A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/412015Banner_5.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/687323Banner_3.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/988715Banner_7.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/948903Banner_6.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қалбларни титратган оятлар
PDF Босма E-mail

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳга ҳамду санолар, Расулуллоҳга салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг ...

Раҳму шафқатдан хабари бўлмаган тоғларга Аллоҳнинг каломи нозил бўлса уни тушуниб, у ҳақда фикр юритса эди, Аллоҳга итоат қилар ва Аллоҳдан қўрқиб парчаланар эди:

﴿لَوْ أَنزلْنَا هَذَا الْقُرْآنَ عَلَى جَبَلٍ لَرَأَيْتَهُ خَاشِعًا مُتَصَدِّعًا مِنْ خَشْيَةِ اللَّهِ﴾

«Агар Биз ушбу Қуръонни бирон тоғга нозил қилганимизда, албатта сиз у (тоғ)ни Аллоҳнинг қўрқувидан эгилиб ёрилиб кетган ҳолида кўрган бўлур эдингиз. (Лекин айрим инсонларнинг диллари тоғнинг тошидан ҳам қаттиқроқ бўлгани сабабли уларга Қуръон оятлари ҳам таъсир қилмас)» (Ҳашр: 21).

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ушбу оят тафсирида шундай деган: «Агар Мен ушбу Қуръонни тоққа нозил қилиб унга юкласам, у Қуръоннинг оғирлиги ва Аллоҳнинг қурқувсидан ёрилар ва итоат этар эди».

Аллоҳ таоло:

﴿وَلَوْ أَنَّ قُرْآنًا سُيِّرَتْ بِهِ الْجِبَالُ أَوْ قُطِّعَتْ بِهِ الأرْضُ أَوْ كُلِّمَ بِهِ الْمَوْتَى﴾

«Агар бир Қуръон бўлиб, унинг ёрдами билан тоғлар жойидан жилдирилса, ё унинг ёрдами билан Ер ёрилиб (дарёлар пайдо қилинса), ёки унинг ёрдами билан ўликлар тилга киритилса ҳам (кофир бўлган кимсалар иймон келтирмайдилар)»– деди (Раъд: 31). Ушбу оят тафсирида: «Агар тоғларни жилдирадиган, Ерларни ёрдириб дарёлар оқизадиган ёки унинг ёрдами билан ўликлар тилга киритиладиган бирон Қуръон бўлса, у Қуръон – мана шу Қуръондир»– дейилган.

Агар эшитмас тоғлар Аллоҳнинг каломини эшитиб, у ҳақда фикр юритса Аллоҳдан қўрқиб ёрилгудек бўлса, Қуръонни эшитиб, тушуна олган одамзоднинг ҳоли нима бўлар экан?!

Салаф солиҳнинг – Аллоҳ улардан рози бўлсин! – ҳолатига ҳамда Қуръон оятларидан таъсирланишига назар ташлаган одам, кечаю кундуз тинмай Қуръон оятларини тинглаган бўлишимизга қарамай, ҳеч таъсирланмаганимиздан ҳайратга тушади!! Ҳолбуки, оятлар ўша оят, сўзлар эса ўша сўзлардир! Аллоҳ эса Ўз Қуръонини лойиқ бўлганидек сақлаб келгандир:

﴿إِنَّا نَحْنُ نَزَّلْنَا الذِّكْرَ وَإِنَّا لَهُ لَحَافِظُونَ﴾

«Дарҳақиқат, Қуръонни Биз нозил қилдик ва Биз уни ҳимоя қиламиз» (Ҳижр: 9). Бу ердаги фарқ оятларда эмас, балки, Аллоҳнинг каломини қабул қилаётган қалбларда!!

Салаф солиҳнинг қалби, тонгдаги сабодан ҳам майин эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг бирон бир оятини эшитсалар, уларнинг қалбларига кирар ва ўз кўзлари билан бошқалар кўра олмаган нарсаларни кўра олар эдилар. Улардан кейин эса, Аллоҳнинг Каломини тушуна олса Аллоҳдан қўрқадиган тоғлардан ҳам бағритош қалб эгаси бўлган авлодлар пайдо бўлди.

Абу Имрон (раҳимаҳуллоҳ): «Аллоҳга қасамки, Роббимиз бизга бу Қуръонда шундай нарсаларни берганки, агар унга менгзаган нарсани тоғларга берса улар парчаланиб, мулойим бўлиб қолган бўлар эди!» деган бўлса, Молик ибн Динор (раҳимаҳуллоҳ): «Сизларга қасам ичиб айтаманки, ушбу Қуръонга бирон банда (ҳақиқий) иймон келтирса, юраги ёрилиб кетади!»– деган.

Салафдан келган хабарлар Аллоҳ сари юраётган инсонлар учун сафар озиғидир: уларнинг ҳимматини кўтаради, дангасалик ва танбалликдан йироқ қилади ва кўплаб тоат-ибодат қилиш ҳамда Аллоҳга яқин бўлишга чорлайди.

Келинг, бирга Аллоҳнинг оятларига нисбатан улардан келган даракларга қулоқ солиб, оятлар уларнинг қалбларини қандай титратгани ва ҳаёт оқимларини Сиротум Мустақим – Аллоҳ ғазабланмай ва адаштирмай ато этган Тўғри Йўл сари қандай юргизганига бир назар ташлайлик.

Ҳасан Басрий (раҳимаҳуллоҳ) айтди: «Эй Одам фарзанди, Аллоҳга қасамки, агар Қуръонни ўқиб иймон келтирсанг дунё ҳақидаги қайғуларинг кўпайиб, қўрқувинг кучаяди ҳамда йиғиларинг тўхтамайди».

Молик ибн Динор (раҳимаҳуллоҳ): «Сиддиқларга Қуръон тиловат қилинса, қалбларининг охиратга шавқи ортади»– деди.

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: «Менга (Қуръон) ўқинг!»– дедилар. Мен: Сизга нозил бўлган бўлсада, мен Сизга ўқиб берайинми?,– дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен бошқалардан тинглашни суяман!»– дедилар. Мен Нисо сурасидан ўқиб:

﴿فَكَيْفَ إِذَا جِئْنَا مِنْ كُلِّ أُمَّةٍ بِشَهِيدٍ وَجِئْنَا بِكَ عَلَى هَؤُلاءِ شَهِيدًا﴾

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), биз ҳар бир умматдан (ўша умматнинг пайғамбарини) гувоҳ келтирганимизда ва Сизни ана уларга қарши гувоҳ қилганимизда уларнинг ҳоли не кечур?!» (Нисо: 41) оятигача келганимда: «Тўхтанг!»– дедилар. (Боқиб қарасам), Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўзларидан ёш қуйилаётган эди». Бошқа бир ривоятда эса: «Қарасам, ёшлари оқаётган эди» (Муттафақун алайҳ).

Абу Бакр разияллоҳу анҳу кўнгли юмшоқ бўлиб, намозда ҳар бир оятни ўқиб ўтар экан, йиғлар эди.

Умар разияллоҳу анҳу вирдларида Қуръон оятларини ўқир экан юраги тўлар ва йиқилгунича йиғлар, сўнгра уйидан чиқмай қолар ва уни бетоб бўлиб қолибди деган ўй билан одамлар кўргани келишар эди.

«Асмоъ Абу Бакр қизи олдига кирсам намоз ўқиётган экан. У:

﴿فَمَنَّ اللَّهُ عَلَيْنَا وَوَقَانَا عَذَابَ السَّمُومِ﴾

«Мана, Аллоҳ бизларга марҳамат кўргузди ва бизларни самумдан (яъни баданларни илма-тешик қилиб юборадиган дўзахий шамолдан) сақлади» (Тур: 27) оятига етиб, Аллоҳдан паноҳ сўради. Мен уни кутиб турдим. У эса ҳануз Аллоҳдан паноҳ сўрар эди. Узоқ кутгач, бозорга чиқиб кетдим. Бозордан қайтиб келсам у ҳануз йиғлар ва Аллоҳдан паноҳ сўрар эди!!» (Урва разияллоҳу анҳу ривояти).

«Саид ибн Жубайр разияллоҳу анҳунинг намозда қуйидаги оятни йигирма неча марта такрорлаганини эшитганман:

﴿وَاتَّقُوا يَوْمًا تُرْجَعُونَ فِيهِ إِلَى اللَّهِ ثُمَّ تُوَفَّى كُلُّ نَفْسٍ مَا كَسَبَتْ وَهُمْ لا يُظْلَمُونَ﴾

«Ва (барчангиз) Аллоҳга қайтариладиган кундан қўрқингиз! Сўнгра ҳар бир жонга қилган амали учун тўла жазо берилади ва ҳеч кимга зулм қилинмайди» (Бақара: 281)» (Қосим ибн Абу Айюб (раҳимаҳуллоҳ) ривояти).

Суфён Саврий (раҳимаҳуллоҳ) имом бўлиб шом намозинин ўқир экан:

﴿إِيَّاكَ نَعْبُدُ وَإِيَّاكَ نَسْتَعِينُ﴾

«Сенгагина сиғинамиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз» (Фотиҳа: 4) оятига етиб келгач йиғлай бошлади ва қироат қилишдан тўхтади. Сўнгра яна қайта Фотиҳа сурасини ўқиди.

Кечаларнинг бирида Муҳаммад ибн Мункадир (раҳимаҳуллоҳ) намоз ўқиб йиғлай бошлади. Йиғиси шунчалар кўпайдики, оиласидагилар қўрқиб кетдилар ва: «Нега йиғлаяпсиз?»– дб сўрадилар. У жавоб бермади. Абу Ҳозимга одам жўнатиб, бўлган воқеъани айттирдилар. Абу Ҳозим шошиб келганида ҳам Муҳаммад ибн Мункадир йиғлаётган эди. У: «Дўстим, нега йиғлаяпсиз? Ахир оилангизни қўрқитиб юбордингиз-ку! Бирон жойингиз оғрияптими ёки бошқа сабаби борми?»– деб сўраганида: «Мен Аллоҳнинг Китобидан бир оятни ўқидим!»,– деди. – У қайси оят экан?,– деди Абу Ҳозим. – У Аллоҳ таолонинг:

﴿وَبَدَا لَهُمْ مِنَ اللَّهِ مَا لَمْ يَكُونُوا يَحْتَسِبُونَ﴾

«(У Кунда) уларга Аллоҳ томонидан улар ўйлаб ҳам кўрмаган нарсалар — азоблар кўринди» (Зумар: 47) оятидир,– деди. Бу гаплардан сўнг Абу Ҳозим ҳам йиғлай бошлади. Улар жуда ҳам қаттиқ йиғлар эдилар. Оила аъзоларидан бири Абу Ҳозимга: «Биз сизни унинг кўнглини кўтаришингиз учун чақиртириб келган эдик. Сиз эса уни кучайтирдингиз!»– деди. Шунда Абу Ҳозим икки дўстни йиғлатган нима нарса эканини айтиб берди.

Ривоят қилишларича Муҳаммад ибн Мункадир (раҳимаҳуллоҳ) ўлими олдидан фарёд чекди. Ундан: «Нега фарёд чекаяпсиз?»– деб сўралганида: «Мен Аллоҳнинг Китобидаги ушбу:

﴿وَبَدَا لَهُمْ مِنَ اللَّهِ مَا لَمْ يَكُونُوا يَحْتَسِبُونَ﴾

«(У Кунда) уларга Аллоҳ томонидан улар ўйлаб ҳам кўрмаган нарсалар — азоблар кўринди» (Зумар: 47) оятидан қўрқаман. Мен Аллоҳ таолонинг менинг кутмаганим азобларни беришидан қўрқаман»– деб жавоб берди.

«Мен Рабийъ ибн Хусайм разияллоҳу анҳунинг ҳузурида тунадим. У кечаси ўрнидан туриб, намоз ўқий бошлади ва:

﴿أَمْ حَسِبَ الَّذِينَ اجْتَرَحُوا السَّيِّئَاتِ أَنْ نَجْعَلَهُمْ كَالَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ سَوَاءً مَحْيَاهُمْ وَمَمَاتُهُمْ سَاءَ مَا يَحْكُمُونَ﴾

«Балки ёмонлик-гуноҳлар касб этган кимсалар Биз уларни ҳам иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар каби қилишимизни ва ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам (яъни дунёлари ҳам, охиратлари ҳам мўминлар билан) баробар бўлишини ўйлагандирлар?!» (Жосия: 21) оятини ўқиди. Бу оятни ўқигач то тонг отгунича йиғлаб, бошқа оятга ўта олмади!» (Абдурраҳмон ибн Ужлон (раҳимаҳуллоҳ) ривояти).

«Бамдод намозини Алий ибн Фузайл (раҳимаҳуллоҳ) билан бирга, имомга иқтидо қилиб ўқидик. Имом:

﴿فِيهِنَّ قَاصِرَاتُ الطَّرْفِ لَمْ يَطْمِثْهُنَّ إِنْسٌ قَبْلَهُمْ وَلا جَانٌّ﴾

«У (жаннат)ларда шундай кўзларини (бегона эркакларга қарашдан) тийгувчи (қиз)лар борки, уларга (жаннат аҳлидан) илгари на бир инс ва на бир жин тегингандир» (Раҳмон: 56) оятини ўқиди. Имом салом бергач: «Ҳой Алий, имом ўқиган оятни эшитдингми?»– деб сўрасам у: «Қайси оятни?»– деб қолди. Мен:

﴿فِيهِنَّ قَاصِرَاتُ الطَّرْفِ لَمْ يَطْمِثْهُنَّ إِنْسٌ قَبْلَهُمْ وَلا جَانٌّ﴾

ояти», дедим. У: «Мени ундан олдинги:

﴿يُرْسَلُ عَلَيْكُمَا شُوَاظٌ مِنْ نَارٍ وَنُحَاسٌ فَلا تَنْتَصِرَانِ﴾

«(У Кунда) сизларнинг устингизга оловдан бир аланга ва тутун юборилурки, сизлар (ундан ҳаргиз) қутула олмассизлар!» (Раҳмон: 35) ояти банд қилган эди»,– деб жавоб берди» (Исмоил Тусий ва бошқалар ривояти (Аллоҳ уларни раҳмат қилсин).

Маймувн ибн Муҳрон (раҳимаҳуллоҳ) Аллоҳ таолонинг:

﴿وَامْتَازُوا الْيَوْمَ أَيُّهَا الْمُجْرِمُونَ﴾

«Эй жиноятчи кимсалар, мана бу Кунда (мўминлардан) ажралинглар!» (Ёсин: 59) оятини ўқиб кўнгли юмшаб, йиғлай бошлади ва: «Одамлар бундан кўра қаттиқроқ дашном эшитмаганлар!»– деди.

«Мен Солиҳнинг икки ўғли: Алий ва Ҳасан олдига кирдим. Бир киши:

﴿لا يَحْزُنُهُمُ الْفَزَعُ الأَكْبَرُ وَتَتَلَقَّاهُمُ الْمَلائِكَةُ هَذَا يَوْمُكُمُ الَّذِي كُنْتُمْ تُوعَدُونَ﴾

«Уларни Буюк даҳшат (яъни қиёмат) маҳзун қилмас. Фаришталар уларни: «Мана шу сизларга ваъда қилинган кундир», деб кутиб олурлар» (Анбиё: 103) оятини ўқиди. Алий Ҳасанга қаради. Ҳасаннинг юзлари сарғайиб, кўкариб кетган эди. Алий унга: «Эй Ҳасан, бу даҳшатлар устидаги даҳшатлардир!»– деди. Ҳасан додлаб юборай деди ва кўйлагининг пешини олиб, тинчлангунича маҳкам тишлаб турди. Тинчланганида эса лаблари сарғайиб, кўкариб кетган эди!!» (Ҳумайд Равосий (раҳимаҳуллоҳ) ривояти).

«Амр ибн Утба (раҳимаҳуллоҳ) вафот этганида дўстлари унинг синглиси олдига кириб: «Унга нима бўлганини айтиб беринг?»– дейишди. Синглиси айтди: «Кечаларнинг бирида Ҳа-мим сурасини ўқий бошлади ва:

﴿وَأَنْذِرْهُمْ يَوْمَ الآزِفَةِ إِذِ الْقُلُوبُ لَدَى الْحَنَاجِرِ كَاظِمِينَ مَا لِلظَّالِمِينَ مِنْ حَمِيمٍ وَلا شَفِيعٍ يُطَاعُ﴾

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз уларни яқин Кундан (яъни Қиёматдан) огоҳлантиринг! Ўшанда улар юраклари халқумларига тиқилиб, (ўзлари) ғам-ҳасратга тўлиб турурлар. Золим кофир кимсалар учун (у Кунда) на бир дўст ва на итоат қилинадиган (яъни шафоати қабул қилинадиган) оқловчи бўлмас» (Ғофир: 18) оятига етиб келгач, тонггача кейинги оятга ўта олмади» (Амр ибн Утба (раҳимаҳуллоҳ) ривояти).

«Ҳуфтон намозидан кейин ёнимда Сулаймон Таймий (раҳимаҳуллоҳ) намоз ўқиди. У:

﴿تَبَارَكَ الَّذِي بِيَدِهِ الْمُلْكُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ﴾

«(Барча оламлар) подшоҳлиги Ўз қўлида бўлган зот — Аллоҳ баракотли-буюкдир. У барча нарсага қодирдир» – Мулк сурасини ўқий бошлади ва:

﴿فَلَمَّا رَأَوْهُ زُلْفَةً سِيئَتْ وُجُوهُ الَّذِينَ كَفَرُوا﴾

«Бас, қачонки улар (Қиёмат Кунида ваъда қилинган азобни ўзларига) яқин ҳолда кўришгач, у кофирларнинг юзлари қорайиб кетур» (Мулк: 27) оятига келгач уни такрор-такрор ўқий бошлади. Охири, масжиддагилар сони озайиб кетди, чиқиб кетдилар. Мен ҳам уни ташлаб, чиқиб кетдим. Бамдод намозининг азонини ўқиш учун келсам, у ўз еридан жилмаган ва ҳануз айни оятни ўқир эди:

﴿فَلَمَّا رَأَوْهُ زُلْفَةً سِيئَتْ وُجُوهُ الَّذِينَ كَفَرُوا﴾

«Бас, қачонки улар (Қиёмат Кунида ваъда қилинган азобни ўзларига) яқин ҳолда кўришгач, у кофирларнинг юзлари қорайиб кетур» (Мулк: 27)» (Сулаймон Тайми (раҳимаҳуллоҳ)нинг муаззини Маъмар (раҳимаҳуллоҳ) ривояти).

Абу Наъийм (раҳимаҳуллоҳ) айтди: «Мен Умар ибн Зарр разияллоҳу анҳунинг ушбу:

﴿أَوْلَى لَكَ فَأَوْلَى﴾

«(Эй кўрнамак инсон), ўлим бўлсин сенга, ўлим!» (Қиёмат: 34) оятини ўқигани ва: «Роббим, бу қандай азоб?!»– деганини эшитдим

У:

﴿مَالِكِ يَوْمِ الدِّينِ﴾

«Жазо (Қиёмат) Кунининг эгаси — подшоҳи бўлмиш Аллоҳ» (Фотиҳа: 4) оятини ўқигач: «Аллоҳим, Сенинг содиқ бандаларинг қалбини зикринг билан тўлдира оладиган қандай кунинг бор-а?!»– деди».

Абу Сулаймон Дороний (раҳимаҳуллоҳ): «Гоҳида бирон оят устида беш кеча тафаккур қилиб чиқар эдим. Агар у ҳақида фикрлашни қўймасам, ундан нарига ўтмас эдим. Гоҳида эса Қуръондан шундай бир оятлар келадики, инсоннинг ақлини қочиради. Ундан кейин ақлларини бандаларига қайтарган Аллоҳни мушриклар сифатлаётган нолойиқ тавсифлардан поклайман!»– деди.

Муҳаммад ибн Каъб Қуразий (раҳимаҳуллоҳ): «Менинг тонггача Залзала ва Қориъа сураларинигина ўқиб, уларни такрорлаб, улар ҳақида тафаккур қилишим, Қуръонни шувиллатиб ўқиб ташлашимдан (бошқа бир ривоятда: Қуръоннинг у ер ва бу еридан ўқишимдан) кўра яхшироқдир»– деди.

Қуръон хушхабару огоҳларий-ла

Уларнинг кўзларин қиларди бедор.

Зеро Қуръонни  чуқур тушуниб

Сўнггида бош эгиб, бўлдилар ҳушёр

Бунга ўхшаган хабарларни кўплаб келтириш мумкин. Аллоҳнинг оятлари билан титраган қалблар, Аллоҳнинг ризосига биздан илгари эришдилар. Фақатгина бир савол қолди: Айтингчи, бизнинг қалбимиз Қуръонга нисбатан қандай ҳолатда? Қуръонни хатм қилганларнинг қалби қаерда? Қуръонни кечаю кундуз тингласада, кўзлари ёш қуймаган ёки Аллоҳдан қўрқамаган кимсаларнинг қалби қаерда?

Аллоҳим, ожизлик ва камчиликларимизни мағфират қил! Қалбларимизни покла! Аллоҳим, Қиёмат куни:

﴿يَوْمَ لا يَنْفَعُ مَالٌ وَلا بَنُونَ • إِلا مَنْ أَتَى اللَّهَ بِقَلْبٍ سَلِيمٍ﴾

«У кунда на молу-давлат ва на бола-чақа фойда бермас; Магар Аллоҳ ҳузурига тоза дил билан келган кишиларгагина (фойда берадиган)» (Шуъаро: 88, 89) Кунда бизларни расво қилма!

Муаллиф: Муҳаммад Мустафо
Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий