A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Мусҳафга қараб Қуръон ўқиш фазилати
PDF Босма E-mail

عَنْ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ سَرَّهُ أَنْ يُحِبَّ اللهَ وَرَسُولَهُ فَلْيَقْرَأْ فِي الْمُصْحَفِ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الإِيْمَانِ وَأَبُو نُعَيْمٍ فِي حِلْيَةِ الأَوْلِيَاءِ وَاللَّفْظُ لَهُ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ.
Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қилади: «Аллоҳ ва Расулини яхши кўриш кимни хурсанд қилса, бас, у Мусҳафга қараб (Қуръон) ўқисин!» (Байҳақий «Шуабул-иймон»да ва Абу Нуайм «Ҳилятул-авлия»да ривоят қилган. Ривоят санади ҳасан).
Демак, Қуръонга қараб тиловат қилиш билан банданинг Аллоҳ ва Расулига бўлган муҳаббати пайдо бўлади ва секин-аста зиёдалашади. Мусҳафга назар солиб қироат қилганда банда Аллоҳ таолонинг исм ва сифатларини кўзи билан кўради, тили билан уларни талаффуз қилади. Кўз ва тил ёрдамида қилинган зикр қалбга мустаҳкам ўрнашади ва қалбда Каломуллоҳнинг Соҳибига ва У Зот Расулига бўлган муҳаббат пайдо бўлади.

وَعَنْ عُثْمَانَ بْنِ عَبْدِ اللهِ بْنِ أَوْسٍ الثَّقَفِيِّ عَنْ جَدِّهِ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: قِرَاءَةُ الرَّجُلِ الْقُرْآنَ فِي غَيْرِ الْمُصْحَفِ أَلْفُ دَرَجَةٍ وَقِرَاءَتُهُ فِي الْمُصْحَفِ يُضَاعَفُ عَلَى ذَلِكَ إِلَى أَلْفَيْ دَرَجَةٍ. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ فِي الْكَبِيرِ وَالْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الإِيْمَانِ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.
Усмон ибн Абдуллоҳ ибн Авс Сақофий бобосидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Кишининг Мусҳафга қарамай Қуръон ўқиши минг даража, Мусҳафга қараб ўқиши эса икки минг даражагача кўпайтирилади», деганлар» (Табароний «Кабийр»да ва Байҳақий «Шуабул-иймон»да ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).
Ушбу ривоятга кўра, Қуръонга қараб тиловат қилиш ёддан ўқишдан икки баробар кўп савоб олинишига сабаб бўлади.
Мусҳафга қараб тиловат қилишнинг қуйидаги афзалликлари бор:
1. Хато қилишдан сақланади.
2. Тили талаффуз қилаётган сўзларни кўзи билан кўриш орқали кишида тадаббур ва хушуъ ҳосил бўлади;
3. Мусҳафга қараб ўқилса, керак бўлган жойда тўхташ, оятларни такрор ўқиш мумкин. Ёддан ўқиганда бундай имконият бўлмайди. Сабаби оятлар ўртасида вақф қилинганда қаерга келингани ёддан кўтарилиши мумкин.
4. Қуръонга қараб тиловат қилган бандага ёддан ўқигандан кўра икки баробар кўп савоб берилади.

وَعَنْ عُبَيْدِ اللهِ بْنِ عَبْدِ الرَّحْمَنِ عَنْ بَعْضِ أَصْحَابِ النَّبِىِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: فَضْلُ قِرَاءَةِ الْقُرْآنِ نَظَرًا عَلَى مَنْ يَقْرَؤُهُ ظَهْرًا كَفَضْلِ الْفَرِيضَةِ عَلَى النَّافِلَةِ. رَوَاهُ أَبُو عُبَيْدٍ فِى فَضَائِلِ الْقُرْآنِ وَإِسْنَادُهُ ضَعِيفٌ.
Убайдуллоҳ ибн Абдураҳмон Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаларининг баъзисидан ривоят қилади: «Қуръонга қараб қироат қилишнинг ёддан ўқишдан афзаллиги худди фарзнинг нафлдан афзаллигига ўхшайди» (Абу Убайд «Фазоилул-Қуръон»да ривоят қилган. Ривоят санади заиф).
Юқорида Қуръонга назар солиб ўқиш уни ёддан тиловат қилишга нисбатан икки баробар устунлиги айтилди. Бу ерда эса у иккисининг фарқи худди фарз билан нафлникига ўхшатилмоқда.

وَعَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَعْطُوا أَعْيُنَكُمْ حَظَّهَا مِنَ الْعِبَادَةِ قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ وَمَا حَظُّهَا مِنَ الْعِبَادَةِ قَالَ: النَّظَرُ فِي الْمُصْحَفِ وَالتَّفَكُّرُ فِيهِ وَالإِعْتِبَارُ عِنْدَ عَجَائِبِهِ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الإِيْمَانِ بِإِسْنَادٍ ضَعِيفٍ.
Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Кўзларингизга унинг ибодатдан бўлган насибасини беринглар!» дедилар. Шунда: «Эй Расулуллоҳ, унинг ибодатдан бўлган насибаси нима?» деб сўралди. У Зот: «Мусҳафга назар солиш, у ҳақида тафаккур қилиш ва ажойиботларидан ибрат олиш», дедилар» (Байҳақий «Шуабул-иймон»да заиф санад билан ривоят қилган).
Банда қилган ибодатларда унинг оёқ-қўли, тили иштирок этади. Аллоҳ яратган ажойиб нарсаларни кўриб ибратланишда кўз ҳам қатнашади. Бу ерда айтилишича, Қуръонга назар солиб тиловат қилиш, Қуръон оятлари ҳақида тафаккур ва тадаббур қилиш, унда келган амр ва қайтариқлар, ваъз-насиҳатлар ва ибратли қиссалардан ўзи учун фойда олиш кўзнинг ибодати экан. Бундан келиб чиқадики, Қуръонга қараб тиловат қилинса, оятларни тадаббур қилиш, уларни фаҳмлаш осонроқ бўлади.
Салафларнинг кўпчилиги фикрича, ёддан ўқигандан кўра Мусҳафга қараб тиловат қилиш афзалроқ.. Сабаби унда банданинг кўзи ва тили иштирок этади. Бу нарса уни кўпроқ тадаббур қилишга ундайди. Имом Нававий: «Бизнинг устозларимиз ҳам шундай дейишган. Аммо бу мутлоқ эмас. Агар қори ёддан ўқиганда Мусҳафга қараб ўқигандан кўра кўпроқ тадаббур ҳосил қила олса, қалби сокин ва хотиржам бўлолса, у ҳолда ёддан ўқиш афзал. Агар иккаласи тенг бўлса (яъни  ёддан ўқишда ҳам, Мусҳафга қараб ўқишда ҳам бир хил даражада тадаббур ҳосил бўлса), у ҳолда Мусҳафдан ўқиш афзалроқ», деган. Ибн Ҳажар «Фатҳул-борий»да: «Бу кишилар шахси ва ҳолатига қараб турлича бўлади. Мусҳафдан ўқиганда хатодан сақланиш осон, аммо ёддан ўқиш риёдан узоқроқ ва хушуъга яқинроқдир», деб айтган.

وَعَنْ عُبَادَةَ بْنِ الصَّامِتِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَفْضَلُ عِبَادَةِ أُمَّتِي قِرَاءَةُ الْقُرْآنِ نَظَرًا. رَوَاهُ الْحَكِيمُ التِّرْمِذِيُّ وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.
Убода ибн Сомит (розияллоҳу анҳу) Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қилади: «Умматимнинг энг афзал ибодати Қуръонга қараб тиловат қилишдир» (Ҳаким Термизий ривояти. Ривоят санади заиф).
Юқоридаги ҳадислардан бирида Қуръон ўқиш энг яхши амаллардан бири экани айтилганди. Бу ерда эса Қуръонга қараб тиловат қилиш энг яхши амал экани айтилмоқда.
Уламолар ичида бу маънода келган ривоятларга амал қилиш учун Қуръон ўқимаса-да, Мусҳафни очиб, унга назар соладиган кишилар ҳам бўлган. Қуйида солиҳ салафларнинг бу борада қилган амаллари ва айтган сўзлари билан танишамиз.

وَعَنْ الْحَسَنِ قَالَ: قَالَ أَمِيرُ الْمُؤْمِنيِنَ عُثْمَانُ بْنُ عَفَّانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: لَوْ أَنَّ قُلُوبَنَا طَهُرَتْ مَا شَبِعْنَا مِنْ كَلاَمِ رَبِّنَا وَإِنِّي لأَكْرَهُ أَنْ يَأْتِي عَلَيَّ يَوْمٌ لاَ أَنْظُرُ فِي الْمُصْحَفِ وَمَا مَاتَ عُثْمَانُ حَتَّى خَرِقَ مُصْحَفُهُ مِنْ كَثْرَةِ مَا كَانَ يُدِيمُ النَّظَرَ فِيهَا. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الإِيْمَانِ.
Ҳасандан ривоят қилинади: «Амирул мўминин Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу): «Агар қалбларимиз покланганида биз Парвардигоримиз Каломига тўймаган бўлардик. Мен Мусҳафга қарамай бирон кунни ўтказишни хушламайман», деган. Усмон Мусҳафга кўп назар ташлаганидан унинг варақлари эскириб кетган эди» (Байҳақий «Шуабул-иймон»да ривоят қилган).
Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу)нинг айтишича, агар қалб пок бўлса, банда Қуръон ўқишга тўймайди. Покиза қалб Қуръонни ўзига яхши сингдиради ва унинг маъноларини яхшироқ тушунади. Покиза қалб Қуръонни тадаббур қилади. Покиза қалб Қуръонга ташна бўлади. Покиза қалб соҳиби бўлган банда Қуръон ўқиган сари унга бўлган муҳаббати ошиб бораверади. Демак, Қуръон ўқиш учун аввал қалбимизни поклашимиз, Қуръон тиловатига ўзгача бир тайёргарлик билан киришишимиз керак. Шу сабаб баъзи уламолар Қуръон тиловатидан олдин истиғфор айтишга буюришган. Истиғфор билан банда гуноҳлардан фориғ бўлади, қалбидаги қора доғлар камаяди. Истиғфор ва зикр билан покланган қалб ила Қуръон ўқилса, тиловатдан оладиган фойдаларимиз ортади, Каломуллоҳга тўймайдиган, уни яна ўқишни хоҳлайдиган соғлом қалб соҳибига айланамиз.
«Мен Мусҳафга қарамай бирон кунни ўтказишни хушламайман».
Саҳобалар ичида Мусҳафи шарифга энг кўп назар солган киши ҳам айнан Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) эди. У Қуръонни очиб, ўқийверганидан, унга кўп назар солганидан унинг Мусҳафи эскириб, варақлари йиртилиш даражасига келиб қолган экан. Энди бизнинг ҳолимиз қандай эканига назар солайлик! Бизнинг Қуръон китобимиз доим ўқиб туриладими ёки токчада чанг босиб ётадими? Аллоҳ таоло Қуръонни бизларга ўқишимиз, уни ҳар куни тиловат қилиб, Қуръонга амал қилишмиз учун нозил қилган, китоб жавонларини тўлдириш, безаш ёки ҳеч кимнинг қўли етмайдиган жойга илиб қўйиш, ундан мадад кутиш учун туширмаган бу илоҳий Каломни. Бу соҳада Усмон (розияллоҳу анҳу) бизларга ёрқин намунадир. У зотнинг бутун ҳаёти Қуръон билан боғлиқ бўлди. Ҳатто умрининг сўнгги дақиқаларида ҳам Қуръонни очиб, ўқиб ўтирган эди у зот. Аллоҳ таоло Усмон ибн Аффондан рози бўлсин ва бизларнинг ҳам у зотга ўхшашимизни насиб қилсин!

وَعَنْ عَبْدِ الْمَجِيدِ عَنْ أَبِيهِ قَالَ: قَالَ عُثْمَانُ: إِنِّي لأَسْتَحْيِي مِنْ رَبِّي تَعَالَى أَنْ يَمُرَّ عَلَيَّ يَوْمٌ لاَ أَنْظُرُ فِي عَهْدِ رَبِّي. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الإِيْمَانِ.
Абдулмажид отасидан ривоят қилади: «Усмон: «Мен Парвардигорим аҳдига назар ташламай бирон кунни ўтказишдан уяламан», деган» (Байҳақий «Шуабул-иймон»да ривоят қилган).
«Аҳд» сўзи луғатда «васият», «келишув, битим», «замон, давр» каби маъноларни англатади. Бу ерда «Парвардигор аҳди» деганда Аллоҳнинг амр-фармонлари ва бандаларига тайинлаган нарсалар жамланган китоб, яъни Қуръон Карим назарда тутилган. Демак, Усмон (розияллоҳу анҳу) ҳар куни Қуръонга назар ташлар, бирон кунни Мусҳафга қарамай ўтказмас эди. Бу иш фарз ёки вожиб эмас, балки Усмон (розияллоҳу анҳу) Мусҳафга қарамасдан бирон кунни ўтказишдан Аллоҳдан ҳаё қилган. Бу нарса Усмон (розияллоҳу анҳу) Аллоҳ таолога қанчалик яқин бўлганидан дарак беради.

وَعَنْ زِرِّ بْنِ حُبَيْشٍ عَنْ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَدِيمُوا النَّظَرَ فِي الْمُصْحَفِ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الإِيْمَانِ وَالطَّبَرَانِيُّ فِي الْكَبِيرِ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.
Зирр ибн Ҳубайш Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: «Мусҳафга доимий тарзда назар солиб туринглар!» (Байҳақий «Шуабул-иймон»да ва Табароний «Кабийр»да ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).
Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) бизларга Мусҳафга доим назар солиб туришни тавсия қилган. Шунда Аллоҳдан йироқлашмаймиз, Унга бўлган муҳаббатимиз ортади.

وَعَنْ عَلْقَمَةَ عَنْ عَبْدِ اللهِ قَالَ: النَّظَرُ إِلَى الْوَالِدِ عِبَادَةٌ وَالنَّظَرُ إِلَى الْكَعْبَةِ عِبَادَةٌ وَالنَّظَرُ فِي الْمُصْحَفِ عِبَادَةٌ وَالنَّظَرُ إِلَى أَخِيكَ حُبًّا لَهُ فِي اللهِ عِبَادَةٌ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الإِيْمَانِ.
Алқама Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: «Отага назар солиш ибодат. Каъбага назар солиш ибодат. Мусҳафга назар солиш ибодат. Биродарингга Аллоҳ йўлида меҳр билан назар солишинг ибодат» (Байҳақий «Шуабул-иймон»да ривоят қилган).
Ушбу ривоятда кўз билан қилинадиган бир неча ибодат турлари саналмоқда. Улар ичида Мусҳафга назар солиш ҳам бор. Ушбу амаллар ибодат саналиши бежиз эмас. Банда ота-онасининг юзига меҳр-шафқат назари билан қараса, уларга ўзини хокисор тутса, уларнинг тарбиялари учун улардан миннатдор бўлса, бунинг учун Аллоҳга шукр айтса, ибодат қилган бўлади.
Каъбага назар солиш ҳам ибодат. Ривоятларда айтилишича, унга назар солиш бир йиллик ибодатга тенг[1]. Ким Каъбага назар солса, туғилган кунида пок бўлганидек гуноҳлардан фориғ бўлади.
Мусҳафга назар солиш ҳақида юқорида тўхталиб ўтдик.
Мўмин банданинг Аллоҳ учун биродарига қараши, унга табассум қилиши ва яхши муомалада бўлиши ҳам ибодат. Шунда мўминлар орасидаги ришталар мустаҳкамланади.

[1] «Файзул-қодийр».