фойдаланишни қиёмат кунига қўйганлар. Ўша кунда ҳамма, ҳатто Иброҳим (алайҳиссалом) ҳам у зотнинг дуоларидан умидвор бўлиб турган бўладилар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг:
«Мен У Зотга, умматимга осон қил, деб қайтардим», деганларидан Қуръони Каримни етти ҳарфда нозил бўлиши умматга осонлик туғдириш учун эканлиги очиқ-ойдин кўриниб турибди.
Ушбу ва бошқа маълумотларни синчклаб ўрганган мутахассис уламоларимиз Қуръони Каримни етти ҳарфда нозил бўлиши Қуръони Каримнинг баъзи сўз ва ҳарфларини талаффуз қилишда ижозат берилган етти тур хилма-хилликдир:
1. Исмларнинг бирлик ва кўпликда, музаккар ва муаннасликда турлича талаффуз қилишга берилган ижозат.
Мисол учун араб тилида «омонат» сўзи бир хил ёзувда турганда уни бирликда ҳам, кўпликда ўқиш ҳам мумкин.
2. Эъробда араб тили қоидаси доирасида турлича бўлишни кўтарадиган жойларда турлича талаффуз қилишга берилган рухсат.
Мисол учун «маа» келишигидан кейин икки исм келса иккинчисини насб-фатҳали ёки рафъ-заммали ўқиш мумкин.
3. Сарф қоидаларига биноан турлича талаффуз қилиш мумкин бўлган сўзларни турли фалаффуз қилишга ижозат.
Мисол учун араб тилида ёзилган «боид» сўзини боид ўқиш ҳам, боада ўқиш ҳам мумкин.
4. Баъзи ҳарф ва сўзларнинг ўрнини алмаштириб ўқишга берилган изн.
5. Бир ҳарфнинг ўрнига бошқасини қўйиб ўқишга ижозат.
6. Бирор ҳарфнинг зиёда ёки ноқис қилиб ўқишга ижозат.
7. Ҳарфларни йўғон ва ингичка, чўзиб ёки чўзмай ўқиш бўйича араб лаҳжаларининг турли талаффузларига амал қилишга берилган рухсат.