A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/412015Banner_5.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/687323Banner_3.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/988715Banner_7.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/948903Banner_6.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръон хатмидан сўнг дуо қилиш фазилати
PDF Босма E-mail

عَنِ الْعِرْبَاضِ بْنِ سَارِيَةَرَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ صَلَّى صَلاةَ فَرِيضَةٍ فَلَهُ دَعْوَةٌ مُسْتَجَابَةٌ وَمَنْ خَتَمَ الْقُرْآنَ فَلَهُ دَعْوَةٌ مُسْتَجَابَةٌ. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ فِي الْكَبِيرِ وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.

Ирбоз ибн Сория розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким фарз намозини ўқиса, унинг дуоси ижобатдир. Ким Қуръонни хатм қилса, унинг дуоси ижобатдир” (Табароний “Кабийр”да ривоят қилган. Ривоят санади заиф[1]).
Ушбу ривоятда дуонинг ижобат қилинишига сабаб бўладиган икки амал зикр қилинмоқда.
Баъзи амаллар дуонинг тезда қабул қилинишига сабаб бўлади. Ана ўша амаллар сирасига фарз намози ва Қуръон хатми киради. Демак, ким фарз намозлари ёки Қуръонни ўқиб тугатгандан сўнг ихлос билан дуо қилса, унинг дуоси Аллоҳ даргоҳида қабул қилинади. Фарз намозини ўқиганда ёки Қуръон хатм қилганда банда Аллоҳга яқинлашади, унинг гуноҳлари тўкилади, қалби нурга тўлади, имони зиёда бўлади. Бу ҳолатда қилинган дуо шубҳасиз мустажоб бўлади.
وَعَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ قَرَأَ الْقُرْآنَ أَوْ قَالَ: مَنْ جَمَعَ الْقُرْآنَ كَانَتْ لَهُ عِنْدَ اللهِ دَعْوَةٌ مُسْتَجَابَةٌ إِنْ شَاءَ عَجَّلَهَا لَهُ فِي الدُّنْيَا وَإِنْ شَاءَ أَخَّرَهَا لَهُ فِي الآخِرَةِ. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ فِي الأَوْسَطِ.
Жобир ибн Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Қуръон ўқиса (ёки Қуръонни жамласа,) у банда учун Аллоҳ даргоҳида мустажоб дуо бўлади. (Аллоҳ) хоҳласа, уни дунёда беради, хоҳласа, унинг учун охиратга захира қилиб қолдиради”, дедилар” (Табароний “Авсат”да ривоят қилган[2]).
Қуръон ўқигач ёки хатм қилгач, ихлос билан Аллоҳга дуо қилиш керак. Аллоҳ хоҳласа, дуоларимизни ушбу дунёда ижобат қилади ёки охиратга захира қилиб қўяди. Демак, хатмдан кейин қилинган дуолар бесамар кетмайди. Биз унинг мевасини дунёда ёки охиратда, албатта кўрамиз.
وَعَنْ سَالِمِ بْنِ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ عَنْ أَبِيهِ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: تُفْتَحُ أَبْوَابُ السَّمَاءِ لِخَمْسٍ: لِقِرَاءَةِ الْقُرْآنِ وَلِلِقَاءِ الزَّحْفَيْنِ وَنُزُولِ الْقَطْرِ وَلِدَعْوَةِ الْمَظْلُومِ وَالأَذَانِ. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ فِي الأَوْسَطِ وَالصَّغِيرِ.
Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умар отасидан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Осмон беш нарсага – Қуръон тиловати, икки тараф (мўминлар ва кофирлар) ўртасидаги тўқнашув, ёмғир ёғиши, мазлумнинг дуоси ва азон учун очилади”, дедилар” (Табароний “Авсат” ва “Соғийр”да ривоят қилган[3]).
Юқорида саналган беш вақтда осмон эшиклари очилади. Шу пайт бандалар томонидан қилинадиган дуо мустажоб бўлади. Улар орасида Қуръон тиловати ҳам бор. Демак, банда Қуръон ўқиса ёки хатм қилса, дуо қилиши керак экан.
وَعَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ قَرَأَ الْقُرْآنَ وَحَمَّدَ الرَّبَّ وَصَلَّى عَلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَيَسْتَغْفِرُ رَبَّهُ فَقَدْ طَلَبَ الْخَيْرَ مَكَانَهُ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الإِيْمَانِ وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким Қуръон ўқиб, Парвардигорга ҳамд айтса, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот йўлласа ва Парвардигорига истиғфор айтса, яхшиликни ўз ўрнида сўрабди” (Байҳақий “Шуабул-иймон”да ривоят қилган. Ривоят санади заиф[4]).
Қайси банда Қуръон ўқиса ёки хатм қилса, унинг кетидан Аллоҳга ҳамду санолар, Расулуллоҳга салавоту саломлар йўллаб, кўп истиғфорлар айтса, у банда барча яхшиликни бир жойга жамлаган бўлади. Шунда унинг қилган дуоси ижобат қилинади. Демак, Қуръон ўқигандан кейин аввал Аллоҳга ҳамд, Пайғамбаримизга салавот ва саломлар айтиб, тавбаю истиғфорлардан кейин дуо қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади.
وَعَنْ عُرْوَةَ بْنِ الزُّبَيْرِ عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: مَا جَلَسَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وسَلَّمَ مَجْلِسًا قَطُّ وَلاَ تَلاَ قُرْآنًا وَلاَ صَلَّى صَلاَةً إِلاَّ خَتَمَ ذَلِكَ بِكَلِمَاتٍ قَالَتْ فَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ أُرَاكَ مَا تَجْلِسُ مَجْلِسًا وَلاَ تَتْلُو قُرْآنًا وَلاَ تُصَلِّي صَلاَةً إِلاَّ خَتَمْتَ بِهَؤُلاَءِ الْكَلِمَاتِ قَالَ: نَعَمْ مَنْ قَالَ خَيْرًا خُتِمَ لَهُ طَابِعٌ عَلَى ذَلِكَ الْخَيْرِ وَمَنْ قَالَ شَرَّا كُنَّ لَهُ كَفَّارَةً سُبْحَانَكَ وَبِحَمْدِكَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ أَنْتَ أَسْتَغْفِرُكَ وَأَتُوبُ إِلَيْكَ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ فِي السُّنَنِ الْكُبْرَى وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.
Урва ибн Зубайр Оиша розийаллоҳу анҳодан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир жойда ўтирсалар, Қуръон тиловат қилсалар ёки намоз ўқисалар, буни (қуйидаги) калималар билан тамомлар эдилар. Мен: “Эй Расулуллоҳ, сиз бирон жойда ўтирсангиз, Қуръон тиловат қилсангиз ёки намоз ўқисангиз, бу калималар билан тугатаяпсиз?” дедим. У зот: “Ҳа. Ким яхшиликни гапирса, ўша бандага мана шу яхшилик учун муҳр босилади. Ким ёмонликни гапирса, у (калима)лар унинг учун каффорат бўлади. (Ушбу калималар қуйидагилардир:) Субҳанака ва биҳамдика, лаа илааҳа иллаа анта астағфирука ва атувбу илайк”, дедилар” (Насоий “Ас-сунанул кубро”да ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).
Демак, бирон мажлисда ўтирганда туришдан олдин, Қуръон тиловати ёки намоздан кейин ушбу дуо ўқилса, улар банда қилган яхшиликларга муҳр ёки қилган хато-камчиликларга каффорат бўлади.
وَعَنْ قَزَعَةَ بْنِ سُوَيْدٍ عَنْ حُمَيْدٍ الأَعْرَجِ قَالَ: مَنْ قَرَأَ الْقُرْآنَ ثُمَّ دَعَا أَمَّنَ عَلَى دُعَائِهِ أَرْبَعَةُ آلاَفِ مَلَكٍ. رَوَاهُ الدَّارِمِيُّ وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.
Қозаъа ибн Сувайд Ҳумайд ал-Аърождан ривоят қилади: “Ким Қуръон ўқиб, кейин дуо қилса, унинг дуосига тўрт минг фаришта “омийн”, деб туради” (Доримий ривояти. Ривоят санади заиф[5]).
Қуръон тиловатидан кейин қилинадиган дуонинг мақбул бўлишига сабаблардан бири ҳам шу.
Қуръон ўқилганда осмон эшиклари очилади, банданинг қилган солиҳ амаллари осмонга кўтарилади, қилган дуоси-илтижолари қабул қилинади. Сабаби унинг дуосига кўплаб фаришталар “омин”, деб туради. Бу пайтда дуо қабул бўлишининг бошқа сабаблари ҳам бор.
وَعَنْ مُصْعَبِ بْنِ سَعْدٍ عَنْ سَعْدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: إِذَا وَافَقَ خَتْمُ الْقُرْآنِ أَوَّلَ اللَّيْلِ صَلَّتْ عَلَيْهِ الْمَلاَئِكَةُ حَتَّى يُصْبِحَ وَإِنْ وَافَقَ خَتْمُهُ آخِرَ اللَّيْلِ صَلَّتْ عَلَيْهِ الْمَلاَئِكَةُ حَتَّى يُمْسِىَ فَرُبَّمَا بَقِىَ عَلَى أَحَدِنَا الشَّىْءُ فَيُؤَخِّرُهُ حَتَّى يُمْسِىَ أَوْ يُصْبِحَ. رَوَاهُ الدَّارِمِيُّ وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.
Мусъаб ибн Саъд Саъд ибн Абу Ваққос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Агар хатми Қуръон туннинг аввалига тўғри келса, фаришталар тонггача қорига салавот айтади. Агар унинг хатми туннинг охирига тўғри келса, фаришталар кечгача унга салавот айтади. Менимча, бизлардан биронтаси Қуръондан озроқ қолдириб, кеч бўлиши ёки тонг отишини кутар эди” (Доримий ривояти. Ривоят санади заиф[6]).
Бундан келиб чиқадики, Қуръон хатмини кун ёки туннинг ўртасига эмас, балки аввалига ёки охирига тўғрилаш керак. Шунда тонггача ёки кечгача фаришталар бандага салавот айтиб чиқади.
Фаришталар салавоти уларнинг банда ҳаққига яхшилик сўраб дуо қилишлари, унинг гуноҳларини кечиришини Аллоҳдан тилашларидир.
وَعَنْ الأَوْزَاعِىِّ عَنْ عَبْدَةَ قَالَ: إِذَا خَتَمَ الرَّجُلُ الْقُرْآنَ بِنَهَارٍ صَلَّتْ عَلَيْهِ الْمَلاَئِكَةُ حَتَّى يُمْسِىَ وَإِنْ فَرَغَ مِنْهُ لَيْلاً صَلَّتْ عَلَيْهِ الْمَلاَئِكَةُ حَتَّى يُصْبِحَ. رَوَاهُ الدَّارِمِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.
Авзоъий Абдадан ривоят қилади: “Агар киши Қуръонни кундузи хатм қилса, фаришталар кечгача унга салавот айтади. Агар уни кечаси ўқиб тугатса, фаришталар тонг отгунча унга салавот айтади” (Доримий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
Бу ерда юқоридаги маъно таъкидланмоқда. Биргина фарқи шуки, бу ривоят санади саҳиҳ, аввалгисининг санади заиф эди.
وَعَنِ الأَعْمَشِ عَنْ إِبْرَاهِيمَ النَّخَعِيِّ قَالَ: إِذَا قَرَأَ الرَّجُلُ الْقُرْآنَ نَهَاراً صَلَّتْ عَلَيْهِ الْمَلاَئِكَةُ حَتَّى يُمْسِىَ وَإِنْ قَرَأَهُ لَيْلاً صَلَّتْ عَلَيْهِ الْمَلاَئِكَةُ حَتَّى يُصْبِحَ. قَالَ سُلَيْمَانُ: فَرَأَيْتُ أَصْحَابَنَا يُعْجِبُهُمْ أَنْ يَخْتِمُوهُ أَوَّلَ النَّهَارِ وَأَوَّلَ اللَّيْلِ. رَوَاهُ الدَّارِمِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.
Аъмаш Иброҳим Нахаъийдан ривоят қилади: “Агар киши Қуръонни кундузи хатм қилса, фаришталар кечгача унинг ҳаққига салавот айтади. Агар у Қуръонни тунда хатм қилса, фаришталар тонггача унинг ҳаққига салавот айтади”. Сулаймон айтади: “Бизнинг дўстларимизга Қуръонни кундузнинг аввали ёки туннинг аввалида хатм қилиш маъқул келар эди” (Доримий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
Ривоятдан маълум бўладики, салафлар куннинг ёки туннинг аввалида хатм қилишни яхши кўришган. Куннинг аввали бомдод намози вақти кирган маҳал, туннинг аввали эса шом намози вақти кирган пайт саналади. Демак, бомдод ёки шом намозларидан кейин хатм қилиш мақсадга мувофиқ.
وَعَنْ خَالِدِ بْنِ مَعْدَانَ قَالَ: إِنَّ قَارِئَ الْقُرْآنِ وَالْمُتَعَلِّمَ تُصَلِّى عَلَيْهِمُ الْمَلاَئِكَةُ حَتَّى يَخْتِمُوا السُّورَةَ فَإِذَا أَقْرَأَ أَحَدُكُمُ السُّورَةَ فَلْيُؤَخِّرْ مِنْهَا آيَتَيْنِ حَتَّى يَخْتِمَهَا مِنْ آخِرِ النَّهَارِ كَيْمَا تُصَلِّى الْمَلاَئِكَةُ عَلَى الْقَارِئِ وَالْمُقْرِئِ مِنْ أَوَّلِ النَّهَارِ إِلَى آخِرِهِ. رَوَاهُ الدَّارِمِيُّ.
Холид ибн Маъдондан ривоят қилинади: “Қуръонни ўқувчи ва уни ўрганувчи ҳаққига улар сурани тамомлагунларича фаришталар салавот айтади. Агар биронтангиз сурани ўқитса, ундан икки оят қолдириб, кундузнинг охирида хатм қилсин. Шунда фаришталар Қуръон ўқувчи ва ўқитувчи ҳаққига кундузнинг аввалидан охиригача салавот айтади” (Доримий ривояти).
Демак, нафақат Қуръон хатм қилувчи, балки бирон сурани ўқувчи ва ўқитувчи ҳам фаришталар салавотига сазовор бўлар экан. Шу сабаб бирон сурани бошлаганда уни куннинг охири – туннинг аввалида тамомлаш керак. Шунда фаришталар Қуръон ўқувчи ҳаққига тундан тонггача салавот йўллашади.
وَعَنْ وَبَرَةَ بْنِ عَبْدِ الرَّحْمَنِ عَنْ الأَسْوَدِ قَالَ: مَنْ قَرَأَ الْقُرْآنَ فَخَتَمَهُ نَهَارًا غُفِرَ لَهُ ذَلِكَ الْيَوْمَ وَمَنْ خَتَمَهُ لَيْلاً غُفِرَ لَهُ تِلْكَ اللَّيْلَةَ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الإِيْمَانِ.
Вабара ибн Абдураҳмон Асваддан ривоят қилади: “Ким Қуръон ўқиб, уни кундузи хатм қилса, ўша кунги гуноҳлари мағфират қилинади. Ким Қуръонни кечаси хатм қилса, ўша тунги гуноҳлари мағфират қилинади” (Байҳақий “Шуабул-иймон”да ривоят қилган).
Банда Қуръон ўқиш, Қуръон хатм қилиш орқали гуноҳлардан ҳам фориғ бўлади. Бу билан унинг қалби равшанлашади, дилидаги хиралик ва ғуллу ғашлар тарқалади, кўнгли ёзилади.
وَعَنْ الْحَكَمِ عَنْ مُجَاهِدٍ قَالَ: الرَّحْمَةُ تَنْزِلُ عِنْدَ خَتْمِ الْقُرْآنِ. رَوَاهُ ابْنُ أَبِي شَيْبَةَ.
Ҳакам Мужоҳиддан ривоят қилади: “Хатми Қуръон вақтида раҳмат нозил бўлади” (Ибн Абу Шайба ривояти).
Қуйидаги сабабларга кўра, Қуръон хатм қилинганда дуолар ижобат бўлади:
1. Қуръон хатм қилинганида Ерга Аллоҳнинг раҳмати тушади;
2. Қуръон хатм қилиб, дуо қилган банданинг дуосига тўрт минг фаришта “омин”, деб туради;
3. Қуръон ўқилганда осмон эшиклари очилади;
4. Қуръон ўқилганда банда гуноҳлардан холи бўлади. Бундай вақтда қилинган дуо мақбулдир.
5. Қуръон ўқиган банданинг имони зиёда бўлади, қалбда ихлос пайдо бўлади. Дуо ижобатида ихлос энг муҳим омил саналади.
وَعَنْ ثَابِتٍ الْبُنَانِيِّ أَنَّ أَنَسَ بْنِ مَالِكٍ كَانَ إِذَا خَتَمَ الْقُرْآنَ جَمَعَ أَهْلَهُ وَوَلَدَهُ فَدَعَا لَهُمْ. رَوَاهُ الدَّارِمِيُّ فِي السُّنَنِ وَالْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الإِيْمَانِ وَالطَّبَرَانِيُّ فِي الْكَبِيرِ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.
Собит Бунонийдан ривоят қилинишича, Анас ибн Молик Қуръонни хатм қилса, оиласи ва фарзандларини тўплаб, улар ҳаққига дуо қилар эди. (Доримий “Сунан”да, Байҳақий “Шуабул иймон”да ва Табароний “Кабийр”да ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).
Қуръон хатмида дуога “омин” деб турувчилар сафига кишининг оила аъзолари ҳам қўшилса, яхши бўлади. Бу билан ёш болалар ҳам ибодатга, дуо қилишга ўргатилади ва Қуръон ўқишга тарғиб қилинади.
وَعَنِ الْحَكَمِ عَنْ مُجَاهِدٍ قَالَ: بَعَثَ إِلَىَّ قَالَ: إِنَّمَا دَعَوْنَاكَ أَنَّا أَرَدْنَا أَنْ نَخْتِمَ الْقُرْآنَ وَإِنَّهُ بَلَغَنَا أَنَّ الدُّعَاءَ يُسْتَجَابُ عِنْدَ خَتْمِ الْقُرْآنِ. قَالَ: فَدَعَوْا بِدَعَوَاتٍ. رَوَاهُ الدَّارِمِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.
Ҳакам Мужоҳиддан ривоят қилади: “Менга одам юбориб, “Биз сени хатми Қуръонга чақирдик. Бизга хабар қилинишича, хатми Қуръон пайтида дуо ижобат бўлар экан”, деди ва улар кўп дуо қилишди” (Доримий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
Қуръон хатм қилганда кўпчилик бўлиб дуо қилиш яхши самара беради. Биринчидан, бу билан “омин”, деб турувчилар сафи кенгаяди. Иккинчидан, ораларида ихлосли, дуоси қабул бўладиган солиҳ кишилар бўлса, дуолари ижобат бўлиши янада яқинлашади.
وَعَنْ إِبْرَاهِيمَ التَّيْمِيِّ عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ قَالَ: مَنْ خَتَمَ الْقُرْآنَ فَلَهُ دَعْوَةٌ مُسْتَجَابَةٌ. قَالَ: فَكَانَ عَبْدُ اللهِ إِذَا خَتَمَ الْقُرْآنَ جَمَعَ أَهْلَهُ فَدَعَا وَأَمَّنُوا عَلَى دُعَائِهِ. رَوَاهُ مُحَمَّدُ بْنُ الضُّرَيْسِ فِي فَضَائِلِ الْقُرْآنِ.
Иброҳим Таймийдан ривоят қилинишича, Абдуллоҳ ибн Масъуд шундай деган: “Ким Қуръонни хатм қилса, унинг дуоси мустажобдир”. У айтади: “Абдуллоҳ Қуръонни хатм қилса, оиласини тўплар ва улар унинг дуосига “омийн!” деб туришардир. (Муҳаммад ибн Зурайс “Фазоилул-қуръан”да ривоят қилган).
Қуръон хатмида жамоат бўлиб дуо қилиш мақсадга мувофиқ. Бир ўзи ёки икки-уч киши билан дуо қилса ҳам яхши, аммо дуода “омийн” деб турувчилар қанча кўп бўлса, шунча яхши.
وَعَنْ عَلِيٍّ الْفَاشَانِيِّ قَالَ: كَانَ عَبْدُ اللهِ بْنُ الْمَبَارَكِ يُعْجِبُهُ إِذَا خَتَمَ الْقُرْآنَ أَنْ يَكُونَ دُعَاؤُهُ فِي السُّجُودِ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الإِيْمَانِ.
Али Фошонийдан ривоят қилинишича, Абдуллоҳ ибн Муборак хатми Қуръондан кейинги дуони саждада қилишни яхши кўрар эди. (Байҳақий “Шуабул-иймон”да ривоят қилган).
Қуръон хатмидан кейин қилинган дуо мустажоб бўлади. Саждада қилинган дуо ҳам худди шундай. Агар иккиси бир жойда жамлана, дуонинг қабул бўлиш эҳтимоли янада кўпаяди. Устига-устак дуо қилувчи Абдуллоҳ ибн Муборак каби солиҳ ва тақводор бўлса, дуонинг қабул бўлишига шубҳа йўқ.
Одилхон қори Юнусхон ўғли


[1] Ҳадис санадида Абдулҳамид ибн Сулаймон бор. У заиф ровий.
[2] Ҳайсамий “Мажмаъуз-завоид”да: “Ривоят санадида Муқотил ибн Давокдўз бор. Агар у айтилганидек, Муқотил ибн Ҳайён бўлса, саҳиҳ ровий, агар у Ибн Сулаймон бўлса, заиф ровийдир. Қолган ровийлар ишончли”, деган.
[3] Ривоят санадида Ҳафс ибн Сулаймон ал-Аздий бор. Бухорий, Муслим, Ибн Маийн, Насоий ва Ибн Мадинийлар уни заиф ровий дейишган. Аҳмад ва Ибн Ҳиббонлар эса бу ровий ишончли эканини айтишган.
[4] Ривоят санадида Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳунинг Абон исмли мавлоси бор. У заиф ровий.
[5] Ривоят санадидаги Қозаъа ибн Сувайд заиф ровий.
[6] Лайс ибн Абу Сулайм заиф ровийлиги сабаб ушбу ривоят санади заиф.