A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Ал –Бағавий «Маолимут-танзил»
PDF Босма E-mail
«Маолимут-танзил» тафсири муаллифининг тўлиқ номи Абу Муҳаммад Ал-Ҳусайн ибн Масъуд ибн Муҳаммад ал-Фарро ал-Бағавий шофеий мазҳаби фақиҳларидан бўлиб, улуғ муҳаддис ва муфассирлар қаторидан жой олган, диннинг устуни, суннатнинг тирилтирувчиси унвонларига сазовор бўлган олим эди.
Ал-Бағавий ниҳоятда тақводор, сабрли бўлиб, бирор дарсини ҳам бетаҳорат айтмаган, нондан бошқа таом тановул этмас, кейинчалик кексайган вақтида нонга ёғ суриб еган зоҳид инсон эди.
Ал-Бағавий беш юз ўнинчи ҳижрий йилида саксон ёшида вафот этди ва Марвнинг Ат-Талқон мақбарасига устози Қози Ҳусайннинг ёнига дафн этилди.
Шофеий уламоларидан Ат-Тож ас-Сабукий Ал-Бағавийни шундай таърифлайди: «Ал-Бағавий улуғ имом, тақволи фақиҳ, илм билан амални жамлаган обид, муфассир ва муҳаддис олимдир. У жуда кўп китоб ёзган бўлиб, «Маъолимут-танзил» номли тафсир, «Шарҳус сунна», «Ал-Масобиҳ» номли ҳадис китоблари, «Ал-Жамъу байнас саҳиҳайн», «Ат-Таҳзиб» номли фиқҳ китоблари мавжуд. Унинг китоблари баракотли китоблар ва муаллифининг нияти яхши бўлгани учун олимлар томонидан яхши қабул қилинган.
Ал-Бағавийнинг тафсири ҳақида «Кашфуз-зунун» муаллифи шундай дейди: «Беш юз ўн олтинчи йилда вафот этган Имом Ал-Бағавийнинг «Маъолимут-танзил» тафсири ўртача тафсирлардан бўлиб, улуғ саҳобалар, тобеийлар ва кейинги уламолардан нақл қилинган. Уни саккиз юз етмиш бешинчи йилда вафот этган Аш-Шайх Тожуддин Абу Наср Абдулваҳҳоб ибн Муҳаммад ал-Ҳусайний мухтасар қилган.
Муфассирлардан Ал-Хозин ўзининг тафсири муқаддимасида шундай ёзади: «Ал-Бағавийнинг тафсири шу илм соҳасидаги шубҳадан холи, рост сўзларни жамлаган, саҳиҳ ҳадислар билан безантирилган, шариат аҳкомлари баён этилган, ажойиб ўтмиш хабарлари ва қиссалари билан ўралган бебаҳо китоблардандир».
Ибн Таймийянинг ёзишича, Ал-Бағавийнинг тафсири Ас-Саълабийнинг тафсиридан қисқароқ, лекин мавзуъ ҳадислардан ва бидъат фикрлардан холидир.
Ибн Таймийядан «Тафсирларнинг қайси бири Қуръон ва суннатга яқинроқ? Замахшарийникими, Қуртубийникими, Бағавийникими ёки бошқа муфассирникими?!» деб сўралди. У: «Сўралган уч тафсирдан бидъатдан ва заиф ҳадисдан холироғи Бағавийникидир. У Саълабийнинг тафсиридан бидъат ва мавзуъ ҳадислар йўқлиги учун қисқароқдир», деб жавоб берди.
«Маъолимут-танзил» тафсири Ибн Касир тафсири билан, шунингдек, «Тафсирул-Хозин» билан ҳам бир муқовада нашр этилган.
Ал-Бағавий ўз тафсирининг муқаддимасида, ҳадисларни Ибн Аббос, Мужоҳид, Ато ва бошқалардан ривоят қилишини айтиб, уларнинг санадларини ҳам тушунтириб, бу ровийларга бошқа йўллар билан ҳам санадлар борлигини, лекин қисқа бўлиш учун уларни тарк этишини огоҳлантириб қўйгай. Агар зарурият юзасидан бошқа санад билан ҳадис келтирилган бўлса, у санадни тўла келтирган. Бунинг устига муфассир ўзининг ҳадис соҳасидаги илмини изҳор этиб, ҳадисларнинг саҳиҳи ва заифи борасида баҳслар ҳам қилган.
Тафсирни ўқиш асносида толиб муфассирнинг Ал-Калбий сингари заиф муҳаддислардан ҳам ҳадис ривоят қилганини, баъзи қироатлар ҳақида гапириб, баъзи нукталарни кашф қилиш орасида тафсир илмига алоқаси бўлмаган гапларни ҳам айтиб юборганини, баъзи оят маъноларини тушунтиришда бироз наҳвий қоидаларга ҳам шўнғиб кетганини, баъзи исроилийётларни ривоят қилиб, унга муносабат билдирмаганини, ривоятлардан бирини таржиҳ қилиб иккинчисининг заифлигига ишора қилмаганини сезиши мумкин. Лекин бу камчиликлар Ал- Бағавий тафсирининг қадр-қимматини тушириб юборадиган даражада эмас.
Хулоса шуки, мазкур тафсир нақлий тафсирлар орасида энг яхшиси, энг комили дейиш мумкин. Шу сабабли ҳам уламолар бу тафсирни қўлма-қўл қиладилар.