A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
«Муҳаммад сизлардан бирон эркакнинг отаси бўлган эмас»
PDF Босма E-mail

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Ислом келишидан аввал Зайд ибн Ҳорисани кичиклигида ўғил қилиб олган эдилар. Жоҳилиятнинг урфи бўйича бир киши бола сақлаб олмоқчи бўлса, ҳаммага эълон қилар, унга ўз насабини берар эди. Натижада ораларида худди ҳақиқий ота-боланинг орасидаги муносабат вужудга келар эди. Шу урфга кўра, Зайдни ҳамма Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ўғиллари деб билар эди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Зайдга ўз аммаларининг қизи Зайнабни олиб берган эдилар. Зайд Зайнаб билан келиша олмай, уни талоқ қилди.
Вақти-соати келиб Аллоҳ таоло бу жоҳилий одатни, яъни бировнинг боласини менинг болам деб даъво қилиш одатини, бекор қилди.   Бу одатни йўқ қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Зайнабга уйланишлари орқали амалга ошди. Буни билдиришда  Аллоҳ таоло тўғридан-тўғри У Зотнинг «Муҳаммад» исмларини зикр қилади.  Шу билан Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг исмлари иккинчи марта  Аҳзоб  сурасининг 40-оятида келади:
«Муҳаммад сизлардан бирон эркакнинг отаси бўлган эмас. Лекин Аллоҳнинг Расули ва пайғамбарларнинг сўнггисидир. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчидир».
Эй одамлар, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Зайнабга уйлангани учун  Муҳаммад ўз ўғлининг хотинига уйланди, деб бўҳтон қилманглар. Чунки:
«Муҳаммад сизлардан бирон эркакнинг отаси бўлган эмас».
Жумладан, Зайнабни талоқ қилган Зайд ибн Ҳорисанинг ҳам отаси бўлган эмас. Зайднинг отаси Ҳориса ибн Шарҳабийлдир. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Зайд талоқ қилган Зайнабга Аллоҳнинг амри ила  жоҳилият ҳукмини ботил қилиш учун уйландилар. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) жоҳилият ҳукми бўйича Зайдни асраб олишлари ҳам Аллоҳ ирода этган ҳикмат ила шу одатни йўқ қилиш учун эди. Ҳеч қачон у Зотга Зайд ўғил бўлган эмас. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га ҳеч ким ўғил бўлган эмас. Ул Зот эса  ҳеч кимингизга ота бўлган эмас.
«Лекин Аллоҳнинг Расули ва пайғамбарларнинг сўнггисидир.»
Лекин Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳамма учун Аллоҳнинг юборган Расулидир. Ул Зот пайғамбарларнинг сўнггисидир, ундан кейин ҳеч бир Пайғамбар келмас.
«Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчидир».
Ана ўша ўта билиши асосида тасарруф қилади. Ушбу масалада ҳам ана ўша билими ила тасарруф қилди. Эҳтимол, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ўғил фарзандлари турмаганида ҳам ҳикмат бордир?! Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Хадича онамиздан Қосим, Тоййиб, Тоҳир исмли ўғиллар кўрганлар, аммо уларнинг ҳаммаси кичиклик пайтларида вафот этган. Марям Қибтиядан Иброҳим исмли фарзанд кўрганлар, у эмизикли пайтида вафот этган. Хадича онамиздан тўртта қизлари бўлган: Зайнаб, Руқия, Умму Кулсум ва Фотима онамиз. Улардан учтаси Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан олдин дунёдан ўтганлар. Фақат Фотима онамизгина у Зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан олти ой кейин вафот этганлар.
Пайғамбарларнинг сўнггиси бўлмиш Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га фарзанд бобида мазкур ҳолатнинг жорий қилиниши Аллоҳ таолонинг ҳикматидандир.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан сўнг Расул ҳам, Набий ҳам келмаслиги аниқ. Ким бунга хилоф эътиқод қилса, кофир бўлади.
Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг сўнгги Пайғамбар эканликларининг хабарини берган ушбу ояти каримани тасдиқловчи кўплаб ҳадиси шарифлар ҳам ворид бўлган.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал (раҳматуллоҳи алайҳи) Убай ибн Каъбдан, у киши ўз оталаридан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қуйидагиларни айтадилар:
«Менинг мисолим шуки, худди  бир одам гўзал ва мукаммал ҳовли-жой қуриб, ундан биргина ғиштни қўймай, ўрнини очиқ қолдирган, одамлар бинони айланиб кўриб, ундан ажабланишиб, сўнгра: «Агар мана шу ерга ҳам ғишт қўйилганида эди», дейдилар, мен пайғамбарлар ичида ўша жойга қўйилган ғиштман».
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Ирбоз ибн Сория (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
«Албатта, мен Аллоҳнинг наздида пайғамбарларнинг сўнггисидирман», деганлар.

Одинахон Муҳаммад Юсуф