A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Муфассир билиши керак бўлган илмлар
PDF Босма E-mail

Тафсир илми энг олий илмлардан бўлиб, бу илм олимдан юксак салоҳият ҳамда етуклик талаб қилади. Ушбу илмни эгаллаш учун эса олим, аввало, бир неча фанларни пухта ўзлаштириши зарур. Муфассир уламолардан Суютий раҳматуллоҳи алайҳ бу илмларнинг 15 та эканини айтиб, қисқача шарҳлаганлар:

1. Луғат илми. Бу илм ёрдамида сўзлар маънолари, далолати тушунилади. Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган киши учун араб тилини билмасдан Аллоҳ таолонинг Китоби тўғрисида гапириши мумкин эмас». Араб тилини саёз ўрганиш ҳам кифоя эмас, чунки гоҳида бир сўз бир нечта маънода келиши, маънодошлари (синоним) бўлиши, ёки бир лафз умуман бир-бирига тескари бўлган иккала маънони ўз ичига олган бўлиши ҳам мумкин. Асосийси, бу нафақат тил, балки Аллоҳ таолонинг илоҳий Каломидир. Бунга юзаки қараш ва саёз илм билан у ҳақида гапириш мутлақо жоиз эмас.

2. Наҳв илми. Калималарни якка ва гап таркибига кирган ҳолатини ўрганадиган қоидалардир. Бу илмни билиш гапнинг мазмуни тақозо қиладиган ҳаракатларни тўғри қўйиш ва нотўғри маъно бериб қўйишдан сақлайди.

3,4. Сарф ва иштиқоқ илми. Сарф илми калиманинг ёлғиз ҳолатларини ва феълларнинг тусланишини ўрганадиган илм. Иштиқоқ илми сўзларнинг келиб чиқиши, уларнинг қайси масдардан (ўзак) чиқариб олинганини ўргатадиган илмдир.

5,6,7. Маъоний, Баён ва Бадеъ илмлари бўлиб, булар умумий «Балоғат илми» дейилади. Бу илмлар сўзларни чиройли, бадиий, қофияли, жарангли ва бир-бирига уйғун келтиришни ўргатади. Соддароқ айтадиган бўлсак, ҳар бир сўзни ўз ўрнида моҳирона қўллай олишни ўргатади.

8. Қироатлар илми. Бу илмни ўрганиш билан Қуръони Каримни бизгача муттасил санад билан хатосиз етиб келган шаклда ўқиш ва ўрганишга имкон беради.

9. Усулуд дин (Тавҳид) илмини ўрганиш. Бу эътиқодга оид илм бўлиб, бу банданинг эътиқод қилиши лозим бўлган нарсалар ҳақидаги илмдир. Мисол учун, Аллоҳ таолонинг исми ва сифатлари, фаришталар, охират куни ҳақидаги билиш зарур бўлган нарсалар. Агар эътиқод нотўғри шаклланган бўлса, тафсир билан шуғулланаётган киши Қуръон оятларини нотўғри тушуниши, муҳкам оятларга  эмас, балки муташобиҳ оятларга эргашиб, адашиб кетиши мумкин.

10. Усулул фиқҳ илми. Бу илмга уламоларнинг таърифи қуйидагича: «Батафсил далил-ҳужжатлардан шариатнинг амалий аҳкомларини истинбод қилиш қоидаларини ўргатадиган илм». Соддароқ айтадиган бўлсак, таърифдаги батафсил ҳужжатларнинг биринчиси ва асосийси Қуръони Каримдан ҳукмларни чиқариб олишни ўргатадиган илм.

11. Сабаби нузул илми. Бу илм оятларнинг нима сабабдан, ким сабабидан нозил бўлганини ўргатувчи илмдир.

12. Носих ва мансух илми. Бу  маълум бир муддат амалда бўлиб, кейинчалик илоҳий ҳикмат тақозосига кўра бошқасига алмашган, амалдан қолган ва амалда бўлган ҳукмлар, оятларни ўрганадиган  илм ҳисобланади.

13. Фиқҳ. Бу шариатнинг фаръий (иккинчи даражали) масалалари баҳс қилинадиган илм. Бунда, асосан, ибодат, муомала, уқубатлар, таҳорат, никоҳ каби масалалар ўрганилади.

14. Қуръонни тафсир қилиб берадиган ҳадисларни ўрганиш.

15. Аллоҳ томонидан бериладиган илм. Яъни Аллоҳ таоло томонидан олимга инъом этилади. Бу илм унга Аллоҳнинг мўъжизавий Каломи сирларидан воқиф бўлиши ва уни бошқаларга етказишига ёрдам беради.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Қуръони Каримни тафсир қилиш уламолардан кўп машаққатли меҳнат талаб қилар экан. Муфассир уламоларимизниг бизга Қуръон маъноларини тушунтириб бериш йўлидаги ана шундай машаққатлари, фидойиликлари доимо таҳсинга сазовордир.

 

Аъзамжон ТОШПЎЛАТОВ