A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Ваҳий тушунчаси
PDF Босма E-mail

Normal 0 false false false MicrosoftInternetExplorer4

 

Ваҳий тушунчаси

Ваҳий «وَحيٌ» сўзи арабча сўз бўлиб, луғатда «тезлик билан бирор ишора қилиш» деган маънони англатади. Ишора рамзий, киноя, маъносиз овоз, аъзони қимирлатиш, ёзма ёки нақш тазрида бўлиши мумкин. Ҳар қандай ишорага луғатда «ваҳий» сўзи тўғри келаверади[1]. Закариё (алайҳиссалом)нинг Қуръонда келган воқеаси баёнида «ваҳий» сўзи «тезкор ишора маъноси»да ишлатилган:

فَخَرَجَ عَلَى قَوْمِهِ مِنَ الْمِحْرَابِ فَأَوْحَى إِلَيْهِمْ أَنْ سَبِّحُوا بُكْرَةً وَعَشِيًّا

«Бас, у ўз қавми ҳузурига меҳробдан чиқди ва уларга, эртаю кеч тасбиҳ айтинглар, деб ишора қилди» (Марям 11 оят).

Бундай ишорадан мақсад мухотабнинг дилига бирор гап ташлашдир. Шунинг учун «وحي«, »ايحاء» сўзлари қалбга бирор гап солиш маъносида ишлатилади. Қуръони Каримнинг бир неча оятларида ваҳий сўзи айни шу маънода ишлатилган. Масалан:

وَأَوْحَى رَبُّكَ إِلَى النَّحْلِ أَنِ اتَّخِذِي مِنَ الْجِبَالِ بُيُوتًا وَمِنَ الشَّجَرِ وَمِمَّا يَعْرِشُونَ

«Роббинг асаларига: «Тоғлардан, дарахтлардан ва кўтарилган сўритоклардан уй тутгин», деб ваҳий қилди» (Наҳл 68 оят).

وَكَذَلِكَ جَعَلْنَا لِكُلِّ نَبِيٍّ عَدُوًّا شَيَاطِينَ الْإِنْسِ وَالْجِنِّ يُوحِي بَعْضُهُمْ إِلَى بَعْضٍ زُخْرُفَ الْقَوْلِ غُرُورًا وَلَوْ شَاءَ رَبُّكَ مَا فَعَلُوهُ فَذَرْهُمْ وَمَا يَفْتَرُونَ

«Шунингдек, ҳар бир Пайғамбарга инсу жин шайтонларини душман қилиб қўйдик. Уларнинг баъзилари баъзиларини ғурурга кетказишлари учун латиф каломларни танларлар. Агар Роббинг хоҳласа, бундай қилмас эдилар. Бас, уларни ўзлари тўқиган нарсалари ила ёлғиз қўй!» (Анъом 112 оят).

وَإِنَّ الشَّيَاطِينَ لَيُوحُونَ إِلَى أَوْلِيَائِهِمْ لِيُجَادِلُوكُمْ

«Албатта, шайтонлар ўз дўстларига сизлар билан тортишишни васваса қиларлар» (Анъом 121 оят).

إِذْ يُوحِي رَبُّكَ إِلَى الْمَلَائِكَةِ أَنِّي مَعَكُمْ

«Ўшанда Роббингиз фаришталарга: «Мен, албатта, сиз биланман...», деб ваҳий қилган эди» (Анфол 12 оят).

وَأَوْحَيْنَا إِلَى أُمِّ مُوسَى أَنْ أَرْضِعِيهِ

«Ва Мусонинг онасига: «Уни эмизавер...», деб ваҳий қилдик» (Қасос 7 оят).

Юқоридаги ояти карималарда келтирилган «ваҳий» сўзи луғавий маънода ишлатилган. Ваҳий сўзининг истилоҳий таърифи эса қуйидагичадир:

كلام الله المنزل على نبي من أنبيائه.

«Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан бирига нозил қилинган Аллоҳ таолонинг каломидир»[2].

Шу ўринда бир нарсани ёдда тутиш керакки, «ваҳий» лафзининнг истилоҳий маъноси машҳур бўлиб кетган. Ҳаттоки, уни Пайғамбар (алайҳиссалом)лардан бошқаларга ишлатиш дуруст бўлмай қолган. Аллома Анвар Шоҳ Кашмирий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтадилар: «Ваҳий» ва «Ийҳоъ» лафзлари алоҳида-алоҳида бўлиб, иккисининг орасида бироз фарқ бор. «Ийҳоъ» лафзи омроқ бўлиб, набий ва расуллардан бирига ваҳий нозил қилишликка ҳам, пайғамбар бўлмаган кишиларга ишора қилишга ҳам, қалбига бирор нарсани солишга ҳам истеъмол қилинади. Шунинг учун бу лафзни набийга ҳам ва набийдан бошқага ҳам ишлатиш дуруст бўлади.

«Ваҳий» эса  пайғамбарларга нозил қилинган нарсанинг ўзигагина айтилади. Шунинг учун Қуръони Каримда «ийҳоъ» лафзини набийлар ва набийлардан ўзгаларга ҳам ишлатилган. «Ваҳий» лафзи эса  набийлардан ўзгаларга ишлатилмаган[3]. Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳ таоло Ўзининг каломини қайсидир танланган бандаси ва расулига «ваҳий» воситасида етказади ва расуллар воситасида Ўз каломини барча инсониятга етказади. Чунки «ваҳий» Аллоҳ ва унинг бандалари ўртасидаги муқаддас таълимий робитадир. «Ваҳий»ни мушоҳада қилиш фақат пайғамбар (алайҳиссалом)ларгагина хосдир. Шунинг учун бизлар унинг ҳақиқатини аниқ идрок қила олмаймиз. Лекин  унинг жузлари, таълимоти ва кайфияти борасида Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда маълумотлар келган. Бу ерда уларнигина баён қила оламиз:

Ваҳий таълимоти: Ваҳий воситасида бандаларга ақл ва ҳис аъзолари орқали маълум бўлмаган нарсалар ҳақида таълим берилади. Бу таълимот динга ва дунёвий заруратларга тегишли бўлиши мумкин. Пайғамбар (алайҳиссалом)ларга асосан ваҳий орқали диний йўл-йўриқлар билдирилган. Лекин  зарурат вақтида дунёвий заруротлар ҳам ваҳий орқали билдирилган. Бунга Нуҳ (алайҳиссалом)га кема ясашлик ҳукмини берилиши мисол бўлади. Бу ҳақда ояти каримада шундай дейилган:

وَاصْنَعِ الْفُلْكَ بِأَعْيُنِنَا وَوَحْيِنَا

«Бизнинг риоятимиз ва ваҳиймиз ила кема ясагин» (Ҳуд 37 оят).

Нуҳ (алайҳиссалом)га кема ясашликни ваҳий орқали  билдирилгани ушбу оятдан маълум бўлади. Довуд (алайҳиссалом)га зирҳ ясаш илмини ўргатилиши, Одам (алайҳиссалом)га нарсаларнинг хусусияти илмини ўргатилиши ва бир ривоятда тиббиёт илми ҳам ваҳий орқали билдирилгандир[4].

Ваҳийнинг турлари: Анвар Шоҳ Кашмирий раҳматуллоҳи алайҳ: «Дастлаб ваҳий уч турли бўлган», деб айтганлар[5]. Улар қуйидагилар:

1. Қалбий ваҳий: Ваҳийнинг ушбу турида Аллоҳ таоло Набийнинг қалбини мусаххар қилиб, унга бевосита бирор сўз ташлайди. Бунда фаришта ҳам, Набийнинг бирор сезги аъзолари ҳам иштирок этмайди. Шунинг учун ваҳийнинг ушбу турида Набийга бирор овоз эшитилмай қалбига қандайдир сўз жой бўлади ва Набийга уни Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган ваҳий экани маълум бўлади. Бундай ваҳий уйғоқликда ҳам, уйқуда ҳам нозил қилиниши мумкин. Зеро, пайғамбар (алайҳиссалом)ларнинг тушлари ҳам ваҳий ҳисобланади. Бунга Иброҳим (алайҳиссалом)га қалбий ваҳий орқали уйқуларида Исмоил (алайҳиссалом)ни қурбонлик қилиш ҳукми нозил қилиниши далил бўлади;

2. Илоҳий калом: Ваҳийнинг ушбу турида Аллоҳ таоло расулларга Ўзи билан бевосита суҳбатдош бўлиш шарафини ато қилади. Бунда фаришта иштирок этмайди. Лекин  Набийга овоз эшиттирилади. Бу овоз ажиб ва ғаройиб бўлиб, махлуқотларнинг овозидан тубдан фарқ қилади ва уни ақл билан идрок қилиб бўлмайди. Уни эшитган Набийгина  унинг кайфияти ва сурурини била олади.

Ваҳийнинг ушбу турида бевосита Аллоҳ таоло билан суҳбатдош бўлиш насиб этганлиги учун ҳам, ваҳийнинг бошқа турларидан афзал ва аъло ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Мусо (алайҳиссалом)нинг фазилатини баён қилиб, Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

وَكَلَّمَ اللَّهُ مُوسَى تَكْلِيمًا

«Ва Аллоҳ Мусо ила ўзига хос гаплашди» (Нисо 164 оят).

3. Малакий ваҳий: Ваҳийнинг ушбу турида Аллоҳ таоло Ўзининг ваҳийини фаришта орқали Набийга нозил қилади. Хабар олиб келган фаришта гоҳо кўринмай, фақат овозини эшиттиради. Баъзан бирор инсон қиёфасида келиб, хабарни етказади ва баъзан Набийга фаришта суратида намоён бўлиб ваҳий олиб келади. Лекин  бундай бўлиши жуда нодирдир.

Ваҳийнинг юқоридаги уч турига Қуръони Каримнинг қуйидаги оятида ишора қилинган:

وَمَا كَانَ لِبَشَرٍ أَنْ يُكَلِّمَهُ اللَّهُ إِلَّا وَحْيًا أَوْ مِنْ وَرَاءِ حِجَابٍ أَوْ يُرْسِلَ رَسُولًا فَيُوحِيَ بِإِذْنِهِ مَا يَشَاءُ إِنَّهُ عَلِيٌّ حَكِيمٌ.

«Аллоҳ башар билан гаплашмоғи бўлмаган, магар ваҳий орқали, ёки парда ортидан, ёхуд элчи юборади-ю, У Зотнинг изни ила хоҳлаган нарсасини ваҳий қилур. Албатта, У зот ўта олий ва ўта ҳикматлидир» (Шуро. 51 оят).

Ушбу оятдаги «ваҳий (дилга гап солиш)» сўзидан қалбий ваҳий, «парда ортидан» деган иборадан илоҳий ваҳий ва «элчи» сўзидан эса малакий ваҳий ирода қилинган.

Normal 0 false false false MicrosoftInternetExplorer4

 

 

Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га нозил қилинган ваҳийнинг турлари

 

Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га турли йўллар билан ваҳий нозил қилинган. Бу ҳақда «Саҳиҳи Бухорий»да Оиша розияллоҳу анҳодан қуйидаги ривоят нақл қилинган:

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا أَنَّ الْحَارِثَ بْنَ هِشَامٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ سَأَلَ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ يَا رَسُولَ اللَّهِ كَيْفَ يَأْتِيكَ الْوَحْيُ فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَحْيَانًا يَأْتِينِي مِثْلَ صَلْصَلَةِ الْجَرَسِ وَهُوَ أَشَدُّهُ عَلَيَّ فَيُفْصَمُ عَنِّي وَقَدْ وَعَيْتُ عَنْهُ مَا قَالَ وَأَحْيَانًا يَتَمَثَّلُ لِي الْمَلَكُ رَجُلًا فَيُكَلِّمُنِي فَأَعِي مَا يَقُولُ.

Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади:

«Ҳорис ибн Ҳишом Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан:

«Эй  Аллоҳнинг Расули! Сизга ваҳий қандай келади?» деб сўради.

Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам):

«Баъзан менга қўнғироқ жаранги каби келади, шуниси менга энг оғиридир. Сўнг мендан арийди, мен эса айтганларини ундан сингдириб олган бўламан. Гоҳо фаришта менга инсон қиёфасида намоён бўлиб сўзлайди, мен унинг айтганларини ўзимга сингдириб оламан», дедилар» (Бухорий ривояти)[6].

Ушбу ҳадиси шарифдан Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га нозил қилинган ваҳийнинг икки йўли маълум бўлмоқда:

1. Солсолатул жарас: Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га қўнғироқ чалинганда пайдо бўладиган овоз каби ваҳий  келиши ваҳийнинг биринчи тури ҳисобланади. Ҳадисда ушбу ваҳий борасида «солсолатул жарас», яъни «қўғғироқ жаранги каби» деган маълумот берилган, холос. Ушбу ваҳий борасида бундан бошқа маълумот йўқ. Шу боис аниқ ишонч билан ушбу ваҳий қўнғироқ овозига қайси жиҳатдан ўхшатилганини айтиб бўлмайди. Лекин  баъзи олимлар солсолатул жарасга фариштанинг овози, деб фикр билдирган бўлсалар, яна баъзилари қанот қоқиш натижасида пайдо бўлган фариштанинг қаноти  овози деганлар.

Хаттобий (раҳматуллоҳи алайҳ): «Бу ерда ташбеҳ овознинг жарангига эмас, балки овознинг узлуксиз келишига қилинган, яъни қўнғироқ овози узлуксиз бўлгани каби ваҳийнинг овози ҳам узлуксиз бўлади», деганлар[7]. Лекин  буларнинг барчаси қиёс бўлиб, уларга асосланиб аниқ ишонч билан бирор сўз айтиб бўлмайди.

Анвар Шоҳ Кашмирий (раҳматуллоҳи алайҳ) Муҳиййиддин ибн Арабий (раҳматуллоҳи алайҳ)дан нақл қилиб, ташбеҳдан кўзланган мақсадни баён қилганлар. Мана шу сўз бу борада айтилган сўзларнинг дури ҳисобланади. У қуйидагичадир:

«Ушбу ташбеҳ икки эътибор билан бўлиб, биринчиси овознинг узлуксизлиги жиҳатидан. У ҳақда юқорида маълумот берилди. Иккинчиси, қўнғироқ узлуксиз чалинса, эштитувчига овоз қайси томондан келаётганини тайин қилиш мумшкул бўлиб қолиши жиҳатидан. Зеро, қўнғироқ овози эшитувчига ҳар томондан келаётгандай бўлиб туюлади. Аллоҳ таоло томон, макондан покдир. Шунинг учун илоҳий каломда қайсидир муайян томондан келиш хусусияти мавжуд эмас. Балки  у ҳар томондан келади. Ушбу кайфиятни мушоҳадасиз тўғри тарзда идрок қилиб бўлмайди. Лекин  зеҳнга яқин келтириш учун Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уни қўнғироқ овозига ташбеҳ қилдилар»[8].

Хуллас, унинг қандай, қанақа эканлиги борасидаги саҳиҳ илм Аллоҳ таологагина хосдир.

Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳадиси шарифларидан бизга ваҳийнинг қўнғироқ жаранги каби келиши ва у ваҳийнинг турлари ичида энг оғири эканлиги маълум бўлмоқда.

Ҳофиз ибн Ҳажар (раҳматуллоҳи алайҳ) « وَهُوَ أَشَدُّهُ عَلَيَّ (шуниси менга энг оғири)» деган ибора шарҳида шундай деганлар:

«Ваҳийнинг ҳар тури оғир бўлиб, уларнинг ичида энг оғири қўнғироқ жаранги каби келган ваҳийдир. Чунки  гапирувчи билан тингловчи ўртасида қандайдир муносабат бўлиши лозим. Агар фаришта Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га инсон суратида келса, У Зотга илоҳий калом оғирлигидан бошқа юк бўлмайди. Унга хилоф ўлароқ фаришта инсон суратида келмай, фақат фариштанинг овози ёки бевосита Аллоҳ таолонинг каломи эшитилса, ғайри оддий кайфият юзага келиб, Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан бундай ваҳийни тушуниш ва истифода этиш учун зиёда куч ва қувват талаб қилинади»[9]. Зеро, юқоридаги ҳадис сўнгида Оиша розияллоҳу анҳо шундай деганлар:

قَالَتْ عَائِشَةُرَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا وَلَقَدْ رَأَيْتُهُ يَنْزِلُ عَلَيْهِ فِي الْيَوْمِ الشَّدِيدِ الْبَرْدِ فَيَفْصِمُ عَنْهُ وَإِنَّ جَبِينَهُ لَيَتَفَصَّدُ عَرَقًا.

Оиша (розияллоҳу анҳо):

«Жуда қаттиқ совуқ кунда У Зотга ваҳий нозил бўлиб, у қачон тўхтаганда Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг пешоналари жиққа тер бўлганини кўрар эдим», дедилар.

عن عائشة رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا قالت كان رسول الله إذا نزل عليه الوحي يغط في رأسه ويتربد وجهه أي يتغير لونه بالجريدة ويجد بردا في ثناياه ويعرق حتى يتحدر منه مثل الجمان.

Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га ваҳий нозил бўлса, нафаслари тўхтаб, юзлари ўзгариб, яъни ранглари ўзгариб хурмо(нинг шохи каби сариқ) бўлиб, олди тишлари совуқдан тақиллаб ва терлаб, ҳатто (тер доначалари) дур каби порлаб турар эди» (Итқон).

عن عبد الله بن عمرو رَضِيَ اللَّهُ عَنْه قال : أنزلت على رسول الله صلى الله عليه و سلم سورة المائدة وهو راكب على راحلته فلم تستطع أن تحمله فنزل عنها .

Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га Моида сураси нозил қилинаётганда ўз туяларига минган ҳолда эдилар.   Туя У Зотни кўтара олмай қолганидан ундан тушиб олдилар...» (Муъжамуз завоид).

عن عائشةرَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا أنها قالت : إن كان ليوحى إلى رسول الله صلى الله عليه وسلم وهو على ناقته ، فتضرب على جرانها من ثقل ما يوحى إلى رسول الله صلى الله عليه وسلم...

Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) туялари устидаликларида ваҳий нозил қилинса, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га ваҳий қилинган нарсани оғирлигидан туя чўкиб олар эди...» (Далоилун нубувва).

عن زيد بن ثابت رضي الله عنه، قال: "أَنْزَلَ اللهُ عَلَى رَسُولِهِ، وَفَخِذُهُ عَلَى فَخِذِي، فَثَقُلَتْ حَتَّى خِفْتُ أَنْ تَرُضَّ فَخِذِي.

Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:

«У Зотнинг сонлари соним устидалигида Аллоҳ таоло Расулига ваҳий нозил қилиб, унинг оғирлигидан соним ёрилиб кетадимикан, деб  қўрқдим» (Саҳиҳи Бухорий).

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍورَضِيَ اللَّهُ عَنْه قَالَ سَأَلْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقُلْتُ يَا رَسُولَ اللَّهِ هَلْ تُحِسُّ بِالْوَحْيِ فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ نَعَمْ أَسْمَعُ صَلَاصِلَ ثُمَّ أَسْكُتُ عِنْدَ ذَلِكَ فَمَا مِنْ مَرَّةٍ يُوحَى إِلَيَّ إِلَّا ظَنَنْتُ أَنَّ نَفْسِي تَفِيضُ.

Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:

«Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан:

«Эй  Аллоҳнинг Расули! Ваҳийнинг келаётганини ҳис қиласизми?» деб сўрадим.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам):

«Ҳа, қўнғироқ жарангини эшитаман ва шу пайт жим қоламан. Ҳар ваҳий нозил қилинганда жоним чиқиб кетяптими, деб ўйлаб қоламан», дедилар» (Фатҳур роббоний).

عن عُمَر بْنَ الْخَطَّابِرَضِيَ اللَّهُ عَنْه يَقُولُ:كَانَ إِذَا نَزَلَ عَلَى رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم الْوَحْيُ ، يُسْمَعُ عِنْدَ وَجْهِهِ دَوِيٌّ كَدَوِيِّ النَّحْلِ...

Умра ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га ваҳий нозил бўлаётганда муборак юзлари яқинида асаларининг ғўнғиллаши каби овоз эшитилиб турар эди» (Муснадул жомеъ).



[1] Зубайдий раҳматуллоҳи алайҳ. Арус. Ж. I. Б. 384. 1386 ҳ., Роғиб раҳматуллоҳи алайҳ. «Муфрадот».

[2]Бадруддин Айний. «Умдатул қорий шарҳу саҳиҳил Бухорий». Ж.I. Б. 17.

[3]Анвар Шоҳ Кашмирий. «Файзул борий». Ж. I. Б. 19.

[4]Абдулазиз Фарҳорий. «Ниброс». Б. 427-426.

[5]Ушбу ерда келтирилган ваҳийнинг уч қисми Анвар Шоҳ Кашмирийнинг «Файзул борий» китобларидан олинган (Б. 14-18). Уларга берилган шарҳ, изоҳ ва уч турли ваҳийнинг номлари ўзимиз томондан қилинган.

[6]Ҳорис ибн Ҳишом фазилатли саҳобийлардан бўлиб, Макка фатҳи куни Исломни қабул қилиб, ҳижрий ўн бешинчи йили Шом фатҳида шаҳид бўлганлар (Қасталоний. «Иршодус сорий». Ж. I. Б. 5).

[7]Ҳофиз ибн Ҳажар. «Фатҳул борий». Ж.I. Б. 16.

[8]Анвар Шоҳ Кашмирий. «Файзул борий». Ж. I. Б. 19-20.

[9]Ҳофиз ибн Ҳажар. «Фатҳул борий». Ж.I. Б. 16.