A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Шоядки тақводор бўлсаларингиз (Иккинчи қисм)
Муаллиф:    11.07.2013 04:46    PDF Босма E-mail

Шоядки, тақводор бўлсаларингиз

Иккинчи қисм

«Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, пайғамбарларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса, намозни қоим қилса, закот берса; Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга хосдир. Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир». (Бақара сураси, 177-оят)

«Сизларга қасос олишда ҳаёт бор. Эй, ақл эгалари! Шоядки, тақводор бўлсангиз». (Бақара сураси, 179-оят)
Демак, қасос олишда кишилар учун ҳаёт бор экан. Қасос қалбдаги нафратни қондириш эмас, балки олий мақсад – ҳаёт учун экан. Қасос олиш йўлга қўйилса, инсон ҳаётини сақлаб қолишда катта иш қилинган бўлади. Чунки  ҳар бир одам бошқа бировни ўлдирса, қасосига ўзининг ҳам ўлдирилишини билади ва ҳеч қачон одам ўлдиришга қўл урмайди. Бир кишининг ҳаётига қасд қилишлик, умуман, ҳаётга қасд қилиш билан баробардир. Жиноятчи бир кишининг ҳаётига қасд қилса, умуман, ҳаётга қасд қилган бўлади.
Қасос ҳукмини жорий этиш ҳам тақвонинг бир шартидир. Чунки  Аллоҳнинг амрини бажариш тақводандир.

 

«Сизларга, бирортангизга ўлим келганда, агар у бойлик қолдираётган бўлса, ота-онаси ва яқинларига тўғрилик билан васият қилиш тақводорларнинг бурчи сифатида фарз қилинди». (Бақара сураси, 180-оят) Демак, ўлим олдидан васият қилиш ҳам фарз экан. Тақвонинг бир шарти экан. Агар ўлаётган одам мол-мулк қолдирадиган бўлса, ўша молнинг кимга қанчаси берилишини васият қилмоғи лозим. Бу васият ота-она ва яқин кишиларга бўлади. Бу ояти карима мерос ҳақидаги оятдан аввал тушган, кейинчалик мерос ояти тушиб, васият қилмаса ҳам, ўлгандан қолган мол мерос сифатида яқин кишиларга бўлиб берилиши баён қилинди. Ўша оятда кимга қанча тегиши ҳам айтилди. Ота-она меросхўрлар қаторига кирдилар. Ушбу эътибордан, энди ўлим келган одам, отамга молимдан мунча берилсин, онамга бунча берилсин, деб васият қила олмайди. Шунингдек, мерос оятида ҳақлари баён қилинган бошқа яқинларига ҳам. Аммо мерос оятида зикр қилинганлардан бошқа кишиларга васият қилса бўлади. Бу эса  касб қилиб мол-дунё топган кишининг хайр-эҳсон қилишига, баъзи яқинларига силаи раҳм кўрсатишига, ижтимоий кафолатга риоя этишига шароит туғдиради. Бу йўл билан меросхўрнинг ҳақлари ҳам ҳимоя қилинган.


«Эй, иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсаларингиз».
(Бақара сураси, 183-оят) Бу ояти каримани ҳам Аллоҳ таоло:
«Шоядки, тақводор бўлсангиз», деб рўзадан кўзланган асосий мақсадни ҳам баён қилиб қўймоқда. Демак, рўза ҳам тақво йўлларидан биттаси экан. Рўза тутган шахс қалбида тақво руҳи уйғониши керак. Агар ким рўза тутса-ю, қалбида тақво ҳисси уйғонмаса, у одам ҳақиқий рўза тутмаган бўлади. Рўза ҳавои нафснинг ноўрин қўзғалишларини йўлга солишга, тўғрилашга, шаҳватни жиловлашга, қорин талабларини ҳам изга солишга хизмат қилади. Рўза нафс балосидан қутулиб, Аллоҳнинг тоатига холис ажраб чиқишга ёрдам беради. Кимки иймон ва эътиқод билан рўза тутса, Аллоҳ таоло ўша бандани «тақво» деб номланувчи, икки дунё саодатига элтувчи бахтга муяссар қилади.

«Сизларга рўза кечасида хотинларингизга яқинлик қилиш ҳалол қилинди. Улар сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз. Аллоҳ сизнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни билди, тавбангизни қабул этди ва сизларни афв этди. Энди уларга яқинлашаверинг ва Аллоҳ сизга ёзган нарсани талаб қилинг. Тонг пайтида оқ ип қора ипдан ажрагунча еб-ичаверинг. Сўнгра  рўзани кечасигача батамом қилинг. Масжидларда, эътикофдалигингизда уларга яқинлик қилманг. Булар Аллоҳнинг чегараларидир, унга яқинлашманг. Аллоҳ одамларга Ўз оятларини шундоқ баён этадир. Шоядки, тақво қилсалар».
(Бақара сураси, 187-оят)

«Аллоҳ одамларга Ўз оятларини шундоқ баён этадир. Шоядки, тақво қилсалар».
Эътибор берадиган бўлсак, рўза ҳақидаги оятлар тўпининг биринчисида ҳам тақвога урғу берилган эди. Энди ушбу тўпдаги охирги оятда ҳам тақвога урғу берилмоқда. Ҳа, рўзанинг сонсиз-саноқсиз фойдалари ичида унинг рўзадорда тақво ҳиссини мустаҳкамлаши биринчи ўринда туради.

«Сендан ҳилоллар ҳақида сўрарлар. Улар одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовидир, деб айт. Яхшилик уйларнинг орқасидан киришингизда эмас, лекин яхшилик ким тақводорлик қилса, шундадир. Ва уйларга эшикларидан киринг. Аллоҳга тақво қилинг. Шоядки, нажот топсангиз».
(Бақара сураси, 189-оят)

Ушбу ояти каримада зоҳиран гўё бир-бири ила боғлиқ бўлмаган икки масала ҳақида сўз юритилган. Биринчиси ҳилоллар, янги ойлар ҳақида бўлса, иккинчиси – уйларга эшикдан кириш ҳақида. Бу масалалар ҳақида ҳукм тушганининг ҳам ўзига яраша сабаблари бор, аввал ўша сабабларни тушунмагунча, оятнинг маъносини ҳам англаб етиш қийин бўлади.
Одамлар ҳилолларнинг нима учун яратилганини ўз воқеликларидан келиб чиқиб сўрадилар. Қуръони Карим ҳам уларнинг воқеликларига мослаб, саволга яраша жавоб тариқасидагина жавоб қилди:
«Улар одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовидир», дейиш билан кифояланди.
Имом Бухорий ва имом Муслимлар саҳиҳ китобларида Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, у киши:
Ансорийларда (мадийналик мусулмонларда) ҳаждан қайтиб келганда уйнинг эшигидан кирмаслик одати бор эди. Улардан бир киши ҳаждан қайтганда уйининг эшигидан кирибди. Бу иши унга айб қилгандек қаралишига сабаб бўлибди. Шунда: «Яхшилик уйларнинг орқасидан киришингизда эмас...» ояти тушди», деганлар.

«Ҳаром ойга ҳаром ой. Ҳаром қилинган нарсаларда қасос бор. Ким сизга душманлик қилса, сиз ҳам унга шунга ўхшаш душманлик қилинг. Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда  билингки, албатта, Аллоҳ тақводорлар биландир».
(Бақара сураси, 194-оят) Ояти каримадаги «Ашшаҳрулҳарому» деб келган таъбирни «ҳаром ой» деб таржима қилдик. «Ҳаром ой» дегани уруш ҳаром қилинган ой, деганидир. Аллоҳ таоло Ҳарами шариф ҳудудини тинчлик-омонлик макони қилиб қўйганидек, зулқаъда, муҳаррам ва ражаб ойларини тинчлик-омонлик замони қилиб қўйди. Ушбу ойларда уруш қилиб бўлмайди. Жоҳилият аҳли ҳам бу ҳукмга қаттиқ риоя қилар эдилар. Улар йил давомида турли баҳоналар топиб бир-бирлари билан қирпичоқ бўлиб урушсалар ҳам, (уруш) ҳаром қилинган ойлар келиб қолса, таққа тўхтаб қолар эдилар. Ҳатто ўша ойларда отаси ёки боласини ўлдирган одам олдидан ўтса ҳам, унга тегмасдилар. Аммо мушриклар Пайғамбар алайҳиссалом бошлиқ мусулмонлар Мадинаи Мунавварадан зулқаъда ойида уруш ҳаром қилинган ойда умрага келганларида, уларнинг йўлларини тўсдилар ва уруш қилмоқчи бўлдилар. Ушбу ояти карима уларнинг тараддудларига жавоб бўлиб келди.
«Ҳаром ойга ҳаром ой», яъни  ким уруш ҳаром қилган ойнинг ҳурматини бузса, унга бу ой берган ҳурматлар бекор қилинади. Агар у бу ойни ҳурмат қилмай уруш бошласа, унга қарши уруш қилинади.
«Ҳаром қилинган нарсаларда қасос бор», яъни  ҳаром қилинган нарсани ким қандай бузса, ўшанга яраша жазоси берилади, ундан қасос олинади.
Мусулмонларга қарши уруш очиб, ҳаром қилинган нарсани бузиб тажовузкорлик қилганлардан ўч олинади. Аммо  ўч олишда маълум чегара бўлиб, мусулмонлар ундан чиқмайдилар. Қилган душманлигига яраша жавоб қилинади, ошириб юборилмайди ёки камайтириб қўйилмайди:
«Ким сизга душманлик қилса, сиз ҳам унга ўхшаш душманлик қилинг».
Албатта, бу ишларни амалга ошириш қийин, айниқса, душманлик қилиб аччиқни чиқарган одам билан бўладиган муомалада. Шунинг учун ҳам  тақво зарур. Аллоҳдан қўрқадиганларгина бундай улкан ишни амалга оширишлари мумкин. Шунинг учун ҳам оятнинг охирида:
«Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда, билингки, албатта, Аллоҳ тақводорлар биландир», демокда.
Эътибор берадиган бўлсак, нафақат Аллоҳга ибодат қилганда ёки одамлар билан муомала қилганда, балки, душман билан уришаётганда ҳам тақво зарур экан. Аллоҳ таоло уруш ҳақидаги ояти каримани ҳам тақвога амр қилиш билан якунламоқда.

«Аллоҳ учун ҳаж ва умрани тугал адо этинг. Агар ушланиб қолсангиз, муяссар бўлганича қурбонлик қилинг. Қурбонлик ўз жойига етмагунча, сочингизни олдирманг. Сиздан ким бемор бўлса ёки бошида озор берувчи нарса бўлса, рўза тутиш ёки садақа бериш ёхуд қурбонлик сўйиш ила тўлов тўласин. Агар тинч бўлсангиз, ким умрадан ҳажгача ҳузур қилган бўлса, муяссар бўлган қурбонликни қилсин. Ким топмаса, уч кун ҳажда, етти кун қайтганингизда ҳаммаси ўн кун тўлиқ рўза тутсин. Бу аҳли Масжидул Ҳаромда яшамайдиганлар учундир. Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда  билингки, албатта, Аллоҳ иқоби шиддатли Зотдир».
(Бақара сураси, 196-оят)

«Ҳаж маълум ойлардир. Кимки уларда ўзига ҳажни фарз қилса, ҳажда шаҳвоний нарсалар, фисқ ва жанжал йўқдир. Нима яхшилик қилсангиз, Аллоҳ уни биладир. Озуқа олинг, энг яхши озуқа тақводир. Менга тақво қилинг, эй  ақл эгалари!». (Бақара сураси, 197-оят)

Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар, у киши:
«Яман аҳли ҳажга озуқа олмай келишар, биз таваккал қилувчилармиз, дейишар эди. Маккага келгандан сўнг одамлардан тиламчилик қилишга тушишарди», деганлар.
Бошқа бир ривоятда яманликлар: «Аллоҳнинг уйини ҳаж қиламиз-у, бизни оч қўярмиди», дейишар экан. Бу, албатта, ҳар бир нарсага тайёргарлик кўриб юришга буюрадиган Ислом таълимотига хилофдир. Ҳам  ҳажини Аллоҳга миннат қилишга киради. Шунинг учун ҳам  оятда Аллоҳ таоло ҳам руҳий, ҳам моддий озуқа билан озуқаланиб олишга амр қилмоқда:

«Озуқа олинг, энг яхши озуқа тақводир. Менга тақво қилинг, эй  ақл эгалари!»

«Аллоҳни саноқли кунларда эсланг. Бас, ким икки кундан кейин шошилиб, кетса, унга гуноҳ йўқ. Ким кечикиб қолса, унга гуноҳ йўқ. Тақво қилувчилар учун. Аллоҳга тақво қилинглар ва билингларки, сиз, албатта, Унга тўпланурсиз». (Бақара сураси, 203-оят)

«Аллоҳни саноқли кунларда эсланг». Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Саноқли кунларда Аллоҳни эсланг», дегани ташриқ кунларида фарз намозларидан кейин «Аллоҳу акбар», «Аллоҳу акбар», деб такбир айтинг, деганидир».
Аммо ҳажда бўлганда бундан мурод шайтонга тош отиш бўлади. Ҳар бир тошни отишдан олдин «Бисмиллаҳи, Аллоҳу акбар», дейди. Ҳар куни уч жойга еттитадан йигирма битта тош отади. Ҳайитдан кейинги икки кунда тош отиб, шошилиб Минодан кетса, гуноҳ бўлмайди.
«Бас, ким икки кундан кейин шошилиб кетса, унга гуноҳ йўқ.»
Агар ихтиёр қилиб, учинчи кунга қолиб, тош отса ҳам, гуноҳ йўқ:
«Ким кечикиб қолса, унга гуноҳ йўқ».
Кейин бошқа ибодатлар қатори ҳаж ҳам тақво жойи эканини, ҳаждаги тўпланиш қиёматдаги тўпланишни эслатиши зарурлигини зикр қилади:

«Агар унга, Аллоҳдан қўрққин, дейилса, уни кибру ҳавоси гуноҳга етаклар. Жаҳаннам унга етарлидир. У қандай ҳам ёмон ўрин-а?»
(Бақара сураси, 206-оят)

У мунофиққа ваъз-насиҳат қилсанг, қулоғига илмайди. Аллоҳни эслатсанг, кибр ила ўзини юқори тутади. Гуноҳи, хатоси ва камчиликлари билан гердаяди. Аллоҳдан уялмайди ҳам. Ҳолбуки, яқиндагина: «Қалбимдаги нарсага Аллоҳ гувоҳ», деб қасам ичаётган эди. Бунақа инсонга жаҳаннам етарли, кифоя қилади. Жаҳаннам қандай ҳам ёмон ўрин-а?!

«Куфр келтирганларга бу дунё ҳаёти зийнатланди ва улар иймон келтирганларни масхара қилурлар. Ва ҳолбуки, қиёмат куни тақво қилганлар улардан устундир. Аллоҳ кимни хоҳласа, беҳисоб ризқ берур». (Бақара сураси, 212-оят)

«Аёлларингиз экинзорларингиздир. Бас, экинзорингизга хоҳлаганингизча келинг. Ўзингиз учун (яхшилик) тақдим қилинг. Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда  билингки, албатта, Унга рўбарў келувчисиз. Мўминларга башорат бер». (Бақара сураси, 223-оят)

Эр-хотин орасидаги ҳассос ва нозик алоқа Қуръони Карим оятларида ўзига хос услуб билан тасвирланади. Аввалги оятлардан бирида эр-хотинни бир-бирига нисбатан кийим − либос деб таъриф қилинган эди. Бу оятда эса  аёллар экинзорга ўхшатиляпти. Экинзорга уруғ ташланса, ҳосил униб чиққанидек, аёлга эркакдан тушган уруғликдан фарзанд униб чиқишига ишоратан:
«Аёлларингиз экинзорларингиздир», дейилмоқда.
Модомики, улар экинзор эканлар, «Бас, экинзорингизга хоҳлаганингизча келинг».
Яъни  хоҳлаган вақтингизда, хоҳлаган ҳолатингизда жинсий яқинлик қилинг. Айни чоғда, мақсад, кўзланган ғоя эсингиздан чиқмасин:
«Ўзингиз учун (яхшилик) тақдим қилинг».
Аллоҳдан қўрқиш, унга тақво қилиш ёдингиздан кўтарилмасин.
«Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда  билингки, албатта, Унга рўбарў келувчисиз».
Демак, эҳтиёт ва ҳушёр бўлиш керак. Оятнинг охирида Аллоҳга рўбарў келганда мўминларга яхшилик бўлишини таъкидлаб:
«Ва мўминларга башорат бер», дейиляпти.

«Аллоҳга ичган қасамларингизни яхшилик қилиш, тақво қилиш ва одамлар орасини ислоҳ этишингизга тўсиқ қилманг. Аллоҳ эшитувчи, билувчи Зотдир».
(Бақара сураси, 224-оят)

Ушбу оятнинг тафсирида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ва бошқа азизлар:
«Қасамингни яхшилик қилишингга тўсиқ қилма, қасамингнинг каффоратини бергин-да, яхшилик қилавер», деганлар.
Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким қасам ичса ва қасам ичган нарсасидан яхшироқ ишни курса, қасамига каффорат бериб, яхши ишни қилаверсин», деганлар.

«Хотинларни талоқ қилганингизда, муддатлари охирига етганда, уларни яхшилик билан ушлаб қолинг ёки яхшилик билан қўйворинг. Уларни тажовуз учун, зарар етказиш юзасидан ушлаб турманг. Ким ўшандоқ қилса, шубҳасиз, ўзига зулм қилади. Аллоҳнинг оятларини ҳазил билманг. Аллоҳнинг сизга берган неъматини ва ваъз этиб туширган китоби ва ҳикматини эсда тутинг. Аллоҳга тақво қилинг ва билингки, албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир».
(Бақара сураси, 231-оят)

«Ким эмизишни батамом қилишни ирода қилса, оналар фарзандларни тўлиқ икки йил эмизурлар. Уларни яхшилаб едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир. Ҳеч бир жонга имконидан ташқари таклиф бўлмас. Она ҳам, ота ҳам боласи сабабидан зарар тортмасин. Меросхўрга ҳам худди шундоқ. Агар ўзаро рози бўлиб, сутдан ажратишни ирода қилсалар, икковларига гуноҳ бўлмас. Агар фарзандларингизга эмизувчи талаб қилишни ирода қилсангиз, берадиганингизни яхшилик билан аввалдан топширсангиз, гуноҳ бўлмас. Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда билингки, Аллоҳ қилаётганингизни, албатта, кўриб турувчидир». (Бақара сураси, 233-оят)

«Агар уларга қўл тегизмай талоқ қилсангиз ва маҳрни аниқлаб қўйган бўлсангиз, аниқланганнинг ярмини берасиз, магар аёл ёки никоҳ тугуни қўлида бўлган киши афв қилса, бермайсиз. Ва афв қилишингиз тақвога яқиндир. Орангиздаги фазилатни унутманг. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчи Зотдир».
(Бақара сураси, 237-оят)

Демак, духулдан олдин, маҳри аниқ келишилган ҳодда талоқ қилинса, келинга келишилган маҳрнинг ярми берилади:
«Магар аёл ёки никоҳ тугуни қўлида бўлган киши афв қилса, бермайсиз».
Яъни  талоқ қилинган аёл, мен ўз ҳаққим бўлган маҳрнинг ярмини олмайман, деса ёки келиннинг ўрнига валийси (уни Қуръони Карим: никоҳ тугуни қўлида бўлган киши, деб атамоқда) афв этса, куёв маҳрнинг ярмини бермай қўйса ҳам бўлаверади. Мусулмонлар доимо қўлидан келганда афв қилишни ўзларига лозим тутсалар, яхши бўлади. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло уларга:
«Ва афв қилишингиз тақвога яқиндир», демоқда. 

«Талоқ қилинган аёлларга фойда бериш тақводорлар бурчидир».
(Бақара сураси, 241-оят)

Ушбу ояти каримага биноан, барча талоқ қилинган аёлларга – духулдан аввалми ёки кейинми, маҳри аниқланганми ёки аниқланмаганми – моддий фойда бериш керак. Бу иш талоқдек кўнгилсиз ишдан кейин аёлларнинг кўнглини кўтариш, уларга яна бир бор ҳурмат билдиришдир. Ояти карима бу молиявий муомалани ҳам тақвога боғлаётгани эътиборга сазовордир.

Ё Аллоҳ! Биз Сенга, охират кунига, фаришталарингга, китобларингга, пайғамбарларингга иймон келтирдик. Бизларни ўзимиз яхши кўрган моллардан қариндошларга, етимларга, мискинларга, йўқсил йўлчиларга, тиланчиларга берувчилардан қилгин! Бизларни  намозни қоим қилишда, закот беришда бардавом қилгин! Бизларни аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилардан, камбағаллик, қийинчилик пайтларида сабр қилувчилардан эт! Бизларни амалда содиқлардан ва тақводорлардан қил!  
Эй  Аллоҳ! Бизларни чин ақл эгаларидан қилки, тақво қилайлик! Ҳаттоки, ҳаётимизнинг охирги лаҳзалари – васият қилар чоғимизда ҳам тақво йўлини тутишни бизга насиб эт!
Ё Аллоҳ! Муборак Рамазон ойида турибмиз. Бизга фарз қилган рўзангни тутар эканмиз, Ўзинг айтганингдек, тақво касб қилишга бизларни муваффақ қил!
Аллоҳим! Жуфти ҳалолларимиз билан бир-бирларимиз учун Сен ирода қилгандек «либос» бўлайлик! Бизларга солиҳ зурриётлар бергин! Бизларни чегараларингни риоя қиладиганлардан айла, токи тақво эгаларидан бўлайлик!
«Лекин яхшилик ким тақводорлик қилса, шундадир», дединг, Бизларга тақво берки, яхшилик ва нажотга эришайлик!
Сен тақводорлар билан экансан, бизларни тақводорлардан қилгин!
Аллоҳим! Сенга тақво қиламиз, бизларни  шиддатли иқобингдан асра!
Илоҳим! Тақвони энг яхши озуқамиз қил! Сенга тақво қилиш билан ақл эгаларидан бўлишга бизларга тавфиқ бер!
Ҳузурингга тўпланар эканмиз, бизларни Сенга тақво қилганлар сафида тирилтир!
Эй Аллоҳ! Бизларни «Аллоҳдан қўрқ» дейилса, кибру ҳавоси гуноҳга етаклайдиган гумроҳлардан қилиб қўйма!
Илоҳим! Бизларни қиёмат куни дунёпарастлардан юқори қўйиладиган тақводорлардан қил!
«Аллоҳга тақво қилинг ҳамда  билингки, албатта, Унга рўбарў келувчисиз. Мўминларга башорат бер» демишсан, ваъданг ҳақ, ваъданг ҳақ!
Аллоҳим! Қасамхўрлик қилиб тақвойимизга путур етиказиб қўйишмиздан асра!
Парвардигоро! Тақдиринг тақозоси ила жуфти ҳалоллариздан ажрашишга тўғри келиб қолса, уларга ёмонлик, тажовуз қилиб қўйишдан бизни асра! Бизларни ўзига ўзи зулм қилувчилардан оятларингни ҳазил биладиганлардан қилма. Берган неъматларингни, ваъз ўлароқ туширган Китобинг ва ҳикматингни эсда тутувчилардан қил! Эй ҳар бир нарсани билиб турувчи Аллоҳ, бизларга тақво насиб эт!
Эй амалларимизни кўриб турувчи Аллоҳ, бизларга тақво насиб эт!
Кечиримлилик тақвога яқин экан, бизларни кечиримли қил!
«Талоқ қилинган аёлларга фойда бериш тақводорлар бурчидир», дебсан, тақводорлик бурчимизни адо этишга бизларни Ўзинг маваффақ қил!

Янгиланди ( 03.07.2017 17:24 )