A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръони карим оятларининг таъвили
PDF Босма E-mail

Normal 0 false false false MicrosoftInternetExplorer4

Таъвил сўзининг луғатдаги маъноси қайтмоқликдир. Қуръони Каримда таъвил сўзи бир неча маънода келган. Улар: тафсир ва таъйин, офият ва оқибат, башоратнинг амалга ошиши, тушнинг маъноси, амалга оширилган ишнинг сабаби ва шу кабилар.

Қадим уламоларнинг наздида таъвилнинг истилоҳи тафсир билан бир эди.

Кейинги олимларнинг, айниқса, фиқҳ уламоларининг наздида эса таъвил − сўзни қувватли маъносидан кучсизроқ маънога қайтаришдир. Бунда далилга муҳтожлик бўлади, яъни сўзнинг асл маъноси турганда нима учун узоқроқ маъносини танлангани сабабининг исботи учун далил зарур бўлади. Бунинг учун таъвил қилувчидан икки нарса талаб қилинади:

1.Таъвил қилинаётган лафзнинг асл маъносидан ташқари, иккинчи узоқроқ маъноси ҳам бор эканлигини, бу ерда шу узоқроқ маъноси мурод эканлигини исботлаш.
2. Лафзнинг асл маъносини эмас, узоқроқ маъносини танлашга нима мажбур этганлигини исботловчи далил келтириш керак бўлади[1].

Ушбу икки шартдан бири топилмаса ҳам, таъвил фосид деб ҳисобланади.
Олимлар тафсир билан таъвилнинг ўзаро фарқи ҳақида ҳам турли фикрларни айтганлар. Масалан:
Абу Убайда: «Тафсир ва таъвил ҳар иккови бир нарса, қадимий олимлар ҳам фарқ қилмаганлар» , − дейди[2].
Арроғиб Ал-Исфаҳонийнинг айтишича: «Тафсир таъвилдан умумийроқ бўлиб, кўпинча лафзларда ишлатилади. Таъвил эса маънода ишлатилади»[3].
Имом Ал-Мотуридийнинг фикрича: «Тафсир Қуръондаги ҳар бир лафздан чиқарилган қатъий маънодир. Агар бу маъно далил билан исботланса, ҳақиқий тафсир, далил билан исботланмаса, ўз раъйича қилинган тафсир, дейилади. Таъвил бир лафзда эҳтимоли бор бўлган икки маънонинг биттасининг танланиши ва унинг қувватланишидир»[4].

Абу Толиб Ассаълабий куйидагача фикр билдиради: «Тафсир Қуръон лафзларининг ҳар бирининг ҳақиқатга қурилганми ёки мажозгами эканлигини ўргатади. Масалан: «сирот» сўзининг «йўл»га тафсир қилиниши сингари. Таъвил эса лафзнинг ботиний тафсиридир. Масалан:

«Албатта, Роббингиз (барча нарсани) кузатиб турувчидир»[6] — деган маънодаги ояти кариманинг тафсири: «мирсод» сўзи «расада − рақаба», яъни кузатиш феълидан олинган бўлиб, ояти кариманинг маъноси «Роббингиз ҳамиша кузатиш асбоби ёнида» демак.
Унинг таъвили: Аллоҳнинг буйруқларига сусткашлик қилишдан эҳтиёт бўл, ғафлатда қолма, унга рўпара бўлишга тайёр тургин, − деган маънога ишорадир.
Юқорида келтирилган турли таърифлардан шундай хулосага келиш мумкин: тафсирнинг маъноси − кашф ва баён, яъни Аллоҳ таолонинг ўз каломидан ирода қилган маънони очиб беришликдир. Тафсир  Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига ёки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан доим бирга юрган, бирор муаммо чиқса, дарҳол уни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурида ҳал қилиб олган, ваҳийнинг тушишига ҳамда ўша даврда содир бўлган воқеа-ҳодисаларга гувоҳ бўлган саҳобаларнинг ривоятларига асосланган ҳолда баён қилинади.
Таъвил эса бир лафзнинг эҳтимоли бўлган икки маъносидан бирини далиллар орқали қувватлашдир. Бундай қувватлаш ижтиҳод қилиш билан, ҳар бир сўзнинг луғавий маъноларини, унинг мадлулини, гапнинг оқимига қайси маъно мос келишини, сўздан фойдаланишда арабларнинг сўз услубларини яхши тушуниш билан бўлади.
Таъвилда аниқ далиллар бўлмаса, лафзлардан мурод қилинган ҳақиқий   мазмун чиқмай қолиши мумкин.
Аз-Заркаший айтади: «Олимлар истилоҳида тафсир билан таъвилнинг ўртасининг фарқланишига сабаб манқул билан мустанбатни ажратиш учундир[7]» , яъни манқул − Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалардан нақл қилинган маънолар, мустанбат эса асл матндан ижтиҳод ила чиқариб олинган маънолардир.

 



[1] Раҳматуллоҳ қори Обидов. «Қуръон ва тафсир илмлари», Т. «ТИУ», 2003. 130-б.

[2] Имом Суютий. «Ал-Итқон». 2-ж. 173-6.

[3] Арроғиб. «Муқаддиматут-тафсир». 402-403-6.

[4] Имом Суютий. «Ал-Итқон», 2-ж, 173-6.

[5] Фажр сураси, 14-оят.

[6] А.Мансуров, «Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири», 593-б.

[7] Имом Суютий. «Ал-Итқон», 2-ж, 183-6.