A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръонни яхши кўриш фазилати
PDF Босма E-mail

عَنْ أَبِى بَكْرِ بْنِ أَبِى مَرْيَمَ عَنْ عَطِيَّةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَا مِنْ كَلاَمٍ أَعْظَمُ عِنْدَ اللهِ مِنْ كَلاَمِهِ وَمَا رَدَّ الْعِبَادُ إِلَى اللهِ كَلاَماً أَحَبَّ إِلَيْهِ مِنْ كَلاَمِهِ. رَوَاهُ الدَّارِمِيُّ.
Абу Бакр ибн Абу Марям Атийядан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Аллоҳ даргоҳида Унинг Каломидан улуғроқ бошқа калом йўқ. Бандалар Аллоҳга Унинг Каломидан севимлироқ бошқа бир калом билан қайта олмайдилар», деганлар» (Доримий ривояти[1]).
Аллоҳ таоло учун Ўз Каломи Қуръони Каримдан кўра суюклироқ бошқа китоб йўқ. Сабаби Қуръон нуқсон, хато ва камчиликлардан холи, энг мукаммал Китобдир. Бандалар Аллоҳ ҳузурига Қуръондан кўра яхшироқ бирон китоб билан бора олмайдилар. Ҳа, Қуръон, аввало, Аллоҳ учун севимлидир. Шундай экан, биз ҳам уни яхши кўришимиз ва Қуръон ҳақларини адо қилишимиз лозим.

وَعَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ يَزِيدَ عَنْ عَبْدِ اللهِ قَالَ: مَنْ أَحَبَّ الْقُرْآنَ فَلْيُبْشِرْ. رَوَاهُ الدَّارِمِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.
Абдураҳмон ибн Язид Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: «Ким Қуръонни яхши кўрса, хурсанд бўлсин!» (Доримий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
Ким Қуръонни яхши кўрса, ким Қуръонга муҳаббат қўйса, Қуръонни эъзозласа, у банда хурсанд бўлсин. Сабаби бундай бандани Аллоҳ ҳам яхши кўради, Қуръонни ўша банда учун охиратда ҳужжат ва шафоатчи қилади. Аллоҳ яхши кўрган банда азобга йўлиқмайди, фақат ҳурмат-эҳтиромга лойиқ кўрилади.
Қуръонни яхши кўриш белгилари бор. Фақат тил билан: «Мен Қуръонни яхши кўраман», дейиш билан банда бундай мақомга эришмайди, балки Қуръонни яхши кўрган банда уни тиловат қилади, ёдлайди, ўрганади ва амал қилади. Ким Қуръонни яхши кўраман, деб уни ўқимаса, Қуръон ҳақларини адо қилмаса, бундай банданинг гапи ёлғондир.

وَعَنِ ابْنِ أَبِى مُلَيْكَةَ أَنَّ عِكْرِمَةَ بْنَ أَبِى جَهْلٍ كَانَ يَضَعُ الْمُصْحَفَ عَلَى وَجْهِهِ وَيَقُولُ: كِتَابُ رَبِّى كِتَابُ رَبِّى. رَوَاهُ الدَّارِمِيُّ فِي السُّنَنِ وَالْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الإِيْمَانِ.
Ибн Абу Мулайкадан ривоят қилинишича, Икрима ибн Абу Жаҳл Мусҳафни юзига қўйиб, «Парвардигорим Китоби, Парвардигорим Китоби!» дерди. (Доримий «Сунан»да ва Байҳақий «Шуабул-иймон»да ривоят қилган[2]).
Бу банданинг Қуръонни яхши кўришига далолат қилувчи ишлардандир.

وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ: الْقُرْآنُ أَحَبُّ إِلَى اللهِ مِنَ السَّمَوَاتِ وَالأَرْضِ وَمَنْ فِيهِنَّ. رَوَاهُ الدَّارِمِيُّ وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.
Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қилади: «Қуръон Аллоҳ учун осмонлар ва Ер ҳамда улардаги нарсалардан-да севимлироқдир» (Доримий ривояти. Ривоят санади заиф[3]).
Аллоҳ наздида дунёнинг пашша қанотичалик қадри йўқ. Шундай экан, осмонлар, Ер ва ундаги нарсалардан кўра Аллоҳ учун Қуръон мутлоқ афзал ва севимлироқдир. Аллоҳ учун Қуръондан кўра афзал китоб йўқ.

وَعَنْ ثَابِتٍ الْبُنَانِيِّ عَنْ أَنَسٍ أَنَّ رَجُلاً قَالَ: وَاللهِ إِنِّى لأُحِبُّ هَذِهِ السُّورَةَ قُلْ هُوَ اللهُ أَحَدٌ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: حُبُّكَ إِيَّاهَا أَدْخَلَكَ الْجَنَّةَ. رَوَاهُ الدَّارِمِيُّ وَأَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ وَأَبُو يَعْلَى وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.
Собит Буноний Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилишича, бир киши: «Аллоҳга қасамки, мен Ихлос сурасини яхши кўраман», деганида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Бу (сура)га бўлган муҳаббатинг сени жаннатга олиб киради», деганлар. (Доримий, Аҳмад, Ибн Ҳиббон ва Абу Яъло ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
Банданинг Қуръонга бўлган муҳаббати, хусусан, Ихлос сурасини яхши кўриши уни жаннатга олиб киради. Бу сурани ёдлаган, уни ўрганган банда куфр, шикр ва нифоқ каби иллардан саломат бўлади ва соф эътиқоди ва солиҳ амаллари билан жаннатга киради.

وَعَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بن يَزِيدَ عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ قَالَ: مَنْ أَحَبَّ أَنْ يَعْلَمَ أَنَّهُ يُحِبُّ اللهَ وَرَسُولَهُ فَلْيَنْظُرْ فَإِنْ كَانَ يُحِبُّ الْقُرْآَنَ فَهُوَ يُحِبُّ اللهَ وَرَسُولَهُ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ وَاللَّفْظُ لَهُ وَرِجَالُهُ ثِقَاتٌ.
Абдураҳмон ибн Язид Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: «Қайси банда Аллоҳ ва Расулини яхши кўришини билмоқчи бўлса, қарасин, агар у Қуръонни яхши кўрса, демак, у Аллоҳ ва Расули (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни яхши кўрар экан» (Байҳақий ва Табароний ривояти. Ривоят лафзи Табаронийга тегишли ва унинг ровийлари ишончли).
Банданинг Аллоҳ ва Расулини яхши кўриши мезони ҳам Қуръондир. Ким Қуръонни яхши кўрса, демак, у Аллоҳ ва У Зотнинг Расулини яхши кўрар экан. Зеро, Аллоҳ бу Китобни Ўз Расулига нозил қилган. У иккисини яхши кўрмай туриб, Қуръонга муҳаббат қўйиш мумкин эмас. Ҳаммаси бир-бири билан чамбарчас боғлиқ.

وَعَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ:مَنْ كَانَ يُحِبُّ الْقُرْآَنَ وَيُعْجِبُهُ فَهُوَ بِخَيْرٍ. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ فِي الْكَبِيرِ.
Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Ким Қуръонни яхши кўрса, ва уни хушласа, бас, у яхшиликдадир» (Табароний «Кабийр»да ривоят қилган).
Ким Қуръонни яхши кўрса, яхшилик қозонади, хайр-баракага эришади. Ким Қуръонни яхши кўрса, дунё ва охиратда хурсанд бўлади. Ким Қуръонни яхши кўрса, у Аллоҳнинг муҳаббатига эришади ва жаннатга киради. Қуръонни яхши кўриш бир хазина бўлиб, унинг манфаати жуда кўп.

وَعَنْ شَقِيقٍ قَالَ: كَانَ عَبْدُ اللهِ يُقِلُّ الصَّوْمَ فَذُكِرَ ذَلِكَ لَهُ فَقَالَ: إِنِّي إِذَا صُمْتُ ضَعُفْتُ عَنِ الْقِرَاءَةِ وَتِلاوَةُ الْقُرْآَنِ أَحَبُّ إِلَيَّ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الإِيْمَانِ وَالطَّبَرِيُّ فِي تَهْذِيبِ الآثَارِ وَالطَّبَرَانِيُّ فِي الْكَبِيرِ.
Шақиқдан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ кам рўза тутарди. Ундан бунинг сабаби сўралганида, у: «Мен рўза тутсам, Қуръон ўқишдан ожиз қоламан. Қуръон тиловати мен учун севимлироқдир», деб жавоб берди» (Байҳақий «Шуабул-иймон»да, Табарий «Таҳзийбул-асар»да ва Табароний «Кабийр»да ривоят қилган).
Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)нинг кам нафл рўза тутишининг сабаби Қуръон тиловатини яхши кўриши эди. Кўп рўза тутган одам жисмоний куч талаб қилувчи намоз, қироат каби ибодатларни ўзи хоҳлаганча кўп миқдорда адо этолмайди. Шундан маълум бўладики, банда амалларнинг бир-биридан афзаллигини яхши англаб етиб, улар ичида энг муҳимини олдин бажариши, аҳамияти катта бўлган ишларга халал берувчи иккинчи даражали амалларни камроқ қилиши керак бўлади.
Қуръон ўқиш нафл рўзадан устун туради. Сабаби Қуръон тиловатининг нафл рўзадан манфаати кўпроқ. Нафл рўза банданинг ўзига фойда келтирса, Қуръон тиловати ҳам бандага, ҳам бошқа мусулмонларга манфаатлидир.

[1] Ривоят санадида икки заиф ровий бор. Булар Абдуллоҳ ибн Солиҳ ва Абу Бакр ибн Абу Марямдир.
[2] Ушбу ривоят санади мунқотеъдир. Сабаби Ибн Абу Мулайка Икримани кўрмаган.
[3] Ривоят санадида ҳоли нотаниш ровий бор ва Абдуллоҳ ибн Солиҳнинг ёдлаш қобилияти жуда ёмон.