A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръонда муҳаббат мавзуси
PDF Босма E-mail

 

АЛЛОҲНИНГ ИНСОНГА БЎЛГАН МУҲАББАТИ

Муқаддима

Қуръонда Аллоҳнинг инсонга бўлган эҳтиромини ифода этадиган кўплаб оятлар мавжуд. Жумладан, У Зот фаришталарга Одам Ато учун ҳурмат ва эҳтиром билан сажда қилишни буюргани барчамизга маълум. Аллоҳнинг Каломида инсониятнинг отаси Одам алайҳиссалом шахсида кўзга ташланувчи инсон вужудига туширилган руҳ Аллоҳ азза ва жаллага мансуб эканига ишора қиладиган оятлар ҳам бор. Шунингдек, Қуръони Каримда оламдаги кўплаб нарсаларнинг инсонга хизмат қилиши ва унинг манфаатларини бажариши учун бўйсундириб қўйилганини таъкидлайдиган оятлар-да учрайди.

Бу нарсалар инсоннинг сарф қиладиган меҳнати билан амалга ошадими ёки банданинг унга аралашувисиз ва унинг куч сарфлашига ҳожати тушмай, тўғридан-тўғри, ўзига хос хизмат орқали содир бўладими – бунинг фарқи йўқ. Умуман олганда, унда Аллоҳнинг борлиқдаги кўплаб нарсаларни инсон фойдаси учун хизмат қилдириб қўйганини асослаб берадиган оятлар мавжуд.

Ана шулардан бири Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу оятидир:

«Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик» (Исро сураси, 70-оят).

Яна бир оятда:

«Эсла, фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар!» деганимизни», дейилган (Бақара сураси, 34-оят).

Албатта, бу сажда ҳурмат ва эҳтиром саждаси эканини, ибодат ва улуғлаш саждаси эмаслигини сиз яхши биласиз.

Оятларнинг яна бирида Аллоҳ азза ва жалла фаришталарга хитоб қилиб, инсоният руҳи Аллоҳнинг Ўзига мансублигини эслатади:

«Бас, қачонки уни тўғрилаб бўлганимда ва ичига Ўз руҳимдан пуфлаганимда унга сажда қилган ҳолингизда йиқилинг», деганини эсла» (Ҳижр сураси, 29-оят).

Улардан яна бири Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ушбу сўзидир:

«Аллоҳ осмонлару ерни яратган, осмондан сув тушириб, у ила меваларни сизга ризқ қилиб чиқарган, Ўз амри ила денгизда сузмоғи учун кемаларни сизга бўйсундирган ва анҳорларни сизга бўйсундирган Зотдир.

У сизга доимий ҳаракатдаги қуёш ва ойни ҳам, шунингдек, кеча ила кундузни ҳам хизматчи қилиб қўйди» (Иброҳим сураси, 32–33-оят).

Шу ва шунга ўхшаш оятлар инсоннинг Аллоҳ ҳузурида мутлақо имтиёзли ўрни борлигини ифода этади. Ҳеч шубҳа йўқки, инсонга ушбу имтиёзни бериб, уни шу даражага кўтарган ва бунга лойиқ кўрган Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Инсон бу даражага Аллоҳнинг фазлу марҳамати билан кўтарилган.

Албатта, инсон Роббиси томонидан қабул қилиб олган мазкур имтиёз ёки эътибор банданинг Аллоҳ рози бўладиган нарсаларни бажариши орқали сарфлаган кучи билан бўлмаган. Балки Роббисининг дину шариатлари пайдо бўлишидан олдин, куч сарфлаб Унинг қонун ва буйруқларига ижобат қилиши ёки қилмаслигидан илгари Парвардигоридан қабул қилиб олган мурувватидир.

Агар бу бизга тушунарли бўлган бўлса, энди ушбу эҳтиром ўзининг шакл ва кўринишлари билан нимага ишора қилаётганини ўйлаб кўрайлик.

Ҳеч бир шубҳа йўқки, албатта, бу Ўз қудрати билан яратиб, унга Ўз руҳидан пуфлаган ҳамда фаришталарни сажда қилдирган, кейин атрофидаги борлиқнинг катта қисмини унга бўйсундирган Аллоҳнинг инсонларга нисбатан муҳаббати борлигига ишора қилади.

Муҳаббат билан унинг белгилари ўртасидаги алоқа очиқ-ойдин бўлиб, бу ҳақда ҳеч ким шубҳа қила олмайди.

Эҳтимол, шу ўринда мен эътиборимни қаратаётган нарсани мулоҳаза қилишингиз зарурдир. Яъни Аллоҳ таолонинг инсонга бўлган бу эҳтироми билан Унинг муҳаббати ўртасида собит қилинган нарсага алоқаси бор, деган сўз ҳақида ўйлаб кўришингиз керак. Шу пайт биласизки, бу иккиси бошқа-бошқа нарса бўлиб қолади. Демак, Аллоҳнинг инсонга бўлган муҳаббати ва эҳтироми бир-биридан фарқ қилувчи алоҳида нарса экан.

Аллоҳ таоло инсонга бўлган муҳаббатини қуйидагича баён қилган:

«Аллоҳ сизга муҳаббат қилади ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилади» (Оли Имрон сураси, 31-оят).

Сўнг эса унга бўлган эҳтиромини ҳам шундай билдирган:

«Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик» (Исро сураси,70-оят).

Демак, бу иккала нарсанинг алоҳида мустақил маъноси бор. Бирининг маъноси билан иккинчисининг маъносини бекор қилишимиз мумкин бўлмайди. Бундай ўринда маънодошлик (синонимлик) ворид бўлмаганидек, таъвил қилиш, яъни иккисини бир маънода деб тушуниш ҳам мумкин бўлмайди.

Лекин муҳаббатнинг ўзи нима?!

(Давоми бор…)


Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутийнинг

«Ал-Ҳуббу фил Қуръaн» китобидан

Абдуллоҳ ҒУЛОМОВ таржимаси