A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/743690ramazon_1438.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/810343muborak_kecha.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/155397ramazonda_sizni.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Динда "форточка" қидирманг!
PDF Босма E-mail

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ لاَ تَسْأَلُواْ عَنْ أَشْيَاء إِن تُبْدَ لَكُمْ تَسُؤْكُمْ وَإِن تَسْأَلُواْ عَنْهَا حِينَ يُنَزَّلُ الْقُرْآنُ تُبْدَ لَكُمْ عَفَا اللّهُ عَنْهَا وَاللّهُ غَفُورٌ حَلِيمٌ
«Эй иймон келтирганлар! Ҳар хил нарсаларни сўрайверманглар. Агар сизга аён қилинса, ўзингизга ёмон бўлади. Агар Қуръон нозил қилиниб турган чоғда сўрасангиз, сизга аён қилинади. Ҳолбуки, Аллоҳ уларни авф қилган эди. Аллоҳ мағфиратли, ҳалим Зотдир»

(Моида сураси, 101 оят).

Ушбу оятни ўқиш ва уни чуқур ўрганиш орқали уммат орасидаги исломий ҳаёт тарзи ва савол-жавобга оид одоб ва аҳлоқ намуналаридан бохабар бўласиз. Кўпчилик мусулмонлар мазкур оятда битилган илоҳий амрларни шахсий ҳаётларига тадбиқ қилишни унутиб қўядилар ёки унга бефарқ бўладилар.
Оятнинг аввалида Аллоҳ азза ва жалла шундай дейди:
«Эй иймон келтирганлар!»
Демак, бу хитобга ўзини мўмин деб ҳисоблаган ҳар бир шахс қулоқ тутиши керак.
«Ҳар хил нарсаларни сўрайверманглар».
Ҳа, оятда буткул савол беришдан қайтарилаётгани йўқ, балки бўлар бўмас нарсаларни сўраш, ҳамма нарсани титкилаш назарда тутилмоқда.
«Агар сизга аён қилинса», яъни агар сўраган нарсангизга жавоб нозил қилинса,
«ўзингизга ёмон бўлади». Айтилмоқчики, Аллоҳ таоло тарафидан саволингизга берилган жавоб сизни хурсанд қилмаслиги, балким ёқмаслиги ва оғир ботиши, ёмон бўлиши мумкин. Кейин бакор сўраган эканман деб афсусланишингиз ҳеч гапмас.
Ҳаётда кўп гувоҳи бўлгансиз: одамлар дин олимларига савол берадилар, бирор нарсанинг ҳалол ёки ҳаромлигини суриштирадилар. Ҳатто шундай ҳолатлар ҳам бўладики, бир киши имомнинг олдига келиб, «Фалон нарсани қилса бўладими, ҳаром эмасми?» деб сўрайди. Имом бу саволнинг жавобини билмаслигини айтиб, «Фалон устознинг олдига боринг, у киши  жавобини биладилар», дейди.  Шунда савол берувчи «Биз у кишидан сўраб кўрдик, йўқ, мумкин эмас, бу ҳаром, дедилар», деб қолади. Кейин яна «Бошқа яна кимдан сўрасак бўлади», деб ҳам қўйишади.
Бошқача қилиб айтганда, ўзини қизиқтирган саволга «бўлаверади» дейдиган киши топмагунча ҳамма имомлардан сўраб чиқади. Ҳаётда шунақаси ҳам бўлади да, тўғрими? Кимдир қаердадир қайсидир мазҳабда бу ишни ҳаром эмас деб айтган жойи бормикан деб қизиқиб юради. Агар бирорта имом адашиб «Ҳа, бўлаверади» деб қолса борми, юзта имомнинг «Бўлмайди, ҳаром!» деган гапи бир четда қолиб кетаверади. Лўнда қилиб айтганда, диндан «форточка» қидиришади.
Жавоби сизга ёқмаслиги мумкин бўлган саволни савол қилиб бермай қўяверинг. Агар берсангиз, жавоб қанақа бўлишидан қатъий назар, сизга ёқадими йўқми, уни қабул қилишга тайёр туринг. Сизни жавоб ростдан ҳам қизиқтираётган бўлсагина савол сўранг. Ўзингизнинг ишингизни шаръан оқлаб беришлари илинжида бўлманг.
Икки киши бир хил савол бериши,  аммо уларнинг ниятлари турлича бўлиши мумкин.  Бири «Фалон нарса динимизда ҳалолми ёки ҳаромми, шуни билмоқчиман. Агар ҳаром бўлса, қилмайман. Менга кераги шу. Нега ҳалол ё ҳаром бўлган, бу мени қизиқтирмайди. Агар Аллоҳ таоло буни менга ҳаром қилган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан мени қайтарган экан, бас, мен учун шунинг ўзи етарли», дейди. Бошқаси эса аксинча ўйда: «Бу ҳаром бўлса керак, лекин қайсидир уламонинг гапими ёки қайсидир китобдами, қаерда бўлса ҳам бунинг ҳаромлигига шубҳа қилинган фикрни топсам бас, ўшанга таяниб, шу иш қилишим мумкин», деган ниятда савол беради.
Аслида бу савол бериш эмас, баҳона қидиришдир. Аллоҳ таоло эса бундай йўл тутишдан огоҳлантирмоқда. Мақсадингиз холис эмас экан, ҳар хил нарсалар ҳақида савол сўрайверманг демоқда. Субҳоналлоҳ!
Савол беришдан аввал саволингизнинг ортидаги ният ва мақсадингизни тўғрилаб олинг. Савол бериш айб эмас, балки савол бериб, сўнг берилган жавобни сизга ёқмагани ёки сиз кутгандек бўлмагани боис қабул қилмаслик айбдир.
Ислом бўйсуниш дегани. Бир масаланинг ҳукми сизни қизиқтирдими, жавоби қандай бўлишидан қатъий назар, унга бўйсуниш ва амал қилиш исломдир. Кўнгилга ёқадиган жавобни олгунча сўрайвериш ёки нега ундай, нега бундай деб тортишиш, ёққанини олиб, ёқмаганини ташлаб қочиш бўйсуниш бўлмайди.
Аллоҳ таоло ҳамаларимизни фақат ҳақиқатни ўрганиш учун савол берадиган бандаларидан ва олинган жавобни бажонидил қабул қилиб, дарҳол уни ҳаётга тадбиқ этадиган кишилардан айлсин ва бу йўлда бизга Ўзи мададкор бўлсин!