A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/743690ramazon_1438.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/810343muborak_kecha.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/155397ramazonda_sizni.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
АТ-ТАФСИИР БИЛ-МАЪСУР"
PDF Босма E-mail

«»

Normal 0 false false false false RU X-NONE X-NONE

(ривоят асосида ёзилган тафсир)

Тафсири маъсур деганда, бирор оятнинг маъносини бошқа оят ёки Пайғамбар  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари билан, саҳобий ёки тобиийдан нақл қилинган сўз билан баён этишни тушунилади. Бу ерда «тобиий» сўзини — агар уламолар ўртасида тобиийнинг фикри раъй дейилиши ёки маъсур дейилиши ихтилофли бўлса ҳам — қўшиб қўйилди, чунки  Ибн Жарир сингари баъзи муфассирлар тафсири маъсурда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ва саҳобалардан қилинган ривоятлар билангина кифояланмасдан, балки тобийлардан қилинган ривоятларни ҳам келтирганлар.

Тафсири маъсурнинг вужудга келиш даври икки босқичдан иборатдир. Биринчиси ривоят даври бўлиб, Пайғамбар  соллаллоҳу алайҳи васаллам  ўз асҳобларига Қуръони Каримнинг баъзи оятлари маъносидаги махфийликни очиб берганлар. Уни саҳобалар зеҳнларида сақлаб, оғизма-оғиз бир-бирларига, кейинчалик тобиийларга етказганлар.

Ўз навбатида Қуръони Каримнинг баъзи оятлари маъносини саҳобалар ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганларига қўшимча эҳтиёжга мувофиқ ижтиҳод қилиб тафсир қилганлар.

Тобиийлар ҳам ўз даврларида оятлардаги баъзи махфийликни Пайғамбар  соллаллоҳу алайҳи васалламдан ва саҳобалардан қилинган ривоятлар устига ўзлари ҳам ижтиҳод ва раъй билан халққа тушунтирганлар.

Тафсирдаги шундай ўзгариш ва кенгайиш тобиийлардан кейинги авлоднинг даврида ҳам давом этди.

Иккинчиси тадвин давридир. Бу даврда биринчи бўлиб ривоятлар асосидаги тафсир ёзилди. Лекин бу даврда ёзилган тафсир алоҳида китоб бўлмасдан, балки ривоят қилинган ҳадислар китобининг бир боби сифатида ёзилган эди. Қуръон тафсирини бир боб сифатида бўлса ҳам биринчи ёзган киши Имом Молик ибн Анас ал-Асбаҳий[1] эди.

Кейинчалик Ҳадисдан Тафсир ажратилди ва алоҳида китоб сифатида ёзилди. Қуръони Карим тафсирини алоҳида китоб шаклида биринчи бўлиб ёзган киши Али ибн Абу Талҳа бўлиб, уни Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилинган ривоят асосида ёзди[2].

Кейин Қуръоннинг бир жузъига тафсир ёзилди, унинг муаллифи Абу Равқ[3], ундан кейин эса уч жузъига Ибн Журайждан қилинган ривоят асосида Муҳаммад ибн Савр[4] тафсир ёзди.

Ибн Жарирнинг ёзган тафсири эса тафсири маъсурнинг энг мукаммали бўлди. Вақт ўтиши билан тафсири маъсурда ҳам иснодсиз ривоятлар қилиш бошланиб кетди ва саҳиҳ ривоят билан носаҳиҳини ажратиб бўлмай қолди, ҳатто бу нарса ёлғон ривоятларнинг кўпайишига ҳам сабаб бўлди.

Юқорида айтилганлардан маълумки, тафсири маъсур Қуръон оятини Қуръон ояти, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати, саҳоба ёки тобиъийларнинг ривоятлари билан тафсир қилишдан иборатдир. Шундай экан, Қуръонни Қуръон ёки Ҳадис билан қилинган тафсири, шубҳасиз, қабул қилинади.

Агар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилган ривоятларнинг исноди ёки матни заиф бўлса, уни қабул қилинмайди.

Аммо саҳобалар ва тобиийлардан ривоят қилинган ҳадислар билан тафсир қилинган бўлса, заиф саналади. Чунки  тафсир китобларида саҳобийлар номидан ривоят қилинган кўплаб ҳадислар борки, улар саҳиҳ эмасдир. Айниқса, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ва Али розияллоҳу анҳу номларидан жуда кўп ёлғон ҳадислар ривоят қилинган. Шунинг учун Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ: «Ибн Аббосдан тафсир ҳақида юзтача ҳадис ривоят қилинган, холос»[5],— деганлар. Демак, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу номларига нисбат берилиб, ёлғончилар томонидан жуда кўп ҳадислар тўқилган.

Тафсири маъсурнинг заиф саналишига учта сабаб бор:

1.Тафсирда ривоятга асосланмаган, тўқилган гапларнинг пайдо бўлиши.

Тафсирда мавзуъ гапларнинг пайдо бўлиши, уларнинг Ҳадисда пайдо бўлиши билан бир вақтда бошланди. Чунки тафсир билан ҳадис бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлиб, улар бир-биридан мустақил бўлиши мумкин эмас. Шунингдек, Ҳадисда саҳиҳ, ҳасан, заиф, ровийлари орасида ишончли, шубҳали, ёлғончилари бўлганидек, Тафсирда ҳам, муфассирлар орасида ҳам шундайлари бор.

Мавзуъ ҳадис ва тафсирларнинг пайдо бўлиши ҳижратнинг қирқ биринчи йилидан бошланди. Бу даврга келиб мусулмонлар сиёсий жиҳатдан бир неча фирқага бўлиниб кетган эдилар. Бунинг устига қалби куфр билан тўла, аммо зоҳирда ўзини мусулмон ва динпарвар қилиб кўрсатувчи кимсалар кўпайиб кетган бўлиб, бундай тафриқа замони уларнинг ғаразли мақсадларини амалга оширишга, динда бузғунчиликни кучайтиришга, дин аҳлларини йўлдан оздиришга қулай имконият яратиб берди. Натижада кўплаб ботил ривоятлар тўқилди, бу ривоятларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларга нисбат берилди. Масалан: Шиалар ўз мазҳабларининг афзал эканлигини тушунтириш ва Ҳазрат Алига нисбатан кишилар қалбида муҳаббат пайдо қилиш, хаворижлар эса «аҳли сунна валжамоа»ни айблаш мақсадида Қуръондан бирор оятни далил келтиришга зўр бериб уринишар, бунинг учун эса ривоятлар тўқишиб, бу ривоятларнинг нисбатини ишончли бўлсин учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ёки бирор саҳобийга боғлаб айтишар, мақсадлари эса бидъат ва хурофот тарқатишдан бошқа нарса эмас эди. Айниқса, мавзуъ ривоятларнинг жуда кўпи Али розияллоҳу анҳу ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ларга нисбат берилган эди. Бу икки улуғ саҳоба Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларидан бўлганлари учун мусулмонлар ҳеч шубҳа қилмасдан ишонардилар. Аммо эътибор бериб қаралса, Али розияллоҳу анҳуга фақат шиалар, Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга фақат аббосийлар шундай нисбат берганлар.

Исломга куч ишлатиш ва уруш қилиш билан тазйиқ ўтказолмаган, илмий мунозара ва тортишувдан ожиз бўлган бошқа тоифа Ислом душманлари ҳам жуда кўп ёлғон ривоятларни тўқиб, уларни саҳобийларга нисбат бериб, шу нопок йўл билан Исломга зарба беришга уринганлар. Бундай ҳаракатларнинг таъсирида жуда кўп муфассирларнинг ажойиб асарлари зое бўлди. Ҳамма ёқни шубҳа ўраб олгандан сўнг, озгина заифлик аралашган ривоятлар ёки асарлар бутунлай қайтарилди. Бошқа томондан эсат кейинги ёзилган асарларда ривоятларнинг саҳиҳи билан заифи аралашиб кетди, саҳиҳлар заиф деб, заифлар саҳиҳ деб, баъзи муҳаддис ва муфассирлар номига туҳмат тошлари отилди.

Лекин  бундай зарарлардан қатъи назар, илмий нуқтаи назардан қараганда ғаразгўй кимсаларнинг ҳаракати ҳам илмий қийматга эга. Агарчи уларнинг ижтиҳодини иснод жиҳатидан ёлғон, тўқима дейилса ҳам, тафсир, таъвил, ижтиҳод ва мустақил фикр жиҳатидан қимматли илмий янгилик дейиш мумкин. Ҳар бир мавзуъ ривоят эгаси қандай мақсадда тафсир қилган бўлса ҳам, бир ижодкорнинг шахсий фикри сифатида ўрганишга лойиқдир, чунки,  эҳтимол, бошқа муфассирларнинг раъйлари ва ижтиҳодий фикрларига нисбатан энг тўғри фикр унинг фикридир.

2.Исроилиётларнинг кириб қолганлиги;

«Исроилиёт» сўзи, яҳудийлардан ривоят қилинган маълумотларни билдирса ҳам, бу ерда умумийроқ маънода, яъни яҳудий ва насронийлардан ривоят қилинган асарлар назарда тутилади. Чунки Исломнинг аввалида яҳудий ва насронийлар мусулмонлар билан доим бирга аралашиб яшаганлар, дунёнинг турли чеккаларидан гуруҳ-гуруҳ бўлиб, Мадинага келиб Исломни қабул қилганлар. Ҳар икки дин ахлларининг ҳам алоҳида диний маданиятлари мавжуд эди. Бунинг устига Таврот ва Инжилнинг кўп Ҳукмлари Қуръон ҳукмларига мос келарди. Масалан: Тавротдаги қасос ҳукми Қуръондаги қасос ҳукмининг айни ўзи. Тавротдаги қадимги пайғамбарларнинг тарихи Қуръондаги пайғамбарлар тарихига монанд. Яҳудийлар қўлида Тавротдан ташқари Мусо алайҳиссаломнинг суннатлари, умматларига қилган насиҳатлари, Мусодан бўлмаган, балки бошқа яҳудий олимларининг шарҳлари, донишмандларнинг мақоллари ҳам мавжуд эдики, бу асотирлар вақт ўтиши билан муқаддаслаштирилиб, Таврот саҳифалари орасига қўшиб юборилган эди.

Насронийларнинг Исо алайҳиссаломга нозил қилинган Инжили ҳам мустақил муқаддас бир китоб бўлиб, насроний динининг ҳам алоҳида маданияти мавжуд бўлса-да, кейинчалик ўз Инжилларини «янги аҳд» деб атаб, ўзидан олдинги муқаддас Таврот ва Забурни «қадимий аҳд» номи билан Инжилга қўшиб олдилар. Яҳудий ва насронийлар дини аралашиб кетди. Яҳудий ва насроний олимлардан баъзилари Исломни қабул қилганларидан кейин мусулмон олимлари ўз мусулмон биродарларидан эшитган аралаш ривоятларни ҳам қабул қила бошладилар. Бу нарса, албатта, Қуръон тафсирида ҳам ўз таъсирини намоён қилмасдан иложи йўқ эди. Негаки, аввалги муқаддас китобларда ёзилган аҳкомлар, қиссалар Қуръонда ҳам мавжуд бўлиб, фақат қисқача баён этилган, баъзи тарихий воқеалар айтилиб, воқеа содир бўлган шаҳарлар номи зикр этилмаган эди. Буларнинг муфассал баёнини эса Исломни қабул қилган яҳудий ёки насронийлар бажону дил сўзлаб берар эдилар.

Агар биз Қуръон ва Тавротда ёки Қуръон ва Инжилда келган бир хил мавзуни олиб, уларни муқояса қилиб кўрсак, баён қилиш усулида жиддий ихтилофлар борлигини кўрамиз.

Масалан: Одам алайҳиссалом қиссасини олайлик. Бу қисса Тавротда ҳам келган. Қуръонда эса жуда кўп жойда келган бўлиб, энг узун ва кенг баён этилгани  Бақара  ва «Аъроф  сураларидадир. Лекин бу сураларда ҳам жаннатнинг қаердалиги, Одам ва Ҳаввога ейиш ман этилган дарахтнинг номи, қайси ҳайвон сабаб   бўлиб Шайтон жаннатга кириб олиб, Одам ва Ҳаввони хато қилишга имкон топгани, Одам ва Ҳавво жаннатдан чиқарилгандан сўнг қайси ерга тушганлари тўғрисида батафсил маълумот йўқ. Тавротга назар солган одам эса  Одам ва Ҳавво яратилган жаннат Адан[6]нинг шарқида жойлашганлигини, Аллоҳ уларга ейишни ман этган дарахт жаннатнинг ўртасида бўлиб, уни «Ҳаёт дарахти ёки яхшилик ва ёмонликни билдирувчи дарахт» деб номланишини, Шайтоннинг жаннатга киришига илон ёрдам берганлигини, шунинг учун Аллоҳ уни қорни билан юрадиган ва тупроқ ялайдиган қилиб жазолаганини, Ҳаввони ва унинг зурриётини эса қорнида бола кўтариб, машаққат билан туғиш жазосига маҳкум этилганлигини ва бошқа шунга ўхшаш ҳодисаларни батафсил билиб олади[7].

Қуръони Каримда Исо алайҳиссаломнинг қиссаси, унинг мўъжизалари ҳақида  Марям  Оли Имрон  ва  Моида  сураларида мўъжазгина хабарлар мавжуд бўлса ҳам, бу сураларда Исо алайҳиссаломнинг насаби, қандай туғилгани, қаерда туғилгани, Марямга туҳмат қилган одамнинг номи, Осмондан тушган дастурхондаги таомнинг тури, Исо алайҳиссалом касални даволаган ва ўликни тирилган вақтдаги ҳодисалар ҳақида батафсил айтилмаган. Аммо бу маълумотлар Матто, Марк ва Лука Инжилларида муфассал баён этилган.

Қуръони Карим тафсирига исроилиётларнинг кириб келиши саҳобалар давридан бошланган эди. Бунинг биринчи сабаби юқорида айтиб ўтилганидек, Қуръоннинг жуда кўп оятларидаги қиссаларнинг Таврот ва Инжилда келтирилган қиссаларга мувофиқ келиши бўлса, иккинчи сабаби Қуръоннинг мўъжазлиги, Таврот ва Инжилнинг айни хабарга муфассаллиги эди. Учинчи сабаби эса саҳобалар замонида тафсир учун асосий масдарлардан бири аҳли китоблар эди. Муфассир саҳоба Қуръони Каримдаги бирор қиссага келганда, бу қиссани батафсилроқ тушунтиришга майл қиларди ва Исломни янги қабул қилиб, мусулмонлар билан бирга яшаётган яҳудий ёки насронийдан эшитишга мажбур бўларди. Чунки саҳобанинг Қуръон оятидаги қиссалар ҳақидаги саволига яҳудий ёки насронийдан бошқа одам жавоб бера олмас эди.

Саҳобалар ҳам улардан ҳар қандай нарсани сўрайвермас эдилар, балки Қуръондаги баъзи қиссаларнинг мўъжаз жойларини ойдинлаштириш учун сўрардилар, аммо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу муборак сўзлари: «Аҳли китобларни тасдиқ ҳам қилманглар, ёлғонга ҳам нисбат берманглар! Биз: «Аллоҳга ва у Зот томонидан бизга юборилган китобларнинг ҳаммасига иймон келтирдик»,− денглар!»[8]га амал қилган ҳолда уларнинг ҳеч қачон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадисларга тенг кўрган эмаслар ва ахли китоблардан Асҳоби Каҳф итининг ранги, Мусо алайҳиссалом қавмлари ўликни молнинг қайси аъзоси билан урганлиги, Нуҳ алайҳиссалом кемаларининг ҳажми, қайси дарахт ёғочидан ясалгани, Хизир алайҳиссалом ўлдирган боланинг исми ва ҳоказо сингари беҳуда ҳисобланган саволларни ҳам сўрамаганлар. Ад-Деҳлавий айтади: «Саҳобалар бундай беҳуда саволлар беришни «вақтни зое қилиш», деб билганлар ва ўзларига ор санаганлар»[9].

Саҳобалар аҳли китоблардан эшитган шариатга ёки ақидага хилоф бўлган жавобларни тасдиқ этмаганлар, балки ахди китобларнинг шундай жавобларини хато эканлигини кўрсатиб, уларга тўғри жавобни тушунтирганлар.

Масалан: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладиларк: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам жума куни тўғрисида гапирдилар: «Жума кунида бир соат бор, шу соатда қайси мўмин тик турган, намоз ўқиган ва қўлини очиб Аллоҳдан мақсадини сўраган ҳолда бўлса, Аллоҳ таоло у мўминнинг дуосини ижобат қилади», — дедилар ва қўллари билан бу соатнинг жуда қисқалигига ишора қилдилар»[10].

Уламолар бу соатнинг таъйинида ихтилоф қилганлар, шу соат ҳозир ҳам мавжудми ёки Аллоҳ уни бекор қилганми? Агар мавжуд бўлса, бир йилда фақат бир жумадами ёки ҳар бир жумада мавжудми? Ушбу саволни ҳал қилиш учун Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу яҳудий олими бўлган Каъб ул-Аҳбордан сўради. Каъб ул-Аҳбор, бу соат бир йилда бир жумада эканлигини айтди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу эса унинг жавобини тасдиқ қилмасдан, мазкур соат ҳар бир жумада мавжуд эканлигини айтдилар. Каъб ул-Аҳбор Тавротни варақлаб, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг гапи рост эканлигини тасдиқлади[11].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу жумадаги мазкур соатнинг вақтини бошқа бир яҳудий олими Абдуллоҳ ибн Саломдан сўради. Абдуллоҳ ибн Салом: «Жумадаги бу соат шу куннинг энг охирги соатидир», − деб жавоб берди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу унга раддия бериб: «Мазкур соат қандай қилиб энг охирги соат бўлади, энг охирги соатда намоз ўқиш мумкин эмас-ку! Ваҳоланки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Намозда турган ҳолда рўбарў келса...»,—деганлар»,— деди. Абдуллоҳ ибн Салом ҳам бўш келмай: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки намозга мунтазир бўлиб ўтирса, намоз ўқиётган ҳисобида бўлади», − демаганмидилар?»− деб жавоб берди[12].

Саҳобалар ахли китоблардан савол сўраш ва уларнинг жавобларини тасдиқлашда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам белгилаб берган ҳудуддан чиқиб кетмаганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Мендан бир оят бўлса ҳам бошқаларга етказинглар! Бану Исроилдан эшитганларингизни ҳам гапираверинглар, ҳеч зарари йўқ. Кимки қасддан менга ёлғоннинг нисбатини берса, у ўзига дўзах оловидан ўтирадиган жой тайёрлабди»[13], − деган ҳадислари билан «Ахли китобларни тасдиқ ҳам, ёлғон ҳам қилманглар, биз Аллоҳга ва у бизга нозил қилган муқаддас китобларга имон келтирдик, денглар![14]»− деган ҳадислари орасини жам қилган ҳолда, уларнинг гапларини ёлғон эмаслигини билиб туриб, керакли, фойдали гапларни айтганлар.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу шундай ривоят қиладики, бир куни Умар ибн ал-Хаттоб розияллоҳу анҳу аҳли китоблардан ўз қўлларига тушиб қолган бир китобни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб келиб, ўқиб бердилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни эшитиб қаттиқ ғазабландилар ва дедилар: «Эй Ибн ал-Хаттоб, шу китобни ўқиб ҳайрон бўляпсизларми? Менинг жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, мен сизларга бундан покизароқ ва гўзалроғини келтирдим. Сизлар ахли китоблардан ҳеч нарса сўраманглар, улар сизга рост хабарни берсалар, сизлар уни ёлғонга чиқариб қўйишларингиз, агар ёлғон хабарни берсалар, рост деб тасдиқлаб қўйишларингиз мумкин. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар Мусо алайҳиссалом тирик бўлганда эди, менга эргашишдан бошқа йўл топа олмас эди»[15].

Жобир ибн Абдуллоҳнинг мазкур ҳадислари аввалги икки ҳадисга тескари келмайди. Чунки  аҳли китоблардан Қуръон тафсирида фойдаланишдан ман этувчи ушбу ҳадис Исломнинг бошланиш даврларида айтилган эди, унда ислом аҳкомлари ҳам қарор топмаган эди. Бу ҳақда Ал-Ҳофиз ибн Ҳажар «Ал-Фатҳ» номли китобида шундай ёзади: «Жобирнинг ман этишлик исломий аҳкомлар ва диний қоидалар қарор топмасидан олдин фитнанинг олдини олиш учун қилинган эди. Фитна замони ўтгандан кейин эса ахли китоблардан эшитилган хабарларга ҳам эътибор кучли бўлгани учун рухсат берилди»[16].

Юқорида айтилган фикрлар ва келтирилган уч ҳадиснинг мазмунидан исроилиётлардан тафсирда фойдаланиш учун шариат изн берган миқдор маълум бўлди. Шу билан бирга, саҳобаларнинг ахли китоблардан ривоят қабул қилишда жуда ҳам эҳтиёткор бўлишлари Абу Ҳурайра мисолида кўриб ўтилди.

Аммо тобиийларга келсак, улар ахли китоблардан жуда кўп сўрар ва уларнинг хабарларини тасдиқ қилишар эдилар. Шунинг учун тобиийлар давридаги тафсирларда исроилиётлар ҳаддан ортиқ кўпайиб кетди. Ҳатто муфассирлар орасида шундай гуруҳ пайдо бўлдики, бу гуруҳ Қуръони Ккарим тафсирларини яҳудий ва насронийлардан эшитган ривоятлар, бир-бирига зид бўлган ҳикоялар, қиссалар билан тўлдириб ташлади. Улардан бири ҳижрий сананинг 150 йилида вафот эттан Муқотил ибн Сулаймон эди. Абу Ҳотимнинг айтишича, Муқотил «ўзининг Қуръон тафсири бўйича илмини насроний ва яҳудийлардан олган илм билан бойитган ва Қуръонни уларнинг китобларига мувофиқлаштириб олган эди»[17].

Тобиийларнинг даврида иш шу даражага етдики, улар Қуръон оятлари ва Исломга алоқадор бошқа нарсалар билан келажак тўғрисида башорат бера бошладилар. Қуръон оятларини коҳинчасига шарҳлай бошладилар ва илми ғайбга дахл қилишдан қайтмадилар. Бундай тажовузкорларнинг энг биринчиси яна Муқотил ибн Сулаймон бўлди.

Муқотил Аллоҳ таолонинг ушбу ояти каримаси

«Ҳар бир қишлоқ борки, биз уларни қиёматдан олдин ҳалок қилувчимиз ёки аҳлини қаттиқ азоб билан   азоблаймиз. Бу нарса Китобда (лавҳул маҳфузда) ёзиб қўйилган»нинг тафсирида Қустантиния (Истамбул)нинг фатҳ этилишига ва Андалус (Испания)нинг вайрон этилишига ишора қилади ва шундай дейди: «Мен Заҳҳок ибн Мазоҳимнинг тафсирида кўрдимки, унда: «Маккани ҳабашлар хароб қилади, Мадина аҳли очликдан ҳалок бўлади, Басра сувга ғарқ бўлади, Куфани турклар вайрон қилади, тоғлар момақалдироқ ва зилзилалар билан йиқилади, Хуросоннинг ҳалокати ҳам шунга ўхшаш нарсалар билан...», — деб, ҳар бир шаҳарнинг ҳалокати тўғрисида «башорат» беради»[19].

Тобиийлар замонидан яна бир оз муддат ўтгандан кейин бундай тажовузкорлик, исроилиётларга берилиш шу даражага етдики, энди ҳар бир ривоятни рост-ёлғонлигини, кимдан ва қаердан эшитилганлигийи суриштирмай, агарчи ақл кўтармаса ҳам, Қуръон оятлари қаторига тафсир сифатида қўшиб айтила бошланди, Тафсирларни китоб қилиб ёзиш −тадвин даврида эса тафсир китоблари ана шундай исроилиётлар ва асоссиз ривоятлар билан тўлдирилди.

Исроилиётлар  уч қисмга бўлинади:

1.Саҳиҳлиги аниқ билинган, яъни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилинган хабар, масалан: Мусо алайҳиссалом билан ҳамроҳ бўлган солиҳ кишининг исми. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у зотнинг исми Хизр алайҳиссалом эканлигини очиқ айтиб берганлар[20].

Бундай ривоятлар, шубҳасиз, қабул этилади.

2.  Ёлғонлиги аниқ билинган, ақлга ҳам тўғри келмайдиган ва шариатга мутлақо зид бўлган ривоятлар бўлиб, бундай ривоятлар қабул этилмайди.

3.  Биринчига ҳам, иккинчига ҳам кирмайдиган ривоятлардан фойдаланиш жоиз, аммо уларни тасдиқ ҳам қилинмайди, ёлғонга нисбат ҳам берилмайди. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аҳли китобларни тасдиқламанглар ва такзиб ҳам қилманглар, уларга: «Биз Аллоҳга ва у нозил қилган нарсаларга имон келтирдик", денглар!"— деганлар". деганлар.

3.Тафсири маъсурнинг заиф саналишига учинчи сабаб — бу ровийларнинг санадларини тушириб қолдириш, яъни зикр этмасликдир. Саҳобийлар ўзлари ривоят қилган ҳадиснинг рост эканлигига қаттиқ аҳамият берар эдилар. Шунинг учун бирор саҳобий ҳадис ривоят қиладиган бўлса, айтган ривоятига албатта тасдиқловчини ҳам топиб қўярди. Саҳобийлар ҳеч қачон бир-бирларидан санад сўраган эмаслар, чунки, улар бир-бирларининг адолатли ва ишончли эканликларига шубҳа қилмаганлар. Бироқ, бирор саҳобийда шундай гумон пайдо бўлиб қолса, дарҳол гувоҳ ёки қасам билан тасдиқлаб олардилар. Бу нарса бир-бирларига ишончни йўқолганидан эмас, ишончни мустаҳкамлаш учунгина эди.

Убай ибн Каъб (р.а.) бир куни Умар(р.а.)га бир ҳадисни айтди. Умар (р.а.) : «Шу айтган ҳадисингга ҳужжат келтира оласанми?"— деб сўрадилар. Убай ибн Каъб дарҳол ташқарига чиқди ва ансорийлардан бир нечасига ўзи ривоят қилган ҳадисни гапириб берди. Улар Умар (р.а.) ҳузурларига келиб: «Биз бу ҳадисни Пайғамбар (с.а.в.) дан эшитганмиз", — дедилар. Умар (р.а.) Убайга: «Мен сени муттаҳам қилмоқчи эмасман, лекин тасдиқлатиб олишни яхши кўраман",— дедилар[21].

Тобиъийлар даврида ёлғон ҳадисларни тўқиш кўпайиб кетганлиги учун ҳар бир ҳадиснинг саҳиҳлигини ровийларнинг санади ва уларнинг адолати билан тасдиқлашга аҳамият берилди. Аммо санад зикр қилинса ҳам, зикр қилинмаса ҳам, агар ровийлар ишончсизроқ бўлса ундай ҳадис олинмайдиган бўлди. Имом Муслим ўз «Саҳиҳ"ининг муқаддимасида Ибн Сийрийндан шундай ривоят қилган: «Авваллари исноддан сўралмас эди. Фитна бошлангандан кейин, ҳар бир ровийдан аввал кимлар ривоят қилганлигини сўрай бошланди".[22]

Тобиъийлар даврида ривоят қилинган тафсири маъсурлар Пайғамбар(с.а.в.)дан ёки саҳобийдан фақат иснод билан ривоят қилинар эди. Тобиъийлардан кейинги асрда жамланган ва девон қилинган тафсирлар ҳам худди шундай санад билан ривоят қилиб ёзилган. Масалан: Суфён ибн Уяйна, Вакиъ ибн Ал-Жарроҳ ва бошқаларнинг   тафсирлари шулар жумласидандир.

Кейинги асрларда ёзилган тафсирларнинг муаллифлари санадларни қисқартириб, ривоят қилган гапларининг эгаларини зикр қилмасдан ёзишлари натижасида, уларнинг саҳиҳлигига путур етди, турли ишончсиз гаплар кириб қолди ва саҳиҳ билан носаҳиҳ аралашиб кетди.

Агар ёлғон тўқиш ва исроилиётларни қўшиш ҳар қанча айб бўлса ҳам, агар улар иснод билан берилса, рост ёки ёлғонлигини аниқлаб олиш мумкин бўлади. Аммо, ҳар қандай ривоят иснодсиз берилса, унинг рост ёки ёлғонлигини аниқлаб бўлмайди, ҳамма нарса махфий бўлади. Шунинг учун ровийлари иснодсиз берилган тафсир ҳам, ҳадис ҳам ниҳоятда заиф, ишончсиз саналади.

Юқорида санаб ўтилган уч сабаб тафсирларнинг заиф саналишига олиб келади. Кейинги вақтда уламолар, баъзи тафсирларни исроилиётлардан ва ёлғон тўқималардан тозалашга ҳаракатлар қилдилар. Аммо учинчи ва жуда хатарли сабаб бўлган иснодсиз ёзилган тафсирларни тозалашга ҳеч ким журъат этолгани йўқ.

Муфассирлар томонидан турли асрларда ёзилган тафсири маъсурларнинг адади жуда кўп бўлиб, уларнинг барчаси ҳақида фикр юритиш имкониятига эга эмасмиз. Уламолари орасида энг машҳур, энг мукаммал, эътимодга молик бўлган асарлар қуйидагилардир:

1. Жомиул-баён фий тафсирил-Қуръон, муаллифи Ибн Жарир ат-Табарий;

2. Баҳрул-улум, муаллифи Абуллайс ассамарқандий;

3. Ал-кашф вал-баён   ан тафсирил-Қуръон, муаллифи Абу Исҳоқ ас-Саълабий;

4. Маолимут-Танзил, муаллифи Абу Муҳаммад ал-Ҳусайн ал-Бағавий;

5. Ал-Муҳаррир ал-важиз фий тафсири ал-Китоб ал-азиз, муаллифи Ибн Атийя ал-Андалусий;

6. Тафсирул-Қуръонил-азим, муаллифи Абул-Фидо ал-Ҳофиз Ибн Касир;

7. Ал-Жавоҳир ал-Ҳисон фий тафсирил-Қуръон, муаллифи Абдурроҳман ас- Саолибий;

8. Аддуррул-мансур фит-тафсирил-маъсур, муаллифи Жалолуддин ас-Суютий.

Жомиул-баён фий тафсирил-Қуръон тафсирининг муаллифи Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир ибн Язид ибн Касир ибн ғолиб ат-Табарий улуғ имом, мужтаҳид, кўплаб машҳур асарларнинг соҳиби бўлиб, 224 ҳижрийда Табаристонда туғилган. 236 йилда, яъни 12 ёшида илм истаб шаҳаридан чиқиб кетади, кўп юртларни кезади, Миср, Шом, Ироқда илм ўрганади ва илм талабидаги сафарини Бағдодда тугатиб, умрининг охиригача шу ерда истиқомат қилади. Унинг вафот этган йили 310 ҳижрийдир.

Ибн Жарир машҳур уламолардан бири бўлиб, замондошлари орасида унга тенг келадиган киши йўқ эди. Ибн Жарир ҳақида Ал-Хатиб ал-Бағдодий «зийрак олим" деб баҳо берган , Абул-Аббос ибн Сурайж эса «фақиҳ олим" деб мақтаган. Чунки Ибн Жарир қироат, тафсир, ҳадис, фиққ ва тарих сингари жуда кўп илм соҳаларида қалам тебратган. Унинг асарларидан: Жомиул-баён фий тафсирил-Қуръон, миллатлар ва подшохлар тарихи, қироатлар китоби, сон ва Қуръон, уламолар ихтилофи китоби, саҳобийлар ва тобиъийлар китоби, ислом шариати ҳукмлари китоби, усули динга чуқур назар китоби ҳамда бошқа асарлари Ибн Жарир илмининг нақадар чуқурлигидан датолат беради. Бироқ бу китоблардан бизга етиб келгани фақат Тафсир ва Тарих китобларидир.

Олимлар орасида Ибн Жарир ат-Табарий тарихнинг отаси деб тан олинганидек, тафсирнинг отаси деб ҳам тан олинган.

Ибн Халликон айтади: «Шубҳасиз, Табарий мужтаҳид имомлардан эди. У ҳеч кимга тақлид қилмаган"[23].

Шайх Абу Исҳоқ аш-Шерозий «Фий табақотил-мужтаҳидин" китобида Табарийни мужтаҳидлар жумласидан эканини айтиб, шундай ёзган: «Табарийнинг ўз мазҳаби ва унга эргашувчилари бўлган, у «Ал-Жарийрия" деб номланган. Табарий бу мазҳабни узоқ баҳслардан сўнг тузган, одамлар орасидан унинг мазҳабини қувватловчилар ҳам топилган, лекин кўплаб ислом   мазҳаблари сингари бу мазҳаб бизнинг замонимизгача етиб келмаган. Айтишларича, Ибн Жарир мужтаҳидлик даражасига етмасдан аввал Имом аш-Шофеъий мазҳабида бўлган. Ибн ассабукий «Ат-табақотул-кубро" китобида ёзишича Ибн Жарир шундай деган: «Мен бошқа мазҳаблардан аш-Шофеъий мазҳабини афзал деб билдим ва Бағдодда ўн йил ушбу мазҳаб бўйича фатво бердим. Мендан бу мазҳаб илмини Абул Аббос ибн Сурайжнинг устози   Ибн Башшор ал-аҳвал ўрганди"[24].

Имом Суютий «Ат-Табақотул-муфассирин" китобида ҳам Ибн Жарирнинг аввал Шофиий мазҳабида бўлганини, кейин ўзига мустақил бир мазҳаб тузганини, унинг ҳам таклидчилари ва тобелари бўлганини, унинг мазҳабида ҳам танловлар ва таги бўш масалалар бўлганини ҳамда Ибн Жарир шариат усуллари ва фуруълари хусусида жуда кўп китоблар ёзганини айтади.

Ибн Жарирнинг тафсири нақлий тафсирлар орасида энг машҳури ва энг ишончлиси бўлиш билан бирга ақлий тафсирлар орасида ҳам мўътабар тафсир ҳисобланади, чунки, унда ҳам ижтиҳод қилиш, гапларнинг қувватлисини кучсизидан таржиҳ қилиш, баҳс қилиш ва фикрлар баён этиш сингари ақлий тафсирларда бўладиган хусусиятлар мавжуддир.

Ибн Жарирнинг тафсири 30 жуз бўлиб, жуда катта ҳажмга эгадир. Нажд амирларидан Ҳамуд ибн ал-Амир Абдуррашид даврида мазкур тафсирнинг мукаммал қўлёзмаси топилди ва китоб ҳолида нашр этилди.

Ибн Жарир тафсири ҳақидаги фикрларни кузатсак, Шарқу ғарб олимларининг ҳаммаси бу тафсирга юксак баҳо бериб, ҳар қандай тафсир толиби уни кўрмаса мақсади ҳосил бўлмаслигини айтганлар.

Имом Суютий (р.а.) мазкур тафсир ҳақида шундай деган: «Муҳаммад ибн Жарирнинг тафсир китоби тафсирларнинг энг улуғидир, чунки, унда таржийҳоту тавжийҳот, эъробу истинбот мавжуд бўлиб, шу жиҳати билан ўзидан олдинги тафсирлардан ажраб туради"[25].

Имом Нававий: «Табарийнинг тафсирларидек бошқа тафсир ёзилмаганига уламолар иттифоқ қилганлар"[26].

Абу Ҳомид Исфаройиний: «Агар бирор киши Табарий тафсиридан ортиқроғини топаман деб Хитойгача борса ҳам, бу сафар унинг учун кўп эмас"[27], — деган.

Манбаларнинг шоҳидлик беришича, Ибн Жарирнинг тафсири ҳозир қўлимизда мавжуд бўлганига нисбатан кенгроқ бўлган, кейинроқ муаллифнинг ўзи томонидан мухтасар қилинган. Ибн ассабукий «Ат-Табақотул-кубро"357 китобида ёзишича, Абу Жаъфар ўз шогирдларидан: «Қуръон тафсирини ўқиб чиқасизларми?"— деб сўради. Улар: «Бу тафсир неча варақ?",— дейишди. Абу Жаъфар: «Ўттиз минг варақ"— деганда, шогирдлари: «Бу китобни тамом ўқишга умримиз етмас экан",— дейишди. Абу Жаъфар тафсирни уч минг варақлик мухтасар ҳолга келтирди. Яна бир кун шогирдларидан: «Одамнинг яратилишидан то ҳозирги кунимизгача бўлган олам тарихини ўқиб чиқасизлар-ми?"— деб сўради. Улар қанча варақлигини сўрадилар. Абу Жаъфар тарих китобини ҳам ўттиз минг варақ эканлигини айтди. Шогирдяар уни ҳам кўп деганларидан сўнг: «Инно лиллаҳи, ҳаммаларингда ҳам ҳиммат ўлибди", — деди ва тарихни ҳам тафсир ҳажмича мухтасар қилди[28].

Демак, Ибн Жарирнинг тафсири тарихий жиҳатдан ҳам, илмий жиҳатдан ҳам биринчидир. Тарихий жиҳатдан биринчилиги шундаки, бизгача етиб келган ва қўлимизда мавжуд бўлган энг қадимги тафсир ушбу тафсирдир. Бундан аввалроқ тафсирлар ёзилган бўлса ҳам, замонлар ўтиши билан йўқ бўлиб кетган, бизгача етиб келмаган. Илмий жиҳатдан биринчилиги шундаки, бу тафсир халқчил ёзилиши, бадиий гўзаллиги, мукаммаллиги билан халқ муҳаббатини қозона олган.

Ибн Жарирнинг тафсири ўзига хос аниқлик билан ёзилган. Бу тафсирда биринчи бор кўзга ташланадиган нарса тафсирига киришмоқчи бўлган оятни: «Аллоҳ таолонинг бу оятлари таъвили хусусидаги гап" ибораси билан таништиришидир. Ундан кейин эса оятнинг мазмунини шархлашга ўтади ва бу оятлар хусусида саҳобийлардан, тобиъийлардан ривоят қилинган нақлий тафсирларни ҳужжат сифатида келтиради. Агар бир оятнинг мазмунида икки ёки ундан ортиқ фикр мавжуд бўлса, ҳар бирини алоҳида келтириб, бу фикрларни тасдиқловчи ривоятларни саҳобалар ва тобиъийлардан алоҳида-алоҳида ривоят қилади. Ривоятларнинг ўзи билан кифояланмасдан уларнинг ҳар бирини таҳлил қилиб, икки фикрдан қайси бири қувватли эканлигини айтади. Шунингдек, агар зарурат тақозо қилса, баъзи оятлардан ҳукмлар ва хулосалар ҳам чиқаради.

Ибн Жарир мустақил фикр билан тафсир қиладиган «асҳобур-рай" муфассирлар билан доимий мунозара қилади. Унинг фикрича ҳар бир муфассир тафсирда саҳобий ёки тобиъийнинг илмига, ундан нақл қилинган ривоятларга албатта мурожаат қилиши шарт. Саҳиҳ тафсирнинг аломати ёлғиз шудир. Масалан: «Юсуф" сурасининг 49-ояти, яъни

Сўнгра, ўша (қаҳатчилик йиллари)дан кейин бир йил келурки, унда одамлар ёғингарчилик остида қолурлар ва (турли мевалардан) шароб тайёрлаб олурлар

оятининг тафсирида Ибн Жарир салаф уламоларидан ривоят қилиб, қироатлар тўғрисида зарур бўлган фикрларни айтиб бўлгандан кейин, оятни ўз райи билан тафсир қиладиган, луғатни билишидан бошқа нарсага таянмайдиган муфассирга раддия бериб, унинг фикрини бутунлай ботил қилади ва шундай дейди: «Араб тилини билишига асосланиб ўз райи билан Қуръонни тафсир қиладиган ва аҳли таъвил салаф уламоларининг илмларидан бехабар бўлган баъзи кишилар юқоридаги оятнинг (шароб тайёрлаб оладилар) жумласи маъносини

ёмғир сабаби билан қаҳатчилик ва қурғоқчиликдан нажот топадилар деган маънога бурадилар ва «***»нинг ўзаги «сиқиш" маъносидаги масдаридан эмас, балки «нажот" маъносидаги масдаридан олинган, деб гумон қиладилар. Оят маъносининг бундай таъвили саҳобийлар ва тобиъийлардан нақл қилинган маънога бутунлай хилофдир.

Ибн Жарир ҳар бир ривоятини ровийлар санади билан келтирса ҳам, аксар ҳолларда ровийларнинг саҳиҳ ёки заиф эканлиги тўғрисида ҳеч нарса демайди. Чунки, ҳадис усулини яхши билган муҳаддис сифатида унинг фикрича, кимки сенга санад билан ривоят қилдими, ровийларнинг адолатли ёки нуқсонли эканлигини қай даража билишда сени баҳсга тортган бўлади. Шунга қарамасдан, Ибн Жарир баъзи ҳолларда ўзининг ўта ҳассос мунаққид эканини намоён этади, ровийларнинг адолатлиси ёки нуқсонлисини очиқ баён этади, ривоятларнинг ишончсизини рад этади ва ўзининг муносиб фикр-мулоҳазасини билдиради. Масалан:

Биз билан уларнинг ўртасига бир тўғон қуриб бе-рурмисан?[29] тафсирида Ибн Жарир шундай дейди: «Бу ҳақда — яъни син ҳарфининг замма ва фатҳа ҳолида «саддан", «суддан" ўқилишида Икримадан шундай ривоят қилинган: «Бизга Аҳмад ибн Юсуф Қосимдан, Қосим Ҳажжождан, Ҳажжож Ҳорундан, Ҳорун Айюбдан, у эса Икримадан ривоят қилишича, Икрима: «Одам фарзанди қўли билан қурилган нарса фатҳалик син билан «саддан" кўринишда, Аллоҳ қудрати билан бино бўлган нарса эса заммалик син билан «суддан" кўринишда ўқилади",— деган. Икримадан ривоят қилинган ушбу ҳадиснинг ровийси Айюб Ҳорун ишончсиз одам, чунки, ундан бирорта ҳам ровийлари ишончли бўлган ҳадис ривоят қилинмаган".[30]

Ибн Жарир ўз тафсирида қироатлар ҳақида ҳам фикр юритади, кўпинча ўзининг ва бошқа қироат олимларининг наздида қироати ҳужжат саналмайдиган имомлар қироатини рад қилади. Бундай асоссиз қироатларни зикр этаркан, уларга ўз фикри билан хулосалар беради. Масалан: «Ал-Анбиё" сурасининг 81-ояти:

«Сулаймонга бўронли шамолни бўйинсундириб (қўйдик)" тафсирида Ибн Жарир, барча қорилар "***" калимасини фатҳа ҳаракати билан маҳзуф феълга мафъул сифатида ўқишларини, Абдурраҳмон Аъраж эса замма ҳаракати билан мубтадо сифатида қироат қилишини айтиб, кейин: «Унинг қироати барча қорилар ижмоъ қилган қироатлардан ўзгача бўлгани учун ижозат берилмайди"[31],— деган хулосани чиқаради.

Ибн Жарирнинг қироатлар хусусида ҳам сўз юритиши унинг машҳур қироат олимларидан бири эканлигидадир. Ҳатто олимлар унинг қироатлар ҳақида 18 жилдли китоб ёзганини, унда машҳур ғайри машҳур қироатларни муфассал баён этиб, шарҳлаганини ва машҳур қироатлар йўлидан чиқмаган ҳолда биттасини танлаб олиб, ўзи қироат қилганини ривоят қиладилар. Лекин, бу асар ҳам бизгача етиб келмаган.

 

 


[1]Ал-мабодину –насрийяҳ, 26-бет.

[2] Имом Суютий. Ал-Итқон. 2-ж. 88-6.

[3] Ўша манба, 2-ж. 88-б.

[4] Ўша манба, 2-ж.153-б.

[5] Имом Суютий. Ал-Итқон. 2-ж. 189-6.

[6] Адан -Сомали давлати, қизил денгиз ва Аммон денгизи орали\идаги ер.

[7] Ал-аҳдул-қадим, Таквин китобининг 1-жилди, 4-5-6

[8]Ал-Бухорий, Фатҳул-Борийнинг Кито бат-Тафсир бобби,, 8-ж. 120-6.

[9]Ал-Фавзул кабир, фий усулит-Тафсир, 35-б.

[10]Ал-Бухорий, Жумъа бобби, 2-ж. 13-6.

[11]Ал-Қасталоний, 2-ж.  190-6.

[12]Ал-Қасталоний, 2-ж.  190-6. Имом Молик, Абу Довуд, Ат-Термизий

[13]Ал-Бухорий, Фатҳул-Борий, 6-ж. 329-6.

[14]Ал-Бухорий, Фатҳул-Борий, 8-ж. 120-6.

[15]Имом Аҳмад, Ал-Муснад, 3-ж. 387-6.

[16]Ал-фатҳ, 6-ж. 320-6.

[17] Вафоётул-Аъён, 2-ж. 568-б.

[18] Ал-Исро сураси, 58-оят.

[19] Тафсирул-Олусий, 15-ж. 93-б.

[20]Фатҳул-Борий, 8-ж. 297-6.

[21]Ал-Услубул-ҳадис. 1-ж. 10-6.

[22]Саҳиҳу Муслим, 1-ж. 112-6.

[23] Вафоётул-Аъён, 2-ж. 568-б.

[24] Раҳматуллоҳ қори Обидов. «Қуръон ва тафсир илмлари», Т. «ТИУ», 2003. 236-б.

[25]Ал-Итқон. Суютий. 2-ж. 190-6.

[26]Ўша манба, 2-ж. 191-б.

[27]МЎъжамил-удабо, 18-ж. 42-б.

[28] Раҳматуллоҳ қори Обидов. «Қуръон ва тафсир илмлари», Т. «ТИУ», 2003. 238-б.

[29]Қаҳф сураси, 94-оят.

[30]Тафсири Ибн Жарир (Жомиул-баён), 2-ж. 290-291-б.

[31]Тафсири Ибн Жарир (Жомиул-баён), 1-ж. 291-292-б.