A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Хатми Қуръонга марҳабо!
PDF Босма E-mail

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ўзининг сўнги муқаддас каломи Қуръони Каримни индириб, инсониятни мукаррам этган ва бу каломни мўминларнинг жону танларига шифо, дилларига сурур, руҳларига қувват этган Роббимиз Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин!
Бу муқаддас каломни илк қабул қилиб олган ва инсонларга бекаму кўст етказиб, таълим берган, унинг сир-синоатларини, фазилатларини ўргатган ва ундан ҳаётимизнинг асосий дастуриламали ўлароқ фойдаланишни кўрсатган саййидимиз Муҳаммад Мустафога беадад дуруду саловатларимиз бўлсин!
Умрининг аввалини Қуръони Каримни ўрганишга сарфлаб, қолганини бу илоҳий нурни қалбларга таратиш, келажак мусулмон авлодга етказишга фидо қилган барча Қуръон устозларини, бу улуғ хизматни шараф ила адо этган қориларни Аллоҳ таоло Ислом уммати номидан гўзал мукофотлар билан тақдирласин, Ўз раҳматига олсин!


Иймонли кишиларнинг бутун борлиғини муборак Рамазон ойининг шукуҳи тўла қамраган онлар... Юртимизда тинчлик, осудалик ҳукм суриб турибди. Масжидларимизда Аллоҳнинг сўнги китоби, муқаддас каломи хатм қилинмоқда. Юзлаб масжидларимизда ҳар оқшом Қуръон садоси янграмоқда. Қалблари Қуръонга ташна мўминлар жомеъларда қоим бўлиб, илоҳий каломга сомеъ бўлмоқдалар. Бунинг учун масжидларимизда барча шароитлар юксак даражада, намунали тарзда муҳайё этилган. Масжидларимизни қорилар билан таъминлашни Диний идорамиз – Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси ўз зиммасига олган. Буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг сизу биз мусулмонларга ато этган фазлу марҳамати, буюк неъматидир. Неъмат эса охиратда ҳисоб-китоб қилинадиган, маънавий ва амалий шукрни тақозо этадиган тортиқдир. Неъматнинг маънавий шукри ушбу неъмат учун Аллоҳ таолога шукроналар айтиш билан бўлса, амалий шукри У Зотни рози этадиган тарзда бу неъматдан фойдаланиб қолиш билан бўлади. Зотан, шукрнинг асосий қисми ҳам ана шу амалий шукрдир.
Мана, йигирма йилдан зиёд бўлдики, Аллоҳ таолонинг марҳамати ва тавфиқи билан камина ҳам мазкур неъматдан ҳар йили баҳраманд бўлиб келаман. Роббимизга чексиз шукрлар бўлсинки, ҳар йили Рамазонни Қуръон ойи қилиб ўтказиш, таровеҳларда Қуръони Каримни баҳолиқудрат хатм қилиш бахти насиб этиб келмоқда. Бунинг учун Парвардигоримизга қанча ҳамд айтсак, оз. Илоҳим, бу неъмат умр неъмати билан ҳамиша ҳамнафас, ҳамроҳ бўлсин!
Назаримда, бугун ушбу неъматнинг шукрини адо этиш ўлароқ, айрим сатрларни қоралаш масъулияти ва бурчи бўй кўрсатди. Шу боис, ижозатингиз билан, айрим масалалар ҳақида сиз азизлар билан дилдан суҳбат қилсам.
Ҳаётнинг қайси жабҳаси бўлмасин, бир соҳанинг устозларидан таълим олиб, сўнг шу соҳада фаолият олиб борилса, йиллар ўтиб, бу борада фикр-мулоҳазалар ҳам тўпланиб, бойиб борар экан. Сиз ўқиётган ушбу сатрлар ҳам худди шу мазмунга эга. Бу ерда билдириладиган фикрлар устозлардан ўзлаштирилган кўрсатмалар ҳамда тажрибадан олинган хулосалар ҳамда уларга асосланган шахсий фикр-мулоҳазалардан иборат. Яхшилик бўлса Аллоҳдан, камчилик ва хато топсангиз, инсоний ожизлигимиз ҳосиласи, деб билгайсиз.
Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, бу ерда айтилмоқчи бўлган мулоҳазалар анчадан бери йиғилиб келган бўлиб, кейинги йилларда уларни хатга тушириш нияти туғилиб қолган эди. Айримларини ўзаро давраларда, қорилар билан бўлган суҳбатларда ўртоқлашиб ҳам турилар эди. Аммо уларни қоғозга кўчириш вақти-соатини тақдир қалами бугунга белгилаган экан, Аллоҳ таолонинг Ўзидан ёрдам сўраган ҳолда саҳифа қоралашга киришаман ва Рамазонга ожизона туҳфа бўлишини умид қилиб қоламан.
Суҳбатимиз аввалида яқин ўтмишга бир назар солсак. Юртимизда Рамазон ойидаги хатми Қуръонлар қадимдан бўлиб келган. Мисол учун, ўтган асрнинг бошларида Андижон шаҳридаги Жомеъ масжидда Комил қори, Абдуқаҳҳор қори, Рўзи қори домла каби улуғ устозлар хатмга ўтганлар. У вақтларда Рамазонда масжидлар қорилар билан қозиётлар ва марказий мадрасаларнинг бош мударрислари томонидан таъминланган. Аммо ҳозир узоқ ўтмишга қайтмай, биз учун айни вақтда аҳамиятли бўлган ўтган аср ярмидан буёғидаги ҳолат ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.
1943 йилда Диний идора ташкил топиб, масжидларни қайта очишга рухсат бўлгач, аввалига Рамазонда фақат таровеҳ ўқиш билан чекланилган. Бу жараённи Андижон мисолида кўрадиган бўлсак, катта ёшли кишиларнинг нақл қилишларича, ўша вақтда шаҳарда биринчи бўлиб очилган «Чуқур масжид»да таровеҳ намози ўқилган. Айтишларича, ўшанда таровеҳ жуда қисқа суратда бўлиб, ҳар ракъатга замми сурага бир оят ўқишган экан. Сабаби – одамларда ҳали қатағон қўрқуви кетмаган, ишонч йўқ, бунинг устига тоқатлари ҳам етмас экан. Вақт ўтиши билан аста-секин ҳамма нарса изга тушиб, тўлақонли хатми Қуръон қилиш йўлга қўйилган экан. Авваллари қайси масжидда ким хатмга ўтиши, хатм неча кун давом этиши юқори идоралар тарафидан ҳал қилинган бўлса, кейинчалик ҳолат бироз енгиллашиб борган экан. Диний раҳбарларнинг, имом домлаларнинг ташаббуси билан аста-секин масжидлардаги хатми Қуръонларга жойлардаги ёш қорилар ҳам жалб қилиб борилган. Эътиборга лойиқ, ибратли жиҳати шундаки, у вақтларда рухсат берган тарафларнинг топшириғи билан хатми Қуръонлар уч кун, етти кун, узоғи ўн кунлик бўлган. Бироқ  жамоат асосан катта ёшдаги, кекса кишилардан иборат бўлишига қарамай, жамоат хатм мобайнида миқ этмай тик турган. Ҳатто овоз кучайтиргич бўлмагани учун айрим масжидларда қорининг овози ташқаридаги намозхонларга эштилмаса ҳам, Қуръонга мухлис бўлган халқ уч кунлик хатмларда ҳам мунтазам иштирок этган. Неча йиллик узоқ айрилиқдан сўнг Қуръонга етишиб турган юртдошларимиз қорининг овозини эшита олмаган ҳолларида ҳам қалблари жунбушга келиб, таровеҳ асносида ҳўнг-ҳўнг йиғлаб олишар экан. Ўша даврларда магнит тасмасига туширилган хатми Қуръонларни тинглар экансиз, устоз қоридадаларимиздаги ихлос, муҳаббатнинг барқ уриб турганини туясиз. Хатми Қуръон сўнгидаги оҳ-воҳ, йиғи-сиғи аралаш қироат ва дуоларни эшитиб, ўша давраларни соғиниб кетади киши… Аллоҳ ўтган азизларимизнинг барчаларини Ўз раҳматига олган бўлсин!
Юртимиз мустақилликка эришгач, қалбларимиз Қуръони Карим билан истаган пайтида ошно бўлиш имкониятига эга бўлди. Рамазон ойини юксак маънавий даражада ўтказиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди, Рамазон ва Қурбон ҳайити кунлари миллий байрамларимиз деб эътироф этилди.
Истиқлолнинг илк йилларини оладиган бўлсак, бу давр ўша яқин ўтмишнинг узвий давоми бўлиш билан бирга, айрим жиҳатларда фарқлар юзага келди. Масжидларимиз сони кескин кўпайди, қориларимиз сони эса ундан ҳам кўпайди. Даставвал баъзи масжидларда четдан қорилар жалб қилинган бўлса, кейинроқ ўз юртимиздан чиққан қориларимиз ҳамма масжидларни тўлдириб боришди. Айни пайтда ўртадаги узилиш даврида рўй берган айрим камчиликлар ҳам бартараф бўлиб, хатми Қуръонларнинг сони ва сифати ортиб борди. Очиғини айтганда, юртимизда ўтказилаётган бугунги хатми Қуръонларнинг сифати, йўсини мусулмон мамлакатларда ҳам ҳамма жойда топилавермайди. Айрим жойларда қорилар таровеҳда хатм қилишга ярамайди, Қуръонни ўтириб, мусҳафга қараб ўқиб беради, холос. Яна қайсидир жойларда таровеҳ намози саккиз ракъатда хатм қилиниб, жамоат бироз толиқиб ҳам қолади. Шундай бўлса-да, бу борада ислоҳ қилиш керак бўлган бошқа ҳолатлар ҳам борки, уларнинг айримлари қориларимизга тегишли бўлса, айримлари тингловчи жамоатга тааллуқлидир. Биз ҳозир, асосан, шу нуқтага эътибор қаратмоқчимиз. Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, дилдан суҳбатлашмоқчи бўлганимиз учун айрим камчиликларни аниқроқ айтишга мажбурмиз. Шу боис, қори бўлсин ёки тингловчи бўлсин, муҳтарам ўқувчидан ушбу нуктани ёдда тутишларини умид қиламан.
Кўпгина масжидларда хатми Қуръон ўтказиш намунали ёки қониқарли даржада бўлса, айрим жойларда, хусусан, чеккароқ ерларда баъзи бир камчиликлар кўзга ташланади. Яқин ўтмишдаги ўтиш даврида ҳосил бўлган кўникмалардан ҳали-ҳануз қутула олмай турилган ҳолатлар ҳам бор. Бунинг сабаби таровеҳнинг ва хатми Қуръоннинг мақсад ва моҳиятига эътибор берилмаслигидадир. Мустақиллигимизга сал кам чорак аср бўлди. Илм-маърифатга кенг йўл очилди, кўплаб диний адабиётлар нашр бўлиб, халқимизда диний савияни ошириш, шунга оид маълумот алмашиш учун кенг имкониятлар очилди. Бироқ хатми Қуръонларга синчковлик билан назар солинса, тушунчаларимизда, мақсадларимизда, ниятларимизда ва йўл тутишимизда ҳали анча-мунча камчиликларимиз борлигини пайқаш мумкин. Уларни тузатиш вақти келганига, ислоҳ қилиш имконияти берилганига анча бўлган. Бироқ  негадир улар ҳамон эътибордан четда қолиб келмоқда. Энди ўша жиҳатларни ҳам тўғрилаб, юксаклик сари интилишимиз лозим.
Мавзуимиз, асосан, хатми Қуръон иштирокчилари – қорилар ва тингловчиларни ўз ичига олган, шунинг учун бу ердаги гаплар ҳам шу икки тоифага қаратилган бўлади. Ҳар ким ўзига кераклисини олаверади ва бошқа маълумотлар ҳам ҳар биримиз учун фойдадан холи бўлмайди, деган умиддаман.
Гапни аввал қориларга тегишли тарафидан бошласак.

Аҳли Қуръон дўстларга кўнгил нидоси

1. Ният. Хатмга ўтмоқчи бўлган қори, аввало, соф, тўғри, холис ният қилиб олиши лозим. Бу нафақат қори учун зарур, балки хатмнинг файзли бўлишида, одамлар ибодатдан баҳра топишида, мақсадлар ҳосил бўлишида катта аҳамият касб этади. Зеро, қорининг руҳий оламидаги ҳолнинг жамоатга таъсири жуда катта бўлади. Қуръони Каримни ўнлаб, юзлаб кишиларга эшиттира олиш қори учун энг улкан имконият ва шараф бўлиши лозим. Ҳар бир тингловчига берилган ажрларга, бекаму кўст савобга эга бўлишдан ортиқ яна нима фойда бўлиши мумкин? Буни ҳар биримиз яхши тушуниб етишга, қалбимизга сингдиришга ҳаракат қилмоғимиз лозим. Иложи бўлса, ҳар гал намозга киришишдан олдин ниятни янгилаб олинса, жуда ҳам яхши бўлади.
Тўғри, хатмга ўтган қорининг маълум ҳақ олиши жоизлиги, ҳатто жамоат намозига имомлик вазифаси учун муайян маблағ келишиб ҳам олиш мумкинлиги ҳақида айрим фатволар бор. Аммо булар фатво холос, тақво йўли эмас. Авваллари хатми Қуръонга ўтган қорига маълум ҳақ бериш қозилар тарафидан тайинланган ҳолатлар ҳам бўлган, аммо бу баъзан тескари натижа бериб ҳам қўйган. Ўша даврларни қисман кўрган устозлардан бири, раҳматлик Файзуллоҳ қоридаданинг айтиб беришларига кўра, қози бир қорини (адашмасам, у кишининг устозини) бир жойдаги масжидга олиб борган экан. Масжид қавми камчилик, бунинг устига беэътиборроқ одамлар экан, қози-домлага: «Қорининг ҳаққини берсаг-у, хатм қилмай қўя қолсак-чи?» дейишган экан. Шунда қори қаттиқ дарғазаб бўлиб, қавмнинг Қуръонга бўлган муносабатидан ўксиниб, қайтиб кетган экан.
Айтмоқчимизки, қорининг хизматини тақдирлаш, унинг дуосини олиш, унга Қуръон, илм йўлида кўмак бериш ва шу билан яхшиликка ҳисса қўшиш мақсадида, Қуръонга бўлган ихлосларининг изҳори сифатида одамларнинг ўзлари кўнгилдан чиқариб ҳадя берсалар, бу уларнинг ишлари, ҳимматларидир. Айрим ҳолларда бу хайрли иш маълум даражада қавмнинг вазифаси ҳам бўлиши мумкин, чунки бу қайсидир қорининг хотиржам Қуръон такрор қилишига, илм олишига шароит яратиб беради. Агар қори моддий таъминотга муҳтож ҳолатда бўлса, бу иш балки заруратга ҳам айланиши мумкин. Аммо нима бўлганда ҳам, бу ҳаргиз қорининг мақсади, муддаоси бўлмаслиги керак.
Ризқ Аллоҳнинг зиммасидадир. У Зот тақдир қилганидан ортиғи насиб бўлмайди. Бу ҳар бир мўмин киши иймон келтириши лозим бўлган тушунчадир. Қорилар ниятнинг тўғри бўлиши учун ушбу ҳақиқатни ҳаммадан кўра кўпроқ эсга олишлари лозим. «Ниятингизни таҳлил қилиш учун эса сизга бирор кимдан манфаат етганда қалбингизга назар солинг. Агар етган неъмат учун қалбингизда аввал Аллоҳга шукр келтириш туйғуси уйғонса, бу яхши. Аммо аввал бандага ташаккур айтиш хаёли устун келса, унда аҳволни ислоҳ қилиш лозим», дейди руҳий тарбия уламолари.
Бу ўринда ёдга олишга энг муносиб ҳадис Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг энг ёш шогирдларидан бири Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)га айтган қуйидаги гаплари бўлса, ажаб эмас:
«Ҳой бола! Мен сенга бир нечта сўзларни ўргатай. Аллоҳни(нг ҳақларини) муҳофаза қил, У сени муҳофаза қилади. Аллоҳни(нг ҳақларини) муҳофаза қил, Уни рўбарўйингда топасан. Сўрасанг, Аллоҳдан сўра, ёрдам тиласанг, Аллоҳдан тила! Билгинки, агар бутун уммат сенга бирор манфаат етказиш учун тўпланса, Аллоҳ сенга битганидан бошқа манфаат келтира олмайди. Агар бутун уммат сенга бир зарар етказиш учун жамланса, Аллоҳ сенга битганидан ортиқ зарар келтира олмайди. Қаламлар кўтарилган, саҳифалар қуригандир» (Термизий ривояти).

2. Тажвидга риоя қилиш. Ҳар бир Қуръон ўқигувчи қори қироатнинг вожиби бўлган тажвид қоидаларига риоя қилиши лозим. Бугунги кунда қориларнинг тажвидлари аввалгидан кўра анча ўнгланган бўлса-да, ҳали кўпчиликларида ҳолат мақтарли даражада эмас. Тажвид илмини ўзлаштирганлари кам, билганига амал қилишга уринаётганлари ундан ҳам кам.
Шуни яхши англаб олиш лозимки, Қуръони Карим фасоҳатли араб тилида нозил қилинган. Тажвид ва қироат илмида ўқитиладиган деярли барча қоидалар Қуръон нозил бўлган даврдаги араблар учун катта янгилик бўлмаган, чунки идғом, иқлоб, изҳор каби қоидалар изчил ва қатъий равишда бўлмаса-да, оддий сўзлашувда ҳам қўлланилган. Хўш, Қуръон тилининг ўша пайтдаги араб тилидан фарқи борми? Қироат уламоларининг айтишича, Қуръони Каримни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бошлиқ саҳобаи киромлар сўзлашган араб тилидан ажратиб турувчи хусусияти асосан учта бўлган:
1.    Мад, яъни чўзиқ унлиларни икки ҳаракатдан ортиқ чўзиш;
2.    Ғунна – «мим» ва «нун» товушлари иштирок этган айрим ўринларда товушни бир муддат димоғда ушлаб туриш.
3.    Оҳанг. Қуръонни оҳанг билан тиловат қилиш таълими ҳадисларда ҳам, бошқа ўринларда ҳам кузатилмайди. Шу билан бирга, Қуръондаги оҳанграболик ҳам бошқа жойда топилмайди, унинг ўхшашини келтиришга инсон ожиз. Қуръондаги оҳанг ашула, мусиқа ёки бошқалардан олинган эмас, балки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан тортиб бугунгача қорилар қалбига илқо қилинаётган, Қуръоннинг назми бахш этадиган оҳангдир. Бу хусусият ҳам фақат Қуръонга хос. На араб адабиётида, на ҳадисларда, на бошқа жойда бу қоидалар йўқ, бўлмаган ҳам.
Бунга қўшимча сифатида, идғом, иқлоб, изҳор каби тилда мавжуд бўлган қоидаларга намунали равишда, қатъий изчиллик билан амал қилишни талаб қилинишини ҳам Қуръонинг хусусиятларидан деб айтиш мумкин.
Санаб ўтилган хусусиятларнинг дастлабки иккиси, яъни мад ва ғунна қоидалари ҳозирги кунда ҳам тажвид илмида ўрганилади. Қуръоннинг мазкур хоссаларига риоя этмаслик Қуръони Каримни хусусиятларидан мосуво қилиб, башар каломи каби ўқиш ҳисобланади. Бу эса мутлақо жоиз эмас. Хусусан, қориларнинг бундай қилишлари жуда оғир хатодир. Айниқса, устозлар, қироати жамоатга намуна бўлиб турган кишилар бунга ҳушёр қарашлари лозим.
Имом Жазарий ўзининг машҳур «Муқаддима»сида шундай дейди:
«Тажвидга амал қилиш қатъий лозимдир, яъни вожиб ишдир. Ким уни дуруст ўқимаса, гуноҳкордир, чунки Аллоҳ уни бизга шундай нозил қилган ва у бизгача шундай етиб келган».
Айниқса, ҳарфларни ўз ўрнидан талаффуз этиш, уларни фарқлаб турадиган сифатларини ижро этиш, мад, ғунна каби Қуръонга хос бўлган қоидаларни адо этиш ҳар бир Қуръон ўқигувчи қорига вожибдир. Мисол учун, «син» ҳарфи «сод»дан, «та» ҳарфи «то»дан, «зод» ҳарфи «зал»дан аниқ ажралиб туриши, лозим мадлар олти ҳаракат, муттасил мад тўрт ҳаракат чўзилиши шарт. Қироатга равнақ, тароват бахш этадиган иккиламчи тажвид қоидаларига эса Қуръондан таълим бераётган устозлар, халққа тиловат эшиттираётган қорилар амал қилишлари кифоя, бошқаларга шарт эмас.
Тажвид қоидалари кейинчалик тартибга солиниб, асарларга битилган бўлса-да, аслида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ўрганилган ва бизгача қироат устозлари орқали етиб келган қоидалардир. Шунинг учун Қуръонни ўзича ўқиб олган киши қори саналмайди. Қори бўлиш учун устоздан оғзаки таълим олиш шарт. Биз шу ҳақиқатни яхши англаб олишимиз керак.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ўзлари ҳам, у Зотнинг саҳобалари ҳам Қуръон қироатига алоҳида эътибор беришган. Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг «Қавмга уларнинг қорироғи ўтади», деганлари ҳам бежиз эмас. «Қуръонни фалончи, фалончилардан ўрганинглар», деб айрим саҳобаларни алоҳида ажратиб айтишлари эса жуда катта кўрсатмадир. Саҳобаи киромлар ҳам бунга алоҳида эътибор беришган.
Биргина мисол келтирайлик. Нима учун Умар (розияллоҳу анҳу) кишиларни таровеҳда бир имом ортидан жамлашга қарор қилганида имомликка айнан Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳу)ни танлади? У кишидан кўра олимроқ саҳобалар ҳам бор эди-ку! Бунинг сабаби шуки, ҳар бир ишни ўз эгасига, устасига топшириш керак, ҳар бир ишни шу соҳанинг мутахассиси, тажрибали, юқори малакали вакили қилиши керак. Бу Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг услубларидир, илоҳий таълимдир.
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
«Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Убайга: «Аллоҳ сенга «Лам якуниллазиина кафаруу...»ни ўқиб беришимни буюрди», дедилар. У: «У Зот менинг исмимни айтдими?» деди. У Зот: «Ҳа», дедилар. Шунда Убай йиғлаб юборди».
Имом Бухорий ривояти.
Ҳа, Қуръонни унинг қироатига моҳир кишиларга ўргатиб боришни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзи таълим бергандир. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) шунинг учун ҳам таровеҳга имом сайлашда айнан Убай (розияллоҳу анҳу)ни танлаган эди.
Умматнинг уламолари ва раҳбарлари кейинчалик ҳам бу ишга жиддий эътибор бериб келишган. Масалан, Ҳажжож золим ўз даврида намозга ўтиш учун фақат арабларни танлар экан. Бошқа илмлар ва соҳалар ҳамма учун очиқ бўлган, аммо имомнинг айнан араб бўлишини талаб қиларкан. Бир куни унга: «Сен араб қорилар имом бўлсин дейсан, лекин ўзинг Маймун ибн Меҳроннинг ортида намоз ўқийсан. Ахир у ҳам арабмас, ажам-ку?» дейишибди. Шунда Ҳажжож: «Агар унга ўхшаб ўқий олса, ажам ўтсин. Мен кўп ажамларнинг қироатни бузганларини кўриб, шундай деганман», деган экан.
Демак, намозда имомликка ўтиш, айниқса, хатм қилиш ҳазилакам иш эмас, бунга енгил қараб бўлмайди. Имомлик ўта жиддий эътибор бериш лозим бўлган мартабадир. Имомлар, хусусан, қорилар тажвид қоидаларига имкон қадар оғишмай амал қилишлари зарур. Бу талаб намознинг дурустлиги, мукаммаллиги учун ҳам аҳамиятлидир. Бу ишга, аввало, энг муносиб кишиларни танлаш, керак бўлса, имтиҳон қилиш, талабга жавоб бера олмаганларнинг малакасини оширишни йўлга қўйиш лозим.
Имом Жазарий айтадилар: «Бу уммат Қуръони Каримнинг маъноларига амал қилиш билан Аллоҳга ибодат қилгандек, уни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан нақл қилинган тарзда, ҳақларини адо этиб тиловат қилиш билан ҳам ибодат қоим қилиб келган». Айтмоқчиларки, унинг маъноларига, буйруқ ва қайтариқларига амал қилиш қанчалик зарур, аҳамиятли бўлса, сўзларини тўғри талаффуз этишнинг муҳимлиги ҳам бундан кам эмас.
Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир Қуръон қориси тажвидга чин дилдан ёндашиши, унга иймон, виждон асосида амал қилиши ва бу ишга қорилик масъулияти деб қараши лозим. Шароит тақозосига кўра қанчалик тез ё секин ўқишидан қатъий назар, тажвид қоидаларига оғишмай амал қилиши керак. Ўзи ўқиганда ҳам, бошқаларга ўқиб, эшттирганда ҳам қоидлаларга риоя этган ҳолда, чиройли ўқиши лозим. Муҳими, қироат суратида ҳам суннатга мувофиқ иш тутиш матлубдир.

3. Қироатнинг суръати.  Рамазонда энг кўп ўртага ташланадиган ва баъзан тортишув, баҳсларга сабаб бўладиган мавзу – қироатнинг тезлиги, суръатидир. Қуръони Каримни қанчалик тез ёки секин ўқиш мумкин ёки керак? Навбатдаги мулоҳазалар шу хусусда. Ҳар бир қори, ҳар бир тингловчи бу борадаги илмий мезонни билиб олиши лозим.
Қуръони Каримнинг ҳар бир калимаси, ҳар бир ҳарфи Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ўрганилган. Қуръон таълимидаги бу жиддият қироатнинг суръатини ҳам аниқлашга имкон яратган. Барча қироат уламолари таъкидлайдиларки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан Қуръони Каримни уч хил суръатда ўқиш мумкинлиги ривоят қилинган бўлиб, мутахассислар уларнинг ҳар бирини алоҳида ном билан ажратиб беришган:
а) таҳқиқ. Буни ўзбек тилига таржима қилсак, «маромига етказиб ўқиш» дейиш мумкин. Бунда мад, ғунна ва бошқа тажвид қоидалари энг юқори нуқтасида, энг тугал суръатда адо этилади. Шошилмай, дона-дона қилиб, хотиржам, виқор билан ўқилади. Бу қироатнинг энг секин суръати бўлиб, агар унинг энг охирги чегараларидан ҳам ҳатлашга ўтилса, қироатга халал етади, қисқа унлилар чўзилиб, ҳарф ва калималар ўртасида танаффус пайдо бўлади.
Уламолар бир овоздан таъкидлайдиларки, таҳқиқ мартабаси асосан таълимда қўлланилади. Ўқувчи даставвал ҳарфларни, қироат қоидаларини яхши ўзлаштириши учун бунга муҳтож. Шунингдек, мажлисларда, йиғинларда, Қуръон кечаларида тиловат қилишга ҳам шу суръат мос тушади, ярашади. Мисол учун шайх Мустафо Исмоил, Муҳаммад Сиддиқ, Абдулбосит, Хусарий каби қироат устозларининг турли йиғинлардаги қироатлари ҳам шу таҳқиқ суръатида ҳисобланади. Аммо хатми Қуръон қилишда бу мартаба секинлик қилади, вазиятга унча монанд келмайди. Қоидаларни таҳқиқ мартабасида етарли ижро эта билган қорилар хатми Қуръон қилганларида бироз тезроқ, яъни тадвир мартабасида ўқишлари мумкин;
б) тадвир. Бу «ўртача суръат» деган маънони билдириб, таҳқиқдан тез, бироқ энг тез қироатдан секинроқ бўлади. Бунда ҳам тажвид қоидаларига тўла амал қилинса-да, мадларнинг ўртача чўзилиши танланади ва лафзлар чаққонлатилади. Аммо тадвир суръати оятларнинг маъносини бемалол тадаббур қилишга имкон берадиган даражада бўлиши керак. Тадвир суръати қироат мартабалари ичида энг афзали, энг мақбули ва ҳар тарафлама энг қулайидир. Бу мартабада қори ҳам эркин ҳаракат қилади, кучанмайди, тингловчи ҳам чарчамайди. Абдулбосит, Миншавий, Хусарийлар каби устоз қориларнинг «тартил қироати» номи билан танилган хатмилари, Ҳузайфий, Муҳаммад Айюб, Ғомидий, Мушарий каби қориларнинг таровеҳдаги хатмлари тадвир суръатида ўқилган.
Мавзудан келиб чиқиб айтсак, кунига 1-2 порадан ўқиладиган хатмларда шу тезлик муносиб, ундан кўпида кўп ҳолларда ҳадр тезлигига ўтишга тўғри келади. Бу − менинг шахсий фикрим;
в) «Ҳадр» сўзи аслида «юмалатиш», «ғилдиратиш» маъноларини билдиради. Қироат илми истилоҳида эса қироатнинг энг тез суръатини англатади. Бунда фақат чўзиш вожиб бўлган мадларгина чўзилади, бироқ улар ҳам энг қисқа миқдорда чўзилади, жоиз мадлар эса чўзилмайди. Қироат тезлиги ҳисобига ғунналарда ҳам кўп турилмайди. Аммо бунда ҳам ҳарфларнинг тўкислигига, вожиб қоидаларнинг ижросига халал етказиш мумкин эмас. Яқин йилларда ўтган улуғ устозлардан бири, Абдулазиз қоридаданинг айтганларига кўра, ҳадрда вақф ибтидо, яъни қироатни бошлаш ва ўртада тўхташ асносида ҳам энг жоиз мартаба ушланади. Имкон қадар бир нафасда узоқроқ ўқилади ва нафас етмаган ҳолларда вақф белгиси йўқ жойда тўхтаб, қайтариб қироат қилинганда ҳам, бир калима олдиндан қайтарилади, маъно яхши тушунарли чиқиши учун юқорироқдан ўқиб ўтирилмайди. У киши буни бизга устозлари Рўзи қори домладан нақл қилиб берганлар, «Устоз ҳар учала мартабада ҳам эркин ва ўзига хос равнақ билан ўқир, уларнинг фарқини яққол кўрсатар эди», деган эдилар.
Аслида ҳадр суръати Қуръондан кўпроқ ўқишни ният қилган пайтдаги шахсий такрорлар учун муносиб. Шунингдек, бу суръат кўпроқ ўқиб қилинадиган хатмларда жуда қўл келади. Бунда агар қорининг лафзи енгил, чаққон бўлса, ўзи ҳам, тингловчи ҳам чарчамайди, акс ҳолда ҳолат аксинча бўлиши мумкин.
Умуман олганда, қироатни қайси мартабада ўқиган афзал, деган саволга кўпчилик уламолар ўрта мартабада ўқиш афзаллигини таъкидлашган. Баъзи олимларимизнинг айтишича, бу худди миқдори оз, аммо қиймати юқори пул билан қиймати пасту саноғи кўп пулни сарфлаганга ўхшайди. Бирида тафаккур ва табаддур ҳисобига кўпроқ ажрга эга бўлинса, иккинчисида кўпроқ калима нутқ қилингани эвазига ажри ортади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур мартабаларда ўқиш ҳар кимга ҳам жоиз ва муяссар бўлмайди. Қори аввал таҳқиқ мартабасида қоидаларни тўкис ижро этишни яхши ўзлаштириб олади. Етарли малака ҳосил бўлгач, тадвирда ўқиши мумкин. Тадвирда ҳам қоидаларни тўкис адо эта олиш маҳоратини ҳосил қилган қоригина ҳадр мартабасида ўқиши жоиз. Етарли малакаси бўлмаган кишига бу мартабага қўл чўзиш дуруст эмас.
Назаримда, биз кўп жойларда ҳолат аксинчага ўхшайди. Кўп қорилар Қуръонни олдин тез ўқиб ёдлаб олишади-да, кейин ҳиммат қилгани секинроқ, дона-дона ўқишни ўзлаштиради. Аслида эса ҳар бир Қуръон ўрганувчи киши аввал таҳқиқда ўқиши, ҳадрда эса етарли малакага эга маҳоратли қориларгина ўқиши керак.
Қориларга маълум бўлса-да, эслатиш лозим бўлган яна бир гап шуки, Қуръонни хатмида ё бошқа жойда дона-дона, тажвид билан ўқий олиш учун кундалик такрорни ҳам шундай олиб бориш лозим бўлади. Акс ҳолда, секин ўқиса, тажвидга амал қилса, масалан, мадларни чўзса, кейинги калима ёдга келмай қолади, адашиб кетади. Ҳар бир қори тажвид қоидаларига риоя қилиш, гўзал оҳангда қироат қилиш, аввало, инсоннинг ўзи учун зарур эканини ёдда тутмоғи даркор.
Қироат мартабаларига оид асосий маълумотлар ана шулардан иборат. Бундан бошқача йўл тутиш Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан келаётган таълимга зиддир. Ҳадрдан ҳам тезроқ ўқишга ёки буни талаб қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, чунки бу суннатга хилоф, шариатга хилоф бўлиб, Қуръонинг ҳаққини поймол қилишга олиб боради. Буни ҳар бир қори, ҳар бир тингловчи яхши тушуниб олиши шарт.
Фараз қилинг, бир ёзувчи ёки шоир ўзининг асарини кўпчиликка ўқиб беришни сизга топшириб, илтимос қилиб, ўзи ҳам кузатиб турибди. Айтайлик, сизга асарини берган зот юқори мартабали раҳбар киши бўлсин. Сиз унинг асарини ўқишда у айтган мақсадни рўёбга чиқаришга қанчалар уринасиз? Шариллатиб, биров тушунмайдиган қилиб ўқиб бермасангиз керак? Айниқса, ўша асарнинг муаллифи ўзининг махсус элчиларини ишга солиб, уни ўқиш қоидаларини ҳам ўргатиб, қўлингизга тутқазган бўлса ва ижроингизга қараб жазо ёки мукофот тайёрлаб қўйган бўлса, нима қиласиз? Бу саволларга холис жавоб бера олсангиз, Қуръонга бўлган иймоннинг ўзи сизга керагича йўл кўрасата олади.
Ҳанафий улмоларнинг улуғ намояндаларидан бири имом Ҳасфакий ўзининг машҳур «Ад Дуррул мухтар» китобида таровеҳ ҳақида сўз юрита туриб, жумладан, шундай дейди:
«(Таровеҳда қори) ортиқча дуоларни тарк этади. Ва мункар ишлардан – бидирлаб қироат қилишдан, таъаввуз ва тасмияни тарк этишдан ҳамда хотиржамлик, осудалик, тасбеҳ ва дам олишни тарк этишдан узоқ бўлади».
Қаранг, уламоларимиз биз ҳозир сўз юритаётган хатолардан сақланишни қадимдан таъкидлаб келган эканлар. Демак, таровеҳда қироатда ҳам, намозда ҳам, тасбеҳларда ҳам осудалик бўлиши лозим экан.
Айрим кишилар ўзларича ўша биз назарда тутаётган тез ўқишни ўзимизнинг қориларнинг, ота-боболаримизнинг ўқиши деб, секин, дона-дона ўқишни эса арабларга тақлид қилиш, деб ўйлашади. Бу тушунчанинг мутлақо хато экани фақиҳларимизнинг сўзларидан ҳам маълум. Қолаверса, биз юқоридан тилга олиб келаётган устоз қориларимизнинг бирортаси бундай қироат қилмаган. Абдулазиз қоридаданинг айтишларича, устозлари Рўзи қори домланинг ҳадрдаги қироатларини Андижондаги Нишон қоридада олган экан. Андижонда ўтган марҳум устозлардан яна бири, ҳофиз Охун махдум домла ҳам шу йўсинда қироат қиларди.
Биз уларнинг ва юртимизда қироатни тарқатган бошқа катта устозлар – Шаҳобиддин қоридада, Абдуқаҳҳор Махдум, Мубин қоридада, Раҳматуллоҳ қори ака ва бошқа устозларнинг мажлисларда ва хатмларда қилган тиловатларини тасмаларда эшитдик. Барчаларини Аллоҳ раҳматига олсин. Бирорталарида ҳарфларни ямлаш, калималарни чайнаш ёки мад, ғунна каби қоидаларни пайҳон қилиш каби ҳолатлар учрамайди. Асосий фарқ шундаки, улар хатмларда асосан ҳадрда ўқиганлар.
Рўзи қори домланинг ўғиллари устоз Абдулбоқий қоридада ҳам ўз даврларида юзлаб қориларни тарбиялаганлар. У киши оталарининг энг пешқадам шогирдларида таълим олган эканлар. Устозларимизнинг таъкидлашича, у киши хонадондаги хатмларда ҳам бир порани сал кам бир соатда ўқиган экан. Биз ҳам ёшлигимизда у кишининг қироатларини бир неча бор эшитганмиз.
Довудхон Тўра даданинг бир қирғиз шогирдлари бўлган. У киши Андижонга келганида «Девонабой» масжидида тиловат қилиб бериб турган. Эшитган кишилар у кишининг қироатини, тахминан, Муҳаммад Сиддиқ Миншавийнинг қироатига таққослашади.
Файзуллоҳ қоридада «Жомеъ» масжидда хатмга ўтган машҳур қори устозлардан бири Комил қори аканинг қироатларини тавсифлаб: «Дона-дона, шошилмай, ўта хуш ва гулдурос овоз билан ўқирдилар. Ҳонақоҳ ичидаги қироатларини ҳатто масжид саҳнисига кираверишдаги эшик тагида туриб ҳам эшитса бўларди», дердилар.
Марҳум Ҳусайн қоридада ўзларининг беморликларидан олдинги қироатларини мадиналик қори Муҳаммад Айюбнинг қироатига ташбеҳ қилардилар. У кишининг қироатини кўпчилик эшитган.
Шу ўринда ўз ҳаётимдан ҳам бир мисол келтирсам. Она томондан бобомиз Ҳабибуллоҳ ҳожидада ўз даврининг етук олимларидан, ҳофизларидан эдилар. Саксон беш ёшларида ҳам масжидда хатмга ўтиб берганлар. 11-12 яшар вақтларим. Қуръони Каримни ёдлаб, ярмидан ўтиб қолгандим. Бобом шариллатиб такрор қилаётганимни кўриб: «Намунча тез ўқимасанг?! Нечта ўқийсан ўзи?» дедилар. «300 та», дедим. «Ўтган сураларни такрор қиласанми?» дедилар. «Йўқ», дедим. Шунда опоқдадам: «Бунинг ўрнига секинроқ қилиб элликта ўқи, шу яхши. Кейин ҳар куни ортини такрорлаб тур. Биз Жомеъда шундай ўқиганмиз», дедилар. У киши 1920-25 йилларда Андижон шаҳридаги «Жомеъ» мадрасасида таҳсил олган эканлар.
У кишининг хатмдаги қироатлари намоздаги ўқишларидан бироз чаққонроқ эди, холос. Бир маромда, дона-дона ўқир эдилар. Вақф, ибтидо қоидаларига ниҳоятда риоя қилардилар. Бу қоидаларнинг кўпини устозларидан олган эканлар. Эсимда, бир гал опоқдадамга Каҳф сурасини ўқиб берганимда менга қаерларда вақф қилиш-қилмасликни ҳам кўрсатган эдилар.
Демак, айрим жойларда ҳали ҳануз учраб турган ҳаддан зиёд, қоидаларга халал етказадиган даражада қироат қилиш катта устозларнинг йўсини эмас. Нима сабабдан ва қайси омиллар натижасида бу ҳол юзага келгани ҳақида айрим тахминлар бўлса-да, ҳозир бу ҳақда тўхталишнинг мавриди эмас. Ҳар қалай бунчалик тез ўқиш мўътамад устозларда бўлмаган. Зеро, Қуръондан етарли таълим олган, ижоза олган киши ҳеч қачон бундай қироат қилмайди, бунга рози бўлмайди ва бўлиши мумкин ҳам эмас, чунки у ўзи қабул қилиб олган омонатга футур етаётганини кўриб туриб, буни жоиз деб билиши, маъқуллаши мутлақо тўғри келмайди.
Шу ўринда юқорида ишора қилинган тахминлардан бирини эсга олиш жоиз. Бизнингча, ўтган даврларда масжидлардаги хатми Қуръонларнинг муддатини уч ё етти кун деб қатъий белгилаб қўйиш ҳам айрим ёш қориларнинг қироатлари тезлашига сабаб бўлган бўлиши мумкин. Шунингдек, аралашишга ҳақли бўлмаган илмсиз кишиларнинг қистови билан, жамоатдаги айрим одамларнинг талабига жавоб бериш илинжида ҳам шундай ҳол юзага келган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Ўшанда ҳам катта устозлар ҳеч қачон қироат қоидаларини бузмаган, қатъий риоя қилган. Аммо айрим қориларда бироз бепарволик ўтган бўлиши ва аста-секин ҳаддан зиёд, қоидага хилоф равишда тез ўқишга ўтиб кетилган бўлиши мумкин.
Бугун эса шароит тамоман бошқача. Устозларимиз, Диний идорамиз раҳбарлари хатмлар 15 кундан кам бўлмасин, бир ойлик бўлса, яна ҳам яхши, деб туришибди. Мақсад – одамлар чарчамасин, толиқмасин, тун қисқалиги сабаб дам олиш кечикмасин. Шу 1-2 поралик хатмлар учун, тахминан, икки соат тавсия этилмоқда. Бу ҳам айтилган талабларга жавоб бера олишга етарли муддат. Бу улуғ имкониятлардан унумли фойдаланишимиз, бироз дангасаликдан воз кечишимиз ушбу неъматнинг шукри бўлади, албатта.

Келинг, фурсатдан фойдаланиб, ўтмиш устозлар, умматнинг етакчилари ҳаётидан айрим лавҳаларга бир кўз югуртирайлик. Саҳобаи киромлар, салафи солиҳлар мавзуимизнинг ҳозир биз сўз юритаётган жиҳатига, яъни қироат суръатига қандай муносабатда бўлганини ўрганайлик.
Имом Бухорий «Саҳиҳ»да «Қуръон фазилатлари китоби»да «Қироатда тартил қилиш, Аллоҳ таолонинг «Ва Қуръонни тартил билан ўқи», деган сўзи, «Ва Қуръонни одамларга аста-секин ўқиб беришинг учун уни бўлиб-бўлиб қўйдик», деган сўзи ҳамда уни шеърни шариллатиб ўқигандек шариллатиб ўқишнинг макруҳлиги ҳақида» деган алоҳида боб очиб, унда Абу Воилдан қуйидаги ривоятни келтиради:
«Эрталаб Абдуллоҳ (ибн Масъуд)нинг олдига бордик. Бир киши: «Бу кеча муфассални ўқидим», деди. У: «Шеърни шариллатиб ўқигандек шариллатиб-а?! Албатта, биз қироатни (яъни ҳақиқий қироатни) эшитганмиз. Мен Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўқийдиган (ҳажми) бир хил сураларни ёд ўқийман, муфассалдан ўн саккизта сура ва «Ҳа миим»лардан иккита сура», деди».
(Шуни яхши билиш керакки, имом Бухорий одатда макруҳнинг таҳримийсини, яъни ҳаромга монандини ҳам, танзиҳий – одоб мартабасидагисини ҳам макруҳ деб аташ билан чекланган.
«Муфассал» – «бўлак-бўлак қилинган», «ажратиб-ажратиб қўйилган» деган мазмунни билдириб, Қуръони Каримнинг етти бўлагидан охиргиси, кичик суралардан иборат бўлмиш еттинчиси бўлагига берилган умумий номдир. Муфассал сураларнинг охири Ан-Нас сураси эканига иттифоқ қилинган. Бошланиши эса  кучлироқ фикрга кўра, Ҳужурот ёки Қоф сурасидир. Бу суралар қисқа қисқа бўлгани ва оятлари ҳам қисқа бўлгани учун шундай ном олган)
Бу ерда Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) тафаккур-тадаббурсиз кўп ўқигандан кўра оз бўлса ҳам, соз ўқиган яхши демоқчи. Бошқа муҳаддисларнинг ривоятларида Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бундай қироат қилмаганларини айтиб, бояги кишига танбеҳ бергани ҳам айтилган. Бунга ўхшаш танбеҳ Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ҳам содир бўлгани нақл қилинади.
Ибн Абу Шайба Шаъбийдан ривоят қилади:
«Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) шундай деди: «Қуръонни шеър ўқигандек шариллатиб ўқиманг. Сифатсиз хурмони сочиб юборгандек уни ҳам сочиб юборманг. Унинг ажойиботларида тўхталинг ва у билан қалбларни ҳаракатга келтиринг», деган.
Бу – улуғ қори саҳобалардан бирининг набавий тарбия асосида айтган сўзлари, кўрсатмаларидир. Бу – Қуръонни бевосита Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ўзларидан, у Зотнинг муборак оғизларидан эшитиб, таълим олган ва у Зот томонидан: «Ким Қуръонни нозил бўлганидек тароватда ўқишни истаса, Ибн Умму Абддек ўқисин», деган ишонч ёрлиғига эга бўлган кишининг иршодларидир. Демак, қори Қуръонни бир хилда шариллатиб ўқиб кетавермай, унинг ибораларидаги, маъноларидаги ажойиботларини кўрсата билишга интилиши, ўрни келганда бироз урғу бериб, тўхталиб ўтиши ҳам керак экан. Акс ҳолда Қуръонни ерда сочилиб ётган, биров харидор бўлиб қўл узатмаётган сифатсиз мева- чеваларнинг ҳолига солган бўлар экан.
Имом Ҳоким «Мустадрак»да, имом Байҳақий «Сунан»да Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)нинг қуйидаги гапларини ривоят қилишган:
«Биз ҳаётимизда шундай бир даврларни яшадикки, унда биримизга Қуръондан олдин иймон берилар эди. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га сура нозил бўлар, биз унинг ҳалолу ҳаромини, амру тақиқларини ва унинг қаерларда тўхташ кераклигини ўрганар эдик, худди сизлар бугун ўрганаётгандек. Кейинги пайтларда эса шундай кишиларни кўряпманки, уларга иймондан олдин Қуръон берилмоқда. Сўнг у унинг бошидан охиригача ўқиб чиқяпти-ю, амри нима-ю, тақиқи нима, унинг қаерларида тўхташ керак, билишмайди ва уни сифатсиз хурмони сочиб юборгандек сочиб юборишади».
Қуръони Каримни тафаккур, тадаббурсиз тез ўқиш ҳақида шунча гап бўлгач, энди Қуръоннинг талаффуздаги ҳақларини ҳам поймол қилиб ўқиш ҳақида умуман гапирмаса ҳам, бўлаверади. Қўрқмай айтиш мумкинки, ундай хатм қилгандан кўра қилмаган яхши, чунки хатм суннатдир, Қуръоннинг эъзози ва тажвид қоидаларининг риояси эса вожибдир. Бунинг ўрнига тўлиқ хатм бўлмай, озроқ бўлса ҳам, имкон етганча Қуръоннинг ҳақларини адо этган ҳолда ўқиб қўйган афзал.
Кимдир: «Бизнинг одамлар араб бўлмаса, барибир, тушунмагандан кейин, тез ўқиб қўяверади-да. Уларга тафаккур, тадаббур қилишга йўл бўлсин», дейиши ҳам мумкин. Аслида гап ундай эмас. Қуръони Каримдаги ҳарфлар, калималарнинг жойлашиши ўзи бир мўъжиза, оҳанграбо, мафтункордир. Қолаверса, Қуръони Каримга хос бўлган мад, ғунна каби тажвид қоидаларининг ижроси ҳам қироатга алоҳида тароват бахш этади, оҳанг кашф этади. Ахир Аллоҳ таоло бу қоидаларни Ўз каломига бекорга жорий қилмаган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан тортиб бугунгача қироат устозлари мазкур қоидаларни ўргатиб, сақлаб келишлари ҳам беҳудага эмас. Шунинг учун Қуръоннинг шу хусусиятларини қанчалик кўрсатсангиз, шунчалик таъсирли чиқаверади. Тушунган-тушунмаганга бир хил таъсир қилаверади. Таъсири яхши бўлган сари қалбларни тозалаши, сайқаллаши ортиб бораверади. Булар аслида илмий исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат бўлса-да, айримлар илмий исботлаб ҳам қўйган. Шунинг учун ҳам  Қуръони Каримнинг мана шу хусусиятидан баҳра олган кишилар ҳеч қачон усиз Қуръонни эшитгиси келмайди, балки эшита олмайди ҳам.
Эътибор берилса, Қуръони Каримнинг назми, услуби ўзига хос. На бирор араб адабиёти асарига, на шеърга, на ҳадисларга ўхшайди. Башар сўзидан тубдан фарқ қилади ва ҳаммасидан устун туради. Шу билан бирга, Қуръони Каримдаги деярли ҳар бир сурада назм ва услуб жиҳатида яна алоҳида ўзига хослик бор. Мисол учун, Юсуф сурасининг жумлалари умуман бошқача, Каҳф ёки Исро сурасининг иборалари бошқа. Марям, Тоҳо, Фурқон, Шуъаро, Соффот ё Сод ва бошқа кўп сураларнинг ҳар бир жумласи унинг қайси сурага тегишли эканини кўрсатиб туради. Бақара ва Оли Имрон сураларидаги маҳобат бошқа, Раҳмон ва Воқеа сураларидаги тароват бошқа. Қисқаси, ҳар бир сурани ўқиганингизда янги бир дунёни кашф этаётгандек бўласиз. Ҳар бир сура ўзи бир олам. Ҳатто кичик сураларда ҳам бундай ажойиботларни сон-саноқсиз келтириш мумкин. Аммо тез ўқиганда буни пайқаб бўлмайди, бу гўзаллик намойиш топмай, шариллаган қироат остига кўмилиб, йўқ бўлиб кетади. Қани, қайси қори Қуръоннинг ушбу хусусиятларини, ҳақларини яксон этиб, уни бу бемисл гўзалликларидан мосуво қилиб ўқишга журъат этади? Қорининг Қуръон ўқишдан мақсади ўзи нима? Наҳотки, мақсад Қуръоннинг ҳақларини поймол қилиш бўлса? Қалбида Қуръонга эъзози бор тингловчи бу хил бедодликка қандай қилиб розиб бўла олади?
Аслида эса қори Қуръоннинг мазкур жиҳатларини ўз қироатида акс эттира олиши керак. Акс ҳолда энг камида Қуръони Каримга эътиборсизлик, адабсизлик қилган бўлади, уни зое қилган бўлади.
Гоҳида беш-ўн дақиқа устида қори билан баҳслашиб, жиғибийрон бўламиз. Наҳотки, Қуръон учун шунчалик вақт тежасак! Хўш, инсоф билан айтайлик-чи, шу беш ўн дақиқада нимани қойиллатамиз? Агар шунчалик вақтимиз тиғиз бўлса, бир ой Рамазонда шу ўн дақиқани бошқа ишлар ҳисобидан тежасак бўлмайдими? Кимларнингдир беҳуда гапларига қулоқ осишга, қандайдир бемаъни, ҳатто гуноҳ ишларни томоша қилишга ҳафталаб, йиллаб сарфлаймиз, лекин Қуръон тинглашга беш ўн дақиқа вақтимиз кўп кетиб қолса, сиқилиб ўлиб қолай деймиз. Чойхоналарда ўтирган пайтингизни бир кўз олдингизга келтиринг. Ўша ерда ҳам шу беш ўн дақиқа устида бош қотирасизми? Бозорда харидор кутганда, ишхонада мижозга кўз тикиб турганда ҳам таровеҳнинг ҳар ракъат ё ҳар тасбеҳи неча дақиқа кечаётганини ҳисоблагандек ҳар замон ҳар замонда соатингизга термулиб ўтирасизми? Наҳотки мўминнинг меърожи бўлган намозда, Аллоҳнинг қаршисида туришда шунчалик ҳиммат қилмаймиз?! Ўрни келганда инсонларнинг гапларини тушунсак-тушунмасак, ёқтирсак- ёқтирмасак соатлаб тинглашга чидаймиз-у, Аллоҳнинг каломини эшитишга бунчалар қалби тор бўлмасак?! Инсоф билан айтинг-чи, бу ниманинг аломати бўлиши мумкин? Қайси мезонга тўғри келади бундай бетоқатлик? Нафсдан бошқа нима туртки бор? Агар бизнинг бундай тоқатсизлигимиз қорининг қироат қоидаларини поймол қилишига олиб борса, бу гуноҳга шерик бўлиб қолмаймизми? Хатми Қуръон эшитяпман, деб кўксимизга уриб турсаг-у, гуноҳга қолиб турсак, нима деган гап бўлади?
Агар Аллоҳнинг каломини тинглаганда юрагингиз сиқилса, зерикиш ҳис этсангиз, айбни бировдан ё шароитдан эмас, аввал ўзингиздан қидиринг! Балки бунга қалбингиздаги касаллар, киру доғлар сабаб бўлаётгандир? Эҳтимол кундузи қилган гуноҳингиз, ғафлатингиз сизни Қуръондан тўсаётгандир? «Қуръон қалбдаги зангларни кетказади», дейилган ҳадиси шарифларда. Келинг, бир муддат унга қулоқ тутинг, қалбингизни бир дам унга беринг! Зора қалбингиздаги кирлар кетиб, мусаффо бўлиб, Роббингизнинг сўзидан ҳузур топиш мақомига эришсангиз. Чин иймон ва муҳаббат бўлса, шундай бўлиши аниқ.
Мўмин киши Қуръоннинг қаршисида ҳайиқиб туриши керак. Аллоҳ таоло: «Ким Аллоҳнинг шиорларини – динининг белгиларини улуғласа, албатта, бу қалбларнинг тақвосидандир», дейди. Аллоҳнинг Қуръондан кўра буюк нишонаси борми? Исломнинг бундан юксак аломати борми? Ўзингизга мазкур илоҳий ўлчовда, қуръоний кўзгуда бир боқинг!

Ўрни келганда шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, Қуръони Каримни аста-секин, шошилмай ўқиш ҳақида айтилган мазкур гапларни ҳаддан зиёд, ноўрин чўзиб ўқиш учун ҳам ҳужжат қилиб олмаслик керак. Аниқроқ қилиб айтганда, қорилар буни суиистеъмол қилмасликлари, балки ҳар доим ўрта йўлни ушлашлари даркор. Рамазон олдидан Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасида бўлиб ўтган қорилар йиғилишида муфтий ҳазратлари, устоз Усмонхон домла таъкидлаганларидек, тажвидни ҳам ушлаш, қавмни ҳам риоя қилиш даркор. Айтиш мумкинки, ўша мажлисда берилган вақт, яъни 1-2 поралик хатмлар учун, тахминан, 2 соатлик муддат мазкур мақсадни рўёбга чиқариш учун етарли мухлат бўлса керак. Бунда, албатта, қорининг имконияти, малакаси ва маҳорати инобатга олиниши лозим. Ҳар нима бўлганда ҳам, Қуръони Каримнинг ҳаққини риоя этиш биринчи ўринда бўлиши шариат талаби эканини унутмаслигимиз даркор.
1-2 поралик хатмларни тадвир суръатида, ундан кўпроқ ўқиладиган хатмларда эса ҳадрда ўқиш мақсадга мувофиқдир. Албатта, ўзаро ва оила даврасида эркинроқ йўл тутиш мумкин. Муҳими, «қўрага қараб қўй қамалмайди, балки қўйга қараб қўра қилинади» деган қоидага мувофиқ тутиш лозим. Акс ҳолда, қўйлар ё ташқарида қолиб кетади, ё ичкарида сиқилиб қолиб, ҳалок бўлади. Хатми Қуръонга мутасадди бўлган кишилар бунга алоҳида эътибор беришлари керак.

4. Маънога эътибор бериш. Аллоҳга шукрлар бўлсинки, бугунги кунда аксарият қориларимиз илм олишга ҳам интилмоқда. Пойтахтимиздаги кўп масжидларга Тошкент Ислом институтининг қорилари, у ердаги «Таҳфизул Қуръон» (Қуръон ёдлатиш) бўлими талабалари хатмга ўтишмоқда. Вилоятларда ҳам хатмларга биринчи навбатда мадрасалардаги қорилар жалб қилинади. Уларнинг деярли барчаси араб тилини тушунадиган, тафсир, ҳадис ва бошқа илмлардан ўзларига яраша билимга эга, хабардор кишилардир. Бу, албатта, қувонарли ҳол. Шундай экан, муҳтарам қориларимиз зиммаларидаги масъулиятдан келиб чиқиб, Қуръони Каримни хатм қилишда бошқаларга ўрнак бўлишлари лозим. Хусусан, Қуръони Каримни одамларга эшиттиришда оятларнинг мазмунини, аввало, ўзларига сингдиришга уринишлари ва шу орқали ушбу руҳни тингловчиларга ҳам улаша билишлари керак.
Қироатда оятнинг маъносига эътибор бериш кони фойдадир, бу иш кўплаб жиҳатларда ўз самарасини беради. Мисол учун, ҳар ракъатдаги қироатни маънога кўра бошлаб, шу асосда тамомлаш. Қорилар, одатда, Қуръони Каримни саҳифа-саҳифа ёд олганлари учун таровеҳ ракъатларида ҳам саҳифага қараб бўлиш осондек туюлади. Аммо барчамизга маълумки, Қуръони Каримнинг ҳозир биз кўриб тургандек саҳифаланиши, яъни бир поранинг ўн варақдан иборат бўлиши кейинчалик вужудга келган. Авваллари саҳифалар турлича бўлган. Тақсим одатда сура, оят ва мазмун асосида қилинган. Ёш қориларга бир нарса дея олмасак ҳам, тажрибали қорилар ракъатларда оятларнинг маъносига эътибор берсалар, жуда гўзал иш бўлади, хатмга ўзгача тароват бахш этади. Айниқса, Қуръони Каримнинг маъноларини тушуниб турган тингловчи учун бу жуда катта аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам айрим тажвид китобларида бу ҳақда алоҳида тўхталиб ўтилган.
Қироатда нафас олиш учун тўхташ «вақф» дейилади. Қироатни тамомлашни эса вақфдан фарқлаш учун «қатъ» – узиш дейилади. Вақф «томм» (тугал), «кофий», «ҳасан» ва «қабиҳ» деган турларга бўлинади. Тугал вақф деб ўзидан кейинги калимага маънода ҳам, лафзда ҳам боғлиқлиги бўлмаган калимада тўхташга айтилади. Мисол учун, ҳар суранинг сўнгидаги вақф «томм» бўлади. Бирор калимада тўхталганда юқоридаги маъно бутун чиқса-ю, мавзу тугамаган бўлса, унда вақф «кофий» бўлади, чунки бунда умумий маънода боғлиқлик бор. Ўзидан кейинги оятга маънода ҳам, лафзда ҳам боғлиқ бўлган, аммо тўхталса, маънога путур етмайдиган калимада тўхташ эса «ҳасан» вақф дейилади. Бундай вақф қилинганда бир-икки калима олдиндан олиб ўқилади. Фақат оятлар сўнгида бўлса, мустасно бўлиб, оятда тўхташ суннатлиги эътиборидан кейинги оят бошидан давом эттириб кетилаверади. Қироат уламолари айтадиларки, қатъ, яъни қироатни тўхтатиш учун энг муносиби вақфи томм, ундан кейингиси вақфи кофийдир. Вақфи ҳасан ва вақфи қабиҳларда қироатни тўхтатиш дуруст бўлмайди.
Худди шунингдек, мазкур тақсим ибтидога, яъни қироатни бошлашга нисбатан ҳам айтилади. Шунга кўра, мавзу бошидан бошлаш томм ибтидо, олдингисига фақат маънода боғлиқ бўлса, кофий, лафзан ҳам боғлиқ бўлса, ҳасан бўлади. Агар мазмунга халал бўлса, бу қабиҳ ибтидо ҳисобланади. Бунга уламолар айрим намуналар келтирадилар.
Мисол учун, намоздаги ҳолатни олайлик. Ҳар бир ракъат бир мажлис ҳисобланади ва ундаги қироатнинг якунланиши қатъ саналади. Иккинчи ракъатдаги қироат эса ибтидо ҳисобланади. Бинобарин, ҳар бир ракъатни вақфи томм билан тугаллаш ва тугал ибтидо билан бошлаш марғуб ва матлубдир. Муҳими, қабиҳ ибтидодан сақланиш лозим. Бунга уламолар мисол қилиб, «أَلَا إِنَّهُمْ» («Ҳой! Ана улар»), «أُولَئِكَ» («ана ўшалар») каби ундовли, ишорали иборалар билан бошланган оятларни келтирадилар. Ана шундай оятлардан иккитасини олайлик:
«Ҳой! Ана улар, ҳа, айнан улар бузғунчидирлар, лекин ўзлари сезмаслар» (Бақара сураси, 12 оят).
Бу оятда мунофиқлар назарда тутилган.
«Ана ўшалар залолатни ҳидоятга, азобни мағфиратга сотиб олганлардир» (Бақара сураси, 175 оят).
Бу оятда Аллоҳ нозил қилган илмларни беркитган кишилар ҳақида сўз кетган.
Маълумки, қори намозда аввал Фотиҳа сурасини ўқийди ва унинг сўнги оятлари қуйидаги маънолар билан якунланади:
«Бизни тўғри йўлга ҳидоят қилгин. Ўзинг неъмат берганларнинг йўлига, ғазабга қолганларникига ҳам эмас, адашганларникига ҳам эмас» (Фотиҳа сураси, 6–7 оятлар).
Энди қори ушбу оятлардан кейин юқоридаги оятларни ўқиса нима бўлади? Эшитувчининг онгида улардаги ишора ва олмошлар аввалига ғайриихтиёрий тарзда «неъмат берилганлар»га кетиб қолади. Фотиҳа сурасидан кейин айтиладиган «омин» бир нав фосила бўлса-да, барибир, олмош ўзи қайтадиган жойни «қидириб қолади». Айниқса, «омин» махфий айтилгани учун бу ҳол янада бўртиб чиқади. Қуръонга қунт билан қулоқ тутиб турган киши буни дарҳол англайди. Тўғри, бу ерда фикрни жамлаб, маънони тўғри тушунишга монеълик йўқ. Аммо қироат илми уламолари Қуръони Каримга бўлган эҳтимомлари ва эҳтиёткорликлари юксаклигидан зеҳнга келиши мумкин бўлган ўша биргина нотўғри мазмуннинг ҳам олдини олишни уқтирганлар, бу ҳол Қуръонга нисбатан энг камида адабсизлик бўлади, дейдилар. Шу билан бирга, қайсидир мунофиқ бундан масхара учун фойдаланиши эҳтимоли ҳам борлиги ҳақида огоҳлантирадилар.
Мавзулар ҳар сура бошланганда янгиланади, бу аниқ ва равшан. Аммо сура ўртасида мавзуларнинг тугаш ва бошланишини билиш учун араб тилини билишдан ташқари тафсир ва сабаби нузул илмларидан, Қуръон услубидан ҳам хабардор бўлиш керак. Шу боис, заҳматкаш уламоларимиз кишиларнинг оғирини енгил қилиш мақсадида, масаланинг муҳимлигини эътиборга олган ҳолда мавзулар бўлинадиган ўринларни Қуръони Каримнинг бошидан охиригача белгилаб чиққанлар. Бу ўринлар араб тили, тафсир ва сабаби нузул илмларига асосан белгиланган. Бу уринишларнинг хулосаси мусҳафларнинг айрим нусхаларида берилган ҳам. Мисол учун, юртимизда «Абдурраҳмоний» номи билан машҳур бўлган мусҳаф нусхасида ҳар ер-ҳар ерда оят охирига «ъайн» ҳарфи белгиси қўйилган ва саҳифанинг ҳошиясида унга ишора қилинган. Бу белги деярли ҳар бир варақда топилади. Хусусан, сураларнинг охирида, қуръоний қиссаларнинг якунида, албатта, бўлади. У «рукуъ» сўзидаги «ъайн» ҳарфи бўлиб, айнан намозда ўқилганда рукуъ қиладиган жойга ишора сифатида қўйилган. Кейинги йилларда Покистондан келган мусҳафларда ҳам бу белгини кўриш мумкин. Хатмга ўтадиган қориларимиз рукуъ учун муносиб ўрин танлашда ҳеч бўлмаганда мана шу мусҳафлардан фойдалансалар, жуда яхши бўлар эди.
Вақф, ибтидо масаласи қироат илмида ҳам катта эътиборга эга. Ҳазрати Али  (розияллоҳу анҳу)дан «Қуръонни тартил қил» деган оятнинг тафсири ҳақида сўралганда «Тартил – ҳарфларнинг тажвидидир, яъни гўзал тарзда тўкис адо этиш ва вақф ўринларини билишдир», деб тафсир қилганлар. Бу бежиз эмас. Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳумо) саҳобаи киромлариннг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан Қуръонни қандай ўрганганлари ҳақида гапира туриб, «Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан Қуръоннинг қаерларида вақф қилишни ҳам ўрганиб борардик», деганлар.
Қуръони Карим маъноларига эътибор бериш қироатда оҳанг ва овоз учун ҳам аҳамиятли. Эндиги суҳбатимиз шу ҳақда.

5. Қуръони Каримни оҳанглаб ўқиш.
Қуръони Каримнинг хусусиятларидан бири унинг оҳанграболигидир. Оддий ўқисангиз ҳам, оҳанг келиб чиқаверади. Бу − унинг мўъжизаларидан бири. Унинг ушбу хусусиятини очиб беришга хизмат қилгани учун шариатда Қуръони Каримни оҳанг билан ўқиш буюрилган, тарғиб қилинган. Ҳатто имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Аллоҳ ҳеч бир нарсани Қуръонни оҳанг билан ўқиётган Набийни тинглаганидек тинглаган эмас», «Ким Қуръонни оҳангламаса, биздан эмас», деганлар. Шу билан бирга, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) чиройли овозда, гўзал оҳангда қироат қиладиган саҳобаларни мақтаганлар, рағбатлантирганлар, бошқаларга намуна қилганлар ва умматлари ичида шундай кишилар борлигидан фахрланганлар, Аллоҳга ҳамд айтганлар. Шубҳасиз, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг бу тасарруфларида жуда кўпдан-кўп ҳикматлар, манфаатлар бор.
Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)нинг: «Қуръонни шеър ўқигандек шариллатиб ўқиманг», деган гапларида ҳам Қуръонни оҳангсиз ўқишдан қайтариқ бор.
Қуръони Каримни оҳанг билан ўқишга тарғиб қилиш билан бирга, буни қандай амалга ошириш ҳақида ҳам керакли кўрсатмалар берилган. Имом Табароний Ҳузайфа (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: «Қуръонни араб оҳангида, савтида ўқинглар. Аҳли китобларнинг ва фисқ аҳлининг оҳангидан ҳазир бўлинглар. Зеро, мендан кейин шундай бир қавм келадики, улар Қуръонни қўшиқ, раҳбонийлик ва навҳа куйи каби куйга соладилар, бироқ бу бўғизларидан нарига ўтмайди. Уларнинг қалблари ҳам, уларнинг бу ҳоллари ёққан кишиларнинг қалблари ҳам фитналанган бўлади».
Бу ҳадис бироз заифроқ бўлса-да, уламоларимиз унинг мазмуни ақлан ҳам, шаръан ҳам ҳақиқат эканини таъкидлайдилар. Демак, Қуръонни ғайридинларнинг ўз муқаддас китобларини ўқишдаги оҳангига солиш, ёки ашулачилариннг куйига солиш, ёхуд навҳачи – йиғичи аёлларнинг хиргойиларидек ўқиш мутлақо жоиз эмас. Булар мисол тариқасида айтилганини ҳам унутмаслик керак.
Ҳар бир халқнинг ўзига хос мусиқий оҳанги, йўналиши бўлади. Одатда бу ўша халқнинг узоқ йиллик дунёқараши, маданияти, ҳаёт тарзи ва бошқа жиҳатлари таъсирида юзага келади ва шу халқ тилига ҳамоҳанг, монанд ҳолда шаклланади. Табиийки, бир халқнинг сўзи бошқа халқ оҳангида куйланса, кўп жиҳатдан беўхшов чиқади. Бунда ё оҳанг бузилади, ёки сўзларнинг тароватига халал етади.
Қуръони Карим фасиҳ араб тилида нозил бўлган. Бинобарин, унинг учун энг муносиб оҳанг соф араб оҳанги бўлиши керак. Қуръони Каримнинг иборалари, назмидаги хусусиятлари ҳам айнан араб оҳангида тўла намоён бўлади. Бошқа оҳанглар унинг ушбу жиҳатини очиб бера олмайди, аксинча, унга футур етказиб қўяди. Фараз қилайлик, агар ҳар бир халққа Қуръонни ўз оҳангига солишга рухсат берилса, нима бўлади? Агар форс форсча, турк туркча, хитой хитойча, ҳинд ҳиндча, инглиз инглизча оҳангда ўқийдиган бўлса, Қуръоннинг калималари, назми, услубидан асар ҳам қолмайди. Буни англаш учун катта ақл ёки чуқур илм керак эмас, озгина фаросат бўлса, бас.
Барча мусулмонлар Қуръони Каримни араб тилида, араб оҳангида тиловат қиладилар. Бу пурҳикмат тамойил айни вақтда мусулмонларнинг бирлик, тенглик рамзи ҳамдир. Шу билан бирга, бу ҳол Қуръони Каримнинг мўъжизалигини яна бир бор намоён этади. Бугун халқаро Қуръон мусобақаларини кузатар экансиз, ушбу ҳолни кўриб, қувонч ва ҳайрат оғушида қоласиз. Хилма хил тилда сўзлашадиган турли халқларнинг вакиллари Қуръони Каримни деярли бир хил ўқийдилар. Ҳатто айрим ажам қорилар Қуръонни араблардан ҳам юқори савияда тиловат қилади. Баъзи қориларнинг араб тилини билмай туриб шу даражага етишининг ўзи Қуръоннинг инсонлар қалбидан нақадар чуқур ўрин эгаллаганини, ўзига ром этганини кўрсатади. Буларнинг барчаси сизу биз мусулмонларнинг фахру ифтихоримизга сабабдир.
Баъзи халқлардаги айрим оҳанглар араб оҳангига яқин бўлиши, шу сабабли Қуръони Каримга муносиб келиши мумкин, шунингдек, ўша халқ вакиллари ўз оҳангини унга мослаши ҳам мумкин. Айрим қориларимизнинг қироатлари бунга мисол бўла олади. Аммо барибир, мезон ўша араб оҳанги бўлиб қолаверади. Бу борада «Биз бировга, фалончиларга умуман тақлид қилмаймиз», дейиш жоҳилликдан бошқа нарса эмас, чунки агар бу фикр ривожлантирилса, Қуръонни бошқа тилда тиловат қилишгача ҳам бориб етиш мумкин. Бу эса унинг мўъжизалигини йўққа чиқаради, бинобарин, бу ишнинг жоиз эмаслигида шубҳа йўқ. Мусулмон одам бундай фикрлашдан сақланмоғи лозим.
Кейинчалик араб оҳангларини ўзлаштиришни осонлаштириш мақсадида мутахассислар уларни фарқлаб, номлаб ҳам чиқишган. Бу тасниф «мақомот» деб аталади. Бу мақомотларнинг айрим кўринишлари бизнинг маҳаллий оҳангларимизда ҳам учраса-да, барибир, тўлиқ мос тушмайди. Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, бу мавзуга чуқур берилсак, асосий мақсад ва моҳиятдан узоқлашиб кетиш мумкин. Шунинг учун айрим олимлар мақомларни чуқур ўрганишдан қайтаради ҳам. Аммо бу қайтариқ араблар учун маъно касб этса-да, бошқалар учун кўпинча ўринсиздир, чунки бу ҳар бир халқнинг Қуръонни ўз оҳангига солишга уриниб, бузиб юборишига олиб бориши мумкин. Шу боис, мақомот илмидан керагича фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлаймиз.
Мақомот илми кейинги пайтларда анча ривожланди. Бизда ҳам кўп қорилар ўзлари сезган ва сезмаган ҳолда ўша мақомларда ўқишади, бу услублардан жуда яхши фойдаланишади. Одатда улардаги бу кўникма тинглаш орқали ҳосил бўлади. Аммо илмий равишда ўрганиб олинса, мақомот ёрдамида яна ҳам яхши натижаларга эришиш мумкин. Мисол учун, қори хатмда мақомларни ўз ўрнида алмаштириб турса, мазмунга кўра мақом танласа, тингловчининг ҳоли ҳам янгиланиб туриши, хотири шод бўлиши табиий.
Ўрни келганда яна бир нарса ҳақида ҳам тўхталсак. Айрим кишиларда: «Бизда араб оҳангида ўқийдиган қорилар яқинда пайдо бўлди», деган фикр бор. Бу фикр бир неча жиҳатдан хатодир. Авваллари ҳам қироат устозлари Қуръонни араб оҳангида ўқиганлари шубҳасиз. Бунга яқин ўтмишимиздан ҳам мисол келтириш мумкин.
Ўтган асрда юртимизда яшаб, динимизга хизмат қилиб ўтган бир қатор Қуръон устозларини эсга оладиган бўлсак, уларнинг санадлари икки-учта табақадан кейин дунёга машҳур қорилар – Муҳаммад Сиддиқ Миншавий, Абдулбосит Абдуссомад, Халил Хусарий каби устозларнинг санадлари билан бирлашиб кетади. Андижонлик Рўзи қори домла, Довуд Ҳазрат, Шаҳобиддин қори ака, Марғилонлик Муҳаммад Амин домла каби ёзма ижозага эга бўлган, бир неча қироатларни эгаллаган устозларнинг санади Абдуллоҳ Маккий ва бошқа қорилар орқали бутун дунё қорилари силсиласининг бир ярим-икки аср олдинги халқасига туташади. Демак, асос − негиз бир, фақат кейинги табақаларда кишиларнинг қироат илмини ўзлаштиришида тафовут пайдо бўлган бўлиши мумкин.
Рўзи қори домла таҳсилни битириб, Андижонга келганида Муҳаммад Алибой қурдирган «Жомеъ» мадрасасига келади ва талабаларнинг қироатларини эшитиб, уларни қаттиқ койийди. Ҳатто у кишининг танқидларини эшитиб турган шогирдлардан бири Нишон қори мадрасадагилар энди устозни ҳайдаб юборишса керак, деган гумонга боради. Тонгда туришса, аҳвол тамоман ўзгача: мадрасанинг мударрису талабалари мусҳаф қўлтиқлаганча Рўзи қори домладан Қуръонни ўтказиб олиш илинжида туришибди. Қуръонга бўлган мана шу ихлос устознинг ушбу жойда кўп йиллар таълим беришига сабаб бўлган экан.
Ҳаканликларнинг (Андижон мавзеларидан бири) ҳикоя қилишларича, Довудхон тўра хазратлари Маккаи Мукаррамадан ижоза олиб қайтганида у кишининг бошқачароқ қироат қилаётгани ҳақида хабар тарқалади (афтидан, у киши бизда урф бўлган қироатдан бошқа қироатларда ўқиган бўлсалар керак, чунки етти қироатдан ижоза олган зот бўлганлар). Буни эшитган айрим кишилар Намангандан йўлга тушиб, Ҳаканга келишади. Манзилни топиб келиб, қарашса, домланинг шогирдларидан бири отларни парвариш қилиб, Қуръон такрорлаб юрибди экан. Унинг қироатига бироз қулоқ тутишса, ғоятда ажойиб, юксак савияда. Ҳушёр меҳмонлар: «Отбоқарининг қироати шу бўлса, овора бўлиб, ўзига учрамай қўя қолайлик», деб остонадан қайтиб кетишган экан.
Шаҳобиддин қори аканинг устози ўша пайтда Андижонда истиқомат қилган бир араб олими бўлган. Ёш толиб устозидан олган таълими бўйича у ер-бу ерда тиловат қилса, айрим кишилар уни танқид қилишар экан. Бундан хафа бўлиб, устозига шикоят қилса, устоз: «Бунақа гапларга парво қилма. Ҳали кўрасан, ҳаммаси Қуръон ўргатинг, деб олдингга келади», дер экан. Устознинг қалб кўзи билан кўриб айтган бу гаплари ҳаётда ўз тасдиғини топди. Юртимиздаги кўплаб қориларнинг устози, Ўрта Осиё Қуръон мактабларидан бирининг асосчиси бўлган Муҳаммад Мубин қоридада айнан Шаҳобиддин қори аканинг шогирдларидан бири ҳисобланади.
Марғилонлик Муҳаммад Амин домла ҳажга бориб, Ҳарамдаги устозлардан еттита қироат бўйича ижоза олиб юртига қайтади. Афсуски, ўлкада қатағон йиллари ҳукм сураётган, илмли, зиёли кишилар аёвсиз қувғин қилиниб, қириб юборилаётган пайт эди. Шу боис, у киши Ватанда бир ҳафтача туриб, сўнг Қашқарга йўл олади ва ўша ерда Қуръондан таълим беради. У кишининг мактабларида таълим олган устозлардан бири яқиндагина оламдан ўтган Ҳусайн қоридада (раҳимаҳуллоҳ) бўладилар.
Кекса қори оталардан яна бири Андижонлик Файзуллоҳ қоридада шундай дер эдилар: «Биз устозимиз Юнус қори акадан олган таълимимиз бўйича у ер-бу ерларда тиловат қилсак, айрим чаламулла одамлар қироатимизни танқид қилишар эди. Вақфда сукун билан тўхтасак, «Қани замма?», «Фатҳа қани?» деб уришишар эди. Қашқарга кетиб, қайтиб келсак, унақа одамлар қолмабди. Ҳамма бизга ўхшаб ўқийдиган бўлиб кетган экан».
Мана сизга яқин ўтмишмиздан жонли намуналар. Бу каби мисолларни яна келтириш мумкин. Улардан керакли хулосани олишни ўқувчининг ўзига ҳавола этиб, яна мавзуни ўрганишда давом этамиз.
Энг аввало биз Қуръонни нега оҳангга солиб ўқиётганимизни англаб олишимиз лозим. Қуръонни оҳангга солиш қандайдир енгил-елпи мақсадларда бўлмаслиги керак. Балки бош ва асосий мақсад Қуръони Карим маъноларини, ибораларидаги назмий мўъжизакорликни қалбларга етказиш, улашиш бўлиши даркор. Ҳа, Қуръонни оҳангга солишдан мақсад чиройли куй чиқариш, мусиқашуносларни лол қолдириш эмас, балки унинг маъносини уқтириш бўлиши керак. Айни пайтда, тиловатнинг оҳанги оятларнинг мазмунига ҳамоҳанг бўлиши мақсадга мувофиқдир.
Юқорида айтиб ўтилганидек, қориларимиз орасида илм талабидагилари ҳам талайгина. Шу билан бирга, бугунги кунда Қуръони Каримнинг ўзбек тилидаги тафсирлари ҳам сероб. Қуръони Каримни бевосита тушуна олмаган қорилар лоақал ушбу тафсирлар орқали бўлса-да, оятларнинг умумий мазмунини ўзлаштириб олишлари керак. Ана шунда кўзланган мақсадга эришилади. Қуръонни тушуниб ўқиётган киши билан тушунмай ўқиётган киши орасида жуда катта фарқ бўлади. Тушуниб, англаб, тафаккур қилиб ўқиётган қори беихтиёр оятларнинг мазмунига кўра оҳанг танлайди. Башоратли оятлар кўтаринки руҳда, таҳдид мазмунидаги оятлар ҳазин овозда ўқилса, қироат керакли ўринда сокинроқ, керакли ўринда жўшқинроқ бўлса, қорининг ўзи ҳам роҳат олади, тингловчига ҳам ҳузур бахш этади. Аксинча бўлса, Қуръонни тушуниб, тинглаб турган кишига ҳар қандай чиройли оҳанг беўхшов бўлиб тураверади.
Юқорида ҳар бир суранинг назми, тузилиши ўзига хослигини айтдик. Қори оҳанг танлашда сураларнинг мана шу хоссаларини ҳам эътиборда тутса, қироат янада мукаммал, гўзал бўлади. Маҳоратли араб қорилар Қуръон тили ўзлариники бўлиб, оятлар мазмунини тушуниб турганлари ва араб оҳанги ҳам ўзлариники бўлгани учун мазкур талабни кўп ҳам қийналмай, табиий равишда бажариб бораверадилар. Аммо ўқиётган оятларининг мазмунини тушунмай тақлид қиладиган муқаллидларимиз уларнинг бир сурадаги оҳангини олиб, ўшани бошқа жойларда ҳам бир хил тусда қўллайверадилар. Натижа гўзал бўлмаслиги эса аниқ. Билган кишиларга бу нуқсон яққол кўриниб қолади.
Хатми Қуръонда талаб қилинадиган ва унга муносиб бўлган яна бир ҳолат − бу  жўшқинроқ, дадилроқ қироатдир. Айрим қориларимизда гоҳо шу нарса етишмай қолади. Тажвид билан, дона-дона ўқийдилар-у, қироатда равнақ, шижоат бўлмайди. Баъзан қироатда давомий бир хиллик ҳукм суриб қолади. Булар ҳам мутахассислик жиҳатидан олиб қаралганда, камчилик саналади. Уларни бартараф этиш учун эса алоҳида маҳорат ва меҳнат талаб қилади.
Ўрни келганда шуни ҳам таъкидлаш лозимки, Қуръонни араб оҳангида ўқиш дегани ҳар қандай арабга ўхшаб ўқийвериш дегани эмас. Бугунги кунда айрим араб қориларида Қуръонга номуносиб оҳанг ва нағмалар ҳам қулоққа чалиниб қолмоқда. Аслида бундай ҳолатлар қадимдан бўлиб келган бўлса-да, авваллари бугунгидек оммага ёйилмаган, чунки у пайтларда ҳозиргидек воситалар бўлмаган, маълум бир тўсқинликлар ҳам бўлган. Қироат илми уламолари бундай номақбул оҳанг ва нағмаларни қадимдан танқид қилиб келишган. Хусусан, имом Муҳаммад ибн Жазарий (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг бу борада айтган гаплари ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Бу каби илмий танқидлар бугун ҳам қироат устозлари томонидан айтилмоқда, илмий мақола ва чиқишларда муҳокама қилинмоқда, қорилар тартибга чақирилмоқда.
Шу билан бирга, араб оҳангида ўқиш дегани қайсидир бир араб қорига айнан тақлид қилиб ўқиш дегани ҳам эмас. Балки бу умумий араб тилига, араб мусиқий табиатига хос бўлган оҳанг йўсинларига риоя қилиш деганидир. Зотан, бировга айнан тақлид қилиш ҳар қайси соҳада ҳам маъқул кўрилавермайди.

6. Айни тақлид хатодир. Қори қироат қилишда бирор қорига айнан тақлид қилмаслиги керак. Тўғри, тақлид қилишга кўпчилик муҳтож бўлади, айниқса ёш, янги қориларнинг ўз усули бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун ҳам жаҳон мусобақаларида 14-15 ёшгача бўлган қориларнинг муқаллидликлари тақдирланса, ундан катта ёшдагиларники танқид қилинади. Аслида тақлид қилиш ҳам катта маҳорат талаб қилади, чинакам тақлид анча-мунча одамнинг қўлидан келавермайди. Шундай бўлса ҳам, ҳар бир қори ўзига хос услубга эга бўлиши лозим. Усулда, оҳангда қайсидир қоридан йўсин олиш мумкин, ҳатто зарурдир, аммо бировнинг овози ва услубига айнан тақлид қилиш ҳеч қачон мақталмайди, чунки тақлид қилинаётган қори ўзига хос услуби билан умматга бир янгилик тақдим қилди. Энди уни айнан такрорлаш, нусхасини тортиқ қилиш − маънисиз иш. Тингловчи кўчирма нусхани қабул қилишдан кўра аслини эшитишни маъқул кўради. Шу боис, бирор қорига усул ё бошқа жиҳатда эргашилганда ҳам, ҳар бир қори ўзига хос қироатнинг соҳиби бўлиши лозим.
Тақлид қилишга эҳтиёж бўлганда ҳар ким ўзининг овоз имкониятини, ёшини эътиборда тутиши ва ўзига хос бир қироат услубини шакллантиришга интилиши лозим. Маълум бир оҳанг ё нағманинг айни ўзини такрорламай, уни ўзига сингдириб, ичдан чиқариши даркор.

Мавзуга доир икки масала хусусида айрим мулоҳазалар

Таровеҳ ва ундаги хатмларга оид бўлган, вақти-вақти билан кўтарилиб турадиган айрим масалалар хусусида бир неча оғиз сўз юритсак.
1. Тарвиҳа масаласи. Бу сўз «дам бериш» маъносини англатади. Унинг кўплик шакли «таровеҳ» бўлади. Ҳар икки саломдан, яъни ҳар тўрт ракъатдан кейин  бироз тин олиб, дам олиш, нафас ростлаш таровеҳ намозига хос одатлардан бири бўлиб, салафлардан мерос бўлиб келган. Таровеҳ намозининг номи ҳам ана шу одатнинг номидан олинган. Таровеҳнинг ҳар тўрт ракъати бир тарвиҳа ҳисобланади. Кейинчалик ушбу дам олиш пайтида тасбеҳ айтиш йўлга қўйилгани учун бизда буни «бир тасбеҳ» деб юритиш одат бўлиб қолган.
Даставвал таровеҳ намозларда қиём жуда узоқ қилинган. Мисол учун, саҳобаи киромлар даврларида ҳар ракъатга икки юз оят ўқилган экан. Ракъат охирига бориб одамлар намозда таёққа суниб қолишар экан. Шунинг учун ҳар икки саломда бир муддат хордиқ чиқариб, танага бироз дам берилган, қорилар ҳам, жамоат ҳам ўзларини ростлаб олишган экан.

Ҳанафий мазҳабининг энг мўътабар асарларидан бири «Ал Муҳитул Бурҳаний»да шундай дейилади:
«Ҳар гал бир тарвиҳа ўқилгач, икки тарвиҳа ўртасида бир тарвиҳа миқдорида кутиб турилади. Имом Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг наздида ҳар тарвиҳада бир тарвиҳа миқдорида кутиш мустаҳабдир. Икки Ҳарам аҳли ҳам шунга амал қилиб келади. Фақат  Макка аҳли икки тарвиҳа ўртасида етти марта тавоф қилади, Мадина аҳли эса бунинг ўрнига (мустақил равишда) тўрт ракъат ўқийди. Ҳар бир юрт аҳлининг ихтиёри ўзида бўлиб, (тарвиҳа пайтида) тасбеҳ ё таҳлил ёки такбир айтиши ёхуд жим кутиб ўтириш мумкин».
Имом Косоний «Бадоеъ»да шундай дейди:
«(Мустаҳаблардан) яна бири – имом ҳар гал бир тарвиҳа ўқиганда икки тарвиҳа ўртасида бир тарвиҳа микдорича ўтириб, тасбеҳ, таҳлил, такбир айтади, Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га саловат айтади ва дуо қилади».
Худди шу маънодаги матнларни «Ал-Мабсут», «Мухтарун навазил», «Фатават татархонийя» ва бошқа фиқҳий китобларимизда ҳам кўриш мумкин. Уларда айтилган фикрлардан хулоса қилсак, ҳар тарвиҳада бир муддат тин олиш, озгина дам олиш мустаҳаб амалдир. Хусусан, витрдан олдинги тарвиҳада ҳам. Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ_ ва бошқа фуқаҳолар таровеҳ намозининг исми жисмига монанд бўлиши учун, берилган ушбу ном воқеликда акс этиши учун, салафлардан келаётган анъана бўлгани учун бу ишни мустаҳаб санаганларини таъкидлаганлар. Тин олишнинг муддати қанча бўлиши, унда нималар ўқилиши ҳар бир юрт аҳлининг, ҳар бир жамоатнинг ўз ихтиёрида. Ўқиш учун ҳар қандай зикрни танлаш мумкин. Тасбеҳми, таҳлилми, истиғформи, фарқи йўқ. Муҳими, жамоатга муносиб бўлиши, салафларнинг тутумларига зид бўлмаслиги керак. Айрим ҳанафий мазҳаби фуқаҳолари бу ўринда тиловат қилиш, баъзилари ёлғиз ҳолда намоз ўқиш тавсия қилинмайди, дейдилар. Бу ҳам, албатта, ўз ўрнида керакли ва биздаги шароитга муносиб гап. Шунингдек, баъзи уламоларимиз тасбеҳни бир киши ўқиб, қолганлар тингласа, мақсадга мувофиқ дейишган.
Бизнинг юртларда ҳамма жойда тасбеҳ айтиш йўлга қўйилган. Айтилганда ҳам асосан тасбеҳларнинг ичида энг улуғи, шу ойга муносиби, тааллуқлиси, суннатга асослангани айтилади. Буни жорий қилган улуғларимизни Аллоҳ раҳматига олсин!
Изланишлар натижасида шу нарса маълум бўлдики, бу тасбеҳни таровеҳда ўқиш жуда қадимдан, буюк мужтаҳид уламолар замонидан йўлга қўйилган бўлиб, ҳадиси шарифлардан олинган экан.
Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ «Роддул мухтор»да, таровеҳ бобида шундай дейди:
«Қуҳустоний айтади: «... ва уч бора «Субҳаана зил мулки вал малакуут, субҳаана зил ъиззати вал ъазомати вал қудроти вал кибрийаа’и вал жабаруут. Субҳаанал маликил ҳаййиллазии лаа йамуут. Суббууҳун қуддуусур роббул малаа’икати вар рууҳ. Лаа илааҳа иллааллоҳу настағфирулооҳ. Нас’алукал жанната ва наъуузу бика минан наар», дейди. «Манҳажул ибад»да шундай».
Имом Қуҳустоний ҳанафий фақиҳларининг энг улуғларидан бўлиб, машҳур «Жомиъур румуз» китобининг мусаннифидир. Бу зот ўз даврида Бухоронинг муфтийси бўлган, 953/1546 санада вафот этган. Демак, мазкур тасбеҳ ўша даврларда ҳам йўлга қўйилган бўлган, шу билан бирга, фақат бизда эмас, бошқа юртларда, жумладан, Шом ўлкаларида ҳам жорий қилинган. Дамашқлик олим Ибн Обидиннинг мазкур иқтибосида бунга ишора бор.
Тасбеҳнинг суннатдаги асосларига келсак, ҳадисларда айтилишича, унинг калималари фаришталарнинг тасбеҳлари экан:
Ибн Жарир Табарий ўз тафсирида, Абу Нуъайм «Ал Ҳилйа»да Саъид ибн Жубайрдан ривоят қиладилар:
«Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан фаришталарнинг намозлари ҳақида сўрабди. У Зот ҳеч қандай жавоб қайтармабдилар. Шунда Жаброил келиб, шундай дебди: «Дунё осмони аҳли: «Субҳаана зил мулки вал малакут» дея қиёматгача саждададир. Иккинчи осмон аҳли: «Субҳаана зил ъиззати вал жабаруут» дея қиёматгача рукуъдадир. Учинчи осмон фаришталари эса: «Субҳаанал ҳаййиллазии лаа йамуут» дея қиёматгача қиёмдадир».
Ибн Жарир Табарий (раҳматуллоҳи алайҳ) ва Ибн Абу Ҳотимлар ўз тафсирларида Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан қиёмат кунида фаришталар айтадиган тасбеҳни ҳам нақл қилишган. Унда жумладан қуйидаги калималар ҳам бор:
«Субҳаана зил ъиззати вал жабаруут. Субҳаана зил мулки вал малакут. Субҳаанал ҳаййиллазии лаа йамуут. Субҳааналлазии йумиитул холаа’иқо валла йамуут. Суббууҳун қуддуусур роббул малаа’икати вар рууҳ».
«Тафсири Бағавий»да Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинган ҳадисда Аршни кўтариб турувчи фаришталарнинг қуйидаги тасбеҳни айтиб туришлари айтилган:
«Субҳаана зил ъиззати вал жабаруут. Субҳаана зил мулки вал малакут. Субҳаанал ҳаййиллазии лаа йамуут. Суббууҳун қуддуусур роббул малаа’икати вар рууҳ».
Бу тасбеҳниннг Рамазонга алоқадорилиги хусусида Имом Аҳмаднинг Ҳузайфа (розияллоҳу анҳу)дан қилган қуйидаги ривоятини келтириш мумкин:
«Рамазон кечаларидан бирида Набий (солллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳузурларига бордим. У Зот намоз ўқишга турдилар. Такбир айтгач: «Аллооҳу акбару, Зул-малакуути вал-жабаруути вал-кибрийааи вал-ъазомати», дедилар...»

Хулоса қилиб айтганда, ушбу тасбеҳнинг Аллоҳни поклаб ёд этиш мазмунидаги калималари фаришталарнинг тасбеҳларидан олинган экан. Қолган қисми эса калимаи тоййиба, истиғфор ва дуони ўз ичига олган. Ҳадиси шарифларда уларнинг турли кўринишлари маълум ва машҳурдир. Шу билан бирга, мазкур зикр ва дуолар энг муҳим маъно, сўров ва олий мақсадни ўзида ифода этганки, Рамазон кечалари, хатми Қуръон асносида мазкур зикрларни айтиш ва дуоларни сўрашнинг айни мавридидир.
Шу ўринда фурсатни ғанимат билиб, бир кичикроқ, аммо кўпчиликнинг эътиборида бўлган, баъзан турли эътироз ва мунозараларга сабаб бўладиган мавзу хусусида ҳам тўхталсак. Кўпчиликдан эшитишимизча, айрим масжидларимизда тасбеҳ айтишга интиладиган кишилар ҳам бор бўлиб, аслида улар бунга ҳақли эмас эканлар. Ўша жойда тасбеҳни улардан кўра яхшироқ, барчага манзур қилиб айтадиган қорилар, билимли кишилар бўла туриб, ўша ишқибозлар тасбеҳни илиб кетишар, жамоат эса чиройли тасбеҳ тинглаб, ҳузурланиш орзусида қолиб кетаверар экан. Уларнинг муҳаббатлари, қалблари Аллоҳга маълум. Аммо билишлари лозим бўлган ҳақиқат шуки, таровеҳда тасбеҳ айтишдан ва эшитишдан мақсад айрим кишиларда намозда узоқ тик турилгандан ҳосил бўлган толиқишни, чарчашни ёзишдир, яъни тарвиҳадан кўзланган мақсадни рўёбга чиқариш. Бинобарин, бундай пайтда энг хушовоз, маҳоратли кишиларга йўл бериш, уларнинг нафасларидан кўпчиликнинг баҳраманд бўлишини таъминлаш лозим. Ўзининг ички хоҳишини қондиришни бошқаларнинг ҳузур-ҳаловатларидан устун қўйиш одобдан эмас, албатта. Хатми Қуръонга мутасадди бўлган кишилар ҳам бунга эътибор бериб борсалар, мақсадга мувофиқ бўлади.
Таровеҳларда тасбеҳларни ўқиб, эшитар эканмиз, уларнинг матни ва маъноларини яхшироқ билиб олсак, фойдадан холи бўлмайди. Бунга кўпчиликнинг қизиқишини инобатга олиб, юқорида ўтган таровеҳ тасбеҳининг матни ва маъносини эътиборингизга ҳавола қилсак:

«سُبْحَانَ ذِي الْمُلْكِ وَالْمَلَكُوتِ، سُبْحَانَ ذِي الْعِزَّةِ وَالْعَظَمَةِ وَالْقُدْرَةِ وَالْكِبْرِيَاءِ وَالْجَبَرُوتِ، سُبْحَانَ الْمَلِكِ الْحَيِّ الَّذِي لَا يَمُوتُ، سُبُّوحٌ قُدُّوسٌ رَبُّ الْمَلَائِكَةِ وَالرُّوحِ، لَا إلَهَ إلَّا اللَّهُ نَسْتَغْفِرُ اللَّهَ، نَسْأَلُك الْجَنَّةَ وَنَعُوذُ بِك مِنْ النَّارِ»
Маъноси: «Мулк ва малакут Эгасини поклаб ёд этаман! Иззат, буюклик, қудрат, улуғворлик ва ҳукмронлик Эгасини поклаб ёд этаман! Ҳаргиз ўлмайдиган Ҳаййни, Маликни поклаб ёд этаман! У Зот Суббуҳдир, Қуддусдир, фаришталарнинг ва Руҳнинг Роббидир. Аллоҳдан Ўзга илоҳ йўқ! Аллоҳдан мағфират сўраймиз. Сендан жаннатни сўраймиз ва дўзахдан Ўзингдан паноҳ тилаймиз».
«Ҳайй» сўзи барҳаёт деган маънони англатади. Ҳа, Аллоҳ таоло барҳаётдир, шунинг учун ҳам У Зот барча махлуқотга ҳаёт бахш эта олади. У Зот азалдан барҳаёт ва абадул-абад барҳаётдир.
Малик – мутлақ подшоҳ.
Мулк – подшоҳлик, ҳукмронлик.
Малакут – мутлақ тасарруф, мутлақ подшоҳлик. Тасаввуф уламолари истилоҳига кўра, «мулк» – шаҳодат олами, яъни зоҳирий, ҳиссий олам бўлса, «малакут» – ғайб олами, яъни ҳис қилиш аъзолари билан билиб бўлмайдиган олам.
«Суббуҳ» – Аллоҳ таолонинг исм сифатларидан бири, ҳар қандай нуқсондан пок маъносида.
«Қуддус» – айблардан пок, муборак Зот.
«Руҳ» – Жаброил (алайҳиссалом). Аллоҳ таоло Қуръонда бу зотни шундай номланган.
Юқорида ўтган мавзуга доир маълумотларга кўра, тасбеҳнинг бошқа турларини ҳам ўқиб турган маъқул, чунки инсонда бир хил нарсадан зерикиш табиати бор. Шу боис, ора орада бошқа зикр, салавот ва тасбеҳларни ҳам ўқиб туриш мақсадга мувофиқ. Ана шундай тасбеҳлардан иккитасини келтириб ўтсак.

«سُبْحَانَ الحَنَّانِ المَنَّانِ، سُبْحَانَ المَلِكِ الدَّيَّانِ، الـمَعْرُوفُ بِالْإِحْسَانِ والـمَعْرُوفُ بالْغُفْرَانِ مَرْحَبا، مَرْحَبا (الْوَدَاعُ، الْوَدَاعُ)، يَا شَهْرَ رَمَضَانِ، مَرْحَبا، مَرْحَبا (الْوَدَاعُ، الْوَدَاعُ)، يَا شَهْرَ التَّرَاوِيحِ والتسابِيحِ وَخَتْمِ القُرْآنِ. هَذَا شَهرٌ أَوَّلُهُ رَحْمَةٌ وَأَوْسَطُهُ مَغْفِرَةٌ وَآخِرُهُ عِتْقٌ مِنْ النَّارِ. لَا إلَهَ إلَّا اللَّهُ نَسْتَغْفِرُ اللَّهَ، نَسْأَلُك الْجَنَّةَ وَنَعُوذُ بِك مِنْ النَّارِ»
Маъноси: «Ҳаннон, Маннон бўлмиш Зотни поклаб ёд этаман! Малик, Дайён Зотни поклаб ёд этаман! У Зот эҳсони билан танилган, мағфирати билан танилгандир. Марҳабо, марҳабо (Алвидо,  алвидо), эй Рамазон ойи! Марҳабо, марҳабо (Алвидо,  алвидо), эй таровеҳ, тасбеҳ ва хатми Қуръон ойи! Бу ойнинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлишдир. Аллоҳдан Ўзга илоҳ йўқ! Аллоҳдан мағфират сўраймиз. Сендан жаннатни сўраймиз ва дўзахдан Ўзингдан паноҳ тилаймиз».
Ҳаннон – ўта шафқатли, юз ўгирганни ҳам қабул қиладиган Зот.
Маннон – мўл кўл неъмат берувчи, сўрамаса ҳам тортиқ қиладиган, миннат қилса ҳақли Зот.
Малик – подшоҳ, мулкдор.
Дайён – ҳеч кимни қўймай жазо мукофотини тўлиқ берувчи Зот. Ҳар бир амал қилувчининг амалини ҳисоб қилиб, муносиб жавоб бергувчи Зот.
Бу тасбеҳнинг асосини, манбасини била олмадик. Аммо маънолари ҳар тарафлама гўзал бўлиб, асарларда бор зикрлардан олинган. Ҳадисдан иқтибос қилинган жойлари ҳам маълум. Умуман олганда, бу масалада йўл кенг, торлик қилишга ҳожат йўқ.

سُبْحَانَ الرَّحِيمِ الرَّحمَانِ، سُبْحَانَ خَالِقِ الإِنْسَانِ عَلَّمَهُ الْبَيَانَ وَالْقُرْآنَ. الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِى وَعَدَ للصَّائِمِينَ الدُّخُلَ بالرَّيَّانِ وَالْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِى كَتَبَ عَلَيْنَا صِيَامَ شَهْرِ رَمَضَانِ، شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنْزِلَ فِيهِ الْقُرْآنُ، هُدًى لِلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِنْ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ. هَذَا شَهرٌ أَوَّلُهُ رَحْمَةٌ وَأَوْسَطُهُ مَغْفِرَةٌ وَآخِرُهُ عِتْقٌ مِنْ النَّارِ. لَا إلَهَ إلَّا اللَّهُ نَسْتَغْفِرُ اللَّهَ، نَسْأَلُك الْجَنَّةَ وَنَعُوذُ بِك مِنْ النَّارِ»
Маъноси: «Раҳиму Раҳмонни поклаб ёд этаман! Инсонни яратган Зотни поклаб ёд этаман! Унга баённи (сўзлашни) ва Қуръонни ўргатди. Рўзадорларга Райёндан киришни ваъда қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин! Бизларга Рамазон рўзасини фарз этган Аллоҳга ҳамд бўлсин! «Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб Қуръон туширилгандир». Бу ойнинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлишдир. Аллоҳдан Ўзга илоҳ йўқ! Аллоҳдан мағфират сўраймиз. Сендан жаннатни сўраймиз ва дўзахдан Ўзингдан паноҳ тилаймиз».
Бу тасбеҳ ҳақида ҳам аввалги тасбеҳ ҳақида айтилган фикрларни билдириш мумкин. Фақат буни Рамазон руҳи ҳукми остида ўзимиз ёзганимизни айтиб қўйишим лозим.

2. Табарруклар масаласи. Юртимизда кўп жойларда хатми Қуръоннинг баракасидан умид қилиб, Қуръон тиловатига нозил бўладиган раҳмату файздан насибадор бўлиш мақсадида хатми Қуръон бўлаётган жойга сув, чой, тузларни олиб келиб қўйиш одати бор. Кўпчилик юртдошларнинг шу ҳақдаги саволларига умумий жавоб бўлсин, деган мақсадда ушбу масала хусусида ҳам тўхталсак.
Хатми Қуръонда сув ё чой, туз каби айрим егуликларни келтириб қўйиш ҳақида махсус шаръий кўрсатма йўқ. Фақат айрим аҳли илмларимиз, муҳаббатли кишиларимиз бу борадаги умумий тушунчалардан хулоса қилиб шуни одат қилишган. Буни шаръий буйруққа айлантирмаган ҳолда қилишга монелик йўқ, иншааллоҳ. Ҳар ким ўзининг ихлос муҳаббатига яраша барака ва ажру савоб олаверади. Бу ҳам шариатимизда кенгроқ ташлаб қўйилган мавзулардан биридир.
Бу мавзуни очишимизга сабаб бўлган иккита ҳолат бор. Биринчиси, ушбу егуликлар солинган идишлар масаласи. Кўпинча намозхонларимиз бепарволикданми ёки билмаганлариданми, турли жонли нарсаларнинг суратлари бор идишларни олиб келишади ва қибла томонга қўйиб қўйишади. Бу эса макруҳ иш бўлиб, намозга футур етказади. Шунинг учун бундай идишларни олиб келмаслик, шунингдек, ўта нақшинкор, гули кўп, ёзувли идиш бўлса, уларни бирорта суратсиз, одмироқ идишга солиб қўйиш лозим бўлади. Буни ҳам жойларда кўпчиликка безовталик келтираётган масала бўлгани учун айтиб ўтдик.
Иккинчи масала – ўша келтирилган сув ва чой, тузларнинг устини очиб қўйиш керакми ёки ёпиқ турса ҳам, бўлаверадими? деган савол. Эшитишимизча, айрим намозхонлар ўртасида мана шу хусусда ҳам турли тушунмовчиликлар ва тортишувлар бўлаётгани ҳақида бизга саволлар келаётгани учун жавоб қидиришга ҳаракат қиламиз.
Ушбу саволга айнан бирор шаръий китобдан етарли жавоб топиш қийин. Шу боис  мавзуга тааллуқли умумий маълумотлардан хулоса чиқаришга ҳаракат қиламиз.
Сувга шифо умидида Қуръон ўқиш ўтган салафи солиҳлар давридан бўлиб келган. Имом Бухорий ва бошқа муҳаддисларимиз ривоят қилган машҳур саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг Қуръон ўқиб, кафтларга дам уриб, қўллари билан бутун баданларини силашлари ривоят қилинади. Бундан Қуръон ўқилгандаги нафасдан барака ва фойда борлиги тушунилади. Шу асосда бир қатор уламоларимиз сувга Қуръон ўқиб, дам солишнинг манфаати борлигини айтганлар ва буни тажрибаларида ҳам кўрганлар. Жумладан, Ибн Қайюм (раҳматуллоҳи алайҳ) Маккаи Мукаррамада яшаган вақтларида бемор бўлиб, табиб ҳам, дори ҳам топа олмай, замзамдан бироз олиб, унга Қуръон ўқиганини, сўнг уни ичиб, яхши бўлиб кетганларини айтади. У киши буни бир неча марта қилганларини ва бошқа беморларга ҳам тавсия этганлари ҳамда уларнинг ҳам кўпчилиги шу билан тузалиб кетганини алоҳида таъкидлайди. Биз Қуръони Каримнинг баракоти, манфаати борлигига ишонамиз, уламоларимизнинг тажрибаларига суянамиз, бунга шубҳа қилмаймиз. Аммо ушбу ҳақиқатни замонавий илмлар ҳам исботлаб турганини айтиб ўтиш фойдадан холи бўлмаса керак.
Бугунги кунга келиб, сувнинг хусусиятини ўрганган олимлар мазкур тажрибани тасдиқлайдиган илмий хулосаларни эълон қилишмоқда. Сув ўлик эмас, тирик мавжудот экан. Қизиғи, у яхши гапдан ҳам, ёмон гапдан ҳам таъсирланар экан ва унинг олган таъсири истеъмолчига ҳам ўтар экан. Яхши гапларни тинглаган сувни ичсангиз, жисмингизга фойда бўлса, ёмон гапларни эшитган сув зарар бўлар экан. Бу ҳақда турли илмий амалий кўрсатувлар ҳам намойиш этилди.
Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, Аллоҳнинг каломидан ҳам яхшироқ калом бўлиши мумкинми? Сув Ўз яратувчисининг сўзидан таъсир олмай, нимадан таъсир олсин?! Аллоҳнинг каломи тиловат қилинган жойни раҳмат, сакина ўраб олиши ҳадислардан маълум. Оддий инсон сўзидан таъсирланган сув нима учун булардан таъсир олмасин?!
Энди бевосита саволга тўхталсак. Юқоридаги маълумотлардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, хатми Қуръонга табаррук учун егулик қўйишни икки ҳолатдан бирига қиёслаш мумкин:
1. Қуръони Карим тиловатининг нафасидан умидворлик, яъни юқорида айтилган сувга Қуръон ўқиш ҳолати. Бунда қорининг нафаси егуликка етиб туриши кўзда тутилади. Бунинг учун эса егуликнинг усти очиқ бўлиши керак.
2. Маънавий барака ва Қуръон садосининг таъсиридан умидворлик. Бунинг учун эса егуликнинг усти очиқ бўлиши шарт эмас, овоз ўтса, бас.
Агар ушбу мезон асосида қаралса, хатми Қуръонлардаги сув ва чой, тузларнинг устини очиш очмасликнинг аҳамият йўқ, чунки бунда егуликлар ҳеч қачон қорининг нафаси етадиган жойга қўйилмайди ва бунинг имкони ҳам йўқ. Шу боис, бу ерда иккинчи ҳолат мавжуд, холос. Шунга кўра иш кўриш мумкин. Мабодо кимдир идишнинг усти ёпиқ туришидан кўнгли тўлмай, очиб қўйгиси келса, бу ўзининг иши, монелик йўқ. Муҳими, ихтилофга бормаслик керак. Валлоҳу аълам.

Тингловчиларга мурожаат

Тингловчиларнинг аввалида хатми Қуръонин ташкиллаштирувчи мутасадди кишилар турадилар. Биз уларга тегишли бўлган айрим гапларни эслатиб ўтсак.
Масжиддами, мажлисдами Рамазон ойида хатми Қуръон қилдирмоқчи бўлган кишилар Қуръонга эҳтиром юзасидан айрим жиҳатларга эътибор берсалар, ниҳоятда гўзал иш бўлади, ажру савоб бўлади.
1. Хатмга ўтиб берадиган қорини таклиф қилишда ўзига яраша эъзоз изҳор этишни унутмаслик керак. Бу қори учун эмас, хатми Қуръон қилувчи учун фойдалидир, чунки бевосита Қуръонга эҳтиромдир. Бизга устозлар шундай таълим беришган. Улар ўзлари ўқитиб, қори қилиб, масжидларда хатмга ўтказиб, тасарруф этиб турган шогирдларни уйларига таклиф этиб, уйда хатм қилдирмоқчи бўлсалар, одатдаги бошқача, алоҳида эъзоз билан мурожаат қилардилар. Бу уларнинг Қуръони Каримга бўлган камоли эҳтиромларидан экани шундоққина билиниб турарди. Зотан, бошқа сабаб ҳам йўқ эди. Бу каби тасарруфлар қорига илҳом бериш билан бирга, хатми Қуръонларимизга шукуҳ, файз бахш этади. Хатми Қуръон асносида ҳам мана шу руҳ, шу тутум уствор бўлиши матлуб. Қорига муваффақиятли жиҳатларини айтиб, уни илҳомлантириб туриш ҳам ўз ўрнида яхши натижа беради.
Ўз навбатида қорилар ҳам Қуръоннинг қадрини, улуғворлигини сақлашда, аввало, ўз шахсларида намуна кўрсатишлари ва бу тутумни бошқаларга ҳам сингдира билишга одатлариншлари керак.
Бу сатрларни ушбу соҳа вакили бўлатуриб, тортинмай айтишимизга туртки бўлган омил ҳам фақат шу, яъни яхшилик улашиш, камчиликларни бартараф этиш ва мавзунинг тўкислигига эришиш орзуси, холос.
Бир кишининг ҳофизи Каломуллоҳ бўлиши, айниқса, мужаввид, гўзал қироат қиладиган қори бўлиши осон иш эмас, албатта. Бунинг учун, аввало, Аллоҳнинг бериши, қолаверса, ота-онанинг, устоз ва қорининг бир неча йиллик меҳнат машаққати зарур. Ҳеч ким ҳеч қачон ўз-ўзидан қори бўлиб қолмайди. Қори бўлганлар, қори тарбия қилганлар буни яхши биладилар. Қуръонга иймон-ихлоси бор ҳар бир мўмин банда бу хизмат ва меҳнатларнинг қадрини билади, эъзозини қилади ва шундай бўлиши ҳам лозим. Шунинг учун ҳадиси шарифда «Уч кишини улуғлаш Аллоҳни улуғлаш сарасига киради», дейилиб, бирида «Қуръон ҳомили бўлиб, унда ғулувга ҳам кетмаган, бепарво ҳам бўлмаган кишини улуғлаш», дейилган. Ҳа, асрлар оша кўксиларида Исломнинг асоси бўлмиш Қуръонни беминнат ташувчи сандиқ бўлиб келаётган бу улуғ силсила вакилларини дилдан ҳурмат қилиш, қадрини билиш иймонлиман деган ҳар бир кишининг бурчидир, вазифасидир. Ушбу бурчни гўзал адо эта билган кишилар бу муҳаббатларининг самарасини дунёю охиратда кўрадилар. Уларнинг ихлослари авлодларида ниш бериб, зурриётларидан аҳли Қуръонлар, аҳли илмлар чиқади, иншааллоҳ. Бу ҳаётда ўз тасқидини топиб келаётган ҳақиқатлардандир.
2. Хатми Қуръонда иштирок этишда мутасадди кишилар, хусусан, имом-домлалар бошқаларга намуна бўлишлари лозим. Имомнинг меҳробда туриши жамоатга куч-ғайрат беради, ўрнак бўлади. Акс ҳолда натижа ҳам аксинча бўлиши мумкин.
3. Агар хатм асносида суҳбат қилинадиган бўлса, Қуръон мавзусида, унинг фазилати, аҳамияти ҳақида бўлиши матлубдир. Шу билан бирга, ўқилажак суралар билан таништириш, улардаги умумий маъноларни айтиб бериш жуда улуғ ва гўзал иш бўлади. Бунинг хатмга берадиган файзи ўзгача бўлиши тажрибалардан маълум.
3. Айрим жойларда Қуръоннинг хатм қилиниш кунини Рамазоннинг маълум бир кунига белгилаб қўйиш одати бор. Масалан, бир шаҳар ёки вилоят бўйича барча масжидларда хатм бир кунда тамомланади. Бундай пайтларда қорилар ўзаро маслаҳатлашиб, кунлик ўқиладиган сураларни ҳам бир хил тақсимлашни йўлга қўйсалар, жуда гўзал иш бўлади. Қуръони Каримни тўлиқ эшитиш пайида бўлган кишилар бирор сабаб билан шаҳарнинг бошқа бир чеккасида бўлиб қолсалар ёки бошқа масжидлардаги қориларнинг қироатларини тинглашни истасалар, хоҳлаган масжидларига бориб, хатмни келган жойидан давом эттиришга муваффақ бўладилар.
4. Кўпинча мутасадди кишилар жамоатнинг риоясини қилиб ёки бошқа бирор сабаб билан қироатнинг тез бўлишини талаб қилаётганларига гувоҳ бўламиз. Албатта, ўз ўрнида бу ҳам керак бўлиши мумкин. Аммо одамларни мулоҳаза қилиш қироатни меъёрдан ортиқ тезлатишга, Қуръоннинг ҳақларига путур етказишга олиб бормаслиги керак. Зотан, Холиққа гуноҳкор бўлинадиган ўринда махлуққа итоат этилмайди. Жамоатнинг талаби бош устига, аммо Қуръонимиз ундан ҳам азиз ва юксак эканини унутмаслигимиз керак.
Устозларимиз айтадиларки, олимлар, қорилар илмсиз кишиларнинг талабларига қараб уларнинг савияларига тушиб олмасликлари керак. Балки омма халқни ўз савиялари томон, илмий мезонлар сари юксалтиришлари лозим.
Қолаверса, таровеҳ намозини ўқиш ва унинг асносида хатмда қоим туриш нафл ибодатдир. Чарчаганлар, беморлар, зарур иши борлар, малолланадиганлар ўзларининг имкониятлари, тоқатлари етганча қатнашиб, сўнг бемалол жўнаб кетишлари мумкин. Масжиднинг эшиги очиқ, ҳеч ким уларни мажбурлаб ушлаб турмайди. Аммо бир-иккита одамни деб бошқаларнинг ҳаловатини бузиш, муддаоларидан мосуво қилиш ҳеч қачон ўринли бўлмайди.
Айрим жойларда шунақа оқсоқоллар бор, ўзидан ва ўзига ўхшаган икки-уч кишидан хулоса чиқариб гап қилади, бошқаларни ҳисобга олмайди. Бу эса жамоатга нисбатан риоясизликдир, худбинликдир.
Мутасаддилар, имом-домлалар қорига тавсия бериш билан бирга, жамоатга ҳам бу ой Қуръон ойи эканини, ғанимат эканини, ҳар доим ҳам хатм қилиб беравермайдиган қоридан фойдаланиб қолиш лозимлигини уқтиришлари керак. Қуръони Каримдан зерикиш яхши эмаслигини, бундай зерикишга қалбдаги беморлик, гуноҳ маъсият сабаб бўлишини айтиш, бу иллатни кетказиш учун кўп-кўп истиғфор айтишни, гуноҳлардан узоқ бўлишни ва анан кўп тилоавт тинглашни тавсия қилиш лозим. Усмон (розияллоҳу анҳу): «Қалбларимиз мусаффо бўлсайди, Роббимизнинг каломидан ҳаргиз зерикмас эдик», дердилар.
Хусусан, илмли кишилар, Қуръони Каримни тушунадиган кишилар тажвидли қироатдан, маънолари тушунарли қироатдан зерикишлари мутлақо мумкин эмас. Қуръони Каримнинг калима ва маъноларидаги мўъжизаларини англаб, туйиб турган киши қандай қилиб шу арзимас муддатда Қуръондан малолланиши мумкин? Оятларнинг мазмунини чақиб, мағзини тотиб турган киши қандай қилиб бу лаззатнинг тезроқ ўтиб кетишини истай олади?
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, турли ортиқча гап-сўз ва талаблар билан қорининг хотирини хира қилиш, қалбини банд қилиш унинг ниятига, мақсадига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Қори Аллоҳнинг муроқабаси ўйида, қалб амрида, ички илҳом тасарруфида эмас, балки талабгорларнинг розилиги илинжида бўлиб қолади. Бу эса унинг руҳониятининг бузилишига олиб келади.
Баъзан Қуръонга ва умуман илмга алоқаси бўлмаган одамлар ҳам қориларга қандай хатм қилиш ҳақида ақл ўргатишга интилиб қолишади. Табиийки, кўпинча уларнинг айтган гапи ўринсиз бўлиб қолади. Тўғри, қорилар ҳам камчиликдан холи эмас. Уларга ҳам кимдир насиҳат қилиб туриши, тартибга чақириб туриши керак. Аммо ҳар ишнинг ўз эгаси бор. Қорига насиҳат қиладиган, йўл кўрсатадиган одам шунга лаёқатли бўлиши керак. Бундай гапни ўзи қори бўлган ёки қори тарбиялаган кишилар гапирса, янада муносиб бўлади. Қуръон таълимининг кўчасига кирмаган, битта сурани дадил ўқий олмайдиган одамлар ўзларича нималардир деса, тўғри бўлавермайди.

Хулоса қилиб айтсак, аҳли илмлар, имом-домлалар халққа Қуръон тиловатининг аҳамиятини, фазилатини уқтириб боришлари, ният ва мақсад қандай бўлишини тушунтиришлари, хусусан, Рамазонда бунга жиддий эътибор бериш кераклигини англата билишлари ва бу борада ўзлари гўзал намуна кўрсатишлари, шахсий ўрнак бўлишлари керак.

Умуман олганда, Қуръон тингловчи киши қуйидагиларга аҳамият бериши лозим:
1. Ниятни тўғри ва тугал қилинг. Ҳамма нарса ниятга боғлиқ. Амалнинг адоси ҳам, тугаллиги ҳам, ҳаловати ҳам, савоби ҳам ниятга асосланади. Ният фақат шу таровеҳда хатмда туриш эмас, балки Қуръони Каримдан баҳра олиш, унинг тиловати билан дилларни юмшатиш, зангини кетказиш бўлиши керак. Иш «Хатми Қуръонда турдимми, турдим» қабилида бўлмаслиги лозим. «Дадам хатми Қуръонга чиқ, дедилар», «Савоб бўлади, дейишяпти-ку!» деган тушунчалар билан чекланиб қолиш ярамайди.
2. Хатми Қуръон қилиш, Қуръонга боғланиш улуғ ибодат, буюк фазилат эканини доимо ёдда тутинг. Рамазон Қуръон ойи эканини бутун вужудингиз билан ҳис этишга интилинг. Кундузлари рўза тутиб, тунлари хатми Қуръонда бўлар экансиз, икки қанотли қуш каби юксак чўққиларга парвоз этаётганингиздан шодланинг!
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ (солллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: «Рўза ва Қуръон бандага шафоатчилик қилади. Рўза: «Ё Раббим! Мен буни кундузлари таом ва шаҳватдан тўсганман, унинг ҳақидаги шафоатимни қабул қил», дейди. Қуръон: «Ё Раббим! Мен уни кечалари уйқудан тўсганман, унинг ҳақидаги шафоатимни қабул қил», дейди. Шунда икковининг ҳам шафоати қабул қилинади».

3. Намозда туриш учун керакли вақт ва қувват ҳозирланг. Кундузи билан ишлаб чарчаган киши хатми Қуръонда ҳузур билан туриши жуда қийин. Ҳар ким ўзининг жисмоний имкониятидан келиб чиқиб, керакли тайёргарликни кўриб олишга одатланиши керак. Бунинг учун Рамазонда бошқа ишларни бироз қисқартириш, бу ойдаги фазилатлардан унумли фойдаланишга интилиш керак. Бу Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг суннатлари, салафи солиҳларнинг одатларидир.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳар Рамазонда ваҳий фариштаси Жаброил (алайҳиссалом) билан бирга ўша вақтгача нозил бўлган сура ва оятларни ўқир эдилар. Ҳаётларининг сўнги йилида Жаброилга Қуръонни икки маротаба ўқиб ўтказганлар. У Зот Рамазонда ибодатга ҳар доимгидан ҳам кўпроқ берилар, масжидга қубба тикиб, ўша ерда ёлғиз эътикоф ўтирар, бирор киши мурожаат қилса, қуббадан бошларини чиқариб, унинг ҳожатини раво қилар, сўнг яна ибодатда давом этар эдилар. Охирги ўн кунлик кирганида эса Оиша (розияллоҳу анҳо) таъкидлаганидек, белбоғларини маҳкам боғлаб, бутунлай ибодатга шўнғир эдилар.
Имом Абу Ҳанифа, имом Молик, имом Саврий каби мужтаҳид алломалар Рамазон ойи келганда фиқҳ, ҳадис ва бошқа дарсларни тўхтатиб, Қуръон тиловати билан машғул бўлишар эди. Тонг маҳал Мадина кўчаларида арининг ғўнғиллашига ўхшаш товуш эшитилар эди. Бу саҳарда Қуръон ўқиётган одамларнинг қироатларидан ҳосил бўлган садолар эди.

Энди ўз ҳолатимизга бир боқайлик. Хўш, биз Қуръонга қанчалик аҳамият беряпмиз? Кўпчилигимиз йил бўйи Қуръон ўқимай юрамиз. Баъзиларимиз Қуръон ўқишни билмаймиз ҳам. Бу ҳеч кимга сир эмас. Уламолар «Ҳар бир мўмин киши бир кунда бир пора ўқиб, бир ойда хатм қилиб турсагина, Қуръоннинг ҳаққига риоя қилган бўлади, ғофиллар сафидан ўчирилади ва бир макруҳнинг гуноҳидан қутулган бўлади», дейишган.
Устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари маърузаларидан бирида: «Халқимизнинг ишчисию раҳбарлари, савдогарию ҳунармандлари бир ойда бир бора Қуръонни хатм қиладиган савияга етсак, динимизга амал қилишда ўрта даражани эгаллаган бўламиз», деб бежиз айтмаган эдилар.
Саводимиз етишмаслиги, вақтимиз йўл бермаслиги ёки бошқа бирор баҳона билан бунга имкониятимиз бўлмади ҳам дейлик. Ҳеч бўлмаганда Рамазонда, бир қори тайёр хатм қилиб бериб турганда бундан унумли фойдаланиб қолмаймизми? Бошқа ойларда-ку Қуръонни қўлимизга олишимиз ҳам амри маҳол экан, лоақал шу бир ойда Қуръон тинглашга ҳам ярамаймизми? Салафи солиҳлар, улуғ аждодларимиз бу ойда энг муҳим дарсларни ҳам қўйиб, батамом Қуръон учун ажралиб чиқишган экан, биз ҳеч бўлмаганда лағв, беҳуда ишларни камайтиришимиз керак эмасми? Ҳар биримиз ушбу саволларни ўзимига бериб кўришимиз ва унга холис, виждонан жавоб беришимиз иймоний бурчдир десак, муболаға бўлмайди.

4. Таровеҳни саккиз ракъат ўқишга одатланманг. Айрим кишиларимизда шунақа эътиқод бор. Нима эмиш, таровеҳнинг саккиз ракъати суннат, қолгани бидъат эмиш, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саккиз ракъат ўқиганлар эмиш. Бу жуда хом гап бўлиб, илмий таҳлилларга дош бера олмайди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан масжидда бирга таровеҳ ўқиган саҳобалар Умар (розияллоҳу анҳу)нинг бошчилигида таровеҳни йигирма ракъат ўқишга ижмоъ қилишган. Яна қандай асос керак? Яна қандай далил керак? Кўпчилик уламолар «У Зот (алайҳиссалом)нинг тунги намозни доим саккиз ракъат ўқиганлари ҳақидаги ривоятлар таровеҳ ҳақида эмас, бошқа намозлар ҳақида, нафл, таҳажжуд намозлар ҳақида бўлган», дейишган. Саҳобаларнинг ижмоълари ҳам шуни тақозо қилади.
Расулуллоҳ (солллаллоҳу алайҳи васаллам) баъзан Рамазонда тунги нафл намозни кечанинг ярмига бориб тугатиб қўйганлар. Шунда саҳобалар: «Кечанинг қолган қисмида ҳам нафл ўқиб берганингизда эди», дейишган. Шунда у Зот: «Ким имом қайтгунича у билан ибодатда турса, унга бир кечани ибодатда ўтказганлик савоби ёзилади», деганлар. Буни яхши билиб олишимиз лозим.
Нима бўлганда ҳам, бошқа пайтларда таҳажжуд ўқиш, нафл ибодатлар килиш, хатми Қуръон қилишга қунт қила олмаяпсизми, ҳеч бўлмаса шу ғанимат фурсатдан фойдаланиб қолинг!

5. Сафларга эътибор беринг! Таровеҳ нафл намоз бўлгани учун унда сафларни тугал қилиш фарз намозлардагичалик қатъий талаб қилинмайди. Бироқ  буткул бепарволик ҳам намозга, жамоат бирлигига раҳна солиши мумкин. Баъзан сафлардаги парокандаликни кўриб, ичингиз ғаш ҳам бўлиб қолади. Улар намоз ўқишяптими ёки тўртта тўрта бўлиб гаплашиб туришибдими, билмай қоласиз. Бу, албатта, намоз одобига тўғри келмайди. Ҳар қалай, сафлар қанча мукаамал бўлса, намоз шунча тўкис бўлишини унутмаслик лозим.

6. Ўқиладиган сура ва оятларнинг маъносини билишга интилинг! Ўқиладиган суралар ва оятларнинг маъносини имом-домла ёки қори айтиб бермаган тақдирда ҳам, ўзингиз учун ҳаракат қилиб, уларнинг маъноларини билишга интилинг! Алҳамдулиллаҳ, бугунги кунда бунинг учун имкониятлар етарли. Устозларимизнинг тафсирлари чиқиб турибди.
Ҳар кунги ўқиладиган қироатнинг мазмуни билан олдиндан танишиб олинса, жуда улуғ иш бўлади, ўзгача бир роҳат ва қувват бўлади, зерикиш, малолланиш деган гаплар бўлмайди.

7. Сизнинг муҳаббатингиз, шавқу завқингиз имомга, қорига илҳом бахш этишини унутманг. Тингловчиларда ихлос, талаб қанчалик яхши бўлса, қориларда, имомларда шунча шижоат ҳосил бўлади. Бу исбот талаб қилмайдиган, аммо исботи қўл билан тутиб бўлмайдиган ҳақиқатдир.

8. Қориларга хушмуомала бўлинг. Қоридан бирор камчилик ўтса, яхши гап билан, одоб, маданият билан уқтиринг, аммо гап қилиб юрманг. Бу мўминлик ахлоқи ҳисобланади.

9. Қорининг ҳаққига дуода бўлинг, яхши гумон қилинг. Зеро, имомингизга нисбатан самимиятингиз жуда кўп яхшиликларга сабаб бўлади.


Ўтмишга ибрат кўзи билан назар

Сўзимизга умумий хулоса ясаш мақсадида юқорида айтилган барча фикр-мулоҳазаларга асос, далил бўладиган, тўлдириш бўладиган ўтмиш лавҳаларидан айримларини келтирсак. Шояд, булар бизга илм, ўрнак, асос ва ўзимизни танитадиган кўзгу, ҳолимизни ислоҳ этувчи мезон бўлса.

* * *
Имом Бухорий Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) одамларнинг энг сахийси эдилар. У Зотнинг энг сахийликлари Рамазонда – Жаброил у Зот билан учрашганда бўлар эди. Жаброил Рамазоннинг ҳар тунида у Зот билан учрашиб, Қуръонни бирга дарс қилишарди. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Жаброил у Зот билан учрашган кезлари яхшиликда эсган шамолдан ҳам сахий бўлиб кетар эдилар».
Бу ерда «ўтказиш» деб ўгирилган жумла араб тилида «муъаародатун» (бир-бирига ўқиб бериш) шаклида келган. Бу икки тарафнинг бир нарсани навбатлашиб тўлиқ ўқиб чиқиши бўлиб, бири ўқиганда иккинчиси эшитиб, кузатиб туриши тушунилади. Рамазонда Қуръонни хатм қилиш суннатлиги мана шу ҳадисдан олинган. Яна ушбу ҳадисдан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг мазкур жўшқин тасарруфлари айнан Қуръони Карим шарофати ила бўлганини тушуниш мумкин, дейишади уламолар.
Маълумки, қиём, яъни тунги намоз асосан қироати узунлиги билан «тик туриш» маъносидаги «қиём» сўзи билан ном олган. Шунга биноан айтиш мумкинки, Расулуллоҳ (солллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг Рамазон ойида қоим бўлишни суннат қилишларида бу ойнинг айнан Қуръон ойи эканига ишора бордир.

* * *
Абдурраҳмон ибн Авф (розияллоҳу анҳу) айтади:
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Рамазонни зикр қилиб туриб, «Рамазон Аллоҳ рўзани фарз қилган ойдир. Мен мусулмонларга унинг тунларида ибодатда бедор бўлишни суннат қилдим. Ким унинг рўзасини тутса, тунларида ибодатда бедор бўлса, ундан онаси туққан кундагидек гуноҳдан пок бўлиб чиқади», дедилар».
Ибн Хузайма ривояти.

* * *
Имом Аҳмад Ҳузайфа (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади:
«Рамазон кечаларидан бирида Набий (солллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳузурларига бордим. У Зот намоз ўқишга турдилар. Такбир айтгач: «Аллооҳу акбару Зул-малакуути вал-жабаруути вал-кибрийааи вал-ъазомати», дедилар. Кейин Бақарани, кейин Нисони, кейин Оли Имронни ўқидилар. Бирор қўрқитув оятидан ўтсалар, унда тўхталар эдилар. Кейин рукуъ қилиб, қанча тик турган бўлсалар, ўшанча муддат «Субҳаана роббийал-ъазиим», деб турдилар. Кейин бошларини кўтариб, «Самиъаллооҳу лиман ҳамидаҳ. Роббанаа лакал-ҳамд», дедилар. Кейин сажда қилиб, қанча тик турган бўлсалар, ўшанча муддат «Субҳаана роббийал-аълаа», дедилар. Кейин бошларини кўтариб, қанча тик турган бўлсалар, ўшанча муддат «Роббиғфирлии», дедилар. Кейин сажда қилиб, қанча тик турган бўлсалар, ўшанча муддат сажда қилиб, «Субҳаана роббиял-аълаа», дедилар. Кейин бошларини кўтариб, қад ростладилар. Икки ракъат ўқиб бўлган эдилар ҳамки, Билол келиб, у Зотга намоз (бомдод) вақти кирганини билдирди».

* * *
Имом Абу Шайба Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади:
«Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ушбу оятни тонггача қайтардилар: «(Аллоҳим!) Агар уларни азобласанг, Ўзингнинг бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта) Сен азизу ҳакимсан!» (Моида сураси, 118-оят).

* * *
Муҳаммад ибн Наср Марвазий ўзининг «Қияму Ромадон» асарида, имом Байҳақий ўз санади билан Соиб ибн Язиддан шундай ривоят қилади:
«Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)нинг замонида Рамазонда йигирма ракъат қиём қилиб, Қуръондан икки юз оят ўқишар эди. Ҳатто ҳассага суяниб қолишар эди».
Бошқа бир ривоятда: «Яқин субҳга қадар ўқишар эди», дейилган.

* * *
Рамазон ойи кирса, Имом Зуҳрий: «Бу ой Қуръон қироатидир, таом улашишдир», дер эди.

* * *
Имом Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) Рамазон ойи ичида ўттизта хатм қилар эдилар.
* * *
Ибн Ҳакам айтади: «Рамазон кирса, имом Молик ҳадис ўқиш ва илм аҳли билан мажлис қуришдан қочар эди», Яъни Қуръон билан машғул бўлиб, қироатга берилиб кетар эди.

* * *
Абдурраззоқ айтади: «Рамазон кирса, Суфён Саврий барча ибодатларни тўхтатиб, Қуръон қироатига киришар эди».

* * *
Асвад (раҳимаҳуллоҳ) бошқа пайтлар Қуръонни олти кечада бир хатм қилар, Рамазонда эса ҳар икки кечада хатм қилар эди.

* * *
Имом Нахаъий ҳам Рамазон ойида ҳар уч кунда, охирги ўн кунликда эса ҳар кеча Қуръон хатм қилар эди.

* * *
Имом Ҳасфакий «Ад Дуррул мухтар» китобида айтади:
«Хатмнинг бир мартаси суннат, иккитаси фазилат, учтаси афзалдир. Хатм қавмнинг дангасилиги туфайли тарк этилмайди».
Муаллиф ушбу сўзининг давомида ҳар бир юрт аҳли ўзларидаги мавжуд ҳолатга кўра иш олиб боришларини тавсия қилган. Агар биз бугун мана шу мезон асосида иш кўрадиган бўлсак, унинг юқоридаги гапини олишимиз кифоя ва ўринли бўлади.

* * *
Андижонда ўтган аср аввалида вафот этган буюк олим, каромати зоҳир валий зотлардан бири Сомеъ Халфа домла( раҳматуллоҳи алайҳ) Қуръони Каримга бемисл ҳурмат кўрсатишда намуна бўладиган зот бўлган эканлар. Буни яхши билган кичкинтой ўғли Бобохон қори болалик қилиб, дарсини тайёрламай, отасининг таҳдидан хавфга тушиб қолса, дарров бир мусҳафни қўлтиқлаб олар экан. Вазифани бажармаган ўғилнинг таъзирини бериш учун отланган ота мусҳафга кўзи тушиши билан аччиғидан тушар, сокин бўлиб, ҳеч нарса демай, таъзирни тўхтатишга, кечга суришга мажбур бўлар экан.
Аллоҳ таоло Ҳаж сурасида шундай дейди:
«Ким Аллоҳнинг шиорларини – динининг белгиларини улуғласа, албатта, бу қалбларнинг тақвосидандир».

 

ХУЛОСА

Хулоса қилиб айтганда, хатми Қуръонга қатнашишга, уни ташкил қилишга янада кўпроқ интилишимиз, бунда ниятни тугал қилишимиз, ундан кўзланган мақсад муддаони аниқлаб олиб, уни рўёбга чиқаришга ҳаракат қилишимиз, хатм ўтказиш бўйича савиямизни ошириб боришимиз лозим.
Бугунимиз кечамиздан, эртамиз бугунимиздан яхши бўлсин! Айниқса, қориларнинг ҳаёти шундай бўлиши лозиму лобуддир.
Фақат дунё ишларида эмас, охират ишларида ҳам мукаммаллик сари интилайлик, тараққий этайлик. Ана шунда бугунги кундаги жуда кўп муаммоларимизнинг негиз томирини даволай оламиз.

Бу ерда изҳор этилган гаплар ҳаммамиз учун умумийдир. Бу ҳақиқатларни қабул қилишда бироз қалбимизни кенг қилишимиз, нафсимизни ёки асоссиз фикрларимизни эмас, шариатимизни, динимиз кўрсатмаларини ҳакам қилишимиз ва шунга кўра иш кўришимиз лозим. Муҳтарам ўқувчимиздан бирдан-бир умид ҳам шу.
Сўзим сўнгида шуни айтмоқчиманки, илмий асосда билдирилган ҳар қандай фикр-мулоҳаза, танқидни бажонидил қабул қиламан. Хатойимизни ҳадя қилганларни Аллоҳ ёрлақасин!
Шу билан бирга, ушбу мавзуга доир жўяли, асосли, қимматли маълумотлар бўлса, бизга ҳам илинишингизни сўрайман. Келгуси ишларда уларни эътиборда тутиш мақсади ҳам бор.

Мурожаат учун электрон манзил: Ушбу e-mail манзил спам-ботлардан ҳимояланган, уни тасвирлаш учун JavaScript-ни ёқишингиз лозим.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
1435 ҳижрий. 15 Рамазон