A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръон оятларида ҳасаднинг баёни
PDF Босма E-mail

Халқимизда «Ҳасад билан эмас ҳавас билан яшанг», деган ҳикматли гап бор. Бу гапнинг маъносини тўлиқ англаш учун дастлаб ҳасад ва ҳавас маъноларини тўғри тушуниб олиш лозим. «Ҳасад» сўзи луғатда «арчиш», «шилиш» деган маъноларни англатади. Чунки ҳасад ҳасадгўйнинг қалбини шилиб, ачиштиради. Уламолар ҳасадни «ўзгадаги неъматнинг завол топишига кўз тикиш» дея таърифлаганлар. Яъни ҳасадгўйнинг асосий мақсади бировдаги неъматнинг ундан кетишини исташ бўлади. Ҳавас эса «ўзгадаги неъматнинг завол топишига кўз тикмасдан, ўшанга ўхшаш неъмат ўзида ҳам бўлишини орзу қилишдир».

Ҳасаднинг ёмон иллат экани Қуръони Каримда ҳам, ҳадиси шарифларда ҳам баён этилган:

أَمْ يَحْسُدُونَ النَّاسَ عَلَى مَا آتَاهُمُ اللَّهُ مِنْ فَضْلِهِ

«Ёки Аллоҳ одамларга Ўз фазлидан берган нарсаларга ҳасад қилмоқдаларми?» (Нисо сураси, 54-оят).

 


 

وَمِنْ شَرِّ حَاسِدٍ إِذَا حَسَدَ

«Ва ҳасад қилган ҳасадчининг ёмонлигидан (паноҳ сўрайман) деб айт» (Фалақ сураси, 5-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига бу иллатдан сақланишни алоҳида таъкидлаганлар:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّ النَّبِىَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: قَالَ « إِيَّاكُمْ وَالْحَسَدَ فَإِنَّ الْحَسَدَ يَأْكُلُ الْحَسَنَاتِ كَمَا تَأْكُلُ النَّارُ الْحَطَبَ ». رَوَاهُ اَبُو دَاوود.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳасаддан сақланинг! Чунки ҳасад яхшиликларни худди олов ўтинни еганидек еб юборади», – дедилар» (Имом Абу Довуд ривояти).

Ҳасадчидаги бу иллат ҳасад қилинган кишидан кўра унинг ўзига кўпроқ зарарли бўлади. Чунки ҳасад қилинган инсонга унинг ҳасадидан зарар етмай қолиши ҳам мумкин. Аммо ҳасадчининг ўзи, албатта, қуйидаги ёмонликларга мубтало бўлиши тайин:

1. Ҳасадчининг ғами узилмайди.

2. Ҳасадчидан инсонлар нафратланади.

3. Ҳасадчи Аллоҳнинг ғазабига йўлиқади.

4. Дунёда ҳам охиратда ҳам азобда бўлади.

5. Унга тавфиқ эшиклари ёпилади.

Шу ўринда табиий равишда савол туғилади: «Инсон ўзига шунчалик зарарли бўлган бу иллатга қандай чалинади?» Уламолар бу саволга жавоб бериб шундай деганлар: «Ҳасад қуйидаги сабабларга кўра юзага келади:

1. Кўра олмаслик.

2. Кибр.

3. Мақсадига эришолмай қолишдан қўрқиш.

4. Мансабпарастлик ва шуҳратпарастлик.

5. Одамларга яхшиликни раво кўрмайдиган бузуқ ниятли  бўлиш».

«Ҳар дарднинг даъвоси бор» деганларидек, ҳасад аталмиш бу дарднинг ҳам даъвоси борми, деган саволга уламолар шундай жавоб берганлар: «Ҳасад икки йўл билан даволанади:

1. Илм билан.

2. Амал билан.

Яъни ҳасадчи инсон дастлаб ҳасаднинг нима экани ва унинг зарарларини ўрганади, сўнгра ҳасади буюрган ишнинг аксини қилади. Ана шунда, иншааллоҳ, бу иллатдан халос бўлади».

Аллоҳ таоло барчамизни турли маънавий ва жисмоний иллатлардан саломат сақласин!

 

Фотимахон Комилжонова