A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/743690ramazon_1438.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/810343muborak_kecha.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/155397ramazonda_sizni.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Мўминликнинг кучи чин иймондадир!
PDF Босма E-mail

У ёқилғиси кўп ўтдир. Улар (кофирлар) унинг атрофида ўтиришибди. Ва улар мўминларга қилаётган нарсаларига ўзлари гувоҳдирлар. Ва улар мўминлардан иззатли ва мақталган Аллоҳга бўлган иймондан бошқа «айб» топа олмадилар (Буруж сураси, 5-8-оятлар).

Тафсирчиларимиз бу оятлар тафсирида қуйидаги қиссани келтирадилар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Суҳайбдан ривоят қилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом айтибдилар:
«Сизлардан аввал ўтган умматлардан бирида бир подшоҳ ўтган. Унинг сеҳргари бор экан. Сеҳргар қариганда, подшоҳга:
– Мен қариб, ажалим яқинлашиб қолди, менга бирорта ёш йигитлардан берсангиз, сеҳримни ўргатиб қўйсам, – дебди. Подшоҳ унга бир йигитни берибди ва сеҳргар унга сеҳр ўргата бошлабди. Сеҳргар билан подшоҳ орасида бир роҳиб (диний олим) ҳам бор экан. Йигит ўша роҳибнинг ҳузурига келиб, унинг сўзларини эшитиб, ажабланибди. Сеҳргарнинг олдига кеч қолиб борса:
– Нимага кеч қолдинг? – деб урар экан. Уйига кеч қолиб борса, уйидагилар ҳам:
– Нимага кеч қолдинг? – деб урар эканлар. Йигит бу ҳақда роҳибга шикоят қилса, у:
– Сеҳргар урмоқчи бўлса, «Уйимдагилар тутиб қолишди», дегин. Уйингдагилар «Нега кеч қолдинг?» деса, «Сеҳргар тутиб қолди», дегин, – деб ўргатибди.
Кунлардан бирида йигит йўлда кетаётса, улкан, даҳшатли бир ҳайвон кўчани тўсиб, одамларни ўтказмай қўйганини кўрибди. Шунда йигит сеҳргарнинг иши Аллоҳга мақбулми, роҳибникими – буни биладиган кун келди, деб хаёлидан ўтказибди. Бир тошни олиб:
– Аллоҳим, агар роҳибнинг иши сенга сеҳргарнинг ишидан кўра маъқулроқ бўлса, мана шу ҳайвонни ўлдиргин, одамлар ўтиб кетсин, – деб тошни отса, ҳайвон ўлибди ва одамлар ўтиб кетибди. Бўлган гапни роҳибга айтган экан:
– Эй болам, сен мендан афзалсан, келажакда балоларга гирифтор бўласан, ўшанда менинг сиримни ҳеч кимга айтмагин, – дебди. Йигит кўр, пес ва бошқа дардларни даволайдиган бўлибди. Подшоҳнинг бир дўсти кўр бўлиб қолибди. Йигитга кўп ҳадялар бериб:
– Менга шифо бер, – дебди. Йигит:
– Шифони мен эмас, Аллоҳ беради, агар иймон келтирсанг, дуо қиламан, сенга шифо беради, – дебди. Сўнг у киши кўзи тузалиб, подшоҳнинг олдига бориб, ўтирибди. Подшоҳ ундан:
– Эй Фалончи, кўзингни ким қайтариб берди? – деб сўрабди.
– Роббим, – деб жавоб берибди у. Подшоҳ:
– Менми? – деб савол қилибди. У бўлса:
– Менинг ҳам, сенинг ҳам Роббимиз Аллоҳ, – деб жавоб қилибди. Подшоҳ:
– Мендан ўзга ҳам Роббинг борми? – деб таъкидлаб сўрабди. Дўсти:
– Ҳа бор, менинг Роббим ҳам, сенинг Роббинг ҳам Аллоҳ, – деб жавоб берибди. Сўраб-сўраб, охири йигитни топибди ва унга:
– Эй болам, сеҳринг кучли бўлиб, кўр, пес ва бошқа касалларни даволайдиган бўлибсан? – дебди. Йигит:
– Мен ҳеч кимга шифо бермайман, шифони Аллоҳ беради, – деб тушунтирибди. Подшоҳ:
– Менми? – деб сўрабди. Йигит:
– Йўқ! – деб жавоб қилибди. Подшоҳ:
– Мендан бошқа ҳам Роббинг борми? – деб сўрабди. Йигит:
– Менинг ҳам, сенинг ҳам Роббинг Аллоҳ, – деб жавоб берибди. Йигитни азоблаб, охири роҳиб ҳақидаги маълумотни олишибди. Роҳибни келтириб, «Динингдан қайт» деган экан, кўнмабди. Бошидан арра солиб, арралаб, иккига бўлиб ташлашибди. Сўнг кўр бўлган кишига «Динингдан қайт», дебди. У ҳам кўнмабди, уни ҳам арралаб, иккига бўлиб ташлашибди. Йигитга ҳам «Динингдан қайт», дебди. У ҳам «Йўқ», деб жавоб қилгач, подшоҳ бир гуруҳ одамларига:
– Йигитни тоғ чўққисига олиб чиқинглар, динидан қайтса қайтди, бўлмаса, чўққидан ташлаб юборинглар, – деб буюрибди. Йигитни чўққига олиб чиқишганда:
– Аллоҳим! Ўзинг билиб, мени булардан қутқаргин, – деб дуо қилибди. Тоғ силкиниб, ҳаммалари чўққидан қулаб, ҳалок бўлишибди. Йигит подшоҳнинг ҳузурига қайтибди. Подшоҳ ундан:
– Шерикларингга нима бўлди? – деб сўрабди. Йигит:
– Аллоҳ мени улардан қутқарди, – деб жавоб берибди. Яна бир гуруҳ одамларга йигитни топшириб, подшоҳ:
– Буни денгизга олиб боринглар, диндан қайтса қайтди, бўлмаса, чўктириб юборинглар, – деб буюрибди. Денгизда йигит:
– Аллоҳим, Ўзинг мени булардан қутқаргин, – деб дуо қилибди. Подшоҳнинг барча одамлари ғарқ бўлиб, йигит яна подшоҳнинг олдига борибди.
– Шерикларингга нима бўлди? – деб сўрабди подшоҳ.
– Аллоҳ мени улардан қутқарди, – деб жавоб қилибди йигит ва подшоҳга: – Менинг айтганимни қилмагунингча мени ўлдира олмайсан, агар айтганимни қилсанг, ўлдиришинг мумкин, – дебди. Подшоҳ:
– Гапингни айт, – деб буюрибди. Шунда йигит:
– Ҳамма одамларни бир жойга тўплайсан, мени дарахт шохига осасан, ўқдонимдан бир ўқ оласан, сўнг «Йигитнинг Робби Аллоҳ номи билан», деб, камондан отасан, шундагина мени ўлдиришинг мумкин, – деб ўргатибди. Подшоҳ йигитнинг айтганини қилибди, ўқни камонга қўйиб туриб:
– Йигитнинг Робби Аллоҳ номи билан, – деб отган экан, ўқ йигитнинг кўксига тегибди. Йигит ўқ теккан жойини ушлаб туриб, вафот этибди. Тўпланган одамлар «Йигитнинг Роббига иймон келтирдик!» дейишибди. Подшоҳнинг аъёнлари: «Мана энди сен қўрққан нарса содир бўлди, одамларнинг ҳаммаси иймонга келди», дейишибди. Шунда подшоҳнинг фармони билан «ухдуд» – чуқурлар қазилибди ва оловлар ёқилибди, динидан қайтганларни қолдириб, қайтмаганларнинг барчасини оловли чуқурларга ташлашибди. Одамлар ўзини тортиб, орқага ташлаб туришган экан, эмизикли боласи бор бир аёлни ҳам оловга ташлаш учун келтиришибди, у ҳам ўзини олиб қочмоқчи бўлган экан, гўдак тилга кириб: «Сабр қилинг онажон, сиз ҳақ йўлдасиз», дебди».
Бу қиссани имом Муслим ва имом Насоийлар ҳам ўз китобларида ривоят қилганлар.
Инсоният ўзининг узоқ тарихи давомида диндорларга қарши қилинган қатағонлар, жабр-зулмлар ва азоб-уқубатларни кўрган. Ана ўшалардан баъзилари Қуръони Каримнинг баъзи сураларида келтирилган. Ушбу Буруж сурасида ҳам унинг сиёқига мос равишда, қисқа қилиб, «Асҳоби ухдуд»нинг қиссаси келтирилмоқда. Унда кофирлар мўминларни оловга тўлдирилган узун-узун чуқурларга ташлаб куйдириб, ўзлари устида томоша қилиб турганлиги васф қилинмоқда. Ушбу оятлар нозил бўлаётган бир пайтда оз сонли мусулмонлар Макка мушрикларининг алвон азобларига дучор бўлаётган эдилар. Ушбу оятлар, албатта, мусулмонлар учун ибрат ва сабр-бардошга даъватдир.
Модомики, қадимдан кофирлар мўминларга тазйиқ ўтказиб, уларга зулм қилиб, азоблаб, қамаб, ўлдириб келаётган эканлар, улар бу ишни нима учун қилаётганларини ўрганиш керак. Бечора мўминлар нима учун бунчалик азобланадилар? Кофирлар мўминлардан қандай айб топдиларки, уларни бу қадар тазйиққа олиб, азоб берадилар? Жумладан, ушбу қиссада зикри келаётган кофирлар мўминлардан нима айб топдиларки, уларни ўтга ташлаб, куйдирдилар? Кейинги оят бу саволларга жавоб беради.
Ҳа, кофирлар доимо мўминлардан уларнинг Аллоҳ таолога бўлган иймонларидан ўзга ҳеч бир “айб” топа олмаганлар. Аллоҳ таолога бўлган иймон доимо мўминларнинг кофирлар олдидаги «айби» бўлиб келган. Лекин мўминлар иймон келтирган Аллоҳ Азиз сифатига эгадир. Шунинг учун ҳам У Ўз иззати ила мўмин бандаларига ёрдам беради, уларни охир-оқибат ғолиб қилади. Бу иш учун мўминлар Ўзи Ҳамид – мақталган бўлмиш Аллоҳ таолога яна ҳамд-мақтов айтадилар.

“Тафсири Ҳилол”дан