A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръон ҳидоят қилур
PDF Босма E-mail

«Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят этур ва эзгу ишларни қиладиган мўминларга катта мукофот борлиги (ҳақида) башорат берур. Шунингдек, охиратга ишонмайдиганлар учун аламли азоб тайёрлаб қўйганимизни(нг) ҳам («башорати»ни берур)» (Исро, 9-10).

Ояти каримада Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммадсоллаллоҳу алайҳи васалламга  нозил қилган Қуръони карим ҳидоят топишга сабаб эканини баён этмоқда.

«...энг тўғри йўлга...» ояти бошқа йўл (дин)лардан тўғрироқ ва одилроқ йўл (динга,  яъни  Ислом)га деган маънони билдиради. Имом Фахриддин Розийга кўра, одатда қўлланадиган «Бу иш наригисидан кўра тўғрироқдир» деган гапдан ўша икки ишнинг тўғрилик ва ҳақиқат борасида тенг бўлиши, кейин эса иккисидан бирининг тўғрироқ, ҳақиқатроқлиги тушунилади. Ҳолбуки, бу имконсиз нарса, чунки унинг тўғри бўлиши ҳақ эканини билдиради. Ҳақиқат эса маълумки, битта бўлади. Шунга кўра, Қуръони Каримни «Энг одил ва энг тўғри» деб сифатлаш мажозийдир. Аммо араб тилида исми тафзил (афъал) вазни баъзан исми фоил маъносини ҳам ифодалайди. Бу худди бизнинг «Аллоҳ улуғдир» маъносида «Аллоҳу акбар» дейишимиз кабидир. Ёки бу лафз зоҳирий маънода шарҳланади. Энг тўғрисини Аллоҳ билади.

Иккинчи хил фикрга кўра, «У Қуръон динларнинг, шариатларнинг ва йўлларнинг энг тўғриси бўлган дин, шариат ва йўлга бошлайди» шаклида тафсир қилинган. Бундай ишоралар Қуръони Каримда кўп учрайди.

«ва эзгу ишларни қиладиган мўминларга катта мукофот борлиги (ҳақида) башорат берур...» ояти каримасига келсак, билмоқ керакки, Аллоҳ таоло Қуръони Каримни учта сифат билан васф қилган:

1. Биринчи сифат – Қуръони Карим энг тўғри йўлга ҳидоят қилади. Бу ҳақда юқорида сўз юритилди.

2. Иккинчи сифат – у солиҳ амал қилганларга улкан мукофотлар хушхабарини беради. Бу табиий. Зеро, Қуръони Карим энг тўғри йўлга ҳидоят қилгандан кейин бу тўғри йўлда юриб, эзгу ишлар қилганларга ажру мукофот олишлари ҳақида ҳам хабар қилади. Энг тўғри йўлнинг, албатта, улкан фойда ва манфаат келтириши турган гап.

3. Учинчи сифат – «...охиратга ишонмайдиганлар учун аламли азоб тайёрлаб қўйганимизни(нг) ҳам («башорати»ни берур)...» ояти каримаси ифода этган хусусдир. Бу ҳам тўғри, зеро, ҳидоят, эзгу ишлар соҳибига манфаат келтирганидек, буларга тескари ишларнинг ҳам эгасига катта зарари тегади.

«...охиратга ишонмайдиганлар...» ояти каримасини бундай тушуниш керак. Аллоҳ таоло бу билан мўминларга иккита хушхабар берган: биринчиси, улар тўғри йўлда юриб, эзгу амал қилсалар ажру мукофотлар олишади. Иккинчиси, охиратга ишонмай, мўминларга азият берган Макка мушриклари ва уларнинг келгусидаги издошлари, яъни мусулмонларга душман бўлганлар қилмишлари учун аламли азобга гирифтор бўладилар.

Нима учун азоб ҳақида берилган хабарни «хушхабар» деб ифодаланган, деган саволга муфассир Розий бундай жавоб берганлар: «Бу сўз истеҳзо учун қўлланган ёки мисол учун «...ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаш ёмонликдир...» (Шўро, 40)  ояти каримасидаги каби бу ўринда ҳам иккита бир-бирига зид маъноли сўзлардан бирини бошқаси ўрнига қўлланган. Аслида бу оятдаги иккинчи «ёмонлик» қилинган ёмон ишнинг жазоси маъносида келган».

Аллоҳ таоло барчаларимизни Қуръони Карим ҳидоятига бошлаб, унда хушхабари берилган гўзал натижа ва улкан мукофотларга ноил қилсин!

Фахриддин Розий ва Қуртубий тафсирлари асосида Нўъмон Абдулмажид тайёрлади.