A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръон уммати
PDF Босма E-mail

Қуръон уммати

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Расули Муҳаммадга дуруд ва салавотлар бўлсин!
Муҳтарам ўқувчи! Ушбу суҳбатда сиз билан Аллоҳ тало Ўз Расулига ҳамнишин қилиш учун танлаган, Ислом умматининг энг афзал авлоди бўлмиш саҳобаи киромларнинг Қуръони Карим борасида тутган йўллари, унга бўлган муносабатлари хусусида ўртоқлашмоқчимиз.
Саҳобалар Қуръони Каримни Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан бевосита қабул қилиб олган зотлардир. Улар ушбу жараённинг тирик гувоҳларидирлар. Уларнинг ҳаётларини шу мавзу атрофида ўрганиш ўша давр ҳавосини туйиш, уни тўғри тасаввур қилишга ёрдам беради.


Саҳобалар Қуръонга қай тарзда иймон келтиришган? Уни қандай қабул қилишган? У ҳақда қандай тасаввурда бўлишган? Унга қандай муносабат билдиришган? У туфайли нималарга эришишган? Ушбу саволларга холисона жавоб топилса, Қуръон ҳақидаги кўплаб ҳақиқатлар намоён бўлади, саҳобаларнинг буюкликларининг бош сабаби нимада экани ҳам равшанлашади.
Кўпчилик саҳобаларнинг Исломдан олдинги ҳаёти ҳам, кейинги ҳаёти ҳам тарихдан маълум. Уларнинг ақл-заковати, қарашлари, ўлчовлари, одамгарчилиги, умуман, инсоний хусусиятлари бугунги одамларникидан фарқ қилмайди, яъни улар ҳам худди биз каби инсонлар бўлишган. Улар ҳам рост билан ёлғонни, сохталик билан ҳақиқийликни жуда яхши ажратишган. Балки  инсоф билан айтилса, улар бу борада бугунгилардан кўра юқори ва мусаффо бўлган. Улар мусулмон бўлишларидан олдин бузуқ эътиқод ва амалларга ружуъ қўйган бўлсалар ҳам, ноҳақлик, ёлғон, қаллоблик каби ноинсоний хулқлардан қаттиқ жирканишган. Мазлумларнинг ҳимояси учун, орият учун қасам ичиб, жондан кечиб жанг қилишгача борганлари бунга ёрқин далил бўлади. Кейинчалик дунёнинг сал кам тўртдан бирини бошқара билганларидан ҳам уларнинг салоҳияти нақадар юксак бўлганини англаш мумкин.
У пайтларда Макка шаҳрининг аҳолиси ҳозирги кичик қишлоқларнинг аҳолисича бор эди, шу боис ҳамма бир-бирини танир эди. Айниқса, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни ҳамма беш қўлдек биларди. Улар у Зотнинг қариндош-уруғлари, қўни-қўшнилари, ошна-оғайнилари, жиянлари, таниш-билишлари эдилар. Макка аҳли Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни ёшликларидан билар, у Зотнинг ота-боболарини ҳам яхши танир, уларнинг кўпчилиги у Зот билан бирга ўсиб, бирга катта бўлганлар эди. Хуллас, у Зот уларнинг кўз ўнгида улғайиб, улар билан бирга яшаб келган эдилар.

 

Милодий 610 йил. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзларига пайғамбарлик келгани ҳақида сўзлай бошладилар. Дастлаб кўпчилик ишонмади. Шу кунгача қавм у Зотни камоли яхши таниганидан «амин», яъни ўта ишончли, ростгўй, омонатдор одам деб атар, у Зотнинг ўқиш-ёзишни ўрганмаганларини, шу кунгача ҳеч кимдан ҳеч қандай таълим олмаганларини жуда яхши билар эди. Лекин Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг мазкур даъволарини тасдиқлашга келганда, барибир, тўхталиб қолишди. Кўпчилик инкор ва гумону бўҳтон йўлини тутди, кечагина энг севган кишиларига нисбатан энг ашаддий душманга айланишди. Аммо вақт ўтиши билан кузатувлар ўзанни тамоман бошқа тарафга буриб юборди.
Қуръони Карим қалбларни бирин-кетин асир ола бошлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзларига нозил қилинган ваҳий ‒ Қуръон оятларини кишиларга ўқиб эшиттирар эканлар, уни тинглаган эркагу аёл, каттаю кичик, бой-камбағал, кучли-кучсиз ‒ барча бирдек унинг қаршисида тиз чўкишга мажбур бўларди. Сўз усталари, шоиру адиблар ҳарчанд уринмасин, унга ўхшаш бирор нарса ёза олишмади.
Саҳобалар соф араб эдилар, араб тилининг имконияту сир-асрорларини яхши биладиган, ўрни келса, бу борада беллаша оладиган одамлар эди. Аммо улар Қуръонни тинглар эканлар, унинг инсоний калом эмаслигини англаб бордилар. Улар назмни ҳам, насрни ҳам, шеърни ҳам, қасидаларни ҳам яхши билишарди, бироқ Қуръон уларнинг ҳеч бирига ҳеч бир жиҳатдан ўхшамасди. Зеро, бу Калом инсон сўзлайдиган каломдан тамоман ўзгача, кўз илғамас даражада юксак эди, ҳатто Пайғамбар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг гап-сўзларидан ҳам тубдан фарқ қилар, равшан ажраб турар эди. Унинг хитоблари самовий эканини, ерга хос эмаслигини уйғоқ қалблар ич-ичидан ҳис этарди.
Шундай қилиб, қавмнинг энг доно, ақлли, холис ва мустақил фикрлай оладиган, олийжаноб кишилари бирин-кетин мусулмон бўлиб борди. Сон-саноқсиз ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, диний тўсиқларга қарамай, Исломга кирувчиларнинг сони ортиб борарди. Бу эса узоқ вақт синчковлик билан кузатиш, сўраб-суриштириш ва керакли билим натижасида юзага келган ўта аниқ ишонч, ички туртки, қалбий қувватнинг самараси эди. Саҳобаларнинг ҳар бири Қуръоннинг илоҳий калом эканига ана шу зайлда, комил ишонч билан, худди кўриб, ушлаб турган нарсасига ишонгандек, қалби буткул таскин топган ҳолда иймон келтирган эди. Шунинг учун ҳам уларнинг бирортаси диндан қайтмаган, аксинча, бу йўлда молу жонини фидо қилган, жондан кечса кечган, аммо Исломдан кечмаган.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) кишиларни Исломга даъват қилишда, аввало, уларга Қуръон тиловат қилиб берардилар. Мусулмон бўлганларга илк ўргатадиган нарсалари ҳам Қуръон оятлари бўларди. Янги мусулмон бўлган кишиларни олдинроқ Исломга кирган саҳобаларга йўллаб, «Биродарларингизга Қуръон ўргатинглар», дердилар.
Саҳобалар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га ваҳий нозил бўлишига кўп гувоҳ бўлишарди. У Зот ҳеч қачон бир муддат уйга беркиниб олиб, кейин чиқиб: «Менга мана бу оят нозил бўлди», демасдилар. Аксинча, Қуръон кўпинча Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) одамлар орасида ўтирганларида, кишилар у Зотни саволга тутиб турганда, йўлда, уловда, масжидда эканларида нозил бўларди. Ваҳий тушганда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бошларини қуйи солганча жим бўлиб қолар, бутун вужудларида ўзгариш юз бериб, ранглари қизариб, ҳансираб, терлаб кетардилар. Саҳобалар баъзан ваҳийнинг шарпасини эшитишарди ҳам. Бир сўз билан айтганда, Қуръони Карим Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га саҳобаларнинг кўз ўнгида нозил бўларди. Саҳобаларнинг ҳикояларидаги «Бирдан у Зотга ваҳий нозил бўлиб қолди», «У Зотда ваҳий нозил бўлаётгандаги ҳолат юз бериб қолди» каби ифодалар ҳам шунга далолат қилади. Шунинг учун саҳобалар Қуръони Каримнинг илоҳий калом эканига ваҳийни қабул қилиб олаётган зотнинг иймонидек ишончга эга эдилар.
Ваҳий нозил бўлиши биланоқ Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) янги инган оятларни атрофларидаги кишиларга ўқиб берардилар, уни қайта кўриб чиқиш, таҳрир қилиш, ўйлаб кўриш каби инсоний тасарруфларга ўрин йўқ эди. Саҳобалар шу заҳоти оятларни ёдлаб, ёзиб олишга киришар эди. Агар ваҳий нозил бўлган пайтда ёзишни биладиганлар бўлмаса, котиблар чақиртириларди, улар янги ваҳийни дарҳол хатга туширишарди. Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳу) котибларнинг ичида масжидга уйи энг яқини бўлгани учун ваҳийни илк ёзиб олишга кўпинча у киши мушарраф бўларди.
Қуръони Карим воқеликка мувофиқ равишда, тарқоқ нозил бўларди. Бир у сурадан, бир бу сурадан оятлар тушарди. Баъзи суралар тўлиқ нозил бўлса, бошқалари бўлак-бўлак нозил қилинарди. Мисол учун, бир ярим порача келадиган Анъом сураси биттада нозил қилинган бўлса, энг қисқа суралардан бири Моъун сурасининг ярми Маккада, ярми Мадинада нозил бўлган. Оятлар басмала билан бошланса, бу унинг янги суранинг аввали эканини билдирарди. Бошқа оятларнинг қайси сурага, қайси оятдан кейин қўйилиши ваҳий асносида белгиланарди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ваҳийда бор гапни тўлиғича саҳобаларга етказардилар. Ўз навбатида, саҳобалар ҳам оятларни ўзларига ўргатилгандек ёдлаб, ёзиб боришар ва бир-бирларига етказишар эди. Ваҳийдан бирор нарсани ўтказиб юбормаслик учун айрим саҳобалар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳузурларида навбатлашиб шай турар, баъзи саҳобалар ишдан тўғри масжидга келиб, ҳар кунги оятларни ўрганиб борар эди.
Шундай қилиб, Қуръони Карим Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг қалбларига иниб, тилларига ўтиб, саҳобалар ўртасида яшин тезлигида тарқар, Пайғамбар (алайҳиссалом) бошлиқ мусулмонларнинг қалбида жамланиб борар эди. Йигирма уч йил мобайнида нозил бўлган оятлар ўнлаб, юзлаб инсонларнинг қалбида ёд олиниб, ёзма равишда қайдлаб борилди. Сура ва оятларнинг юз бериб турган ҳодисаларга боғлиқ равишда, ижтимоий талабларга мувофиқ равишда, воқеий суратда туширилиши ҳам уларнинг кишилар қалбида мустаҳкам ўрнашиб боришини таъминларди. Шу боис  Қуръони Карим саҳобаи киромларнинг хотирасига худди ҳаёт тарзидек сингиб борарди. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу): «Қуръони Каримда бирор оят йўқки, унинг қачон, қаерда ва нима сабабдан нозил бўлганини билмасам», дея бежиз даъво қилмаган эди.
Қуръон саҳобаларнинг бутун борлиғини ўзгартириб юборди. Улар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га янги оятлар нозил бўлишини интиқлик билан кутишарди. Ўрганган сура ва оятларини такрорлар эканлар, беихтиёр кўзларидан шашқатор ёш қуйиларди. Бу илоҳий каломдан нурга тўлиб, қалб жунбушга келиб, шавқлари қайнаб, уни баралла тиловат қилишга ошиқиб кетишарди.
Маккада Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) ўз уйига бир намозгоҳ қилиб олиб, ўша ерда Қуръон ўқирди. У кишининг тиловатини тингаш учун уй атрофида катта-кичик, эркагу аёл тўпланар, ҳатто одамлар минди-минди бўлиб кетар эди. Уларни ҳеч ким чақириб келмасди, илло Қуръоннинг хитоблари уларни асир қилиб қўяганди. Бундан ташвишга тушган Макка мушриклари Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу)га овоз чиқариб қироат қилишини ман қилишгача боришди.
Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни йўқ қилишга қилич яланғочлаб турган Умар ибн Хаттоб синглисининг уйида Тоҳо сурасини тинглар экан, ўзини йўқотиб қўйди ва беихтиёр «Бу инсоннинг сўзи эмас», деди-ю, мусулмон бўлишга азму қарор қилди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ўзи яқиндагина мусулмон бўлган эди. Жисмонан заиф, ҳимоячи йўқ бўлишига қарамай, мушрикларга Қуръон эшиттиришга аҳд қилди. Раҳмон сурасини баралла ўқиб берди. Бунинг натижасида  мушриклар у кишини чалажон қилиб калтаклашди. Лекин бу «жазо» у кишини Қуръон ҳақидаги ниятини ўзгартира олмади. «Олдин калтаклашларидан чўчиб туриб ўқигандим, энди калтагини ҳам кўрдим ва ундан қўрқиш ҳам қолмади. Насиб қилса, эртага яна Қуръон ўқиб эшиттираман», деди. Бироқ  Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бунга рухсат бермадилар.
Макка даври. Саноқлигина кишилар мусулмон бўлган. Қуръонни мусулмонларга пухта сингдириш, шу билан уларни тарбиялаш, руҳан поклаш, юксалтириш мақсадида Аллоҳ таоло Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бошлиқ мусулмонларни кечаси озгина ухлаб, қолган пайтда намозда Қуръон тиловат қилишга буюрди: «Эй, ўраниб ётган! Кечанинг озгинасидан бошқасини (ибодат ила) бедор ўтказ. Ярмида ёки ундан бир оз қисқароғида (бедор бўл). Ёки унга яна қўш ва Қуръонни тартил билан тиловат қил» (Муззаммил сураси 1‒4-оятлар). Бу илоҳий амр мусулмонларни намоз ва Қуръон билан келажакдаги буюк ишларга тайёрлади. Кўп тик турганларидан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг товонлари шишиб кетарди. Бир йил деганда суранинг сўнгги оятлари биринчи оятларида айтилган мазкур ҳукмни насх қилиб, муяссар бўлганча қироат қилишга амр этилди «Энди ундан муяссар бўлганича қироат қилинглар» (Муззаммил сураси 20-оятлар).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Исломни энди қабул қилган ясриблик (мадиналик)  мусулмонларга Қуръон ўргатиш учун Мусъаб ибн Умайр ва Ибн Умму Мактумни Мадинага юбордилар. Маккада нозил бўлган янги оятлар элчилар, мактублар орқали Мадинага етказиб турилди. Бу сура ва оятлар ҳали Пайғамбар (алайҳиссалом) келмай туриб, Мадинадаги хонадонларда янграй бошлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Мадинага келганларида саҳобалар Қуръондан билганларини ўқиб беришди. Эндигина ўн бир ёшга тўлган Зайд ибн Собит Аъло сурасига келган эди, ўшани у Зотга ўқиб топширди. Зайднинг уқувини кўриб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) унга сурёний тилини ва ёзишни ўрганишни буюрдилар.
Мадинада илк масжид барпо этилди. Ёнига Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) истиқомат қилишлари учун оддийгина бир уй ҳам солинди. Энди илоҳий ваҳий ушбу заминга инадиган бўлди. Масжид эса бир вақтнинг ўзида ҳам мадраса, ҳам қорихона, ҳам қароргоҳ бўлди.

Мадинада Қуръон ўрганишга ва ўргатишга ниҳоятда кенг имконият пайдо бўлди. Котиблар сони қирқтага етди. Улар «ваҳий котиблари» деб аталарди. Масжидда Қуръон ўрганиш ва ўргатишга қаттиқ бел боғлаган кишилар бўлиб, қорилар деб дастлаб ўшаларни айтишарди, янги мусулмон бўлган қабилаларга Исломдан таълим бериш керак бўлганда ҳам айнан ўшалардан вакил тайинланарди.
Қуръони Карим қайдланган битиклардан бир нусхаси масжидда ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг уйларида сақланарди. Айрим саҳобаларнинг қўлидаги битиклар ҳам  жамланиб, тўлиқ мусҳаф бўлиб қолай деганди. Аммо ваҳий узлуксиз тушиб тургани сабабли Қуръон китоб шаклига келтирилмасди.
Ҳижрий еттинчи-саккизинчи асргача Қуръони Карим фақат бир йўсинда ўқилди. Араб қабилалари бирин-кетин Исломга кириб, барчалари бир шевага мос бўлган бир хил йўсинда қироат қилишга қийналиб қолгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илтижолари сабаб бўлиб, Қуръони Каримни етти йўсинда ўқишга изн берилди ва у шундай ўқитила бошланди. Бу йўсинлар шеваларга тўлиқ бўйсунмаса-да, улар учун Қуръонни ўқиш ва ёдлашда қулайлик яратди. Бу турлилик «ҳарф» деб юритилди. Энди саҳобалар Қуръонни етти ҳарфда ўргана бордилар. Айримлари бир-иккита ҳарфда ўқишни ўрганса, баъзилар барча ҳарфларни жамлашга ҳаракат қиларди. Шундай қилиб, Қуръонни ўрганишда яна янги поғаналарга юксалинди. Бу ҳам Қуръоннинг хусусиятларидан бўлиб, бошқа ҳеч бир каломда йўқ, ҳатто ҳадиси шарифларда ҳам бундай имтиёз кузатилмайди.
Қуръон ўқиш саҳобаларнинг жону дили эди. Ҳар бир саҳобанинг Қуръондан кунлик вазифалари бор эди. Тонгда Мадина кўчаларини айланган киши қироатларнинг садосидан ари уяга кириб қолдиммикин, деб ўйлаб қоларди. Айрим саҳобалар ҳар ҳафтада Қуръонни хатм қилишарди. Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу)га ўхшаб ҳар куни хатм қиладиганлар ҳам бор эди. Саҳобаларнинг бу борадаги шижоатлари ҳаддан ортиқ жўшиб кетганидан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уларга бир ойда ё бир ҳафтада хатм қилишни тавсия қилиб, уч кундан оз фурсатда хатм қилишдан қайтаришга мажбур бўлгандилар.
Саҳобаларнинг ичида Қуръонни шундай гўзал қироат қиладиганлари бор эдики, ҳатто Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳам улар билан фахрланар, уларнинг Қуръон қандай нозил бўлган бўлса, худди шундай ўқиётганларига гувоҳлик берар, уларга улкан савоб ва даражаларни ваъда қилардилар, бошқаларга Қуръонни улардан ўрганишни буюрар эдилар. Мисол учун, «Ким Қуръонни худди нозил бўлганидек ўқишни истаса, Ибн Умму Абднинг (Абдуллоҳ ибн Масъуднинг) қироатида ўқисин», дердилар. Ибн Масъуднинг қироатидаги ушбу етуклик сабабидан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) унга тиловат қилдириб, тинглаб ўтиришни яхши кўрар ва қироатидан таъсирланиб йиғлардилар ҳам. Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳу)нинг қироатдаги маҳорати боис Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)  Баййина сурасини  унга ўқиб беришга буюрилгандилар. Саҳобалар одатда Қуръони Каримни бевосита Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ўз оғизларидан ўрганишар, бунга имкон топа олмаганлар эса бир-бирларидан таълим олишар эди.
Бундан ташқари, саҳобалар ҳар куни уч маҳал жаҳрий намозларда, жумъа намози ва хутбаларда ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан Қуръон эшитишарди. Айниқса, Рамазондаги тунги намозларда у Зотга иқтидо қилиб, узундан-узун қироатларини тинглашарди. Ҳатто Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг Рамазонда ваҳий фариштаси Жаброил (алайҳиссалом)га қилиб берган сўнги хатмларига гувоҳ ҳам бўлган эди.
Саҳобалар Қуръоннинг маъноларини англашда ва унга амал қилишда ҳам беназир эдилар. Нозил бўлган оятларга эшитилган ондан амал қилишарди. Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳумо) айтганидек, беш-ўн оятдан таълим олишар, уларда қаерда тўхтаб, қаердан бошлаб ўқишдан тортиб, уларнинг ҳукмларигача ўрганишар, уларга амал қилмай туриб кейинги оятларга ўтишмас эди. Саҳобалар Қуръонга амал қилишда шунчалар астойдил эдиларки, ҳатто айрим ҳукмларнинг нозил бўлишини «сўраб олишган» эди. Жумладан, Умар (розияллоҳу анҳу) хамрнинг ҳаром қилинишига интиқ бўлиб кетгандилар. Ҳижоб ҳақидаги Қуръон оятлари ҳам у кишининг раъйларини тасдиқлаб нозил бўлган эди.
Саҳобаи киромларнинг Қуръонга бўлган муносабатларидаги яна бир нозик нукта ‒ уни Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг шахсларига боғламаган ҳолда фаҳмлашлари эди. Бу жуда ҳам улкан ҳодиса бўлиб, кўплаб ҳақиқатлардан дарак беради.
Хавла бинт Саълаба (розияллоҳу анҳо) уни зиҳор қилган эри хусусида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан тортишди. Ҳарчанд уринмасин, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўз ижтиҳодлари асосида «Эрингга ҳаром бўлибсан», деявердилар. Шунда Хавла (розияллоҳу анҳо): «У ҳолда шикоятимни ёлғиз Аллоҳга айтаман», дея чиқиб кетди. Ниҳоят, Мужодала сураси нозил бўлди.
Хўш, нима учун Хавла (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг жавобларидан қониқмай, Аллоҳга шикоят қилмоқда? Чунки у ушбу диннинг Эгаси Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) эмас, Буюк Аллоҳ эканини тўла ҳис қилар эди. Бир неча маротаба мурожаат қилинганда ҳам бир хил жавобда қатъий турган Пайғамбар (алайҳиссалом) нима учун бирдан ўз гапининг зидди бўлган, умуман бошқача, шу кунгача ҳеч кимга маълум бўлмаган ҳукмларни тиловат қилиб бермоқдалар? Чунки Қуръон у Зотнинг ихтиёрларидан юқори манбадан келарди. Шунинг ўзи ҳам Қуръоннинг Аллоҳдан келган калом эканини англатмайдими? Нима учун саҳобалар Хавла (розияллоҳу анҳо)ни «Аллоҳ тинглаган аёл» деб аташарди? У ҳақда баён берган Қуръон оятлари Аллоҳнинг ҳузуридан нозил бўлгани учун эмасми?
Умар (розияллоҳу анҳу) хамр ҳақида дастлабки оятлар нозил бўлганда бевосита Аллоҳга мурожаат қилиб: «Аллоҳим! Бизга хамр ҳақида шифо бўладиган, кифоя қиладиган ҳукмингни индиргин», деб ёлворган эди.
Эътибор беринг, Умар (розияллоҳу анҳу) рўпарасида турган Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га эмас, Аллоҳга мурожаат қилмоқда!
Оиша (розияллоҳу анҳо)га қарши бўҳтон уюштирилганда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) илгари ҳеч рўй бермаган тангликка тушиб қолдилар. Бир ой вақт ўтгач, Оиша (розияллоҳу анҳо)нинг поклиги ҳақида қатор оятлар нозил бўлди. Оиша (розияллоҳу анҳо): «Мен ўзим поклигим сабаб Аллоҳ, нима қилиб бўлса ҳам, мени оқлашига ишонардим-у, аммо мен ҳақимда тиловат қилинадиган оятлар нозил бўлишини сира кутмаган эдим», дерди.
Қаранг, Пайғамбарнинг ёстиқдоши бўлган аёл: «Эрим мени оқласа керак деб тургандим», деяётгани йўқ, аксинча, «Аллоҳ, нима қилиб бўлса ҳам, мени оқлашига ишонардим», демоқда ва Аллоҳ мен ҳақимда оят нозил қилишини кутмагандим, демоқда!
Расули Акрам (алайҳиссалом) вафотларидан олдинги беморликларида уйларида тўпланиб турган саҳобаларга бирор қоғоз-қалам ҳозирлашни, уларга васият қилмоқчи эканларини айтдилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га дард ғолиб келиб қолди, қўлимизда Аллоҳнинг каломи бор, бизга шу етади-ку», деди.
Умар (розияллоҳу анҳу)нинг ушбу гапларида ҳам Қуръони Каримни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг шахсларига боғлиқ бўлмаган, балки у Зотдан ҳам юқори манба деб англаш яққол кўриниб туради.
Ушбу мисолларни мулоҳаза қилинса, Қуръони Каримни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан қабул қилиб олаётган кишилар уни Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг шахсиятларига боғлиқ эмаслигини ҳис этиб борганларини кўриш мумкин. Бундай вазиятни сунъий равишда ташкил қилишнинг имкони йўқ. Бу ҳам саҳобаларнинг Қуръони Карим Аллоҳнинг каломи эканига бўлган иймонларини бизга намойиш этади.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) рафиқи аълога риҳлат қилганларида ўнлаб, балки юзлаб саҳобаларнинг қалбларига Қуръони Карим тўла нақшланган эди. Пайғамбарларидан айрилган саҳобалар бу фироқдан кейин Қуръонга янада кўпроқ эҳтимом бердилар, билмаганларини бир-бирларидан ўрганиб, тўлдириб олишга киришиб кетдилар. Ямома жангида ана шундай «тирик Қуръон»лардан бир неча нафари нобуд бўлди. Шунда Умар (розияллоҳу анҳу) Қуръонни китоб шаклига келтириш таклифи билан чиқиб, бу ишга ўзи бош бўлди. У киши ва Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳу) билан биргаликда Масжиди Набавийда одамлардан Қуръон битикларини йиғиштириб олишди. Қуръонга машғуллик яна бир поғона юқорилади. Битик қабул бўлиши учун унинг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳузурларида ёзилган бўлиши ва бунга икки кишининг гувоҳлик бериши шарт қилиб қўйилди. Кўчирма нусхалар инобатга олинмади. Саҳобаларнинг бир эмас, бир нечтаси ёддан билишига қарамай, Қуръони Каримни китоб шаклида келтиришда бундай оғир шартларни қўйишдан мақсад ўта эҳтиёткорлик, Қуръоннинг мутавотирлигини таъминлаш ва унинг ёзилиш суратини ҳам сақлаш эди. Тақрибан бир ярим йил деганда ваҳий котиби, сўнги набавий хатм шоҳиди Зайд (розияллоҳу анҳу) тарафидан дунёдаги биринчи Мусҳаф ёзиб битирилди.
Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)нинг замонида Рамазонда таровеҳ намозида Қуръонни хатм қилиш жорий қилинди. Ушбу хатмда ҳар ракъатда икки юз оятдан ўқишар эди. Саҳобалар бошлиқ жамоат узоқ тургандан баъзан ҳассага таяниб қолар эди.
Саҳобалар қаерга бормасинлар, барчага Қуръондан таълим берардилар. Улар ўзлари Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан бирор сура ва оятни қандай ўрганган бўлсалар, худди шу тарзда ўргатардилар. Қироатлар ўртасида баъзи ихтилофлар пайдо бўла бошлагач, халифа Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) раҳнамолигида Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳу) бошлиқ хаттотлар гуруҳи томонидан  илк Мусҳафдан бир неча нусха кўчирилди. Қироатлар Ислом оламининг марказий шаҳарларида ўша мусҳафлар асосида ўргатиладиган бўлди. Шу тариқа саҳобаи киромлар умматни Қуръон байроғи остида жамлашга муваффақ бўлдилар.
Хулоса қилиб айтганда, саҳобаларнинг барча ҳолатлари ўрнак бўлгани каби Қуръони Каримга бўлган муносабатларида ҳам қатор ибратлар бор:
1. Қуръони Каримга бўлган иймонлари. Ҳа, уларнинг бутун ҳаётларини ўзгартирган, барча фазилатларининг пойдевори бўлган асосий омил мана шудир. Аввало, улар Қуръони Каримга тақлидий, анъанавий тарзда иймон келтиришмаган, балки яхшилаб текшириб, ўрганиб кўргач, унинг илоҳий калом эканига кўнгиллари тамом таскин топгач, дилдан ишонганлар. Бунинг учун керакли барча текширув ва синов чораларини ишга солишган. Шу сабаб ва Қуръон кўз ўнгиларида нозил бўлгани боис уни тасдиқлаш учун ҳеч қандай илмий тадқиқот ва фанга доир мўъжизаларга эҳтиёж сезмаганлар. Улар учун Қуръоннинг илоҳийлиги кундек равшан, худди Ойу Қуёшнинг борлигидек оддий ҳақиқат эди. Шу боис  улар Қуръонга бутун вужудлари билан берилдилар ва зафар қучдилар. Қуръон амрларини бевосита Аллоҳ субҳонаҳудан олаётгандек қабул қилдилар ва шунинг учун уларга ҳеч иккиланмай, сусткашланмай амал қилдилар. Айтиш мумкинки, биз ҳам агар ўша саодат асрида яшаб, саҳобалар кўрган-билган ҳақиқатларни кўриб, улардек холис ёндаша олганимизда, биз ҳам улар келган хулосага келар эдик ва улардек амал қилишимиз ҳам мумкин эди.
Бизнинг Қуръонни ўрганиш, ўқиш ва унга амал қилишдаги лоқайдлигимизнинг асосий сабаби ‒ Қуръонга бўлган иймонимизнинг сустлиги, ёрқин эмаслигидадир. Қуръонга бўлган муносабатимиздаги чалкашликлар замоннинг зайли ё ўта ақлли бўлиб кетганимиздан ёки ишимиз кўплигидан эмас, балки унга бўлган иймонимиздаги нуқсон ва маърифатимиз пастлигидандир.
2. Саҳобалар Қуръон тиловатига ҳам алоҳида эътибор беришган. Айрим тоифалар «Қуръон дастуруламал, асосан амал қилиш учун туширилган», деган гапга шундай урғу беришадики, худди уни тиловат қилишдан манфаат йўқдек тушунчага олиб келади. Бу билан кишиларни Қуръон ўқишдан чалғитишади. Аслида эса  Қуръон тиловати унга амал қилишдан ташқари кўплаб хайру бараканинг маънавий асоси ҳисобланади.
3. Саҳобалар Қуръонни худди бевосита Аллоҳдан қабул қилаётгандек савияга эга бўлганларидан унинг барча амрларига сўзсиз бўйсунганлар ва бунда танглик туймаганлар.
4. Саҳобаларнинг Қуръони Каримни ўрганиш ва ўргатишда қўллаган, нубувват илмидан сизиб чиққан илмий манҳажлари, айниқса, Қуръонни китоб шаклида келтиришдаги илмий усуллари суннати мутоҳҳаранинг софлигини сақлашда муҳим роль ўйнади. Қуръонни асраш ва ўргатишдаги услублар ҳадис илмининг ривожига ҳам бевосита асос бўлди. Айни пайтда, бу илмий манҳаж саҳобаларнинг шахсиятларини очиқлаб, уларнинг Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва у Зотга нозил қилинган Қуръонга қанчалар ақлу мантиқ асосида иймон келтирганларига ишора қилади.
5. Қуръондан руҳланган, у билан зийнатланган ва қуролланган саҳобалар ер юзида тарихда мисли кўрилмаган тараққиёт босқичини бошлаб бердилар. Инсониятни икки дунё саодати томон етакладилар. Уларнинг асосий қуроллари Қуръон эди. Улар Қуръон билан нафас олиб, у билан яшардилар. Бир сўз билан айтганда, улар икки оёқда юрадиган тирик Қуръонлар эди. 
Уларнинг барчасига Аллоҳнинг мўл-кўл розилиги ва раҳмати бўлсин!

 


Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Ҳижрий 1437 йил, Рамазон ойи