A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръон тиловат қилишнинг одоблари
PDF Босма E-mail

Савол: Қуръон тиловат қилишнинг ҳам алоҳида одоблари борлигини эшитдим. Улар қайсилар? Жавоб: Қуръон ўқувчи тиловат одобларига аҳамият бериши лозим. Аввало, қироатда ихлосли бўлиш ва бу билан фақат Аллоҳнинг розилигини талаб қилиш, Қуръон хулқи билан хулқланиш, зеҳнни бир жойга қўйиб, ундаги маъноларни тадаббур қилиш талаб этилади. Қуръон ўқиётганида Аллоҳга қуллик қилаётганини билиши ва Уни кўриб тургандек ўзини ҳис қилиши, Аллоҳ уни кўриб турганини зеҳнига жойлаши лозим.
Қуръон тиловат қилишни хоҳлаган киши оғзини мисвок ва шунга ўхшаш нарсалар билан тозалаши яхши бўлади. Мисвок арак дарахти шохидан бўлгани яхшироқ. Бошқа нарсалар билан тозалашнинг зарари йўқ.
Қуръонни хушу-хузуъ ва тадаббур билан ўқиш лозим. Шунда қалб юмшаб, нурга тўлади. Салаф уламоларимиз ичида тадаббур қилиб бир оятни тун бўйи ўқиб чиққанлар бор.
Қуръон ўқувчи тиловат чоғи йиғлаши, агар йиғлай олмаса, ўзини йиғлашга мажбурлаши мустаҳабдир. Бундай қилиш орифлар сифати ва солиҳ бандаларнинг шиоридир. Бунга Қуръони каримда: «Улар йиғлаган ҳолларида юзлари билан йиқилурлар ва бу (Қуръон) уларнинг хушуъларини (хокисорликларини) зиёда қилур» (Ал-Исро, 109), деган далил бор.
Қуръон тиловат қилувчининг Қуръонни китобдан ўқиши ёддан ўқиганидан афзалдир. Салаф уламоларимиз шундай дейишган. Аммо кимнинг тадаббури, фикрлаши, қалбини жамлаши Қуръондан ўқиганидан кўра ёддан ўқиганида зиёдроқ бўлса, ёддан ўқигани афзалдир.
Баланд овозда ёки овоз чиқармай тиловат қилиш ҳақида ҳам уламоларнинг сўзлари бор. Риёдан қўрққан киши овозини чиқармай ўқигани афзал. Агар қўрқмаса, баланд овоз билан ўқигани яхши. Шу шарт биланки, атрофидагилар намоз ўқиётган бўлмаслиги керак. Баланд овоз билан ўқиганида бошқаларга ҳам фойда бор.
Чиройли овоз билан, тажвид билан тиловат қилинади. Жуда чўзиб юборилмайди. Бирор ҳарф зиёда қилиниши ёки тушириб қолдирилиши ҳаром.
Тиловат қилувчи киши суранинг ўртасидан ўқимоқчи бўлса, бир-бирига боғлиқ оятларнинг аввалидан бошлаши керак. Тўхтатганида ҳам бир-бирига боғлиқ оятларда тўхтайди. Бошланиши, вақф, жузъ, ҳизб, ўндан бири деб эътибор қилмайди. Шунинг учун уламолар: «Бир суранинг ҳаммасини ўқиши узун сурадан бир миқдор ўқиганидан афзал», дейишган.
Анасдан, розийаллоҳу анҳу, ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир кеча ва кундузда эллик оят ўқиган одам ғофиллар қаторида ёзилмайди, юз оят ўқиган киши кечани иҳё қилиб, Аллоҳнинг ибодатида узоқ турувчи, деб ёзилади, икки юз оят ўқиган киши билан Қуръон қиёмат куни ҳужжат талашмайди, беш юз оят ўқиган одамга эса, бир неча қинтор ажр ёзилади», дедилар (Ибн Сунний ривояти).

"Динда саволи бор"