A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Аз-Замахшарий «Ал-Кашшоф»
PDF Босма E-mail

Аз-Замахшарийнинг тўлиқ номи Абул Қосим Маҳмуд ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Умар ал-Хоразмий ал-имом ал-ҳанафий ал-мўътазилий бўлиб, лақаби «Жоруллоҳ», тўрт юз олтмиш еттинчи ҳижрийда Хоразмнинг Замахшар қишлоғида туғилган. Бағдодга келиб, устозлар ҳузурида таълим олган. Хуросонга бир неча марта борган. Қаерга бормасин, атрофига одамлар йиғилиб, унга шогирд бўлишган. Ким билан мунозара қилмасин, у таслим бўлиб, Замахшарийнинг илмини эътироф этган. Шундай қилиб, унинг овозаси бутун оламга ёйилди ва замонасининг ягона алломасига айланди.

Аз-Замахшарийнинг турли илм соҳаларида ўта ҳассослик билан таълиф этган асарлари бор. Уларнинг биринчиси «Ал-Кашшоф» тафсиридир. Алломанинг наҳв ҳақида «Ал-Муҳожот», «Ал-Муфассал», араб тилида «Ал-муфрад вал-мураккаб», ҳадис тафсирида «Ал-Фоиқ», луғатда «Асосул-балоға», фиқхда эса «Руусул-масоил» номли китоблари мавжуд.
«Вафаётул аъён» китобининг муаллифи шундай ёзади: «Аз-Замахшарийнинг эътиқоди мўътазилийдир. У ўзининг эътиқодини яширмасдан, аксинча, фахрланиб юрган. Айтишларича, у бирор кишининг ҳузурига борса, эшик қоровулига: «Абул Қосим мўътазилий келиб, эшик олдида киришга изн сўраяпти, деб айтгин», деб буюрар экан. У «Ал-Кашшоф»ни ёзиш асносида ҳамду сано хутбасини: «Қуръонни яратган Аллоҳга ҳамд бўлсин!» деб бошлаган экан.
Одамлар ундан бутунлай юз ўгиришган, зиёратига келмай қўйишган. Кейин у «холақо»(яратди) сўзини «жаъала»(қилди) сўзига алмаштирган. Ҳолбуки, мўътазилийларнинг наздида бу сўз ҳам «яратди» маъносидадир. Аммо «Ал-Кашшоф»нинг барча нусхаларида тафсир: «Қуръони Каримни нозил қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин!» деб, «анзала»(нозил қилди) сўзи ишлатилган. «Ал-Кашшоф»даги бу ислоҳ мусаннифнинг эмас, балки муҳаррирнинг ислоҳидир.
Ал-Ферузободийнинг гувоҳлик беришича, Аз-Замахшарий ўзининг мўътазилий эътиқодида шунчаки бўлган эмас, балки у шу эътиқодда бўлганидан фахрланиб юрган. Шунинг учун унинг ўзи «холақо» ёки «жаъала» феълини «анзала»га ўзгартириши мумкин эмас. Эҳтимолки, унинг шогирдларидан бири устозининг обрўсини сақлаш мақсадида ўзгартирган бўлиши мумкин. Ал-Ферузободий «Ас-Салом» шаҳрига зиёрат учун борганда, у ерда Аз-Замахшарийнинг ўз қўли билан ёзган, ислоҳ қилинмаган тафсир нусхасини кўрганлигини айтади. (Кашфуз-зунун, 2-ж.   176-6.)
Аз-Замахшарий Маккадан қайтиб келганидан сўнг, беш юз ўттиз саккизинчи ҳижрийда Хоразмнинг Журжонийя қишлоғида вафот этади.
Аз-Замахшарий ўзининг «Ал-Кашшоф» номли тафсирини ёзишдан аввал бироз иккиланади. Бу ҳақда муаллиф тафсирнинг муқаддимасида ёзган. Тафсирнинг ёзилиш сабаблари ҳақидаги маълумотни унинг муқаддимасидан олишни толибга тавсия қилган ҳолда, асосий мақсадга ўтамиз.
«Ал-Кашшоф» гарчи эътизолий ақидага мувофиқ ёзилган бўлса ҳам, бундан қатъи  назар, жуда юқори қимматга эга бўлган тафсирдир. Қуръони Каримнинг мўъжизлик сири, назмининг гўзаллиги ва балоғатдаги юксак даражаси муаллиф томонидан очиб берилган. Бунинг сабаби Аз-Замахшарийнинг жуда кўп илм соҳаларини, хусусан, араб луғатининг жозибакорлиги, ашъорлар, балоғат, баён, эъроб, адаб илмларини мукаммал билганлигидир. Аз-Замахшарий оятлардаги жозибани дарҳол илғаб оларди. Ўзининг бундай фазилат эгаси эканлигига «Ал-Кашшоф»нинг муқаддимасида ишора этади: «Илмларнинг энг нозиги, ҳар қандай ақлни ҳайрон қиладигани тафсир илми бўлиб, унга ҳар қандай олим журъат қилавермайди. Ал-Жоҳиз «Назмул Қуръон» китобида ёзганидек, фақиҳ агар ҳукм ва фатвода барча тенгдошларидан ғолиб бўлса ҳам, мутакаллим гарчи калом санъатида ахди дунёларни лол этса ҳам, тарихчи ва ҳофиз Қиррийянинг ўғлидан зеҳни ўткирроқ, воъиз агар Ал-Ҳасан ал-Басрийдан гапдонроқ, Ан-Нашвий агар Сийбавайхдан билимдонроқ бўлса ҳам, луғат олими луғатларни сақичдек чайнаб ташласа ҳам, аммо улар Қуръон йўли олдида ожиз, ҳақиқатини идрок этишдан гунгдир. Аммо Қуръонга хос бўлган икки илм: маъоний ва баёнда ўткир илм соҳиби бўлган одам бу ишни уддасидан чиқиши мумкин». (Аз-Замахшарий. Ал-Кашшоф,  1-ж.  12-15-6.)
Ҳақиқатан ҳам, Аз-Замахшарий муфассирга зарур бўлган барча василаларни жамлаб, ўзининг улуғ тафсирини ёзиб тугатиб, одамлар эътиборига ҳавола қилди. Аз-Замахшарий ўзининг бу тафсири барча фазилатларни жамлаган асар бўлганини, барча олимлар ҳузурида ҳусни қабулга муносиб кўрилганини билгач, Аллоҳнинг бундай неъмати ва иноятига шукрона келтириб ушбу ғазални ёзди:
Дунёда тафсирлар сону саноқсиз,   
Улар орасида Кашшоф сафодир.        
Агар сен ҳидоят қидирсанг, ўқи!      
Жаҳл бир касаллик, Кашшоф шифодир.
Агар Аз-Замахшарий ўзининг тафсири билан фахрланиб, ужуб даражасига етса ҳам, биз уни маъзур тутсак, арзийди, чунки унинг тафсири бошқа тафсирлар орасида ягона, устозлар ва шогирдлар орасида ҳам мўътабардир. Ҳатто унинг хусуматчилари ҳам тафсирнинг камчилигига тўхталишдан аввал унинг фазилатини, таълиф этган алломанипг санъатини эътироф этадилар.

1. Аш-Шайх Ҳайдар ал-Ҳаравий «Ал-Кашшоф» ҳақида ўзининг фикр-мулоҳазаларини баён этиб, бу тафсир ниҳоятда юқори савияда ёзилганини таъкидлайди. Унинг ёзишича, Аз-Замахшарий Қуръоннинг бирор оятини тафсир қилишга киришса, агар оятнинг мазмуни унинг хоҳишига мувофиқ бўлмаса, оятнинг мадлули унинг муродини ифода қилмаса, у оятнинг зоҳирий маъносини шошилмасдан, қизишмасдан, ортиқча балоғий нуқталарсиз ўз мақсади йўлига шундай бурадики, у Аллоҳнинг каломини таҳриф қилаётган бўлса ҳам, ҳеч ким ундан гумон қилмайди. Гапни узоқдан олиб келади, билдирмасдан усталик билан эътизолий ақидани сингдиради, натижада толиб унинг фикр тузоғига илинади, «ҳақиқат бундан бошқача бўлиши мумкин эмас», деган қарорга келади. Бу жуда катта офат ва мусибатдир.
Аз-Замахшарий тасаввуф лаззатидан бебаҳралиги туфайли Аллоҳнинг валийларини ҳам қаттиқ танқид қилади. «Ал-Моида» сурасининг 54-ояти:
«Уларни Аллоҳ севади ва улар ҳам Аллоҳни севадилар»  тафсирида Аз-Замахшарий Аллоҳнинг валийлари ҳақига лойиқ бўлмаган, ақлли одам тафсирда эмас, фаҳш китобларида ҳам ёзишдан уяладиган таъналар, бўҳтонларни ёзади. Аллоҳнинг валийларини айблашга шундай журъат қилган одам, Аллоҳнинг каломига тажовуз қилишга, шубҳасиз, журъат қилади.
Муаллиф тафсирида шундай байтларни келтирганки, улар ҳазил-мутойиба, масхара учун ёзилган. Бундай шеърларни тафсирда келтириш шаръан ва ақлан жоиз эмас, хусусан, адд ва тавҳид аҳли учун.
Аз-Замахшарий Пайғамбаримиз(соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг башоратлари билан «фирқаи ножия» деб аталувчи «аҳли сунна вал-жамоа» ҳақида жуда фаҳш гапларни гапиради. Уларга ҳатто «мулҳид», «кофир»лик нисбатларини беради, Бундай журъат қалби пок иймони бебок уламоларнинг эмас, балки беадаб, эси паст одамларнинг ишидир. (Ҳайдар ал-ҳаравийиинг таълиқи қисқартириб 6ерилди.)
Абу Ҳайён ҳам ўзининг «Ал-Баҳрул-муҳит» номли тафсирида «Ан-Намл» сурасининг 49-оятини тафсир қилиб, кейин шу оятга Аз-Замахшарий қандай маъно берганини таҳлил қилади ва шундай дейди: «Бу одам (аз-Замахшарий)га Аллоҳ таоло Қуръон илмидан, сўзамоллик ва заковатдан комил насиба берган бўлса ҳам, тафсир китобида баъзи камчиликлар борки, мен уларни қасидамда баён этган эдим. Унда аввал «Ал-Кашшоф»нинг фазилатини, унинг ютуқларини айтиб, кейин толибни ундаги камчиликлардан огоҳлантирдим. Ана шу қасидамнинг мадҳ қисмини эмас, танбеҳ қисмини эътиборингизга ҳавола қилмоқчиман: (Қасидасининг матни   насрда таржима   қилинди.)
«Лекин бу тафсирда танқидий назар билан қараш лозим бўлган хато-камчиликлар мавжуд. Муаллиф мавзуъ ҳадисларни жоҳиллардек ривоят қилади ва шубҳали ровийларга нисбат беради. Улуғ имомларни ҳақорат қилади. Қисқача ибора билан тушунтириш мумкин бўлган фикрни «қуруқ аравани олиб қочгандек» узоқ ва беҳуда гаплар билан судрайди. Аллоҳ айтмаган (Аллоҳнинг муроди бўлмаган) гапларни айтиб, муқаддас каломни таҳриф қилади. Оятларнинг таркибини тахдил қилишда ҳам наҳв қоидаларидан чиқиб кетади. Баъзи фикрларни бошқа олим ва муфассирлардан ўғирлаган бўлса ҳам, ўзининг фикридек гапиради. Оятлардан маъно чиқаришда, наҳв қоидасини риоя қилмасдан қасддан хато қилади. Қуръон лафзларини ўзгартириб маънони ўз мазҳабига буради. Шунинг учун, Эй Аллоҳ! Бу Шайхнинг номини ўзинг Машриқу Мағрибдан ўчирган! унга Аллоҳнинг раҳмати етмаса, у кофирларга ҳамроҳ бўлиб қолади». («Ат-тафсир вал муфассирун»)

3. Аллома Ибн Халдун Аз-Замахшарийнинг тафсирини шундай таърифлайди: «Тафсирларнинг балоғат, фасоҳат ва тил соҳасида энг гўзал ёзилгани Хоразм элидан бўлган Аз Замахшарийнинг «Ал-Кашшоф» тафсиридир. Муаллиф эътизолийдир, Қуръон оятларига фикр биддираётганда ўзини ана шу фосид ақидаси нуқтаи назаридан ҳужжатлашади, шунинг учун «аҳли сунна» уламолари жумҳурни доим унинг тузоғидан эҳтиёт бўлишга чақирадилар. Лекин тил ва балоғат илмини яхши билишига эътироз йўқ. Агар толиб мазоҳиби санийядан воқиф бўлиб, эътиқоди мустаҳкам бўлса, у ҳолда унга қаршилигимиз йўқ, «Ал-Кашшоф»ни мутолаа қилиб, муаллифнинг тил соҳасидаги санъатини, унинг беназирлигини кўриб ибрат олсин.
Ироқ ажамларидан бўлган Шарафиддин ат-Тоййибий «Ал Кашшоф»га шарҳ ёзган. У шарҳида, Қуръон оятларининг балоғати мўътазилийларнинг ақидасига эмас, «аҳли сунна» ақидасига мувофиқ эканлигини исботлаган.

4. Аллома Тожиддин ас-Сабукий ўзининг «Муъидун-ниъам ва мубидун-ниқам» китобида шундай ёзади: «Билингки, албатта «Ал-Кашшоф» тафсири улуғ китобдир, унинг муаллифи ўз фанида имомдир. Лекин у бидъатчи одам бўлиб, ўз бидъатини ошкора қилувчидир. Пайғамбарнинг қадрини туширишдан, «аҳли сунна»га беадаблик қилишдан тортинмайди.
Ас-Сабукийнинг отаси Аш-Шайх Тақиюддин ас-Сабукий «Ал-Кашшоф»ни мутолаа қилиб ўтирган эди. «Ат-Таквир» сурасининг 19-ояти
«албатта, у (Қуръон) бир улуғ элчи (Жаброил)нинг сўзидир».324 тафсирига келганда, дарҳол китоб саҳифасидан юз ўгирди ва бир варақ оқ қоғоз олиб унга: «Ал-Кашшоф»ни ўқишдан воз кечганлигимнинг сабаби» деган огоҳнома ёзди. Унда шундай дейилади:
«Мен Аз-Замахшарийнинг тафсирида ҳар қанча фойдалар бўлмасин, унинг «Аллоҳ сизни авф этди»325- ояти, «Ат-Таҳрим» сураси ва бошқа жойлардаги оятларнинг тафсирида бутун махлуқотнинг сарвари бўлган Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га қилган беадабчиликларини кўриб, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан уялганимдан унинг тафсирини ўқишдан бутунлай юз ўгирдим».
Ҳамюртимиз, тафсир соҳасининг улуғ шайхи Жоруллоҳ аз-Замахшарийнинг «Ал-Кашшоф» тафсирини эътиқод нуқтаи назаридан эмас, услуб нуқтаи назаридан мутолаа, таҳлил ва хулоса қилишни толибларга ҳавола этамиз.

 

Раҳматуллоҳ қори Обидов
(Қуръон, тафсир ва муфассирлар китобидан)