A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Намозда Қуръон тиловат қилиш фазилати
PDF Босма E-mail

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَيُحِبُّ أَحَدُكُمْ إِذَا رَجَعَ إِلَى أَهْلِهِ أَنْ يَجِدَ فِيهِ ثَلاَثَ خَلِفَاتٍ عِظَامٍ سِمَانٍ قُلْنَا: نَعَمْ قَالَ: فَثَلاَثُ آيَاتٍ يَقْرَأُ بِهِنَّ أَحَدُكُمْ فِي صَلاَتِهِ خَيْرٌ لَهُ مِنْ ثَلاَثِ خَلِفَاتٍ عِظَامٍ سِمَانٍ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالدَّارِمِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ وَالْبَيْهَقِيُّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Сизлардан ҳар бирингиз оиласи олдига қайтганида, у ерда ўркачлари катта учта ҳомиладор туяни кўришни хоҳлайдими?» деб сўрадилар. Бизлар: «Ҳа», дедик. Шунда у Зот: «Сизлардан биронтангиз намозда уч оят ўқиши ўркачлари катта учта ҳомиладор туядан кўра яхшироқдир», дедилар» (Муслим, Доримий, Ибн Можа, Аҳмад ва Байҳақий ривояти).
Қуръон тиловат улуғ ибодат эканини юқорида келтирилган ривоятлардан билиб олдик. Бу ерда намозда Қуръон ўқиш ҳақида сўз кетмоқда. Аслида Қуръон тиловатисиз намоз намоз бўлмайди. Банда намозда камида учта қисқа ёки битта узун оят ўқиши талаб қилинади. Хоҳлаганлар кўпроқ оятлар ўқиб, кўп ажр-савобларга эришишлари мумкин. Ушбу ривоятда айтилишича, намозда ўқилган ҳар бир оят учун битта катта ҳомиладор туя садақа қилганлик савоби ёзилади. Ўркачлари катта ва ҳомиладор туя ўша даврда жуда катта қийматга эга бўлган. Таққослайдиган бўлсак, ҳозирги замонавий машина даражасида қадр-қийматга эга бўлган. Демак, ким намозда уч оят ўқиса, учта, ўн оят ўқиса, ўнта, юз оят ўқиса, юзта туя садақа қилганлик савобини қозонади.

وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: قِرَاءَةُ الْقُرْآنِ فِي الصَّلاَةِ أَفْضَلُ مِنْ قِرَاءِةِ الْقُرْآنِ فِي غَيْرِ الصَّلاَةِ وَقِرَاءَةُ الْقُرْآنِ فِي غَيْرِ الصَّلاَةِ أَفْضَلُ مِنَ التَّكْبِيرِ وَالتَّسْبِيحِ وَالتَّسْبِيحُ أَفْضَلُ مِنَ الصَّدَقَةِ وَالصَّدَقَةُ أَفْضَلُ مِنَ الصَّوْمِ وَالصَّوْمُ جُنَّةٌ مِنَ النَّارِ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الإِيْمَانِوَالدَّارَقُطْنِيُّ فِي الأَفْرَادِ.
Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинишича, Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай деганлар: «Намозда Қуръон ўқиш намоздан ташқаридаги қироатдан афзалдир. Намоздан ташқаридаги қироат такбир ва тасбеҳдан афзалдир. Тасбеҳ садақадан, садақа эса рўзадан афзал. Рўза жаҳаннамдан (тўсувчи) қалқондир» (Байҳақий «Шуабул-иймон»да ва Дорақутний «Афрод»да ривоят қилган).
Ушбу ривоятда бир неча амаллар зикр қилиниб, уларнинг бир-биридан афзалликлари баён қилинмоқда. Ўша амалларнинг энг яхшиси сифатида намозда Қуръон ўқиш зикр қилинмоқда. Шу ерда муҳим масалани эслатиб ўтишимиз керак. Банда намозда қанча кўп Қуръон ўқиса, ўзи учун шунча яхши. Фақат бу ёлғиз ўзи ўқиганда бўлади. Масалан, уйда нафл намозларни ўқиётганда хоҳлаганча узун сураларни тиловат қилиши мумкин. Аммо жамоатга имомлик қилаётганлар ҳадисда бундай дейилган экан, деб қироатни жуда узун қилиб юборишлари мумкин эмас. Имом сафдаги заиф ва узрлиларни ҳисобга олиши керак. Баъзилар жамоатга имомлик қилганларида намозни ҳаддан зиёд чўзиб юборадилар. Ёлғиз ўқиганларида эса чумчуқ дон чўқиганидек ибодатни тез ва пала-партиш бажарадилар. Бу риёдан бошқа нарса эмас. Шу сабаб ибодатни холис ният билан қилиш, қавмга имомлик қилганда улар ичидаги заиф, узрлилар ҳолини эътиборга олиш керак бўлади.

وَعَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ صَلَّى فِي لَيْلَةٍ بِمِائَةِ آيَةٍ لَمْ يُكْتَبْ مِنْ الْغَافِلِينَ وَمَنْ صَلَّى فِي لَيْلَةٍ بِمِائَتَيْ آيَةٍ فَإِنَّهُ يُكْتَبُ مِنْ الْقَانِتِينَ الْمُخْلَصِينَ. رَوَاهُ الْحَاكِمُ وَصَحَّحَهُ وَابْنُ خُزَيْمَةَ وَالْبَيْهَقِيُّ.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қилади: «Ким тунда юз оят билан намоз ўқиса, ғофиллардан, деб ёзилмайди. Ким тунда икки юз оят билан намоз ўқиса, у дуо-илтижо қилувчи ихлослилардан, деб ёзилади» (Ҳоким, Ибн Хузайма ва Байҳақий ривояти. Ҳоким ҳадис санади саҳиҳ, деган[1]).
Бу ҳам намозда Қуръон ўқиш қанчалик фазилатли эканини кўрсатади. Бу иш, албатта, ҳар кимнинг имкони даражасида бўлади. Буни ҳар куни юз ёки икки юз оят билан намоз ўқиш шарт экан, деб тушунмаслик керак. Бу ишларни қилиш яхши, қилмаса, зарари йўқ. Аммо иложи борича кўпроқ Қуръон ўқишга, ўқиганда ҳам уни намозда тиловат қилишга одатлансак, мақсадга мувофиқ бўлади.

وَعَنْ أَبِي أُمَامَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَا أَذِنَ اللهُ لِعَبْدٍ فِي شَيْءٍ أَفْضَلَ مِنْ رَكْعَتَيْنِ يُصَلِّيهِمَا وَإِنَّ الْبِرَّ لَيُذَرُّ عَلَى رَأْسِ الْعَبْدِ مَا دَامَ فِي صَلاَتِهِ وَمَا تَقَرَّبَ الْعِبَادُ إِلَى اللهِ بِمِثْلِ مَا خَرَجَ مِنْهُ. قَالَ أَبُو النَّضْرِ: يَعْنِي الْقُرْآنَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَالطَّبَرَانِيُّ فِي الْكَبِيرِ وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.
Абу Умома (розияллоҳу анҳу) Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қилади: «Аллоҳ банданинг икки ракъат намозидаги (қироати)га қулоқ тутганидек бошқа афзал нарсани эшитмайди. Токи банда намозда экан яхшилик унинг бошидан ёғилиб туради. Бандалар Аллоҳга ундан (яъни  Қуръондан[2]) чиққан нарсачалик бошқа нарса билан яқинлаша олмайдилар» (Термизий, Аҳмад, Табароний «Кабийр»да ривояти. Ривоят санади заиф[3]).
Аллоҳ таоло бандаларнинг ҳар бир сўзини эшитади. Аммо У Зот эшитадиган сўзларнинг энг афзали банданинг икки ракъат намоздаги тиловатидир. Банда таҳорат қилиб, хушуъ билан намоз ўқиб, унда Қуръон тиловат қилса, мана шу нарсани Аллоҳ эшитишни яхши кўради.
Банда намоздалик чоғида унинг бошига Аллоҳнинг раҳмати ва мағфиратлари ёғилади. Қайси банда боши узра илоҳий раҳмат ёғилишини хоҳласа, кўпроқ намоз ўқисин.
Бандалар Аллоҳ ҳузурига Қуръондан кўра яхшироқ нарса билан яқинлаша олмайдилар. Ким Аллоҳга яқин бўлишни хоҳласа, кўпроқ Қуръон ўқисин. Ким дуоси қабул бўлишини истаса, кўпроқ вақтини Қуръон тиловати билан ўтказсин.

وَعَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَضِىَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: قَالَ اللهُ تَعَالَى: قَسَمْتُ الصَّلاَةَ بَيْنِي وَبَيْنَ عَبْدِي نِصْفَيْنِ وَلِعَبْدِي مَا سَأَلَ فَإِذَا قَالَ الْعَبْدُ: الْحَمْدُ للهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ ، قَالَ اللهُ تَعَالَى: حَمِدَنِي عَبْدِي وَإِذَا قَالَ: الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ قَالَ اللهُ تَعَالَى: أَثْنَى عَلَيَّ عَبْدِي وَإِذَا قَالَ: مَالِكِ يَوْمِ الدِّينِ قَالَ: مَجَّدَنِي عَبْدِي وَقَالَ مَرَّةً: فَوَّضَ إِلَيَّ عَبْدِي فَإِذَا قَالَ: إِيَّاكَ نَعْبُدُ وَإِيَّاكَ نَسْتَعِينُ قَالَ: هَذَا بَيْنِي وَبَيْنَ عَبْدِي وَلِعَبْدِي مَا سَأَلَ فَإِذَا قَالَ: اهْدِنَا الصِّرَاطَ الْمُسْتَقِيمَ ، صِرَاطَ الَّذِينَ أَنْعَمْتَ عَلَيْهِمْ غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلاَ الضَّالِّينَ قَالَ: هَذَا لِعَبْدِي وَلِعَبْدِي مَا سَأَلَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَصْحَابُ السُّنَنِ وَمَالِكٌ وَأَحْمَدُ.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтади: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Аллоҳ таоло айтади: «Намозни[4] Ўзим ва бандам ўртасида иккига тақсимладим. Бандам учун сўраган нарсаси (берилади). Агар банда: «Алҳамду лиллааҳи роббил-ъаламийн», деса, Аллоҳ таоло: «Бандам менга ҳамд айтди», дейди. Агар (банда): «Ар-роҳмаанир-роҳийм», деса, (Аллоҳ таоло): «Бандам мени мақтади», дейди. Агар (банда): «Маалики йавмид-дийн», деса, (Аллоҳ таоло): «Бандам мени улуғлади», дейди. (Ровий айтади:) «Бир марта, бандам Менга (ишини) топширди, дейди», деб айтган эдилар. Агар (банда): «Иййаака наъбуду ва иййаака наста-ъийн», деса, (Аллоҳ таоло): «Бу Мен ва бандам ўртасидаги нарса. Бандамга сўраган нарсаси (ато қилинади)», дейди. Агар (банда): «Иҳдинассиротол-мустақийм, сиротоллазийна анъамта ъалайҳим, ғойрил-мағзувби ъалайҳим ва лаз-зооллийн», деса, (Аллоҳ таоло): «Бу бандам учундир. Бандамга сўраган нарсаси (берилади)», деб айтади», деганларини эшитганман» (Муслим, Сунан соҳиблари, Молик ва Аҳмад ривояти).
Ушбу ривоятда намознинг ҳар бир ракъатида ўқиладиган Фотиҳа сураси иккига тақсимлангани айтилмоқда. Олимлар таъкидлашича, бу ердаги тақсимлаш маъно жиҳатидандир[5]. Сабаби суранинг ярми Аллоҳга ҳамд айтиш, У Зотни улуғлигини эътироф этиш, У Зотга таваккул қилишга ваъда беришдан иборат бўлса, қолган ярми дуо, илтижо, тазарруъдан иборатдир.
Аллоҳ таоло махлуқотларининг ҳар бир ҳолатидан Хабардордир. Хусусан, У Зот бандаларининг намоздаги қироати, ҳамду саноси, дуою илтижоларини эшитади. Бу эса ҳар биримизни хушуъга, сергакликка чақириши лозим. Агар бу ҳадисни чуқур ҳис қиладиган бўлсак, намозларимизда хушуъни топа оламиз. Зеро, Фотиҳа сураси банда билан Аллоҳ таоло ўртасидаги мулоқот воситасидир.

وَعَنْ أَبِي خَالِدٍ الأَحْمَرِ قَالَ: سَمِعْتُ سُفْيَانَ يَقُولُ: أَفْضَلُ الذِّكْرِ تِلاَوَةُ الْقُرْآنِ فِي الصَّلاَةِ ثُمَّ تِلاَوَةُ الْقُرْآنِ فِي غَيْرِ الصَّلاَةِ ثُمَّ الصَّوْمُ ثُمَّ الذِّكْرُ. رَوَاهُ أَبُو نُعَيْمٍ فِي حِلْيَةِ الأَوْلِيَاءِ.
Абу Холид ал-Аҳмар ривоят қилади: «Мен Суфённинг: «Зикрнинг энг афзали намозда Қуръон тиловат қилиш, кейин намоздан ташқарида Қуръон тиловат қилиш, кейин рўза, кейин зикрдир», деб айтганини эшитганман» (Абу Нуайм «Ҳилятул-авлия»да ривоят қилган).
Хоҳ намозда, хоҳ намоздан ташқарида бўлсин, Қуръон тиловат қилиш амаллар ичида энг афзалларидан бири эканини ушбу ривоят мисолида кўриб турибмиз. Аммо намоздаги қироат бошқа макон ёки вақтдаги қироатдан устун туради.


[1] Албоний Ибн Хузайма келтирган ривоят санадида Саъд ибн Абдулҳамид борлиги учун ҳадис санади зиф эканини айтган.
[2] Бу ҳадис ровийларидан бири Ҳошим ибн Қосим Абу Назр Лайсийнинг изоҳидир.
[3] Ҳадис ровийларидан бири Бакр ибн Хунайс ҳақида Ибн Муборак бир нарсалар деган ва охири уни тарк қилган. Насоий ва бошқалар уни заиф, дейишган. Дорақутний уни матрук, деган. Ибн Ҳиббон: «У басралик ва куфаликлардан мавзуъ нарсаларни ривоят қилган. У буни атайлаб қилган», деб айтган.
[4] Уламолар: «Ушбу ҳадисдаги «намоз»дан мурод Фотиҳа сурасидир. Чунки Фотиҳасиз ўқилган намоз тўғри бўлмайди», деб айтишган.
[5] Агар Фотиҳа сурасининг тақсимланиши ҳарф ва лафз жиҳатидан бўлганда, иккинчи қисм биринчисидан зиёда бўларди.