A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
024. Нур сураси
PDF Босма E-mail

3-оят. «Зинокор эркак фақат зинокор аёлга ёки мушрикага уйланур. Зинокор аёлга фақат зинокор эркак ёки мушрик уйланур».
Муфассирлар айтишади: Муҳожирлар Мадинага келишганларида ораларида мол-мулки йўқ камбағал кишилар ҳам бор эди. Мадинада эса ўз танасини ижарага берадиган-сотадиган бузуқ-фоҳишалар бор эди. Улар ўша вақтда яхши пул топишарди. Камбағал муҳожирлардан айримлари уларнинг пул топишига, даромадига қизиқиб: − Бизлар уларга уйланиб, токи Аллоҳ улардан (уларнинг даромадларидан) беҳожат қилгунича улар билан яшасак бўлмайдими? – дейишди ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан изн сўрашди. Шунда ушбу оят нозил бўлди ва бу оятда мўминларни ҳимоя қилиш учун Аллоҳ зинокор аёлга уйланишни ҳаром қилди.
Икрима айтади: − Бу оят Макка ва Мадинадаги даволовчи фоҳиша аёллар ҳақида нозил бўлган. Уларнинг маконлари кўп бўлган. Улардан асосий байроқдорлари тўққизта  эди. Уларнинг худди Байтор (от, мол, ҳайвонларни даволовчи табиб)нинг байроқларидек байроқлари бор эди. Одамлар уларнинг байроқларини танишарди. Улар: Соиб ибн Соиб ал-Махзумийнинг жорияси Умму Маҳдум, Сафвон ибн Умайянинг жорияси Умму Ғолиз, Ос ибн Воилнинг жорияси Ҳайятул Қибтия, Ибн Молик ибн Аслама ибн Ас-Сибақнинг жорияси Мория, Суҳайл ибн Амрнинг жорияси Жалола, Амр ибн Усмон ал-Маҳзумийнинг жорияси Умму Сувайд, Замаъ ибн Асваднинг жорияси Шарифа, Ҳишом ибн Робиъанинг жорияси Қорина ва Ҳилол ибн Анаснинг жорияси Фартаналардир. Жоҳилиятда уларнинг уйлари Маваҳийр (фоҳишахоналар) деб номланарди. Уларга фақатгина Каъба аҳлининг зинокор-бузуқлари, мушриклар киришган. Айрим мусулмонлар уларни даромад манбаи қилиб олиш учун уларга уйланмоқчи бўлишган. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди ва мўминларни бу ишдан қайтарди ва бу  ишни уларга ҳаром қилди.
Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу): Умму Маҳдум исмли аёл фоҳишалик қиларди. Унга уйланмоқчи бўлган кишининг ейиш-ичиши, нафақасини ўз бўйнига олган эди. Мусулмонлардан бир киши унга уйланмоқчи бўлди. Буни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га айтган эди ушбу оят нозил бўлди. (Яъни ким менга уйланса, ўзим уни боқаман, − дерди).

6-оят. «Ўзларидан бошқа гувоҳлари бўлмаган ҳолида ўз хотинларини (бузуқ деб) бадном қиладиган кимсалар – уларнинг ҳар бири ўзини шак-шубҳасиз ростгўйлардан деб Аллоҳ номига тўрт марта гувоҳлик бериши (вожибдир)».
Икрима ибн Аббосдан айтади:

− Покиза аёлларни (бузуқ деб) бадном қилган, кейин эса тўртта гувоҳ келтиролмаган кимсаларни саксон дарра уринглар ва ҳеч қачон уларнинг гувоҳликларини қабул қилманглар: улар фосиқ – итоатсиз кимсалардир. (Нур – 4) ояти нозил бўлгач, ансорларнинг саййиди Саъд ибн Убода: − Эй Расулуллоҳ, худди шундай нозил қилиндими? – деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): − Эй Ансорлар жамоаси, саййидингиз айтган сўзни эшитмадингизми? – дедилар. Улар: − Эй  Расулуллоҳ, у − жуда рашкчи киши, Аллоҳга қасамки, у фақат бокира қизгагина уйланади. Рашкининг кучлилигидан бирор аёлини талоқ қилса, бизлардан ҳеч ким унга уйланишга журъат қилолмайди, − дейишди. Шунда Саъд: − Эй Расулуллоҳ, албатта, мен бу оятнинг ҳақ эканини аниқ биламан. Албатт, у Аллоҳнинг ҳузуридандир. Лекин мен ажабландим: − Агар бир бузуқи аёлни бир киши оёқлари остига олиб ётганини кўрсам-да, токи тўртта гувоҳ топиб келмагунимча унга теголмасам, ҳайдолмасам? Аллоҳга қасамки, мен тўртта гувоҳ келтиргунимча улар ҳожатларини ўтаб бўлишади-ку! − деди.      Озгина вақтдан кейин Ҳилол ибн Умайя келди. У еридан кечаси аҳлига қайтиб келди. Аҳлининг ҳузурида бир кишини кўрди. Ўз кўзи билан кўрди, ўз қулоғи билан эшитди. Эрталабгача унга индамади, ҳайдамади. Эрталаб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га бориб: − Эй Расулуллоҳ, мен аҳлимга кечаси келиб, аҳлим ҳузурида бир эркакни кўрдим. Ўз кўзим билан кўрдим, ўз қулоғим билан эшитдим, − деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) унинг гапини ёқтирмадилар ва бу у кишига қаттиқ таъсир қилди. Шунда Саъд ибн Убода: − Энди Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Ҳилол ибн Умайяни (саксон дарра) урдирадилар ва мусулмонлар орасида унинг гувоҳлигини ботил қиладилар,− деди. Буни эшитиб Ҳилол: − Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан ўзи менга бир йўл кўрсатишини умид қиламан, − деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га қараб: − Эй Расулуллоҳ, мен келтирган нарса сизга ёқмай, қаттиқ таъсир қилганини кўриб турибман. Лекин Аллоҳ биладики, мен рост гапирдим, − деди. Шунда Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уни дарралашга буюрмоқчи бўлиб тургандилар, бирдан у кишига ваҳий келиб қолди. У кишига ваҳий келса, одамлар буни у кишининг тери рангларининг ўзгаришидан, титрашларидан билишарди. Ваҳий тушиб тугагунича одамлар жим туришди. Шунда ушбу оятларнинг ҳаммаси нозил бўлди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзларига келиб: − Хурсанд бўлгин, Эй Хилол,  Аллоҳ сен учун енгиллик ва (мушкулотдан чиқишга) йўл пайдо қилди, − дедилар. Буни эшитиб Ҳилол: − Дарҳақиқат, мен буни Роббимдан умид қилган эдим, − деди.
Абдуллоҳдан: − Жума кечасида масжидда турган эдик. Ансорлардан бир киши кириб келиб: − Бир эркак ўз хотини билан бир эркакни кўриб қолса-да, агар (шуни) айтса, уни дарралайсизлар, агар (ўлдирса) уни ҳам ўлдирасизлар. Агар жим бўлса, ғазаби билан (дарди ичида бўлиб) жим бўлади. Аллоҳга қасамк, мен бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан, албатта, сўрайман, − деди. Эртаси куни эрталаб у Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га бориб шу ҳақда сўради: − Бир одам хотинини бир эркак билан кўрса, айтса, дарралайсизлар, ўлдирса, ўлдирасизлар, жим бўлса, ғазаб билан (дарди ичида бўлиб) жим бўлади-ку! − деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): − Эй Аллоҳим, ўзинг ҳукм қилгин, − дедилар ва дуо қила бошладилар. Шунда (лаънатлаш) ояти нозил бўлди. Одамлар орасида бир киши шу бало билан балоланди. Унинг ўзи ва аёли Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг олдиларига келиб, бир-бирларини лаънатлашди. Эркак ўзининг ростгўй эканлигига Аллоҳ номи билан тўрт марта қасам ичиб гувоҳлик берди. Сўнг бешинчисида агар ёлғончилардан бўлса Аллоҳнинг лаънати ўзига бўлишини айтиб қасам ичиб ўзини лаънатлади. Кейин ўзига лаънат айтиш учун аёл келтирилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): − Бас қил, − дедилар. У (ҳам худди эридек) лаънат айтди. У кетгач, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): − Эҳтимол, у қора, жингалак соч келтирар (туғар), − дедилар. Дарҳақиқат, у қора, жингалак соч келтирди. Муслим ривояти.

11-26-оятлар: «Шак-шубҳасиз, бу бўхтонни (вужудга) келтирган кимсалар ўзларингиздан бўлган бир тўдадир. Уни сизлар ўзларингиз учун ёмонлик деб ўйламанглар, балки у сизлар учун яхшиликдир. Улардан (яъни бўҳтончилардан) ҳар бир киши учун ўзи касб қилган гуноҳ (га яраша жазо) бордир. Уларнинг орасидаги (гуноҳнинг) каттасини кўтарган кимса учун улуғ азоб бордир».
12. «(Эй мўминлар), сизлар (бу бўҳтонни) эшитган пайтингизда мўмин ва мусулмонлар бир-бирлари ҳақида яхшиликни ўйлаб: «Бу очиқ бўҳтон-ку!» – десалар бўлмасмиди?!»
13. «Улар (яъни  Оишани бадном қилмоқчи бўлганлар ўз даъволарига) тўртта гувоҳ келтирсалар бўлмасмиди?! Энди агар гувоҳ келтира олмасалар, у ҳолда Аллоҳ наздида  улар ёлғончидирлар».
14. «Агар сизларга дунё ва охиратда Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлмаса эди, албатта, сизларни тинмай сўзлаган нарса – бўҳтонларингиз сабабли улуғ азоб ушлаган бўлур эди».
15. «Ўшанда сизлар уни тилдан тилга олиб, оғизларингиз билан ўзларингиз аниқ билмаган нарсани сўйлар ва буни енгил иш деб, ўйлар эдингизлар. Ҳолбуки, у Аллоҳ наздида улуғ (гуноҳдир)».
16. «Уни эшитган пайтингизда: «Бу (миш-мишни) сўзлаш биз учун жоиз эмасдир. Эй пок Парвардигор, бу улуғ бўҳтон-ку», – десангизлар бўлмасмиди?!»
17. «Агар мўмин бўлсангизлар, ҳаргиз унга ўхшаган нарсаларга қайтмасликларингизни Аллоҳ сизларга панд-насиҳат қилур».
18.«Ва Аллоҳ сизларга Ўз оятларини баён қилур. Аллоҳ илм ва ҳикмат соҳибидир».
19. «Албатта, иймон келтирган кишилар ўртасида бузуқликлар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли азоб бордир. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз».
20. «Агар сизларга Аллоҳнинг фазлу-марҳамати ва Аллоҳнинг меҳрибон ва раҳмли экани бўлмаса эди (албатта, сизларга бу қилмишларингиз учун азобни нақд қилган бўлур эди)».
21. «Эй мўминлар, шайтоннинг изидан эргашманглар! Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта, (шайтон) бузуқлик ва ёмонликка буюрур. Агар сизларга Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлмаса эди, сизлардан бирон киши (бирон гуноҳдан) пок бўлмас эди. Лекин Аллоҳ (фазлу марҳамати билан) Ўзи хоҳлаган кишини поклар. Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир».
22. «Сизлардан фазл ва кенг-катта мол-давлат эгалари қариндошларга, мискинларга ва муҳожирларга Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилмасликка қасам ичмасин, балки уларни афв қилиб, кечирсинлар! Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизларми?! Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир».
23. «Албатта, (бузуқ ниятлардан) бехабар, покиза, мўмина аёлларни бадном қиладиган кимсалар дунёда ҳам, охиртда ҳам лаънатга дучор бўлдилар. Улар учун улуғ азоб бордир».
24. «У кунда – қиёматда қилиб ўтган (бўҳтонлари сабабли уларнинг тиллари ҳам, қўл ва оёқлари ҳам ўзларининг зиёнларига гувоҳлик берур».
25. «Ўша кунда Аллоҳ уларнинг ҳақиқий жазоларини комил қилиб берур ва улар Аллоҳнинг аниқ-ҳақ эканини билурлар».
26. «Нопок аёллар нопок эрлар учундир (яъни лойиқдир), нопок эрлар нопок аёллар учундир. Покизиза аёллар покиза эрлар учундир, покиза эрлар покиза аёллар учундир. Ана ўша (покиза эрлар ва покиза аёллар) уларнинг (яъни нопок эрлар ва нопок аёлларнинг) айтаётган бўҳтонларидан покдирлар. Улар учун мағфират ва улуғ ризқ (яъни жаннат неъматлари) бордир».
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг завжалари Оиша (розияллоҳу анҳу): − Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) сафарга чиқишни хоҳласалар, аёллари ўртасида қуръа ташлардилар. Қуръа кимга тушса, ўша аёл Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан бирга сафарга чиқарди. Бир ғазотда орамизга қуръа ташланганида, қуръа менга тушди. Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан сафарга чиқдим. Бу «Ҳижоб» ояти тушганидан кейин бўлган эди. Мен ҳавдажимга миндим (туяга ўрнатиладиган аёллар учун   тахтиравон ) ва сафар давомида шунинг ичида бўлдим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ғазотлари тугагач, қайтдилар ва биз Мадинага яқинлашдик (йўлда дам олиш учун тўхтадик). Кечасида отланишга чақирилди. Йўлга отланишга чақирилганда мен туриб қўшиндан четроққа чиқдим. Ҳожатимни ўтагач, карвонга қайтдим. Кўкрагимни ушлаб қарасам, маржоним тушиб қолибди. Қайтиб маржонимни қидирдим. Анча ушланиб қолдим. Мени ҳавдажимни кўтарадиган гуруҳ келиб, ҳавдажимни  мен миниб юрадиган туяга ортиб қўйибдилар. Улар мени ўшанинг ичида деб ўйлашибди. Ўша вақтда аёллар енгил, этсиз, ориқ бўларди. Жуда оз таом ейишарди, шунинг учун одамлар ҳавдажни кўтариб ортишганда мени сезишмаган. Мен ёш кичкина қизалоқ эдим. Улар юкларни ортиб кетиб қолишди. Қўшин йўлга чиққанидан кейин мен маржонимни топдим-да, қайтиб келсам, у ерда ҳеч ким йўқ экан. Мен ўзимни жойимга келиб ўтирдим  ва одамлар мени йўқотиб қўйишганини билиб, қайтиб келишади, деб ўйладим. Мен ўрнимда ўтириб кўзим илиниб ухлаб қолдим. Сафвон ибн Миътал Ассаламий Аззаквонтий қўшиннинг ортидан келарди. У кечаси йўлга тушиб эрталаб менинг олдимга етиб келди. Келиб ухлаб ётган кишининг қорасини кўрибди. Менинг олдимга келиб мени таниди. Ҳижобга киришимдан олдин у мени кўрган эди. У мени таниб истиржо айтди. Унинг истиржосидан уйғониб кетдим. Юзимни жилбоб (катта мато) билан ёпдим. Аллоҳга қасамки, у менга бирор сўз айтмади. Истиржосидан бошқа бирор сўз эшитмадим. У туясини чўктирди. Туя чўккач, мен унга миндим. У туяни етаклаб йўлга тушди. Қўшин пешинги иссиқнинг бошланишида қийналишиб (дам олишга) тушишган пайтда етиб келдик. Мен ҳақимда одамлар гапиришди. Бўхтоннинг каттасини бошлаганларнинг бири Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул эди. Мадинага келдик. Мен бир ой касал бўлиб қолдим. Одамлар бўхтончиларнинг гапларини тўлиб-тошиб гапиришарди. Мен эса бирор нарсани сезмасдим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) мен касал бўлсам, менга меҳрибонлик кўрсатардилар. Бу сафар шундай меҳрибонликни кўрмай шубҳага тушдим. У киши салом берардилар-да: − Аҳволингиз қандай? – деб қўярдилар. Бу мени хафа қиларди. Токи тузалиб ташқарига чиққунимча ҳеч бир ёмонликни сезмадим. Умму Мистаҳ ҳам мен билан бирга ҳажатхонага чиқди. Биз фақат  кечасигина ҳожатга чиқар эдик. Бу уйларимиз яқинида ҳожатхона қуришимиздан олдин бўлган эди. Ҳожат масаласида бизнинг ишимиз олдинги арабларнинг ишларидек эди. Ҳовлимизда ҳожатхона қургунимизча биз кўп   азиятланар эдик. Умму Мистаҳ Абу Раҳм ибн Абдулмуттолиб ибн Абду Маннофнинг қизидир. Унинг онаси Саҳр ибн Омир Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу)нинг холасидир. Ўғли Мистаҳ ибн Усоса ибн Ибод ибн Абдулмутталибдир. Мен ва Абу Раҳмнинг  қизи Умму Мистаҳ ҳожатимизни ўтаб уйимизга қайтдик. Шунда Умму Мистаҳ кийимига илашиб қоқилиб кетди-да: − Мистаҳ хор бўлсин,− деди. Шунда мен унга: − Қандай ёмон гап айтдинг−а, Бадрда қатнашган кишини ҳам ҳақорат қиласанми? − дедим. У: − Эй бечорагина, у нима деганини эшитмадингми? – деди. Мен: − Нима дебди? − дедим. Шунда у менга ифк аҳлининг (бўҳтончиларнинг) гапларини айтиб берди. Буни эшитиб касалим яна зиёда бўлди. Уйимга қайтгач, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) олдимга кирдилар ва аҳволинг қандай? – дедилар. Мен: − Отам-онамникига боришимга изн берасизми? −  дедим. Мен ота-онамдан хабарни яхшироқ билмоқчи бўлдим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) менга изн бердилар. Мен онамникига бориб: − Эй онажон, одамлар нимани гапириб юрибдилар?  − деб сўрадим. Онам: − Эй қизгинам, ўзингни тутгин. Аллоҳга қасамки, эркакка ёқадиган аёлга азият етказувчилар кўп бўлади, унинг устидан кўп гапиришади, – деди. Буни эшитиб мен: − Субҳаналлоҳ, одамлар шундай деб гапириб юришибдими? – дедим-да, шу кеча эрталабгача йиғлаб чиқдим, кўз ёшим тўхтамади, ухлолмадим. Йиғлаган ҳолда тонг оттирдим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Али ибн Абу Толибни ва Усома ибн Зайдни чақириб улар билан аҳлларидан ажрашиш ҳақида маслаҳатлашдилар, шу вақтгача ваҳий келмай турган эди. Усома ибн Зайд Расулуллоҳнинг аҳлларининг покизалигини  билгани учун, уларни яхши кўргани учун, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га: − Эй Расулуллоҳ улар аҳлингиздир, биз улардан фақат яхшиликни биламиз, − деди.  
Али ибн Абутолиб эса: − Аллоҳ таоло сизни аёллардан сиқмаган. Ундан бошқа аёллар ҳам кўп, агар сиз хизматкор қиздан сўрасангиз, у сизга ростини айтади, − деди.  Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Бурайрани чақирдилар ва: − Эй Бурайра, Оишадан сени шубҳалантирадиган бирор нарса сезганмисан? – дедилар. У: − Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, ундан бирор-бир ёмонликни сезганим йўқ. Фақатгина у жуда ёш қиздир, хамир қилиб ухлаб қолар эди, қўйлар, уй ҳайвонлари келиб хамирни еб кетар эди, - деди. Буни эшитиб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўринларидан турдилар ва Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулдан нима учун бундай қилганини сабабини сўрадилар. Минбарда туриб: - Эй мусулмонлар жамоаси, менга аҳлим борасида азият етказган кишидан, ким узр олиб беради. Аллоҳга қасамки, мен аҳлимдан фақат яхшиликни биламан, улар бир одамни зикр қилибдиларки, мен ундан фақат яхшиликни кўрганман. У аҳлимнинг олдига фақатгина мен билан киргандир, − дедилар. Шунда Саъд ибн Муоз Ал Ансорий туриб: − Эй Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам), мен сизга ўша одамдан узр олиб бераман. Агар у Авс қабиласидан бўлса, бўйнига ураман (ўлдираман). Агар ўша одам биродаримиз Хазраж қабиласидан бўлса, бизга нимани буюрсангиз, шуни қиламиз, − деди. Шунда Ҳазражнинг саййиди Саъд ибн Маозга: − Ёлғон гапирдинг. Аллоҳга қасамки, уни ўлдиролмайсан, ўлдиришга кучинг ҳам етмайди, − деди. У ўзи солиҳ одамдир. Лекин шу пайтда унинг ҳамияти қўзиб кетди. Шунда Усайд ибн Ҳузайр турди. У Саъд ибн Муознинг амакисининг ўғлидир. У Саъд ибн Убодага: - Ёлғон гапирдинг. Аллоҳга қасамки, биз, албатта, уни ўлдирамиз. Сен мунофиқсан, мунофиқларнинг ёнини оляпсан, − деди. Шунда бу икки қабила Авс ва Ҳазраж кишилари ғалаён кўтаришиб, ўзаро уришишга чоғландилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) эса минбарда туриб уларни тинчлантиришга ҳаракат қилавердилар. Охири тинчишди. Шу куни ҳам менинг кўз ёшим тинмади, ухламадим. Ота- онам кўп йиғи менинг жигаримга зарар етказади деб ўйлашди. Улар менинг олдимга ўтиришган эди, мен йиғлаётган эдим, бир ансорий аёл киришга изн сўради. Мен унга изн бердим. У ҳам келиб мен билан бирга йиғлаб ўтирди. Биз шу ҳолатда тургандик бирдан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) кирдилар-да ўтирдилар. Мен ҳақимда гап-сўзлар тарқалганидан бери олдимда ўтирмаган эдилар. Бир ойдан бери мен ҳақимда у кишига бирор нарса ваҳий қилинмаган эди. У киши шаҳодат келтирдилар-да: − Аммо баъд, Эй Оиша, менга сен ҳақингда фалон-фалон сўзлар етди. Агар сен пок бўлсанг, Аллоҳ сени тезда поклайди. Агар гуноҳ иш қилган бўлсанг, Аллоғга истиғфор айт, тавба қил. Агар банда гуноҳини бўйнига олиб сўнг тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади, − дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) сўзларини тугатгач, кўз ёшларим оқмай қолди. Ҳаттоки бир томчи ёшни ҳам сезмадим. Мен отамга: − Менинг ўрнимга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг сўзларига жавоб беринг, − дедим. Отам: − Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га нима дейишни билмаяпман, − деди. Кейин онамга: − Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га жавоб беринг, − дедим. Онам: − Аллоҳга қасамки, нима дейишни билмаяпман, − деди. Шунда мен: − Мен кичик ёшли қизман. Қуръондан кўп нарса ўқиёлмайман. Аллоҳга қасамкм, биламанки, сизлар буни эшитиб, бу гап қалбингизга ўрнашиб қолди ва сиз шунга ишондингиз. Агар мен сизларга: «Мен покизаман», десам, (Аллоҳ билиб турибди мен покиза эканлигимни) менга ишонмайсизлар. Агар мен бирор гуноҳни бўйнимга олсам, (Аллоҳ билиб турибди мен бундай гуноҳдан покизаман) сизлар бунга ишонасизлар. Аллоҳга қасамки, мен билан сизларнинг мисоли фақатгина Юсуфнинг отаси айтганидекдир: − «Чиройли сабр (қиламан). Сизлар сифатлаётган нарсадан Аллоҳдан сўрайман», – дедим-да, ўгирилиб кўрпамга ўраниб олдим. Аллоҳга қасамки, мен шу пайтда ўзимнинг покизалигимни билиб турардим. Аллоҳ мени, албатта, поклашини ҳам билардим. Лекин Аллоҳга қасамки, мен ҳақимда тиловат қилинадиган оят нозил қилишини ҳеч ўйламаган эдим. Ўзимча менинг ишим Аллоҳ таоло мен ҳақимда тиловат қилинадиган бир нарса сўзлаши олдида арзимас ҳақир иш эди. Лекин мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бир туш кўриб, шу тушда Аллоҳ таоало мени оқласа керак, − деб ўйлардим. Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўринларидан қўзғалмасларидан, уйдагилардан бирортаси чиқмасидан туриб Аллоҳ таоло ўз Пайғамбарига оят нозил қилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га ваҳий келгандаги оғриқли ҳолат содир бўлди. Ҳаттоки у кишидан тер маржондек оқа бошлади. Худди қиш кунларидек (ялтираб). У кишига нозил бўлган сўзнинг оғирлигидан шундай бўлди. Ваҳий тугагач, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзларига келдилар. Кулиб турдилар. Энг аввал айтган сўзлари ушбу бўлди: − Хурсандчилик, эй Оиша, Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сени поклади, − дедилар. Шунда онам менга: − Тур-да у кишига (ташаккур айт), − деди. Мен: − Аллоҳга қасамки, у киши учун турмайман, Аллоҳ субҳанака ва таологагина шукр қилиб, ҳамд айтаман. Мени поклаган Зот унинг Ўзидир,− дедим. Аллоҳ таоло: «Бу бўхтонни вужудга келтирган кишилар... » ушбу ўнта оятни нозил қилди. Аллоҳ таоло менинг покизалигим ҳақида ушбу оятларни нозил қилгач, (отам) Абу Бакр Сиддиқ: − Аллоҳга қасамки, унга (Мистаҳга) ҳеч қачон, ҳеч нарса инфоқ қилмайди. Оиша ҳақида айтган гапини айтгани сабабли, − деди. У киши Мистаҳ қариндош бўлгани учун ва камбағаллиги учун унга инфоқ қилиб юрардилар. Шунда Аллоҳ таоло:  «Сизлардан фазл ва катта мол-мулк эгалари қариндошларига...инфоқ қилмасликка қасам ичмасинлар...» оятини «Аллоҳ сизни кечиришини хоҳламайсизми?!» (Нур - 22) оятигача нозил қилди. Буни эшитиб Абу Бакр: − Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳ мени кечиришини хоҳлайман, − деди-да, яна аввалгидек Мистаҳга нафақа беришда давом этди. Абу Бакр: − Мен Мистаҳдан ҳеч қачон инфоқни тарк этмайман, − деди. Бухорий ва Муслим ривояти.

16-оят. «Уни эшитган пайтингизда: «Бу (миш-мишни) сўзлаш биз учун жоиз эмасдир. Эй пок Парвардигор, бу улуғ бўҳтон-ку!» – десангизлар бўлмасмиди?!»
Оиша (розияллоҳу анҳо) Урвага Ифқ воқеасини сўзлаб бердилар, шунинг орасида шундай дедилар: − Абу Айюб ал-Ансорийга хотини: − Эй Абу Айюб, одамлар нима дейишаётганини эшитдингизми? – деди. У: − Нима дейишяпти? – деди. Хотини унга ифк аҳлининг гапларини айтиб берди. У: − Бу (миш-мишни) сўзлаш биз учун жоиз эмасдир, Эй пок Роббимиз, бу улуғ бўухтон-ку! − деди. Шунда Аллоҳ азза ва жалла ушбу оятни нозил қилди.
Оиша (розияллоҳу анҳо)нинг озод қилган қули Заквондан ривоят қилинади: − Оиша (розияллоҳу анҳо) ўлим олдида ётгандилар. Ҳузурларида акаларининг ўғиллари Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон бор эди. Заквон ибн Аббос келиб киришга изн сўраганини айтди. Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон: − Ибн Аббос келиб киришга изн сўраяпти, у яхши фарзандларингиздандир (мусулмонлардандир), − деди. Шунда Оиша (розияллоҳу анҳо): − Ибн Аббос ва унинг мақтовларидан мени холи қолдиргин, − дедилар. Шунда Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон: − У Аллоҳ азза ва жалланинг китобини ёдлаган қоридир, Аллоҳнинг динида фақиҳдир. Унга изн беринг, сизга салом берсин, сиз билан видолашсин, − деди. Оиша (розияллоҳу анҳо): − Агар хоҳласанг, изн берақол, − дедилар. У киши изн бердилар. Ибн Аббос кириб, салом берди ва ўтирди-да: − Яхшилик, эй мўминларнинг онаси, барча азият ва қийинчиликлар кетиб, севикли Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га ва у кишининг гуруҳларига етишингиз билан сизнинг орангизда руҳ жасадни тарк этиши бордир, холос. Сиз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га аёлларининг энг суюклиси бўлдингиз. У киши фақат покиза нарсаларнигина яхши кўрардилар. Аллоҳ таоло етти қават осмон устидан туриб сизнинг покизалигингиз ҳақида оят нозил қилди. Ер юзидаги ҳар бир масжидда кечаю кундуз бу оят тиловат қилинади. Абво кечасида маржонингиз тушиб қолди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва одамлар уни қидириб туриб қолишди ва сувсиз тонг оттиришди. Шунда Аллоҳ таоло покиза тупроқ билан таяммум қилинглар... оятини нозил қилди. Сиз сабабли умумий барча инсонларга таяммумга рухсат бўлди. Аллоҳга қасамки, Сиз муборак – баракотлидирсиз, − деди. Шунда Оиша (розияллоҳу анҳо): − Эй Ибн Аббос, мени бу (мақтовлардан) холи қолдиргин. Аллоҳга қасамки, мен унутган – унутилган бўлишни хоҳлардим, − дедилар.

27-оят.
«Эй мўминлар, ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизгача кирмангиз. Мана шу сизлар учун яхшироқдир. Шояд, эслатма-ибрат олсангизлар».
Ибн Собитдан: − Ансорлардан бир аёл келиб: − Эй Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам), мен уйимда шундай ҳолатда бўламанки, ўшандай ҳолатда мени биров кўришини хоҳламайман. Отам ҳам, болам ҳам кўрмаслигини хоҳлайман. Лекин отам менинг олдимга кириб келади. Мен шундай ҳолимда ҳам оиламдаги эркаклар олдимга кириб келишаверади. Мен нима қилай? – деди. Шунда ушбу оят...нозил бўлди.
Муфассирлар айтишади: − Ушбу оят нозил бўлганида Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу): − Эй Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам), Шом йўлларидаги ҳеч ким яшамайдиган хоналар, масканлар ҳақида нима дейсиз? – деди. Шунда Аллоҳ таоло: (Биров учун) маскан бўлмаган (меҳмонхона, карвонсарой каби) сизлар фойдаланадиган уйларга (изн сўрамасдан) киришингизга гуноҳ йўқдир... оятини нозил қилди.

33- оят.
«Никоҳ (учун лозим бўлган мол-давлатни) топа олмаган кишилар то Аллоҳ уларни Ўз фазлу карами билан бой-бадавлат қилгунича ўзларини (ҳаромдан, зинокорликдан) пок тутсинлар! (Эй мўминлар) қўл остингиздаги қуллардан битим тузишни истайдиган кишилар бўлса, у ҳолда агар сизлар уларда яхшиликни (яъни диёнат, иймонни) билсангизлар, улар билан битим тузинглар ва уларга Аллоҳнинг сизларга ато этган молидан ато этинглар!...»
Бу оят Хувайтиб ибн Абдул Уззанинг ғуломи – хизматкори Субайх исмли киши ҳақида нозил бўлган. У хожасидан битим тузишни сўради (яъни маълум миқдордаги пул эвазига озод қилиш битими). Хожаси Хувайтиб рози бўлмади. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди. Кейин Хувайтиб битим тузиб, уни юз динор эвазига озод қилишга рози бўлди. Кейин шу пулнинг йигирма динорини унга ваҳб (ҳадя) қилди, (яъни кечди). Хизматкор пулнинг қолганини адо қилди (ва озод бўлди). Хунайн жангида ўлдирилди.
Жобирдан: − Абдуллоҳ ибн Убайнинг жорияси бор эди. У унга: − Бор, бузуқлик қилиб бирор нарса топиб кел, − дер эди. Шунда Аллоҳ таоло: Никоҳ (учун лозим бўлган мол-давлатни) топа олмаган кишилар то Аллоҳ уларни Ўз фазлу карами билан бой-бадавлат қилгунича ўзларини (ҳаромдан, зинокорликдан) пок тутсинлар! (Эй мўминлар) қўл остингиздаги қуллардан битим тузишни истайдиган кишилар бўлса, у ҳолда агар сизлар уларда яхшиликни (яъни диёнат, иймонни) билсангизлар, улар билан битим тузинглар ва уларга Аллоҳнинг сизларга ато этган молидан ато этинглар!» оятини нозил қилди.
Имом Муслим ривояти
Умар ибн Собитдан: − Ушбу оят Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулнинг жорияси Муъаза ҳақида нозил бўлган. У муслима эди. Абдуллоҳ уни бузуқликка мажбурлар эди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.
Жобирдан: − Абдуллоҳ ибн Убайнинг Мусайка исмли жорияси бор эди. Уни фоҳишалик қилиб (пул топишга) мажбур қилар эди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.
Муфассирлар айтишади: − Бу оят Муъоза ва Мусайка ҳақида нозил бўлган.  Улар Абдуллоҳ ибн Убай мунофиқнинг чўрилари эди. Уларни пул топиб келишлари учун фоҳишаликка мажбурлар эди. Жоҳилиятда одамлар чўриларини шундай қилишарди, ижарага беришарди. Ислом келгач эса  Муъоза Мусайкага: − Биз қилаётган иш агар яхшилик бўлса, биз яхшиликдан кўп қилиб юбордик. Агар ёмонлик бўлса, уни тарк этиш вақти келди, − деди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.
Муқотил: − Ушбу оят Абдуллоҳ ибн Убайнинг олтита чўриси ҳақида нозил бўлган. У уларни зинога мажбур қилиб, улардан пул олар эди. Улар Муъоза, Мусайка, Амина, Амро, Урва Қотилалардир. Уларнинг бири бир куни бир динор топиб келди. Бошқаси эса тополмасдан келди. Шунда Абдуллоҳ ибн Убай уларга: − Боринглар, яна фоҳишалик қилинглар, − деди. Шунда улар: − Аллоҳга қасамки, қилмаймиз. Аллоҳ бизга Исломни келтирди, зинони ҳаром қилди, − дейишиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га бориб шикоят қилишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.
Зуҳрийдан: − Бадр кунида бир қурайшлик асир тушди. У Абдуллоҳ ибн Убайникида асирликда эди. Абдуллоҳнинг Муъоза исмли чўриси бор эди. Қурайшлик йигит уни  хоҳлади. Қиз мусулмон бўлгани учун ундан ўзини тийди. Абдуллоҳ ибн Убай чўрисини қурайшлик билан бирга бўлишга мажбурлар эди. Чунки бола туғилса, боланинг фидясини олар эди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилиб: − Мен бу чўриларни мажбурланган нарсаларини кечираман,− деди.

48- оят. «Қачон улар Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига ўрталарида ҳукм чиқариш учун чорлансалар, баногоҳ улардан бир гуруҳи (Пайғамбар ҳузурига келишдан) юз ўгирувчидир».
Муфассирлар айтишади: − Ушбу ва бундан кейинги оят Бишр исмли мунофиқ ҳақида нозил бўлган. У бир яҳудий билан ер борасида хусуматлашиб қолди. Яҳудий уни ораларида ҳукм қилиши учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га боришга ундади. Мунофиқ эса уни Каъб ибн Ашраф ал Яҳудийга боришга ундаб: − Муҳаммад бизга адолатсизлик қилади, − деди. Бу воқеа қиссаси Нисо сурасидаги «Тоғутга ҳукм сўраб бормоқчи бўлдилар...» оятида охиригача батафсил баён қилингандир.

55- оят. «Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга худди илгари ўтган (иймон-эътиқодли) зотларни (ер юзига) халифа-ҳукмрон қилганидек уларни ҳам ер юзида халифа қилишни ва улар учун Ўзи рози бўлган (Ислом) динини ғолиб-мустаҳкам қилишни ҳамда уларнинг (аҳволини Маккада кўрган) хавфу хатарларидан сўнг (Мадинада) тинчлик-хотиржамликка айлантириб қўйишни ваъда қилди. Улар Менга ибодат қилурлар ва Менга бирон нарсани шерик қилмаслар. Ким мана шу (ваъда)дан кейин куфрони (неъмат) қилса, бас, улар итоатсиз кимсалардир».
Абу Олиядан ушбу оят ҳақида: − Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Пайғамбар бўлганларидан кейин Маккада ўн йил турдилар. Шу даврда у киши ва асҳоблари одамларни Аллоҳга яширин ва ошкора даъват қилиб қўрқув ичида яшадилар. Сўнг Мадинага ҳижрат қилишга буюрилдилар. Мадинада ҳам хавфда яшардилар. Эртаю кеч қурол билан юрилди. Шунда асҳоблардан бири: − Эй Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам), бизга бемалол, хавфсиз юрадиган, қуролларни ташлайдиган кун келадими? – деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): − Озгина вақтдан кейин сизлардан бирингиз катта жамоатнинг ичида бемалол, қурол-яроғсиз ўтирадиган вақтлар келади, − дедилар. Ва Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди. Шундан кейин Аллоҳ таоло ўз Пайғамбарини бутун Арабистон ярим оролига ғолиб қилди. Асҳоблар қуролларни ташлаб, бемалол тинч-омонда бўлдилар. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни ўз ҳузурига олганидан кейин Абу Бакр, Умар, Усмон (розияллоҳу анҳум)ларнинг халифалик вақтларида ҳам тинчлик-  омонликда яшадилар. Бу ҳолат токи одамлар Аллоҳнинг неъматига кофир бўлиб, қилган ишларини қилганларича давом этди. Кейин шу сабабли Аллоҳ уларга қўрқувни бериб қўйди. Улар ўзгаргандилар, Аллоҳ уларни ўзгартириб қўйди.
Убай ибн Каъбдан: − Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва асҳоблари Мадинага келганларида ансорлар уларни бағирларига олишди. Шу вақтда бутун араблар барчаси уларга қарши бирлашишди. (Уларга қарши ҳар хил усуллар билан уларни йўқ қилишга ҳаракат қилишарди). Асҳоблар эса кечаю кундуз қурол-яроғ ва совут билан юришарди. Шунда улар:− Биз бемалол яшаб, хотиржам ухлайдиган, Аллоҳ азза ва жалладан бошқа ҳеч кимдан қўрқмайдиган пайтлар келармикан? – дейишди. Шунда Аллоҳ таоло ўз Пайғамбарига: − Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга худди илгари ўтган (иймон-эътиқодли) зотларни (ер юзига) халифа-ҳукмрон қилганидек уларни ҳам ер юзида халифа қилишни ва улар учун Ўзи рози бўлган (Ислом) динини ғолиб-мустаҳкам қилишни ҳамда уларнинг (аҳволини Маккада кўрган) хавфу хатарларидан сўнг (Мадинада) тинчлик-хотиржамликка айлантириб қўйишни ваъда қилди. Улар Менга ибодат қилурлар ва Менга бирон нарсани шерик қилмаслар. Ким мана шу (ваъда)дан кейин куфрони (неъмат) қилса, бас, улар итоатсиз кимсалардир. Ҳоким ривояти.

58-оят. «Эй мўминлар, қўл остингиздаги (қул ва чўриларингиз) ҳамда ўзларингизнинг балоғатга етмаган (болаларингиз) уч вақтда (ҳузурингизга кириш учун) сизлардан из сўрасинлар – бомдод намозидан илгари, пешин вақтида (иссиқдан) кийимларингизни ташлаган пайтингизда ва хуфтон намозидан кейин. (Бу уч вақт) сизларнинг авратларингиз (очиқ бўлиши мумкин бўлган вақтлардир). Улар ўша (вақтлардан) сўнг (изн сўрамай киришларида) сизларга ҳам, уларга ҳам гуноҳ йўқдир. (Чунки) улар сизларга, бирингиз бирингизга келиб-кетгувчидирсизлар. Аллоҳ оятларни сизларга мана шундай баён қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир».
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): − Пешин вақтида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ансорлардан Мадлаж ибн Амр исмли болани Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)ни чақириб келиш учун юбордилар. Бола Умарнинг олдига кириб уни шундай ҳолатда кўрдики, Умар унинг кўришини ёқтирмаган ҳолат эди. Шунда Умар: − Эй Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам), хоҳлардимки, Аллоҳ бизга изн сўрашлик ҳолатини кўрсатиб ўз буйруқларини берса, − деди. Шунда Алло таоло ушбу оятни нозил қилди.
Муқотил: − Бу оят Асмо бинти Марсад ҳақида нозил бўлган. Уни катта ёшли ғулом хизматчиси бор эди. Ғулом Асмонинг олдига у ёқтирмаган вақтда кирди. Бундан Асмо Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га бориб: − Хизматчи-ғуломларимиз биз ёқтирмайдиган ҳолатимизда олдимизга киришяпти, − деди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.

61- оят.
(Жиҳодга чиқмай қолишларида) кўзи ожиз кишига хараж-танглик йўқдир, чўлоққа хараж йўқдир, хастага хараж йўқдир (яъни улар жиҳодга чиқмаганлари учун айбланмас). (Эй мўминлар), сизлар ўз уйларингиздан, ё  оталарингизнинг уйларидан ё оға-иниларингизнинг уйларидан ё опа-сингилларингизнинг ё амакиларингизнинг уйларидан, ё аммаларингизнинг уйларидан, ё тоғаларингизнинг уйларидан, ё холаларингизнинг уйларидан, ё сизлар калитларига эга бўлган уйлардан, ё дўстингизнинг уйидан (изн сўрамасдан) таомланишингизда сизларга (гуноҳ йўқдир). Тўпланган ё бўлинган ҳолларингизда таомланишингизда сизларга гуноҳ йўқдир. Бас, қачон уйларга кирсангизлар, бир-бирларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак покиза саломни айтинглар (яъни «Ассалому алайкум», денглар), сизлар ақл юргизишларингиз учун Аллоҳ Ўз оятларини  сизларга мана шундай баён қилур». 
Ибн Аббосдан: − Аллоҳ таоло: «Молларингизни ораларингизда ботил йўл билан емангиз» оятини нозил қилгач, мусулмонлар касаллар, кўрлар, ногиронлар билан бирга овқатланишдан тийилишди. Аллоҳ таоло молни ботил йўл билан ейишдан қайтарган, молнинг афзали таом – овқатдир. Кўр одам таомнинг яхши жойини кўра олмайди. Касал киши эса таомга иштаҳаси бўлмай, еёлмайди, − дейишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.
Саид ибн Жубайр ва Заҳҳок: − Чўлоқ ва кўр одамлар соғлом одамлар билан бирга овқат ейишдан тийилишарди. Чунки одамлар улардан жирканишар ва бирга овқатланишни ёқтиришмасди. Мадина аҳллари ҳам таомларига кўр, чўлоқ ва касал кишилардан жирканишиб яқинлаштиришмасди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.
Мужоҳид: − Бу оят касал, ногиронлар учун Аллоҳ ушбу оятда келтирган кишиларнинг уйларидан таомланишга рухсат бўлиб нозил бўлган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг асҳоблари агар уйларида касалларни таомлантиришга ҳеч нарса бўлмаса, уларни ота-оналарининг ёки Аллоҳ оятда номини зикр қилган кишиларнинг уйларига олиб боришарди. Касал-ногиронлар эса бу таомни ейишдан ҳижил бўлишарди. Чунки бу таомлар ўша уларни олиб борган кишиларники эмас эди. Уларни ўзларидан бошқаларнинг уйларига олиб боришган эди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.
Ибн Шиҳоб: − Саид ибн Мусайб ушбу оят ҳақида гапириб юрардики: − Одамлар агар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан бирга бирор ёққа чиқишса уйларининг калитларини кўрларга, чўлоқларга ва касалларга ёки қариндошларига ташлаб кетишарди ва: - Агар муҳтож бўлсангизлар уйимиздаги нарсалардан енглар, − дейишарди. Улар эса ундан ейишдан тийинишарди ва: − Ўзлари шу нарсани чин юракдан хоҳлаяптиларми ёки йўқми,− дейишарди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.
Шу оятдаги Аллоҳнинг: − Тўпланган ёки алоҳида ҳолда таомланишингизда сизда гуноҳ йўқдир...
Қутода ва Заҳҳок: − Бу оят Кинона қабиласидан Бану Лайс ибн Амр уруғи ҳақида нозил бўлган. Улар якка бир киши овқатланишмасди. Хижил бўлишарди. Кўпинча бир киши ўтириб, эрталабдан кечкача таом олдида бўларди. Ҳамма аҳвонлар тайёр турарди. Кечгача кутарди. Агар ҳеч кимни тополмасагина, ўзи ерди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.
Икрима: − Бу оят ансорлардан бир қавм ҳақида нозил бўлган. Агар уларга меҳмон келса, фақат меҳмон билангина таомланишарди. Меҳмонсиз ейишмасди. Аллоҳ ушбу оятни нозил қилиб рухсат берди: Хоҳлаганларидай, хоҳласалар, жам бўлиб, ҳалқа қилиб, хоҳласалар, тарқоқ, алоҳида есинлар.