A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръон одамлари ва унинг ривоятлари ҳақида
PDF Босма E-mail

Ушбу бобда Қуръон одамлари − Қуръони Каримни қабул қилиб олиб, ёдлаб, ўрганиб бошқаларга ўргатишга хизмат қилган. Шунингдек, Қуръони Каримни ёзиб, ёзилганларини тўплаб ва бошқа хизматларни қилган одамлар ҳақида сўз кетади.
Бу бобда сўз юритиладиган иккинчи мавзуъ Қуръони Каримнинг ривоятларидир. Яъни  бу муқаддас китобни Аллоҳ таолодан келганидан кейин қабул қилиб олиниши ва мусулмонлар томонидан ривоят қилиниши қандоқ бўлганлиги ҳақидаги маълумотлар.
Қуръони Каримни Аллоҳ таолодан бизларгача қандоқ етиб келгани ҳақида маълумот олмоғимиз жуда муҳимдир.
Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги каломини Ўзининг сўнгги Пайғамбарига Ўзининг ваҳий фариштаси Жиброил (алайҳиссалом) орқали нозил қилди.
Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) эса бу дастури илоҳийни ўз саҳобаларига − мусулмонларнинг энг афзал авлодига фаришталарнинг афзали Жаброил (алайҳиссалом)дан қандоқ қабул қилиб олган бўлсалар, шундоқ қилиб етказдилар.
Ўз навбатида саҳобаи киромлар ўзларидан кейинга авлодга, улар ўзларидан кейингиларга Қуръони Каримнинг ҳар бир ҳарфини ўта аниқлик билан етказдилар.
Шундоқ қилиб, Қуръон Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан бизларгача сон-саноқсиз кишилардан омонатли ва аниқ нақл орқали етиб келгандир, яъни кўплаб ишончли кишилар ёдлаб бир-бирларига ишонч билан ўргатиб ўтишгандир.
Муносабатдан фойдаланиб, ваҳийнинг ўзи нима ва у Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га қандай келганлиги билан танишиб чиқайлик.
Ваҳийнинг луғавий маъноси Аллоҳ таолонинг ўз пайғамбарларига зудлик билан юборган диний кўрсатмаларидир.
Ваҳий фаришталар орқали ёки бевосита Аллоҳ таоло билан роз айтиш (гаплашиш) орқали ҳам келиши мумкин. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га эса ваҳий қуйидагича ҳолларда тушган:
Оиша онамиз (розияллоҳу  анҳо) айтадиларки:
1. «Пайғамбар (саллоллоҳу алайҳи васаллам)га ваҳийнинг биринчи келиши ўнгидан келган туш бўлган. Кўрган ҳар бир тушлари уйғоқлик вақтларида ҳам худди тонг ёруғидек келар эди.
2. Фаришта ўзи кўринмай туриб, Пайғамбар қалбларига керакли хабарни етказар эди.
3. Қўнғироқ чалингандек овоз чиқариб келар эди.
4. Жаброил фаришта Пайғамбаримизга одам шаклида бўлиб кўринар эдилар».
Шу тўғрисида «Саҳиҳ Бухорий» китобида қуйидаги ҳадиси шариф келтирилган:
«Ҳорис ибн Ҳишом Пайғамбаримиздан:
«Ё Расулуллоҳ, сизга ваҳий қандай келади?» деб сўради.
Шунда Ул жаноб:
«Аҳёнда худди қўнғироқдек жаранглаб келади, шуниси менга қийин. У кетгандан кейин ҳамма нарсани мен ўзимда сингдириб олган бўламан. Гоҳида эса фаришта менга одам шаклида келиб сўзлаб кетади ва унинг айтганларини англаб оламан», дедилар».
5. Фаришта ўзининг асл шаклида кўринади ва ваҳийни етказади.
6. Аллоҳ таоло Пайғамбар (алайҳиссаллом)га меърож кечасида намозни фарз қилиш ва шунга ўхшаш баъзи нарсаларни бевосита ваҳий қилган.
Ваҳийни Аллоҳ таолодан Жаброил фаришта (алайҳиссалом) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га етказиб турган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ҳам ваҳийнинг келтирувчи Жаброил фаришта (алайҳиссалом)ни, ҳам ваҳийни қабул қилиб олувчи Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни васф қилган.
«Албатта, у(Қуръон) карамли элчининг сўзидир».
Ушбу ояти каримада биз «карамли элчи», таржима қилган таркиб «Расулин карим», деб келган ва Жаброил фаришта (алайҳиссалом)ни англатади. Жаброил (алайҳиссалом) Пайғамбаримизга ваҳий орқали Қуръони Каримни етказиб туриш вазифаси юклатилган зотдир.
Аллоҳ таоло   Қуръонни Ўзидан Пайғамбари Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га етказувчи воситачи жуда ҳам улуғ зот эканини таъкидламоқда.
Қуръонни элтувчи карамли Расул  фаришталарнинг улуғи Жаброил (алайҳиссалом) экан.
Бинобарин, Қуръон ҳақида ҳеч қандай шак-шубҳа қилишга ўрин йўқ экан. Унга зудлик билан иймон келтириб, амал қилишга ўтиш керак экан.
Келаси оятда Қуръонни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га етказиб турувчи Жаброил (алайҳиссалом)ни васф қилиш давом этади.
«У қувватли, арш эгаси ҳузурида мартабаси олийдир.
Итоат қилинган, омонатлидир».
Яъни  Жаброил фариштага барча ўзига хос фаришталар итоат қилади. Улар унга итоат қилишдан заррача ҳам бўйин товламайдилар. У бўлса ваҳийни омонат билан етказади, хиёнат қилмайди.
Демак, Жаброил (алайҳиссалом)да Қуръонни турли нуқсонлардан сақлаш учун керак бўлган барча сифатлар мавжуд. Унинг ўзига итоат қиладиган хизматчи-ёрдамчилари ҳам бор. Ўша ёрдамчилар унинг итоатидан ҳеч чиқмайдилар. Улар Қуръонга тегишли хизматларни олиймақом этиб адо этадилар. Энг муҳими Жаброил (алайҳиссалом) ўзи омонатли, ишончли. У зот «амийнул ваҳий» номини олганлар.
Аллоҳ таоло Жаброил (алайҳиссалом) Ўз ваҳийсига амийн – ишончли шахс қилиб олган. Жаброил (алайҳиссалом) − Аллоҳнинг барча пайғамбарларига ваҳийни омонат билан етказиб келаётган фаришта. Ундан ҳеч бир хиёнат содир бўлмаган ва бўлиши мумкин ҳам эмас.
Шу эътибордан ҳеч кимнинг Қуръон ҳақида зарарга шубҳа қилишга ҳаққи йўқ!
Аллоҳ таоло ўтган оятларда Қуръони Каримни олиб келувчи фаришта Жаброил (алайҳиссалом)нинг сифатларини айтди. Энди Қуръони Каримни қабул қилиб олувчи Зот Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг васфларини қилади. Бу билан Қуръони Каримнинг ҳамма тарафдан бекаму кўст эканини исботлайди.
«Сизнинг соҳибингиз мажнун эмасдир».
Дин душманлари доимо ёлғон, бўҳтон тарқатиб динга ва унинг аҳлига зарар етказмоқчи бўлишади. Макка кофирлари ҳам Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни «мажнун», «жин урган», «айтаётган гапларини катта бир жин келиб ўргатиб кетади, бунинг гапига ишонмаслик керак», деган иғволарни тарқатишган.
Бу оятлар ўша туҳмат-бўҳтонларга раддиядир. Эй маккаликлар, Муҳаммад «соҳиб»ларининг, яъни суҳбатингизда, сиз билан дўст бўлиб юрган одам − буни сизлар яхши биласизлар – жинни эмас. Унга ваҳий келтираётган ҳам жин эмас, балки улкан фаришта, ишончли зот. Қуръон эса илоҳий дастур.
«Батаҳқиқ ул ани очиқ-ойдин уфқда кўрди».
Яъни: Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Жаброилни очиқ-ойдин уфқда ўз кўзи билан асл яратилишида кўрдилар. Муҳаммад (саллоллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳазрати Жаброилни бу кўришлари Ҳиро ғоридаги биринчи мулоқатдан кейин, тоғдан қайтаётган пайтларида, водийда содир бўлган.
Ўшанда у Зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Жаброил (алайҳиссалом)ни Аллоҳ қандоқ халқ қилган бўлса, шундоқ ҳолда кўрганлар. Жаброил (алайҳиссалом) у Зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам_га машриқ томонда баланд уфқда очиқ-ойдин кўринганлар, «ал-Баҳрул Муҳийт» тафсирида айтилишича, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Жаброил (алайҳиссалом)ни асл суратида олти юзта қаноти ила, машриқ ила мағрибни тўсиб курсида ўтирган ҳолларини кўрганлар.
Демак, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) юқоридаги оятларда васф қилинган фаришта Жаброил (алайҳиссалом)дан Қуръонни қабул қилиб олаётганлари аниқ. У Зот Жаброилни асл ҳолида кўрганлари, кимдан ваҳийни қабул қилиб олаётганлари ҳам собит.
Шунинг учун Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) «Қуръон» деб тақдим қилаётган нарсада ҳеч иккиланмаслик керак, уни Каломуллоҳ эканлигида ҳеч шак ва шубҳа йўқ.
«Ва у ғайбга бахил эмасдир».
Яъни  Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бахиллик қилиб ўзига келаётган ваҳийдан баъзисини беркитиб қолаётгани йўқ. Бу оятда ғайбдан мурод «ваҳий»дир.
У Зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзларига Аллоҳ таоло томонидан Жаброил фаришта келтираётган Қуръон оятларини бахиллик қилиб беркитиб қолмайдилар. Балки уларга ҳеч бир нуқсон етказмай омонат билан, қандай қабул қилиб олсалар, шундай ҳолда кишиларга етказадилар. Ҳозиргача Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзлари яшаётган жамиятда «Амийн» – ишончли деган унвон олиб яшаб келаётган эдилар. Одамларга бирор оғиз ҳам ёлғон гапирмаганлари, зарра ҳам хиёнат қилмаганлари учун шу унвонни олган эдилар.
Умр бўйи шундоқ ҳолда ўтган зот қирқ ёшдан ўтгандан кейин одамларга гапирмаган ёлғонни Аллоҳ таолога гапирармиди?!
Одамларга қилмаган хиёнатни Роббил оламинга қилармиди?!
«Ва у (Қуръон) тошбўрон қилинган шайтоннинг сўзи эмасдир».
Яъни  Қуръони Карим мушрик ва кофирлар гумон қилаётганларидек, Аллоҳнинг даргоҳидан қувилган шайтоннинг сўзи эмас. Уни Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га жинлар келтираётгани йўқ. Балки Қуръон − Роббил оламин бўлган Аллоҳ таолонинг сўзи, «Мутоъин самма амийн» – «итоат қилинган ва амин бўлган» Жаброил фариштанинг сўзи, Муҳаммад ал-Амийн бўлган сўнгги ва энг афзал Пайғамбарнинг сўзи.
Аллоҳ таоло Ўзининг охирги, қиёматгача боқий қолишини кўзлаган китобини Ўзининг охирги ва энг афзал Пайғамбаридан қабул қилиб олиб келажак авлодларга етказиш учун энг муносиб халқни танлади.
Энг муносиб халқ, деганимизда ўша, Қуръони Карим нозил бўлиши даврида Арабистон ярим оролида яшаб турган арабларни кўзда тутмоқдамиз. Дунёдаги барча халқлар қатори ўша вақтдаги арабларнинг ҳам яхши ва яхши бўлмаган томонлари бор эди. Аллоҳ Таолонинг ҳикмати ила Ул Зот Қуръони Каримни биринчи бўлиб қабул қилиб олишга танлаган халқ − арабларнинг яхши сифатлари ҳам, яхши бўлмаган сифатлари ҳам Қуръони Карим учун хизмат қиладиган бўлди.
Араблар ўша даврнинг энг жоҳил, энг илмсиз, энг урушқоқ, энг тартибсиз халқи эди. Улар Қуръони Карим нозил бўлганидан сўнг қисқа муддат ўтиши билан энг маданиятли, энг билимдон, энг одобли ва энг тартибли халққа айландилар.
Бу эса  Қуръони Каримнинг мўъжизаларидан бири эди. Агар Аллоҳ Таоло Ўзининг охирги китобини ўша даврнинг энг билимдон, энг маданиятли ва қадимдан етакчилик қилиб келаётган халқига нозил қилганда, мазкур мўъжиза юзага чиқмас эди. Кишилар: «Бу халқ азалдан илмли, маданиятли, интизомли ва одобли бўлиб келган, энди бизга илоҳий калом тушди, деб даъво қилишмоқда, халос», дер эдилар.
Арабларнинг Қуръони Каримнинг қабул қилиб олишлари учун хизмат қилган яхши сифатларидан бири, уларнинг ёдлаш қобилиятларининг кучлилиги эди. Улар ўқиш-ёзишни билмаганларидан ҳамма нарсани: тарихни, насабларини, турли қасидаларни ва бошқа нарсаларни ёдлаб олиб, авлоддан авлодга ўтказиб келишар эди. Ана ўша хислат, Қуръони Каримни ҳам ўта аниқлик билан, Аллоҳ таолодан қандоқ нозил бўлса шундоқ ҳолида ёдлаб олиб авлоддан авлодга ўтказишга хизмат қилди.
Албатта, Аллоҳ таоло Ўз Қуръонини арабларга бевосита туширавергани йўқ. Балки  уларнинг ичидан, нафақат арабларнинг ичидан, балки  бутун инсоният ичидан энг афзалини, Муҳаммад Ибн Абдуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни танлаб олиб ўша Зотга нозил қилди. У Зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам) эса  ўз умматларига омонат ила Аллоҳнинг каломини етказдилар. Чунки  Аллоҳ таолонинг бу борадаги одати шу эди. Ана ўша урф бўлиб қолган одатга биноан, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га илоҳий каломни ваҳийнинг амини бўлмиш фаришта, Жаброил (алайҳиссалом) келтириб турдилар.
Олам тарихидаги энг муҳим ҳодиса саналмиш бу жараён − Қуръони Каримнинг нозил бўлиши жараёнининг бошланиш нуқтаси, Ҳиро ғорида, Рамазон ойининг ўн еттинчи кунида содир бўлди. Тарихдаги энг улуғ кун бўлмиш бу кунда тарихдаги энг улуғ иш, Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал китоби нозил бўла бошлади.
Аллоҳ таолонинг Ўзи Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га Қуръони Каримнинг ўзида Жаброил (алайҳиссалом)нинг қироатига диққат билан қулоқ осишни амр этган. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ таоло Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га Қуръони Каримни Жаброил (алайҳиссалом)дан қандоқ қилиб қабул қилиб олишни Ўзи ўргатиб берган.
Пайғамбаримиз с(аллоллоҳу алайҳи васаллам) Қуръони Карим оятларининг илк бор тушиш даврида Жаброил фаришта (алайҳиссалом)дан шошилиб қабул қилиб олардилар. Унутиб қўйишдан қўрқиб фариштага қўшилиб лабларини қимирлатиб ўқиб турардилар. Чунки бу у киши учун кутилмаган таълим эди. Ҳар бир ҳарфни қайтариб, ўрнидан чиқариб талаффуз этиш лозим эди. Шунинг учун ҳам юқоридаги ҳолатга тушардилар. Ислом душманлари айтгандек, Муҳаммад (саллоллоҳу алайҳи васаллам) Қуръонни ўзлари таълиф қилган бўлсалар, ҳеч қачон мазкур ҳолатга тушмасдилар.
Шундай қилиб, Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига Қуръон оятларини қандай ҳолда қабул қилиб олишни ўргатади:
Эй Пайғамбар!
«Сен шошилиб у билан  тилингни қимирлатма».
Яъни  Биз Қуръонни сенга етказаётганимизда, унитиб қўймайин деб қўшилиб ўқиб турма.
«Албатта, у(Қуръон)ни жамлаш ва ўқиб бериш Бизнинг зиммамизда».
Шунинг учун сенинг ташвишланишинг ортиқча.
«Бас, Биз уни ўқисак, қироатига зеҳн солиб тур.
Сўнгра у(Қуръон)ни баён қилиб бериш ҳам Бизнинг зиммамизда».
Яъни  сўнгра сенга тушуниши ишкал бўлган жойини, ҳукмларини, маъноларини баён қилиб бериш Бизнинг зиммамизда.
Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) ушбу оятлар маъносида қуйидагиларни айтганлар:
«Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи васаллам) тушаётган оятларда оғирлик сезар эдилар. Бирор нарсани ўтказиб юбормасдан ёдлаб олиш мақсадида у билан тиллари ва икки лабларини қимирлатиб турар эдилар.
Шунда Аллоҳ ушбу оятларни нозил қилди. Ана шундан кейин Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи васаллам) қачон ҳузурларига Жаброил (алайҳиссалом) келсалар, бошларини қуйи солиб, жим тинглайдиган бўлдилар. Бас, қачон Жаброил кетсалар, Аллоҳ қандоқ ваъда қилган бўлса ўшандоқ ўқир эдилар».
Аллома Исмоил ибн Касир худди шу оятлар тафсирида қуйидагиларни ёзадилар:
«Пайғамбар (саллоллоҳу алайҳи васаллам) Қуръонни қабул қилиб олишга шошилар эдилар. Фариштанинг қироатидан олдинга ўтиб кетиб қолардилар. Шунда Аллоҳ азза ва жалла У Зотни тинчланишга амр этди. Уни қалбларида жамлаб беришнинг, баён қилиб беришнинг, очиқлаб беришнинг кафолатини олди. Биринчи ҳолат − уни қалбларида жамлаш. Иккинчи ҳолат − тиловати. Учинчи ҳолат −тафсири ва маъносини изоҳ қилиш».
Қуръони Каримни Аллоҳ таолодан ваҳийнинг амийни − ишончли соҳиби бўлмиш, Жаброил (алайҳиссалом) Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га нақл қилганлар. Ушбу нақл қандоқ кечишини, яъни  Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га Қуръони Карим оятлари Жаброил (алайҳиссалом) томонларидан қадоқ етказилишини кўпчилик саҳобалар ўз кўзлари ила кўриб, қулоқлари ила эшитиб турганлар.
Бунинг устига ҳар сафар ваҳий нозил бўлгандан сўнг  Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Менга мирзаларни чақиринглар», деганлар ва ваҳийни ёзувчи саҳобалар келганларидан сўнг Жаброил (алайҳиссалом)дан ояти карималарни қандоқ қабул қилиб олган бўлсалар, шундоқ қилиб ўқиб берганлар.
Мирзалик қилувчи саҳобалар оятларнинг ҳар бир ҳарфини улкан эҳтимом ила ёзганлар, бошқа саҳобалар эса  ана шундоқ эҳтимом ила ёд олганлар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан Қуръони Каримни қабул қилиб олувчи саҳобаи киромлар жуда кўп бўлган. Ўша вақтда қанча одам мусулмон бўлган бўлса, ҳаммаси қабул қилиб олган. Бундан бошқа бўлиши мумкин ҳам эмас, чунки ўша пайтда ҳамма Қуръони Карим оятлари нозил бўлишини кутиб яшар эди.
Бир хабар ёки гапни кўпчилик одам нақл қилса, араб тилида «тавотир ила нақл қилинган» дейилади.
«Тавотир ила нақл қилинган», деган иборадан, тавотир ила нақл қилинмаган калом Қуръони Карим бўла олмаслиги келиб чиқади.
Тавотир ила нақл қилинган, дегани эса  каломни ёлғонга чиқариб бўлмайдиган даражада кўп сондаги кишилар томонидан нақл қилинишига айтилади. Уларнинг ҳаммалари ишончли одамлар бўлиб, бирор оғиз ёлғонга яқинлашмаган, кўпликлари жиҳатидан ёлғонга келишиб олиш имконлари ҳам йўқ бўлади.
Қуръони Каримнинг биринчи калимасидан бошлаб, охирги калимасигача айнан худди ана шу тариқада нақл қилингандир.
Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Қуръони Каримнинг ҳар бир оятини, ҳар бир калимаси ва ҳарфини мисли кўрилмаган эътибор ила қабул қилиб олиниши, ёдланиши ва ёзилиши ҳамда амал қилинишига Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) васфига сўз ожиз қоладиган даражада катта аҳамият берганлар.
Ўз навбатида Пайғамбар (алайҳиссалом)дан Қуръони Карим оятларини қабул қилиб олган саҳобаи киромлар ўз шогирдларига юқорида зикр қилинган муомалани қилганлар. Шу тарзда ҳозиргача Қуръони Карим сонсиз-саноқсиз одамлар томонидан ишончли тариқада нақл қилиниб қелинмоқда.
Бу нақлда асосий эътимод ёд олишгадир. Ҳар бир қори ўз шогирдига ҳар бир ҳарф, ҳар бир калима, ҳар бир оят ва ҳар бир сурани ўз устозидан қандоқ қабул қилиб олган бўлса, худди ана шундоқ қилиб етказиб келди.
Бу жараён ҳозир ҳам мувофаққият билан давом этмоқда. Шунинг учун ҳам ҳар бир Қуръон ўқувчи мусулмонинг қироат бўйича силсиласи Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га етиб боради. Ана шу силсилага суянилмаса, яъни  авлоддан авлодга ўтиб келган расмий қироат изни бўлмаса, Қуръон ўқувчи қори ҳисобланмайди. Дунёда ҳеч бир китоб бунчалик иноятга сазовор бўлган эмас.
Қуйида биз ўрганадиган ҳадиси шарифларда Қуръони Каримни Пайғамбар (алайҳиссалом)дан қабул қилиб олган саодатли авлоднинг баъзи вакиллари ҳақидаги маълумотлардан хабардор бўламиз. Шу билан бирга, бу ўта муҳим жараённи имконимиз борича англаб етишга ҳаракат қиламиз.

Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Анас ибн Моликдан:
«Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг даврларида Қуръонни ким жам қилган?» деб сўрадим.
«Тўрт киши, ҳаммалари ансорлардан; Убай ибн Каъб, Муоз ибн Жабал, Зайд ибн Собит ва Абу Зайд», деди».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Қуръони Каримга нисбатан айтилган «жам қилиш» ибораси Каломуллоҳни тўлиқ ёд олиш ва ёзиш маъноларини ангатади.
Қатода (розияллоҳу анҳу)дан қилинаётган ривоятдаги Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)нинг гаплари зоҳиридан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг даврларида Қуръони Каримни фақат тўрт киши жам қилгани, уларнинг ҳаммалари ансорлардан; Убай ибн Каъб, Муоз ибн Жабал, Зайд ибн Собит ва Абу Зайд (розияллоҳу анҳум)лар бўлгани тушунилади.
Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
«Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) вафот қилганларида Қуръонни тўрт кишидан бошқаси жам қилмаган эди: Абу Дардо, Муоз ибн Жабал, Зайд ибн Собит ва Абу Зайд.. Биз уни меросга олганмиз».
Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Сиртдан қараганда бу ривоят ҳам олдингисини таъкидлаб келаётганга ўхшайди. Аммо диққат билан назар солсак, Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) икки ривоятда ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан Қуръони Каримни тўрт киши жам қилганини айтган бўлсалар ҳам уларнинг номларига келганда беш киши, Убай ибн Каъб, Муоз ибн Жабал, Зайд ибн Собит, Абу Дардо ва Абу Зайд( розияллоҳу анҳум)лар бўлиб чиқади.
Ана шу ҳақиқатдан Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ўз гапларида ададни эмас бошқа маъноларни кўзлаганлари келиб чиқади.
Ўша маънолардан бири мазкур кишилар Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)нинг назарларида Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан Қуръони Каримни энг яхши қабул қилиб олган одамлар эканлиги бўлади. Ҳар бир халқда бирор нарсани ўта таъкидлаш маъносида шунга ўхшаш иборалар ишлатилиши оддий ҳақиқатдир. Бизда ҳам бирор олимдан кўпроқ нарсани ўрганган кишининг таърифида, Фалончи устознинг илмини фистончи олиб қолган-да, дейилади. Бу ўша фистончидан бошқа одам мазкур устозда ўқимаган дегани эмас.
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)нинг мазкур гаплари алоҳида бир мақом учун айтилган бўлиши мумкин.
Бу гапни имом Тобаронийнинг ривоятлари тасдиқлайди:
«Икки қабила; Авс ва Хазраж фахр талашиб қолдилар.
Бас, Авс қабиласи аъзолари:
«Биздан тўрт киши бор: Роҳманнинг арши унинг учун ларзага келган шахс − Саъд ибн Муоз. Гувоҳлиги икки кишининг гувоҳлигига тенглаштирилган шахс − Хузайма ибн Собит. Малоикалар ювган шахс − Ҳанзала ибн Абу Омир ва дабр ҳимоясини қилган шахс −  Осим ибн Собит», дедилар.
Шунда Хазраж қабиласи:
«Биздан Қуръонни жам қилган тўрт киши бор», дедилар ва мазкур тўрт кишининг номларини айтдилар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаб олган кишиларнинг сон-саноқсиз эканликлари дўсту душманга ойдин бўлган улкан ҳақиқатдир.
Қуръони Каримни Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳаётлик вақтларида тўлиқ ёд билганлар тўрт халифа, катта саҳобалар, баъзи оналаримиз ва шунга ўхшаш бошқа шахсларнинг санаб ўтиришнинг ҳожати йўқ.
Тасаввур қилиш учун айтадиган бўлсак, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) даъват учун юборганларида хиёнат туфайли Биъри Маъуна номли жойда қатл этилган мураттаб қориларнинг сони етмишта эди.
Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг вафотларидан кўп ўтмай содир бўлган Ямома жангида шаҳид бўлган саҳобаларнинг ичида ҳам етмишта мураттаб қори саҳобалар бор эди.
Қуйида келадиган икки ривоятда Қуръони Каримни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан қабул қилиб олиш қай тарзда бўлганининг бир кўриниши васф қилинади.

Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
«Ундан ўзга илоҳ йўқ Зот ила қасамки, Аллоҳнинг китобида мен унинг қачон ва қаерда нозил бўлганини билмайдиган сура йўқ. Ҳар бир оятнинг нима ҳақида нозил бўлганини мен биламан. Агар Аллоҳнинг Китобини мендан яхшироқ биладиган одамни билсам-у, у туя етадиган ердан бўлса, албатта, мен унинг олдига бораман».
Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўзларига тўла ишонч билан айтган бу маънони ҳеч ким айта олмаган. Шунинг ўзи у кишининг Қуръони Каримни қанчалар пухта билишларига очиқ далилдир.
Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан доимо бирга юрганликлари  у зотнинг  ҳар бир оятнинг қачон нозил бўлганини ва нима ҳақида нозил бўлганини яхши билишларига сабаб бўлган омиллардан биридир.
Энди Қуръони Каримни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан қбул қилиб олган кўплаб кишиларнинг вакили бўлмиш Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)нинг гапларига эътибор берайлик.
«Ундан ўзга илоҳ йўқ Зот ила қасамки»
Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ўз гапларининг аввалида Аллоҳ таолонинг сифати ила қасам ичмоқдалар. Бу келадиган гапда заррача шак-шубҳа йўқлигини билдиради.
«Аллоҳнинг китобида мен унинг қачон ва қаерда нозил бўлганини билмайдиган сура йўқ».
Қуръони Каримни Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан қабул қилиб олган зотлар фақат унинг сўзларини ёдлашгагина аҳамият бермаган эканлар. Улар ҳар бир суранинг нозил бўлган вақтини ҳам, ерини ҳам очиқ-ойдин ва аниқ билар экан. Бу эса улар томонидан Қуръони Каримнинг ҳар бир сурасига нисбатан бўлган беназир эҳтимомнинг аломатидир.
«Ҳар бир оятнинг нима ҳақида нозил бўлганини мен биламан».
Қуръони Каримни Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан қабул қилиб олган зотлар ҳар бир суранинг нозил бўлган вақтини ҳам, ерини ҳам очиқ-ойдин ва аниқ билиш билан кифояланиб қолмасдан ҳар бир оятнинг нима ҳақида нозил бўлганини ҳам яхши билар эканлар. Бу эса улар томонидан Қуръони Каримнинг ҳар бир оятига нисбатан бўлган беназир эҳтимомнинг аломатидир.
«Агар Аллоҳнинг Китобини мендан яхшироқ биладиган одамни билсам-у, у туя етадиган ердан бўлса, албатта, мен унинг олдига бораман».
Қуръони Каримни Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан қабул қилиб олган зотлар ўзлари билган нарса билан кифояланиб қолмаган эканлар. Улар Қуръони Каримдан ўзлари билмаган нарсанинг хабарини эшитишлари билан ўша нарсани ўрганиш учун ҳамма имкониятларини ишга солиб ҳаракат қилган эканлар.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг оғизларидан етмишдан ортиқ сурани олдим.
Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг саҳобалари мен уларнинг ичида Аллоҳнинг китобини энг яхши билувчи эканимни биладилар. Ҳолбуки, мен уларнинг яхшиси эмасман».
Шақиқ айтади:
«Бас, бирортанинг унинг бу гапига хилоф қилганини эшитмадик», деди».
Иккисини Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)нинг «Ҳолбуки, мен уларнинг яхшиси эмасман» деганлари катта маънони касб этади. Шунчалар мақтовга сазовор зот уларнинг яхшиси бўлмаса, яхшилари қандоқ бўлади?!
Ана шундоқ улкан васфга соҳиб бўлган ажойиб бир авлод Қуръони Каримни Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан бир ҳарфини ҳам ўзгартмай қабул қилиб олиб, омонатга хиёнат қилмай, Қуръони Каримнинг бир ҳарфини ҳам ўзгартирмай ўзларидан кейинги мусулмонлар авлодига етказиб бердилар.