A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари ҳақида
PDF Босма E-mail

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг исмлари Муҳаммад ибн Абдуллоҳ. «Аҳмад» деган исмлари ҳам бор. «Муҳаммад» Қуръони Каримнинг тўрт ерида келади. «Аҳмад» эса биргина ерида зикр қилинган.

Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) туғилганларининг еттинчи куни Абдулмутталиб муборак набираси номидан ўша пайтдаги арабларнинг одатига кўра қўчқор сўйиб, Қурайш улуғларини чақириб, зиёфат беради. Меҳмонлар зиёфат сўнгида: «Бу набирангнинг шарофати ила бизни жуда сийладинг, унга қандай исм қўйдинг?» деб сўрашади, у: «Муҳаммад деб исм қўйдим», дейди. Улар: «Ота-боболарингда бунақа исм йўқ-ку?» деб ажабланишганида, у: «Мен бу набирамнинг ерда ҳам, осмонда ҳам доимо мақталишини хоҳладим», деган жавобни беради».
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) туғилишларидан аввал, арабларда уч кишидан бошқасида бундай исм ила номланганлар йўқ эди, улар:
1.    Муҳаммад ибн Суфён ибн Мужашиъ
2.    Муҳаммад ибн Аҳайҳа ибн Жулаҳ Авсий
3.    Муҳаммад ибн Ҳамрон ибн Робиъа
«Муҳаммад» сўзи «ҳамд» сўзидан олинган бўлиб, кўп мақталган, раҳмат айтилган деганидир.

Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) «Муҳаммад» исмлари Қуръони Каримда тартиб бўйича илк бор  Оли Имрон  сурасининг 144-оятида келади:
«Муҳаммад ҳам бир Пайғамбар, холос. Ундан аввал ҳам пайғамбарлар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга қайтасизми?! Кимки орқасига қайтса, Аллоҳга ҳеч зарар келтира олмас. Ва Аллоҳ шукр қилувчиларни мукофотлар».
Уҳуд жангида камончилар ўз жойларини тарк этгач, мусулмонларнинг мушриклар қуршовига учраган қисми жуда оғир ҳолатга тушиб қоддилар. Шу пайт мушриклардан Ибн Қумайъа исмли одам зарб билан Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг бошларини ёрди ва мушриклар ҳузурига бориб: «Муҳаммадни ўлдирдим!!!» деб қичқирди. Жанг майдонида «Муҳаммад ўлибди, Расулуллоҳ ўлибди», деган гап яшин тезлигида тарқалди. Бу хабарни эшитган мусулмонларда бўшашиш ва заифлик пайдо бўлди. Улар тумтарақай бўлиб, дуч келган томонга қоча бошладилар. Фақат  Расулуллоҳ (алайҳиссолату вассалом)нинг оз сонли кишилар билан собит туришларигина катта фалокатнинг олдини олди. «Расуллуллоҳ ўлди», деган хабар мусулмонларни ҳаддан ташқари умидсизлантириб юборди. Ҳаттоки Умар ибн Хаттоб ва Толҳа ибн Убайдуллоҳ (розияллоҳу анҳумо) каби улкан саҳобийлар ҳам бу машъум хабардан кейин умидсиз бўлиб, бир гуруҳ муҳожир ва ансорийлар билан биргаликда жангни тўхтатиб, ўтириб қолишди. Ушбу оят мусулмонларнинг бу тасаввурлари нотўғри эканини баён қилиб, уларга ибратли дарс бермоқда:
«Муҳаммад ҳам бир Пайғамбар, холос».
Яъни, сизларга йўлбошчи бўлиб юрган Муҳаммад алайҳиссалом ҳам бошқа Пайғамбарлар каби бир Пайғамбардир, холос.
«Ундан аввал ҳам пайғамбарлар ўтган»
У ўша ўтган пайғамбарлар силсиласидан бир ҳалқадир. Аллоҳ Ўз динини бандаларига етказиш учун уларнинг ичидан Одам Атодан буён ҳар замон ва ҳар қавмнинг хусусиятларига қараб пайғамбарлар танлаб, уларга ваҳий юбориб турган. Инсоният тарихи давомида кўплаб пайғамбарлар келиб кетганлар.
«Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга қайтасизми?!»
Муҳаммаднинг ўлими сизларни Аллоҳнинг динидан қайтарадими?! Сиз эътиқод қилаётган дин Муҳаммаднинг дини эмас-ку! Балки Аллоҳнинг дини-ку! Аллоҳнинг динига хизмат қилиш учун қанчадан қанча пайғамбарлар келиб кетганлар. Ислом дини бир кишининг ҳаётига боғлиқ эмас. Балки у қиёмат қўпгунча қоладиган диндир. Агар бир кишининг, ҳатто Муҳаммад (алайҳиссалом) каби улкан ва комил инсоннинг ҳаётига боғлиқ бўладиган бўлса, унинг абадийлиги қолмас эди. Демак, унинг ўлими ҳақидаги хабарни эшитганингиздан сўнг тушкунликка тушиб, қочиб қолишингиз нотўғридир:
«Кимки орқасига қайтса, Аллоҳга ҳеч зарар келтира олмас».
Ҳаммангиз қайтиб кетсангиз ҳам, Аллоҳга ҳеч зарар етмайди. Балки  ким орқага қайтса, ўшанинг ўзи зарар тортади. Ислом дини Аллоҳ таоло томонидан бандаларга берилган улкан неъматдир. Кимки бу неъматга ҳидоят топса, икки дунёнинг бахтига муяссар бўлади.
«Ва Аллоҳ шукр қилувчиларни мукофотлар.»
Кимки Исломнинг улуғ неъмат эканини тушуниб етса, шукр қилса, яъни Исломни ўзига ҳаёт йўли қилиб олиб, Аллоҳга бу неъмат учун ҳамду сано айтса, Аллоҳ таоло унга мукофот беради.
Уҳуд ғазотида бўлиб ўтган бу ҳодиса ва унинг баёни бўлиб тушган ушбу оят орқали Аллоҳ таоло мусулмонларни пайғамбар (алайҳиссалом)нинг шахсларига ортиқча ёпишишдан қайтариб, асосий манбага қарашга одатлантиришни хоҳлаган. Мусулмонлар тўғридан-тўғри Аллоҳнинг Ўзига мурожаат қилишни ўргансинлар. Улар Аллоҳнинг олдида ўзларининг масъул эканликларини сезсинлар.
Шу билан бирга, бу ҳодиса ва оят Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг вафотларига тайёргарлик, мусулмонлар бошига бир куни шундай мусибат тушганда довдираб қолмасликлари учун дарс эди. Ҳақиқатан ҳам шундай бўлди. У киши вафот этганларида, ҳеч кимнинг ишонгиси келмади. Ҳатто Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) қиличларини чиқариб: «Ким Муҳаммад ўлди деса, бошини узаман», деб ҳовлида айланиб юрдилар. Фақат Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) бу ҳақиқатни тушуниб етдилар. Бу вақтда у киши шаҳардан ташқарига чиққан эдилар. Хабарни эшитиб, тезлаб келдилар. Ҳужраи Саодатга кириб, Пайғамбар (алайҳиссолату вассалом)ни ўпдилар-да:
«Тириклигингизда ҳам пок эдингиз, ўликлигингизда ҳам поксиз», – дедилар. Сўнгра  ташқарига чиқиб, баланд овоз билан: «Эй одамлар! Ким Муҳаммадга сиғинаётган бўлса, Муҳаммад вафот этди. Аммо ким Аллоҳга сиғинаётган бўлса, Аллоҳ тирик ва ўлмайди», дедилар ва ушбу ояти каримани тиловат қилдилар. Ана ўшандагина мусулмонлар ўзларига келиб, ҳушёр тортдилар.

Одинахон Муҳаммад Юсуф