A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам У Зотдан рози бўлдилар
PDF Босма E-mail

“Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам У Зотдан рози бўлдилар”

Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти Қуръони Каримнинг тўрт жойида такрор келади:

رضي الله عنهم ورضوا عنه

“Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам У Зотдан рози бўлдилар”.

  • Моида сураси, 119-оят;
  • Тавба сураси, 100-оят;
  • Мужодала сураси, 22-оят;
  • Баййина сураси, 8-оят.

Бу оят икки қисмдан ташкил топган:

Биринчиси, Аллоҳнинг бандадан розилиги. Бунга барчамиз ҳаракат қиламиз ва, ўйлайманки, бу қисм барчага тушунарли.

Иккинчиси, оятнинг “улар ҳам У Зотдан рози бўлдилар” иборасидир. Мен ана шунга эътиборингизни қаратмоқчиман.

Шу ерда савол пайдо бўлади: “Сиз Роббингиздан розимисиз?”

Бир оз мушкул савол, шундай эмасми?

Келинг, саволни шундай ўзгартирайлик: “Роббингиздан рози бўлишингиз қандай бўлишини биласизми?”

Аллоҳдан рози бўлиш бу – Аллоҳ сизга шу ҳаёти дунёда тақсимлаб қўйган нарсага, яхшиликка ҳам, ёмонликка ҳам таслим бўлиб, рози бўлишингиздир.

Аллоҳдан рози бўлиш бу – сизга бирор мусибат етса, Роббингиз сизга ана шу мусибат орқали яхшиликни ирода қилганига аниқ ишонишингиздир.

Аллоҳдан рози бўлиш бу – одамларга шикоят қилишдан тўхтаб, ишларингизни Аллоҳга топшириб, фақат Унгагина шикоят қилишингиздир.

Аллоҳдан рози бўлиш бу – сизга берганда ҳам, ман қилганда ҳам, сизни бой қилгандан ҳам, сиздан олиб қўйганда ҳам, соғ пайтингизда ҳам, касаллик пайтингизда ҳам – барча ҳолатларда Роббингиздан рози бўлишингиздир.

Атрофингизга назар солинг ва ўзингизга шундай савол беринг: сиз ўз шаклу шамойилингиз, куч-қудратингиз, аҳли оилангиз, жуфтингиздан розимисиз?

Буларнинг барини сизга Аллоҳ таоло ихтиёр қилиб берган.

Бу оятни тадаббур қилиш давомида эътибор қаратишимиз лозим бўлган бешта нуқта бор:

  1. Бирор сабаб ёки бошқа киши туфайли баъзан ғам-алам чекишимиз Аллоҳдан рози бўлишликка зид эмас. Чунки биз инсонмиз, бу дунё эса имтиҳон диёридир. Ушбу имтиҳонлардан ҳеч ким четда қолмайди. Ҳаттоки Аллоҳ бандаларининг энг афзали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўғиллари вафот қилганда йиғлаганлар.
  2. Сабр ва розилик ўртасида фарқ бор. Розилик сабрдан кўра устун даражадир. Сабр қилиш бу – сизга етган аламни кўтаришдир. Чунки сизнинг бунга қурбингиз етади ва сабрдан бошқа чорангиз ҳам йўқ. Розилик эса ана шу етган аламга шукр қилишингиздир.
  3. Аллоҳдан рози бўлиш жуда ҳам улуғ даража бўлиб, унга фақат қалби Аллоҳнинг муҳаббати билан тўлганлар эриша олади, холос. Атрофимизда шундай инсонлар борки, уларга бирор қийинчилик етганда фақатгина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзларини такрорлайдилар: “Аллоҳни Робб деб, Исломни дин деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни набий ва расул деб рози бўлдим”. Уларнинг иймонлари ва ишончлари нақадар гўзал!
  4. Аллоҳ таоло сизни бир мусибатга йўлиқтирса, албатта, бунинг сабабидан ё сизнинг гуноҳингизни кечириш, ё жаннатдаги даражангизни оширишни ихтиёр қилганига қатъий ишонинг. Шунда Роббингиздан рози бўласиз.
  5. Инсон агар Роббисидан рози бўлмаса, у бутун дунёни қўлга киритса ҳам, розилик ҳиссини туймайди. Ҳар нарсага ғазаб қилаверади ва машаққатли, бахтсиз ҳаёт кечиради.

Шунинг учун ҳам бу оятни тадаббур қилмоғимиз даркор.

Ҳаётингизда бир нарсадан маҳрум бўлсангиз, ўзингизга савол беринг, сиз Аллоҳдан розимисиз?

“Роббим, мен Сендан розиман, Сен ҳам мендан рози бўл!” деб кўп такрорланг.

Айтаётган сўзларингиз ва қилаётган ишларингизни кузатинг! Агар инсонларга шикоят қилишдан тўхтамай турган бўлсангиз, шуни билингки, сиз одамларнинг энг бахтсизи ва хатардагисисиз. Нафсингизни терганг!
Аллоҳга қанча яқин бўлсангиз, Унга муҳаббатингиз шунча ортиб боради. Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, Унинг қазо ва қадарини ҳам гўзал деб биласиз.

Хулоса қилиб айтсак, сизга етган барча яхши-ю ёмонликлар Аллоҳнинг амри ва тадбири билан бўлгандир. Мазкур ишда Аллоҳ сизга яхшиликни истагани учун сизни ихтиёр қилганини идрок қилсангиз, шундагина Аллоҳ сизга ёзган нарсага рози бўласиз, бу Аллоҳ томонидан экани сизни хурсанд қилади.

Еру осмоннинг тадбирини қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Ҳар қандай ҳолда ҳам, биз ёқтирган ва ёқтирмаган ҳолатлар учун ҳам Унинг Ўзига шукрлар айтамиз!

 

Араб тилидан Абу Абдулқодир таржимаси