A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Бировнинг ҳақини ноҳақ еманг!
PDF Босма E-mail

«Мол(-мулк)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар)билан емангиз! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўл билан ейиш (ўзлаштириш)мақсадида уни ҳокимларга ҳавола қилмангиз»(Бақара, 188).

Мазкур оят Абдон ал-Хадрамий ҳақида нозил бўлган. У бир парча ерни  Имруул Қайс ал-Киндийдан даъво қилди. Ўрталарида хусумат чиқди. Икковлари даъволашиб Пай­ғамбар алайҳиссалом ҳузурларига боришди. Имруул Қайс ўша ерни беришдан бош тортиб, қасам ичмоқчи бўлди. Шунда ушбу оят нозил бўлди ва Имруул Қайс қасам ичишдан воз кечди, ҳукм Абдон фойдасига ҳал бўлди. Бу борада Пайғамбар алайҳиссалам шундай деганлар: «Мен ҳам бир инсонман. Менинг ҳузуримга ҳақ талашиб, даъво билан келиб турасизлар. Сўзга усталик қилиб, ноҳақлик билан ўзгалар ҳақини ўзлаштириб олсангиз, билиб қўйинг­ки, ўша нарса дўзахнинг бир чўғидир. Хоҳлаган уни олсин, хоҳламаган олмасин» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Гарчи оят юқоридаги ҳодиса туфайли нозил қилинган бўлса-да, ундаги хитоб қиёматгача келадиган барча умматларга қаратилгандир.

Оят матнидаги «ботил» луғатда зоил, яъни  йўқ бўлиб кетадиган, заволга юз тутадиган деган маъноларни англатади. Шундан келиб чиқиб «ботил (йўллар)билан» оятидан «ноҳақ, бирор эътиборга лойиқ дуруст ва шаръий сабаб бўлмасдан», деган тушунча келиб чиқади. Улар қаторига қимор, алдов, бировнинг ҳуқуқини топташ кабилар киради. Ноҳақ йўл билан мол ейиш барча ёмонликларнинг боши ҳисобланади. Бундан сақланиш диний тарбиядан кўзланган энг биринчи мақсад бўлгани учун ҳам рўзага тааллуқли оятдан кейин зикр қилинган.

«Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўл билан ейиш (ўзлаштириш)мақсадида уни ҳокимларга ҳавола қилмангиз», дея таржима қилинган оятнинг асл матнидаги «тудлу» сўзи «адла»дан олинган бўлиб, қудуққа челакни ташлашни билдиради. Оятда эса  «молни пора сифатида ҳокимларга узатиш», деган маънода қўлланган.

«Гуноҳ йўл билан»ни Қуртубий «зулм ва ҳаддан ошишлик билан» тарзида тафсир қилганлар.

Собуний бу оятни қуйидагича изоҳлаганлар: «Яъни била туриб бировларнинг молларини ноҳақ ўзлаштириб олишингизда сизнинг фойдангизга ҳукм қилсинлар, дея ундан бир қисмини ҳокимларга узатманг, пора қилиб берманг».

Бу оят жуда катта ҳуқуқий ва ижтимоий масалаларни ўз ичига олади. Унда тавсия этилган ўгитларга амал қилиш орқали киши ўз нафсини «нафси мутмаинна» даражасига олиб чиқади.

Молларнинг ҳаром бўлиши ё ўзидаги бирор маънога ёки унинг қўлга киритилиш шаклига боғлиқ.

Биринчи қисм: молларнинг асли ё маъданлардан ё ўсимликлардан, ёки ҳайвонлардандир.

Маъданлар ернинг таркибига киради. Шу сабабли заҳарга ўхшаш истеъмол қилганга зарар берадигандан бошқа шаклдагилари ҳаром бўлмайди.

Ўсимликларнинг ҳам ҳаёт, ақл ва соғлиққа хавфли бўлганлардан бошқаси ҳаром эмас. Ҳаётга хавф солувчи ўсимликлар деганда заҳарли, даволанишдан ташқари қабул қилинадиган табиий дорилар, ақлни йўқ қилувчи ва маст қилувчи турлари тушунилади.

Ҳайвонларга келсак, улар ейиладиган ва ейилмайдиган турларга бўлинади. Истеъмоли ҳалол бўлган ҳайвонлар ҳам шаръий усулда сўйилмаса, ҳалол ҳисобланмайди ва уларнинг барча аъзолари бирдек ейилавермайди. Мисол учун, унинг ошқозонида бўлган овқат қолдиғи ва қони кабилар ҳаром қилинганки, бу нарса бутун тафсилотлари билан фиқҳ китобларида зикр этилган.

Иккинчи қисм: қўлга киритилишидаги маълум бир сабаб туфайли ҳаром бўлган моллар. Бир молни олиш ҳам ё иродадан ташқари сабаб туфайли – меросга ўхшаб – ёки олувчининг истагига қараб бўлади.

Бу ҳам ўз навбатида ё эгасидан олинган бўлмайди – ишлаб топилган мол мисоли – ёки эгасидан олинган бўлади. У ҳам ё мажбуран ёки икки томон розилиги билан олинади.

Мажбуран тортиб олинган мол ҳам ё ўз дахлсизлигини йўқотгани туфайли бўлади – ўлжа каби – ёки ўша нарсани олишга тўла ҳақдор бўлингани учун тортиб олинади – закот бериши вожиб бўлганларнинг закоти ва вожиб нафақа каби.

Икки тараф розилиги билан олинган мол ҳам ё бирор-бир эваз билан олинган бўлади – олди-сотди, маҳр ва тўлов каби – ёки ҳеч қандай эвазсиз олинади – ҳадя ва васият сингари.

Ана шу тариқа молни қўлга киритиш ва ишлаб топишнинг ҳар хил турлари мавжудки, фиқҳ китобларида улар муфассал баён қилинган.

 

Тафсир китоблари асосида Нўъмон Абдулмажид тайёрлади