A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
013. Раъд сураси
PDF Босма E-mail

13-оят. «Момақалдироқ ҳам У Зотга (Аллоҳга) ҳамду сано билан тасбеҳ айтур. Фаришталар ҳам У Зотдан қўрққанлари сабабли (тасбеҳ айтурлар). У Зот чақмоқлар юбориб, улар билан ўзи хоҳлаган кимсаларни – у кимсалар Аллоҳ хусусида талашиб-тортишиб турган ҳолларида, урар. У (ушлаган вақтида қаттиқ ушловчи Зотдир»).
Анас ибн Моликдан: − Бир марта Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бир кишини арабларнинг энг кеккайган-золимларидан бўлган бир кишига юбориб: − Бориб, уни менга чақириб келгин, − дедилар. Шунда у киши: − Эй Расулуллоҳ, у жуда золим-кеккайган кишидир, − (барибир, ўзини катта қўйиб келмайди), − деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): − Бориб, уни менга чақириб келгин,− дедилар.
У бориб: − Сени Аллоҳнинг Расули чақиряптилар, − деди. Шунда у: − Нима  у Аллоҳ, у олтинданми, кумушданми ёки мисданми? – деди. У Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га қайтиб бориб, бунинг хабарини берди-да: − Мен сизга айтгандим-ку: - У ўзини катта қўйиб келмайди, − деб менга фалон-фалон гапларни айтди, − деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): − Яна иккинчи марта бориб, уни чақириб кел, − дедилар. У яна қайтиб борганди у аввалги сўзларини айтди. У яна Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га қайтиб бу хабарни айтди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): Яна қайтиб бор, − дедилар. У учинчи марта қайтиб борганди, у ўша гапини яна қайтарди. Ўша киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг элчилари билан гаплашиб турганда, бирдан бошининг тепасига бир булут келиб момақалдроқ гумбурлади ва ундан яшин пайдо бўлиб, бош суягини яшин уриб кетди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.
Абу Солиҳ ибн Журайж ва ибн Зайдларнинг ривоятида Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): Ушбу оят ва бундан олдинги оят Омир ибн Туфайли ва Арбат ибн Робиъ ҳақларида нозил бўлган.
Улар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан кўришиш учун келишди. Шунда саҳобалардан бирлари: Эй Расулуллоҳ, Омир Ибн Туфайл сиз томонга келяпти, − деди. У киши: − Унга индаманг, (келаверсин). Агар Аллоҳ унга яхшиликни хоҳлаган бўлса, уни ҳидоят қилади, − дедилар. У келиб, кишининг олдида туриб: − Эй Муҳаммад, агар Исломга кирсам менга нима бўлади? – деди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): − мусулмонларга нима фойда бўлса, сенга ҳам ўша бўлади, уларга нима зарар бўлса, сенга ҳам ўша бўлади, − дедилар. У: − ўзингдан кейин ишни (халифаликни) менга қолдирасанми? – деди. У киши: − Йўқ, бу менинг қўлимда эмас. У Аллоҳнинг қўлидадир. Уни хоҳлаганига беради, − дедилар. Бу: − Сен шаҳарликлар устида ҳукмдор – бошлиқ бўл. Менга кўчманчи аъробийларни бер. Уларга бошлиқ қил, − деди. У киши: −Йўқ,− дедилар.
У: − Ундай бўлса менга нимани берасан? – деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): - Сенга отларнинг тизгинини бераман, уларни миниб, ғазот қиласан, − дедилар. У: − Ҳозирда бу нарса менга йўқми? − деди. У (бу ерга келишларидан олдин) Арбад ибн Робиъага: − Мен Муҳаммад билан гаплашиб турганимда, унинг орқасига айланиб ўт ва қилич билан уни ургин, − деган эди. У Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан гап талашиб, тортиша бошлади. Шунда Арбад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг орқаларига айланиб ўтди ва уриш учун қиличини бир қарич қинидан чиқарган ҳам эдики, Аллоҳ уни тўхтатиб қўйди. Қилич солишга кучи етмай қолди. Омир эса  унга имо-ишора қила бошлади. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) орқаларига ўгирилиб, Арбадни нима қилаётганини кўрдилар-да: − Эй Аллоҳим, ўзинг хоҳлаган нарса билан шуларнинг ёмонлигидан менга кифоя қилгин, – дедилар. Шунда Аллоҳ таоло булутсиз – очиқ кунда Арбаднинг устига чақмоқ юборди. Уни чақмоқ уриб, қуйдириб юборди. Омир эса  қочиб орқага тисарилди ва: − Эй Муҳаммад, Роббингга дуо қилдинг, у Арбадни ўлдирди. Аллоҳга қасамки, сенга қарши Мадинани яланғоч отлар ва соқолсиз йигитлар билан тўлдираман, − деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): Аллоҳ таоло бундай қилишдан сени манъ қилади, Қайланинг икки боласини ҳам, − дедилар. Қайланинг икки боласи деб, Авс ва Хазражни назарда тутдилар. Омир Салул қабиласидан бир аёлнинг оиласига тушди. Эрталаб тургач, қиличини ичига яшириб чиқди ва: − Лотга қасамки, Муҳаммад ва унинг соҳиби (яъни  Малакул мавт) менинг олдимга саҳрога чиқса, иккаласини ҳам найзам билан ўлдираман, − деб кета бошлади. Буни кўриб турган Аллоҳ таоло унга бир фариштани юборди. Фаришта уни қанотлари билан уриб, тупроққа белаб ташлади. Шу вақтда тиззасидан худди туянинг ғуддаси (бези)дек бир без пайдо бўлди. У: − Туянинг ғуддасидек ғудда, Салули аёлникида ўлим топиш, − деб қайта бошлади. Кейин эса  отининг устида ўлди. Аллоҳ таоло бу ҳақида

10-14 оятлар.«Сизларнинг орангиздаги ўз гапини яширган киши ҳам, уни ошкора қилган киши ҳам, кеча қоронғусида яширинувчи ҳам, кундузи очиқ, ошкора юрувчи ҳам (у Зот учун) баробардир. Унинг (яъни ҳар инсоннинг) олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилгувчи (фаришталар) бўлиб, улар Аллоҳнинг амри билан уни сақлаб – муҳофаза қилиб турурлар. Аниқки, то бирон қавм ўзларни ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас. Қачон Аллоҳ бирон қавмга ёмонлик – бало юборишни ирода қилса, бас, уни қайтариб бўлмас. Ва улар учун Ундан ўзга ҳоким йўқдир. (Эй одамлар, Аллоҳ) сизларга (момақалдироқдан) қўрққан ва (ёмғир ёғишидан) умидвор бўлган ҳолингизда чақмоқни кўргазадиган ва вазмин булутларни пайдо қиладиган Зотдир. Момақалдироқ ҳам У Зотга (Аллоҳга) ҳамду сано билан тасбеҳ айтур. Фаришталар ҳам У Зотдан қўрққанлари сабабли (тасбеҳ айтурлар). У Зот чақмоқлар юбориб, улар билан ўзи хоҳлаган кимсаларни – у кимсалар Аллоҳ хусусида талашиб-тортишиб турган ҳолларида, улар. У (ушлаган вақтида) қаттиқ ушловчи Зотдир.
Ҳақиқий дуо-илтижо фақат унга қилинур. Ундан ўзга – (мушриклар) дуо-илтижо қилаётган булутлар у мушрикларнинг биронта дуосини мустажоб қилмас. Илло, улар бир кимсага ўхшайдиларки, у кимса кафтларни сувга ёзиб, у сув оғзига етишини кутиб турар, ҳолбуки, у (сув) унинг оғзига етгувчи эмасдир. (Яъни худди сув жонсиз нарса ўлгани туфайли ташна кишининг ҳолидан бехабар бўлиши, бинобарин унинг оғзига бориб етмагани каби у мушриклар дуо-илтижо қиладиган бутлари ҳам жонсиз нарса бўлганлари сабабли уларнинг дуоларини эшитмас – мустажоб қилмас). Бундай кофирларнинг дуолари мутлақо бефойда – хатодир».

30- оят. «(Эй Муҳаммад), шундай қилиб, Биз сизни (кўпдан кўп) авлодлардан кейин келган бир авлодга – улар меҳрибон (Аллоҳ)ни инкор қилиб турган ҳолларида – Биз сизга ваҳий қилган нарсаларни тиловат қилиб беришингиз учун Пайғамбар қилиб юбордик. Айтинг: «У (Меҳрибон Аллоҳ) менинг Парвардигоримдир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат унинг Ўзи бордир. Унинг Ўзига таваккул қилдим − суяндим ва Унинг Ўзига тавба – тазарру қилурман».
Муфассирлар айтишади: − Бу оят Ҳудайбия сулҳи ҳақида нозил бўлган. Сулҳни ёзмоқчи бўлганларидан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): − «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим», деб ёзгин, − дедилар. Шунда Суҳайл ибн Амр ва мушриклар: − Биз Раҳмонни танимаймиз. Илло Ямоманинг бошлиғинигина биламиз. Бисмика Аллоҳумма, − деб ёз, − дейишди. Улар Ямома бошлиғи деб Мусайламатул Каззобни назарда тутишди. Улар Жоҳилиятда жузъий шундай, яъни «Бисмика Алллоҳумма», − ёзишарди. Шунда Аллоҳ таоло улар ҳақида ушбу оятни нозил қилди.
Зоҳҳакнинг ривоятида ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): − Бу оят Қурайш кофирлари ҳақида нозил бўлгандир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уларга: − Раҳмонга сажда қилинглар, − дедилар. Улар: − Раҳмон дегани нима ўзи? Бизни буюрган нарсангга сажда қилаверамизми? – дейишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди. Ва: − Эй Муҳаммад, уларга айтинг: Сиз танишни инкор қилаётган Раҳмон менинг Роббимдир. Ундан ўзга Илоҳ йўқдир, − деди.

31-оят. «Агар бир Қуръон бўлиб, унинг ёрдами билан тоғлар жойидан жилдирилса, ё унинг ёрдами билан ер ёрилиб (дарёлар пайдо қилинса), ёки унинг ёрдами билан ўликлар тилга киритилса ҳам (кофир бўлган кимсалар иймон келтирмайдилар). Йўқ, барча иш ёлғиз Аллоҳнинг (изнидадир. Яъни Аллоҳ хоҳласа, иймон келтирадилар, агар у Зот хоҳламас экан, барча талаблари бажо қилинганида ҳам, улар иймон келтирмайдилар).
Абдуллоҳ ибн Ато момолари Умму Атодан ривоят қилади. У киши Зубайрнинг озод қилган чўриларидир: − Зубайр ибн Аввомдан эшитдимки, айтдилар: − Қурайшликлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га: − Сен ўзингни ваҳий келадиган Пайғамбар деб гумон қилаяпсан. Сулаймонга шамоллар бўйсундирилган эди. Мусога денгиз бўйсундирилган эди. Исо ўликларни тирилтирди. Бас, сен ҳам Аллоҳ таолога дуо қил, тоғларни биздан нари жилдирсин – сурсин. Биз учун ерда анҳорлар қазиб қўйсин, биз экинзорлар қилиб, еб – ичайлик. Агар бундай қилмасанг, дуо қилгин ўликларимизни тирилтирсин, биз улар билан гаплашайлик. Агар бундай қилмасанг, Аллоҳга дуо қил, остингдаги тошни олтинга айлантирсин, биз ундан (зеб-зийнатлар) йўниб олайлик. Қишу ёзда (савдо учун) сафар қилишдан қутулайлик, сен ўзингни худди улар каби (Пайғамбар) деб, даъво қиляпсан-ку, − дейишди. Биз у кишининг атрофида турган эдик. Бирдан у кишига ваҳий келиб қолди . У киши ўзларига келгач: − Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлар сўраган нарсаларни менга (Аллоҳ) ато этди. Агар хоҳласам, албатта, (шундай) бўлади. Лекин Аллоҳ менга (икки нарсадан бирини) танлаш ихтиёрини берди. Раҳмат эшигига кириб, иймон келтирувчиларингиз иймон келтиради, ёки (Аллоҳ) сизларни ўзларингиз учун танлаган нарсангизга топшириб қўяди-да, сизлар раҳмат эшигидан адашиб кетасизлар. Мен Раҳмат эшигини ихтиёр қилдим. (Роббим) менга хабар бердики, агар сизларга шуни берса-ю, кейин сизлар кофир бўлсангизлар, у сизларни шундай азоб билан азоблайдики, аламлардан бирор кишини бундай қаттиқ азоб билан азобламаган эди, − дедилар. Шунда Бизни оят – мўъжизалар юборишимиздан фақатгина аввалгилар уларни ёлғонга чиқарганликларигина тўсиб турибди ояти ва ушбу оят нозил бўлди.

38-оят. «Дарҳақиқат, сизлардан илгари ҳам (кўп) Пайғамбарлар юборганмиз ва уларга жуфтлар ва зурриётлар берганмиз. Бирон Пайғамбар учун бирон оят-мўъжиза келтириш имкони бўлмаган, магар Аллоҳнинг изни-иродаси билангина (келтирганлар). Ҳар бир вақт учун (муносиб) китоб-ҳукм бордир».
Калбий: − Жуҳудлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг айблашиб орлантиришиб: − Бу кишининг хотинлар ва никоҳдан бошқа иши йўқ. Агар у ўзи айтганидек Пайғамбар бўлганида эди, Пайғамбарлик иши  уни аёллардан тўсиб, машғул қилиб қўйган бўлар эди, − дейишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.