A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Тунда Қуръон тиловат қилиш фазилати
PDF Босма E-mail

Қуръон ўқувчилар учун ихтиёр қилинган вақтларнинг энг афзали кечасидир. Аллоҳ таоло айтади: «Аҳли Китоб орасида сажда қилган ҳолларида тунлари Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган тўғри (йўлдаги) жамоат ҳам бор. (Ўша зотлар) Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадилар, яхши амалга буюриб, исён-гуноҳдан қайтарадилар ва яхшиликлар қилишга шошиладилар. Ана ўшалар солиҳ бандалардир» (Оли Имрон, 113-114).
Ҳадиси шарифларда тунги намоз ва қироат фазилати ҳақида етарлича маълумотлар келган.

عَنْ ابْنِ بُرَيْدَةَ عَنْ أَبِيهِ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: يَجِيءُ الْقُرْآنُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ كَالرَّجُلِ الشَّاحِبِ فَيَقُولُ: أَنَا الَّذِي أَسْهَرْتُ لَيْلَكَ وَأَظْمَأْتُ نَهَارَكَ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ.
Ибн Бурайда отасидан ривоят қилишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай деганлар: «Қуръон қиёмат куни ҳолдан тойган киши кўринишида келиб, «Сени тунлари бедор қилган ва кундузлари чанқатган менман», дейди» (Ибн Можа ва Аҳмад ривояти. Ривоят санади ҳасан[1]).
Ушбу ривоятда айтилишича, Қуръон қиёмат куни ўз соҳиби олдига келиб, «Сени дунёда кечалари уйқудан қўйган, кундузлари оч-наҳор юришингга сабабчи бўлган менман», дейди. Қуръон охиратда соҳибига унинг дунёдаги кўринишида намоён бўлади. Сабаби банда тунлари уйқусидан кечиб Қуръон ўқиган ва Аллоҳ йўлида чарчаган, хориганди. Қуръон айнан шу кўринишда соҳибига йўлиқади. Банда дунёда Қуръон йўлида хизмат қилган бўлса, энди Қуръон банда фойдаси учун хизмат қилади.
Абдуллоҳ ибн Бурайда отасидан ривоят қилади: «Мен Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузурларида ўтиргандим, у Зот: «Сизлар Бақара сурасини ўрганинглар! Зеро, уни олиш барака, тарк қилиш ҳасратдир. Унга сеҳргарлар қодир бўлолмайдилар», деб айтганларини эшитдим. Сўнг бир муддат турдилар ва: «Бақара ва Оли Имрон сураларини ўрганинглар! Зеро у иккиси икки ёритувчи нур бўлиб, қиёмат куни икки булут ёки икки соябон ёки бир гуруҳ саф тортган қушлар шаклида келиб, ўз соҳибларига соя қилади. Қиёмат куни қабр очилиб, банда у ердан чиқиб келганида Қуръон уни чарчаган киши суратида кутиб олади ва унга: «Мени танидингми?» дейди. Банда: «Сени танимайман», дейди. Шунда у: «Мени танимайсанми?» деб сўрайди. Банда яна: «Мен сени танимайман», деб жавоб қайтаради. Шунда (Қуръон): «Мен сени иссиқ кунларда чарқатган, кечалари бедор қилган дўстинг Қуръонман. Ҳар бир савдогар тижорати орқасидан фойда кўради. Сен ҳам бугун тижоратинг орқасидан фойда кўрасан», дейди. Бас, унинг ўнг қўлига мулк, чап қўлига мангулик берилади. Унинг бошига виқор тожи кийдирилади. Унинг ота-онасига икки либос кидирилади. У иккисига дунё аҳли тенг келолмайди. Шунда улар (яъни ота-онаси): «Бу бизларга нима сабабдан кидирилди?!» деб сўрайдилар. Шунда: «Фарзандларингиз Қуръонни ўргангани учун», дейилади. Кейин унга (яъни  Қуръон соҳибига): «Ўқи ва жаннат поғонаси ва хоналари томон кўтарил», дейилади. У хоҳ тез, хоҳ шошилмасдан қироат қилсин, аста-секин юқорилаб бораверади», дедилар” (Доримий, Аҳмад ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади ҳасан).

وَعَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَاءَ جِبْرِيلُ عَلَيْهِ السَّلاَمُ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: يَا مُحَمَّدُ عِشْ مَا شِئْتَ فَإِنَّكَ مَيِّتٌ وَاحْبِبْ مَنْ أَحْبَبْتَ فَإِنَّكَ مُفَارِقُهُ وَاعْمَلْ مَا شِئْتَ فَإِنَّكَ مَجْزِيٌّ بِهِ ثُمَّ قَالَ: يَا مُحَمَّدُ شَرَفُ الْمُؤْمِنِ قِيَامُ اللَّيْلِ وَعِزُّهُ اسْتِغْنَاؤُهُ عَنْ النَّاسِ. رَوَاهُ الْحَاكِمُ فِي الْمُسْتَدْرَكِ وَالْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الإِيْمَانِ وَالطَّبَرَانِيُّ فِي الأَوْسَطِ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.
Саҳл ибн Саъд (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Жаброил (алайҳиссалом) Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузурларига келиб, «Эй Муҳаммад, хоҳлаганингизча яшанг. Зеро, сиз (вақти келиб) ўласиз. Хоҳлаган одамингизни яхши кўринг. (Бир кун) ундан айриласиз. Хоҳлаган ишингизни қилинг. Зеро, сиз бунинг учун ҳисоб қилинасиз», деди ва кейин: «Эй Муҳаммад, мўминнинг шарафи кечаси қоим бўлиш ва унинг ҳурмати одамлардан беҳожатлигидадир», деди» (Ҳоким «Мустадрак»да, Байҳақий «Шуабул-иймон»да ва Табароний «Авсат»да ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).
Ушбу ривоятда Жаброил (алайҳиссалом) Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузурларига келиб, баъзи насиҳатларни қилгани айтилмоқда. Улардан шу нарса маълум бўладики, банда қандай ҳолатда яшашидан қатъи  назар, фурсат етганда у, албатта, вафот этади, ёруғ оламдан кўз юмади ва Аллоҳ даргоҳига риҳлат қилади. Банда кимни ёки нимани яхши кўрмасин, улардан вақти келиб айрилади. Банда яхши ёки ёмон ишлари учун ҳисоб қилиниши аниқ. Мўминнинг илоҳий даргоҳдаги обрўси тунда ибодат қилиш билан юксалади, одамлар қўлидаги нарсадан беҳожат бўлиш билан унинг дунёдаги мартабаси ошади.
Тунда қилинадиган ибодатларга намоз, зикр, дуо-илтижолар киради. Кундузи Қуръон ўқиш ҳам яхши, аммо кечаси қилинган тиловат афзалроқ. Бу ривоятда айтилганидек, бу иш мўминнинг шарафини кўтаради.
Туннинг маълум қисмини қоим ўтказиш тўғрисида қуйидаги ривоят келган.

وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ قَامَ بِعَشْرِ آيَاتٍ لَمْ يُكْتَبْ مِنَ الْغَافِلِينَ وَمَنْ قَامَ بِمِائَةِ آيَةٍ كُتِبَ مِنَ الْقَانِتِينَ وَمَنْ قَامَ بِأَلْفِ آيَةٍ كُتِبَ مِنَ الْمُقَنْطَرِينَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَابْنُ خُزَيْمَةَ وَابْنُ حِبَّانَ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қилади: «Ким (кечаси) Қуръондан ўн оят билан қоим бўлса, ғофиллардан, деб ёзилмайди. Ким юз оят билан қоим бўлса, «Аллоҳга итоат этувчилардан», деб ёзилади. Ким минг билан қоим бўлса, «Кўп миқдорда савобга эришганлардан», деб ёзилади» (Абу Довуд, Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
Бу маънода келган ривоятларни юқорида кўриб чиққан эдик.
Саълабий Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: «Ким кечаси икки ракъат намоз ўқиса, Аллоҳ йўлида сажда қилган ва қоим бўлган ҳолида тонг оттирибди».

وَعَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: مَنْ قَرَأَ فِي لَيْلَةٍ سُورَةَ الْبَقَرَةِ فَقَدْ أَكْثَرَ وَأَطْيَبَ. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ فِي الْكَبِيرِ.
Абдуллоҳдан ривоят қилинади: «Ким тунда Бақара сурасини ўқиса, кўп ва яхши қилибди» (Табароний «Кабийр»да ривоят қилган).
Иброҳим Нахаъий шундай деб айтарди: «Кечаси озроқ бўлса ҳам Қуръон тиловат қилинглар!»
Авзоий: «Ким кечалари бедор бўлиб, Қуръонни кўп ўқиса, қиёмат куни ҳисоб бериши осон бўлади», деган.
Кечаси намоз ўқиш ва қироат қилишнинг афзаллиги шундаки, кечаси қалб тинч ҳолатда, ҳар хил чалғитувчи нарсалардан узоқ бўлади. Бунда банда дунё ташвишларидан фориғ бўлиб, Парвардигорига сиғиниши осон кечади. Бу вақтда риё ва амалларни бекор қилувчи иллатлардан сақланиш осонроқ бўлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг энг улуғ мўъжизаларидан бўлмиш Исроъ ва Меърож воқеалари ҳам кечаси содир бўлгани бежиз эмас.
Кечаси қоим бўлиш ёки Қуръон тиловат қилишда меъёрга амал қилиш яхши. Бутун тунни қоим ҳолда ўтказишга одатланиш, инсонга қийинчилик туғдириши, бу ишда давомли бўла олмай, ўз нафсига зарар етказиши мумкин. Ҳар соҳада ўртача йўл тутилгани афзал.

[1] «Мажмауз-завоид» китобида: «Ушбу ривоят санади саҳиҳ, ровийлари ишончли», дейилган.