A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
“Сизларга рўза тутиш фарз қилинди...”
PDF Босма E-mail

Бақара сурасининг 183-185 ва 187-оятларида Рамазон ойи рўзасининг ҳукмлари ва ҳикматлари баён этилган. Ушбу ояти карималар орқали Аллоҳ таоло мўминларга қарата олдин ўтган бошқа қавмлар каби Ислом умматига ҳам рўза фарз қилинганининг хабарини беряпти ва рўза тақводорлик белгиси эканини ҳам таъкидлаяпти.

 

Эй иймон келтирганлар, олдин ўтганларга каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд, шунда тақводор бўлурсизлар (183-оят).
Зеро, рўза ибодати билан нафс тарбияланади, шаҳвоний ҳою-ҳаваслар жиловланади. Рўза тутиб, инсон комил хулқларга эга бўлади. Комил хулқли инсонлар яшаган жамиятда осуда ва тинч-осойишта ҳаёт ҳукм суради. Оятда рўза ибодатининг ўтган пайғамбарларнинг умматларига ҳам фарз қилингани эслатилиб, мусулмонларга ушбу ибодатнинг оғир эмаслиги билдирилмоқда. Инсон ўзига машаққат бўлиб кўринган ишни олдин ҳам кимлардир бажарганини билса, унга киришиши осонлашади, қийинлигини унутади, уни пухта ва мукаммал бажаришга ғайрат билан киришади. Рўза нафақат мусулмонларга, балки Исломдан олдинги қавмларга ҳам фарз эди. Бу ҳақда бир неча ҳадиси шарифлар ҳам бор. Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳумо) ривоят қиладилар: «Жоҳилият аҳли ашурода (муҳаррам ойининг ўнинчи куни) рўза тутар эди, Рамазон ойида рўза тутиш ҳақида оят нозил бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ашуро рўзасини хоҳлаганлар тутсин, хоҳламаганлар тутмасин», дедилар» (Имом Бухорий ривояти); Ҳазрати Оишадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: «Биз Қурайш аҳли жоҳилият даврида ашуро рўзасини тутар эдик. Жаноб Расулуллоҳ ҳам тутардилар. Мадинага келганларида ашуро рўзасини тутдилар, бошқаларга ҳам тутишни буюрдилар. Аллоҳ таоло Рамазон ойи рўзаси ҳақида оят нозил қилиб уни фарз этгач, ашурода рўза тутилмайдиган бўлди. Ашуро рўзасини хоҳлаганлар тутиб, хоҳламаганлар тутмас эди» (Имом Бухорий ривояти). 

У саноқли кунлардир, сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, бошқа кунлари саноқни тўлдирсин. Қодир бўлмаган кишилар зиммасида бир мискин таомича фидя бордир. Ким ихтиёри билан яхшилик қилса, ўзига фойдадир. Агар билсангизлар, рўза тутишингиз ўзларингизга яхшидир (184-оят).
«Саноқли кунлар» дейилишидан мурод, бошқа пайғамбарларнинг умматларига бир неча ойлаб рўза тутиш буюрилгани ҳолда мусулмонларга Рамазон ойида ўттиз ёки йигирма тўққиз кун рўза тутиш фарз қилинди. Бу маънода рўзанинг қийин ва машаққатли эмаслигига, инсон бунинг уддасидан бемалол чиқишига ишора бордир.
«Қодир бўлмаган кишилар» дейилганида кексайиб қартайган ёки оғир беморлик туфайли ёхуд бошқа узрли сабабларга кўра рўза тутишга ярамайдиган кишилар назарда тутилган. Бу тоифа кишилар ҳар бир кун учун бир мискин кишининг кунлик таоми миқдорида фидя (бадал) тўлашлари лозим. Аммо иложи борича, рўзани қолдирмай тутган киши катта савоб ва охират мукофотларига эришади. Баъзи муфассирлар (масалан, Абдуллоҳ ибн Масъуд) фикрича, «Ким ихтиёри билан яхшилик қилса, ўзига фойдадир. Агар билсангизлар, рўза тутишингиз ўзларингизга яхшидир» ояти нозил бўлгач, юқоридагиларни насх қилган (Мурра ривояти).
Саноқли кунлар рўзаси истисносиз барча ҳоллар ва кишилар учун мажбурийдир, аммо рўза тутишга ярамайдиган касал ва қариялар, сафардаги кишилар учун уни тутмасликка, ўрнига фидя бериш ёки бошқа кунлари қазо рўзасини тутиб беришга рухсат этилган. Бу ҳолат Ислом шариатининг енгиллиги ва кенглигини кўрсатади. Ато (розияллоҳу анҳу) айтади: «Аллоҳ таоло сўзига кўра, киши касал бўлиб силласи қуриганда рўзасини бузади» (Имом Бухорий). Яна бир ҳадисда келишича, Ато (розияллоҳу анҳу) Ибн Аббоснинг (розияллоҳу анҳумо): «Қодир бўлмаган кишилар зиммасида бир мискин таомича фидя бордир» оятини қироат қилганини эшитдилар. Ибн Аббос: «Бу оят мансух бўлган эмас, агар кекса киши ёки кекса аёл рўза тутишга қодир бўлишмаса, ҳар бир рўза тутилмаган кун бадалига бир мискинни тўйдириши лозим», дедилар» (Имом Бухорий ривояти). Рухсат берилган кишилар ҳам рўзаларини қолдирмай тутишса, ўзларига фойдадир. «Рўзанинг дунёвий ҳаётингиздаги фойдаларини, охиратда рўза сабабидан эришадиган мақомларингизни билганингизда эди, ўн икки ой рўзадор бўлишни истар эдингиз», дейилади ҳадисда. Ҳадиси қудсийда келишича, Аллоҳ таоло бундай деган: «Одам боласининг рўзадан бошқа барча амали ўзигадир. Рўза Менгадир, унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазон рўзасини иймон-ишонч билан ва савобидан умид қилиб тутса, олдинги гуноҳлари мағфират қилинади», деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Рамазон ойида инсонларга ҳидоят бўлган ҳамда ҳидоят ва фурқоннинг очиқ башорати бўлиб Қуръон туширилган. Ким бу ойга етса, рўзасини тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, бошқа кунлари сонини тўлдирсин. Аллоҳ сизларга осонликни истайди, қийинчиликни хоҳламайди. Шунинг учун саноқни бут қилинглар ва ҳидоят қилгани учун Аллоҳни улуғланглар, шунда тақводор бўлурсизлар (185-оят).
Ояти каримадаги «фурқон» сўзи «ажратувчи» маъносини билдиради, яъни Қуръони Карим ҳақ билан ботилни ажратувчидир. Рамазон ойи барча самовий китоблар, шу жумладан, Қуръони Карим нозил қилинган шарафли ойдир. Ким бу ойга етса, рўза тутишига монеъ сабаблари бўлмаган муқим киши рўза тутсин, чунки у Ислом рукнларидан биридир. Аллоҳ учун рўза тутиш қалқондир: дунёда гуноҳлар хорлигидан, охиратда дўзах ўтидан ҳимоя қилади; рўза лаънати шайтон устидан ғалаба гаровидир, жисмимиз закотидир, жаннатга элтувчи кўприкдир. Рўза тутишга амр қилиниб ҳамда рўзанинг улуғлиги ва манфаатлари беқиёслиги баён этилганидан сўнг саноқли кунларда барча истисносиз уни тутиши лозим, деб тушунилмаслиги учун бемор ёки сафардаги кишилар уни кейин тутиб беришлари яна қайта эслатилмоқда. Чунки уларнинг ҳолати рўза тутишларига монеъ бўлгани учун уларга Рамазон ойидан кейинроқ тутиб беришга рухсат этилмоқда. Исломнинг илк даврида рўза янги фарз қилинганида ҳар бир мусулмон рўза тутиш ёки фидя беришда ихтиёрли эди. Кейин бу ихтиёр бекор қилинди. Фидя бир мискинга икки маҳал тўйгунича таом беришдир, агар бундан зиёда бўлса, янада яхши. Энди ҳар бир киши Рамазон ойига етиб келса, ўзи бемор ёки сафарда бўлмаса, Рамазон рўзаси унинг зиммасида фарздир. Ўзи тутади, тутолмаса, мискинга фидя беради. Зеро, «Аллоҳ сизларга осонликни истайди, қийинчиликни хоҳламайди». Аллоҳ таоло сизларни рўза баракотларидан бенасиб қолдирмаслиги учун сизни икки дунё саодатига эриштирувчи ҳидоят йўлига йўллагани, ибодатларга бошлагани учун берган неъматларига шукр айтиб, У Зотни улуғланглар, шундагина тақво аҳлидан бўласизлар. 

Сизларга рўза кечаларида хотинларингизга қўшилиш ҳалол қилинди. Улар сизларнинг либосингиз, сиз уларга либоссиз. Ўзларингизга хиёнат қилаётганингизни Аллоҳ билди ва тавбаларингизни қабул этиб, афв қилди. Энди уларга яқинлашаверинглар ва Аллоҳ сизларга ёзган нарсани умид қилаверинглар. Субҳда оқ ип қорасидан ажрата олингунича еб-ичаверинглар, сўнгра кечгача рўзаларингизни тўкис қилинглар. Масжидларда эътикофдалигингизда уларга яқинлик қилманглар. Булар Аллоҳ чегараларидир, уларга асло яқинлашманглар. Инсонлар тақво қилишсин, деб Аллоҳ оятларини мана шундай очиқ баён этади (187-оят).
Яъни  рўза кечаларида мусулмонларга аёллари билан қўшилиш ҳалол қилинди. Баро ибн Озиб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Аллоҳ таоло Рамазон ойи рўзаси ҳақида оят нозил қилгач, одамлар Рамазон давомида аёллари билан жимо (жинсий қовушиш) қилмасликлари лозим эди. Шундай бўлса-да баъзилар ўзларига хиёнат қилишарди. Кейин Аллоҳ таоло юқоридаги оятини нозил қилди» (Имом Бухорий ривояти). Оятда айтиляптики, аёллар эркакларга, эркаклар аёлларга либос, тўсиқ қилинди. Эр ва аёл бир-бирини гуноҳлардан, бузуқликлардан асровчи, ҳимоя қилувчи либослардир. Одатда либос уят жойларни тўсиш, иффатни сақлаш ва зийнат учун ишлатилади. Шунинг каби Исломда эр-хотин бир-бирларининг айбларини тўсишади, бир-бирларини ёмонлик ва  фаҳш ишлардан ҳимоя қилишади ва бир-бирларини зийнатлашади. Демак, биз – мусулмон эрлар эгнимиздаги либосларни қанчалик озода, пок тутсак, унинг қимматини англаб қанчалар авайласак, жуфти ҳалолларимизни ҳам шунчалар эъзозлашимиз лозим. Ато ибн Омир (розияллоҳу анҳу) бундай ривоят қилади: «Бир хотин Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) олдиларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, эрнинг хотин устидаги ҳаққи нима?» деб сўради. Набий алайҳиссалом: «Агар эри туя устида туриб уни хоҳласа, эътироз билдирмаслиги, Рамазондан ташқари, ҳар қандай нафл (ихтиёрий) рўзани фақат эрининг рухсати билан тутишидир, агар шундай қилмаса, эрга ажр, хотинга гуноҳ бор. Яна эрининг ижозатисиз кўчага чиқмаслигидир. Агар чиқса, раҳмат ва азоб фаришталари у то уйига қайтгунича унга лаънат ўқишади», деб жавоб бердилар. Каъбул Ахбор: «Қиёмат куни хотиндан биринчи сўраладиган нарса намоз, сўнг эрининг ҳаққи», деган. Бу қисқа дунё ҳаётида ҳаё ва номус имтиҳонидан ўтиш учун ҳар икки томон бир-бирига неъматдир. Никоҳ бошқаларнинг номусига кўз олайтирмаслик, номус хусусида ҳар икки тарафнинг бир-бирига қилган аҳд-паймони шартномасидир. Ҳозирги пайтда ёшлар онгига буни «қолоқлик, эскилик» дея сингдиришга уринаётган, манбаи ташқарида бўлган турли мафкура, жамият ва гуруҳлар борлиги аён. Улар тузоғига тушмаслик учун ғоятда ҳушёр ва сергак бўлиш лозим. Акс ҳолда, ҳаётнинг асл мазмуни икки жинс ўртасидаги ношаръий муносабатлардан иборат, дея тушунувчи ёшлар сонининг кўпайиб кетиш эҳтимоли бор.
Мазкур ояти карима Рамазон рўзаси ҳукмларига оиддир. Эр-хотиннинг турмуш қуришдан асосий мақсади, сўзсиз, фарзанд кўришдир. Рўза ибодати янги фарз қилинган даврда кеча аввалида еб-ичиш ва хотин билан яқинлик қилиш жоиз бўлса-да, бир ухлаб турилгач, буларнинг ҳаммаси ман этилар эди. Баъзилар бу ҳукмни бузиб қўйишди ва Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келиб қилмишларига иқрор бўлишди ҳамда қандай тавба қилишни сўрашди. Шу воқеа устида юқоридаги оят туширилди ва кечанинг ҳаммасида еб-ичиш ва хотин билан яқинлашишга ижозат берилди. Демак, Рамазон ойи кечалари аёлларингиз билан қўшилинг ва бу қўшилишдан Аллоҳ таоло сизларга насиба қилиб қўйган фарзандни умид қилинг. Шаҳватни қондириш, баҳра олиш, нафс истакларини бажариш эса  уйланишнинг дунёвий мақсадларидир. Лекин масжидларда эътикоф ўтирганда кечаю кундуз хотин билан яқинлашишга рухсат йўқ. Ушбу ояти каримада саҳарлик вақтини белгилаш учун «Субҳда оқ ип қорасидан ажрата олингунича еб-ичаверинглар» жумласи келган. Мазкур оят нозил бўлганида саҳобалардан Адий ибн Ҳотам тунда оқ ва қора рангли ипларни олиб унга тикилиб ўтирган. Субҳдан кейин ҳам иплар рангини ажрата олмаган. Тонгда Пайғамбаримиз (алайҳисалом) ҳузурларига келиб бўлган воқеани баён қилганида у Зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг фаросати камлигини айтиб, оятдан кўзланган мурод нима эканини тушунтирганлар (Имом Бухорий. «Бобут-тафсир», 8-жилд, 127-бет). Баъзи муфассирлар оятдаги «оқ ип»ни субҳ деб, «қора ип»ни оқшом, кечқурун, деб тафсир қилишган.

Турли тафсирлар асосида Аҳмад Муҳаммад тайёрлади