A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Шоядки тақводор бўлсаларингиз (Йигирма иккинчи қисм)
Муаллиф:    02.08.2013 02:33    PDF Босма E-mail

Шоядки, тақводор бўлсаларингиз

Йигирма иккинчи қисм

«Эй, Набийнинг аёллари! Сизлар аёллардан бирортаси каби эмассиз. Агар тақво қилсангиз, майин сўз қилманг, яна  қалбида касали бор бўлган тамаъ қилиб юрмасин. Гапирганда яхши гапни гапиринглар». (Аҳзоб сураси, 32-оят)
Яъни  сизларнинг бошқа ҳамма аёллардан фарқларингиз бор. Сизлар Пайғамбарнинг хотинларисиз, мўминларнинг оналарисиз. Ҳамма мўминалар учун ўрнаксизлар.
Ҳа, сизлар аёллардан бирортаси каби эмассизлар. Бу мақомга эришишларингиз учун Пайғамбарга жуфти ҳалол бўлганингизнинг ўзи етмайди, тақво ҳам қилишларингиз керак.
«Агар тақво қилсангиз, майин сўз қилманг...»
Овозингизни майин, назокатли қилиб, эркак кишига таъсир этадиган ҳолатда гапирманг.
«...яна  қалбида касали бор бўлган тамаъ қилиб юрмасин.»
Мунофиқ ва иймони заифлар сизнинг майин овозингизни эшитиб, фисқу фужурни бошлаб қолмасинлар.
«Гапирганда яхши гапни гапиринглар.»
Амри маъруф бўладиган, кишиларни тақвога, яхшиликка чақирадиган гаплардан гапиринглар.


«Эсла, сен Аллоҳ неъмат берган ва сен ҳам неъмат берган шахсга: «Жуфтингни ўзинг ила тутиб тур ва Аллоҳга тақво қил», дер эдинг. Ва ичингда Аллоҳ ошкор қилгувчи бўлган нарсани махфий тутардинг ва одамлардан қўрқардинг, ҳолбуки, Аллоҳдан қўрқмоғинг ҳақлироқ эди. Қачонки Зайд ундан ўз ҳожатини адо этгач, Биз сени унга уйлантирдик. Токи, мўминларга ўз асранди болаларининг хотинларида, улардан ҳожатларини адо қилишгач, танглик бўлмасин деб. Ва Аллоҳнинг амри амал қилиниши лозим бўлгандир».
(Аҳзоб сураси, 37-оят)

 

«Жуфтингни ўзинг ила тутиб тур ва Аллоҳга тақво қил», дер эдинг».
Аввал айтиб ўтилганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари совчи бўлиб, ўртада туриб, Зайд ва Зайнаб икковларини никоҳлаб қўйган эдилар. Зайнаб розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аммалари Умайма бинти Абдулмуттолибнинг қизи эди. Унинг маҳрига ўн динору олтмиш дирҳам пул, бир рўмол, бир чойшаб, бир кўйлак, саксон мудд таом ва ўн мудд хурмо берилган эди. Муқотил ибн Ҳиббоннинг айтишича, бир йил ёки ундан сал кўпроқ бирга яшаганлар. Сўнгра Зайд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хотинидан шикоят қилиб кела бошлади. Ул Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам эса  унга: «Жуфтингни ўзинг ила тутиб тур ва Аллоҳга тақво қил», дер эдилар.

«Уларга ўз оталари, ўғиллари, ака-укалари, ака-укаларининг ўғиллари, опа-сингилларнинг ўғиллари, ўз аёллари ва қўллари остида мулк бўлган(қул)лари ҳақида гуноҳ йўқдир. (Эй, Пайғамбар аёллари,) Аллоҳга тақво қилинглар. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага шоҳид Зотдир».
(Аҳзоб сураси, 55-оят)

«Аллоҳга тақво қилинглар. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага шоҳид Зотдир», демоқда.
Бу ишларнинг барчасида тақво энг муҳим омил ҳисобланади. Агар тақво бўлмаса, парда иш бериши қийин. Бундай ишларда Аллоҳ ҳар бир нарсага шоҳид эканини доимо ҳис этиб турилмаса, парда қанча қалин бўлса ҳам, иш бериши қийин.
Ҳа, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилалари шунчалик эътиборга сазовордирлар. Ул Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарафлари худди шуни тақозо қилади. Нима учун умматлардан, мўмин-мусулмонлардан у кишига нисбатан бунчалик иззат-икром бўлмасин экан?!

«Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва тўғри сўз сўзланглар». (Аҳзоб сураси, 70-оят)
Ана шундагина мунофиқлар, иймони заифлар ва мишмишчиларнинг иғвосига учмайсиз. Аллоҳга тақво қилсангиз, Ундан доимо қўрқиб турсангиз, нафақат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга, балки бошқа бировга ҳам озор беришга ботина олмайсиз.
«...ва тўғри сўз сўзланглар.»
Сўзингиз доимо тўғри бўлсин, рост бўлсин, кучли бўлсин, мақсадни кўзлаган бўлсин.

Аллоҳ, аёлларимизга мўминлар оналарининг тақволари ила тақволанишларини насиб айлагин. Жуфтларимиз ва оила аъзоларимиз ила бўладиган муносабатларимизни ҳам тақво асосида бўлишига Ўзинг мададкор бўл. Бизларни тақво қилишга ва тўғри сўз сўзлашга муваффақ қилгин.

Янгиланди ( 30.06.2017 23:30 )