A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръон ёдлаш услублари
PDF Босма E-mail

Қуръон ёдламоқчи бўлган инсон биринчи навбатда зеҳни (ёдлаш қобилияти), ҳифзи (эсда сақлаб қолиши) ва кун тартиби (бир кунда қанча вақтни Қуръон ёдлашга ажрата олиши)га қараб, ўзига қулай режа тузиб олиши керак бўлади. Бунда кунлик вазифа, маълум бир кунларда ёдлаб ўтилган дарсларнинг такрори ва  албатта, йиллик режа бўлиши шарт. Агар талаба ўзига мос услубларни танлаб, унга оғишмай амал қилиб борса, бу унга Каломуллоҳни ёдлашдаги муваффақиятлар калити бўлиб хизмат қилади.

Қуръон ёдлаш усуллари, асосан, икки турга: арабий ва ажамийга бўлинади. Яъни араб тилида сўзлашадиганлар услуби ва бошқа тилда сўзлашадиганлар услуби.

Эътиборингизга Қуръон ёдлашнинг ажамий услубини тақдим этамиз.

Бу услуб, асосан, қаторлаб (қаторларга бўлиб) ёдлашдан иборат бўлса-да, кундалик вазифа ва режаларнинг кўриниши эътиборидан арабий услубдан тубдан фарқ қилади. Биз ўрганадиган ажамий услубда талабанинг ёдлаш қобилияти (зеҳни), эсда сақлаб қолиши, кунлик тартиби ва шу билан бирга, албатта, саноққа катта аҳамият берилади.

Қуръон сураларини ёдлашга киришган талаба аввал арабий услубда, яъни суранинг биринчи оятини юз маротаба (бу саноқ талабанинг ёдлаш қобилиятига қараб кўп ёки кам бўлиши мумкин), иккинчи ва учинчи оятларини ҳам юз мартадан такрорлайди. Уч оят ёдлангач, уларни қўшиб, яна юз марта ўқийди. Шу услубда сурани охиригача ёдлаб чиқади. Сура ёд олингач, яна сурани бошидан охиригача юз маротаба такрорлайди.

Ёдлаш қобилияти ўртача бўлган талабанинг саноғи юз марта бўлиши тавсия қилинади. Агар ёд олувчи биринчи оятни ўн беш ёки йигирма маротаба ўқиб ёдласа, қолган оятларнинг ҳам саноғини шунга етказиши мақсадга мувофиқ.

Ёд олувчи катта ҳажмли сураларни ёдлашга келганда ҳар бир оятни юз маротаба эмас, балки ҳар бир уч қаторни юз марта ўқийди.  Бақара  сурасидан бошлаб ёдланганда эса беш қатордан белгиланади. Масалан, бир бетни беш қатордан уч қисмга бўлиб, уларнинг ҳар беш қаторини юз маротабадан такрорлайди. Агар шунда ҳам ўзлаштириш қийин кечиб, пухта ёдланмаса, у ҳолда бир бетни иккига бўлиб, ҳар иккисини ҳам юз мартадан ўқийди. Сўнг ўша бетни бошидан охиригача яна юз маротаба такрорлайди. Албатта, саноқ ёд олувчининг имконияти ва ёдлаш қобилиятига қараб белгиланади.

Бетни бошидан охиригача бўлмасдан ўқиш

Маълумки, баъзан ўқувчи оятни ёддан билса ҳам, уни кейинги оятга қўшиб ўқиёлмаслиги мумкин. Шу ҳолатни бартараф қилиш учун Қуръонни ёд олишга кўникма ҳосил қилган талаба бетни бошидан охиригача бўлмасдан ёдлаши мақсадга мувофиқ. Чунки оятларнинг ёд бўлиши учун керак бўлган маълум миқдордаги  саноқ уларни қўшиб ёдлаганда ҳам лозим бўлади.

Порани жамлаб бориш

Ёд олувчи Қуръон ёдлаш баробарида уни такрорлаб туриши ҳам лозим бўлади. Бу эса ҳар бир пора тугаганда амалга оширилади. Яъни бир ёки икки бетдан ёдлаб порани тамомлаган  талаба ўша порани тўрт қисмга бўлиб, беш бет (бир рубъ)дан такрор қилади. Беш бетдан такрор қилиб бўлгач, порани жамлаб устозга ўқиб беради. Бу услубдаги такрор ҳар бир пора тугаб, Қуръонни тўлиқ ёд олгунча давом этади.

Қуръони Каримни бир марта ёд олгач, уни такрор қилиш ва жамлаш

Қуръон тўлиқ ёд олингач, унинг такрорига киришилади. Такрор талабанинг зеҳни ва эсда сақлаб қолиш қобилиятига қараб белгиланади. Талабанинг зеҳни қанчалик паст бўлмасин, такрор уч бетдан кам бўлмаслиги шарт. Кўпи эса бир порадир.

Ёд олувчи кунига бир порадан ўқиб бериш қувватига эга бўлганда ҳар куни бир поранинг саноғини ўттизтага етказиши талаб қилинади. Бу саноқ (яъни ҳар куни бир порани ўттизтадан ўқиш, бу ҳар куни Қуръонни хатм қилиш дегани) талабага қийинчилик туғдирмаслиги табиий ҳолдир. Сабаби, юқорида айтиб ўтилганидек, ёд олувчи Қуръонни ёдлаш жараёнида кунлик сабоғининг саноғини ўттиз порага етказиш кўникмасини ҳосил қилган бўлади.

Тошкент Ислом институти

«Таҳфизул-Қуръон» кафедраси мудири

Жалолиддин Ҳамроқулов