A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
004. Нисо сураси
PDF Босма E-mail

1-оят. «(Вояга етганларидан кейин қўл остингиздаги) етимларга молларини берингиз ва (етимларнинг сизлар учун) нопок бўлган (молларини ўзингизнинг ҳаққингиз бўлган) пок нарсага алмаштириб олмангиз! Ва уларнинг молларини ўзингизнинг молларингизга қўшиб емангиз! Зеро, бу катта гуноҳ бўлган ишдир».
Муқотил ва Калбий айтади: «Бу оят Ғатафон қабиласидан бир киши ҳақида нозил бўлган. Унинг устида бир етим бор эди. Акасининг ўғли бўлиб, моли кўп эди. Етим балоғатга етгач, молини амакисидан талаб қилди. У эса бермади. Улар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га боришганида ушбу оят нозил бўлди. Амакиси бу оятни эшитиб: «Аллоҳ ва Пайғамбарига итоат этдик. Гуноҳ иш қилиб қўйишдан Аллоҳдан паноҳ сўрайман», деди-да, унинг молини қайтариб берди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ким нафсининг бахиллигидан сақланса ва мана шундай қилиб уни қайтарса, у одам ҳовлисига (яъни  жаннатига) кирибди», дедилар. Одамлар: «Эй Расулуллоҳ, ажр собит бўлишини биламиз, лекин қандай қилиб масъулият юки қолади? У Аллоҳ йўлида инфоқ қилди-ку», дейишди. У киши: «Ажр собит бўлгани йигит учундир, масъулият юки қолгани отаси бўйнигадир», дедилар.

3-оят. «Агар етим қизларга адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, сизлар учун (никоҳи) ҳалол бўлган аёлларга иккита, учта, тўрттадан уйланаверинглар. Энди агар (улар орасида) адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, бир аёлга (уйланинг) ёки қўл остингиздаги чўри билан (кифояланинг). Мана шу жабру зулмга ўтиб кетмаслигингизга яқинроқ ишдир».
Оиша (розияллоҳу анҳу) айтади: «Бу оят ҳақида: «Бир кишининг қарамоғида етим қиз бор эди. Унинг валийси эди. У етим қизнинг моли бор эди. Унинг ёнини оладиган ҳеч кими йўқ эди. У эса унинг моли қўлдан чиқмаслиги учун у қизни эрга ҳам бермасди ва ўзи унга ёмон муомала қиларди. Шунда Аллоҳ таоло: «Агар етим қизларга адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, сизлар учун (никоҳи) ҳалол бўлган аёлларга иккита, учта, тўрттадан уйланаверинглар....» оятини нозил қилди.

6-оят. «Етимларни то балоғат ёшига етгунларича имтиҳон қилиб текшириб туринглар. Агар уларнинг эс-ҳушлари жойида эканини кўрсангиз, молларини ўзларига топширинглар. У молларни исроф қилиб ва (эгалари) катта бўлиб қолмасин, деб шошилиб еб қўйманглар. (Етимни оталиққа олган) киши агар бой бўлса, (етимнинг молидан) парҳез қилсин, камбағал бўлса, яхшилик билан (яъни  қилган хизматига яраша) олиб есин. Мол-мулкларини ўзларига қайтарганингизда эса гувоҳ келтиринглар. Аллоҳнинг ўзи етарли ҳисоб-китоб қилгувчидир».
Бу оят Собит ибн Рифоъа ва унинг амакиси ҳақида нозил бўлган. Рифоъа ўлиб ўғли Собитни сағир ҳолида қолдириб кетди. Шунда Собитнинг амакиси Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га бериб: «Акамнинг ўғли менинг қарамоғимда етимдир. Унинг молидан нималар ҳалол бўлади ва молини қачон қайтараман?» − деб сўраганида Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.

7-оят. «Эркаклар учун ота-оналар ва қариндош-уруғлари қолдириб кетган нарсадан – меросдан улуш бордир. Аёллар учун ҳам ота-оналар ва қариндош-уруғлари қолдириб кетган нарсадан – мерос бордир. Бу улушлар озми-кўплигидан (қатъи  назар) фарз қилинган ҳақлардандир».
Муфассирлар айтади: «Авс бин Собит ал Ансорий вафот этиб Умму Кажжа исмли хотини қолиб кетди. Унинг Авсдан уч қизи бор эди. Маййитнинг амакисининг Сувайд ва Урфажа исмли икки ўғли бор эди. Улар ўликнинг васийлари бўлиб, маййитнинг мол-мулкига эга чиқиб хотин ва қизларига ҳеч нарса бермади. Одамлар жоҳилиятда аёллар ва ёш болаларга мерос беришмасди, гарчи ўғил бола бўлса ҳам. Катта ёшли эркакларга қолдиришарди. От устида жанг қила оладиган ва ўлжани қўлга кирита оладиган кишиларга бериларди. Шунда Умму Кажжа Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га бориб: «Эй Расулуллоҳ, Авс ибн Собит ўлди. Менга қизларни қолдириб кетди. Мен аёл кишиман, уларни боқишга ҳеч нарсам йўқ. Оталари кўпгина мол ташлаб кетган. Лекин У Сувайд ва Улфажанинг қўлида қолди. Менга ҳам болаларимга ҳам ҳеч нарса бермадилар. Моллар менинг олдимда-ю, лекин менга на бирор егулик, на ичгулик беришмаяпти, болаларга ҳам қарашмаяпти», деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уларни чақириб келдилар. Улар: «Эй Расулуллоҳ, бу аёлнинг болалари от минолмайди, оғир иш қилолмайди, душманни енголмайди», дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Қайтиб Аллоҳ менга сизлар ҳақингизда бирон нарса билдирмагунча кутинглар», дедилар. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.

10-оят. «Етимларнинг молларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар ҳеч шак-шубҳасиз, қоринларига оловни еган бўлурлар. Ва албатта, дўзахга киражаклар!
Муқотил ибн Ҳайён айтади: «Бу оят Ғатафон қабиласидан Марсад ибн Зайд ҳақида нозил бўлган. Акасининг ўғли унинг қўлига етим қолган эди. Унинг мол-мулкига у валий эга бўлиб олди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди».

11-оят. «Аллоҳ фарзандларингизга (тегишли мерос) ҳақида бир ўғил учун икки қиз улуши баробарида мерос беришни амр қилур. Агар (меросхўрлар) иккидан ортиқ қиз бўлса, уларга (ота-она) қолдирган нарсанинг учдан иккиси, агар якка қиз бўлса, унга (мероснинг) ярми тегур. Агар (марҳумнинг) фарзанди (ва ота-онаси қолган) бўлса, қолдирган меросдан ота-онасининг ҳар бирига олтидан бири тегур (қолгани фарзандига қолур). Энди агар фарзанди бўлмай, фақат ота-онаси унга меросхўр бўлса, у ҳолда онасига учдан бир тегур (қолгани отасига қолади). Агар унинг ака-укалари бўлса, онасига олтидан бир тегур. (Қолган қисми отасига тегади, зеро марҳумнинг ака-укаларини едириб кийдириш ва уйлаб-жойлаш отанинг зиммасидадир. Бу тақсимотлар хотинларингиз) қилган васият ва қарзлари адо этилганидан кейин бўлур. Ота-оналарингиз ва фарзандларингизнинг қайси бирлари сизлар учун фойдаси тегувчироқ эканини билмайсизлар. (Бинобарин, ўзингизга қолса, мерос тақсимотини ҳам адолат билан ҳал қила олмайсиз. Шу боисдан кимга қанча мерос тегиши) Аллоҳ томонидан қатъий фарз қилиб қўйилди. Албатта, Аллоҳ билим ва ҳикмат Эгаси бўлган Зотдир.
Жобир (розияллоҳу анҳу) айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва Абу Бакр Бани Салама маҳалласига пиёда юриб мени кўргани келганларида мен ҳушсиз эдим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) таҳорат қилиб, таҳорат сувидан менга сепганларида ўзимга келдим ва: «Эй Расулуллоҳ, мол-мулкимни қандай қиламан?» − дедим. Шунда ушбу оят нозил бўлди». Бухорий ва Муслим ривояти.
Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) айтади: «Бир аёл икки қизини олиб келиб: «Эй Расулуллоҳ, булар Собит ибн Қайснинг қизлари (ёки Саъд ибн Робиъ). У Уҳудда ўлдирилган. Қизларнинг амакиси уларнинг моли ва меросига эга чиқди. Қизга ҳеч нарса бермади. Шунга нима дейсиз? Аллоҳга қасамки, уларнинг мол-мулклари бўлсагина, эрга тегишлари мумкин», деди. Шунда «Нисо» сураси ва ушбу оятлар нозил бўлди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) менга «Аёл ва ҳамроҳларини чақириб кел», дедилар. Қизларнинг амакисига: «Иккала қизга мероснинг учдан икки қисмини бер, онасига саккиздан бирини бер, қолгани сенга», дедилар.

19-оят. «Эй мўминлар, сизлар учун хотинларни мажбурий ҳолда мерос қилиб олиш дуруст эмасдир. Ва (агар бирга яшаш ниятингиз бўлмаса), берган маҳрларингизнинг бир қисмини қайтариб олиш учун хотинларингизни (бошқа эрга тегишдан) тўсиб туриб олманглар! Магар улар очиқ бузуқлик қилсалар (у ҳолда берган маҳрингизни қайтариб олшингиз мумкин). Улар билан хушмуомала бўлиб, тинч-тотув яшанглар. Агар уларни ёмон кўрсангизлар ҳам, (сабр қилиб иноқ ҳолда яшайверинглар). Зеро, сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ кўп яхшиликларни қилиб қўйган бўлиши мумкин».
Ибни Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: «Бир киши ўлса, қариндошлари унинг хотинига ҳақли бўлишарди. Бирортаси хоҳласа, унга уйланарди, хоҳлашмаса, беришмасди. Улар ўша аёлга ўзининг аҳлидан кўра ҳақлироқ бўлишарди. Ушбу оят шу ҳақда нозил бўлган». Имом Бухорий ривояти.
Муфассирлар айтади: «Жоҳилиятда ва Исломнинг аввалида Мадина аҳллари бир киши ўлиб, хотини қолса, унинг бошқа хотинидан бўлган ўғли ёки бирон қариндоши келиб кийимини бева қолган аёлнинг устига ташларди. Энди ўша киши бу хотинга ҳаммадан кўра, ҳатто ўша аёлнинг ўзидан ҳам кўра ҳақлироқ бўларди. Агар унга уйланишни хоҳласа, ҳеч қандай маҳрсиз уйланаверарди. Ўлган эрининг маҳри кифоя қиларди. Хоҳласа, уни бошқа эрга бериб, маҳрини ўзи олар ва аёлга бермасди. Хоҳласа, аёлга эридан қолган меросни тортиб олиш учун унга ҳам ўзи уйланмай, бировга ҳам бермай қийнар, меросни беришга мажбурларди. Ўша аёл ўлиб мерос бунга қоларди. Абу Қайс ибн Аслат Ал Ансорий ўлиб хотини Кабиша бинти Маън Ал Ансория қолиб кетди. Шунда унинг бошқа хотинларидан бўлган ўғли Ҳисн (Муқотил унинг исми Қайс ибн Абу Қайс дейди) кийимини аёлнинг устига ташлаб никоҳини мерос олди. Кейин эса унга яқинлашмади ҳам, ейиш-ичишига ҳам қарамади. Мол-мулкини олиш учун унга азоб берди. Кабиша Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳузурларига бориб: «Эй Расулуллоҳ, Абу Қайс ўлиб, ўғли никоҳимни мерос олди. Кейин эса олдимга кирмади ҳам, инфоқ ҳам қилмади. Йўлимни очиб ҳам қўймади. Менга зарар бериб, жуда қийнаб юборди», деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Сен ҳақингда Аллоҳнинг буйруғи келгунича уйингда ўтиргин», дедилар. У қайтиб кетди. Буни Мадина аёллари эшитиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га бориб: «Биз ҳам Кабишанинг аҳволидекмиз, лекин бизни болалар эмас, балки амакининг болалари мерос олишган», дейишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.

22-оят. «Оталарингиз уйланган хотинларни никоҳингизга олманг! Магар илгари ўтган бўлса, (Ислом динига киришдан аввал уйланган бўлсангиз, Аллоҳ афв этар). Албатта, бу хунук ва жирканч бўлган ёмон қилиқдир».
Ҳисн ибн Абу Қайс   отасининг хотини Кабиша бинти Маънга уйланганди. Асвад ибн Халаф, Саффон ибн Умайя ибн Халаф ҳам отасининг хотини Фохита бинти Асвад ибн Муттолибга, Мансур ибн Мозан отасининг хотини Малика бинти Хорижага уйланганди. Бу оят шулар ҳақида нозил бўлган.
Ашъас ибн Сивар айтади: «Ансорларнинг солиҳларидан бўлган Абу Қайс ўлиб, ўғли Қайснинг хотинини никоҳига олмоқчи бўлди. У: «Мен сени ўғлим деб ҳисоблайман. Лекин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ҳукм сўрайман», деб шундай қилди. Шунда ушбу оят нозил бўлди.

24-оят. «Яна эрлик аёллар (ҳам ҳаром қилинди). Магар сизлар (уруш-жангларда) эга бўлган чўриларингиз ҳалолдир. (Юқоридаги оятларда санаб ўтилган аёлларга уйланиш сизлар учун ҳаром қилингани хусусидаги бу ҳукмларни) Аллоҳ зиммангизга фарз қилиб қўйди. Мана шулардан бошқа аёлларга ўзларингизни (ҳаромдан) сақлаган, зино қилувчи бўлмаган ҳолингизда молларингизни (маҳр қилиб бериш) билан уйланишга ҳаракат қилиш сизлар учун ҳалол қилинди. Улардан никоҳ орқали фойдаланишларингиз билан уларга белгиланган маҳрни берингиз! Маҳр белгиланганидан кейин ўзаро келишиб олган нарсаларингизда (яъни маҳрларнинг миқдорини ўзгартиришларингизда ёки хотинларингиз ўз ихтиёрлари билан ҳаққи маҳрларидан кечиб юборишларида) сизлар учун гуноҳ йўқдир. Албатта, Аллоҳ билим ва ҳикмат Эгаси бўлган Зотдир».
Абу Саид (розияллоҳу анҳу) айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Автос аҳли аёлларини асир қилиб олгач, биз: «Эй Расулуллоҳ, аёлларга қандай яқинлашамиз. Уларнинг насабларию, эрларини биламиз-ку», дедик. Шунда ушбу оят нозил бўлди.
Абу Саид Худрий айтади: «Ҳунайн кунида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Автосга қўшин юбордилар. Улар душманни енгиб, асиралар олиб келишди. Уларнинг мушрик эрлари бўлгани учун асҳоблар уларга яқинлашишга хижил бўлиб, кариҳ кўрдилар. Шунда ушбу оят нозил бўлди».

32-оят. «Аллоҳ бирон неъмат билан бирингизни бирингиздан ортиқ қилиб қўйган бўлса, сизлар уни (ҳасад-адоват билан) орзу қилманг! Эркаклар учун ҳам қилган меҳнатларидан насиба бордир. Сизлар (бировларга берилган неъматларга кўз олайтириш ўрнига) Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан (файзу-барака, ризқу рўз) сўранглар. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчи бўлган Зотдир».
Мужоҳид айтади: «Умму Салама: «Эй Расулуллоҳ, эркаклар ғазот қилишади, биз қилмаймизми? Бизга мероснинг ярми бўладими?» деб сўраганида Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
Икрима айтади: «Аёллар жиҳод қилишни сўраб: «Аллоҳ бизга ҳам ғазот қилишни буюришини хоҳлардик. Шунда эркаклар олаётган савобга биз ҳам эга бўлардик», дейишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
Қутода ва Саддий айтади: «(Меросдан) эркакка иккита аёлнинг улуши берилади...», ояти нозил бўлгач, эркаклар биз меросда аёллардан кўра кўпроқ улушга эга бўлганимиздек, охиратдаги ажр-савобларга ҳам аёллардан ортиқ бўлиб уларнинг иккитасининг савоби берилишини орзу қиламиз», дейишди. Аёллар эса: «Биз дунёда эркакларнинг ярим улушича меросга эга бўлганимиздек, охиратда ҳам эркакларнинг гуноҳларининг ярми бизга бўлишини умид қиламиз», дедилар. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.

33-оят. «Биз ҳар бир (инсон) учун ота-она ва қариндошлар қолдириб кетган меросдан (барҳаманд бўлгувчи) меросхўрлар қилиб қўйдик. Кимлар билан (бир-бирларингизга меросхўр бўлиш ҳақида) аҳд-паймон қилган бўлсангиз, бас, уларга ўз ҳиссаларини берингиз! Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсага гувоҳ бўлган Зотдир».
Саид ибн Мусайб айтади: «Бу оят бола асраб олиб уларни ўз номига ўтказадиган, меросхўр қилиб оладиганлар ҳақида нозил бўлган. Аллоҳ бундай болаларга фақат васият қилиб улуш қолдиришга, меросни эса қариндош ва ўз болаларига тегишини буюради. Бола асраб олган ва ўзганинг боласини меники деб даъво қилган кишининг меросини уларга бўлишини инкор этади. Ҳар бир кишига васият қилиб улуш ажратишни жоиз қилади.

34-оят. «Эркаклар хотинлари устида раҳбардирлар. Бунга сабаб Аллоҳ уларнинг бировларини бировларидан (яъни эркакларин аёллардан) ортиқ қилгани ва эркаклар (хотинлари ва оилалари учун) ўз мол-мулкларидан сарф-харажат қилганларидир. Бас, ибодат-итоатли ва (эрлари) йўқлигида Аллоҳнинг ҳифзу ҳимояти билан (эрларининг мол-мулкларини ва ўз иффатларини) сақловчи хотинлар – яхши хотинлардир. Хотинларингизнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало, уларга панд-насиҳат қилинглар, сўнг (насиҳатларинг кор қилмаса), уларни ётоқда тарк қилингиз (улар билан бир жойда ётманг, яқинлашманг), сўнгра (яъни  шунда ҳам сизларга бўйсунмасалар), уринглар! Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманглар. Албатта, Аллоҳ энг Юксак ва Буюк бўлган Зотдир».
Муқотил айтади: «Бу оят Саъд ибн Робиъ ҳақида нозил бўлган. У рашкчи эди. Хотини Хубайба бинти Зайд ибн Абу Ҳурайра бўлиб, иккаласи ҳам ансорлардан эди. У эрига бўйсунмади, эри урди. Отаси қизини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га олиб келди ва: «Саъдга қизимни ёстиқдош қилган эдим, уни урди», деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Эридан қасосини олсин», дедилар. Аёл отаси билан қасос олиш учун кетди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Қайтинглар, менга Жаброил (алайҳиссалом) келди», дедилар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Биз бир ишни хоҳлагандик, Аллоҳ бошқа ишни хоҳлади. Аллоҳнинг хоҳлагани яхшироқдир», − дедилар ва қасос олишдан қайтардилар.
Шуҳаний айтади: «Бир киши хотинини урди. У Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га шикоят қилди. Аҳли ҳам у билан бирга бориб: «Эй Расулуллоҳ, фалончи қизимизни урибди», деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): Қасос, Қасос, дея бошладилар. Бу иш амалга ошмаган ҳам эдики, ушбу оят нозил бўлди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Биз бир ишни хоҳлагандик, Аллоҳни бошқасини хоҳлади», » дедилар.

37-оят. «Албатта, Аллоҳ ўзлари бахиллик қиладиган ва ўзга одамларни ҳам бахилликка чақирадиган ҳамда Аллоҳ фазли карамидан берган неъматларни яширадиган мутакаббир ва мақтанчоқ бўлган кимсаларни севмайди. Биз бундай кофирлар учун хор қилгувчи азобни тайёрлаб қўйганмиз».
Ансор муфассирлар айтади: «Бу оят яҳудлар ҳақида нозил бўлган. Улар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг сифатларини яшириб, одамларга баён қилмадилар. Ваҳоланки, ўз китобларида ёзилганини билишарди.
Калбий айтади: «Улар яҳудлардир. Олдиларига сўраб келган кишиларга китобларида ёзилган Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг сифатларини рост айтишдан бахиллик қилдилар.
Мужоҳид айтади: «...Аллоҳ уларни яхши билгувчидир», оятигача ушбу учта оят яҳудлар ҳақидадир.
Ибни Аббос, Ибни Зайдлар айтишади: «Бу оят яҳудлардан бир жамоат ҳақида нозил бўлган. Улар ансорлар билан аралашиб юриб, уларга насиҳат қилишарди: «Молларингни инфоқ қилманглар, камбағал бўлиб қолишларингдан қўрқамиз», дейишарди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.

43-оят. «Эй мўминлар, то гапираётган гапларингизни билмагунингизча, маст ҳолингизда намозга яқин келманглар. Ва яна сафарда бўлмасангиз, то чўмилмагунингизча, жунуб ҳолингизда (намозга яқин келманглар). Агар бетоб ё сафарда бўлсангизлар ёки сизлардан бирон киши ҳожатхонадан чиққан бўлса ёхуд хотинларингиз билан яқинлашган бўлсангиз ва (мазкур ҳолатларда) сув топа олмасангиз, покиза тупроқ билан таяммум қилиб, юз ва қўлларингизга суртинглар. Албатта, Аллоҳ афв этувчи ва Мағфиратли бўлган Зотдир.
Оиша (розияллоҳу анҳо) айтади: «Сафарларнинг баъзисида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан бирга чиқардик. Бадога ёки Зотижайшга келганимизда маржоним йўқолиб қолди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уни қидириб тўхтадилар. Мусулмонлар ҳам у киши билан бирга тўхташди. Одамларда сув йўқ бўлиб, атрофда ҳам йўқ эди. Одамлар Абу Бакрга келиб: «Оиша нима қилганини кўряпсизми? Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва одамларни тўхтатиб қўйди. Уларда сув йўқ», дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) тиззамга бошларини қўйиб ухлаб қолгандилар. Абу Бакр келиб: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва одамларни ушлаб қолдинг, уларда сув йўқ бўлса», деб мени урушиб, Аллоҳ хоҳлаганича гапларни айтиб, биқинимга турта бошладилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг бошлари қўйнимда бўлгани учунгина қўзғалолмай турдим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ухлаб сувсиз ҳолда тонг орттирдилар. Шунда Аллоҳ таяммум оятини нозил қилди. Одамлар таяммум қилишди. Усайд ибн Ҳузайр саййидлардан эди. У: «Эй Абу Бакр оиласи, бу биринчи баракотингиз эмасдир», деди. Мен устида ўтирган туяни турғазган эдик, унинг остидан маржонни топдик». Бухорий ва Муслим ривояти.
Зуҳрий айтади: «Бизга етдики, Абу Бакр Оишага: «Аллоҳга қасамки, сен билганимдек муборак қиз экансан», дедилар».

49-оят. «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), ўзларини пок қилиб кўрсатаётган кимсаларни кўрмадингизми? Йўқ, фақат Аллоҳ Ўзи хоҳлаган зотларни поклагувчидир. Ва уларга қилчалик зулм қилинмас».
Калбий айтади: ««Бу оят яҳудийлар ҳақида нозил бўлган. Улар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га ёш болаларини олиб боришиб: «Эй Муҳаммад, шу болаларимизда бирор гуноҳ борми?» − дейишди. У киши «Йўқ», − дедилар. Улар: «Биз қасам ичадиган Зотга қасам ичамизки, биз ҳам худди шу болалардекмиз». Кундузи бирор гуноҳ қилсак, кечасида кечирилади. Кечаси бирор гуноҳ қилсак, кундузи кечирилади», дейишди. Шундай қилиб, ўзларини поклашлари мана шудир».

51-оят. «Китобдан насибадор бўлган кимсаларнинг бут ва санамларга ишониб сиғинаётганларини ҳамда кофир кимсалар ҳақида: «Ўшалар иймон эгалари бўлган (мусулмон)лардан кўра тўғрироқ йўлдалар», деяётганларини кўрмадингизми?»
Икрима айтади: «Яҳудийлар Ҳай ибн Аҳтоб ва Каъб ибн Ашрафлар Макка аҳлига келишди. Маккаликлар уларга: «Сизлар Китоб аҳлисиз, қадимги илмларни биласиз. Муҳаммад билан бизнинг қайсимиз тўғри йўлдалигимизни айтиб беринг», дедилар. Улар: «Сиз нима амал қиласиз-у, Муҳаммад нима қиляпти?» дейишди. Маккаликлар: «Биз мўминларга жонлиқлар сўямиз, чанқаганларга сув ўрнига сут, қийналганга ёрдам берамиз, қариндошлар билан мустаҳкам алоқада бўламиз. Ҳожиларни зиёфат қиламиз. Бизнинг динимиз қадимги ота-боболаримиз дини, Муҳаммадники эса янги чиққан диндир», дейишди. Шунда улар: «Сиз Муҳаммаддан яхшироқ ва тўғрироқ йўлдасиз», дедилар. Шунда Аллоҳ ушбу оятни «Кимни Аллоҳ лаънатласа, унга (бирор) ёрдамчи тополмайсиз», оятигача нозил қилди.
Муфассирлар айтишади: «Уҳуд жангидан кейин Каъб ибн Ашраф етмишта яҳудийни олиб Маккага келди. Мақсади Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни алдаш учун Қурайш билан тил бириктириш эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан ораларидаги аҳдни буздилар. Каъб Абу Суфённинг ҳовлисига, бошқалари эса бошқа ҳовлиларга тушишди. Макка аҳллари уларга: «Сиз китоб аҳлисиз, Муҳаммад ҳам китоб эгасидир. Яна иккаланг тил бириктириб бирор ҳийла қилаётган бўлмагин, биз сенга ишонмаймиз, агар сен билан бирга бўлишимизни хоҳласанг, мана шу икки санамга сажда қилиб, иймон келтирасан», дейишди. Кейин Каъб Маккаликларга: «Сиздан ўттиз киши, биздан ўттиз киши Каъбага бориб, жигарларимизни Каъбага ёпиштириб шу Уйнинг Роббисига «Муҳаммадга қарши курашишга қаттиқ ҳаракат қиламиз», деб аҳд берамиз», деди. Улар шундай қилишди. Аҳдлашиш тугагач, Абу Суфён Каъбга: «Сен китоб ўқийдиган, кўп нарсани биладиган кишисан. Биз ҳеч нарсани билмайдиган, оми одамлармиз. Қайсимиз тўғри, ҳақ йўлдамиз. Бизми ёки Муҳаммад?» деди. Каъб: «Менга динингларни айтинг-чи», деди. Абу Суфён: «Биз ҳожилар билан жонлиқлар сўямиз, уларга сув берамиз, меҳмонни ҳурмат қиламиз, қийналганга ёрдам қўлини чўзамиз, қариндош-уруғчиликни боғлаймиз. Роббимизнинг уйини обод қиламиз ва уни тавоф қиламиз, Муҳаммад эса ота-бобосининг динидан кечди. Қариндошчиликни узди, ҳурматли жой (Каъба ва Макка)дан ажралди, бизнинг динимиз эски дин, Муҳаммадники янги», деди. Каъб: «Аллоҳга қасамки, сиз ундан кўра тўғрироқ йўлдасиз», деди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.

52-оят. «Улар Аллоҳ лаънатлаган кимсалардир. Кимники Аллоҳ лаънатлар экан, бас, ҳеч қачон унинг учун бирон ёрдамчи топа олмайсиз».
Қутода айтади: «Бу оят Бани Назир яҳудийларидан Каъб ибн Ашраф ва Ҳай бин Ахтоб ҳақида нозил бўлган. Улар ҳаж мавсумида қурайшликлар билан учрашишди. Мушриклар уларга: «Биз Каъбани обод қилувчилар, ҳожиларга хизмат қилувчилар ва шу муқаддас ер эгаларимиз. Айтинг-чи, биз тўғри йўлдамизми ёки Муҳаммад ва асҳобларими?» дейишди. Шунда улар: «Сизлар Муҳаммаддан тўғрироқ йўлдасиз», дейишди. (Ёлғон гапираётганликларини ўзлари ҳам биларди.) Бунга Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва асҳобларига нисбатан ҳасад ундади. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди. Улар қавмларига қайтгач, қавмлари уларга: «Муҳаммад айтяптики, сиз ҳақингизда фалон  оят тушибди», дейишди. Улар: «Аллоҳга қасамки, рост айтибди. Уни ёмон кўрганимиздан ва ҳасаддан қилдик», дедилар.

58-оят. «Албатта, Аллоҳ сизларни омонатларни ўз эгаларига топширишга ва одамлар орасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишга буюради. Албатта, Аллоҳ сизларга энг яхши панд-насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ Эшитгувчи, Кўргувчи бўлган Зотдир».
Бу оят Усмон ибн Талҳа Ал Жуҳайниб ҳақида нозил бўлган. У Бани Абдуддор уруғидандир. У Каъбанинг нозири (Каъбадаги хизматларни амалга оширувчи) эди. Фатҳ куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Маккага киргач, Усмон Каъба эшигини қулфлаб майдонга чиқди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ундан калитни талаб қилдилар. У бермади ва: «У Аллоҳнинг элчиси эканини билганимда калитни ман қилмасдим», деди. Шунда Али ибн Абу Толиб унинг қўлини қайириб калитни олди ва эшикни очди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Каъбага кириб икки ракъат намоз ўқидилар. У киши чиққанларида Аббос калитни ўзига берилишини сўради. Мақсади ҳожиларга сув бериш билан Каъба нозирлигини ўзида жамлаш эди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Алига калитни Усмонга қайтариб ундан узр сўрашга буюрдилар. Али шундай қилгач, Усмон: «Эй Али, аввал ёмон кўриб азият етказдинг, кейин эса юмшаб қолдинг», деди. Али: «Аллоҳ сен хусусингда оят нозил қилди», деб оятни ўқиб берди. Шунда Усмон шаҳодат келтириб Исломга кирди. Жаброил (алайҳиссалом) келиб: «Мадомики шу Уй бор экан, калит ва Каъба ҳозирлиги Усмоннинг авлодлари қўлида бўлади», деди. Калит бугунги кунда ҳам уларнинг қўлидадир.
Мужоҳид айтади: «Ибн Талҳа ҳақида нозил бўлган. Фатҳ куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) калитни тортиб олиб, Каъбага кирдилар. Чиққанларича эса ушбу оятни ўқиб чиқдилар. Сўнг Усмонни чақир», дедилар ва «Эй Бани Абу Талҳа, Аллоҳнинг омонати билан калитни олинглар, уни сиздан фақат золим кимсагина тортиб олиши мумкин», дедилар.
Шайба ибн Усмон ибн Абу Талҳа айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) менга ва (отам Усмонга) калитни бердилар ва: «Эй Абу Талҳа ўғиллари, буни абадий авлоддан авлодга ўтадиган ҳолда олинглар. Уни сизлардан фақат золим кимсагина олиши мумкин», дедилар. Шундай қилиб, Абу Талҳа авлодлари, Абдуддор авлодларидан фарқли равишда, Каъба нозирлигига эгадирлар.

59-оят. «Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз ва Пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (мусулмон) ҳокимларга бўйсунингиз! Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз − агар ҳақиқатан, Аллоҳга ва охират Кунига ишонсангиз – у нарсани Аллоҳ ва Пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир».
Баззоннинг ривоятида ибни Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бир гуруҳга Холид ибн Валидни бош қилиб бир қабилага юбордилар. Аммор ибн Ёсир ҳам у билан бирга эди. Холид қабилага яқинлашгач, эрталаб ҳужум қилиш учун тўхтади. Қабила аҳллари буни эшитиб қочиб қолишди. Биттагина Исломни қабул қилган киши қолди. У ҳам оиласини сафарга тайёрланишга буюриб, аскарлар турган ерга борди. У Амморнинг олдига келиб: «Эй ҳушёр ётган киши, мен сизларданман, Қавмим сизларни эшитиб қочиб кетишди. Мен Исломга кирганим учун қолдим. Бу менга фойда берадими ёки қавмим каби қочиб кетсамми?» деди. Аммор: «Сен жойингда тур, бу сенга фойдалироқ», деди. У киши аҳлига бориб қолишга буюрди. Эрталаб Холид ҳужум қилиб шу кишидан бошқа ҳеч кимни топмади. Уни асир қилиб молини тортиб олди. Шу пайт Аммор келиб: «Бу одамга тегма, у мусулмон, мен унга омонлик бериб, қолишга буюргандим», деди. «Мен амир бўла туриб, сен мендан берухсат омонлик берасанми?» деди Холид. «Ҳа, сен амир бўлсанг ҳам, мен сенсиз омонлик бераман», деб иккаласи тортишиб кетишди. Қайтиб келганларидан кейин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га бу хабар айтилди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Амморнинг омонлик беришига беришига ижозат бериб, у кишига омонлик бердилар. Амморни эса бундан кейин амирдан берухсат бирор кишини ҳимояга олишдан қайтардилар.
Яна ибни Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: «Аммор ва Холид Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг олдиларига гап талашиб қолишди. Аммор Холидга қўполлик қилди. Холид ғазабланиб: «Эй Расулуллоҳ, бу қул мени ҳақоратлаяпти-ку, индамайсизми? Аллоҳга қасамки, сиз бўлмасангиз, мени сўкмасди», деди. Аммор Ҳошим ибн Муғийранинг озод қилган қули эди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Эй Холид, Аммордан ўзингни тий, ким Амморни ҳақоратласа, Аллоҳ уни ҳақоратлайди. Ким Амморга ғазаб қилса, Аллоҳ унга ғазаб қилади», дедилар. Аммор туриб кетди. Холид унга эргашиб кийимидан ушлаб розилик сўради. Аммор ундан рози бўлди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди ва бошлиққа итоат қилишга буюрди».

60-оят.«(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сизга нозил қилинган Нарсага (Қуръонга) ва сиздан илгари нозил қилинган нарсаларга иймон келтирганмиз, деб даъво қиладиган (айрим) кимсаларнинг (Қуръонни қўйиб) шайтонга ҳукм сўраб боришни истаётганларини кўрмадингизми? Ҳолбуки, уларга унга ишонмаслик буюрилган эди. (Чунки) шайтон уларни бутунлай йўлдан оздиришни истайди».
Икрима ибни Аббосдан ривоят қилади: «Абу Бурда Асламий яҳудийлар орасида ҳукм қиладиган руҳоний эди. Исломни қабул қилган айрим кишилар ҳам унга ҳукм сўраб боришганда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди».
Қутода айтади: «Бу оят ансорлардан Қайс исмли бир киши ва бир яҳудий ҳақида нозил бўлган. Улар бир муаммо хусусида баҳслашиб қолишди. Ва ораларида ҳукм қилиши учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни тарк қилиб, Мадинадаги бир коҳиннинг олдига боришди. Шунда Аллоҳ уларни бу қилмишлари учун айблади. Яҳудий мусулмонни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га ҳукм сўраб боришга чақирган эди. У Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам.)ни адолат қилишларини биларди. Ансорий эса мусулмон бўла туриб бундан бош тортди ва яҳудийни ҳукм қилиш учун коҳинга боришга чақирди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилиб, ўзини мусулмонман деб даъво қилганни ҳам, яҳудийни ҳам айблади. «...Сиздан (эй Муҳаммад), тескари қараб кетишларини кўрасиз...» оятигача нозил бўлди».
Шаъбий айтади: «Бир мунофиқ билан бир яҳудий ўртасида келишмовчилик чиқди. Яҳудий мунофиқни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га боришга чақирди. У Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг пора олмасликларини биларди. Мунофиқ эса уни яҳудийларнинг коҳинига боришга чақирди. У эса яҳудийни пора олишини биларди. Охири улар Жуҳайна қабиласидаги бир коҳиннинг олдига боришди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди ва «Сизга нозил қилинган Нарсага (Қуръонга) ва», оятида мунофиқни, «...сиздан илгари нозил қилинган нарсаларга иймон келтирганмиз», сўзида эса яҳудийни назарда тутди. «Тўлиқ таслим бўлмагунларича...» оятигача нозил бўлди.
Абу Солиҳ ибни Аббосдан айтади: «Бир мунофиқ ва яҳудий ўртасида келишмовчилик чиқди. Яҳудий: «Муҳаммаднинг олдига борамиз», деди. Мунофиқ: «Каъб ибн Ашрафга борамиз», деди. «Тоғут»дан мурод мана шудир. Яҳудий Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га боришга оёқ тираб олгач, мунофиқ ҳам ноилож рози бўлди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) яҳудийнинг фойдасига ҳукм чиқардилар. Улар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳузурларидан чиққач, мунофиқ яҳудийни ушлаб олиб, Умар ибн Хаттобга борамиз, деб туриб олди. Улар боришди. Яҳудий: «Биз жанжаллашиб Муҳаммадга боргандик. У менинг фойдамга ҳукм қилди. Бу эса рози бўлмай сенинг олдингга келишга мажбур қилиб осилиб олди. Сендан ҳукм сўраб келдик», деди. Шунда Умар мунофиққа: «Шундай бўлдими?» деб сўради. У: «Ҳа», деди. Умар: «Мен чиққунимча кутиб туринглар», деб уйларига кириб, қиличини яшириб чиқди ва қилич билан мунофиқни токи совугунча чопиб ташлаб: «Аллоҳнинг ва Расулининг ҳукмига рози бўлмаган кишига мана шундай ҳукм қиламан», деди. Яҳудий эса қочиб кетди. Шунда ушбу оят нозил бўлди. Жаброил (алайҳиссалом): «Умар ҳақ билан ботил орасини ажратди», дедилар. Шу сабабли Умар «Форуқ» деб номланди.
Саддий айтади: «Яҳудлардан айримлари Исломни қабул қилишганди. Шулардан баъзилари мунофиқлик йўлини тутишганди. Жоҳилиятда Бани Қурайза яҳудийларидан бир киши Бани Назирдан бир кишини ўлдириб қўйса, у ҳам ўлдириларди ва юз фасақ хурмо товон пули олинарди. Агар акси бўлса, ўлдирган одам ўлдирилмасди. Тавонига эса етмиш фасақ хурмо тўланарди. Бани Назир Авс қабиласининг иттифоқчиси эди. Қурайза эса Хазражнинг иттифоқчиси эди. Назир Қурайзадан каттароқ ва ҳурматлироқ эди. Бу иккала яҳуд қабиласининг мўминлари ўлдириш ва товон олиш борасида хусуматлашиб қолишди. Бани Назир: «Биз жоҳилиятда келишган эдик. Сиздаги қотил ўлдирилади, биздаги ўлдирилмайди. Сиздан юз васақ дият олинади. Биздан етмиш васақ. Биз шунга амал қиламиз», дейишди. Қурайза эса: «Бу жоҳилиятдаги амал эди. Сизлар кўп, биз эса оз эдик. Бизга сўзингизни ўтказар эдингиз. Ҳозирда эса биз биродармиз, динимиз бир. Сизнинг биздан ҳеч бир ортиқ жойингиз йўқ. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га борамиз, дейишди. Мунофиқлар бош тортиб Абу Бурда Ал Асламий коҳинга борамиз деб туриб олишди. Мусулмонлар яна Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га борамиз, деб олишди. Мунофиқлар бош тортиб Абу Бурданинг олдига ҳукм сўраб боришди. У: «Менга кўпроқ берсанглар, ҳукм қиламан», деди. Улар: «Ўн васақ берамиз», дейишганда, «Менинг нархим юз фасақ», деб ислоҳ қилишдан бош тортди. У агар Назирга ён боссам, Қурайзаликлар мени ўлдириб қўйишидан қўрқаман, агар қурайзаликларга ён боссам, назирликлар ўлдириб қўйиши мумкин, деб ўйлади. Улар ўн васақдан кўпига кўнишмади. Абу Бурда ҳукм қилишдан бош тортди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) коҳин Асламни Исломга чақирдилар. У бош тортди ва кетиб қолди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) унинг икки ўғлига: «Отангизни топинглар, у мана шу тўсиқдан ўта олмаса, ҳеч қачон Исломга кира олмайди», дедилар. Улар оталарини топиб тинимсиз даъват қилишгач, қайтиб Исломга кирди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) жарчига коҳин Аслам Исломга кирганини жар солишга буюрдилар».

65-оят. «Йўқ, (эй Муҳаммад алайҳиcсалом,) Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда Сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин Сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича – бўйсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар».
Урва ибн Зубайр оталаридан айтади: «Зубайр ва ансорий киши бир ариқ хусусида хусуматлашиб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га боришди. Ансорий Бадрда қатнашган бўлиб, иккаласи ҳам шу ариқдан суғоришарди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам.) Зубайрга: «Суғоргин-да, кейин сувни қўшнингга очиб юборгин», дедилар. Бундан Ансорий ғазабланиб: «Эй Расулуллоҳ, аммангизнинг ўғли бўлгани учун шундай қилдингиз-да!» деди. Бундан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг юзлари қизариб кетди ва Зубайрга: «Ўзинг суғоргин-да, сўнг сувни тамбалаб қўй, нариги тарафга ўтмасин», дедилар. Натижада Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Зубайрнинг ҳақини тўлиқ қилиб бердилар. Бундан олдин у киши Зубайр учун ҳам, ансорий учун ҳам қулай бир ҳукм қилган эдилар. Ансорий Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ғашларини келтирганидан кейин, очиқ-ойдин ҳукм Зубайрнинг ҳақини тўлиқ қилиб берди». Имом Бухорий ва Муслим ривояти.
Урва айтади: «Зубайр айтдики: «Аллоҳга қасамки, бу оят мана шу ходиса учун нозил бўлган, деб ўйлайман».

69-оят. «Кимда-ким Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этса, ана ўшалар Аллоҳ инъомларига сазовор бўлган зотлар – пайғамбарлар , сиддиқлар (ҳақ-рост иймон эгалари), шаҳидлар ва солиҳлар (фақат яхши амаллар билан ўтган кишилар) билан бирга бўлурлар. Ана ўшалар энг яхши ҳамроҳлардир».
Калбий айтади: «Бу оят Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг озод қилган қуллари Савбон ҳақида нозил бўлган. У Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни жуда яхши кўрарди. У кишини кўрмаса, ҳеч ҳам тоқат қилолмасди. Бир куни у ранги ўзгариб, жисми ҳолсизланиб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг олдига келди. Юзида маҳзунлик билиниб турарди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам.): «Эй Савбон, нима сабабдан рангинг ўзгарган?» дедилар. У: «Эй Расулуллоҳ, менга бирор зарар ҳам, касаллик ҳам, мусибат ҳам етгани йўқ. Лекин мен сизни кўрмасам, то сизни топмагунимча сизга интиламан, ўзимни жуда ёлғиз ҳис қиламан. Сўнг охиратни эслаб, охиратда ҳам сизни кўрмай қолишдан қўрқаман. Чунки биламанки, сиз пайғамбарлар билан юқори мартабада бўласиз. Мен эса агар жаннатга кирсам, манзилим сизнинг манзилингиздан пастда бўлади. Агар жаннатга киролмасам, унда сизни ҳеч қачон кўролмаслигим аниқдир», деди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди».
Масруқ айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг саҳобалари: «Биз дунёда сиздан умуман ажралмаслигимиз керак. Агар сиз бизни ташлаб охиратга кетсангиз, манзилингиз биздан юқорироқ бўлади», дейишарди.
Оиша (розияллоҳу анҳо) айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг олдиларига бир киши келиб: «Эй Расулуллоҳ, сиз менга ўзимдан ҳам, аҳлимдан ҳам, болаларимдан ҳам севимлироқсиз. Мен уйда ўтириб сизни эслаб қоламан-да, олдингизга келиб сизни кўрмагунимча  сабр қилолмай қоламан. Ўлимимизни эсласам, биламанки, сиз жаннатда пайғамбарлар билан бирга юқори мартабада бўласиз. Мен эса жаннатга кирсам ҳам, сизни кўролмасликдан қўрқаман», деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳали жавоб қайтармасидан туриб ушбу оят нозил бўлди».

77-оят. «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), мана бу кимсаларни кўрмадингизмики, уларга (илгари Маккада турган пайтларида кофирларга қарши жанг қилишга талабгор бўлганларида): «Ўзингизни босинг ва намозингизни ўқиб, закотингизни адо этиб туринглар!» дейилган эди. Энди қачонки уларга жанг фарз қилинганида эса баногоҳ улардан бир тўпи одамлардан Аллоҳдан қўрққандек, балки ундан-да қаттиқ қўрқмоқдалар. Ва (ҳатто): «Парвардигор, нега бизга жангни фарз қилдинг? Бизларга бу ажални бир оз кейинроқ юборганингда эди», дедилар. Уларга айтинг: «Дунё матоси озгинадир. Аллоҳдан қўрққан кишига охират яхшироқдир. Сизларга хурмо данагининг пўстича ҳам зулм қилинмас».
Калбий айтади: «Бу оят Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) асҳобларидан бир гуруҳи ҳақида нозил бўлган. Абдурроҳман ибн Авф, Миқдод ибн Асвад, Қудома ибн Мазъун ва Саъд ибн Абу Ваққос шулардандир. Улар мушриклардан кўп азият кўрардилар ва: «Эй Расулуллоҳ, уларга қарши жанг қилишга изн беринг», дейишарди. У киши эса: «Ўзларингни тийиб туринг. Мен уларга қарши жанг қилишга буюрилмадим», дердилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Мадинага ҳижрат қилиб Аллоҳ уларни мушрикларга қарши жанг қилишни буюргач, баъзиларга бу нарса оғир ботиб, кариҳ кўрдилар. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди».
Икрима ибни Аббосдан ривоят қилади: «Маккада Абдурроҳман ибн Авф ва ҳамроҳлари Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га: «Эй Расулуллоҳ, биз мушриклик пайтимизда иззатда эдик. Энди иймон келтиргач, хор бўлиб қолдик-ку!» дейишди. У киши: «Мен кечиришликка буюрилдим. Мушрикларга қарши жанг қилманглар», дедилар. Аллоҳ у кишини Мадинага кўчиргач жангга буюрди. Шунда улар ўзларини тортдилар. Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди».

78-оят. «Қаерда бўлсангиз, ҳатто мустаҳкам қалъалар ичида бўлсангиз ҳам, ўлим сизларни топиб олур. Агар уларга (мунофиқларга) бирон яхшилик етса, «Бу Аллоҳнинг ҳузуридан», дейдилар. Агар уларга бирон ёмонлик етиб қолса, «Бунга сен сабабсан», дейдилар. Айтинг: «Ҳамма нарса Аллоҳдандир». Нега бу қавм кишилари ҳеч гап англамайдилар-а?»
Абу Солиҳ ибни Аббосдан ривоят қилади: «Уҳуд кунида Аллоҳ мусулмонлардан шаҳидларни ажратиб олгач, жиҳодга бормай қолган баъзи мунофиқлар: «Ўлдирилган биродарларимиз бизнинг олдимизда бўлишганда эди, ўлмаган ва ўлдирилмаган бўларди», дейишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди».

88-оят.«(Эй мўминлар), нега сизлар мунофиқлар тўғрисида икки гуруҳга (бўлиниб олдингиз?) Ахир, Аллоҳ уларни ўз қилмишлари сабабли (куфр ва нифоққа) қайтарди-ку? Ёки сизлар Аллоҳ адаштирган кимсаларни Тўғри Йўлга солмоқчимисизлар? Кимники Аллоҳ адаштириб қўйган бўлса, унинг учун бирон йўл топа олмайсиз!»
Абдуллоҳ ибн Язид ибн Собит айтади: «Бир қавм Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан бирга Уҳудга қараб йўлга чиқдилар, сўнг (ҳали жанг майдонига етмасдан) қайтдилар. Мусулмонлар улар ҳақида ихтилоф қилишди. Баъзилар: «Ўлдириш керак», дейишса, баъзилар «Ўлдирмаймиз», дедилар. Шунда ушбу оятни нозил бўлди». Имом Бухорий ва Муслим ривояти.
Абу Салама ибн Абдурроҳман отасидан айтади: «Бир араб қавми Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг олдиларига келиб соллаллоҳу алайҳи васалламсломга кирди. Уларга Мадина вабоси ва безгак етди. Улар Мадинадан чиқиб кетишди. Йўлда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг асҳобларидан бир гуруҳи уларга дуч келиб: «Сизларга нима бўлди, қайтяпсизлар?» дейишди. Улар: «Бизга Мадина вабоси етди, ундан жирканиб, нафратланяпмиз», дедилар. Улар: «Сиз учун Пайғамбарда намуна йўқми?» дейишди. Шунда баъзи соҳабалар «Улар мунофиқ бўлишди», десалар, баъзилари «Йўқ, улар мусулмонлардир», деганларида ушбу оят  нозил бўлди.
Мужоҳид айтади: «Бир қавм Маккадан чиқиб Мадинага келишди. Ўзларини муҳожирлар деб даъво қилиб, ундан кейин муртад бўлишди ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га Маккадан тижорат қиладиган товарларини олиб келишни сўради. Шунда мўминларнинг баъзилари «Улар мунофиқлардир», дейишса, баъзилари «Улар мўминлардир», дейишди. Аллоҳ уларнинг мунофиқ эканини баён қилиб ушбу оятни нозил қилди ва: «Агар бош тортсалар, уларни қаерда топсангиз, тутиб ўлдиринг…», ояти билан уларни ўлдиришга буюрди. Кейин улар товарларини олиб Ҳилол ибн Увайм Ал Асламийни излаб келишди. Ҳилол билан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ораларида шартнома бор эди. У мўминлар билан жанг қилишга юраги дов бермайдиган киши эди. Кейин «Орангизда аҳдлашув бўлган қавмга келиб қўшилган ёки сизлар ва ўз қавмлари билан уришишдан юраклари танг бўлгач,олдингизга келганлар» (Нисо 90) ояти билан уларни ўлдириш бекор қилинди.

92-оят. «Мўмин мўминни фақат билмаган ҳолда ўлдириб қўйиши мумкин. Ким бир мўминни билмай ўлдириб қўйса, у бир мўмин қулни озод қилиши ва марҳумнинг эгаларига – агар кечиб юбормасалар – хун тўлаши вожибдир. Агар марҳум ўзи мўмин бўлиб, сизларга душман қавмдан бўлса, фақат бир мўмин қулни озод қилиши вожиб. Агар у сизлар билан сулҳ тузган қавмдан бўлса, унинг эгаларига хун тўлаш ва бир мўмин қулни озод қилиш лозим. Бас, ким (озод қилиш учун бир қул) топишга қодир бўлмаса, Аллоҳга тавба қилиб муттасил икки ой рўза тутмоғи лозим. Аллоҳ билим ва ҳикмат Эгаси бўлган Зотдир».
Абдурраҳмон ибн Қосим отасидан айтади: «Ҳорис ибн Зайд Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га жуда қарши одам эди. Бир куни Исломга кириш учун келди. Унга Иёш ибн Абу Робиъа дуч келди ва унинг Исломни хоҳлаб келаётганини сезмасдан ўлдириб қўйди. Шунда ушбу оят нозил бўлди».
Бу қиссани Калбий шарҳ қилиб айтади: «Иёш ибн Абу Робиа Ал Маҳзумий Исломга кирди. Исломини зоҳир қилишдан қўрқиб Мадинага қочиб кетди ва бир қўрғонлардан бирига беркиниб олди. Онаси эса қаттиқ жазавага тушиб, ўғиллари Абу Жаҳл ва Ҳорис ибн Ҳишомларга: «То уни олдимга олиб келмагунларингча уйнинг шифти мени соя қилмайди, бирор нарса емайман ҳам, ичмайман ҳам», деди. Улар Иёш билан она бир, ота бошқа эдилар. Улар излаб кетишди. Ҳорис ибн Зайд ибн Абу Аниса ҳам улар билан бирга чиқди. Мадинага бориб Иёш беркиниб олган қўрғонга боришди ва: «Тушгин, сендан кейин онанг уйга киргани йўқ, сен қайтгунингча бирор нарса еб-ичмасликка қасам ичди, қасамки, сени ҳеч нарсага мажбурламаймиз ва сен билан дининг орасини тўсмаймиз», дейишди. Улар онасининг безовталигини ва унга тегмасликларини айтишгач, у тушди. Уни Мадинадан олиб чиқишгач, арқонга боғлашди ва ҳар бирлари юз даррадан уриб, кейин уни онасига олиб боришди. Онаси: «Аллоҳга қасамки, иймон келтирган нарсангга кофир бўлмагунингча, ечмайман», деб офтобга боғлиқ ҳолда ташлаб қўйди. У улар хоҳлаган нарсанинг баъзисини қилди. Шунда Ҳорис ибн Зайд келиб: «Аллоҳга қасамки, сен кирган дин ҳидоят бўлса, уни тарк қилдинг. Агар залолат бўлса, сен залолатга кириб чиқдинг», деди. Унинг гапидан Иёш ғазабланиб: «Аллоҳга қасамки, холи жойда дуч келсам, сени, албатта, ўлдираман», деди. Шундан кейин Иёш яна Исломга кириб Мадинага ҳижрат қилди. Ҳорис ибн Зайд ҳам Исломга кириб ҳижрат қилди. Иёш унинг Исломини сезмади. У Қубода юрганида Ҳорис ибн Зайдга дуч келди. Уни кўргач, ҳамла қилиб ўлдирди. Шунда одамлар: «Нима иш қилиб қўйдинг, у Исломга кирган эди-ку?!» дейишди. Иёш Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га бориб: «Эй Расулуллоҳ, мен билан Ҳориснинг иши шундай, шундай эди. Ўзингиз билганингиздек унинг Исломга кирганини билмасдан ўлдириб қўйибман», деди. Шунда Жаброил (алайҳиссалом) ушбу оятни олиб тушди».

93-оят. «Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир».
Калбий Абу Солиҳдан у ибни Аббосдан ривоят қилади: «Миқёс ибн Дубоба акаси Ҳишом ибн Дубобани Бани Нажжор маҳалласида ўлик ҳолда топди. У мусулмон эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га буни айтганида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) у билан бирга Бани Фаҳд маҳалласидан бир кишини қўшиб: «Бани Нажжорга бориб, уларга салом айт ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га агар Ҳишом ибн Дубобанинг қотилини билсангиз, уни укасига топширишингизни буюрадилар. У қасосини олсин. Агар билмасангиз, унда унинг укасига дият (товон, хун) тўланг, − деб айт», дедилар. У буни етказди. Улар: «Аллоҳ ва Расулига эшитиб итоат этдик, Аллоҳга қасамки, биз унинг қотилини билмаймиз, лекин унинг хунини тўлаймиз», дейишиб укасига юзта туя беришди. Кейин улар Мадинага қайтишди. Мадинага етишга озгина қолганида шайтон Миқёсни васваса қилиб: «Сен нима иш қилдинг? Акангнинг хунини олдинг. Бу сен учун ҳақорат, шармандалик-ку! Шеригингни ўлдир. Шунда жонга жон бўлиб дият (хун) ёнингда қолади», деди. Миқёс шундай қилди. Бани Фаҳдликнинг бошига тош билан уриб, ўлдирди. Сўнг туялардан бирини миниб қолганини ҳайдаб, кофир бўлди. Шеър айтганча Мадинага қайтди. Шунда ушбу оят нозил бўлди».
Макка фатҳи кунида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) унинг қонини ҳалол қилдилар. Одамлар уни бозорда топишиб ўлдиишди.

94-оят. «Эй мўминлар, қачон Аллоҳ Йўлида жиҳод учун сафарга чиқсангиз, (душманларингизни) аниқ таниб олинглар ва бу ҳаёти дунёнинг нарсасини истаб сизларга салом берган кишига: «Сен мўмин эмассан!» деманглар. Зеро, Аллоҳнинг ҳузурида беҳисоб ўлжалар бордир.
Илгари сизлар ҳам шундай эдингиз (яъни  кофирлар қўл остида мусулмонлигингизни яшириб юришга мажбур эдингиз). Энди Аллоҳ сизларни (Ислом давлатида яшаш неъмати билан) мамнун қилди. Бас, (душманларингизни) аниқ таниб олинглар. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан Хабардор бўлган Зотдир».
Ато ибни Аббосдан айтади: «Мусулмонлар мол-ғаниматлари билан турган бир кишига дуч келишди. У: «Ассалому алайкум», деди. Улар уни ўлдириб, ғаниматларини олишди. Шунда ушбу оят нозил бўлиб, Аллоҳ: «Ҳаёт дунё матосини хоҳлайсиз», деб ғаниматни назарда тутди». Имом Бухори ва Муслим ривояти.
Саид ибн Жубайр (розияллоҳу анҳу) айтади: «Миқдод ибн Асвад қўшин билан чиқиб бир кишига дуч келди. Унинг моллари бор эди. Уни ўлдиришмоқчи бўлишганда у: «Ла илаҳа иллалоҳ», деди. Миқдод уни ўлдирди. Шунда одамлар унга: «Ла илаҳа иллалоҳ», деса ҳам ўлдирдингми? Унинг ўзи, аҳли ва моли омонда-ку», − дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га бу воқеани айтишганда ушбу оят нозил бўлди».
Ҳасан айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг саҳобалари айлангани чиқишганда мушрикларга дуч келишди. Уларни енгишиб бир киши эса қочиб кетди. Мусулмонлардан бири унинг матосини олиш учун қувди. Тиғ билан ўраб олгач, У: «Мен мусулмонман, мен мусулмонман», деди. Унга ишонмасдан ўлдирди ва матоларини олди. Матолари оз эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) буни эшитгач: «Мусулмонман, дегандан кейин ҳам, ўлдирдингми?» дедилар. У айтди: «Эй Расулуллоҳ, у қутилиш учун шундай деди». У киши: «Қалбини ёриб ростми ёки ёлғонлигини текширдингми?» дедилар. У «Эй Расулуллоҳ, мен буни билдим», деди. У киши: «Сенга вайл бўлсин, буни билолмайсан, тили билан баён қилибди-ку», дедилар. Шу қотил ўлгач, уни кўмишди. Эртасига эрталаб жасадни қабр ёнида чиқариб ташланган ҳолда кўришди. Сўнг яна кўмишди. Қабр яна чиқариб ташлади. Икки ёки уч марта бу ҳолат такрорлангач, ер уни қабул қилмаётганини англашди ва бир жарликка олиб бориб ташлашди. Шунда ушбу оят нозил бўлди».
Ҳасан айтади: «Ер ундан кўра ёмонроқ одамларни ҳам қабул қилади, лекин одамларга ибрат бўлиши учун шундай бўлди. Токи одамлар у қилган ишга яна қайтмасинлар  (яъни мусулмон бўла туриб, Пайғамбарга гап қайтармасинлар)».
Саддий айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Усома ибн Зайдни бир қўшинга бош қилиб жўнатдилар. У Мирдос ибн Нуҳайк Зомарийга дуч келиб, уни ўлдирди. У факаклик эди. Қавмидан фақатгина у Исломга кирганди. У: «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадан Расулуллоҳ», деб қўшинга салом берганди. Усома айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га боргач, бу хабарни айтдим. У киши: «Ла илаҳа иллалоҳ», деган кишини ўлдирдингми?» дедилар. Мен: «Эй Расулуллоҳ, у ўлимдан қўрқиб айтди», дедим. У киши: «Қиёмат кунида у ла илаҳа иллаллоҳни ўртага қўйиб сен билан ҳужжатлашса, қандай қиласан?» дедилар. «Ла илаҳа иллаллоҳ, деган кишини ўлдирдингми?» деб шунчалик кўп айтдиларки, мен бундан олдин Исломга кирмаган бўлсайдим. Ҳозир мусулмон бўлсам, қанийди, деб қолдим. Шунда ушбу оят нозил бўлди».
Калбий ва Қутода айтади: «Ҳадиснинг саҳиҳлигига ушбу ҳадис ҳам далолат қилади: «Усома ибн Зайд айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бизни Ҳирқо ибн Жуҳайнага юбордилар. Биз уларга эрталаб ҳужум қилиб енгдик. Мен ва бир ансорий душмандан бир кишига дуч келдик. Уни ўраб олганимизда: «Ла илаҳа иллаллоҳ», деди. Шунда Ансорий ундан ўзини торди. Мен эса унга найза санчиб ўлдирдим. Биз қайтгач, бу хабар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га етиб: «Эй Усома, ла илаҳа иллаллоҳ, дегандан кейин ҳам ўлдирдингми?» дедилар. Мен: «Эй Расулуллоҳ, у қутилиш учун айтди», дедим. У киши: «Ла илаҳа иллаллоҳ, дегандан кейин ҳам ўлдирдингми?» деб шунчали кўп такроладиларки, ҳаттоки бугунгача Исломга кирмаган бўлсам, қанийди, деб қолдим».

95-оят. «Мўминлардан ўзлари бешикаст бўлиб туриб (жиҳодга чиқмай) ўтириб олган кишилар билан Аллоҳ Йўлида мол ва жонлари ила курашган зотлар баробар бўлмайди. Аллоҳ мол- жонлари билан курашган зотларни (бирон узр сабабли жиҳодга чиқмай) ўтириб олган кишилардан ҳам бир даража афзал қилди ва барчаларига гўзал оқибатни (яъни  жаннатни) ваъда қилди».
Зайд ибн Собит айтади: «Мана шу оят нозил бўлганида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳузурларида эдим. Ўшанда Аллох «бешикаст» сўзини зикр қилмади. Шунда Ибн Умми Мактум: «Бу қандай бўлди, мен ҳеч нарсани кўрмайдиган кўр бўлсам?» деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ўтирган жойларида ваҳий келди. У киши менинг сонимга суянгандилар, нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, соним менга шундай оғир бўлиб кетдики, ҳатто Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) сонимни синдириб юборсалар керак, деб қўрқдим. Кейин ўзларига келдилар ва: «...бешикаст (уйда)бўлиб туриб ўтирувчи…», деб ёз дедилар. Мен уни ёздим». Бухорий ривояти.

97-оят. «Албатта (мусулмонлар билан бирга ҳижрат қилмасдан кофирлар қўл остида яшашга рози бўлиш билан) ўз жонларига жабр қилган кимсаларнинг жонларини олиш чоғида фаришталар уларга: «Қандай ҳолда яшадингиз?» деганларида: «Биз бу ерда чорасиз бечоралар эдик», дедилар. (Шунда фаришталар): «Ҳижрат қилсанглар, Аллоҳнинг Ери кенг эди-ку?! (Нега дину иймонларингиз Йўлида бу юртдан ҳижрат қилмадинглар?)» дейишди. Бундайларнинг жойлари жаҳаннамдир. Қандай ёмон жойдир у!»
Бу оят Макка аҳлидан бўлган кишилар ҳақида нозил бўлган. Улар: «Исломга кирдик, деб юришардию, лекин ҳижрат қилишмаганди. Иймонни зоҳир қилишиб қалбларида нифоқни яшириб юришарди. Бадр кунида улар мушриклар билан бирга мусулмонларга қарши жангга чиқиб, ўлдирилдилар. Фаришталар уларнинг юзлари ва орқаларига уриб жонларини олаётган вақтда, Аллоҳ оятда зикр қилган нарсани айтишди».
Икрима ибни Аббосдан айтади: «У киши оятни бошидан охиригача ўқиб: «Улар Маккадаги мусулмон қавмдир. Мушриклар билан бирга жангга чиқишиб, улар билан бирга ўлдрилдилар. Шунда ушбу оят нозил бўлди», − дедилар.

100-оят. «Ким Аллоҳ Йўлида ҳижрат қилса, Ер юзида кўп паноҳ бўлгудек жойларни ва кенгчиликни топгай. Ким Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари сари муҳожир бўлиб чиқиб, сўнг (шу йўлда) унга ўлим етса, муҳаққақки, унинг ажри-мукофоти Аллоҳнинг зиммасига тушар. Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон бўлган Зотдир».
Ато ибни Аббосдан айтади: «Абдурроҳман ибн Авф Маккадаги мусулмонларга: «Сиз ҳақингизда «Ўзларига зулм қилувчиларнинг жонларини олаётган фаришталар….», (Нисо 97-99 оятлар) ояти нозил бўлди, − деб хат ёзиб хабар жўнатди. Маккадаги мусулмонлар буни ўқигач, Ҳубайб ибн Замра Ал Лайсий ўғилларига: «Мени кўтариб боринглар. Мен бечоралардан эмасман, йўл топа олмаётганлардан ҳам эмасман, деди. У қариб қолган чол эди. Ўғиллари ўриндиққа ортишиб Мадинага йўл олишди. Улар Танъим деган жойга етгач, чолга ўлим келди. Шунда у ўнг қўлини чап қўлига қарсиллатиб урди-да: «Эй Аллоҳим, мана бу сеникидир, бу эса Расулингникидир. Мен сенга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) байъат берган нарсаларнинг барчасига байъат бераман», деб, чиройли ҳолатда ўлди. Бу хабар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг асҳобларига етгач, улар: «Агар Мадинага етиб келганида эди, ажри тўла-тўкис бўларди», дейишганда, Аллоҳ у ҳақида ушбу оятни нозил қилди».
Икрима айтади: «Маккада Исломга кирган кишилар бор эди. Бадр жангида мажбуран олиб чиқилдилар ва жангда (мусулмонлар томонидан) ўлдирилдилар. Шунда ушбу оят нозил бўлди. Бу ҳақда Мадинадаги мусулмонлар маккаликларга ёзиб юборишди. Буни ўқиб Бани Бакр уруғидан бир киши: «Мени Равҳо (жой номи)га чиқариб қўйинглар”, деди. У касал эди. Уни чиқариб қўйишганда Мадинага қараб йўлга тушди. Хас-хас деган жойга етганда вафот этди. Шунда ушбу оят нозил бўлди».

102-оят. «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), қачон Сиз (жанг майдонида) мўминлар орасида бўлиб, уларга имом бўлган ҳолда намоз ўқимоқчи бўлсангиз, улардан бир тоифаси қуролланган ҳолларида Сиз билан намозга турсинлар. Бас, қачон сажда қилишгач, (яъни намознинг бир ракаатини ўқиб бўлишгач), орқаларингга бориб, (сизларни қўриқлаб) турсинлар ва ҳали намоз ўқимаган бошқа тоифа келиб Сиз билан бирга намоз ўқисинлар! Улар ҳам эҳтиёт чораларини кўриб, қуролланиб олсинлар. Кофирлар сизлар қурол-яроғ ва асбоб-анжомларингиздан ғафлатда бўлган пайтингизда устингизга бирданига ҳамла қилишни истайдилар. Агар ёғингарчиликдан азият чексангизлар ёки бемор бўлсангизлар, қуролларингизни ечиб қўйишингиз гуноҳ эмас. Аммо эҳтиётгарлик (йўлини) тутинглар. Албатта, Аллоҳ кофирлар учун хор қилгувчи азобни тайёрлаб қўйгандир».
Мужоҳид Абу Иёш Аз Зарқийдан айтади:«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан пешин намозини ўқидик, шунда мушриклар: «Уларга тўсатдан ҳужум қилиб, бир боплайдиган пайт бўлди-да», дейишди. Шунда баъзилари: «Уларнинг яна бир намозлари келади. У улар учун оталаридан ҳам яхшироқдир», дейишди. Бу аср намози эди. Шунда пешин билан аср орасида Жаброил (алайҳиссалом) ушбу оятни олиб тушдилар. Улар Асафон деган жойда эдилар. Мушриклар қўшинига Холид ибн Валид бошчилик қиларди. Улар биз билан қибла орасида эди. Бу намоз «хавф намози», деб зикр қилинди.
Икрима ибни Аббосдан айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Асафон деган жойда мушрикларга дуч келдилар. У киши пешин намозини ўқигач, мушриклар саҳобаларнинг рукуъ, сажда қилаётганини кўриб: «Ҳужум қиладиган фурсат бўлди, агар тўсатдан ҳужум қилсак, устиларига боргунимизча бизни сезишмасди», дейишди. Шунда улардан бири: «Уларнинг яна бир бошқа намозлари бор. Улар учун бу намоз аҳлларидан ҳам, молларидан ҳам яхшироқ. Тайёрланиб туринглар, шу намозни ўқиётганларида тўсатдан ҳужум қиламиз», деди. Шунда Аллоҳ ўз Пайғамбарига ушбу оятни нозил қилиб, мушрикларнинг ҳийласини билдирди ва хавф намозини зикр қилди».
105-116-оятлар. «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), албатта, Биз Сизга ушбу Ҳақ Китобни (Қуръонни) одамлар орасида Аллоҳ Сизга кўрсатган (ҳукм) билан ҳукм этишингиз учун нозил қилдик. Сиз хоинларни ҳимоя қилгувчи бўлманг! Аллоҳдан мағфират қилишни сўранг! Албатта, Аллоҳ Мағфират қилгувчи ва Меҳрибон бўлган Зотдир. Сиз ўзларига хиёнат қиладиган (жинояткор) кимсаларнинг ёнини олманг! Албатта, Аллоҳ хоин ва жиноятчи бўлган кимсаларни севмайди». Улар (ўзларининг жиноятларини) одамлардан яшира оладилар, аммо Аллоҳдан яшира олмайдилар. Улар (Аллоҳ) рози бўлмайдиган гапларнинг режасини хуфёна тузаётган пайтларида ҳам У Зот улар билан бирга бўлур. Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларини иҳота қилгувчи – ўраб олгувчи бўлган Зотдир. Ҳой сизлар, бу ҳаёти дунёда-ку, уларни ҳимоя қилиб ёнини олдингиз. Энди Қиёмат Кунида ким уларни Аллоҳдан ҳимоя қилиб ёнларини олур ёки ким уларнинг устида вакил бўлиб турар?! Ким бирон бир ёмон иш қилса ёки (Аллоҳнинг буйруқларига итоат этмасдан) ўз жонига жабр қилса, сўнгра Аллоҳдан мағфират сўраса, Аллоҳни Мағфират қилгувчи ва Меҳрибон эканини топар – кўрар. Ким бирон гуноҳ қилса, фақат ўзига зарар қилган бўлади. Аллоҳ билим ва ҳикмат Эгаси бўлган Зотдир. Кимки бирон хато ёки гуноҳни қилиб қўйиб, сўнг уни бир пок одамга (туҳмат қилиб) отса, муҳаққақки, у бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз зиммасига олибди. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), агар Сизга Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлмаганда эди, улардан бир тоифаси Сизни йўлдан оздиришга уриниб қолган эди. Лекин улар фақат ўзларини адаштирдилар, холос. Сизга эса бирон зиён етказа олмайдилар. (Зеро), Аллоҳ Сизга Китоб ва ҳикматни нозил қилди ва билмаган нарсаларингизни билдирди. Аллоҳнинг Сизга қилган фазлу марҳамати улуғ бўлди. Уларнинг кўп махфий суҳбатларидан – агар садақа беришга ёки бирон яхшилик қилишга ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлмасалар – ҳеч қандай фойда йўқдир. Ким Аллоҳ ризосини истаб бу ишларни қилса, унга улуғ мукофат беражакмиз. Ким ўзи учун Ҳақ Йўл аниқ бўлганидан кейин Пайғамбарга хилоф иш қилса ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса, Биз уни кетганича қўйиб берамиз. Сўнгра жаҳаннамга дохил қиламиз. Нақадар ёмон жойдир у! Албатта, Аллоҳ Ўзига (бирон нарса ё кимсанинг) шерик қилинишини кечирмайди. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечиради. Кимки Аллоҳга ширк келтирса, демак, жуда қаттиқ йўлдан озибди.
Бани Зуфар ибн Ҳорис уруғидан Туъма ибн Убайриқ исмли ансорий киши қўшниси Қутода ибн Нўъмон исмли кишининг совутини ўғирлади. Совут ун солинган халтанинг ичида эди. Халтадаги тешикдан ун тўкилиб то унинг ҳовлисигача борди. Кейин совутни Зайд ибн Самир исмли яҳудийникида яширди. Совутнинг эгаси Туъманинг ҳовлисига излаб келди. Лекин тополмайди. У «Аллоҳга қасамки, мен уни олмадим, билмайман ҳам», деб қасам ичди. Совутнинг эгалари: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, тунда бориб олган. Уннинг изидан ҳовлисигача келдик. У ерда ҳам ун излари бор экан, кўрдик», дейишди. У қасам ичгач, кетишди ва уннинг изидан яҳудийнинг манзилигача боришди. У ердан совутни топди. Яҳудий эса: «Менга уни Туъма ибн Убайриқ берганди», деди. Бир неча яҳудийлар бунга гувоҳ бўлишди. Шунда Туъманинг қавми, яъни Бани Зуфар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) га бориб воқеани айтишиб, у кишидан Туъманинг ёнини олишни сўрашди: «Агар ёнини олмасангиз, Соҳибимиз ҳалок бўларди, шарманда бўлади, яҳудий эса қутилиб қолади», дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай қилмоқчи бўлдилар. У кишининг хоҳишлари ҳам улар билан бир хил бўлиб, яҳудийни жазолаш эди. Аллоҳ ушбу оятларни нозил қилди».

123-оят. «(Эй мусулмонлар, биз Аллоҳнинг энг улуғ дини – Исломга кирдик, энди нима қилсак, бўлаверади, деб ўйлаб юрган бўлсангизлар, у ҳолда) сизларнинг хомхаёлларингиз ҳам, («Биз Аллоҳнинг суюкли болаларимиз, шунинг учун нима қилсак, ҳаққимиз бор», деб хомтама бўлаётган) аҳли Китобнинг хомхаёллари ҳам (ҳақ) эмас – кимки ёмон амал қилса, жазосини олур ва ўзи учун Аллоҳдан ўзга на бир дўст ва на бир мададкор топмас».
Абу Солиҳ айтади: «Аҳли китоблар ва бошқа дин вакиллари ўтиришганди. Ҳар бир дин эгаси бошқасига: «Биз сиздан кўра яхшироқмиз», деди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
Масруқ ва Қутода айтади: «Аҳли китоблар ва мусулмонлра ҳужжатлашиб қолишди. Аҳли китоблар: «Биз сиздан кўра тўғрироқ йўлдамиз, набийимиз набийларингиздан олдинроқ келган, китобимиз китобингиздан олдинроқдир. Биз Аллоҳга сиздан кўра ҳақлироқмиз», дейишди. Мусулмонлар эса: «Биз сиздан кўра тўғрироқ йўлдамиз ва Аллоҳга ҳақлироқмиз. Набийимиз набийларнинг охиргиси, китобимиз ўзидан олдин ўтган китоблар устидан ҳукм қилади», дейишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди. Кейин эса: «Хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин – кимда-ким мўмин ҳолида…» (Нисо 124) оятлари билан мўминларнинг ҳужжатларини бошқа дин аҳллари устидан ғолиб қилди».

125-оят. «Чиройли амал қилгувчи бўлган ҳолида ўзини Аллоҳга топширган ва Ҳақ Йўлдан оғмаган Иброҳимнинг динига эргашган кишининг (яъни  чин мусулмоннинг) динидан ҳам гўзалроқ дин борми?! (Ахир) Иброҳимни Аллоҳ Ўзига дўст тутган».
Уламолар Иброҳим алайҳиссалом)ни Аллоҳ нима учун дўст тутгани ҳақида ихтилоф қилишган.
Умар айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Эй Жаброил, Аллоҳ Иброҳимни нима учун ўзига дўст тутди?» дедилар. Жаброил: «Эй Муҳаммад, таом едиргани учун», деди.
Абдуллоҳ ибн Абдурроҳман ибн Базий айтади: «Иброҳим манзилига кирди. Шунда ўлим фариштаси унга нотаниш йигит кўринишида келди. Иброҳим унга: «Кимнинг изни билан кирдинг?» дедилар. У: «Манзилнинг Роббиси изни билан», деди. Иброҳим (алайҳиссалом) уни танидилар. Ўлим фариштаси унга: «Роббинг ўз бандаларидан бирини дўст тутди», деди. Иброҳим: «Ким экан у?» деб сўрадилар. Ўлим фариштаси: «Уни нима қиласан?» деб сўраганларида «Ўлгунимча унинг хизматини қиламан», дедилар. Ўлим фариштаси: «Сенсан», деди.
Калбий Абу Солиҳдан, у ибни Аббосдан ривоят қилади: «Одамларга қаҳатчилик бўлиб, қаттиқ қийналишди. Овқат талаб қилишиб Иброҳимнинг эшигига келишди. У киши мисрлик бир дўстидан ҳар йили озиқ-овқат олар эдилар. Хизматчиларини туя билан овқат сўраб Мисрга жўнатди. Шунда дўстлари: «Овқатни ўзи учун сўраганида берардик. Одамларга етган қийинчилик бизга ҳам етди», деди. Иброҳимнинг элчилари қум саҳродан ўтаётиб: «Мана шу қумлардан ортиб олсак, одамлар бизни овқат олиб келяпти, деб ўйлашади. Уларнинг олдидан туяларимизни қуруқ ҳеч нарсасиз олиб ўтишдан уяламиз, дейишди ва қопларни қумга тўлдириб олишди. Улар Иброҳим (алайҳиссалом)нинг ҳузурларига келишганда, Сора ухлаб ётганди. Улар бўлган воқеани Иброҳимга билдиришди. Иброҳим (алайҳиссалом) одамларнинг аҳволидан ташвишландилар, кейин эса кўзларига уйқу тиқилиб ухлаб қолдилар. Сора эрталаб уйғониб қопларни очди. Қоплардаги оппоқ олий навли унларни кўриб, нонвойларга нон ёпишни буюрдилар. Улар нон ёпиб одамларни таомлантирди. Иброҳим (алайҳиссалом) уйғониб таомнинг ҳидини сездилар ва: «Эй Сора, бу таом қаердан келди?» деб сўрадилар. Сора: «мисрлик дўстингиздан», деди. У киши: «Йўқ, балки дўстим Аллоҳнинг ҳузуридандир, мисрлик дўстим ҳузуридан эмас», дедилар. Мана шу вақтда Аллоҳ Иброҳимни дўст қилиб олди».
Қосим ибн Умома айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам.): «Аллоҳ Иброҳимни дўст тутганидек мени ҳам дўст тутиб олди. Ҳар бир Пайғамбарнинг дўсти бор, огоҳ бўлинглар, менинг дўстим Абу Бакрдир, дедилар».
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)айтадилар: «Аллоҳ Иброҳимни дўст қилиб олди, Мусони Нажий (муножат қиладиган сирдош) қилиб олди. Мени эса ҳабиб қилиб олди. Кейин эса: «Иззатимга қасамки, ҳабибимни халилим ва нажийимдан кўра афзал кўрдим», деди».

127-оят. «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиздан аёллар ҳақида фатво сўрайдилар. Айтинг: «Улар тўғрисида сизларга Аллоҳ ва Китобда (Қуръонда) тиловат қилинаётган оятлар фатво берур: «(Қарамоғингиздаги) етим аёлларни (агар гўзал бўлсалар) улар учун фарз қилинган маҳрларини бермасдан (никоҳингизга олишингизни) ва (агар хунук бўлсалар) ўзларингизнинг никоҳингизга олишдан ҳам юз ўгириб (улардан қоладиган меросга тама қилиб то ўлгунларича бошқа бировга ҳам турмушга чиқармай сақлашларингизни сизларга ҳаром қилади). Яна ночор – норасида болалар ҳақида (фатво бериб), бундай етимлар хусусида адолат билан туришингизни амр қилур. Сизлар нима яхшилик қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни Билиб тургувчи бўлган Зотдир».
Оиша (розияллоҳу анҳо): «Кейин одамлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан келиб фатво сўрадилар. Шунда Аллоҳ таоло: «Сиздан аёллар ҳақида фатво сўрайдилар. Айтинг: «Улар тўғрисида сизларга Аллоҳ ва Китобда (Қуръонда) тиловат қилинаётган оятлар фатво берур…» оятини нозил қилди. «Китобда тиловат қилинадиган оят – бу аввалги: «Агар етимларга адолатсизлик қилишдан қўрқсангиз…», оятидир. Аллоҳ таоло оятда «…Уларни никоҳингизга олишга қизиқасиз…», дейди. Яъни сизларнинг биттангиз ўз қарамоғингиздаги етим қиз, агар моли кам, ўзи хунукроқ бўлса, ундан юз ўгириб, маҳр бермасдан уйланишга ёки ундан бойроғига уйланишга интиласиз», дейди. Шунга кўра, улардан моли ва жамолига рағбат қилган аёлларга уйланишдан қайтардилар». Имом Муслим ривояти.

128-оят. «Агар бирон аёл эри томонидан кўнгилсизлик ёки юз ўгириб кетиш содир бўлишидан қўрқса, у ҳолда иккови ўзаро бир сулҳга келишиб олишса, (яъни  аёл эрининг ҳоли ва хоҳишига қараб ўзи учун эрга малол келадиган даражада нафақа ва эътибор талаб қилмаса, шу билан баробар эр ҳам хотинини ташламасликка, унга зулм қилмасликка рози бўлса), зарарсиздир. Сулҳ (ажралиб кетишдан) яхшироқдир. Нафслар қизғанишга ҳозиру нозир бўлиб турадилар. Агар (аёлларингизга) чиройли муомала қилсангизлар ва Аллоҳдан қўрқсангизлар (ўзингизга яхшидир). Зеро, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан Хабардор бўлган Зотдир».
Ибн Мусайб айтади: «Муҳаммад ибн Масламанинг қизи Рофиъ ибн Субайҳнинг хотини эди. У аёлнинг бир ишини ёқтирмади. Кибр ёки бошқасини. Натижада талоқ қилмоқчи бўлди. Шунда аёл: «Мени талоқ қилма, ўзингда олиб қол. Сеники бўлган нарсани мен билан баҳам кўр», деди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди».

135-оят. «Эй мўминлар, адолат билан тургувчи (шунингдек), ўзларининг ёки ота-она ва қариндош-уруғларнинг зарарига бўлса-да, Аллоҳ учун (тўғри) гувоҳлик бергувчи бўлинглар! У (яъни гувоҳлик берилувчи) бой бўладими, камбағал бўладими, ҳар иккисига ҳам Аллоҳнинг Ўзи (сизлардан кўра) Яқинроқдир. Бас, адолат қилмасдан нафси-ҳавога эргашиб кетманглар! Агар тилларингни буриб (нотўғри гувоҳлик берсанглар) ёки (гувоҳлик беришдан) бош тортсанглар, албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан Хабардор бўлган Зотдир».
Саддий айтади: «Бу оят Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ҳақларида нозил бўлган. Бир бой киши билан бир камбағал киши у кишининг олдиларига хусуматлашиб келишди. У киши камбағал тарафда бўлдилар. Камбағал одам бой одамга зулм қилмайди, деб ўйладилар. Лекин Аллоҳ бой билан камбағал ўртасида адолатни барпо қилишга буюриб, ушбу оятни «…у (яъни гувоҳлик берилувчи) бой бўладими, камбағал бўладими, ҳар иккисига ҳам Аллоҳнинг Ўзи (сизлардан кўра) яқинроқдир» оятигача нозил қилди».

136-оят. «Эй мўминлар, Аллоҳга, Унинг Пайғамбарига ва Ўз Пайғамбарига нозил қилган Китобга (Қуръонга) ҳамда У Зот илгари нозил қилган барча Китобга иймонингиз комил бўлсин! Кимки Аллоҳга, фаришталарга, Китобларига, пайғамбарларига ва охират Кунига кофир бўлса, демак, у жуда қаттиқ адашибди».
Калбий айтади: «Бу оят аҳли китоблардан иймон келтирганлари Абдуллоҳ ибн Салом, Каъбнинг ўғиллари Асад ва Усайд, Саълаба ибн Қайс ва бошқалар ҳақида нозил бўлган. Улар: «Эй Расулуллоҳ, биз сизга ва сизнинг китобингизга, Мусога ва Тавротга ва Узайрга иймон келтирамиз. Ундан бошқа барча китоблар ва пайғамбарларни инкор қиламиз», дейишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.

148-оят. «Аллоҳ ёмон сўзларнинг (яъни дуоибаднинг) ошкора айтилишини суймайди. Магар мазлум томонидан бўлса (золимнинг зулмини ошкор қилиш учун айтилса, жоиздир). Аллоҳ Эшитгувчи, Билгувчи бўлган Зотдир».
Мужоҳид айтади: «Бир қавмга меҳмон келди. Улар меҳмоннинг ҳурматини жойига қўйишмай, ёмон муносабатда бўлишди. Меҳмон уларга (меҳмондорчиликни ёмон қилишганини) шикоят қилди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди ва шикоят қилишга рухсат бўлди».

153-оят. «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), аҳли Китоб Сиздан кўкдан бир Китоб туширишингизни сўрайди. Мусодан бундан ҳам каттароқ нарсани сўраган эдилар: «Бизга Аллоҳни очиқ кўрсат!» дейишган эди. Шунда золимликлари сабабли уларни чақмоқ урган эди. Сўнгра уларга аниқ-равшан ҳужжатлар келганидан кейин эса бузоқни худо қилиб олишди. Буни ҳам афв этдик ва Мусога очиқ ҳужжат ато этдик.
Бу оят яҳудлар ҳақида нозил қилинган. Улар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га: «Агар Пайғамбар бўлсанг, худди Мусо келтирганидек бизга осмондан яхши бир китоб келтир-чи?» дейишганда ушбу оят нозил бўлди.

166-оят. «Лекин Аллоҳ Сизга Ўз билими билан нозил қилган Нарсага гувоҳлик берур. Фаришталар ҳам гувоҳлик берурлар. Аллоҳнинг Ўзи етарли Гувоҳдир.
Калбий айтади: «Макка аҳлининг бошлиқлари Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га келиб: «Сен ҳақингда яҳудлардан сўрадик, улар сени танимасликларини айтишди. Сени Аллоҳ бизга Пайғамбар қилиб юборганига гувоҳ бўладиган бирор кишини келтир-чи?» дейишди. Шунда ушбу: «Лекин Аллоҳ Сизга Ўз билими билан нозил қилган Нарсага гувоҳлик берур…» оятини нозил қилди.

171-оят. «Эй аҳли Китоб, (Ийсони худо дейиш билан) динингизда ҳаддингиздан ошмангиз! Аллоҳ шаънига эса фақат ҳақ гапни айтингиз! Албатта, ал-Масиҳ Ийсо бинни Марям фақат Аллоҳнинг Пайғамбари ва Унинг Марямга ташлаган Сўзи ҳамда Унинг томонидан бўлган руҳ (соҳибидир), холос. Бас, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирингиз!»(Тангри) учта (яъни  Аллоҳ, Марям ва Ийсо учалалари ҳам тангрилардир)», демангиз! (Бундай ботил эътиқоддан) тўхтангиз, шунда ўзингиз учун яхши бўлур. Ҳеч шак-шубҳасиз, Аллоҳ Якка-Ягонадир. У фарзандлик бўлиш (айбидан) Пок бўлган Зотдир. Осмонлардаги бор нарса ва Ердаги бор нарса Уникидир. Аллоҳнинг Ўзи етарли Вакилдир».
Бу оят насороларнинг бир тоифаси ҳақида нозил бўлган. Улар: «Исо Аллоҳнинг ўғли», дейишарди. Шунда Аллоҳ: «Эй аҳли Китоб, (Ийсони худо дейиш билан) динингизда ҳаддингиздан ошмангиз! Аллоҳ шаънига эса фақат ҳақ гапни айтингиз!...» оятини нозил қилди.

172-оят. Масиҳ ҳам, Аллоҳга яқин қилинган фаришталар ҳам Аллоҳга банда бўлишдан ор қилмайдилар. Кимки Унга бандалик қилишдан ор қилса ва кибр ҳаво қилса, бас, уларнинг барчасини Ўз ҳузурига жам қилажак.
Калбий айтади: Нажрон элчилари: Эй муҳаммад, сен бизнинг соҳибимизни айблаяпсан, дейишди. У киши: “Соҳибингиз ким?”, дедилар. Улар “Исо”, деди. У киши: “У ҳақида нима дебман?”, дедилар. Улар: “У Аллоҳнинг бандаси ва расули”, деб айтаяпсан, дейишди. Расулуллоҳ (с.а.в.) уларга: “Исо учун Аллоҳга банда бўлиш ор эмасдир”, дедилар. Улар “Йўқ, (ордир)”, деганларида ушбу оят нозил бўлди.

176-оят. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиздан фатво сўрайдилар. Айтинг: “Аллоҳ сизларга на ота ва на боласи бўлмаган сўққабош одам тўғрисида ушбу фавони берур: агар фарзандсиз бўлганёлғиз эркак ўлса, (агар) унинг синглиси бўлса, унга (акаси) қўйиб кетган мероснинг ярми тегур. Агар синглисининг фарзанди бўлмаса, (ва ўша сингил ўлса-ю акаси қоладиган бўлса) ака унга меросхўр бўлур. Агар сингиллар иккита бўлса, улар учун ака қолдирган нарсадан учдан иккиси тегур. Агар меросхўрлар ака сингиллар бўлса, бир эркак учун икки аёл ҳиссаси берилур. (Эй мўминлар), адашиб кетмасликларингиз учун Аллоҳ сизларга (Ўз ҳукмларини) баён қилур Аллоҳ ҳамма нарсани Билгувчидир”.
Жобир р.а. айтади: Касал бўлиб қолганимда Расулуллоҳ (с.а.в.) олдимга кирдилар. Ҳузуримда еттита синглим бор эди. У киши юзимга пуфлаган эдиларўзимга келдим ва “Эй Расулуллоҳ, сингилларимга молнинг учдан икки қисмини васият қилсам бўладими?”, дедим. У киши мени ўтиришга буюриб “йўқ”, дедилар. Мен “ярмисиничи?”, деб сўраганимда, мени яна ўтиришга буюриб чиқиб кетдилар. Кейин яна олдимга келиб: “Эй Жобир, мен сени бу касаллик билан ўласан деб ўйламайман. Аллоҳ оят нозил қилиб, сингилларинг учун учдан икки қисм эканини баён қилди”, дедилар. Жобир ушбу оят мен ҳақимда нозил бўлган деб юрардилар.