A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Муташобиҳ оятларнинг асл маъноларини билиш мумкинми?
PDF Босма E-mail

Муташобиҳ оятларнинг маъноларини бандаларнинг билишлари мумкин ё мумкин эмаслиги ҳақида Аҳли сунна уламоларининг икки хил машҳур қарашлари бор:

1. Жумҳур мутакаллимлар ва фақиҳларнинг қарашлари: Муташобиҳ оятларнинг таъвилини фақат Аллоҳ билади, бошқа ҳеч ким билмайди.

2. Ибн Аббос, Мужоҳид ва Абул Ҳасан Ашъарийларнинг қарашлари: Муташобиҳ оятларнинг маъноларини илмда собит бўлганлар билишлари мумкин.

Иккала тараф ҳам ўз қарашларига Оли Имрон сурасининг 7-оятини далил қилганлар. Муташобиҳ оятларнинг таъвилини фақат Аллоҳ билади, дейдиганлар бу оятга шундай маъно берганлар:

 

 

وَمَا يَعْلَمُ تَأْوِيلَهُ إِلَّا اللَّهُ وَالرَّاسِخُونَ فِي الْعِلْمِ يَقُولُونَ آمَنَّا بِهِ كُلٌّ مِنْ عِنْدِ رَبِّنَا

«Унинг таъвилини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас. Илмда собит бўлганлар эса: Унга иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридандир, дерлар» (Оли Имрон сураси, 7-оят).

Муташобиҳ оятларнинг маъноларини билиш мумкин, дейдиганлар бу оятга қуйидагича маъно берганлар:

وَمَا يَعْلَمُ تَأْوِيلَهُ إِلَّا اللَّهُ وَالرَّاسِخُونَ فِي الْعِلْمِ يَقُولُونَ آمَنَّا بِهِ كُلٌّ مِنْ عِنْدِ رَبِّنَا

«Унинг таъвилини фақат Аллоҳ ва илмда собит бўлганлар билурлар. (Улар): “Унга иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридандир», – дерлар».

Иккала тараф ҳам берган маъноларини қувватловчи кўплаб далиллар келтирганлар.

Муташобиҳ оятларнинг таъвилини фақат Аллоҳ билади, деганларнинг далиллари:

1. Оиша розияллоҳу анҳонинг қуйидаги сўзларида муташобиҳ оятларнинг таъвилини фақат Аллоҳ билишига ёрқин далил бор:

Ибн Абу Ҳотим Ибн Абу Мулайкдан Оиша розияллоҳу анҳонинг шундай деганларини ривоят қилган: “Уларнинг илмда собит бўлишлари, муҳкамига ҳам муташобиҳига ҳам иймон келтиришларидир. Улар уни билмайдилар».

2. Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳ муташобиҳ оятларнинг таъвилини фақат Аллоҳ билишини очиқ-ойдин айтган:

انتهى علم الراسخين في العلم بتأويل القرآن إلى أن قالوا: آمَنَّا بِهِ كُلٌّ مِنْ عِنْدِ رَبِّنَا

Илмда собит бўлганларнинг Қуръон таъвилини билишдаги илмлари: «Унга иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридандир[1]»да интиҳосига етган.

Муташобиҳ оятларнинг таъвилини фақат Аллоҳ билади, дейдиганлар булардан бошқа ҳам ўндан ортиқ далиллар келтирганлар.

Муташобиҳ оятларнинг маъноларини баъзи бандалар билишлари мумкин, дейдиганларнинг далиллари:

1. Агар муташобиҳ оятларнинг маъноларини илмда собит бўлганлар билмасалар, улар билан жоҳиллар орасида фарқ бўлмай қолади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, ҳалол очиқ-ойдиндир, ҳаром ҳам очиқ-ойдиндир, улар орасида муташобиҳлар бордир. Уларни кўп инсонлар билмаслар»[2], деганлар. Бу сўзлари уларни оз инсонлар билишларига далолат қилади, ўша оз инсонлар эса илмда собит бўлганлардир.

2. Ибн Абу Ҳотим Заҳҳокнинг шундай деганини ривоят қилган:

«Илмда собит бўлганлар унинг таъвилини биладилар. Агар таъвилини билмаганларида, носихини мансухидан, ҳалолини ҳаромидан, муҳкамини муташобиҳидан ажрата олмасдилар».

Муташобиҳ оятларнинг таъвилини билиш мумкин, дейдиганлар ушбулар каби ўнга яқин далиларни келтирганлар[3].

Иккала тарафнинг ҳам қарашларини ва келтирган далилларини таҳқиқ қилиб ўрганиб чиққан уламолар қуйидаги мулоҳазаларни айтадилар: Биринчи тараф барча муташобиҳ оятларнинг таъвилини фақат Аллоҳ билади, бирортасининг ҳам таъвилини бандаларнинг билишлари мутлақо мумкин эмас, демаганлар. Иккинчи тараф ҳам барча муташобиҳ оятларнинг таъвилини бандалар билишлари мумкин, демаганлар. Чунки ҳақиқий маъносини бандалар мутлақо била олмайдиган муташобиҳ оятлар ҳам, илм маърифатлари юқори баъзи бандалар билишлари мумкин бўлган муташобиҳ оятлар ҳам бор эканини бирор тараф ҳам инкор эта олмайдиган ҳақиқатдир.

Ана шу эътибордан муҳаққиқ уламолар муташобиҳ оятларнинг маъноларини билиш мумкин ё мумкин эмаслиги жиҳатидан учга тақсимлаганлар:

1. Бандаларнинг билишлари мутлақо мумкин бўлмаган оятлар. Масалан:

أَخْرَجْنَا لَهُمْ دَابَّةً مِنَ الْأَرْضِ

«Улар учун ердан бир жонивор чиқарамиз» (Намл сураси, 82-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло ердан бир жонивор чиқаришини айтган. Уни қачон чиқаришини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким мутлақо билмайди.

2.   Бандаларнинг билишлари мутлақо мумкин бўлган оятлар. Баъзи оятларда нотаниш лафзлар келган. Масалан:

فَأَقْبَلُوا إِلَيْهِ يَزِفُّونَ

«У томон шошиб, бир-бирларини туртиб келишди» (Соффат сураси, 94-оят).

Ушбу оятда келган يَزِفُّونَ калимасининг يَسْرَعُونَ (шошиладилар) маъносида эканини билиш, мутлақ мумкин ҳисобланади.

3. Фақат баъзи олимларгина билишлари мумкин бўлган оятлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ҳақига қилган дуоларида бунга ишора бор:

اللهم فقهه في الدين وعلمه التأويل

«Эй Аллоҳим, уни динда фақиҳ қилгин ва унга таъвилни билдиргин». Яъни ушбу дуонинг баракотидан Ибн Аббос розияллоҳу анҳу оятларнинг бошқа кўпгина олимлар билмайдиган таъвилларини биладиганлардан бўлганлар. Бунга қуйидаги ривоят ҳам далолат қилади: Умар розияллоҳу анҳу (бир гуруҳ саҳобалардан): Аллоҳ таолонинг «Изаа жааъа насруллоҳи вал фатҳу» деган сўзига нима дейсизлар?» – деди. Улардан баъзилари: «Қачон бизга нусрат ёки фатҳ берилса, Аллоҳга ҳамд ва истиғфор айтишга амр қилиндик, деймиз», – дедилар. Баъзилари эса сукут сақлаб бирор нарса демадилар. Шунда у менга: «Сен ҳам шундоқ дейсанми, эй Ибн Аббос?!» – деди. «Йўқ», – дедим. «Нима дейсан? » – деди. «Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ажалларидир. Аллоҳ буни у зотга билдирди. Агар Аллоҳнинг нусрати ва фатҳи келса» ўша ажалнинг аломатидир. «Бас, Роббингни поклаб ёд эт ва Унга истиғфор айт. Албатта, У тавбаларни кўплаб қилувчидир», – дедим. Шунда Умар: «Аллоҳга қасамки, мен ҳам бу борада фақат сен айтган нарсанигина биламан, холос», – дедилар.

Ушбу ривоят фақат баъзи олимларгина билишлари мумкин бўлган оятлар ҳам борлигига далил ҳисобланади.

Абдулқодир АБДУР РАҲИМ

 



[1] Оли Имрон сураси 7-оятининг маъноси.

[2] Муслим ривоят қилган.

[3] Устоз доктор Абу Сарийъ Муҳаммад Абу Сарийъ “Жомиул баян фи муташабиҳил Қуръан” 1-жуз, 30-бет.