A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Аллоҳ сизларни поклашни истайди
PDF Босма E-mail

«Эй иймон келтирганлар! Намозга турмоқчи бўлсангиз, юзингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари билан ювинглар. Бошингизга масҳ тортинглар ва оёқларингизни тўпиқлари ила ювинглар. Агар жунуб бўлсангиз, покланинглар. Агар бемор ёки сафарда бўлсангиз ёхуд бирортангиз таҳоратхонадан келса ёки аёлларга яқинлик қилса-ю, сув топа олмасангиз, бас, покиза тупроқ ила таяммум қилинглар. Ундан юзингизга ва қўлларингизга масҳ тортинглар. Аллоҳ сизларга қийинчилик туғдиришни истамайди. Аммо сизларни поклашни ва сизларга Ўз неъматини батамом қилиб беришни истайди. Шояд, шукр қилсангизлар» (Моида, 6).
Ушбу оятлар синчиклаб ўқиб-ўрганилса, Исломнинг поклик дини, поклик бўлганда ҳам, мукаммал поклик дини экани яққол намоён бўлади. Аввалги беш оятда пок нарсаларнинг ҳалол қилингани, мусулмонларга пок таомлар, покиза аёллар ҳалол қилингани ҳақида сўз борган бўлса, бу оятда бадан поклиги ҳамда, энг муҳими, қалб поклиги ҳақида сўз кетмоқда. Чунки  намоз қалбни покловчи амалдир. Ислом динида ҳамма нарса покликка таянади, покликка қаратилади. Хоссатан, намоз ўқиш учун нафақат бадан, балки кийим-бош ва жой ҳам пок бўлиши зарур.
Ҳукм баёни «Эй иймон келтирганлар!» нидоси билан бошланаётгани бу ҳукмларнинг ҳам аҳамият жиҳатидан олдингиларидан қолишмаслигини кўрсатади.
«Намозга турмоқчи бўлсангиз, юзингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари билан ювинглар. Бошингизга масҳ тортинглар ва оёқларингизни тўпиқлари ила ювинглар».
Таҳоратнинг фарзлиги ва бу фарз амал ичида тўртта фарз борлиги ушбу оятдан олинган. Шу билан бирга, баъзи тоифалар ушбу оятни тушунишда ва ундан ҳукм чиқаришда мусулмонлар жумҳурига зид боришган. Бунга ояти каримани нотўғри талқин қилиш сабаб бўлган. Оятнинг матни «Бошларингизга масҳ тортинглар ва оёқларингиз ҳам!» деганга ўхшаш маънода келган. Бу тарзда тузилган жумлани шиъа мазҳабидаги кишилар «ва оёқларингизга ҳам масҳ тортинглар» деган маънода тушунганлар ҳамда шу маънодан келиб чиқиб, таҳорат қилган киши юзини ювади, қўлини чиғаноғи билан ювади, бошига ҳамда оёғига масҳ тортади, деб ҳукм чиқаришган. Улар шундай қилишади ҳам. Қуръони Карим маънолари бошқа тилларга таржима қилинганида ҳам кўпинча шу хатога йўл қўйилган. Аслида, ундай эмас. Таҳорат тартибига мувофиқ бўлиши учун оёқни ювиш кераклиги охирида зикр қилинган. Араб тилидан, Қуръон тиловатидан хабардор ҳеч бир шахс бу маънодан бошқа маънони тушунмайди. Қолаверса, Қуръони Каримни биринчи қабул қилиб олган Зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга оёқни ювиш маъносини берганлар ва ўзлари доимо таҳоратда оёқларини ювганлар. Қуръони Каримнинг нозил бўлишига ҳамаср бўлган саодатманд авлод – саҳобаи киромлар авлоди бу оятни: оёқни ювишни англатади, деб тушунишган ва ҳаммалари таҳорат қилганларида оёқларини ювишган. Улардан бирорталари ҳам оёққа масҳ тортишмаган.
Намоз учун таҳорат фарз экани баён этилганидан сўнг, яъни  кичик таҳоратсизликдан покланиш баён қилинганидан сўнг, катта таҳоратсизликдан – жунубликдан покланиш баён қилинади.
«Агар жунуб бўлсаларингиз, покланинглар», яъни ғусл қилинглар.
Жунублик эҳтилом бўлиш ёки жинсий алоқа туфайли юзага келади. Аввалги оятларда ҳам келган ва ўз жойида баён қилинган эди.
Баъзи ҳолларда инсон таҳоратга ёки ғуслга имкон топа олмай қолади. Шунда нима қилиши керак? Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон Зот, бу ноқулай ҳолатдан чиқишнинг йўлини ҳам Ўзи кўрсатади:
«Агар бемор ёки сафарда бўлсангиз ёхуд бирортангиз таҳоратхонадан келса ёки аёлларга яқинлик қилса-ю, сув топа олмасангиз, бас, покиза тупроқ ила таяммум қилинг».
Худди шу маънолар «Нисо» сурасида ҳам келган ва ўша жойда батафсил баён қилинган. Бу ўринда жунубликда ҳам таяммум қилинганига далил сифатида бир ҳадиси шарифни келтириш ўринли бўлса керак:
Имом Бухорий қилган ривоятда Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Ғазотларнинг бирида, совуқ кечада эҳтилом бўлиб қолдим. Ғусл қилсам, ҳалок бўлишимдан қўрқиб, таяммум қилдим. Сўнгра шерикларимга имом бўлиб бомдод намозини ўқидим. Улар буни Пайғамбаримиз алайҳиссаломга етказдилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳой Амр, жунуб бўлсанг ҳам, шерикларингга имом бўлиб намоз ўқидингми?!» деб сўрадилар. У кишига нимага ғусл қилмаганимнинг хабарини бердим ва Аллоҳ: «Ўзингизни ўлдирманглар! Аллоҳ сизларга раҳмли Зотдир», деганини эшитган эдим, дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар-да, ҳеч нарса демадилар. Бу, у кишининг иқрорлари эди».
«Нисо» сурасида келган таяммум ҳақидаги оятнинг тафсирида айтганимиздек, намоз ғоят муҳим ибодат, уни тарк этишнинг ҳеч узри йўқ. Таҳорат қилиш имкони бўлмаса, таяммум қилиб бўлса ҳам, ўқиш зарур. Шунинг учун, шариатга таяммум киритилган. Бу ерда таяммум қилишнинг қоидаси баён этилмоқда.
«Ундан юзларингизга ва қўлларингизга масҳ тортинглар» (яъни  тоза тупроқдан). Тупроқни юзга ва қўлларга суртишдан мақсад нима? Нима учун шундай қилинади? Аллоҳ таоло бу ишни буюриш билан нимани ирода этган? Наҳотки, У одамларни қийнашни истаган бўлса? Жавоб Аллоҳ таолонинг Ўзидан келади:
«Аллоҳ сизларга қийинчилик туғдиришни истамас. Аммо сизларни поклашни ва сизларга Ўз неъматини батамом қилиб беришни истайди».
Аллоҳ ҳеч қачон бандаларига қийинчиликни истамайди. Исломда ҳамма нарса енгиллик асосига бино қилинган. Сув йўқ бўлса ёки уни истеъмол қилиш имкони бўлмаса, таяммумга буюрилиши ҳам енгилликдир. Аллоҳ таоло хоҳлаганида, қандай қилиб бўлса ҳам, сув топасан ва сув билангина таҳорат қиласан, дейишга ҳаққи бор эди. Аммо бу нарса бандаларига оғир бўларди. Таяммумга амр этишдан мурод, Аллоҳ мусулмонларни поклашни истайди. Чунки  намоз Аллоҳ таоло билан бўладиган мулоқотдир. У мўмин банданинг меърожидир. Намозда банда Роббул Оламин қаршисида туриб, Унга муножот қилади. Ундан ҳожатларини сўрайди. Унга дардини тўкиб солади. Бу муҳим ва қолдириб бўлмас мулоқотга покланиб бориш лозим экан, агар сув топилмаса, таяммум қилиб бўлса-да, покланиш зарур. Бунга ўша мулоқотни тайин қилган Зот – Аллоҳ таолонинг Ўзи рухсат беряпти. Намоз Аллоҳ таолонинг Ўзи билан мулоқотга чиқиш учун бандаларига яратиб берган имконият бўлиб, бу ҳол У зот намозга қанчалик аҳамият беришини кўрсатади. Аммо баъзи нобакор бандаларнинг бу олиймақом мулоқотдан қочиб юришларини қандай баҳоласа бўлади?
Оят давомида: «Ва сизга Ўз неъматини батамом қилиб беришни истайди», дейишидан, таяммум қилиб бўлса ҳам, намоз ўқишга рухсат бериши бандаларга Аллоҳнинг неъмати эканини тушунамиз. Банда бу неъматнинг қадрига етиши ва унга шукр қилиши лозим. «Шояд, шукр қилсангиз».
Юқорида олтита оят ўтди. Бу оятларда озиқ-овқат, ов қилиш, ҳалол-ҳаром, никоҳ, одамлар муомаласи, таҳорат, намоз каби масалалар келди. Ушбу масалаларнинг барчаси бир хил эътибор ила аралаш ҳолда келмоқда. Улар мўмин-мусулмонларга қарата: «Эй иймон келтирганлар!» деган хитоб орқали баён қилинмоқда. Бу эса, Ислом дини инсон ҳаётининг ҳамма соҳаларини қамраб олганини кўрсатади. Ҳамда бу «дин ҳар бир одамнинг қалбидаги ишончидир» деган сафсатанинг бекор эканига ёрқин далилдир. Биз бундан Ислом дини ҳам ақийда, ҳам ҳаёт тарзи, ҳам муомала, ҳам иқтисод, ҳам сиёсат эканини, бу ишларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг бандаларига берган амри-фармони эканини тушуниб оламиз. Биз бундан ҳаётимиздаги ҳар бир ишимиз намоз ва таҳорат каби ибодат эканини, уларга худди намоз ва таҳоратга эътибор берганимиздек муносабатда бўлишимиз лозимлигини англаб етамиз. Дилида мусулмон бўлиб, амалида кофирнинг ишини қилиш аҳмоқлик эмасми? Масжидда мусулмон-у, бозорда ёки ошхонада номусулмон бўлиш гумроҳлик эмасми? Аллоҳ ўз бандаларидан ҳамма ишда унга таслим бўлишни истайди. Шунга бўйин эгган одамгина ҳақиқий мусулмон бўла олиши мумкин. Ана шундагина банда Аллоҳ таолога берган аҳдномасига вафо қилган бўлади.

(«Тафсири Ҳилол», 2-жилд, 21-24-бетлар)